A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
086. Ториқ (зуҳал) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 17 оятдан иборат

Сура номи унинг биринчи оятидаги «ториқ» сўзидан олинган, луғатда «тунги йўлчи, яъни юлдуз» маъносини билдиради. Бу сурада ҳар бир инсоннинг қилган амаллари махсус фаришталар томонидан мунтазам ёзиб борилиши; қиёмат кунида жамики халойиқ қайта тирилиши ҳақ экани; Қуръони каримнинг ҳақ билан ботилни ажратувчи Сўз экани ва Аллоҳ таоло буюрган динга қарши турли ҳийла-найранглар кўчасига кирган кимсалар бироз муҳлатдан сўнг ўз қилмишларига яраша жазо олишлари муқаррарлиги ҳақидаги мавзулар атрофида сўз боради.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Осмонга қасам, «ториқ»қа қасам.

Аллоҳ таоло бандалар эътиборини қаратиш, айтилаётган сўзнинг муҳимлигини таъкидлаш учун Ўзи яратган турли нарсалар номига қасам, дейди. Ушбу сурада У «осмонга қасам, «ториқ»қа қасам», демоқда. «Ториқ»ни муфассирлар турлича таржима қилишган: айримлари «учар юлдуз», баъзилари «ёрқин, порлоқ юлдуз», бошқалари «Зуҳал», яна бирлари «кечаси келувчи» деб ўгиришган. Баъзи тафсирларда «ториқ» Зуҳра (Венера) ёки Сурайё юлдузидир, дейилган. Парвардигор Ўзи яратган махлуқлари ва нарсаларининг ҳикматини, сифатини, моҳиятини фақат Ўзи билади. Шунинг учун ҳатто Ўзи танлаб олган, оламларга раҳмат ўлароқ юборган сўнгги Пайғамбари ҳам бунинг нималигини билмаслигини баён этяпти.

2. (Эй Муҳаммад), «ториқ»нинг нималигини қаердан билардингиз?

Яъни, эй суюкли Пайғамбарим, Мен билдирмасам, ториқ нималигини ҳам, бошқа яратган нарсаларимнинг нималигини ҳам қаердан била олардингиз? Аллоҳ таоло ушбу ояти орқали Ўз Пайғамбарини билмасликда айблаётгани йўқ, балки бу орқали инсон тафаккури Парвардигорнинг буюк яратувчилик ҳикмати олдида ниҳоятда ожиз ва ғариблигини, куфр эгалари ҳамиша ўз ақллари, ўй-фикрларига суяниб, Аллоҳ азза ва жалланинг қудрати ва ҳикматини англашдан ожиз қолишларини баён этмоқда. Қуръони карим огоҳлантиряптики, инсоннинг ақли ва тафаккури шунчалик чекланган экан, у бемаъни хаёллар, кераксиз сафсаталарга ўралашмай, ўзининг ниҳоятда ожиз эканини ҳис этсин, буюк қудрат эгаси ва тенгсиз яратувчи Аллоҳ таолонинг Ўзига қайтсин, нажотни фақат Ундан кутсин.

3. Бу учар юлдуздир.

Ушбу оят Пайғамбаримизга амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлган. У Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нон ва сут келтирди. Улар ўтиришганида бирдан бир юлдуз пастга учди. Шунда ердаги нарсалар ёниб кетди. Абу Толиб қўрқиб кетиб: «Бу қандай ҳодиса?» дея сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу отилган юлдуздир, Аллоҳ таолонинг мўъжизаларидан биридир», дедилар. Бундан Абу Толиб таажжубланди. Шунда Аллоҳ таолонинг ушбу ояти нозил бўлди.

4. Ҳар бир жон тепасида ҳимоячиси бордир.

Ҳар бир инсон ва жин устида уни турли бало-офатлардан ва ёмонликлардан қайтариб, ҳимоя қилиб турувчи фаришталар (ҳафаза фаришталари) бор. Бу ҳақда Инфитор сурасининг 10-12 оятлари изоҳида батафсил сўз юритилган. Бу фаришталар инсоннинг ҳар бир ҳаракати, яхши-ёмон амаллари, айтган сўзларигача қолдирмай ёзиб боришади. Банда охиратда ана шу ёзувларга биноан ҳисоб-китоб қилинади. Яна бир нарсани яхши тушуниб олишимиз керак. Аслида барча махлуқотларнинг ягона асровчиси, ҳимоя қилувчиси Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Фаришталарнинг муҳофаза қилиши ҳам Парвардигорнинг асрашидир. Чунки бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳ азза ва жалланинг иродаси, амрига кўра бўлади. Абу Умомадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Мўминга бир юз олтмиш фаришта муаккил (вакил) қилинган. Улар имконсиз нарсалардан уни ҳимоя қилиб туришади. Шундан етти фаришта идишдаги асални пашшадан ҳимоя қилгандек, унинг тилини асрашади. Агар банда кўз-очиб юмгунчалик вақтга ўз ҳолига ташлаб қўйилса, уни шайтонлар васавасага солишади», деганлар».

5. Инсон нимадан яратилганига боқсин:

Ғурурга кетаётган, кибрга бораётган ва булар орқасидан Аллоҳ таоло амр-фармонларини инкор этаётган инсон олдин ўзининг ким эканига, нимадан яралганига бир қарасин, эътибор берсин, мулоҳаза юритиб кўрсин. Ана шунда ҳамма нарса ойдинлашади, у ўзининг асл Яратувчиси, Хожаси, Тарбиякунандаси ким эканини англаб етади.

6. отилиб чиқувчи «сув»дан яралган;

Ана шу исёнкор инсон бор-йўғи ҳатто ўзи ҳам жирканадиган бир томчи ҳақир сувдан яралган. Мутахассислар инсон жисмини ўрганиш жараёнида ҳомиланинг эркак орқа гарданида пайдо бўлиб, умуртқа орқали тухумдонига қуйиладиган «сув»нинг аёлнинг икки кўкраги орасидан чиққан «сув» билан аралашувидан пайдо бўлишини аниқлашган.

7. умуртқа ва кўкрак орасидан чиққан.

Оятдаги «сулб» сўзи эркак манийи пайдо бўладиган жой, яъни орқа мияни ва у юрадиган умуртқа йўлини, «тароиб» эса аёл кўкрагининг кўтарилган жойи маъносини билдиради. Ана шу икки ердан чиққан «сувлар», яъни эркак ва аёл сувининг аралашувидан ҳомила юзага келади. Бу аралашма аёл бачадонида бир муддат тургач, Аллоҳ таолонинг иродаси билан у аста-секин ҳомилага айланади. Маълум муддатдан кейин жонсиз ҳомилага Аллоҳ таоло ҳузуридаги руҳдан киритилиб, болага жон бағишланади. Ҳомилашунос мутахассислар ҳомиланинг ривожланиш босқичларини тадқиқ қилиб, ҳайратланарли далилларга дуч келишган. Она бачадонидаги жонсиз бир парча лахта қон Яратганнинг ҳикмати ва иродаси билан кун сайин инсон шаклини ола бошлайди. Секин-аста у гўштга айланади, суяклар ва тўқималар пайдо бўлади, қўл-оёқлар, бош ўз шаклини олади, каллада кўз, оғиз, қулоқлар пайдо бўлади. Ота ва она ҳам, бошқалар ҳам бу жараёнга мутлақо аралашишмайди, ўзгартириш кирита олишмайди. Буларнинг ҳаммаси Буюк Холиқимиз Аллоҳ азза ва жалланинг яратиш ҳикматига боғлиқ. Икримадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда зикр этилишича, юқоридаги оятлар Абул Ашъад ибн Калада Жумаҳий исмли шахс ҳақида тушган. У ниҳоятда кучли бўлиб, ҳамиша кучи билан фахрланар, бу эса уни ҳақ йўлдан адаштирган эди. Бир куни у бир тепа устига чиқиб: «Эй Қурайш жамоаси, мени бу ердан ким тушира олади? Албатта, Муҳаммад жаҳаннам қўриқчиларини ўн тўққизта деб ўйлаяпти, бир ўзим уларнинг ўнтасидан сизларни қутқараман, сизлар тўққизтасини даф қилинглар» (шунда уларни енгиб, дўзахдан қутуламиз ва жаннатга кирамиз), деб масхара қила бошлади» (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

8. Аллоҳ албатта қайта тирилтиришга қодир;

Эркакнинг бир жойидан, аёлнинг бошқа жойидан ҳеч кўзга кўринмай пайдо бўлган икки хил сув аралашмасидан ҳомилани яратган, унга жон ато этган, эсон-омон дунёга келтирган, камолга етказган, унга ризқ берган ва бир куни ажали етгач яна ўлдирган Аллоҳ таоло қиёматда уни қайтадан тирилтиришга қодир бўлмасмиди! Аллоҳ албатта қайта тирилтиришга қодир. Фақат Аллоҳга ишонмайдиган, Унинг оят-далилларини, мўъжизаларини тан олмай ёлғонга чиқараётган, бу билан ўзини икки дунё саодатидан мосуво этаётган кимсаларгина бу буюк ҳақиқатни тан олгилари келмай юрибди. Бундан ҳам ортиқ гумроҳлик, калтабинлик, жоҳиллик бўладими?!

9. сирлар фош бўладиган Кунда.

«Сирлар фош бўладиган кун» қиёматдир. Ҳақиқатан инсон дунё ҳаётида жуда кўп сирларини, қилмишларини бошқа одамлардан яшира олади, баъзи сирлар умуман очилмай ҳам қолиб кетади. Аммо қиёмат куни келганида ҳамма сирлар фош бўлади, бандаларнинг номаи аъмолларига фаришталар томонидан қолдирмай ёзиб борилган барча амаллари бирма-бир тарозига тушади, банда ана шунга кўра ҳисоб-китоб қилинади. Дунёда бирор сирни ҳам, ҳатто миядан ўтган ўй-хаёлларни ҳам Аллоҳдан яшириб бўлмаганидек, охиратда ҳам бирор сир-асрор Парвардигордан махфий қолмайди.

10. Ўшанда инсонда на қувват, на бир ёрдамчи бўлади.

Қиёмат куни инсонлар ожиз, нотавон ҳолда ва қўрқув-даҳшат ичра Парвардигорларига рўпара бўлишади. Дунё ҳаётига қилинган ҳар бир яхши ёки ёмон иш учун, ҳатто оғиздан чиққан бир калима сўз учун ҳисоб-китоб қилинадиган, энг пинҳона сирлар очиладиган, ҳеч кимга заррача зулм қилинмайдиган қиёмат куни инсонни Аллоҳ таолонинг азоб-жазосидан қутқариб қоладиган на бирор куч-қувват, на бир ёрдамчи бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «У кунда дўст дўстга асқотмайди ва уларга ёрдам ҳам берилмайди» (Духон, 41).

11. Ёмғирли осмонга қасам;

Ушбу ояти каримадан бошлаб Аллоҳ таоло ўта муҳим хабарга инсонлар диққат-эътиборини тортиш учун икки улуғ нарсага қасам, демоқда. Булардан бири ёмғирли осмонга қасамдир. Оятдаги «затир-рожъи» бирор нарсани асл жойига қайтариш маъносини билдиради. Бу ерда ирода қилинган нарса ёмғир-ёғин бўлиб, у осмондан асл ёғар жойи Ерга қайтади. Муфассирлар бунда инсон вафот этганидан кейин яна асл жойига қайтишига ишора бор, дейишади.

12. ёрилувчи Ерга қасам.

Яна Аллоҳ азза ва жалла ёрилувчи ерга қасам, демоқда. Оятдаги «затис-содъи»дан (ёрилувчидан) мурод набототдир. Зеро, Аллоҳ таоло Ўзи яратган Ерни ёриб, ундан турли экин-дарахтларни, ўсимликларни, чашма-булоқларни, турли бойлик-хазиналарни чиқаради. Бир куни келиб, бу ўсимлик-дарахтлар қурийди, ерга қўшилиб кетади, баҳор фасли келганида эса Парвардигор иродаси билан қайта жонланади, ўсиб чиқади. Бунда ўлгандан кейин қайта тирилишга ишора бор. Саҳиҳ ҳадисда айтилишича, инсонлар қиёмат куни «ажабуз-занаб», яъни, умуртқанинг энг охиридаги кичкинагина қаттиқ бўлаги-уруғдан қайта «униб» чиқишади, яъни тирилишади (Инсоннинг код тилсими шу ерда бўлар экан).

13. Ҳақиқатан бу ажрим қилувчи Сўздир;

Ҳақиқатан Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом орқали нозил қилган Қуръони карим Ҳақ ва ботилни, ҳалол ва ҳаромни, яхши ва ёмонни ажратиб, ажрим қилиб берувчи илоҳий Сўздир, улуғ Китобдир.

14. ва у ҳазил эмасдир.

Қуръони карим оятлари мушрик ва мунофиқ кимсалар даъво қилаётганидай ҳазил-мазах ҳам эмас, сеҳргарнинг сўзлари ёки шоир назмлари ҳам эмас, балки у ўта жиддий, барча нарсалари мутлоқ ҳақиқат  бўлган илоҳий каломдир. Али ибн Абу Толибдан (каррамаллоҳу важҳаҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганларини эшитганман: «Аллоҳ таборака ва таолонинг Китоби (бирдан-бир) нажотдир. Унда сизлардан олдингилар ва кейингиларнинг хабарлари бордир. У ўртангизда ҳукм чиқаради. У (ҳақ ва ботил ўртасини) ажратувчидир, ҳазил эмасдир. Уни тарк этган Аллоҳ ҳалокатга учратган золимдир. Ундан бошқасини йўл қилиб олганни Аллоҳ адаштиргандир. У Аллоҳнинг мустаҳкам арқонидир, очиқ-ойдин нуридир. У ҳикматга тўла Эслатмадир. У тўғри йўлдир. У туфайли нафслар (бошқа нарсага) мойил бўлмайди. Тиллар у сабабли адашмайди. У билан фикрлар тарқоқ бўлмайди. Унга уламолар тўйишмайди, тақводорлар ундан малолланмайди. У вақт-замон туфайли эскирмайди, ажойиботлари асло тугамайди. Уни жинлар эшитишганида: «Албатта бизлар ажойиб Қуръонни эшитдик, у тўғри йўлга чорлайди», дейишдан тўхташмади. Унинг илмини билган ҳаммадан пешқадам бўлибди. У билан гапирган тўғри сўзлабди. У билан ҳукм чиқарган адолат қилибди. Унга амал қилган мукофотланибди. Унга даъват қилган тўғри йўлга чорлабди» (Имом Термизий, Доримий ривояти).

15. Улар макр-ҳийла қилишади.

Аллоҳ таолонинг каломини инкор этиб, ёлғонга чиқарувчилар қанчалик ҳийла қилишмасин, макр-фитналар ўйлаб топишмасин, барибир ҳеч нарсага эриша олмайдилар, чунки қўлларидан ҳеч нарса келмайди. Ҳалигача Ер юзида ҳам, осмонларда ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақиқат нурини тўса оладиган ёки ўчиришга қодир бирор куч-қувват, ҳеч бир зот бўлмаган, бўлмайди ҳам.

16. Ва Мен ҳам бунинг тадбирини кўраман.

Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳақ Китоби Қуръони каримни қиёматгача инсонларга ва жинларга илоҳий дастур, йўлбошчи ўлароқ туширган экан, уни қиёматгача турли макр-ҳийлалардан, бузиш ва ўзгартиришлардан асраш ваъдасини ҳам берган. Бу оятда мақсад Аллоҳ таолонинг макр қилиши эмас, чунки Аллоҳ таолонинг макр қилишга эҳтиёжи йўқ. Бу орқали Аллоҳ таоло макру ҳийла қилаётган куфр эгаларини тез кунда жазолаши ҳақида суюмли Пайғамбарини воқиф қилиб, у зотга таскин-тасалли бераётир.

17. (Эй Муҳаммад), уларга муҳлат беринг, бир оз муҳлат беринг.

Ушбу ояти карима билан Аллоҳ азза ва жалла Ўз элчиси ва оламлар Сарварига (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тез орада Ўзи тарафидан катта нусрат-зафар юбориши ваъдасини беряпти. Эй Пайғамбарим, улар етказаётган азоб-таҳқирларга бироз сабр қилинг, уларга озгина муҳлат беринг. Майли, улар сиз етказаётган оятларимизни инкор этишсин, ёлғонга чиқаришсин, сизни турли туҳматлар билан айблашсин. Буларнинг ҳаммаси вақтинчалик ишлар. Куфри ва зулми билан ўзини ҳалокатга тайёрлаётган бу бахтсиз ва золим кимсаларни охиратда даҳшатли қийноқ-азобларимиз, дўзахда мангу ёниш кулфати, ҳатто тасаввур қилиб бўлмайдиган хўрлик-жазолар кутиб турибди. Ислом динини масхара қилаётганлар, мусулмонларни хўрлаётганлар кўзларини каттароқ очишсин, инсоният тарихини ибрат назари билан ўқишсин. Барча замон ва маконларда бўлгани каби Макка мушриклари бошига ҳам Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азоби келиши аниқ! Золим ва жоҳил кимсалар бироз берилган муҳлатга алданишмасин, қўлларидаги бойлик ёки амал-мансабга қувонишмасин, куч-қудратларига маҳлиё бўлишмасин. Чунки булар жуда оз муддатга берилган ўткинчи нарсалардир. Олдинда уларни қаттиқ ҳисоб-китоб, аламли жазо, инсон боласи кўрмаган буюк азоблар кутиб турибди. чунки Аллоҳ таолонинг мана бундай ваъдаси бор: «Биз уларни (бу дунёда) озгина фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобга гирифтор қиламиз» (Луқмон, 24).