A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
087. Аъло (энг олий) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 19 оятдан иборат

«Аъло» луғатда «Энг олий зот» маъносини билдиради. Сура яна биринчи оятидаги сўз билан «Саббиҳ» деб ҳам номланади. Сура аввалида барча нарсадан олий ва юксак Зот – Аллоҳ таолонинг номини пок тутишга амр этилгани учун ҳам у шундай номланган. Сўнгра Ҳақ таоло Ўз пайғамбарига нозил қиладиган оятларини у кишининг қалбига асло ўчмайдиган қилиб муҳрлаб қўйиши ҳақида башорат беради. Бу сурада фақат Яратгандан қўрқадиган кишиларгина панд-насиҳатни қабул қилиб фойдаланишлари, аммо дўзахий бадбахтлар эса насиҳат эшитишдан қочиб, охиратларини барбод қилишлари баён этилади. Сура ниҳоясида ўзини пок тутиб, Парвардигорини ёд этиб, намоз-ибодатини канда қилмайдиган ҳар бир киши албатта нажот топиши хабари берилади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. (Эй Муҳаммад), энг олий Парвардигорингиз номини поклаб ёд этинг.

Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, эй суюкли Пайғамбарим, ҳамма нарсадан олий, устун бўлган, кибриё ва қудрати ҳеч бир зотда бўлмайдиган, борлиқдаги ҳамма нарсанинг ягона эгаси ва тарбиякунандаси Аллоҳ таоло номини ҳамиша поклаб зикр этинг, эсланг. Ана шу амрга кўра, мусулмонлар намозларида юзлаб марта сажда қилган вақтда «Субҳана Роббиял аъла» (Олий бўлган Парвардигорим покдир) дея Унинг номини поклашади. Абу Ҳайён айтади: «Поклаш исм устига тушади. Яъни, бу Зотни санам ёки бутга тенглашдан, улар номи билан аташдан покла. Шунда У Парвардигор ёки Илоҳ дейилади. Аллоҳ лафзи Ундан бошқасига ишлатилмайди». Поклашга, улуғлашга муносиб Ундан ўзга ҳеч бир зот йўқ. У барча сифатловчилар сифатлаганидан кўра олий, пок ва улуғдир. Уқба ибн Омир ал-Жуҳанийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Фасаббиҳ бисми Роббикал азийм» ояти (Воқеа, 96) нозил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизга «Уни рукуъларингизга қўйинглар (яъни, унда ўқинглар), дедилар. «Саббиҳисма  Роббикал аъла» ояти нозил бўлганида «Уни саждаларингизга қўйинглар», дедилар» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Ибн Можа ривояти).

2. У ҳамма нарсани мутаносиб яратган.

Ана шундан олий ва қудратли зот бўлмиш Аллоҳ азза ва жалла борлиқдаги ҳамма нарсани мутаносиб, уйғун, қатъий низом ва ўлчовлар билан яратган. Ҳар бир махлуқот учун ўзига салоҳиятли бўлган нарсани ўлчаб берган ва ҳар бир нарсага Ўзи йўл кўрсатган, манфаатли нарсани махлуқига билдириб ҳам қўйган. Унинг яратган нарсаларида заррача камчилик, нуқсон ёки номутаносиблик топа олмайсиз! Атрофингизга бир боқинг: янги туғилган чақалоқ дарров емиш излаб она кўкрагига талпинади. Буни чақалоққа ким ўргатиб қўйган? Тухумини ўзи тешиб, янги чиққан палапон дарров тумшуғини ерга уриб, озуқа излашга тушади. Буни унга ким ўргатган? Мушукка тезагини яширишни, ҳайвонларга боласини ҳимоя қилишни ва раҳм кўрсатишни, Ой, Қуёш ва сайёраларга бир чизиқ бўйлаб ҳаракатланишни, фасллар алмашинувини, зарур пайтда осмондан қор-ёмғир ёғдиришни, инсонларга қандай йўл билан ризқ излаш ва ҳаёт кечириш йўлларини, борингки, барча махлуқотнинг ҳаёт тарзини фақат Аллоҳ яратиб-белгилаб қўйган. У ҳар бир нарсанинг жинсини, навини, сифатларини, иш-ҳаракатини, сўзини, ҳаёт муҳлатини белгилади, ҳар бирини керакли ўрнига қўйди. Яратгандан кейин бу нарсаларни енгиллаштириб берди, махлуқотларини дин ва дунё ишларига илҳомлантирди.

3. У ҳамма нарсани тақсимлаб, йўллаган.

Аллоҳ таоло борлиқдаги ҳамма нарсани, ҳатто емиш, ризққача тақсимлаб, ўлчаб, аниқ ҳисоб-китобга солиб қўйган. У Ўзи яратган махлуқларини ризқ топиш, ҳаёт кечиришдаги манфаат ва йўлларга йўллаб ҳам қўйди. Золим фиръавннинг «Парвардигорингиз ким?» деган саволига Мусо алайҳиссаломнинг берган жавобини эсланг: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини ато этиб, сўнгра тўғри йўлга солиб қўйган Зотдир» (Тоҳа, 49). Абдуллоҳ ибн Амрдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта Аллоҳ осмонлару Ерни яратишдан эллик минг йил олдин махлуқотлари тақдирини белгилаб қўйган, ҳолбуки Унинг Арши сув узра эди», деганлар (Имом Муслим ривояти).

4. У яшил ўт-ўланни ўстирди;

Аллоҳ таоло инсонлар ва бошқа жонзотларни яратиш билангина кифояланмади, балки уларнинг ҳаёти учун зарур емиш манбаларини ҳам яратди. Ерда инсонлар учун турли мевали дарахтлар, дон ва бошқа экинлар, сабзавот ва полиз маҳсулотларини, уларнинг чорва ҳайвонлари учун ям-яшил ўтлоқлар, турли ўт-ўланларни ўстириб қўйди. Энди бир ўйлаб, фикр юритиб кўринг: агар Аллоҳ таоло осмондан сув (ёғин) туширмаганида бу экин-ўсимликлар ўсармиди? Ёки Қуёш нурларини сўндириб ёки кучайтириб қўйганида Ер юзида ҳаёт бўлармиди? Ерни унумсиз, экин ўсмайдиган қилиб қўйганида деҳқонларнинг қаттиқ меҳнати тариқча фойда берармиди? Яқинда телевидение орқали ибратли лавҳа кўрсатишди: Африқодаги бир мамлакатда анчадан буён очарчилик, қаҳатчилик ҳукм сураркан. Мухбирлар ерли аҳолига очарчиликдан қутулиш учун ҳеч бўлмаганда маккажўхори экиб, жон сақлашни тавсия этишганида бир қоратанли занжи: «Э, гапириш осон, ҳатто Оврупадан макка уруғи ҳам жўнатишди. Ўрмондаги дарахтларни кесиб-ёндириб ер очдик, қумини кетказиб, ҳосилдор ерни чиқардик, унга уруғни экдик, ишлов бердик, аммо бир қаричдан ортиқ кўтарилмади. Сабаби, осмондан бир томчиям ёмғир тушмади. Энди киндик қонимиз тўкилган ватанни ташлаб кетишга тўғри келяпти», деди. Бунда жаннатмакон ўлкада яшаб, Аллоҳ берган неъматларга шукрни унутиб қўйган кишилар учун катта ибрат бордир.

5. кейин эса сарғайган хашакка айлантирди.

Экин-ўсимликларни яшнатиб, кўкартириб қўйган Парвардигор маълум муддатдан кейин уларни сарғайтириб, қуп-қуруқ хас-хашакка айлантириб қўйишга ҳам қодир. Бунинг замирида ҳам Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик ҳикматига ишора бор. Ҳамма нарсани яратган Парвардигор уни йўқ қилиш, заволга кетказишга ҳам қодир. Худди шу каби Ўзи жон ато этган инсонни бир куни келиб жонини олишга, ўлганидан кейин яна қайтадан тирилтиришга ҳам қодир. У бу ишларига ҳеч кимни аралаштирмайди, ҳеч кимни шерик ҳам қилмайди. У ҳамма нарсадан олий, ўта қудратли, ягона яратувчидир, шунинг учун Уни ҳамиша поклаб ёд этинглар, эсга олинглар, зикр қилинглар.

6. Биз сизга ўқитамиз, уни эсдан чиқармайсиз;

Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), тез кунда Жаброил фаришта орқали сизга Қуръон ўқишни ўргатамиз ва ўқиган нарсаларингизни асло эсдан чиқармайдиган бўласиз. Жаброил алайҳиссалом Аллоҳ ҳузуридан Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръони карим оятларини олиб туша бошлаганларида Расули акрам оятнинг тугашини кутмай уни ёдлаб олишга уринардилар. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди. Ибн Аббосдан қилинган ривоятда келишича, шу оят нозил бўлганидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам умрлари охиригача Қуръонни умуман эсдан чиқармадилар. Бошқа сураларда ҳам бу ҳақда оятлар бор: «Сизга (Қуръон) ваҳийи тугамай туриб, қироат қилишга шошманг» (Тоҳа, 114); «(Эй Муҳаммад), уни тезроқ ёдлайман деб тилингизни қимирлатаверманг. Ҳақиқатда уни жамлаш ва ўқиб бериш Бизнинг зиммамизда» (Қиёмат, 16-17).

7. Аллоҳ хоҳлагани мустасно. У ошкорию махфийини албатта билади.

Эй Пайғамбарим, Аллоҳ таоло сизга нозил қилаётган Қуръони карим оятларини тезда ёдлаб оласиз ва ҳаргиз эсингиздан чиқармай, омонатни Ислом умматига етказасиз. Аллоҳ таоло эсдан чиқаришингизни ирода қилган оятлар бундан мустасно. Аллоҳ таолонинг Ўзи унуттирган оятларни эсдан чиқарсангиз, ҳеч қандай зарари йўқ. Аммо бундан Қуръондаги насх қилинган, яъни ҳукми амалдан қолган оятларни унутиш керак, деган хулоса чиқармаслик керак. Бундай оятларнинг амали бекор бўлса ҳам, қироати насх қилинмаган. Ҳеч кимнинг «Бу оят насх қилинган экан» деб ўқимай ташлаб кетишга ёки мусҳафдан чиқариб ташлашга ҳаққи йўқ, бундай қилган кофир бўлади, Аллоҳ асрасин! Аллоҳ азза ва жалла яна Пайғамбаримизга таъкидлаяптики, Парвардигорингиз бандалар қилган барча ошкора ёки махфий ишларни кўриб-билиб туради. У Зотга ҳатто инсонлар дилидан ўтаётган ё хаёлидан кечаётган ўй-фикрлар ҳам яхши маълум.

8. Сизга осонини муяссар қиламиз.

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали инсонларга етказяптики, ҳамма ишни Менгагина ҳавола этсангиз, Мендангина сўрасангиз, Менгагина сиғинсангиз, сизларни ишларнинг осонига йўллайман. Ҳақиқатан Аллоҳ таоло инсонларга фақат тоқатлари етадиган нарсаларнигина юклади, улардан қийинчилик, мушкулот ва машаққатларни кўтариб ташлади, бандаларига яхши ва манфаатли нарсалрнигина шариат қилиб берди. Бунга Қуръони каримнинг ушбу ояти далилдир: «Эй Парвардигоримиз, биздан илгари ўтганларнинг зиммасига ортган машаққатни бизнинг зиммамизга ортма! Эй Парвардигоримиз, тоқатимиз етмайдиган нарсани бизга юклама! Бизларни авф эт, гуноҳимизни кечир ҳамда бизларга раҳм қил!» (Бақара, 286).

9. Агар насиҳат кор келса, насиҳат қилинг.

Яъни, эй Пайғамбар, одамларга Қуръон оятлари билан мавъиза, насиҳат қилинг, уларни яхши йўлга бошланг, Аллоҳ юборган шариатга даоллат қилинг. Насиҳат фойда берадиганлар ҳам, унга қулоқ солмайдиган, инкор қиладиганлар ҳам бор. Сизнинг вазифангиз эса одамларга ваҳийларимизни етказиш, уларга амал қилишга ундаш, ҳаётларини Қуръони карим асосида қуришга чорлаш, холос. Ҳазрати Алидан (карраммаллоҳу важҳаҳу) ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Одамларга улар тушунадиган нарсаларни гапиринглар, акс ҳолда Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончига чиқарилишини биласизларми?» дедилар (Имом Бухорий ривояти). Ибн Касир айтади: «Мана шу оятга амал қилиб, айрим кишилар илм тарқатишда номуносиб одамларга илм ўргатишмайди».

10. Тақволилар қабул қилишади.

Яъни, эй Пайғамбар, сиз қилган ваъз-насиҳатларни одамлар ичидаги Аллоҳдан қўрқадиган-тақволилари яхши қабул қилишади. Қабул қилиб, ундаги буюрилган ишларни бажаришади, қайтарилганларидан четда бўлишади. Аллоҳдан қўрқмаганларга эса сизнинг панд-насиҳатларингиз асло кор қилмайди, чунки Парвардигор уларнинг қалбини муҳрлаб, кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўйган. Охиратни англашда одамлар уч хил бўлади: 1) қалби пок бўлгани ваъз-насиҳатларни иккиланмай қабул қилиб, айтилганларни қаттиқ ушлайди; 2) бу ҳақда бир қарорга келолмай иккиланади; 3) охиратга ишонмагани учун уни мутлоқ инкор қилади.

11. Бахтсизлар ундан қочади.

Инсонларнинг ана шундай бахтсизлари, яъни Аллоҳнинг дини, Китобини етказмоқчи бўлган Пайғамбарнинг ваъз-иршодларини назарга илмайди, эшитишга ҳам ҳафсала қилмайди, кибриғурури туфайли уларни ёлғонга чиқаришдан ҳам уялмайди. Бундай ўзига зулм қилувчи кимсаларни охиратда аянчли оқибат кутиб турибди.

12. Ўшалар улкан оловга киради.

Охиратга ишонмаган, Пайғамбарнинг  ҳам, олиму насиҳатчиларнинг ҳам гап-сўзларига қулоқ солмаган, ваъзларини эътиборга олмаган бахтсиз кимсалар катта оловга киради. Оятдаги «Нарол кубро» жумласи олови ниҳоятда катта дўзах, деган маънода. Инсон дунёда сачраган кичкина бир учқунга чидолмай дод-вой соладию, охиратда гуриллаб ёнган, иссиғига ҳеч қандай жонзот дош беролмайдиган дўзах оловига қандай чидайди? Энди дўзахнинг олови ниҳоятда баланд, улкан бўлса, унинг ҳоли не кечади?

13. Унда ўлмайди ҳам, яшамайди ҳам.

Бундайлар маълум муддат азобланиб, сўнг бошқалар каби яшаймиз, дея хомтама бўлмасин. У дўзахга тушгач ўлиб-ўлолмайди, яшаб яшолмайди. Яъни, у ўзининг ўта қайсарлиги, жоҳиллиги туфайли Аллоҳ ва Унинг Расулига куфр келтирди, гуноҳлардан тийилмади, Аллоҳ юборган диндан, китобдан юз ўгирди, ўзига насиҳат қилганларни масхаралаб, устидан кулди, ваъз-насиҳатларни эшитиб қолмаслик учун ўзини турли ўйин-кулги, бемаъни машғулотлар билан чалғитди. Насиҳат тингласа, юраги сиқилди. боши оғриди. Мана энди ўша қилмишларининг жазосини тортиш вақти келди. Қаршисида ловуллаб ёнаётган дўзах олови. Ундан қутулиш, бироз ортга суриш, жазони енгиллатиш имкони асло йўқ. Чунки Аллоҳ таоло амрига бўйсунган дўзах поспонлари пора олишмайди, таниш-билишчилик қилишмайди, раҳм-шафқат нималигини билишмайди. Айниқса, уларнинг Аллоҳ душманларига қаҳр-ғазаби ниҳоятда чексиз. Яна Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: «Унга ҳар томондан ўлим келадию, ўлолмайди. Бунинг ортида (бундан ҳам) оғир азоб бордир» (Иброҳим, 17).

14. Ҳақиқатан ютуққа эришди ким покланса;

Яъни, куфр ва ширк хасталикларидан ўзини поклаб, Аллоҳга ва Унинг Расулига имон келтирган, Аллоҳни якка илоҳ дея тан олиб, Унинг шариатига қатъий амал қилган, нафсини фасод, разолат, ахлоқий бузуқликлардан поклаган, одоб-ахлоқини чиройли қилган, Парвардигор Элчисига эргашиб, унинг ваъз-иршодларига амал қилган бахтиёр мўминлар ҳақиқатан зафарга, ютуққа эришди, азобдан нажот топди, олий жаннат билан мукофотланди. Ушбу оят ҳақида Жобир ибн Абдуллоҳдан (розийаллоҳу анҳу) ушбу ҳадис ривоят қилинган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, деб гувоҳлик берса, ширкни тарк этса, менинг Аллоҳ элчиси эканимга имон келтирса, ҳақиқатан у зафар топибди», дедилар (Баззор ривояти).

15. Парвардигори номини зикр қилиб, намоз ўқиса.

Аллоҳ таолонинг зикрида бўлиб, намозларини канда қилмай, ўз вақтида тўкис адо этган мўминлар қиёматда энг катта ютуққа эришадилар. Ҳақиқатан эртаю кеч Парвардигори номини комил ихлос билан зикр этиб, беш вақт намозини Аллоҳ розилиги йўлида, У буюрганидай адо эта олган киши Аллоҳ таолонинг энг суюмли бандаларидан бўлади. Бундай улуғ неъмат билан шарафланган киши ҳамиша Парвардигорига шукр айтиши вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: «Қиёмат куни амаллар ичида энг аввал намознинг ҳисоби берилади. Бу ҳисоб яхши бўлса, қутулибди, яхши бўлмаса, ҳасратда қолибди. Агар фарзида камчилик бўлса, Аллоҳ таоло: «Бандамнинг нафл ибодатлари борми?» деб сўрайди. Шу тарзда фарз намозларидаги камчиликлар нафл билан тўлдирилади. Қолган амаллари ҳам шу тарзда ҳисоб қилинади» (Имом Термизий ривояти).

16. Балки дунё ҳаётини афзал кўрарсизлар?

Эй инсонлар, сизлар дунё ҳаётини охиратдан афзал, устун кўрасизлар. Охират учун тайёргарлик кўришга қизиқмайсизлар, буюрилган ишларни қилмайсизлар, қайтарилганларидан четланмайсизлар. Аслида дунё вақтинчалик бир мусофирхонадир. Асл ҳаёт, абадий ҳаёт охиратдадир. Сизлар вақтинчалик уйинизга зеб-зийнат берасизлар, аммо охират қасри хароблашса ҳам ишингиз бўлмайди. Эрта-индин қурт-қумурсқаларга ем бўлиб кетадиган жасадларингни касалдан қутқариш учун миллионлаб пулларни сарфлаб юборасизлар, лекин охиратда ҳам йўқ бўлмайдиган руҳларингизни даволаш учун асло қайғурмайсизлар. Абу Мусо Ашъарийдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким дунёсини яхши кўрса, охиратига зарар етказибди. Ким охиратини яхши кўрса, дунёсига зарар қилибди. Сизлар боқий нарсани фоний нарсадан устун қўйинглар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

17. Аммо охират яхши ва боқийдир.

Сизлар дунё ҳаётини қанчалик яхши кўрманглар, унинг лаззатларига қанчалик ғарқ бўлманглар, ундан кўнгил узишларинг қанчалик қийин ва оғир бўлмасин, барча фоний нарсалар каби дунё ҳаёти ҳам бир куни тугайди. Охират эса шарофатли ва абадийдир, мўминларнинг борар жойидир.

18. Бу албатта олдинги саҳифаларда бордир.

Юқоридаги айтилган гапларнинг бари фақат Қуръонда эмас, олдинги пайғамбарларга берилган барча саҳифалар ва самовий китобларда ҳам нақл қилинган. Одам алайҳиссалом замонидан бери Аллоҳ таоло инсонларга тўғри йўлни кўрсатиш, ҳидоятга бошлаш, улар яхши-ёмонни, ҳалол-ҳаромни фарқлашлари учун ўз пайғамбарларини юборди, улар орқали саҳифалар ва китобларини туширди. Ҳадисда келишича, Аллоҳ таоло баъзи пайғамбарларига саҳифалар, айримларига эса китоблар нозил қилган.  Одам алайҳиссаломга ўн саҳифа, Шис алайҳиссаломга эллик саҳифа, Идрис алайҳиссаломга ўттиз саҳифа, Иброҳим алайҳиссаломга ўн саҳифа туширилган. Шунингдек, тўртта самовий китоб – Таврот, Инжил, Забур ва Қуръон нозил қилинган (Ибн Асокир ривояти).

19. Иброҳим ва Мусо саҳифаларида.

Инсонларни тавҳид ва ҳидоятга чорлаш, уларга тўғри йўлни кўрсатиш, охиратга тайёргарлик кўришга даъват этиш ҳақидаги далил ва насиҳатлар Иброҳим алайҳиссаломга туширилган саҳифаларда, Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган саҳифаларда (Таврот китобида) ҳам мавжуд. Иброҳим алайҳиссаломга туширилган саҳифалардан бирида: «Ақлли кишига тилини сақлаши, замонни таниши ва ишига қараб туриши лозим бўлади», деб ёзилган эди.

СУРАНИНГ ФАЗИЛАТИ

Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида келишича, Пайғамбар алайҳиссалом Муоз ибн Жабалга (розийаллоҳу анҳу): «Намозингга Аъло, Шамс, Лайл сураларини ўқимайсанми?» деб қизиқтирар эдилар. Нўъмон ибн Баширдан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) икки ҳайит ва жума кунлари Аъло, Ғошия сураларини қироат қилардилар. Баъзан иккаласи бир кунда келиб қолса ҳам иккала сурани қироат қилаверар эдилар» (Имом Аҳмад, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар ривояти). Имом Аҳмад ўз «Муснад»ида Убай ибн Каъб, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдурроҳман ибн Абза ва мўминлар онаси ҳазрати Оишадан (розийаллоҳу анҳо) ривоят қилишича, Пайғамбаримиз витр намозида Аъло, Кафирун, Ихлос сурасини ўқиганлар. Оиша онамиз булар қаторига икки «муъовазатайн»ни (Фалақ ва Нас) ҳам қўшганлар. Ҳазрати Алидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу сурани (Аъло) яхши кўрардилар» (Имом Аҳмад ривояти).