A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
078. Набаъ (хабар) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 40 оятдан иборат

Сура «Амма ятаса алун» ояти билан бошлангани учун «Амма» ёки «Набаъ» сураси деб номланган. Набаъ «хабар» маъносидадир. Бошқа маккий суралар каби бунда ҳам қиёмат ва қайта тирилиш ҳақида хабар берилади. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий кела бошлаганида маккаликлар бир-бирларидан қиёмат куни ва ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақида сўрай бошлашган. Уларнинг саволларига жавоб тарзида ушбу сура оятлари нозил бўлган. Сурада Аллоҳ таолонинг қудрати ва азамати ҳақида ҳам сўз боради. У Зотнинг инсонлар манфаати учун борлиқда яратиб қўйган неъматлари, бутун коинот, Еру тоғлар, осмонлару барча мавжудотларни яратган Зотга ўликларни қайта тирилтириш ҳеч бир қийинчилик туғдирмаслиги баён этилади. Қиёмат куни куфр ва ширк эгалари учун тайёрлаб қўйилган дўзах ва ундаги қийноқ-азоблар, қиёмат кунининг даҳшатлари ҳам зикр этилади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Улар бир-бирларидан нима ҳақда сўрашяпти?

Яъни, Макка мушриклари бир-бирларидан нималар ҳақида сўрашяпти? Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таолонинг ваҳийлари кела бошлаган пайтларда Макка мушриклари қиёмат кунини, Аллоҳ таолонинг қиёматда барча инсонлар ўлганидан кейин қайта тирилтиришини ёлғонга чиқариб, бу ҳақда бир-бирлари билан кўп савол-жавоб қилиб, талашиб-тортишишарди. Шунда Аллоҳ таоло охирги пайғамбарига хитоб қилиб айтдики: эй Пайғамбарим, билмаган нарсалари ҳақида тортишиб нима қилишади?   Улар ваҳийларимизни, қиёмат кунини ёлғонга чиқариш учун талашиб-тортишиб туришаверсин. Аммо булар ҳақ, тез кунда барига гувоҳ бўлишади. Биз уларни бундан қайта-қайта огоҳлантирган эдик: «Одамлар сиздан қиёмат ҳақида сўрашади. «Бу ҳақдаги маълумот фақат Аллоҳ ҳузуридадир», денг. Қаердан биласиз, балки қиёмат соати яқиндир» (Аҳзоб, 63); «Улар буни ҳали узоқ деб ўйлашади. Биз уни яқин деб биламиз (Маориж, 6-7).

2. Улуғ хабар ҳақидаки:

Ўлгандан кейин қиёматда қайта тирилиш ҳақидаги хабар шунчалик муҳим, шунчалик улуғ ва даҳшатлики, уни инсонларнинг баъзилари рост деса, баъзилари ёлғонга чиқаради. Айримлар бунга ишонса, бошқалари ишонмайди. Баъзилари бўлади деса, айримлари бўлмайди, дейди. «Инсон билмаган нарсасининг душмани» деганларидай, куфр ва ширк ботқоғига ботганлар ўз нафсларига хуш келмайдиган ҳамма нарсани инкор қилишади. Охирзамон Пайғамбари сўзларининг таъсирини йўққа чиқариш учун ўзларини қиёмат бўлмаслиги ва инсонларнинг суяклари чириб, йўқ бўлиб кетиши билан овунтирмоқчи, алдамоқчи бўлишади.

3. бу ҳақда улар тортишишади.

Улар ўзлари ишонмаганлари, ёлғонга чиқарганлари у ёқда турсин, гапларини исботлаш учун Аллоҳ таоло ҳузуридан ваҳий келиб турган Пайғамбар билан ҳам тортишишга боришади. Аллоҳ таоло мушрикларга таҳдид билан уларнинг қиёматни инкор қилишига жавобан бундай дейди:

4. Йўқ, яқинда билишади.

Йўқ, улар тортишиб овора бўлишмасин, яқинда қиёмат келганини ҳам билишади, ўлганларидан кейин ҳаммаларини тирилтириб, ҳашр майдонига тўплашимизни ҳам кўришади.

5. Яна бир бор йўқ, яқинда билиб олишади.

Яъни, улар қайта тирилиш ҳақида ҳар хил фикрларга бориб юришмасин, қайта тирилиш ҳақдир. Уни инкор қилувчилар тез кунда ишонмаган нарсаларининг оқибати нима бўлишини билиб олишади. Бу Аллоҳ таолонинг қаттиқ таҳдиди ва ваъидидир.

6. Биз Ерни ёйиб қўймадикми;

Ушбу оятдан бошлаб Аллоҳ азза ва жалла бандалар эътиборини Ўзи яратган ва инсонларга қулайлик қилиб берилган бир неча неъматлари: Ер, ундаги тоғлар, инсонларнинг жуфт яратилиши, уйқунинг роҳат қилиб берилиши, кечаларни парда, кундузларни тирикчилик вақти қилингани,  етти қават осмонни тиклаб, унда Қуёшнинг пайдо қилиниши, гиёҳ-дон ва боғларни ўстириш учун осмондан мўл қор-ёмғир ёғдирилиши кабиларни баён этади. Булардан биринчиси инсонларни Ерга жойлаштирган, яъни, Ерни уларга қулай қилиб ёйиқ, текис қилиб қўймадикми? Кўп инсонлар ушбу оятнинг ҳикматига унча эътибор беришмайди. Ҳалбуки, Ер умуман туяқуш тухумидай думалоққа яқин (эллипс шаклида) яратилганига қарамай, Аллоҳ таоло бандаларининг қолаверса, барча жонзотларининг унда қийналмай яшаши, тирикчилик қилиши, оқизиб қўйилган сувларидан бемалол фойдаланиши учун уни ёйиқ, текис шаклга келтириб қўйган. Одамлар унда деҳқончилик қилиб, экинлар экишади, боғлар қилишади, чорваларини боқишади, уйлар ва шаҳарлар қуриб, унда умргузаронлик қилишади. Бу неъматларнинг инсонларга бериб қўйилишидан мақсад, улар неъматларни тўкис қилиб берган Аллоҳ таолога бандалик қилишсин, Унинг амр-фармонларини бажаришсин, қайтарганларидан четланишсин, ҳамиша Унинг зикрини ва шукрини қилишсин!

7. ва тоғларни қозиқ.

Яъни, тоғларни Ерга қозиқ қилиб қўймадикми? Ҳақиқатан тоғларни Ерга қозиқ қилиб маҳкамлаб қўйилгани ҳам Аллоҳнинг бандаларига улкан неъматидир. Синчиклаб қаралса, оятда тоғлар Ер силкинишини қайтарувчи восита сифатида баён қилинган. Ушбу оят ҳикмати Қуръон тушган даврдаги одамларга сирли туюлиши мумкин эди. Ҳазирга келиб замонавий геология фани тоғларнинг Ер қаъридаги қатламлар тўқнашуви ва ҳаракати натижаси эканини исботлади. Икки Ер ости қатлами тўқнашганида уларнинг мустаҳкамроғи пастдан жой олади. Тепадан ўрин олган қатлам бурмалар ҳосил қилади. Кейинчалик у ердан тоғ тепаликлари «пайдо» бўлади. Пастдаги қатлам Ер остида пастга қараб ўз ҳаракатини давом эттиради. Тоғларнинг бу хоссалари илмий китобларда бундай баён қилинган: «Тоғ тизмалари кўп ва зич бўлган қитҳаларда тоғларнинг Ер илдизига кириб бориши кузатилган». Қуръоннинг ушбу оятида тоғлар пайдо бўлишида учрайдиган бу кўриниш қозиқларга ўхшатилмоқда. Ҳам Ер ости, ҳам Ер устида жойлашган тоғлар Ер қатламларини мустаҳкамлайди, магмалар ҳаракатини чеклайди. Шу тариқа, тоғлар худди михлардек икки қатламни тутиб туради. Тоғларнинг бу хоссаси фан тилида «изостатика» деб аталади. Олимлар тоғларнинг магма (Ер остидаги чўғсимон суюқ мода, лава) устида ҳаракат қилишини, Ернинг тупроқ таркиби соғлом бўлиши ва силжиш, зилзилаларнинг олдини олишга хизмат қилишини аниқлашган.  

8. Ва сизларни жуфт қилиб яратдик.

Яъни, сиз – инсонларни ҳам Аллоҳ таоло жуфт-жуфт қилиб яратган. Бу ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг улуғ неъматларидан саналади. Дунёдан тоқ ўтишнинг қийин ва азоблигини тасаввур қилинг, Парвардигорнинг яратиш ъикматига эътибор қаратинг: У борлиқдаги ҳамма нарсани ўз жуфти билан яратган: кеча ва кундуз, зулмат ва ёруғ, иссиқ ва совуқ, ъидоят ва залолат, эркак ва урғочи, мусбат ва манфий, яхши ва ёмон, гўзал ва хунук ва ҳаказо. Ҳатто яқин-яқингача илм кишилари бўлинмас деб ҳисоблаб келишган атом ҳам икки заррага: протон ва нейтронга бўлиниши аниқ бўлди. Худди шу каби Аллоҳ таоло инсон наслини ҳам жуфт ҳалда, эркак ва аёл қилиб яратди. Аллоҳ таоло айтади: «Ер  ундирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратганга тасбеъ айтилади» (Ёсин, 36); «Эй инсонлар, сизларни бир жондан яратган, ундан жуфтини яратиб, икковидан кўплаб эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқинглар!» (Нисо, 1); «У сизларни бир жондан яратган, таскин топиши учун ўша жондан жуфтини вужудга келтиргандир» (Аъроф, 189).

9. Ва уйқунгизни сизларга роҳат қилдик.

Аллоҳ таоло инсонларга кундалик машаққат-чарчоқлардан кейин дам олиб,  роҳатланишлари учун уйқу неъматини бериб қўйди. Оятдаги «субатан» сўзи «кесиш» маъносидадир, яъни уйқунгиз сизни дунё ташвишларидан кесиб, холи қилади, баданларингизга роҳат ва хотиржамлик беради. Уйқу нафсоний ва ъиссий қувватларнинг ҳаракатлардан дам, ором олишидир. Уйқу кучни қўзғотади, баданни турли чиқиндилардан тозалайди, ъужайраларни янгилайди. Ҳазирги тиббиёт олимлари ҳам рисоладагидай ухлаганда инсон тиниқиб дам олиши, тана аъзоларининг фаоллиги яхшиланиши, модда алмашинуви яхши кечишини исботлашди. Уйқу шунчалик бебаҳа неъматки, инсон овқат емай ҳафталаб, ҳатто ойлаб яшаши мумкин (бир вақтлар Тинч уммонида кемасидан узилиб, қайиқда қолиб кетган тўрт рус денгизчиси қирқ тўққиз кун овқатсиз яшаган), аммо уйқусиз уч кундан нарига ўтолмайди.

10. Ва кечаларни либос-парда қилдик.

Аллоҳ азза ва жалла айтяптики, Биз кечани инсонларга бир либос, парда каби қилдик. Кийим одамни иссиқ-совуқдан ва бошқа ташқи таъсирлардан ъимоялайди, уятли (аврат) жойларини бошқалар назаридан тўсади. Худди шу каби Аллоҳ яратган кеча ҳам айрим бандаларнинг турли гуноҳ ва ёмонликларини жамиятдан яшириб туради. Кечасидаги уйқугина танага роҳат бағишлайди, кундузги уйқу фақат ланжлик, карахтликка сабаб бўлади. Қолаверса, тиниб-тинчимайдиган инсонлар тугамай қолган иш-юмушларини битирмоқчи бўлиб зир югуришаверади, фақат тун бўлгандагина тақдирга тан бериб, хонадонларига кириб кетишади. Ҳариб-чарчаб уйқуга ётаётганларнинг кўп бор: «Яхшиям Аллоҳ кечасини бериб қўйган, акс ҳалда одамлар сира тинчимасди» деган гапларини ҳам эшитгансиз.

11. Ва кундузни тирикчилик вақти қилдик.

Аллоҳ таоло кундузларни тирикчилик, турмуш кечириш, касб-ъунар омили этиб, аҳли-аёлининг нафақасини таъминлаш, ризқ излаш воситаси қилиб яратган. Ҳақиқатан, эрта тонгда яшаб турган уйингиздан ташқарига бир назар солинг. Ҳамма қаёққадир шошаётган: биров мактаби ё олийгоҳига ўқишга, бошқаси корхонасидаги ишига, яна бири деъқончиликдан хабар олиш учун даласига, кимдир тижорати учун бозор ё дўконига, хулласи ҳамма бирор юмушига отланган. Чунки уйқудан дам олиб турган инсонларни кун ёришиши билан Аллоҳ буюрганидай ҳаёт кечириш, ибодатлар қилиш ҳаракати кутиб туради.

12. Тепангизга етти маҳкам осмонни тикладик;

Аллоҳ таолонинг бандаларига ато этган неъматларидан яна бири улар устига осмонни етти қават қилиб тиклаганидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «(Эй инсонлар), Аллоҳ ер юзидаги ҳамма нарсани сизлар учун яратган. Кейин осмон тарафга юзланиб, уни етти осмон қилиб ростлади. У ҳамма нарсани билувчидир» (Бақара, 29). Бунинг замирида ҳам алоҳида ъикмат, қулайлиги, инсонларга марҳамат ётади. Қуръони  каримнинг бу мўъжизасини орадан ўн тўрт аср ўтибгина инсонлар кашф этишга муяссар бўлишди. Олимлар атмосфера қатламлари ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, унинг қат-қат жойлашган етти қатламдан иборатлигини аниқлашди. Ҳар бир қатлам бошқасидан аниқ хусусиятлари билан ажралиб туради. Бу хоссаларга уларнинг табиий хусусиятлари, босим ва таркибидаги газларни келтириш мумкин.

13. ва нури ёрқин чироқни пайдо қилдик.

Аллоҳ таолонинг инсонларга ато этган неъматларидан яна бири Унинг осмонда улкан ёритқич ва иссиқлик манбаи Қуёшни яратиб қўйганидир. Қуръони  каримда бундай марҳамат этилади: «У кеча ва кундузни, Қуёш ва Ойни яратган зотдир. Уларнинг ҳар бири фалакда сузиб юради» (Анбиё, 33); «Қуёш ўз қароргоҳи сари сайр қилади» (Ёсин, 38). Агар Қуёш бўлмаганида Ер юзида инсонлар, ҳайвон-қушлар яшай олармиди, ўсимлик ва дарахтлар ўсармиди? Ундан чиқаётган иссиқлик бўлмаганида ҳаммаёқ қаъратонга айланиб, жамики жонзот ҳалок бўлиб кетмасмиди? Энди бир фикр юритинг: олимлар тахминича, тўрт миллиард олти юз миллион йилдан буён бетиним нур сочиб турган Қуёш ҳам бошқа коинот жисмлари каби доимий ҳаракатда экан. У бир сонияда йигирма чақирим тезликда Вега юлдузлар туркуми сари ҳаракат қиляпти. Қуёшда ҳар сонияда 584 миллион тонна водород моддаси гелийга айланмоқда. Олиб борилган тадқиқотларга кўра, ундаги водород миқдори Қуёшнинг яна беш миллиард йил порлаб туришига етарлидир. Шундай маҳабатли, ўта муъим ва мўъжизакор Қуёш ўз-ўзидан пайдо бўлмаган, уни ҳар нарсага қодир Аллоҳ азза ва жалла яратган.

14. Қат-қат булутлардан мўл сув туширдик:

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг яна бир муъими Ерга мўл-кўл ёғинларни ёғдириб, сувни сероб қилиб қўйганидир. Кўплар осмонда булут пайдо бўлиши билан ёғин келди, деб ўйлайди. Аслида бундай эмас: булутлар ҳам жуфт ҳалда қатлам-қатлам бўлиб қўшилгандан кейингина ёғин ёғади. Булутларнинг ҳоссаларини ўрганган олимлар ҳайратланарли хулосага келишди. Ёмғирли булутларнинг  пайдо бўлиш жараёни эса кўчиш, қўшилиш, кичик булутлар қўшилиши билан катта булутнинг ички итариш кучи ортиши каби босқичлардан ўтади. Атмосферанинг салқинроқ қатламларига етган булутда сув томчи кўринишида тўпланади. Ниҳоят ёмғир, дўл ва бошқа хил ёғин сифатида ерга туша бошлайди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ шундай Зотки, шамолларни юбориб, булутларни қўзғайди, уни осмон бўйлаб хоҳлаганича ёяди ва уни бўлак-бўлак қилгач, орасидан ёмғир чиқишини кўрасиз» (Рум, 48); «Аллоҳнинг булутларни ҳайдашини, сўнга уларни бирлаштиришини, сўнгра уларни устма-уст қалаштиришини кўрмадингизми? Кейин орасидан ёмғир чиқаётганини кўрасиз. У осмондаги булутлардан сув ёғдириб, уни Ўзи хоҳлаганига етказади ва хоҳлаган одамларидан бошқа тарафга буриб юборади» (Нур, 43).

15. дон ва гиёҳларни ўстириш учун;

Аллоҳнинг осмондан ёғин ёғдириши Ерда инсонлар ризқланиши учун дон-дун, мева, сабзавотларни, чорвалари учун турли ўт-ўланларни ўстириш учундир.

16. ва сердарахт боғларни.

Ҳатто сердарахт боғлар ҳам Аллоҳ таоло юборган сувга ҳамиша муътож бўлади. Агар бир-икки ой ёғин бўлмаса, барча экин, дарахтлар қурийди, ҳалок бўлади. Буни зироат, боғбонлик ишлари билан машғул кишилар жуда яхши билишади. Қуръони  каримда келганидек: «Ерда бир-бирига ёнма-ён, бўлак-бўлак пайкаллар, узумзор боғлар, экинзорлар, шохлаган-шохламаган хурмолар бўлиб, (ҳаммаси) бир сув Билан суғорилади. Биз уларни бир-биридан мазали қилиб қўямиз. Бунда оқил қавмлар учун албатта далиллар бордир» (Раъд, 4). Юқорида зикр этилган тўққиз нарсани яратиш, бунга қодирлик, уларни мукаммал ва мустаҳкам яратилгани буюк Яратувчининг чексиз илми, ъикмати ва қудратига далолат, Унинг қайта тирилтиришга қодир эканига қатъий исботдир.

17. Ҳақиқатан Ажратадиган кун муайян бир вақтдир.

Яъни, ушбу қиёмат куни Ер кураси яратилганидан то унда ҳаёт тугагунга қадар вақт оралиғида яшаган махлуқотлар тўпланиши учун белгиланган кун, муайян бир муддатдир. Қилинган амалларга савоб ва жазо ўша кунда олинади. У куннинг «явмул фасл» (ажратадиган кун) деб аталиши боиси, Аллоҳ таоло қиёмат куни барча махлуқлари орасини ажратиб, ажрим қилади.

18. Сур чалинган кунда тўп-тўп бўлиб келасизлар.

Яъни, ажратадиган кун Исрофил алайҳиссалом сур чаладиган кундир. Ўша куни инсонлар қабрларидан чиқиб, ҳисоб қилинадиган жой – Ҳашр майдонига тўп-тўп, жамоат-жамоат бўлиб келишади.

19. Осмон ёрилиб, эшиклари очилади.

Яъни, қиёмат куни осмон бўлиниб-ёрилиб кетади, ундан фаришталарнинг тушиб келишлари учун эшиклар ва йўллар очилади. Аллоҳ таоло айтади: «Булутли осмон ёрилиб, фаришталар тушириладиган кунни эсланг!» (Фурқон, 25).

20. Тоғлар ҳам тўзитилиб, саробга айлантирилади.

Яъни, тоғлар ҳам парчаланиб, тўзғитиб юборилади, улар ҳаводаги чанг-тўзон каби бўлиб қолади, кўрган киши уни сароб, деб ўйлайди. Аллоҳ таоло бундай дейди: «Ер ларзага келади, тоғлар титилиб, тўзонга айланади» (Воқеа, 4-6); «Улар сиздан тоғлар ҳақида сўрашса: «Парвардигорим уларни сочиб юборади», денг» (Тоҳа, 105).

21. Дўзах пистирма бўлади;

Яъни, дўзах гуноҳкорларни тутиб қоладиган пистирма жойидир. Инсон душманини пистирмада қўлга тушириш учун пойлаб турганидек, дўзах ҳам қалби касал, куфр ва ширкка ботган кимсаларни кутиб туради ва қўлга туширгач, ўз домига тортиб кетади.

22. ҳаддан ошганларнинг қайтар жойидир.

Ҳамиша гуриллаб олов ёниб турадиган, қаттиқ азоблайдиган дўзах ҳаддан ошганлар қайтадиган жойдир. Ҳаддан ошганлар эса, Аллоҳ таоло оятларини ёлғонга чиқарган, қиёмат куни, ўлгандан кейин қайта тирилиш, ҳисоб-китобга ишонмаган золим ва мутакаббир кимсалардир.

23. Унда кўп асрлар қолишади.

Бундай осийлар дўзахда абадул-абад, мангуга қолишади. Улар абадий жазога, қийноқ-азобларга гирифтордирлар. Уларни ҳеч ким, ҳеч нарса Аллоҳ таолонинг азобидан, жазосидан қутқариб қола олмайди.

24. Улар у ерда салқинни ва ичимликни тотишмайди;

Дўзахда унинг чидаб бўлмас иссиғидан асровчи бирор салқин жойни топиш имкони йўқ, чанқоқни босадиган на яхна ичимлик, на салқин ҳаво- шабада бўлади.

25. фақат қайноқ сув ва йиринг;

Яъни ташналикдан қийналиб ётган дўзахийларнинг ичимлиги фақат иссиқ сув ва йиринг-зардоб бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг рўпарасида дўзах туради. Унга йиринг сувидан берилади. Уни ютмоқчи бўладию, ўтказолмайди. Унга ҳар томондан ўлим келадию, ўлолмайди. Унинг ортида янада оғир азоб бордир» (Иброҳим, 16-17). Олов ҳароратидан юрак-бағри ёниб, ўзини ҳар томонга уриб ётган, бир ъўплам муздай сувга зор бўлиб турган дўзахийга ичгани қайноқ сув ва яралардан оқиб турган йиринг-зардоб берилса, бундан ҳам ортиқ қийноқ, жазо бўладими?!

26. муносиб жазо шудир.

Яъни, буларнинг ҳаммаси дўзахийларнинг қилмишларига яраша муносиб жазодир. Уларнинг дунё ҳаётида қилган ишлари ҳам фақат ёмонлик эди.  Гуноҳ ишларни қилишса-да, тавбага шошилишмасди. Куфр ва ширк разолатидан кечишолмасди. Пайғамбар келтирган нарсаларга ишонмай, ёлғон санашарди. Энди жазо ҳам шунга яраша жуда қаттиқ, ёмон бўлади.

27. Чунки улар ҳисоб-китобга ишонишмасди.

Яъни, дўзахийлар ёмон амал ва қабиъ ишларни бемалол, қўрқмай қилишаверарди. Чунки улар савобдан умид узишган, ҳисобдан қўрқишмас, қайта тирилишга ишонишмас эди.

28. Оятларимизга ишонмай, ёлғон дейишганди.

Дўзахийлар Аллоҳ таолонинг ваъдониятига (яккалигига), нубувватга (пайғамбарликка), қайта тирилишга далолат қилувчи Қурҳан оятларини ёлғонга чиқаришар эди. Ҳақни инкор этиб, пайғамбарларни ёлғончи дейишар эди. Энди ана шу гумроҳ кимсалар барча қилмишлари учун муносиб жазоларини тўлиғича олишади.

29. Ҳар бир нарсани ҳисоблаб-ёзиб қўйганмиз.

Аллоҳ таоло бандаларининг барча ишларини, ҳатто ўй-хаёлларигача яхши билади. Чунки Унинг итоаткор фаришталари инсонларнинг   бирор қилмишини қолдирмай, ипидан-игнасигача мунтазам ёзиб борган. Аллоҳ таоло ҳеч кимга зулм қилмайди, котиб фаришталар битиб қўйганига мувофиқ ъукм қилади. Агар яхши амал бўлса – мукофот, ёмон амал бўлса – жазо беради. Аллоҳ таоло айтади: «Бу кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланади. Бу кунда зулм қилинмайди» (Ғофир, 17).

30. (Эй кофирлар), энди тотинглар, сизларга азобдан бошқасини бермаймиз.

Яъни, эй имонсизлар, мана сизлар ёлғонга чиқарган қиёмат куни етиб келди. Энди ўзингиз танлаган разолат йўлининг азобларини тотаверинглар! Қилмишларингиз, куфр ва ширкингиз учун абадий дўзахда қоласизлар. Тортаётган азобингизни янада кучайтираверамиз. Мангу азоб-қийноқлар ичида дод-вой солиб қолаверасизлар. Абдуллоҳ ибн Амр: «Дўзах аҳли ҳақида бунддан кўра шиддатлироқ оят тушмаган», деганлар.

31. Тақводорларга албатта ютуқ бордир:

Шундан кейинги оятларда тақводор (Аллоҳдан қўрқадиган) кишилар учун тайёрлаб қўйилган турфа неъматлар ҳақида сўз боради. Тақволи кишилар қиёматда албатта ютуқ билан тақдирланишади. Куфр ва ширк аҳли қиёматда қаттиқ азоблар қаршисида нима қиларларини билмай, ҳасрат-надоматда қолган бир пайтда имонли кишиларнинг мукофоти нақд: улар Аллоҳ таолонинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ажойиб туъфаси – жаннат боғларига мушарраф бўлишади. Чунки бунга Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор эди: «Улар остидан анҳарлар оқиб турувчи мангу жаннатларга киришади. Уларга у ерда хоҳлаган нарсалари бор. Тақводорларни Аллоҳ шундай мукофотлайди» (Наъл, 31).

32. боғлар ва узумзорлар;

Жаннат шундайин бемисл боғлар ва узумзорларки, буларнинг қиёси, ўхшаши йўқдир. Ундаги мева ва узумларни кўрган жаннатийлар «Буларни дунёда ҳам кўрган эдик», дейишадию меваларидан тотиб кўргач, уларнинг олдин кўрганларидан ҳам лаззатли, ширин ва тенгсиз эканига гувоҳ бўлишади. Аллоҳ таоло айтади: «(Эй Муҳаммад), имон келтирган ва яхши ишлар қилган одамларга хушхабар берингки, уларга остидан анҳарлар оқиб турувчи жаннатлар бордир. Уларга жаннат меваларидан ризқ қилиб берилганида: «Бу меваларни аввал ҳам еган эдик-ку!» дейишади. Зеро, бир-бирига ўхшаш мевалар ва покиза хотинлар берилади ҳамда улар жаннатда абадий қолишади» (Бақара, 25).

33. бўйга етган тенгқур қизлар;

Жаннатийларга бериладиган неъматларнинг яна бири ёши тенгдош бокира қизлардир. Улар «чодирларда асралувчи ъурлардир» (Раъмон, 72). Анас ибн Молик (розийаллоҳу анъу) Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини келтиради: «Меҳрож кечасида жаннатнинг лаъл, кўк забаржад ва қизил ёқутдан бўлган чодир билан ёпилган Байдах деган жойига кирдим. Чодир ичидагилар менга: «Ассалому алайка ё Расулаллоҳ», дейишди. Шунда мен Жаброил алайҳиссаломдан: «Эй Жибрил, бу қандай нидо бўлди?» деб сўрадим. «Улар чодирларда асралган ъурлардир, сизга салом бериш учун Парвардигорларидан изн сўрашди, уларга изн бўлди», деди Жаброил алайҳиссалом. Кейин улар: «Биз эрларидан рози бўлувчи аёллармиз, ҳеч қачон ғазабланмаймиз, биз бу ерда абадий қолувчилармиз», дейишди» (Имом Термизий ривояти). Жаннат хотинлари ҳайз ва нифос каби зоҳирий нажосатлардан, бадхулқлик ва итоатсизлик каби ботиний айблардан пок бўлишади. Жаннатда ўлим йўқ, унда ҳаёт абадийдир.

34. ва шароб тўла қадаҳлар бордир.

Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут ва маржонлар билан безатилган қадаҳларда шароб тутилади. Бу шароб асло маст қилмайди, меъдага тегмайди, бошни оғритмайди, ичган сари роҳат беради. Қуръони  каримда бундай зикр этилади: «Унинг муъри мушкдандир. Мусобақа қилувчилар шу йўлда мусобақалашишсин» (Мутоффифин, 26).

35. У ерда беҳуда ва ёлғон сўзлар эшитишмайди.

Жаннатийлар унда фойдасиз, беҳуда ва ёлғон сўзларни эштишмайди. Чунки жаннат омонлик, роҳат-фароғат жойидир. Унда бирор беъуда нарса, ноқислик йўқдир.

36. Булар Парвардигордан мукофот ҳисобидандир.

Аллоҳ таоло Ўз ваъдасига биноан, яъни яхшиликларнинг савобини бир неча баробар ошириши ва ёмонликларни кечириши билан тақводорларни имонлари ва солиъ амалларига кўра мукофотлайди, фазли билан юқорида саналганларни уларга ато этади. Имонли ва тоатли бандаларига олий мукофот ва буюк марҳамат улуғ Парвардигорнинг ъузуридандир.

37. У осмонлару Ер ҳамда улар орасидаги ҳамма нарсанинг меҳрибон Парвардигоридир. Унга ҳеч ким сўзлай олмайди.

Раъмати билан ҳамма нарсаларни қамраб олган меҳрибон Зот, Еру осмонлар ўртасидаги нарсаларнинг ягона Яратувчиси бўлмиш Аллоҳ таоло ъузурида ҳеч ким сўзлашга қодир ҳам, ҳақли ҳам эмас.

38. Ўша кунда Руҳ ва фаришталар сафланиб туришади. Раъмон изн берган ва ростгўйлардан ўзга ҳеч ким сўзлай олмайди.

Аллоҳ таолонинг нақадар улуғлиги қиёмат куни халойиққа очиқ-ойдин билинади. Ҳатто даража ва мартабалари баланд бўлган Руҳ, яъни Жаброил алайҳиссалом ҳам, саф тортган фаришталар ҳам ўша куни гапира олишмайди. Улар фақат икки шарт билан гапира олишади. Биринчиси, Аллоҳ таоло шафоатга изн берса. «У кун келганида бирор жон гапирмайди, фақат Унинг изни билан гапиради» (Ҳуд, 105). Иккинчиси, изн берилган шафоатчи ҳақ ва рост гапиради. Шафоатга сазовор бўлган киши эса дунёда тўғри сўзни, яъни «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни айтган бўлиши лозим.

39. Ўша кун ҳақдир, Парвардигорига қайтишни истаган ҳар ким имкон топа олади.

Фаришталар саф тортиб турадиган, Парвардигор изнисиз ҳеч ким сўзлай олмайдиган куннинг келиши муқаррар ва шак-шубҳасиздир. Ким ўша кунда нажот топишни истаса, Парвардигорнинг марҳаматига олиб борадиган йўлни танласин. Бу йўл ҳақ имон ва солиъ амаллар йўли, ъидоят йўлидир. Парвардигорига қайтишни хоҳлаган албатта имкон топа олади. Гумроҳ ва мутакаббир кимсаларгина Ҳақ йўлни тан олмайди, унга юришни истамайди ва ўша куни энг хор ва абгорлардан бўлади.

40. Биз сизларни яқинда албатта келадиган азобдан огоҳлантирдик. У кунда инсон икки қўли юборган нарсани кўради ва кофир: «Қанийди тупроққа айлансам!» дейди.

Аллоҳ таоло айтяптики, Биз сизларни яқинда бўлажак азобдан, яъни қиёмат кунидаги азобдан огоҳлантирдик. Мушрик ва кофир кимсалар қанчалик ёлғонга чиқармасин, қиёматнинг бўлиши муқаррар! Унинг қандай тўсатдан содир бўлганини ҳатто сезмай қолишади. Аллоҳ таоло хабар берганидай: «Улар қиёмат кунини кўришганида дунёда жуда оз – гўё чошгоҳ ё асргача тургандек бўлишади» (Нозиот, 46). Қиёмат куни ҳар бир инсон ҳаётлик пайтида қилган барча яхши-ёмон амалларини кўради. Қуръони  карим ваъда қилганидай: «Ҳар бир жон қилган яхши амаллари келтирилганини кўрадиган, ёмон амаллари ўзидан жуда узоқ бўлишини истайдиган кундан сақланинг» (Оли-Имрон, 30).

Яна айтиляптики, қиёмат куни инсон икки қўли билан қилган амаллари учун ҳисоб беради. Чунки инсон хоҳ солиъ, хоҳ ёмон ишлар бўлсин, дунё ҳаётида қилган аксари амалларини икки қўли билан бажаради. «Тафсири Насафий»да ҳам шу ҳақда баён этилган.

Қиёматнинг азоб ва даъшатларини кўрган имонсизлар бир-бирларидан қасос олиб, сўнг тупроққа айланиб кетадиган ҳайвонларни кўргач: «Кошки мен ҳам тупроқ бўлиб кетсам, кошки одам бўлмасам», деб орзу қилади. Ибн Касир зикр қилганларидек, қиёмат куни шохсиз ҳайвонларга шохли ҳайвонлардан қасос олиб берилади. Кейин улар тупроққа айлантириб юборилади. Кофир кимса азобдан қутулиш учун ҳатто ана шу ҳалатни ҳам орзу қилиб қолади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бундай деганлар: «Қиёмат куни ҳақдорларга ҳақларини мутлақо адо этасиз. Ҳатто шохсиз ҳайвонга шохли қўйдан қасос олинади» (Имом Термизий ривояти).