A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
081. Таквир (ўраш) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 29 оятдан иборат

«Таквир» сўзи луғатда «ўраш» маъносини билдиради. Сурада қиёмат куни ҳар бир жон ўз ҳаётида қандай амаллар қилиб ўтганини билиб, иқрор бўлиши ҳақида хабар берилади, инсонларга хитоб қилиниб, улардан қўлларида Ҳақ йўлини кўрсатиб турган шундай буюк Китоб мавжуд бўлатуриб ўзлари учун яна қандай йўл ахтариб кетаётганлари сўралади. Сура қиёмат кунида бутун Ер юзини ёритиб ва иситиб турган Қуёш ҳам ўралиб, қопланиб, нурсизланиб қолиши хусусидаги оят билан бошлангани сабабли шундай ном олган.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Қуёш ўралганида;

Оятдаги «куввирот» сўзи бир нарсани думалоқ қилиб ўраш маъносини билдиради. Қуёшнинг ўралиб қолиши, яъни сўниши қиёматнинг қоим бўлиши аломатларидандир. Яъни  қиёмат куни келганида қуёш ўзига ўзи ўралади ва нури батамом тўсилади. Миллиард йиллардан буён муттасил шуъла сочиб турган, бағридаги иссиғи миллионлаб даражага борадиган қуёшнинг бирданига сўниб, ҳарорат чиқармай қолишини ҳатто тасаввур қилиш ҳам мушкул. Ўшанда Ерда ҳаёт изию бирор тирик жонзот қолармикин?!

2. ва юлдузлар ҳам сўнганида;

Кечалари милт-милт порлаб, осмонга зийнат бўлиб турган юлдузлар ҳам қиёмат бўлганида ўрнашган жойларидан сочилиб, сўниб кетади. Биз кўриб турган «Сомон йўли» галактикасида (юлдузлар мажмуида) миллиардлаб юлдуз мавжуд. Олимлар тахминича эса  борлиқда миллиардлаб бундай галактикалар  бор. Ана шу юлдузларнинг сочилиб, сўниши қиёматнинг нақадар даҳшатли, ақлга сиғмайдиган улкан воқеа эканига далолатдир.

3. ва тоғлар жойидан жилганида;

Қиёмат келганида Ерга қозиқ бўлиб ўрнашган зил-замбил тоғлар ҳам парчаланиб, жойидан жилади, унинг бўлаклари осмонда худди енгил юнг каби учиб юради. Бунинг баёни Қуръони Каримда бундай келган: «Тоғларни юргизадиган ва сизлар Ерни теп-текис кўрадиган кунни эсланглар» (Каҳф, 47). Ер салгина қимирлаб қолса ёки бирор иморат бехос қулаб тушса, юраги ёрилиш ҳолига келадиган инсон қиёматнинг ана шундай даҳшатлари ҳақида тинмай ҳамиша огоҳлантирилганига қарамай, нега осийлик қилаверади, ҳақ йўлга юргиси келмайди? Еру осмонлар, қуёш ва юлдузлар, тоғлар ва бошқа мавжудотларнинг яратувчиси ва эгаси Аллоҳ таолога итоатсизлик қилади?

4. ва ҳомиласи ўн ойлик туялар қаровсиз қолдирилганида;

Қиёмат бўлганида ҳатто ҳомиласи ўн ойлик туялар ҳам қаровсиз қолдирилар экан. Қуръони Каримда бу мисолнинг келтирилиши бежиз эмас. Қуръон нозил қилинган Арабистон диёрида туялар одамларнинг энг ардоқлайдиган, қимматбаҳо, қадрли мулки бўлган. Чунки ундан чидамли улов сифатида фойдаланилган, сути, гўшти, ёғи таом ўрнида ишлатилган, юнгидан кийим ва кўрпа-тўшак, палос каби рўзғор буюмлари тайёрланган. Туяси кўп кишилар бой саналган, айниқса, бўғоз туяси қизил бўталоқ туғиб берган саҳройи арабдан бахтли одам бўлмаган. Қиёмат қоим бўлганида туғишига бир неча кунгина қолган бўғоз туялар билан ҳам ҳеч кимнинг иши бўлмай қолади.

5. ва ваҳший ҳайвонлар тўпланиб қолганида;

Йиртқич ҳайвонлар қанчалик ваҳший бўлмасин, зилзила, ёнғин, бомба портлаши каби таҳликали пайтларда юввош тортиб, бир жойга тўпланиб қолади. Энди даҳшати ва қўрқуви булардан миллионлаб марта қаттиқ бўлган қиёматни бир тасаввур қилиб кўринг: ваҳший ҳайвонларнинг қўрқувдан тўпланиб қолишлари ҳам оддий нарса бўлиб қолади.

6. ва денгизлар тошиб чиққанида;

Қиёматнинг қоим бўлиши ҳолатларидан яна бири денгизлар  тошиб, ҳаммаёқни сув босиб кетишидир. Дарёлар ва денгизлар ўртасида, албатта, қуруқлик бўлади, бирининг суви иккинчисиникига аралашиб кетмайди. Лекин қиёмат бўлганида денгиз, дарё ва уммонлар орасидаги бу тўсиқ бузилиб кетади, чучук ва шўр сувлар аралашиб кетади. Бундай кўринишдан бир улушини милодий янги аср бошланишида Жанубий-шарқий Осиёнинг айрим давлатлари аҳолиси ўз кўзи билан кўрди: кучли тўфон натижасида уммон-денгизлар тошиб, қанча-қанча шаҳарларни ер юзидан супуриб ташлади, минглаб одамлар ҳалокатига сабаб бўлди. Бу ҳолатнинг қиёмат кунидагиси бундан бир неча баробар қўрқинчли, ҳалокатли бўлади. Айрим муфассирлар «сужжирот» сўзини «ўт бўлиб ёнса» деб ҳам тафсир қилишган. Юқоридаги оятлар хусусида Имом Ғаззолий бундай ёзади: «Эй инсон, муддати узун, султони қаҳрли, вақти яқин қолган у Кунга ҳозирлигингни кўр! Ўша куни сен осмоннинг ёрилганига, қўрқинчдан юлдузларнинг сочилиб кетганига гувоҳ бўласан. У Кун чарақлаб турган юлдузлар фалакларидан тўкилади, қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолади, тоғлар ўз жойларидан жилдирилади, қорнида ўн ойлик боласи бўлган бўғоз туялар бўш қўйиб юборилади, ваҳший ҳайвонлар бир жойда тўпланиб қолади, денгизлар тандир каби қизитилади ва сув ўрнига олов билан тўлади» («Иҳёу улумид-дин»нинг «Ўлимдан сўнг» китоби, 23-бет).

7. ва нафслар қўшилганида;

Қиёмат куни барча нафслар, яъни жонлар бир-бирига қўшилиб кетади. Воқеа сурасида баёни келганидек, нафслар уч тоифага бўлинади: «собиқлар» тоифаси, «ўнг томон эгалари» тоифаси ва «чап томон эгалари» тоифаси. «Собиқлар»ни Пайғамбар алайҳиссалом: «Уларга ҳақиқат  кўрсатилса, уни қабул қиладиган, улардан бирор нарса сўралса, дарров берадиган ва ўзларига нима ҳукм қилишса, бошқаларга ҳам шундай ҳукм қиладиган кишилардир», деб тавсифлаганлар. «Ўнг томон эгалари» бирор гуноҳ қилишса, дарров тавба қилган ва кейин ўша гуноҳга қайтмай тавбалари билан дунёдан ўтган, охиратда номаи аъмоллари ўнг томонидан бериладиган кишилардир. «Чап томон эгалари» эса  гуноҳида бардавом бўлиб, уларга тавба қилмай, гуноҳкор ҳолича дунёдан ўтган ва охиратда амалномалари чап томонидан ёки орқасидан бериладиган кимсалардир. Ушбу оят тафсирида Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу): «Қиёмат куни фожир билан фожир, солиҳ билан солиҳ яқин бўлади», деганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Мўмин нафслар ҳуру ийнлар билан, куфр аҳли ва мунофиқлар эса шайтонлар билан бирлаштирилади», деганлар. Айрим муфассирлар ушбу оятни «руҳлар жасадлар билан бирлашса», деб тафсир қилишган.

8. ва тириклай кўмилган қиз саволга тутилса:

9. «қайси гуноҳ учун ўлдирилди?» деб.

Яъни  тириклайин кўмилган қизлардан: «Нима гуноҳи учун булар ўлдирилди?» деб қиёматда саволга тутилганида уларни кўмганлар нима деб жавоб беришади? Инсон Аллоҳга иймон келтирмас экан, бундан ҳам қабиҳ жиноятларни қилаверади, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормайди, гуноҳларига турли баҳона-сабабларни излаб топади. Иймонсиз кимса Аллоҳга, охират кунига, жаннат ва дўзахга ишонмагани учун ҳамма нарсани ўз қаричи билан ўлчайди. Жоҳилият даврида (яъни  Ислом келгунига қадар) араблар ўзларининг қиз фарзандларини туғилган заҳоти ёки бироз улғайгач тириклайин ерга кўмишарди. Бу жирканч жиноятга уларнинг баҳона-сабаблари ҳам кўп эди: 1. «Фаришталар Худонинг қизлари, шунинг учун қизларни Унинг Ўзига қайтариш керак, чунки бунга Худонинг ўзи ҳақлироқ, бизларнинг эса эҳтиёжимиз йўқ». 2. Улар ризқ Аллоҳдан эканини унутишганди, шунинг учун оилага фойда келтирмайдиган қиз кўпайса, камбағалчилик келишидан қўрқиб ўлдиришарди (гўё ўғил фарзандларининг харажати йўқдай). 3. Улар: «Қизлар урушда асир тушиб қолса, қабиламиз ва оиламиз шаънига доғ тушади, обрўйимиз тўкилади», дейишарди. Бундай шармандали фикр эркаклардан ташқари аёлларга ҳам сингиб кетганди. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Жоҳилият даврида бир аёл ҳомиладор бўлса, чуқур кавлаб қўярди. Тўлғоқ тута бошлаганида у чуқур олдига борарди. Агар қиз бўлса, уни чуқурга ташлаб, устидан тупроқ тортарди. Ўғил бўлса, сақлаб қоларди. Бундай бағритош оналар ҳақида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай дедилар: «Фарзандини ўлдирган аёл қиёмат куни боласи унинг кўкрагига осилган, ўз қонига бўялган ҳолда келади ва: «Эй Парвардигорим, бу − менинг онам, у мени ўлдирди», дейди». Бундай воқеалар жаҳолат ва тошбағирликдан бошқа нарса эмас. Минг афсуслар бўлсин, бу каби жирканч ишлар ҳозиргача давом этиб келяпти. Нодон, жоҳил кимсалар эмас, ақли-ҳуши жойида, ўзини «маданиятли» атайдиган айрим нопок кимсалар қилғиликни қилиб, «шарманда бўлмаслик» учун ё ҳомиласини олдириб ташлайди ёки туғса ҳам фарзандини ўлдиради ёхуд раҳми келса, бирор жойга ташлаб кетади, бировга бериб юборади. Беақл ҳайвонлар ҳам қилмайдиган бу мудҳиш жиноятнинг асосий сабаби Парвардигорни танимаслик, У Зот юборган дин таълимотларидан мутлоқ бехабарликдир.

10. номаи аъмоллар очилганида;

Қиёмат куни инсоннинг дунё ҳаётида қилган барча яхши-ёмон ишлари битилган номаи аъмоллари (амалномалари) очилиб, эгасига кўрсатилади. Инсон тирик экан, барча ишларини унга Аллоҳ таоло вакил қилган фаришталар (кироман котибин) томонидан ҳеч нарса қолдирмай ёзиб борилади. Инсон вафот этиши билан амалномаси ёпилиб, қиёмат куни қайта тирилгач, яна очилади ва эгаси барча қилмишларидан хабардор бўлади. Мўминлар бу ҳолатда мамнун ва хушнуд бўлишса, куфр аҳллари хато-жиноятлари кўплигидан қайғу-изтирбга тушиб қолади. Буни Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримаси ҳам тасдиқлайди: «(Сўнгра ҳар бир кишининг) номаи аъмоли қўйилади. Шунда гуноҳкорларнинг ундаги нарсалардан даҳшатга тушиб: «Ҳолимизга вой, бу қандай китобки, на кичик, на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб қўйибди!» дейишларини кўрасиз. Қилган амалларини нақд ҳолда топишади. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмайди» (Каҳф, 49).

11. осмон теридай шилиб олинганида;

Ушбу ояти каримадан бошлаб яна қиёмат кунининг даҳшатли манзаралари баёни бошланади. Ўша кун келганида осмон худди тери каби шилиниб-сидирилиб тушади. Оятдаги «кушитот» сўзи арабларда туя терисини шилишга нисбатан ишлатилади. Осмон ҳам худди терини шилгандай сидириб олинади.

12. дўзах қиздирилганида;

Қиёмат соатлари келиши билан кофир ва мушриклар жойи дўзахга қаттиқ олов ёқилиб қиздирилади ва чидаб бўлмас даражага келтирилади. Қатода: «Дўзахни Аллоҳнинг ғазаби ва Бани Одамнинг хатолари қиздиради», деган. Имом Термизий «Сунан» китобларида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ушбу ҳадисни ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўт (дўзах) қизаргунича минг йил ёндирилди. Кейин оқаргунича яна минг йил ёндирилди. Сўнгра қорайгунича яна минг йил ёндирилди. Бас, дўзах қоп-қора зулматдир, деганлар».

13. жаннат яқинлаштирилганида;

Ўша кун келганида Аллоҳнинг дўстлари, тақводорлар, гуноҳлардан парҳез қилиб юрган мўмин бандаларга жаннат яқинлаштириб кўрсатилади. Улар жаннатдан унча узоқ бўлмаган жойда унга киришларини кутиб туришади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорларидан қўрққан тақволи зотлар ҳам гуруҳ-гуруҳ ҳолда жаннатга бошлаб борилади. Улар дарвозалари очиқ жаннатга етиб келишганида унинг қўриқчилари: «Сизларга омонлик бўлсин, хуш келибсиз! Унга мангу қолувчи бўлган ҳолингизда киринглар», дейишади» (Зумар, 73).

14. ўшанда ҳар бир жон нима ҳозирлаганини билади.

Ана ўшанда ҳар бир инсон дунё ҳаётида охирати учун нима тайёрлаб келганини тушуниб-билади. Чунки ҳар бир иш, амал номаи аъмолларга битиб қўйилган ҳолда кўрсатиб турилибди. Ким яхши, солиҳ амаллар қилган бўлса, унинг мукофоти нақд турибди. Ким дунё ҳаётида гуноҳ, жиноятдан бўшамаган бўлса, унинг «мукофоти» ҳам нақд турибди. Эй нодон инсон, нега дунё ҳаётида ғафлатда юрганингда Аллоҳ ва  Расулининг огоҳлантиришларига бефарқ бўлдинг, уларни назарга илмадинг? Энди афсус-надоматнинг фойдаси йўқ, тавба эшиклари аллақачон ёпилган. Чунки Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Бу кунда ҳар бир жон ўз қилмишига кўра жазоланади. Бу кунда (ҳеч кимга) зулм қилиш йўқ. Аллоҳнинг, ҳақиқатан, ҳисоби тездир» (Ғофир, 17).

15. Йўқ, сайёраларга қасам;

16. пайдо ва ғойиб бўлувчи.

Аллоҳ таоло маълум вақтда пайдо бўлиб, кейин кўринмай қоладиган сайёра-юлдузларга қасам, деяпти. Яъни  улар кечаси инсонлар кўзига кўриниб туради, кундузи эса қуёш нурлари остига яшириниб олади. Баъзи муфассирлар «Булар бешта: Зуҳал (сатурн), Муштарий (юпитер), Миррих (марс), Зуҳра (венера), Аторуд (меркурий) сайёраларидир, улар самода қуёш ортидан ҳаракатланиб юради, қуёш ботгач, кўринмай туради», дейишган.

17. Қорайиб келаётган тунга қасам.

Кеча ҳам Аллоҳ таоло наздида юлдузлар каби эътиборли ва мўъжизавий жисмлардан нарсалардан саналгани учун Парвардигор қорайиб келаётган тунга қасам, демоқда. Кечанинг сифатлари ва инсонларга манфаатлари ҳақида Набаъ сурасининг 10-ояти тафсирида батафсил сўз борган.

18. Мусаффо тонгга қасам.

Аллоҳ таоло ҳавоси соф, нафас олишга қулай фурсат бўлмиш тонгга қасам, деяпти. Аллоҳ таоло ўта муҳим ва бандаларига таъкидлаб эслатмоқчи бўлган ҳақиқатни Ўз ҳузуридаги эътиборли, қадрли нарсаларга қасамёд қилиш билан бошлайди. Шояд, бандам қасам билан айтилган гаплар ҳақида фикр юритса, ақлини ишлатса, ибратланса, дейди. Бундан кейинги оятларда Қуръони Каримнинг илоҳий ваҳий экани, уни мукаррам элчилари – фаришталари орқали Ўз Пайғамбарига туширгани ҳақида сўз боргани учун Аллоҳ таоло сайёраларга, тунга ва тонгга қасам билан ана шу муҳим жиҳатга инсонлар эътиборини қаратмоқда.

19. Бу, албатта, мукаррам элчи сўзидир;

Аллоҳ ҳузуридан юборилган илоҳий ваҳийлар, яъни Қуръони Карим оятлари мукаррам элчи воситасида индирилган. Кўпчилик муфассирлар «мукаррам элчи»ни Жаброил алайҳиссаломга нисбат беришади. Жаброил алайҳиссаломнинг вазифаси Аллоҳ таоло даргоҳидан Қуръони Карим оятларини олиб, унга заррача хиёнат қилмасдан, буюк омонатдорлик билан охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломга етказишдир.

20. қудратли Арш эгаси ҳузурида ҳурматланган;

Жаброил алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло ҳузурида алоҳида ҳурмат-эътиборлари бор, у зот ўта омонатдорликлари билан фаришталарнинг мукаррами, ишончлиси, ҳурматлиси, қудратлиси даражасида турадилар. Маълумки, фаришталар Парвардигорнинг нурдан яратган мавжудотлари бўлиб, улар Аллоҳ таолога ҳамиша итоатда бўлишади, асло гуноҳ қилишмайди. Жаброил алайҳиссаломнинг қўл остиларида ана шундай итоатли фаришталар ниҳоятда кўп. Жаброил алайҳиссаломни Қодиру Зулжалол ваҳий етказиш ишига вазифадор қилди ва Руҳул-Қудс (яъни Жаброил алайҳиссалом) бу вазифани аъло даражада бажарди.

21. итоатли ва ишонч қозонган.

Жаброил алайҳиссалом гуноҳсиз, ўта итоаткор ва ишончли фаришталарнинг ҳам энг улуғларидан бири бўлганлари учун у зотга инсониятга илоҳий ваҳийларни етказишдай масъулиятли ва шарафли вазифа юкланди. Чунки Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳузурида ўта итоатли ва катта ишонч қозонган эдилар. Ушбу ояти карима ҳақида Ибн Исҳоқдан бундай ривоят бор: «Расулуллоҳ (солллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «(у зотдан асло кулмаган фаришта ҳақида сўраганларида) Жаброил менга шундай деди: «Сиздан олдин ва сиздан кейин бировга кулганида, сизга ҳам кулган бўларди, лекин у ҳеч қачон кулмайди. У жаҳаннам қўриқчиси Моликдир». Шунда Аллоҳ томонидан сизларга: «итоатли ва ишонч қозонган» деб тасвирланган Жаброилга: «Уни менга жаҳаннамни кўрсатишга буюрмайсизми?» дедим. У эса: «Хўп бўлади», деб, сўнгра: «Эй Молик, Муҳаммадга дўзахни кўрсат», деб буюрди» («Сийратун-Набавийя», 308-бет).

22. Соҳибингиз мажнун эмасдир;

Сизларнинг соҳибингиз, сафдошингиз Муҳаммад (алайҳиссалом), Макка мушриклари даъво қилаётганидек, асло мажнун, ақлдан озган эмасдир. Аллоҳ таоло Ўзининг буюк омонатини, илоҳий ваҳийларини мажнун кишига туширармиди, нега озгина ақл ишлатмайсизлар? Аллоҳ таоло ҳузуридан келаётган ваҳийларни тушида эмас, ўнгида, эс-ҳуши жойидалигида Жаброил алайҳиссаломдан қабул қиляпти-ку! Бундай туҳмат ва ёлғонларни тўқиб юрмай, у Зотга эргашинглар, айтганларига қулоқ тутинглар, огоҳлантирганларидан ибратланинглар. Нега ўзларингиз кўрмаган, билмаган нарсаларни ёлғонга чиқариб, инкор қилиб юрибсизлар?

23. уни уфқда аниқ-равшан кўрган;

Ваҳоланки, Муҳаммад (алайҳиссалом) Аллоҳ таоло ваҳийларини келтираётган Жаброил алайҳиссаломни уфқда аниқ-равшан, ўз кўзлари билан кўрдилар. Бу ҳақда «Тафсири Хозин»да ушбу ривоят келтирилади: «Пайғамбар алайҳиссалом Жаброил алайҳиссаломга: «Мен сизни осмонда ўз суратингизда кўришни хоҳлайман», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Бунга кучингиз етмайди», деганларида, у Зот: «Йўқ, етади», дедилар. Жаброил алайҳиссалом: «Қаерда кўринишимни истайсиз?» дедилар. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Абтоҳда», деганларида, ҳазрати Жаброил: «У ерга сиғмайман», дедилар. «Ундай бўлса Минода», дедилар. «У ерга ҳам сиғмайман», дедилар ҳазрати Жаброил. «Унда Арафотда», дедилар. «У ерга ҳам сиғмайман», дедилар Жаброил алайҳиссалом. «Унда Ҳиро тоғида», дедилар Фахри коинот. Ҳазрати Жаброил: «Агар ўша ерга сиғсам, ўша жойда кўринаман», деб ваъдалашишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳиродан чиққанларида Жаброил алайҳиссалом Арафот томонда жаранг-журунг овоз билан юзланиб тургандилар. Кўкраклари мағрибу машриқни тўлдирган, бошлари осмонда, оёқлари ерда эди. Пайғамбар алайҳиссалом бу ҳолатни кўриб, ҳушларидан кетиб йиқилдилар (Чунки у Зот бундай катта нарсани олдин кўрмагандилар). Жаброил алайҳиссалом олдинги кўринишларига қайтдилар ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўкракларини босиб: «Эй Муҳаммад, қўрқманг, (мендан шунчалик қўрқдингиз-у) агар Исрофилни (алайҳиссалом) кўрганда нима қиласиз? Ҳолбуки, унинг боши Аршга, оёғи эса етти қават ернинг тагида туради, Арш унинг елкаси устида туради. (Ана шундай улкан фаришта ҳам) гоҳида Аллоҳнинг маҳобати олдида жуда кичрайиб-кучсизланиб, ҳатто кичик саъвадек бўлиб қолади. Ўша вақтда Аршни Аллоҳнинг азаматидан бошқа ҳеч нарса кўтармайди», дедилар».

24. ва у ғайбни яширмайди ҳам.

Пайғамбар Муҳаммад (алайҳиссалом) ғайбий ваҳийларни одамлардан яширмайди ҳам, чунки у бахил эмасдир. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) қўли очиқлилик, мурувватлилик, сахийлик бобида нафақат Қурайш қабиласида, балки бутун Макка шаҳрида тенгсиз эдилар. Камбағал бўлишларига қарамай, бу Зотнинг бахиллик қилганларини ҳеч ким кўрмаган. Оддий нарсаларда бахиллик қилмаган Зот Аллоҳ таолонинг ваҳийларини саҳобаларига етказишда бирор жойини яшириб қолармидилар?! Ваҳоланки, у Зот Парвардигорларининг бу ҳақдаги мана бу ваъдасини яхши биладилар-ку: «Агар у Биз айтмаган сўзни тўқиганида, албатта, уни ўнг қўлидан тутардик ва кейин жонтомирини кесиб ташлардик» (Ал-Ҳааққо, 44-46).

25. Ва бу тошбўрон қилинган шайтон сўзи эмасдир.

Ва Қуръони Карим оятлари Аллоҳ таоло ҳузуридан қувилган, тошбўрон қилинган, лаънатланган шайтоннинг сўзи ҳам эмасдир. Аллоҳ таоло ҳузуридан келган ваҳийларни етказмоқчи бўлганларида Макка мушриклари Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни «ўзи коҳин, сеҳргар, унинг гаплари ҳам шайтоний гаплардир», дея туҳмат қилишган эди. Аллоҳ таоло ушбу ояти билан Ўз Каломи ва Пайғамбарини мушриклар туҳматидан ҳимоя қиляпти.

26. Қаёққа кетмоқдасиз?

Ҳой инсонлар, эй мушриклар, қаёққа қараб кетяпсизлар? Қуръонни ёлғонга, соҳибингиз Муҳаммадни мажнунга чиқариб, ҳидоят йўлини тарк этиб, қаерга ҳам қочиб бора олардингиз? Ўзларингиздан олдин ўтган қавмлар қиссасидан нега ибрат олмайсизлар? Улар устига келган бало-мусибатлар бошларингизга тушмай туриб, нега кўз очмайсизлар? Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига бўлган ишончингиз шуми?

27. Бу оламларга фақат эслатмадир;

Аллоҳ таоло сизларни жаҳолатда қолдиргани йўқ, нажот топишингиз учун йўлларни беркитгани йўқ, ўз ҳолингизга ташлаб қўйгани ҳам йўқ! Ҳақгўй, омонатдор элчиси орқали сизларга ва бутун оламларга эслатма, ҳақ йўлни топишда дастур бўлиши учун Қуръони Карим сураларини юборди. Сизлар ундан эслатма олишингиз, унинг ҳукмларига бўйсуниб яшашингиз, унинг ёрдамида хатоларингизни тузатишингиз лозим. Шундагина дунё ҳаётида солиҳ амаллар билан охиратингизни безайсиз ва   алал-оқибат икки дунё саодатини қўлга киритасиз.

28. тўғри йўлдан боришни истовчиларгадир.

Бизнинг бу эслатмамиз тўғри йўлдан боришни, ҳидоятга эришишни, маърифатга эришишни истовчи тақволи кишиларгадир. Инсон «фақат ҳақиқат узра бўламан», деб даъво қилса, тўғри йўлда бўлишни истаса, у Қуръонга, уни ўргатган Пайғамбарга (алайҳиссалом) эргашиши, Макка мушриклариники каби эмас, Аллоҳга холис иймон келтириши, шу йўлда қатъий туриши керак бўлади. Энг тўғри йўл ҳам, нажот йўли ҳам шудир! Шундагина Қуръон уларга эслатма бўлади.

29. Сизлар оламлар Парвардигори хоҳласагина, буни хоҳлай оласизлар.

Тўғри йўлга йўллаш ҳам, залолат йўлига буриб юбориш ҳам Аллоҳ таолонинг иродасига боғлиқ. У хоҳлаган кишисини ҳидоятга бошлайди, хоҳлаганини ҳақ йўлдан четлатиб юборади. Аллоҳ таоло хоҳласагина, тўғри йўлга юра оласизлар. Салмон ибн Мусо айтади: «Бу оламларга эслатмадан бошқаси эмас, тўғри йўлдан боришни истовчиларга» ояти нозил бўлганида одамлар: «Бу бизнинг ишимиз6 хоҳласак, тўғри йўлда бўламиз  – хоҳламасак, тўғри йўлда бўлмаймиз» дейишди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур оятни туширди» («Асбабун-нузул», 391-бет).