A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
082. Инфитор (ёрилиш) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 19 оятдан иборат

«Инфитор» луғатда «ёрилиш» маъносини билдиради. Сура қиёмат куни осмон ёрилиб, очилиб қолиши ҳақидаги оят билан бошлангани учун шундай ном олган. Сура қиёмат кунининг даҳшатли манзараларини тасвирлаш билан бошланади ва инсонга хитоб қилиниб, уни йўқдан бор қилган ва унга шундай гўзал сурат бериб қўйган Парвардигорига ибодат қилишдан уни нима тўсиб тургани сўралади. Сўнгра жазо куни ҳақ экани айтилиб, ҳар бир кишининг қилган амалини ёзиб турадиган улуғ фаришталар бирон ишни қолдирмасдан номаи аъмол саҳифаларини тўлдириб боришлари яна бир марта уқтириб ўтилади. Сура ниҳоясида жазо куни қандай кун эканини ёлғиз Аллоҳдан ўзга ҳеч ким била олмаслиги ва у кунда барча ҳукм ёлғиз Аллоҳ таолодан бўлиши хабари берилади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Осмон ёрилганида;

Ушбу сура ҳам олдингилари каби қиёмат кунининг даҳшатли кўринишларини баён қилиш билан бошланади. Ўша куни миллиард йиллар мобайнида тепадан тушувчи турли зарарли нарсалардан Ер юзини ҳимоялаб турган осмон ҳам ёрилиб, қиёмат куни ларзасида дош беролмай қолади.

2. юлдузлар тўкилганида;

Ўша куни осмон ёрилгач, самода белгиланган жойда, белгиланган вазифада, муайян масофа ва тезликда учиб юрган юлдузлар ҳам бошқа осмон жисмлари каби тўкилиб-сочилиб кетади. Юқоридаги икки оятда қиёмат куни кўкда содир бўладиган воқеалар зикри келган эди, қуйидаги оятларда ўша куни Ер юзида бўладиган ҳолатлар баён этилади.

3. денгизлар тошганида;

Қиёмат қоим бўлганида бир-биридан узоқда бўлган, ўрталарида қуруқликдан иборат тўсиқ-тўғонлар бўлган денгиз-дарёлар тошиб, чучук ва шўр сувлари бир-бирига қўшилиб-аралашиб кетади.

4. қабрлар ағдар-тўнтар бўлганида;

Ўша Кунда қабрлар ҳам очилиб, ағдар-тўнтар бўлиб кетади. Муфассирлар бу оятни икки хил тафсир қилишган: барча руҳлар ўз жасадларига кириб, инсонлар қайта тирилади; ёки Ер ўз ўқидан силжиб, ичидаги ҳамма нарсани ташқарига чиқариб ташлайди. Бу икки ҳолат ҳам бошқа оятлар каби қиёмат куни кўринишларидан хабар беради. Мўмин киши, гарчи бу ҳолатларга гувоҳ бўлмаган эса-да, Қуръони карим хабарига кўра у кунга ҳеч шаксиз ишонади ва бунга тайёргарлигини кўради. Куфр ва ширк эгалари эса, буларга ишонмагани учун ғафлатда қолиб, афсус-надоматлар чекади. Кофирлар хоҳ ишонсин, хоҳ ишонмасин, ушбу воқеалар албатта содир бўлади. Чунки Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи ҳақдир, ваъдаси ҳақдир!

5. ҳар бир жон нимани қилдию нимани қилолмаганини билади.

Қиёмат куни келганида ҳар бир жон эгаси, яъни инсон дунё ҳаётида қандай солиҳ, яхши ишларни қила олди, нималарни қилишга улгурмади, қандай гуноҳ-жиноятларга йўл қўйди, ҳаммасини яхши билади. Чунки ҳамиша ва ҳар ерда нозир котиб фаришталар уларнинг номаи аъмолларига ҳеч нарсани қолдирмай битиб қўйган. Ҳар бир жон қилган амалларига кўра мукофот ёки жазо олади, бунда Аллоҳ таоло бирор инсонга зулм, адолатсизлик қилинишига йўл қўймайди. Чунки Унинг мана бундай ваъдаси бор: «Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланади. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмайди» (Ғофир, 17).

6. Эй инсон, карамли Парвардигоринг хусусида нима сени ғурурга кетказди?

Эй ношукр инсон, ўта карамли, марҳаматли, меҳрибон Парвардигорингни танишдан нима сени алдаб қўйди, бу борада нималар сени ғурурга, туғёнга кетказди? Муфассирлар бу ояти карим Макка мушрикларининг таниқлиларидан Валид ибн Муғийра ҳақида нозил бўлганини зикр этишади. Лекин бу барча куфр эгаларига тегишлидир. Бундайларда куфр иллати шу даражада кучлики, қалбларига ўрнашиб олганидан кейин ширк, нифоқ, ҳасад, ёлғон, хусумат каби бошқа иллатларни ҳам ўзига чақиради. Ривоятда келтирилган Валид ибн Муғийра ва унга ўхшаган бошқа мушриклар қалби ана шундай зарарли иллатларга тўлиб кетгани учун Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр қилмай, унинг ҳидояти ва мукофотидан бебаҳра, насибасиз қолди.

7. У сени яратди, сўнг мукаммал ва мутаносиб қилди.

Эй инсон, нега ўзингнинг қандай яратилганингга қарамайсан, бундан ибратланмайсан? Аллоҳ таоло сени ҳар жиҳатдан мукаммал, тўрт мучангни соғ, онгли, ақлли қилиб, тана аъзоларингни мутаносиб, уйғун этиб яратиб қўйибди. Нега бунинг шукрини қилмайсан, Аллоҳнинг ҳақ йўлига юрмайсан, Парвардигоринг зикрини қилмайсан? Бу ғофиллик, бу нодонлик, бу расволик, бу калтабинликнинг чегараси, поёни, охири борми?

8. Ўзи хоҳлаган суратда сени яратди.

Аллоҳ таоло инсонларни Ўзи хоҳлаган кўринишда, суратда яратди. Инсондаги бу гўзал хилқат, бу ажиб юз, хушбичим қомат, кўркам қош-кўзлар, мутаносиб қўл-оёқлар, бир нафас ҳам ором олмай, тўхтовсиз ва беминнат ишлайдиган ички аъзолар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ! Минглаб мўйқалам усталари ўхшатиб чизолмаган, минглаб шоирлар таърифини келтиролмаган инсон аъзоларининг ягона яратувчиси Аллоҳ таолодир! Оддийгина бир мисол: Яратганнинг ҳикмати ва санъатини қарангки, инсон вужудига юз триллион  дона ҳужайрани жойлаб қўйибди. Энг ҳайратланарлиси, ана шу ҳужайраларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа белгилаб берилган, уларнинг ядросига ДНК молекулалари жойлаб қўйилган. Яна бир ҳайратга солувчи далилга эътибор беринг, ана шу молекулаларнинг ҳар бири бир миллион саҳифага жой бўладиган ахборотни ўзига жойлаган. Улар инсон танасидаги модда алмашинуви ва бошқа ҳаётий жараёнларнинг амалга ошуви учун масъулдир. Ақл бовар қилмайдиган бундай мукаммал тизимни Аллоҳ таолодан ўзга ким ҳам ярата оларди?!

9. Йўқ, балки қиёматни ёлғон дерсиз?

Эй инсонлар, Аллоҳ таоло ўзларингизни қандай яратганига бефарқ ҳолда ношукрлик қилиб юрибсизлар, балки қиёмат кунини ҳам ёлғон дерсизлар? Инсон ҳамиша ношукр, ҳамиша исён қилади. Парвардигорининг шунча бебаҳо неъматларни, яхшиликларни ато этиб қўйгани учун шукр қилиш, Аллоҳга ҳамд айтиш, Унинг ваҳийларига бўйсуниш ўрнига қиёматни, охиратни, ўлгандан кейин қайта тирилишни, жаннат ва дўзахни ҳам ёлғонга чиқаради. Чунки инсонлар ўзлари хоҳламаган, ўзлари билмаган нарсаларга ҳамиша қарши чиқишади. Буни тан олишга эса, ғурурлари, кибрлари, нафслари йўл қўймайди.

10. Устингизда албатта улуғ посбонлар бўлур;

Ҳар бир инсон устида дунё ҳаётидаги қилган амалларини ёзиб борувчи ҳафаза (посбон) фаришталар бор. Уларнинг битиклари қиёмат куни эгасига кўрсатилади ва у қилган яхши-ёмон ишлари учун Аллоҳнинг мукофоти ё жазосига лойиқ кўрилади. Инсонлар посбон фаришталар ёзуви туфайли Аллоҳ таолонинг яхши-ёмон жазосидан ҳеч қаерга қочишолмайди.

11. улар ёзувчи муҳтарам фаришталардир;

Аллоҳ ҳузурида ҳурматланган улуғ посбон фаришталар банданинг ҳеч бир ишини қолдирмай, номаи аъмолларига ёзиб боришади. Аллоҳ таоло айтади: «Парвардигорингиз номига қасамки, албатта уларнинг барчасидан қилиб ўтган иш-амаллари ҳақида сўраймиз» (Ҳижр, 92-93).

12. улар нима қилаётганингизни билишади.

Устингиздаги посбон фаришталар, карамли котиблар сизларнинг ҳар бир қилган ишингиздан хабардор, майда-чуйда нарсаларгача қолдирмай амалномаларга битиб қўяди. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга эдик. Бир пайт у зтот жилмайгандай бўлдилар ва дафъатан: «Биласизларми, нега кулдим?» деб сўрадилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчи», дедик. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Банданинг ўз Парвардигори билан бўлаётган суҳбати мени кулдирди. Банда: «Эй Парвардигорим, мени зулмдан қайтармадингми?» дейди. «Қайтардим», дейди Аллоҳ таоло. Шунда банда: «Раббим, нафсимга ўзим томондан бир гувоҳ бўлсин», дея сўради. «Нафсинг бугун сени ҳисоб-китоб қилишга, «кироман-котибин» (амалларингни ёзиб борувчи фаришталар) гувоҳликка кифоядир», деди Аллоҳ таоло» (Имом Муслим ривояти).

13. Яхшилар албатта жаннатдадир;

Котиб фаришталарнинг ёзганларига мувофиқ Аллоҳ таоло яхши инсонларни, тақволи мўминларни жаннатга киритади. Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор: «Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар – Биз ҳеч кимга тоқатидан ортиқ юк қўймаймиз – ана шулар жаннтийлардир ва у ерда абадий қолишади. Улар дилидан гина-ғашликларни тортиб оламиз, остларидан анҳорлар оқиб туради ва улар: "Бизларни бу ерга етказган Аллоҳга мақтовлар бўлсин, Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ўзимиз ҳаргиз йўл топа олмасдик, Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни олиб келишган", дейишади. Уларга: "Амалларингиз учун сизлар мерос қилиб олган жаннат мана шу!", дейилади» (Аъроф, 42-43).

14. фожирлар эса албатта дўзахдадир;

Аллоҳ таолога осийлик, итоатсизлик қилган фожир, гунҳокор кимсаларнинг борар жойи албатта дўзахдир. Чунки улар Қуръони карим оятлари орқали бундай огоҳлантирилган эдилар: «(Улар) қизиган дўзахга киради. Қайнаб турган булоқлардан суғорилади» (Ғошия, 4-5).

15. қиёматда унга киришади;

Қиёмат куни фожир, жинояткор кимсалар албатта дўзахдан ўзларига жой топишади. Уларнинг жаҳаннамга киришлари муқаррардир.

16. ундан қоча олишмайди.

Ўша куни Аллоҳ таолонинг қаттиқ азобидан ҳеч ким ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди. Анас ибн Моликдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Аллоҳ сизларга тарғиб этган нарсаларга рағбат қилинг. Аллоҳ сизларни қўрқитган нарсанинг азобидан, жазосидан, жаҳаннамдан сақланинг. Агар сиз яшаётган бу дунёга жаннатдан бир парча тушса, ҳаётингиз ниҳоятда гўзал ва кўркам бўлиб кетарди. Агар унга дўзахдан бир парча тушса, бутун ҳаётингиз булғанган бўларди» (Байҳақий ривояти).

17. Қиёмат кунини сенга нима билдирди?

Яъни, эй инсон, қиёмат кунининг нақадар даҳшатли, нақадар изтиробли эканини биласанми? Имом Ғаззолий бундай дейдилар: «У шундай кунки, киши ўз оға-инисидан, ота-онасидан, хотинию бола-чақасидан қочади. У кунда на гапирилади, на тингланади. Мол-дунё ҳам, бола-чақа ҳам фойда бермайди, Золимларнинг узри ўтмайди, уларни фақат лаънат ва ёмон оқибат кутади. У кунда кўзлар қўрқувдан қотиб қолади, овозлар ўчади, пинҳон сирлар ошкор бўлади. У кун бандалар Маҳшаргоҳга ҳайдалади, ёш болалар қариб кетади, кексалар ҳушидан айрилади. Ўша куни тарозилар қурилади, дафтарлар очилади. У кунда жаҳаннам кўринади, қайнайди, бўкиради, олов сачратиб ёнади. Кофирлар ноумид бўлади, тиллар гунг-соқовга айланади, қўл-оёқлар гапиради» («Иҳёу улумид-дин», «Ўлимдан сўнг» китоби, 26-бет).

18. Яна Қиёмат кунини сенга нима билдирди?

Эй инсон, қиёмат кунининг нималигини билганингда эди, бу кун келишидан қўрққан, гуноҳ ва ёмон ишларни қилмаган, охиратга тайёргарлик кўрган бўлардинг. Афсуски, бундай бўлмади. Аллоҳ таоло Ўз элчиларининг саййидини жўнатди, у зотга очиқ-равшан Китобини нозил қилди, қиёматнинг даҳшатларидан хабар берди, унинг ҳақ экани ва тезда келишидан огоҳлантирди. Афсуски, сен бундай огоҳлантириш, эслатмаларга қулоқ солмадинг, эшитмаслик учун қулоқларингга бармоқларингни тиқиб олдинг. Қиёматда гувоҳ бўлиб қолмасин, деган ёвуз ниятда Аллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбарини ёлғончига, мажнунга, сеҳргарга чиқардинг. Унга ишонмадинг ва эргашмадинг. Эвоҳ, энди ҳолингга вой бўлсин!

19. У кунда ҳеч бир жон бошқа жонга ҳеч нарса қилолмайди, у кунда ҳаммаси Аллоҳнинг ҳукмида бўлур!

Қиёмат куни келганида энди ҳеч ким ҳатто меҳрибон ота-онаси, суюмли хотини, кўзининг оқу қораси бўлмиш фарзандлари, қадрли ака-укалари ва энг яқин дўстлари бўлсин, бошқа бировга ҳеч нарсада ёрдам беролмайди, жонига оро киролмайди, Аллоҳ азза ва жалланинг муқаррар азобидан қутқариб қололмайди. У кунда ҳамма нарса Аллоҳ таолонинг ҳукмида, ихтиёрида бўлади. Булар ҳақида Қуръони карим инсонларни кўп марта қаттиқ огоҳлантирган эди: «Биров бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар» (Бақара, 48); «(У кунда) бирон дўст дўстидан ҳол сўрамайди» (Маориж, 10); «У кунда дўст дўстга бирон нарсада асқотмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди» (Духон, 41).