A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
090. Балад (шаҳар) сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 20 оятдан иборат

«Балад» луғатда «шаҳар» маъносини билдиради. Сурада Аллоҳ таоло Ўзининг неча-неча пайғамбарлари туғилиб-ўсган ва хусусан, сўнгги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломнинг она масканлари бўлган улуғ шаҳар – Маккаи мукаррамага ва барча инсонларнинг ҳақларига қасамёд қилиш билан инсон зоти дунё ҳаётига меҳнат-машаққат чекиш учун келиши ҳақида хабар беради. Сурада Аллоҳ таолонинг инсонни яратиш ҳикмати, инсонлар олдида икки йўл: ҳидоят ва залолат йўли тургани, ҳидоятда бўлганлар абадий саодатга эришишлари, залолатдагилар мангу азобга қолишлари баён этилади.

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1. Бу шаҳарга қасам;

Аллоҳ таолонинг ушбу шаҳар, яъни Маккаи мукаррамага қасам  дейишининг алоҳида ҳикмати ва мазмуни бор. Бу муборак шаҳарда мусулмонлар қибласи Байтуллоҳ жойлашган, Ислом фарзларидан бири бўлмиш ҳаж амали адо этиладиган, Аллоҳ азза ва жалланинг охирги Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом туғилиб-ўсган, Аллоҳнинг ваҳийлари илк бор туширилиб, Унинг сўнгги дини Исломга тамал тоши қўйилган қадрли ва ҳурматланган шаҳардир, «уммул-қуро»дир (шаҳарлар онасидир). Парвардигор ана шулар ҳурматидан бу шаҳарни эмин-эркинлик, омонлик маскани қилиб қўйди, унга Ўз баракасини ёғдирди, бу шаҳарни Ҳаром макон деб белгилади. Яъни  бу шаҳарда қон тўкиш, ҳайвонот ва набототга зарар етказиш, уруш ва фитналар қилиш ҳаром саналади.

2. (Эй Муҳаммад,) Сиз яшайдиган шаҳарга.

Маккаи мукаррама Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом таваллуд топган, ўсиб-улғайган, инсонларни Аллоҳнинг ҳақ динига илк даъват қилган мукаррам шаҳардир. Аллоҳ таоло ваъдасига биноан уни турли балолардан, қийинчилик ва хунрезликлардан Ўзи асради. Мушриклар таъқиб-тазйиқидан шаҳарни ташлаб чиқиб кетаётган Пайғамбарига яна уни фатҳ этиш имконини беришини билдирди ва орадан ўн уч йил ўтиб Пайғамбар алайҳиссалом улкан Ислом лашкари билан она шаҳарларини куфр ва ширк балосидан қутқардилар. Бу ҳодиса тарихга «Макка фатҳи» номи билан кирди. Айрим муфассирлар бу оятга янада кенгроқ маъно бериб, Расули акрам ва у Зотнинг уммати яшайдиган юрт, замин деб ҳам тафсир қилишган.

3. Отага ва ундан тарқаганларга қасам.

Аллоҳ азза ва жалла муборак шаҳар Маккадан сўнг Ота ва ундан тарқаган авлодларга ҳам қасам, демоқда. Муфассирлар бу оятни турлича тафсир қилишган: уларнинг кўпчилиги бу оятда Одам алайҳиссалом ва ундан тарқаган солиҳ зурриётлар назарда тутилган, дейишса, айримлари бундан мурод Иброҳим алайҳиссалом ва унинг ўғли Исмоил алайҳиссаломдирлар, дейишади. Имом Табарий эса  мазкур ояти каримада инсоният ҳаётининг бошидан охиригача яшаб ўтадиган барча ота-оналар ва улардан тарқайдиган авлодлар кўзда тутилган, чунки «валад» сўзи икковини англатади, деб тафсир қилган.

4. Биз инсонни меҳнат-машаққатга яратдик.

Аллоҳ таоло инсонларни, ҳақиқатан, меҳнат-машаққат, қийинчиликлар учун яратган. Бу машаққат инсон ҳали дунёга келмай туриб, уруғ бачадонга тушиши билан бошланади. Она ҳам, унинг бачадонидаги ҳомила ҳам у ёруғ дунёга келгунича тўққиз ой мобайнида қанча қийинчилик, ноқулайликларни бошдан кечиради. Туғилиш пайтида қийинчиликлар ҳақида гапирмай қўяқолайлик. Бола улғая боргани сари машаққатлар ҳам ортиб-кўпайиб боради. Тиши чиқиши, йўлга кириши, атрофидагиларни англаши, тарбияланиши, таълим олиши ҳаммаси машаққатлар билан ўраб олинган. Аммо ана шу турфа қийинчилик-машаққатлар Аллоҳ йўлида, эътиқод софлиги йўлида бўлса-ку, яхши, чунки улар ортида Парвардигор розилиги, Унинг охиратда ато этажак ажр-савоблари, жаннати бор. Дунёда шунча қийинчиликларга, йўқотишларга учраб ҳаётини совурса-ю, охиратда ажр-мукофотлардан бенасиб қолиб, дўзах билан «сийланса», бундан ёмони йўқ! Охиратда ана шундай бахтсизлар учун чинакам азоб-машаққат, мўминлар учун ҳақиқий роҳат-фароғат бошланади. Парвардигор сўзидан, Унинг элчиси йўлидан чиқмаслик учун машаққат-озорлар чекиш, охирида чинакам ҳузур-ҳаловатга эришиш энг асл саодатдир!

5. У ўзига ҳеч кимнинг кучи етмайди, деб ўйлайдими?

Инсон шунчалик калтабинки, ўзига берилган озгина куч-қудрат, бойлик ёки мансаб туфайли дарров ғурурга кетади, босар-тусарини билмай қолади. Дунёда ўзини энг кучли, дасти узун, сўзи кескир санаб, «Ҳеч ким менга бас келолмайди» дейишгача боради. Ҳолбуки, уни Аллоҳ таоло яратган, Аллоҳ эса ҳамма нарсага қодир, мутлоқ қудрат эгаси. Лекин куфр эгалари Аллоҳга ишонмаганларидан буни ҳис этишолмайди. Инсон Буюк Яратувчига ишонмагач, унинг касал қалби турли васвасаларга бошлайверади, хаёлига турли бўлмағур фикрларни олиб келаверади. Оқибатда у ҳақ йўлни кўрмай, икки дунёсини бой беради. Муфассирлар фикрича, ушбу ояти карима Абул Ашад ибн Калада Жумаҳий ҳақида нозил бўлган эса-да, бунинг ҳукми қиёматгача бутун инсониятга тегишлидир. Абул Ашад ўзининг жисмоний бақувватлиги билан фахрланар, кучига мағрур бўлиб, ҳеч нарсани назар-писанд қилмас эди. Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) бундай деганлар: «Абул Ашад «Мен Муҳаммадга душманлик қилиш учун жуда кўп мол-мулк сарфладим», дейди. Мана шу гапида у ёлғончи эди».

6. У: «Кўп мол-дунё харжладим», дейди.

Бундай кимсалар кўп мол-дунё сарфлагани билан кўп мағрурланмасин. Чунки Аллоҳ таоло мол-дунёсини риё учун, яъни «одамлар кўрсин, одамларга ёқай» деган маънода инфоқ-эҳсон қиладиган кимсаларни қаттиқ маломат қилади. Бундайлар жуда кўп миқдорда тўплаган мол-давлатларини эҳсон қилиб юбордим, деб мақтанади. Ваҳоланки, уларни бу мол-дунёни қандай йўл билан топгани, берган нарсасини кўп санагани ва берганига афсуслангани учун ҳам хайр-эҳсони Аллоҳ таоло ҳузурида қабул бўлдими-йўқми, бу нарса уларни қизиқтирмайди. Чунки улар Яратувчига ишонишмас эди. Бу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида Муқотил (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: «Бу оят Ҳорис ибн Омир ибн Навфал ҳақида нозил бўлган. У қандайдир бир гуноҳ иш қилиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳузурларига фатво сўраб келганида, у Зот Ҳорисга гуноҳига каффорат (моддий эваз) беришни буюрдилар. Шунда у: «Муҳаммаднинг динига кирганимдан буён мол-дунёйим каффорат ва нафақа беришга кетди», деди.

7. У ҳеч ким мени кўрмади, деб ўйлайдими?

Бундай риёкор кимсалар хайр-эҳсон қилишса ёки садақа беришса, Аллоҳ таоло розилиги йўлида, холис Парвардигор учун беришмайди. Аксинча, бошқалар олдида ўзини саховатпеша кўрсатиш, берган эҳсонлари билан мақтаниш учун мурувват кўрсатишади. Бунинг устига берган нарсаларига ачиниб, афсус-надомат чекишади. Риё ва сумъани, (яъни одамлар кўрсин ва эшитсин) афсусимни ҳеч ким кўрмаяпти, деб ўйлашади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло уларнинг бу қилмишларини кўриб-билиб туради. Аллоҳ таоло йўлида, Унинг розилиги йўлида қилинмаган ҳар қандай яхшилик, эҳсон қиёматда савобсиз, мукофотсиз қолади, уларнинг бу дунёда одамларга озгина мақтаниб олгани қолади, холос.

8. Биз унга икки кўзни бермадикми;

Аллоҳ таоло инсонни чексиз неъматларга ғарқ қилган. Миннат эгаси бўлган Зот ўзи берган беҳисоб неъматларидан бир нечасини санаб ўтяпти. Инсонларга атрофларини кўриш учун беминнат икки кўзни бериб қўймадикми? Ана шу кўзлар бўлмаса, бу ёруғ оламнинг гўзалликларию турфа рангларини, махлуқотлар қиёфасини, борлиқ-табиатда барқ уриб яшнаётган минглаб хил гул-чечакларнинг жозибасини кўра олармидингиз? Тун ва кунни фарқлай олармидингиз? Одамларни ажрата олармидингиз? Илм олиб, касб ўрганиб, жамиятга хизмат қила олармидингиз?

9. ва тилни, икки лабни;

Аллоҳ таоло инсонга ато этган неъматларидан тил ва икки лабни зикр этяпти. Энди бир тасаввур қилинг: агар шу тил бўлмаганида турфа ноз-неъматларнинг мазаси ва таъмини била олармидик? Овоз чиқара ёки гапира олармидик? Оғиз бўшлиғи қуриб қолмаслиги учун томоғимизни ҳўллай олармидик? Томоқдан ўтаётган овқатни саралаб, ютиб, ҳазм қилиб олиш учун тилдан ўзга бирор нарса топа олармидик?  Икки лабингиз йўқ бўлса-чи?!

10. икки довонга йўлламадикми?

Аллоҳ таоло айтяптики, Биз инсонни икки йўлга, икки довон-тепаликка йўллаб қўймадикми? Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларига кўра, оятдаги «икки довон»дан мурод, яхшилик билан ёмонликдир, янада аниқроғи бандасига яхши довон ёмонига қараганда севимлироқ қилинганидир. Аллоҳ таоло огоҳлантирганки: «Ҳақиқатан нафсини поклаган киши нажот топади, уни (гуноҳларга) кўмиб, хорлаган кимса эса ноумид бўлади» (Шамс, 9-10). Шундай экан, бу довонлардан қай бирини танлаш инсоннинг ўз ихтиёрида. Аллоҳ таоло инсонга ато этган неъматлар куфру исёнга, шаҳватга эмас, унинг ҳидоятига, ҳақни топишига, солиҳ амалларга, эзгуликка хизмат қилиши керак. Аллоҳ таоло бежиз бандаларига берган неъматларини тез-тез эслатмайди, бежиз булар учун шукр қилишни талаб этмайди. Чунки неъматлар қаёқдан келаётганини, қаёққа кетаётганини унутган одам ғурур ва кибрга кетади. Аллоҳни ва Унинг зикрини унутади. Ҳидоятга юрмайди, Ҳаққа кўнмайди. Яхшилик довонига борадиган йўллар қийинчилик-машаққатлар билан ўраб қўйилган, чунки жаннат ва охиратдаги гўзал саодатнинг баҳоси қиммат! Ёмонлик довонига борадиган йўллар эса осон, жозибали қилиб қўйилган, булар Аллоҳнинг ҳикмати ва синовига далилдир. Шунинг учун Парвардигор бандаларига икки йўлни фарқлаш, нафсига оғир келадиган яхшилик довони сари юришни тавсия этади.

11. Шунда қийинига юргиси келмади.

Аммо ношукр инсон йўлнинг қийинига юргиси келмади, Аллоҳ ваъда қилган охиратдаги ажиб саодатдан насибадор бўлишни истамади. Айтайлик, якка ўзингиз сафарга чиқдингиз. Шунда олдингизда икки йўл пайдо бўлди. Бири қийин, тоққа кўтарилган йўл бўлса, бошқаси осон, кенгликка ястанган йўлдир. Биринчиси олдига осилган кўрсаткичда: «Бу йўлнинг боши ўнқир-чўнқир, тошлоқ, тикан-бутали, юриш оғир, силжиш қийин бўлса-да, катта шаҳарга олиб борадиган, кўзланган мақсадга етказадиган энг тўғри йўлдир», деб ёзиб қўйилган. Иккинчиси эса равон, мевали ва гулли дарахтлар соя ташлаб турган, четлари кўнгилни ҳушлайдиган, кўзни қувнатадиган қаҳвахона, томошахона, ўйинхоналарга тўла. Лекин унинг лавҳасига: «Бу йўл хатарли ва таҳликали, охири муҳаққақ ўлим ва аниқ ҳалокатдир», деб ёзиб қўйилган. Шунда сиз қайси йўлдан юрасиз? Шубҳасиз, инсон нафси қийинига эмас, осонига, аламлисига эмас, лаззатлисига мойил бўлади. У эркинликли севади, чекловни ёқтирмайди. Бу – Аллоҳ нафс устида яратган фитратдир. Агар инсонни нафс-ҳавоси исканжасида қолдирилса, унга бўйсунса, иккинчи йўлни танлайди. Лекин бу ҳолда ақл ва нақл аралашиб, ортида боқий роҳат бўлган қийин йўлни ортиқ билади.

Жаннат йўлида машаққат ва қийинчиликлар бор. Чеклов ва чегаралар ҳам, нафсга қарши бориш ва ҳавони синдириш ҳам унда. Лекин бу йўлдаги муваққат машаққатнинг оқибати охиратдаги доимий роҳатдир. Дўзах йўлидаги бир зумли лаззатнинг самараси эса  жаҳаннамдаги давомли аламдир. Икки йўлдан бирини танлаш эса банда ихтиёридадир.

12. Қийин йўлнинг нималигини биласизми:

Ояти каримадаги «ақоба» сўзи тоғдаги қийин сўқмоқ йўл ёки довон маъносида. Одатда инсоннинг довонга кўтарилиши жуда қийин кечади, у йўлидан довон ёки бирор қийин тўсиқ чиқиб қолса, уни айланиб ўтишга ёки унга кўтарилмай, текис йўлдан кетишга ҳаракат қилади. Тафсир китобларида зикр қилинишича, қийин йўл яхши ишлар қилиш, гуноҳлардан четланиш, Аллоҳ розилиги ва жаннат умиди билан яшашдир. Осон ва текис йўл эса  зулм ва гуноҳлар йўли, дўзахга элтувчи хатарли йўлдир. Шунинг учун Парвардигорини рози этиб, икки дунё саодатига эришмоқчи бўлган мўминлар одатда қийин йўлни, юксак довонни танлашади. Куфр ва ширк эгалари, осий ва гумроҳлар эса осон йўлни танлаб, охиратларини бой беришади. Хўш, қийин йўлда бандага нималар учрайди. Кейинги оятларда булар бирма-бир зикр этилади:

13. қулни озод қилиш;

Қийин йўлдаги энг муҳим ишлардан бири − қулни озод қилиш. Исломнинг илк даврида бутун дунёдаги каби Араб яриморолида ҳам қулдорлик мавжуд эди. Уруш-жангларда асир қилиб олинган қуллар худди буюм каби олиб-сотилар, меросдан маҳрум этилар, керагича хўрланар, ҳуқуқ-эркинликлари тинмай поймол қилинар эди. Ислом дини қулдорликни инсон шаъни-иззатига қарши иллат, деб эълон қилди ва Ислом умматига қулларни озод қилишни буюрди, бу ишни ибодат даражасига кўтарди. Натижада қул озод қилиш фахрга, яхши ишга, жаннатга элтувчи омиллардан бирига айланди. Уқба ибн Омирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ солллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким мўмин кишини озод қилса, бу ўша кишининг ўтдан (дўзахдан) қутулишидир», деганлар» (Имом Аҳмад ривояти). Машҳур саҳобийлар қўлларидаги қулларни озод қилиш бўйича кимўзарга мусобақа бошлашди, ўнлаб, юзлаб қулларга фақат иймонга кириш шарти билан ҳурлик, озодлик беришди. Собиқ қуллардан Салмон Форсий, Билол Ҳабаший, Аммор ибн Ёсир каби машҳур саҳобалар (Пайғамбар алайҳиссалом сафдошлари) етишиб чиқди.

14. очарчилик кунида таом бериш;

Юртда, шаҳар-қишлоқда очарчилик бўлганида очларга таом улашиш солиҳ, яхши ишларнинг энг афзалларидандир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у Зотнинг саҳобалари ҳам кишиларга таом улашишда, очларни тўйдиришда ҳамиша ибрат бўлишган. Масалан, машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар хасталикларида балиқ егилари келганида минг машаққат билан балиқ топиб келишди. Шунда бир тиланчи келиб, балиқни беришларини сўради. Ходимларнинг балиқ ўрнига пул, хурмо бериш ҳақидаги таклифларига ҳам кўнмай Абдуллоҳ балиқни ўша тиланчига бердириб юбордилар. Ҳазрати Али эса ўз хонадонидагилар очлигига қарамай, бор нонларини тиланчига садақа қилиб юборганлар. Улуғ олимимиз Абдуллоҳ ибн Муборак қўшниларига таом чиқарилгани хабарини эшитгандан кейингина ўз таомларига қўл урар эканлар. Машҳур саркарда ва олим Алихонтўра Соғуний оила аъзоларига қўшнига таом чиқаришни ҳар куни тайинлар эканлар.

15. қариндош етимларга;

Етимларга мурувват ва саховат кўрсатиш, уларга яхшилик қилиш ва таом бериш ишларнинг энг афзали бўлса, қариндош етимларга яхшилик қилиш бундан-да афзалдир. Салмон ибн Омирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Мискинга садақа бир садақа бўлса, қариндошга садақа икки садақага: садақа ва силаи раҳмга ўтади», деганлар (Имом Аҳмад, Термизий, Насаий ривояти).

16. хароботий мискинга.

Хароботий мискинлар ўзларини хоксор тутган, ўта камтар, дунё молига қизиқмаган, ҳеч нарсаси йўқ кишилардир. Булар ҳеч қачон  ночорликларидан, йўқчиликдан, камбағалликларидан шикоят қилишмайди, атрофдагилардан бирор нарса сўрашмайди, Фақат Парвардигорларига шукр, берганларига сабр билан яшашади. Аллоҳ розилигини топаман, даган киши ана шундай кишиларни кўрганда улар ҳолига кулмай, улардан жирканмай ёки ачинмай ёрдамга ошиқишсин, таом ва бошқа нарсалар беришсин. Чунки бечора, ожиз кишиларга раҳм-шафқатда бўлиш динимиз талабларидандир. Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) бундай ҳадислари бор: «Раҳм қилувчиларга Аллоҳ раҳм қилади, Ердаги кишига раҳм қилинглар, юксакдаги Зот сизларга раҳм қилади» (Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилишган). Бошқа бир ҳадисда эса: «Инсонларга раҳм қилмаганга Аллоҳ раҳм қилмайди», дейилган.

17. Кейин иймон келтирган, сабр ва меҳр-шафқатга чақирганлардан бўлади.

Оятдаги «сумма» (кейин) сўзи замонни англатиш учун эмас, балки эслатиш, таъкидлаш учун келган. Яъни  мўмин кишилар қул озод қилганидан, етим ва бечора мискинларни тўйдирганидан кейингина иймонли бўлди, дегани эмас. Бундан мурод, у бу ишларни қилаётган чоғида комил мўмин эди. Агар банда Аллоҳ таолога, Унинг пайғамбарларига, китобларига, охират кунига, ўлгандан кейин қайта тирилишига ишонмас экан, юқорида тилга олинган барча яхшиликларидан тариқча фойда, савоб бўлмайди. Қул озод этиш, очларни тўйдириш, етим ва мискинларга таом бериш, атрофидаги ўта ночор кишиларга ёрдам қўлини чўзганидан кейингина чин мўминлардан, солиҳ амаллари билан бошқаларни сабр ва меҳр-шафқатга чақирганлардан бўлади.

18. Ана шулар ўнг томон эгаларидир.

Аллоҳга иймон келтирган, яхшиликлар қилган, раҳм-шафқатли ва мурувватли бўлган кишиларнинг Аллоҳ таоло ҳузурида эришадиган мукофотлари ниҳоятда ҳавас қилгудай: уларнинг номаи аъмоллари ўнг томонларидан берилади, улар жаннатда абадий роҳат-фароғатда бўлишади.

19. Оятларимизга куфр келтирганлар чап томон эгаларидир.

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари орқали юборган оятларга куфр келтирган, яъни уларга ишонмаган, инкор қилган, ёлғонга чиқарган бахтсиз кимсалар ҳолига вой: уларнинг номаи аъмоллари чап ёки орқа тарафларидан берилади. Бу эса уларнинг дўзах ўтида абадий куйишларига, қаттиқ азоблар билан жазоланишига далолатдир.

20. Уларни ўраб олувчи олов муқаррардир.

Аллоҳ таолога осийлик билан ваҳийларни инкор этганлар учун ҳамма тарафларидан ўраб оладиган кучли азоб берувчи олов муқаррардир. Бундайлар Аллоҳ азза ва жалланинг огоҳлантиришларини, жазоларини қанчалар инкор қилишмасин, Аллоҳ таоло уларни, албатта, қаттиқ жазолайди. Бундай кимсалар Парвардигор имтиҳон учун бериб қўйган муддатни ўзларига берилган имтиёз деб ўйлашмасин, Унинг азобидан осий ва гуноҳкорларни ҳеч ким қутқара олмайди.