A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
097. Қадр сураси
PDF Босма E-mail

Маккада тушган, 5 оятдан иборат

Сура номи унинг биринчи оятидан олинган, Аллоҳ таоло Қуръони Каримни нозил қилган кеча сифати билан «Қадр сураси» деб номланган. «Қадр» улуғ, шараф, кудрат маъносидадир. Ушбу сурада инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида − инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўрикгларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастурил-амал бўлмиш Қуръони Карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради. Бу маккий сура Қуръони Ккарим дастлаб Қадр кечасида нозил бўлиши тарихи ва бу кеча бошқа куну тун ва ойлардан фазилатли эканини баён этади.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман.

1.    Ҳақиқатан, Биз уни Қадр кечасида туширдик.
Яъни  Аллоҳ таоло марҳамат этяптики: «Ҳақиқатан Биз уни Қадр кечасида туширдик». Аллоҳ таоло яна бундай хабар берган: «Рамазон ойи унда Қуръон нозил қилинган ойдир» (Бақара, 185); «Очиқ-равшан китоб — Қуръонга қасамки, албатта, Биз уни бир муборак, баракотли кечада нозил қилдик» (Духон, 2). Демак, Қуръони мажид рамазон ойининг Қадр кечасида туша бошлаган. Таъвил аҳли оятдаги «у»дан мурод, Қуръони Каримдир, шунингдек, сура охирида зикр қилинган «омонлик» бўлиши мумкин, дейишади. «Қуръони Карим Қадр кечасида туширилган», дейдиган муфассирларнинг фикрлари икки хилдир: улардан баъзилари «Қадр кечасида Қуръоннинг ҳамма оятлари Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонига туширилган, сўнг Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) дунё осмонидан эҳтиёжга қараб амр ва қайтариқ, ҳалол ва ҳаром, ваъз-насиҳат йигирма уч йил давомида бўлиб-бўлиб туширилган», дейишса, айримлари ушбу кечада Қуръони Карим оятларининг бир йилга зарур микдори дунё осмонига туширилган, сўнг эса Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) етказиб турилган», дейишади. Абу Лайс Самарқандий тафсирида бундай дейилган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Инсонларнинг амалларини кўряпман», дедилар. Гўё у Зотга умматларининг умрлари қисқа, шу сабабли уларнинг амаллари олдин ўтган пайғамбарлар умматларининг амаллари даражасига етмаётгандек туюлди. Шу боис Аллоҳ таоло у Зот ва умматларига Қадр кечасини берди». Мужоҳидддн (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Бани Исроилдан бир киши Аллоҳ йўлида минг ой қурол-аслаҳа кўтариб юрганини айтдилар. Мусулмонлар бундан роса ажабланишди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу суранинг дастлабки уч оятини туширди» (Ибн Жарир ривояти).

2.    (Эй Муҳаммад,)  Қадр кечаси нималигини сизга нима билдирди?
Эй Пайғамбарим, Қадр кечаси ҳақида сиз қандай маълумотга эгасиз, бу ҳакда нималарни биласиз? Аллоҳ таоло бирор нарса ёки ҳолатнинг шаъни улуғ, қадри баланд-юксак, шарафи чегарасиз эканини баён этмоқчи бўлганида Ўз Пайғамбарига шу тарзда хитоб қилади. Қадр кечаси шарофатли, ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи хоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиш ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмокда. Абулқосим Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Аллоҳ таоло Қуръонни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган; иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган; учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган». Қадр кечаси нимани билдиради, деган савол ушбу кечанинг шаънини кўтариш, қадрини улуғлаш, шарафини баён этиш учундир.

3.    Қадр кечаси минг ойдан яхшидир.
Яъни  рамазон ойидаги Қадр кечаси фазилат бобида минг ойдан ҳам яхши ва мўътабардир, бу кечада қилинган ибодатлар минг ойда қилинган ибодатлардан яхширокдир. Оятдаги «минг ой» жумласи маълум вақт ҳажмини кўрсатиш учун эмас, мисол тарзида келган бўлиши мумкин. Яъни  Қадр кечаси минг ой ва ундан ҳам кўпроқ муддатдан яхшидир, деган маънони ҳам билдиради. Чунки бирор микдор айнан ўша ададни баён қилиш учун гоҳо у боғланган нарсанинг шарафи ва улуғлигини баён қилиш учун келтирилади. Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Рамазон ойи келганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дедилар: «Сизларга рамазон ойи — муборак ой келди. Аллоҳ таоло сизларга бу ой давомида рўза тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. Унинг яхшиликларидан маҳрум бўлган кимса бахтсиздир» (Имом Аҳмад, Насоий ривояти). Яна шу саҳобадан ривояг қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Қадр кечасида иймон-эътиқод билан Аллоҳ таоло розилиги учун тоат-ибодат қилса, олдинги гуноҳлари кечирилади», деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

4.    Унда фаришталар ва Руҳ Парвардигор изни-ла барча амрлар билан тушишади.

Қадр кечасида Аллоҳ таолонинг амри билан фаришталар ҳар бир осмондан ва Сидратул- мунтаҳодан Ерга тушишади, тонг отгунича инсонларни дуо қилишади ва дуо қилганларга қўшилиб «омин» деб туришади. Баъзи муфассирлар оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссалом дейишган, айримлари эса уни «раҳмат», яъни ушбу кечада фаришталар раҳмат билан тушишади», деб тафсир қилишган. Кўпчилик муфассирлар фикрича, фаришталар бу кечада яна кейинги йил учун бўлажак Аллоҳ таолонинг қазои қадари билан ҳам тушишади. Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Қадр кечаси ишлар тақдир ва ҳукм этиладиган кечадир. Духон сурасининг 4-оятида ҳам: «Унда барча пухта − аниқ иш(лар) айрилади (белгиланади)», деб баён этилган». Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Аллоҳ таоло Бароат кечасида такдир қилинган нарсаларни тайин этади, Қадр кечаси келганида уни ўз эгаларига топширади», деганлар. Улар Аллоҳ азза ва жалла изнисиз ҳеч бир ишни қила олишмайди.

5.    У тонг отгунча омонликда бўлади.
Қадр кечаси тонг отгунига қадар турли офат-балолардан омонлик, хотиржамлик, барака кечасидир. Бу кечада шайтон ёмонлик қила олмайди. Айрим муфассирлар оятдаги «салом»дан мурод фаришталарнинг ушбу кечада ҳар бир мўминга йўллайдиган саломидир, дейишган. Қадр кечаси бошдан-охир фақат саломатлик, омонлик, яхшилик ва баракот билан тўладир, унда асло ёмонлик йўқдир. Қуёш ботганидан то тонг отгунга қадар бу ҳол давом этади. Тонг отгунича фаришталар гуруҳ-гуруҳ бўлиб, раҳмат билан Ерга тушишади.
Қадр кечаси рамазон ойининг қайси кечасида келиши ҳақида турли ривоятлар бор. Имом Насафий тафсирида Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) Осимдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Убай ибн Каъб Қадр кечаси рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси эканига қасам ичгани, жумҳур уламолар бунга иттифоқ қилишгани келтирилади. Аксар уламолар Қадр кечаси рамазон ойининг йигирма еттинчига ўтар кечасидир, дейишган. Жобир ибн Абдуллохдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Мен Қадр кечасини билдим. Сўнг у менга унуттирилди. У рамазон ойининг охирги ўн кунидаги кечаларнинг биридир. У кеча очиқ, ярқираган бўлиб, иссиқ ҳам, совуқ ҳам эмас, гўё ойи бор кечага ўхшайди, у кечада тонг отгунча шайтонлар инсонлар ҳузурига чиқмайди», деганлар (Ибн Абу Осим Набил ривояти). Қадр кечасини бундай яширишнинг ҳикмати ўлим вақтини ва қиёмат келишини яшириш ҳикмати кабидир. Қадр кечаси бандалар тоат-ибодатга рағбат ва ҳаракатни кучайтириши, ғофил ва дангаса бўлмаслиги учун яширилган.