A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
094. ШАРҲ (очиш) СУРАСИ
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 8 оятдан иборат

Сура ўз номини биринчи оятдаги сўздан олган. «Шарҳ» луғатда «очиш, ёриш, кенг қилиш» деган маъноларни билдиради. Ушбу сура Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак кўксиларини ёриш, кенг қилишдан хабар бергани учун у «Шарҳ», «Иншироҳ», «Алам нашроҳ» деб номланади. Бу сура бошдан-оёқ Пайғамбар алайҳиссаломга хитоб бўлиб, Аллоҳ таоло томонидан у Зотга ато этилган фазл-марҳаматлар зикр қилиняли ва у Зот машаққатларга сабр-тоқат қилишга ҳамда Аллоҳ таолонинг ибодатига мудом рағбат кўрсатишга даъват этилади.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1.    (Эй Муҳаммад,)  кўксингизни кенг очиб қўймадикми?
Яъни  эй Пайғамбарим, Биз сизни кўксингизни пайғамбарликни қабул қилиш, бу йўлдаги машаққатларни кўтариш, ваҳийни ёдлаб, англаш учун кенг қилиб қўймадикми? Кўкракни ёришдан мақсад, уни мунавварлаштириш, кенг, сабр-тоқатли қилиш, турли ғилли-ғашликдан мусаффо этишдир. Қуръони Каримда баён этилганидек: «Аллоҳ кимни ҳидоятга бошлашни ирода қилса, унинг кўксини кенг қилиб қўяди» (Анъом, 125). Абу Ҳайён айтадилар: «Кўкракни очиш — қалбни ҳикмат билан нурлантириш, ваҳий қилинадиган нарсани қабул этиб, уни ўрганиш учун қалбни кенгайтиришдир». Бу фикр жумҳур уламонинг сўзидир. Иккала фикр ҳам Аллоҳ йўлига даъват қилишда сабр-бардошли бўлиш, кофирлар етказадиган азият-қийинчиликларга сабр-тоқат қилиш маъносини англатади.

2.    Юкингизни енгиллатмадикми;
Яъни нафсингизни қийнаган, сизни машаққатга солган ишлардан қутқариб, машаққат юкини енгиллатмадикми? Ҳақиқатан, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги Расулига бошқа пайғамбарларига бермаган имтиёз ва қулайликларни ато этган. У Зотни олдинги ва кейинги гуноҳлардан асраган, бутун оламларга раҳмат ўлароқ юборган, қадр ва мансабларига нисбатан гуноҳ саналган хато-камчиликларни ўчириб ташлаган. Ҳақиқатан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа пайғамбарлар каби гуноҳлардан маъсумдирлар (сақланганлар), у Зот бирор марта куфр иш ё сўзни қилмаганлар, бут-санамларга сиғинмаганлар, ўзганинг дилини ранжитмаганлар, озор бермаганлар. Масалан, Абдуллоҳ Умму Мактум туфайли Аллоҳдан олган танбеҳларини умр бўйи эслаб, бирор мўминга қовоқларини солиб муомала қилмадилар. Саҳиҳ ҳадисда келишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен бутун дунёга (Пайғамбар қилиб) юборилдим, бутун Ер юзи менга саждагоҳ бўлди, менга руъуб, (яъни  душман қалбига қўрқинч солиш), фатҳ ва нусрат берилди, менга «жавомиъул-калим» (яъни пур-маъноли сўзлар) берилди, менга ғанимат (ўлжа) ҳалол қилинди, пайғамбарлар силсиласи мен билан ниҳоясига етди», деганлар (Имом Муслим ривояти).

3.    елкангизда эзиб турган.
Эй Пайғамбарим, елкангизни эзиб турган нубувват қийинчиликларини Сизга осон қилиб қўйдик. Айрим уламолар ушбу икки оятни: нубувват ва рисолат машаққатларини кўтариш қийинчиликларини сиздан кетказдик ва даъватни инсонларга етказиш вазифасини бажаришни сизга осонлаштириб қўйдик, деб тафсир қилишган.

4.    Номингизни улуғ қилмадикми?
Яъни  Сиз пайғамбарларнинг якунловчиси эканингиз, Сизга Қуръони Карим туширилгани туфайли номингизни улуғлаб қўйдик. Хоҳ намозда, хоҳ зикрда, хоҳ илм мажлисларида, хоҳ ҳаётий ишларда, ҳамма ерда номингиз тилга олинган заҳоти Сизга саловот ва салом йўллашни умматингизга таклиф этдик. Номингизни дунё ва охиратда ҳамиша эътибор ва эҳтиром билан тилга олинадиган қилдик. Абу Саид Худрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай деганлар: «Жаброил келиб: «Албатта менинг ва сенинг Парвардигоринг: «Сенинг зикрингни қандай кўтарай», деб сўради, деди. «Аллоҳ билувчидир», дедим. Шунда Аллоҳ ваҳий қилдики: «Мен зикр қилинсам, сен ҳам Мен билан бирга зикр қилинасан». Ибн Аббосдан ривоят қилинади: «Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳиссаломга: «Менинг номим азон ва иқоматда,  ташаҳҳудда, жума намози ҳамда рамазон ва қурбон ҳайитлари намози куни минбарларда, ташриқ кунлари, арафа куни, шайтонга тош отишда, Сафо ва Марвада, никоҳ хутбаларида, Ернинг машриқу мағрибида эсланса, сеники ҳам Менинг номим билан эсланади», деган». Бордию киши Аллоҳга ибодат қилса, мўмин киши иймон келтириши лозим нарсаларга ишонса-ю, лекин Муҳаммад алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг элчиси эканларига гувоҳлик келтирмаса, унинг барча тоат-ибодатидан фойда йўқ, у куфр келтирганга ҳисоб қилинади. У Зотнинг номлари тилга олинганида ё эшитилганида саловот ва салом йўлламаган банда Аллоҳ раҳматидан бенасиб бўлади.

5.    Машаққат ортида, албатта, енгиллик бордир.
Аллоҳ таоло бандаларини синаш учун уларга турли машаққат, офат-балолар, касаллик ва кулфатларни юборади. Ожиз қилиб яратилган одамзот ана шундай ҳолларда нима қилишини билмай довдираб қолади, ўзини йўқотиб, минг томонга югуради. Ёрдам ва тасалли истаб, кимларнингдир остонасига бош уриб боради. Мўмин киши бошига ғам-ташвиш тушганида Еру осмонларнинг ҳақиқий Эгаси, подшоҳларнинг подшоҳи Аллоҳ таолони эслайди. Ўзи эса шу мулклар ичидаги бир мулк, махлуқотлар орасидаги бир махлуқ эканини хотирлайди. Тун ортидан ёруғ кунни, касалликдан сўнг соғликни, фақирликдан кейин бойликни ато этувчи Парвардигорини ёд этади. У ҳар ишда ҳикмат борлигини билгани учун Аллоҳ таоло уни бу қийинчиликда қолдирмаслигига, оқибатини гўзал қилишига иймон келтиради. Аммо бунга ишонмаганлар бошига машаққат келганида бирови пулига, бошқаси мартабасига суянади, яна бири кучига ишонади.

6.    Машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади.
Яъни  ҳар қандай машаққат бор жойда енгиллик ҳам бўлади. Ҳақиқатан, бўлар-бўлмас ишларга диққат бўлавериш, ўтган кундаги битмаган юмушларига, хатоларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш ҳар бир инсон миясини доимо кемирадиган, ҳаётини оғирлаштирадиган, кунини зулмат, тунини ғурбат қиладиган бефойда ва зарарли ҳолатлардир. Бошингизга бир мусибат ёки бало келса, унга мардона дош беринг, сабр қилинг. Аллоҳдан уни кўтариб ташлашни, нажот беришини сўранг. Ибн Жарир тафсирида Ҳасан Басрийдан (раҳимаҳуллоҳ) риивоят қилади: «Инна маъал ъусру юсро» ояти нозил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Хурсанд бўлинглар, сизларга енгиллик келди, бир қийинчилик икки енгилликни ҳеч мағлуб қила олмайди», дедилар». Таниқли Ислом олимларидан Ризоуддин ибн Фахруддиннинг бундай сўзлари бор: «Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг Ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши, албатта, шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради».

7.    Биридан бўшагач, бошқасини бошланг.
Аллоҳ таоло Пайғамбарига ва у Зот орқали бутун инсонларга буюряптики, бир машғулот-вазифадан бўшасангиз, бошқасига ўтинг, қимматли вақтингизни зое кетказманг. Эй Пайғамбарим, даъватни етказиш, дин аҳкомларини ўргатиш ёки Аллоҳ йўлида ҳаракат қилишдан бўш қолсангиз, нафсингизни энди ибодатга унданг, Аллоҳга ёлбориб, Ундан мағфират ва тавфиқ сўранг. Ибодат, зикрларни ниҳоясига етказгач, дунё ишлари ва инсонлар билан муносабатлар қилиш ишларига машғул бўлинг. Ушбу оят яхши ва савобли ишларда доимий, бардавом, тоат-ибодатларда матонатли бўлиш зарурлигига далилдир. Зеро, вақтни манфаатли иш машғулотларга сарфлаш мусулмонлардан шаръан талаб этилгандир. Бундан ташқари, Аллоҳ таоло дангаса, лоқайд, бекорчи, фаолиятсиз бандаларни яхши кўрмайди.

8.    Ва фақат Парвардигорингизга рағбат қилинг.
Бошга нима келмасин, ҳамиша Парвардигорингизга суянинг, Унинг Ўзидан нажот сўранг, фақат Унинг Ўзига ишларингизни ҳавола этинг.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қайғу-ғам тушганида қуйидагича дуо қилардилар: «Ла илаҳа иллаллоҳул азиймул ҳалийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самавати вал арзи ва Роббул аршил карийм» (маъноси: Буюк, ҳалим Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, осмонлару Ер ва буюк Арш Парвардигоридан ўзга илоҳ йўқ) (Имом Бухорий ривояти). Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, унга мусибат юборади. Сиз агар бирор безовталик, касаллик, ўлим, молиявий инқироз, уйингизнинг ёниб кетиши ёки сув босиши каби нарсаларга дучор бўлсангиз, бундан фожиа ясаб, изтироб чекаверманг. Аллоҳ ўша нарсани тақдирда битиб қўйган. Унинг ихтиёри мана шундайдир. Ихтиёр қилиш фақат Ўзига хосдир. Қазо ва қадарга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам, хурсандчилик ва мусибатлар ҳам фақат Яратганнинг иродасидан эканига иймон келтирмагунингизча асабларингиз тинчимайди, нафс безовталиги сокин бўлмайди ва қалбингиздан васваса аримайди.