A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
089. Фажр (тонг) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 30 оятдан иборат

Сура номи унинг биринчи оятидан олинган, «вал-фажр» луғатда «тонгга қасам» деган маънони англатади. Сурада аввал узоқ ўтмишда ўтган ва Аллоҳ таолонинг пайғамбарларини ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлган баъзи бир қавмлар ҳақида, сўнгра Ҳақ таоло бандаларини бойлик билан ҳам, камбағал-фақирлик билан ҳам имтиҳон қилиши хусусида ва сура ниҳоясида эса қиёмат куни рўй берадиган даҳшатли ҳодисалар ва дунёдаги ҳаётини иймон-эътиқодда устивор бўлиб ўтказган жонлар у кунда жаннат неъматларига эришилари ҳақида сўз боради. Ўттизинчи жуздаги бошқа суралар каби Фажр ҳам инсон қалбини имонга, тақвога, ҳушёрликка ва тафаккурга чорлайди.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Тонгга қасам;

2. ўн кечага қасам;

3. жуфтга, тоққа қасам;

4. ўтадиган кечага қасам.

Юқоридаги тўрт ояти каримада Аллоҳ таоло табаррук ойлардан зулҳижжанинг дастлабки ўн куни қадридан мўмин бандаларини огоҳ этиб, шу кунларга қасам, деяпти. Ушбу кунлар ичида энг улуғ ибодатлар – намоз, рўза, садақа, ҳаж жамланган. Қурбон ҳайити ана шу зулҳижжанинг ўнинчи кунидан бошланади, мазкур ой ҳаж ибодатини адо этиш вақтидир. Бу ўн кунликда Арафа ва Наҳр (қурбонлик сўйиш) бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло фазлу карами ва ҳикмати билан айрим кунларни бошқаларидан афзал, мўътабар қилган. Аллоҳ таоло айтади: «…Маълум кунларда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонлари(ни қурбонлик учун сўйиш) устида Аллоҳ номини зикр қилиш учун (келишади)» (Ҳаж, 28). Абдуллоҳ ибн Аббос ушбу оятдаги «маълум кунлар»ни зулҳижжанинг ўн куни, деб тафсир қилганлар. Ушбу оят ва ҳадисларда келган далилларга биноан, зулҳижжа ойининг олдинги ўн куни дунё кунларининг энг афзали саналади, ушбу кунлари қилинган амаллар бошқа кунлардагига қараганда Аллоҳ таолога суюклироқдир. Афсуски, кўпчилик мусулмонлар бу кунлар қадрига етишмайди, ҳатто келиб-кетганини сезмай қолишади, жуда кўп ажру савоблардан бебаҳра бўлишади. Ибн Касир тафсирида келтирилишича: «Тонг қурбонлик куни тонгидир; ўн кеча зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир; жуфт қурбонлик кунидир; тоқ – арафа кунидир; ўтадиган кеча – Муздалифадан ўтадиган кечадир. Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) ва бошқалар бу оятларни мана шундай тафсир қилишган». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Бу кунларда қилинган яхши ишлар бошқа кунлардагидан кўра Аллоҳ таолога суюклидир», деганлар (Имом Бухорий ривояти).

5. Наҳотки булар оқилга етарли эмас?!

Наҳотки бу нарсалар ақл эгаларига етарли, тушунарли бўлмаса? Нега улар бу муборак кунлар фазилатидан тўлароқ насиба олиш ҳақида ўйлаб кўришмайди? Нима учун оқил кишилар ортга боқиб, ўтган умрларини сарҳисоб қилишмайди, гуноҳ ва хатоларига тавба қилишга шошилишмайди? Зеро, гуноҳни англаш абадий саодатга эришишнинг илк шарти бўлса, тавба қилиб, яхши амалларга ўтиш кейинги шартидир. Аллоҳ таоло ва Унинг суюкли Пайғамбари (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) рози бўлган ишлар яхши амаллар саналади.

6. (Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз Од қавмини нима қилганини кўрмадингизми?

Аллоҳ таоло марҳамат қиляпти: эй Пайғамбарим, итоатсиз Од қавмини нима қилганимизни кўрмадингизми? Од пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом эвараси Авснинг ўғлидир, Авснинг отаси Эрам эди. Тарихчи ва муфассирлар Од қавмини «биринчи Од» ва «иккинчи Од» деб икки даврга ажратишган, аммо Қуръони каримда иккинчи Од ҳақида очиқ баён этилмаган. Ҳазрати Ҳуд пайғамбар этиб юборилган қавм биринчи Од қавмидир. Нажм сурасининг 50-оятида: «Ҳақиқатан, У олдинги Одни ҳалок этди», дейилган. Замахшарий ёзишича, Эрам шаҳрининг аҳли кейин тарқалган иккинчи Од қавмидир. Аммо юқоридаги оятда Эрам шаҳри қайси Од қавмига тегишли эканини очиқ билдирмаган. Тафсирларда Эрам Однинг бобоси экани қайд этилган, демак, Эрам шаҳрининг биринчи Од қавмига тегишли экани эҳтимолга яқинроқ.

7. Устунлари кўп Эрамни-чи?!

Эрам шаҳрида баланд-баланд устунли муҳташам қасрлар кўп эди. Од қавми ана шу қасрларига қувониб, бундан ғурурга кетди. Аллоҳ таоло берган неъматлар шукрини қилмади, Унинг пайғамбари насиҳатларига ва даъватларига қулоқ солмади. Оқибатда Парвардигор юборган даҳшатли бўрон туфайли барчалари ҳалок бўлиб кетишди. Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир нишона (баланд бино) қураверасизларми? Гўё мангу яшаймиз, деб қасрлар солаверасизларми?» (Шуаро, 128-129).

8. Бошқа шаҳарларда уларнинг ўхшаши йўқ эди.

Яъни, устунлари кўп бўлган, баланд ва муҳташам қасрларнинг бошқа мамлакатларда бирорта ўхшаши йўқ эди. Ана шу нарса итоатсиз Од қавмини ғурурга кетказди ва бутун бир халқнинг ҳалокатга юз тутишига сабаб бўлди. Ҳозирги Яман юртида топилган қадимий Убор шаҳрини тарихчи ва қадимшунос олимлар Од қавмига тегишли бўлганини аниқлашди. Қазилма ишларига бошчилик қилган доктор Заринс: бу шаҳар бошқа жойларда учрамайдиган баланд устунлари билан ажралиб туради, шу боис бу устунларни Од қавми яшаган Эрам шаҳрига тегишли дейиш, тўғри бўлур эди, дейди.

9. Водий қояларида тош тарошлаган Самудни-чи?

Аллоҳ таоло Од қавми каби Самуд қавмини ҳам итоатсизлиги, осийлиги учун Ер юзидан йўқ қилиб юборди. Солиҳ алайҳиссалом пайғамбар қилиб юборилган Самуд қавми тош кесиш, йўниш, унга нақшлар солиш бобида тенгсиз эди. Шом ва Ҳижоз ерлари оралиғидаги Ҳижр деган жойда (у ерни яна Водил-қуро ҳам дейишади) яшаган бу қабила тоғлар мармар қоясини йўниб-тарошлаб, улардан уйлар, қасрлар ва шаҳарлар барпо этарди. Улар мармартош тарошлаш касбини биринчи бўлиб қўллаган эди. Самуд қавми тошдан етти юз мингдан ортиқ уй ва қаср, бир минг етти юзта шаҳар қурган эди. Улар даврида қурилиш ва меъморчилик санъати юқори чўққисига чиқди. Қавмнинг айрим қалби нопок кишилари ўз ҳунарларига, қурган қаср ва шаҳарларига, бойликлари ва кучларига ғурурланиб, Аллоҳ таолонинг пайғамбари Солиҳ алайҳиссаломни менсимадилар, пайғамбарлигини тан олмадилар, унга шаккоклик қилдилар. Охир-оқибатда Аллоҳнинг ғазаби ва азобига учраб, барчалари ҳалок бўлиб кетишди. Бу ҳақда бир ибратли ривоят бор: «Солиҳ пайғамбарнинг туясини бир-икки киши ўлдиргани ҳолда нега Аллоҳ таоло бутун қавмни ҳалок қилди? Чунки бошқалар бунга рози бўлиб туришган эди…»

10. қозиқлар эгаси Фиръавнни-чи?

Қозиқлар эгаси Фиръавнни ҳам исёни ва осийлиги учун Аллоҳ таоло худди Од ва Самуд қавми каби ҳалокатга мубтало қилган эди. Фиръавн қадимда Мисрда ҳукмронлик қилган подшоҳларнинг умумий номи, Қуръони каримда зикр этилган фиръавн эса Мусо алайҳиссалом даврида яшаб ўтган Миср ҳукмдори Волий ал-Валид ибн Мусъаб (Рамзес Иккинчи)дир. Унинг «қозиқлар эгаси» деб зикр этилишига сабаб, бу золим ва тошбағир ҳукмдор Бани Исроил қавмини қул қилиб ишлатиб, Мисрда осмонўпар сағаналар (эҳромлар) ва улкан ҳайкаллар (ҳозиргача сақланиб қолган одам бошли шер ҳайкали каби) қурдирган эди. Оятдаги «ал-автад» қозиқлар-устунлар маъносини билдирса-да, муфассирлар унда фиръавн қурдирган муҳташам бино-ҳайкаллар кўзда тутилган, дейишади. Қурган нарсалари, бойлиги ва куч-қудрати туғёнга кетказган фиръавнни Мусо алайҳиссалом Аллоҳга имон келтиришга чақирганида уялмай инкор қилди, қанча илоҳий мўъжизаларни кўрсатмасин, ишонмай рад этаверди, охири ҳаддидан ошиб, ҳатто худолик даъвосигача борди. У ҳам охири Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабига учраб, Ер юзидан йўқ қилинди.

11. Улар юртларида туғёнга кетишди;

Бу нобакор кимсалар турли юртларда ва турли даврларда яшаган бўлса ҳам, уларни бир нарса бирлаштириб турибди: бари ўз кучига ё бойлигига ё Парвардигор берган иқтидорига ғурурланиб, исёнга борди, Аллоҳ ваҳийларини ёлғонга чиқариб, инкор қилди, Унинг юборган  пайғамбарларига ишонмай, озорлар бериб хўрлади, гуноҳ ва жиноятларни бемалол қилиб, охири ҳалокатга юз тутди. Худди улар каби охирзамон Пайғамбарини ёлғончига чиқараётган Макка мушрикларини ҳам ана шундай аянчли оқибат кутиб тургани, улар ҳам тезда Аллоҳ азза ва жалланинг қаттиқ жазосига учрашлари айни ҳақиқатдир!

12. кўп бузғунчилик қилишди.

Қуръони карим оятлари орқали қиссалри етиб келган бу золим ҳукмдорлар ва итоатсиз қавмлар Аллоҳ таолога ишонмаганларидан ҳеч кимдан қўрқмай Ер юзида бемалол бузғунчилик, золимлик, бузуқликлар қилишди. Аммо шуни билиб қўйишсинки, Аллоҳ таолонинг мутлоқ адолатига кўра қилинган бирор жиноят ва гуноҳ жазосиз қолмайди!

13. шунда Парвардигорингиз улар бошига азоб ёғдирди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло улар бошига кўз кўриб, қулоқ эшитмаган даҳшатли бало-офатларни юбориб, уларни битта қолдирмай ҳалок этди. Самудни гумбирлаган овоз йўқ қилди, Одни эса даҳшатли бўрон ҳалокатга учратди, Фиръавн қавми денгиз қаърига ғарқ бўлди. Бу тофиаларга юборилган азоб ва балолар қиссаси Ал-Ҳаққо сурасининг 4-10-оятлари тафсирида батафсил баён этилди.

14. Парвардигорингиз барини кузатиб турибди.

Аллоҳ таоло бандаларининг ҳар бир амалини, ишини кузатиб туради, бирорта майда-чуйда ҳолатни ҳам эътибордан четда қолдирмайди. Бандалар устига вакил қилинган котиб фаришталар ҳеч нарсани қолдирмай, барини битиб боришади. Оятдаги «ал-мирсод» пистирма маъносини билдиради, ҳақиқатан пистирмада турганлар қаршисидаги ҳамма нарсани баралла кўриб турса-да, қаршидагилар пистирмадагиларни кўролмайди. Аллоҳ таоло инсонлар эътиборини қаратиш учун ана шундай мисоллар воситасида ваҳийларини баён этади.

15. Парвардигори инсонни синаш учун азиз қилиб, неъматларини кўпайтириб берса, у: «Парвардигорим мени азиз қилди», дейди.

Фосиқ ёки кофир кимсалар ғурурланиши учун Аллоҳ таоло уларга дунёни керагича бериб қўяди. У худди шунингдек, солиҳ бир кишига ҳам беҳисоб мол-дунё ато қилиши мумкин. Бойликка қодир бўлган одам дунёсига мағрур бўлиб, «Худо мени севгани учун ёки  иззат-икром қилгани учун менга беҳисоб мол-дунё ато қилди», деб ўйлайди. У бунча бойликни  уни синаш учун, вақтинча бир муҳлатга берилганини ўйлаб кўрмайди. Буларни ўзимнинг кўрган тадбирларим, уддабуронлигим, елиб-югуришларим орқасидан қўлга киритдим, деган хаёлга боради. Ваҳоланки, Парвардигор ҳузурида дунёнинг қиймати бўлганида уни  севган бандаларига ато қилган бўлур эди. У: «Агар Расулим бойликни хоҳласа, Макка атрофидаги тоғларни олтинга айлантириб бераман», деб билдирганида Сарвари коинот бу таклифни қабул қилмаганлар. «Бир саҳобия аёл Пайғамбар алайҳиссаломнинг тўшаклари ниҳоятда юпқа эканини кўриб, уйидан чиройли бир тўшак бериб юборади. Ҳазрати Оиша уни Расулуллоҳ  тагларига тўшамоқчи бўлганларида Пайғамбаримиз бундай дейдилар: «Бу тўшакни эгасига қайтариб бер, агар Аллоҳдан сўраганимда эди, олтину кумушдан тоғлар муҳайё қилган бўлар эди, аммо мен буни хоҳламайман».

Дунё ҳаётининг матоҳлари жуда жозибали, жалб қилувчи, ўзига тортувчи бўлади. Манаман деган одам ҳам унинг жилвасидан ўзини торта олмайди, сеҳрига мубталоликдан асрала олмайди. Чунки Яратганнинг иродаси, Унинг яратиш ҳикмати шундай бўлган. Сурув-сурув подалар, бепоён далалар, қўша-қўша чопқир уловлар, серҳашам ва муҳташам қурилган уйлар, тахлам-тахлам пуллар, олтин-кумуш бойликлар, хотинлар, бола-чақалар, хулласи дунёнинг барча жимжималари инсонни синаш учун, имтиҳон қилиш учун яратиб қўйилган.

16. Парвардигори синаш учун ризқини камайтириб қўйса, у: «Парвардигорим мени хор қилди». дейди.

Бордию Аллоҳ таоло бир бандасини имтиҳон қилиш учун ризқини сал камайтирию қўйгудай бўлса, у дарров оҳ-вой қилишга тушади: «Парвардигорим мени бошқалар олдида хорлаб қўйди, берарини қисиб қўйди» каби сўзлар билан ҳаммага ҳасрат қилишга тушади. Ваҳоланки, мол-бойлик, амал-мартаба, куч-қувват, сиҳат-саломатлик каби нарсаларнинг бари Аллоҳ таолонинг бандаларни синаш учун жорий этган неъматларидир. Кимдир ана шу бойликлар билан фахрланиб, кибрланиб, ўралашиб қолиб, Яратганни унутади, унутмаганда ҳам Унинг амр-фармонларига бепарво бўлиб қолади. Кимдир ўзига беҳисоб дунё ато қилинса ҳам бандалигини бир зум эсдан чиқармайди, итоат-ибодатдан чекинмайди.

17. Йўқ, бундай эмас! Сизлар етимни эъзозламайсизлар;

Аллоҳ таоло кимларгадир ҳамма нарсани: мол-дунёни, мартаба-обрўни, ҳусн ва чиройли ахлоқни тўкис қилиб берган. Кимнидир эса бойлик, мол-дунёдан қисган. Чунки мол-мулк мутлақо эзгулик, яхшилик тимсоли-белгиси эмас. Унинг бойлик бермагани ҳам, бергани ҳам хайрдир, саховатдир, эзгуликдир. Ўз ҳолича на бадавлатлилик ва на фақирлик бир неъмат ёки фалокат ҳисобланмайди. Балки ўз ўрнига кўра фақирлик энг буюк неъмат ва марҳаматдир. Агар инсон олийжаноб бўлсагина, ўзига берилган мол-давлатни тўғри йўлга сарфласагина у яхшилик келтиради, акс ҳолда катта кулфат ва фалокатлар сабаби бўлиши мумкин. Агар сизни бундай неъматлари билан таъминлаб қўйган бўлса, сиз Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоатда бўлинг, қайтарганларидан узоқлашинг. Парвардигор бунинг учун сизлардан етимни эъзозлашни талаб этмоқда. Чунки етимларни хўрлаш, уларнинг молига тажовуз қилиш, раҳм-шафқат кўрсатмаслик Аллоҳга осийлик даражасига тенглаштирилган. Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «мусулмонлардаги уйларнинг энг яхшиси унда етимга яхшилик қилинадиганидир, мусулмонлардаги уйларнинг энг ёмони унда етимга ёмонлик ёмон муомала қилинадиганидир» дедилар, сўнг икки бармоқларини жуфтлаб: «Мен ва етимга кафил бўлган киши қиёматда худди шундай бўламиз», дедилар» (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти).

18. мискинга таом беришга рағбатлантирмайсизлар;

Худди шу каби мискин, фақир, бева-бечора ва ночор кишиларни таомлантириш, улар сўраган нарсасини бериш, қийин аҳволга тушганида сал далда бериб, қўлдан келганича ёрдам кўрсатиш Аллоҳ таолони рози қиладиган, савобга эриштирадиган амаллардандир.

19. ва меросни очкўзларча ўзлаштирасизлар;

Ва сизлар етимларга мерос бўлиб қолган нарсаларни очкўзларча ўзлаштириб оласизлар. Муқотил айтади: «Қудома ибн Маъзун Умайя ибн Халаф қўл остида етим эди. Умайя Қудоманинг ҳақини бермай қийнарди, Шунда ушбу оят нозил бўлди. Кейин у етимни ҳурматлашни, унга яхшилик қилишни тарк этди, меросдаги унга тегишли бўлган ҳақни бермай қўйди, молини тортиб олди». Аллоҳ таоло бундай деган: «Етимлар молини зулм билан еганлар қоринларига оловни еган бўлишади ва албатта дўзахга киришади» (Нисо, 10).

20. ва мол-мулкни кўп севасизлар.

Мол-мулк ҳалол йўл билан топилганми ёки ҳаромдан келганми, сизларга барибир, мол-дунёни ҳаддан ортиқ яхши кўрасизлар. Шунинг учун эртаю кеч уни кўпайтириш, тўплаш, асраш пайида бўласизлар. Ваҳоланки, мол-дунёнинг кўплиги фахр ёки яхшилик эмас, Аллоҳ таоло сизларни кўп мол-дунё бериб ёки умуман бермаслик билан ҳам имтиҳон қилади. Мол-дунёга ўчликларинг туфайли ҳатто етимнинг молидан ҳам, унга тегишли меросни ноҳақ тортиб олишдан ҳам ҳазар қилмайсизлар.

21. Йўқ, бундай бўлмасин! Ер кунпаякун бўлганида;

Йўқ, бундай қилманглар, чунки қиёмат қоим бўлиб, ер кунпаякун бўлганида бу қилмишларинг нақадар ёмонлигини тушуниб етасизлар, аммо унда кеч бўлади. Қуръони каримда баён этилганидай: «Еру тоғлар кўтарилиб, бир ҳамлада силкинганида, ана ўшанда қиёмат содир бўлади» (Ал-Ҳаққо, 14-15). Қиёмат содир бўлганида Ер ҳам, ундаги тоғлар ҳам ўрнидан силжиб, бирдан силкинади, кукунга айланиб кетади. Оятдаги «даккан дакка» Ернинг қайта-қайта ҳаракатга келтирилганини англатади. Бунинг натижасида шундай зилзамбил Ер ҳам, пурвиқор тоғлар ҳам чангдек тўзиб кетади. Қиёматнинг кўринишларидан бири ана шундай даҳшатли, қўрқинчли!

22. ва Парвардигорингиз ҳамда фаришталар келса;

Яъни, Аллоҳ таоло бандалари ўртасини ажрим қилиш, ҳисобга тортишни ҳукм қилади. Атрофида фаришталар саф-саф бўлиб туришади. Бандалар мана шундай ҳаяжонли бир ҳолатда Буюк Ҳисоб-Китоб учун тўпланишади. Аллоҳ таолонинг Расули (алайҳиссалом) айтадилар: «Бутун оламлар Парвардигори Аллоҳ сизларнинг ҳар бирингизни ҳеч қандай тўсиқ ва таржимонсиз сўроққа тутади» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

23. ва дўзах келтирилса; ўша кунда инсон тушунади, аммо тушунишидан не фойда?!

Инсоннинг кўз олдига дўзах ва унинг чидаб бўлмас олови яқинлаштириб қўйилгандагина у нима бўлганини, қай аҳволга тушганини тушуниб етади. Аммо энди унинг тушунганидан нима фойда?! Ишлар, битган, ҳукмлар ўқилган, сиёҳлар қуриган, жаннатийлар ва дўзахийлар иккига ажраб бўлган. Бу кунда энди афсус-надоматлар, турли баҳона-сабаблар, ёрдами кутилган обрўли ва мартабали яқинлар, на бойлик, на фарзандлар, ҳеч нарса инобатга ўтмайди! Бу кунда фақат Аллоҳ таолонинг ҳукми илоҳийси амалда бўлади. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бундай ҳадислари бор: «Ҳар бирингиз улуғ ва қудратли Аллоҳ ҳузурида турасиз, орада ҳеч қандай парда-тўсиқ бўлмайди. Шунда Аллоҳ бандасига хитобан: «Сени ризқлантирмадимми, сенга мол-дунё бермадимми?» деб сўрайди. «Ҳа, бердинг», дейди банда. Кейин Аллоҳ: «Сенга пайғамбар юбормадимми?» деб сўрайди. «Ҳа, юбординг», дейди бандаси. Сўнгра банда ўнг томонига қарайди, дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Кейин чап томонига боқади, дўзахдан бошқасини кўрмайди. Бас, яримта хурмони хайр-эҳсон қилиб бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар. Агар шуни ҳам тополмасанглар, битта яхши сўзни айтиш билан бўлса ҳам дўзахдан сақланинглар» (Имом Бухорий ривояти).

24. У айтади: «Кошки эди ҳаётимда тайёргарлик кўрганимда».

Инсонлар қиёмат кунининг даҳшатларига гувоҳ бўлиб, ўзларининг дунё ҳаётидаги қилмишлари ҳисоб китоб қилингач, қай аҳволга тушганларини кўриб, минг бора афсус чекишади, «Қанийди, Аллоҳ таоло яна бир бор дунёга қайтарсайди, яхши амаллар қилиб, охиратимга тайёргарлик кўрган бўлардим, ҳозиргидай дўзах остонасида изтироб чекиб турмасдим», деган надоматлар ичра қолишади. Ваҳоланки, дунё ҳаётида Қуръони карим оятлари уларни бундай огоҳлантирган эди: «(Эй Муҳаммад), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келадиган куни зулм қилганлар: «Эй Парвардигоримиз, бизларга озгина муҳлат бер, Сенинг даъватингга ижобат қиламиз ва пайғамбарларга эргашамиз», дейишади. (Уларга шундай жавоб қилинади): «Илгари заволга юз тутмаслигингиз ҳақида қасам ичган эмасмидингиз?!» (Иброҳим, 44).

25. Ўша кунда ҳеч ким Аллоҳ каби жазоламайди;

Қиёмат куни ҳеч ким Аллоҳ таоло каби қаттиқ жазолай олмайди, ҳеч ким Унинг азоби ва жазосидан қутқариб қололмайди. У кунда ҳеч бир инсон осий бандаларни жазолашга, ҳисоб-китоб қилишга, жазо ёки мукофот беришга қодир бўла олмайди. Чунки қиёмат куни: «Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: Парвардигорингизга илтижо қилинг, бизлардан бирор кун азобни енгиллатсин», дейишганида, улар: «Ахир, сизларга пайғамбарларингиз ҳужжат келтиришмаганмиди?» дейишади. «Шундай бўлувди, (аммо биз уларни ёлғончи қилган эдик)», дейдилар. (Шунда фаришталар): «У ҳолда илтижо қилаверинглар, аммо кофирларнинг дуоси ўтмайди», дейишади» (Ғофир, 49-50).

26. ва Унинг каби ҳеч ким банди қилолмас!

Қиёмат куни ҳеч ким гуноҳкорларни Аллоҳ каби қаттиқ банди қилолмайди. Унинг қаттиққўл, тошбағир фаришталари чангалидан бирор жон эгаси қутула олмайди.

27. Эй хотиржам нафс!

Агар нафс Ҳақ амрига бўйсунган ҳолда шаҳвоний хуружларни енгишга қодир бўлса, у «нафси мутмаъинна», яъни хотиржам-сокин нафс, деб номланади. Бу чин орифлар ва зоҳидлар нафсидир. Нафс аслида илоҳий бир неъматдир, яъни инсон нафси унинг ўзидир. Лекин у ҳолатининг турланишига қараб ҳар хил хосланади. Олимлар нафсни уч хил сифатлашган: «нафси аммора» – ёмонликка мойил нафс, агар у назоратдан чиқиб кетса, инсонни ҳалок қилади; «нафси ламмома» – бундай нафс ёмонликни билиб туради, ундан узоқлашиб, нажотга интилади, бир шаҳвоний ишларга талпиниб, бир тарк этаётган эгасини маломат қилиб туради, бу мўмин кишининг нафсидир, чунки банда Парвардигорига ибодат қилишда камчилик-нуқсонга йўл қўйганида нафси уни маломат этади. Буларнинг энг шарафлиси юқоридаги оятда зикр этилган «нафси мутмаъинна», яъни хотиржам-сокин нафсдир.

28. Рози бўлган ва У сендан рози ҳолда Парвардигорингга қайт!

Хотиржам, сокин нафс ҳамиша Парвардигоридан рози ҳолда яшаб ўтади, Аллоҳ таоло ҳам бундай бандасидан розидир. Сокин нафс соҳибининг Парвардигорига қайтиши ана шу икки розилик орасида бўлади. Ушбу сура Маккада, Исломнинг дастлабки пайтларида нозил бўлган. Тарихдан маълумки, ўша пайтда мусулмонлар сони оз, ожиз эдилар. Тарафларини оладиган, мадад қўлини чўзадиган, озор-қийноқлардан ҳимоя этадиган, ўксик дилларига тасалли берадиган бирор кимса йўқ эди. Аммо уларга буюк бир далда бўлиб Иншиқоқ, Буруж, Ториқ, Фажр каби суралар туширилди. Улар ана шу илоҳий далда туфайли мушрикларнинг ҳар қандай ситамларига чидай олишди, сабр кўрсатишди. Таналари калтаклар зарбидан моматалоқ бўлиб кетгани ҳолда қалблари имон нури ила хотиржам, сокин эди.

29. Бандаларим даврасига кир;

Сокин, хотиржам нафс эгаси мўминлар, солиҳлар, сиддиқлар каби Аллоҳнинг дўстлари, яхши бандалар даврасига чорланади. Муфассирлар айтишгани каби: «Унга айтиладиган энг охирги сўз: «Аллоҳнинг солиҳ бандалари гуруҳига кир ва муқарраб, яхши кишиларнинг ҳовлиси бўлмиш жаннатимга кир!» бўлади. Аллома Ибн Касир Фажр сурасига ёзган тафсири охирида «Ажойиботлар» китобидан қуйидаги ривоятни келтирган: «Қубос ибн Абу Ҳошим бошидан ўтган воқеани шундай ривоят қилади: «Рум шаҳридаги жангда асир тушдим. Подшоҳ биз, тутқунларни тўплаб динини таклиф этди. бундан бош тортганнинг бўйни узилажагини айтди. шунда уч киши динидан қайтиб, муртад бўлди. Аммо уларнинг тўртинчиси насронийликни қабул қилмади. Сўнг унинг бўйнига қилич солишди. Боши ўша ердаги дарёга думалаб тушиб кетди. Танадан айрилган калла сувга бир ботиб, сўнг юзага қалқиб чиқди-да, ҳалиги уч кишига қараб исмларини айтиб чақирди ва: «Аллоҳ таоло китобида бундай деган», деб Фажр сурасининг охирги тўрт оятини ўқиди-да, сўнг чўкиб кетди. Бу воқеанинг гувоҳи бўлиб турган насороларнинг мусулмон бўлишларига сал қолди. Ҳалиги уч киши дарҳол Исломга қайтди. Кейинроқ халифа Абу Жаъфар Мансур юборган қўшин бизни асирликдан қутқарди».

30. ва жаннатимга кир!

Аллоҳ таоло бундай нафс эгасини жаннатига таклиф қиляпти. Чунки улар  дунё ҳаётида Аллоҳдан қўрққанлари, шу боис нафсларини ҳамиша жиловлаб юрганлари, Унинг барча синовларига матонат билан дош берганлари эвазига охиратда жаннат ила мукофотланадилар.

Атоқли маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг ғоят таъсирли сўзларига қулоқ солинг: «Балоларга сабр қилиш ва қазоларга бўйсуниш бало бўлмайдиган ва қазолар кўрилмайдиган жойга борадиган бирдан-бир йўлдир. Одам боласи қайғу, ҳасрат кўрмай умр кечириши мумкин эмас. Турмуш ва ҳаёт тиканли чангалзор устидан юришдан, машаққат тўлқинлари билан курашиб сузишдан иборат. Ақлли киши шу машаққатлардан қўрқмаслиги, келажакдаги роҳатларга умид боғлаб, ушбу машаққатлардан енгилмаслиги, кўнглини чўктирмаслиги зарур. Ҳар оғирлик ортидан бир енгиллик келишини Яратганнинг Ўзи ваъда қилиб қўйган. Оқил киши албатта шу ваъдани хотирлаб, кўнглини хотиржам қилади, ўзига тасалли беради. «Бошқа кишилар роҳатда юрадилар, қайғулари йўқ, ғам-аламли биргина менман», деб гумон қилиш янглиш ва зарарлидир. Роҳатда деб гумон қилинган кишиларнинг ҳоллари текшириб кўрилса, эҳтимол улардаги мусибатлар бошқаларникига қараганда оғирроқ экани маълум бўлиши мумкин. Дунё ранжу алам юрти бўлиб, бир соат шодлиги бўлса, унга қарши юз соат ҳасрати бордир».