A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
081. Таквир сураси тафсири
PDF Босма E-mail
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 29.
Тартиб рақами: 81.
Сура маъноси: ўраб қўйиш.
Сура фазилати: Ибн Умар розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Ким қиёмат кунига ишонч кўзи билан назар солишни хоҳласа, “изаш-шамсу куввирот” (Таквир), “изас-самааун-фаторот” (Инфитор) ва “изас-самааун-шаққот” (Иншиқоқ суралари)ни ўқисин” (Имом Термизий ривояти).
Бисмиллаҳир-роҳманир-роҳийм
1. Қачон Қуёш ўраб қўйилса...
Қиёмат куни дунёда тинмай зиё сочиб турган улкан Қуёш худди копток каби ўраб қўйилади. Биз бунга имон келтирамиз. Аммо унинг қандай кечишини билмаймиз.
2. Юлдузлар тўкилиб тушса...
Ўша куни юлдузлар сочилиб кетиб, уларнинг ёруғлик таратиш хусусияти буткул йўқолади.
3. Тоғлар қимирлатилса...
Тоғлар ўрнидан силжитилиб, зарраларга айлантирилади ва ҳавода чанг каби учиб юради.
4. Ўн ойлик (боласи бор) бўғоз туялар қаровсиз қолдирилса...
Ҳомиласи ўн ойлик бўлган, туғишига оз қолган буғоз туя араблар наздида энг қийматли ва севимли нарса бўлиб келган. Демак, қиёмат куни банда ўзи учун энг қадрли нарсаларни ҳам беъэътибор қолдирар экан.
5. Ваҳший (ҳайвон)лар тўпланилса...
Бу кун барча ҳайвонот олами бир жойга тўпланилади ва бир-бирларидан қасос олиб берилади. Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ҳатто пашша каби кичик ҳашоратлар ҳам ҳашр қилинар экан (Ибн Мунзир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
6. Денгизлар ёндирилса...
Биз одатда сувдан оловни ўчиришда фойдаланамиз. Қиёматда бу низом ва қоида бутунлай тескари кўриниш касб этади. Дарёлар, денгизлар ловуллаб ёнади!
7. Руҳлар жуфтлаштирилса...
Инсон вафот этганида унинг руҳи танасини тарк этади ва қиёмат куни яна инсон танасига қайтиб, бадан билан руҳ бирлашади[1].
8-9. Тириклайин кўмилган қиз қандай гуноҳи сабаб ўлдирилгани сўралса...
Жоҳилият даврида арабларда қиз фарзанд кўришни ўзига ор ва шармандалик санаб, уларни тириклайин кўмиш одати бор эди. Бечора қиз бола фақат аёл бўлиб туғилгани учунгина қатл қилинарди. Бу сабабсиз ўлдиришдир. Қиёматда ана шу хусусда ҳам бандалар ҳисоб қилинадилар.
10. Саҳифалар очилса...
Қиёматда ҳисоб қилиниш учун банданинг номаи аъмоли очилади. Шу маънода Ибн Журайж айтади: “Банда вафот этса, унинг саҳифаси ёпилади. У қиёмат куни очилади ва унда нима борлигига қараб ҳисоб қилинади”, деган (Ибн Мунзир ривояти).
11. Осмон сидириб олинса...
Қиёматда осмон жойидан қўпориб олинади ва осмоннинг ўзидан ҳам, унинг ғилофию шифтидан ҳам ном-ношон қолмайди.
12. Жаҳаннам қаттиқ қизирилса...
Аллоҳнинг душманлари қаттиқ азобланишлари учун бу кун жаҳаннам янада шиддат билан қиздирилади.
Қатода айтади: “Жаҳаннамни Аллоҳнинг ғазаби ва Одам болалари содир этган гуноҳлар қиздиради”.
13. Жаннат яқинлаштирилса...
Кофирлар учун жаҳаннам қиздирилаётган бир пайтда мўминлар учун жаннат яқинлаштирилади ва улар учун муҳайё қилиб қўйилади.
14. (Ҳар бир) жон нима тайёрлаганини билиб олади!
Қиёмат қоим бўлганидан дарак берувчи ҳодисалар юз берганида ҳар бир банда дунёда қилган яхши ва ёмон амалларини, солиҳ амалларидан қайси бири Аллоҳ тарафидан қабул қилингани ва қайсиниси рад этилганини билиб олади.
15-16. Кўздан ғойиб бўлувчи, яширинувчи (сайёра)ларга қасам...
Аллоҳ таоло ушбу оятларда кечаси кўриниб, кундузи кўздан ғойиб бўлувчи, ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турувчи сайёралар билан қасам ичмоқда.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу ушбу икки оят ҳақида: “Улар етти сайёрадир: Зуҳал, Баҳром, Уторид, Муштарий, Зуҳро, Қуёш ва Ой”, деган (Ибн Мардавайҳ ривояти).
17-18. Келиб-кетиб турган кеча ва отадиган тонгга қасамки...
Ушбу икки оятда эса шом пайтида кириб, тонггача давом этувчи тун, инсон ҳамда жамики мавжудотга тетиклик, руҳ олиб кирувчи тонг билан қасам ичилмоқда.
19-21. Албатта у карим, Аршнинг Соҳиби наздида қувватли ва ҳурматли, итоат этилувчи ва ишончли Элчининг сўзидир!
Аллоҳ таоло турли сайёралар, тун ва тонг билан қасам ичгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Қуръон тўқима ва уйдирма эмаслиги, у Парвардигори ҳузурида ҳурматли, куч-қувватли, улуғ мартабага эга, фаришталар томонидан итоат этилувчи, Аллоҳнинг амрини етказишда хиёнат, унутиш ва камчиликлардан холи бўлган элчи фаришта – Жаброил алайҳис салом орқали нозил қилинганини маълум қилмоқда.
22. Сизнинг Соҳибингиз мажнун эмас.
Бу ерда Аллоҳ суюкли Пайғамбари нолойиқ сифатлардан холи экани, Макка аҳли сифатини беш қўлдек биладиган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам мажнун эмасликларини таъкидламоқда.
23. Албатта уни очиқ уфқда кўрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳис саломни Машриқ томонда асл суратида кўрганлар.
Ибн Масъуд розийаллоҳу анҳу айтади: “У зот Жаброилни кўрганларида, унинг олти юзта қаноти бўлиб, уфқни тўсиб турарди” (Ибн Мунзир, Абдураззоқ ва Абд ибн Ҳумайд ривояти).
24. У ғайбга бахил эмас.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам осмон хабарига, ваҳийни етказишга бахиллик қилмайди, балки Аллоҳнинг каломи ва ҳукмларини бекаму-кўст етказади.
25. У тошбўрон қилинган шайтоннинг сўзи эмас.
Ушбу Қуръон илоҳий хабарларни хуфёна эшитувчи, юлдузлар билан уриб туширилувчи жин ёки шайтонларнинг сўзи эмас. Қурайшийлар айтганидек, Қуръон шер ҳам, коҳинлик ҳам эмас. У Аллоҳнинг Каломидир!
26. Бас, сизлар қаерга кетяпсизлар?!
Қуръон оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинганини билиб туриб ҳам қаерга кетаяпсизлар?! Қуръон йўлидан бошқа яна қандай йўлга юрмоқчисизлар?!
27. У оламлар учун эслатмадир.
Қуръон йўлидан бурилиб қаерга ҳам борардинглар?! Ваҳоланки, у бутун инсониятга эслатма ва насиҳат-ку!
28. Орангиздаги собитқадам бўлишни хоҳлаганлар учун (эслатмадир).
Бу ерда аввал Қуръон ҳамма инсонларга ҳидоят эканини айтилиб, сўнгра улар ичидан ҳидоят ва тўғри йўлда юришни хоҳловчидар учунгина йўлбошчи ва дастуруламал экани таъкидланмоқда.
29. Сизлар фақат оламлар Парвардигори Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар.
Ҳамма нарса Аллоҳнинг иродасига боғлиқ, бандаларникига эмас. Мўмин банда бу эътиқодни қалбига чуқур сингдириб олиши лозим.
Салмон ибн Мусо ривоят қилади: “Қачонки “орангиздаги собитқадам бўлишни хоҳлаганлар учун (эслатмадир)” ояти нозил бўлганида, Абу Жаҳл: “Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Хоҳласак, собитқадам бўламиз. Хоҳламасак, йўқ”, деди. Шунда Аллоҳ таоло “сизлар фақат оламлар Парвардигори Аллоҳ хоҳласагина хоҳлайсизлар” оятини нозил қилди” (Ибн Жарир, Абд ибн Ҳумайд ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).

[1] Бошқа тафсирларда ушбу оятнинг бошқача таъвили келтирилган. Жумладан, Ҳасан Басрий: “Ҳар бир киши ўз гуруҳига – яҳудий яҳудийга, насроний насронийга, мажус мажусга, Аллоҳдан ўзга нарсаларга сиғинганлар бир-бирига, мунофиқ мунофиққа, мўминлар мўминларга қўшилади”, деган (“Зубдатут-тафосийр”).