A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
078. Набаъ сураси тафсири
PDF Босма E-mail
Нозил бўлган жойи: Макка
Ибн Зубайрдан ривоят қилинади: «Амма ятасаалун» Маккада нозил қилинган» (Ибн Мурдавайҳ ривояти. Байҳақий ва Ибн Зубайр Абдуллоҳ ибн Аббосдан шу маънода ривоят қилишган).
Оятлар сони: 40
Тартиб рақами: 78
«Набаъ» сўзи «хабар, маълумот» маъносини англатади. Суранинг номи иккинчи оятдаги «улуғ хабар» сўзидан олингандир. Шунингдек, ушбу сура биринчи оятдаги илк сўзни ҳисобга олиниб, «Амма» сураси деб ҳам аталади.
Ушбу суранинг аввалида Макка мушриклари Охиратда ҳисоб қилинишни масхара қилиб, ўзаро бир-бирларига савол қилишлари ва бу борада улар турли фикрда эканликлари айтилиб, ундан сўнг Охиратнинг ҳақ эканига, Қиёмат қоим бўлишига далолат қилувчи ақлий далиллар ва ундан сўнг Қиёмат кунида бўладиган воқеа-ҳодисалар келтирилади. Ўша куни кофир ва гуноҳкор кимсаларнинг аҳволи танг бўлиши, уларга қилиб ўтган ишларига муносиб тарзда жазо берилиши айтилиб, унинг кетидан тақводор мўмин бандалар кўрадиган неъматлар ҳақида айтилади. Бу неъмат ва яхшиликлар Аллоҳ тарафидан экани эслатилади.
Шундан сўнг Қиёмат куни ҳақ экани, унинг содир бўлишида ҳеч қандай шубҳа йўқлиги, ким хоҳласа, Аллоҳга тоат билан қайтиши, бу айтилаётганлар яқин орада келадиган азобдан огоҳлантириш экани, Қиёматда ҳар бир инсон ҳаётлик чоғида қилган яхши ва ёмон амалларига назар солганида, кофир банда ўзи учун тайёрлаб қўйилган азоб-уқубатларни кўриб, ундан қутулиб қолиш учун худди ҳайвонлар каби тупроққа айланиб қолишни орзу қилиши ҳақидаги оят билан якунланади.
Энди Аллоҳнинг мадади ва тавфиқи билан сура тафсирига киришамиз.
1. Улар бир-бирларидан нима ҳақида сўрамоқдалар?
Макка мушриклари бир-бирларидан инкор маъносида нима ҳақида сўрамоқдалар, бир-бирлари билан нима ҳақида суҳбатлашмоқдалар?
Ҳасан Басрий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ тарафидан Пайғамбар қилиб юборилиб, уларга Аллоҳнинг тавҳидини, ўлимдан кейин қайта тирилиш борлигини баён қилиб, уларга Қуръондан оятлар ўқиб берганларида, улар бир-бирларига: «Муҳаммад нима олиб келибди?» қабилида савол бера бошладилар. Шунда мазкур оят нозил бўлган»(Ибн Жарир ва Ибн Абу Ҳотим ривояти).
Айтилишича, бу ердаги сўровчилардан мурод икки тоифа –  мўминлар ва кофирлардир. Уларнинг барчаси Қиёмат куни ҳақида савол қилишарди. Мўминларнинг ундан қўрқуви кўпайиб, тайёргарлиги кучаяр, кофирлар эса истеҳзо ва масхара билан кифояланар эдилар (Муҳаммад Саййид Тантовий, «Ал-Васит»).
Лекин Ҳасан Басрий томонидан билдирилган фикр кучли саналади. Жумҳур муфассирлар ҳам аввалги фикрни маъқул кўришган.
Макка мушриклари нима ҳақида савол қиаётганларининг жавоби келаси оятда келтирилади.
2. Улуғ хабар ҳақида (сўрашмоқда).
«Улуғ хабар» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган, шаъни улуғ, аҳамияти катта бўлган хабардир. Қатода: «Улуғ хабар − қайта тирилишдир», деган. Яъни  улар бир-бирларидан улуғ бир хабар[1] – ўлгандан сўнг Қиёмат куни қайта тирилиш ҳақида сўрашмоқда. Аммо улар билмаганларини билиб, ўзларида илм ҳосил қилиш учун эмас, балки инкор ва истеҳзо маъносида шундай қилмоқдалар.
Аввалги оятда савол қилишиндан мақсад кишилар диққатини маълум бир нарсага қаратишдир. Агар тўсатдан: «Улар улуғ хабар ҳақида (сўрашмоқда)», дейилса, бунга кўпчилик эътиборсизлик билан қараши мумкин. Агар аввал савол қилинса, кишилар: «Нима ҳақида сўрамоқда экан, ким сўрабди?» каби саволлар билан қизиқиб масалага аҳамият билан қарай бошлайдилар.
3. Улар у ҳақида ихтилофдадирлар.
Макка мушриклари ўзлари сўраётган нарсалари ҳақида ихтилофдадирлар. Баъзилари: «Ўлгандан сўнг қайта тирилиш бўлиши мумкин эмас», дер эди. Қуръони Каримда бундай тоифалар тилидан шундай дейилади: «Ҳаёт фақат (шу) дунёдаги ҳаётимиздир. (Айримларимиз) ўлсак, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз» (Мўминун, 37). Яна бошқалари бунга шубҳа билан қарар эдилар. Улар ҳақида шундай дейилади: «Қачон (сизларга): «Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ростдир. (Қиёмат) Соати шак-шубҳасиздир», дейилса, сизлар: «Биз у соат нима эканини билмаймиз, фақат гумон қиламиз, холос. Биз (Қиёмат соати келишига) аниқ ишонувчи эмасмиз», дединглар» (Жосия, 32). Яна бошқа тоифалар қайта тирилишни масхара қилиб кулар эди.
Демак, мушриклар Қиёмат ҳақида турли хил фикрларни айтиб, ихтилоф қилишган. Оятдаги «ихтилоф» сўзи мана шу маънони англатади.
4. Йўқ! Улар яқинда биладилар.
Йўқ! Иш Макка мушриклари айтаётганчалик эмас. Қайта тирилиш бўлмайди, Қиёмат қоим бўлмайди, деганлари ёлғондир. Балки Қиёмат ҳақ, ҳисоб-китоб ҳақ ва унинг содир бўлиши ҳам ҳақдир. Сизлар, эй мушриклар, яқинда – жонларингиз таналарингиздан чиқарилаётганда ёки Қиёмат куни амалларингиз ҳақида ҳисоб қилинаётганингизда − унинг асл ҳақиқатини, ўзларингиз бугунги кунда инкор қилиб турган, айни пайтда у ҳақида бир-бирларингизга савол қилаётган нарсанинг ҳақ эканини билиб оласизлар.
Араб тилида «каллаа» сўзи юқорида зикри келган нарсаларни бутунлай инкор қилиш маъносини англатади. Аввал салбий нарсалар зикр қилиниб, тўсатдан ижобий нарсалар зикрига ўтилса ёки аксинча бўлса, иймон ва куфр, жаннат ва жаҳаннам зикрлари келганида, асосан, мана шу сўз қўлланилиб, шундан сўнг нима ҳақ-у, нима ботил экани баён қилинади.
5. Яна бир бор, йўқ! Улар яқинда билиб оладилар.
Бу таъкидлаш учун қайтарилмоқда. Яъни  яна бир бор, йўқ, сизлар инкор қилаётган, бўлиши мумкин эмас деяётган Қиёмат ва у Кунда қайта тирилиш ҳамда ҳисоб қилиниш бордир. Уни яқин орада аниқ билиб оласизлар.
Қуръони Каримда савол-жавоб маъносида келадиган, аҳамиятли ёки қатъият билан таъкидланадиган сўз ва жумлалар кетма-кет такрорланиши кўп учрайди. Бунга мисол қилиб бир неча оятларни келтириш мумкин. «(Эй инсон,) Сен Ҳисоб Куни нима эканини қаердан биласан! Яна сен Ҳисоб Куни нима эканини қаердан ҳам билар эдинг!» (Инфитор, 17-18). «Албатта сизлар жаҳаннамни кўрасизлар. Сўнгра, албатта, уни аниқ кўз билан кўрасизлар» (Такосур, 6-7).
Бу Қуръони Каримнинг ўзига хос услубидир.
Макка мушриклари қайта тирилишни инкор қилишлари баён қилингач, энди Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи, У Зот йўқдан бор қилиб, уларни қайта ярата олишига ҳужжат бўладиган тўққизта ақлий далилларни келтиришга ўтилади. Бу нарсалар бежизга халқ қилинмаган. Зеро, қайта тирилишни инкор қилиш дунёдаги махлуқот ва яратилган нарсалар бекорга жорий қилинганини даъво қилишдан бошқа нарса эмас.
6-7. Биз Ерни тўшак ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!
Бу ердаги савол таъкидни билдиради. Яъни  манавилар қандай қилиб қайта тирилишни инкор қиладилар. Ахир улар Аллоҳнинг чексиз қудрати, У Зотнинг илми ҳар нарсани иҳота қилиб туриши ва Унинг ҳикматига ҳар лаҳзада гувоҳ бўлиб турибдилар-ку?! Улар Ерга бир назар солсинлар. Аллоҳ одамлар фойдалансинлар деб, уни худди бир тўшакдек юмшоқ ва мулойим ҳамда бешикдек қулай қилиб қўйган-ку!
Бу ерда ажойиб бир ўхшатиш қилинмоқда. Тўшак (арабчаси «миҳаадаа») аслида чақалоқ бола ётиши учун тайёрланган ўринни, яъни бешик маъносини англатади. Ер ҳам инсонлар унда макон тутиб, фойдаланишлари ва ҳаёт кечиришлари учун қулай қилиб қўйилгани назарда тутилиб, у гўё «тўшак»ка ўхшатилмоқда.
Ҳақиқатан, Ер ва унинг тузилиш, ундаги қулайликлар ҳақида ўйлаб кўрган киши ушбу оятнинг нақадар ҳақлигига амин бўлади. Ер коинотдаги кичик сайёралардан бири бўлишига қарамай, у инсон ҳаёт кечириши, тирикчилик қилиш, экин экиши, яшаши ва макон тутиши учун Аллоҳ томонидан ўта қулай қилиб қўйилгандир. Коинотдаги бошқа сайёраларда бу ҳолатни кузатиш қийин. Ерни қулай қилиб қўйилганини қуйидагилардан кўриш мумкин:
Ерда инсон учун энг муҳим бўлган, нафас олишини таъминлайдиган ҳаво мавжуд.
Ер ўзининг унумдорлиги билан одамларга деҳқончилик ва шунинг орқасидан тирикчилик қилиш имконини беради. Чунки Ер кавлашга осон ва унда унумдорлик бор. Бандалар ибрат олишлари учун ернинг баъзи қисмлари унумсиз ва қаттиқ қилиб қўйилади.
Ерда турли минтақа ва юртлардаги одамлар фойдалансинлар деб, анҳор ва дарёлар чиқариб қўйилган. Чучук сув ва ундан фойдаланиш енгил қилинган.
Ернинг қулай қилиб қўйилганини озон қатлами мисолида яққол кўришимиз мумкин. Ердан тахминан 20-25 км тепада жойлашган ушбу қатлам махлуқотларни осмондан келадиган турли зарар етказувчи нарсалардан – зарарли нур ва баъзи кичикроқ самовий жисмлардан ҳимоя қилиб туради.
Ернинг тўшак ва қулай қилиб қўйилганини бундан бошқа нарсаларда, ҳаётдаги ҳар бир яратилган нарсада кўриш мумкин. Фақат бунинг учун бандадан ибратли назар ва салим ақл талаб қилинади.
«Ва тоғларни қозиқлар қилиб қўймадикми?!»
Ва У Зот Ер сизларни ва бошқа махлуқотларни силкитиб, остин-устин қилиб юбормаслиги учун тоғларни Ер учун қозиқ қилиб қўйгандир. Бу ҳақида бошқа оятда айтилади: «Сизларни тебратиб юбормаслиги учун Ерда тоғларни барпо қилди» (Луқмон, 10).
Таржимада «қозиқ» деб ифодаланган сўз аслиятда «автаадаа» тарзида келтирилган. Мазкур сўз чодирнинг четларини маҳкам ушлаб туриши учун қоқиб қўйиладиган қозиқ маъносини ифодалайди. Тоғлар ҳам Ерни жуда қаттиқ силкиниб, махлуқотларни ҳалок қилмаслиги учун уни қозиқ каби мустаҳкам ушлаб туради.
Сув юзасидаги «тоғ»лар, яъни айсберглар каби Ердаги тоғлар ҳам ўзига тўрт ярим баробар келадиган илдизга эга бўлар экан. Буни замонавий илм тасдиқлаган.
Ушбу оятлардан Қурайш кофирларининг бир-бирларидан сўраган нарсалари Қуръон ҳақида эмас, қайта тирилиш ҳақида бўлгани келиб чиқади (Аш-Шавконий, «Фатҳул қодир»).
Ушбу ва бундан кейин келадиган Аллоҳнинг қудратига ишора қилувчи оятлардан: «Аллоҳ таолонинг бу ишларни қилиши осондир. Бунинг олдида Қиёмат кунида ўликларни қайта тирилтириб, уларни ҳисоб қилиш ундан ҳам осондир», деган маъно келиб чиқади.
8. Биз сизларни жуфт қилиб яратдик.
Аллоҳ таоло бутун махлуқотни, хусусан, одамзотни, бир-бирига таянч ва қувват бўлиши, қалби таскин топиши, ҳаётда бир-бирига ҳамроҳ бўлиши ва наслнинг давомийлигини сақлаб қолиши учун жуфт-жуфт қилиб, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Аллоҳ таоло айтади: «Унинг оятларидан (яна бири) – У Зот сизлар учун ҳамдам бўлишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир» (Рум, 21).
9. Биз уйқуларингизни ором[2] қилдик.
Аллоҳ уйқу ҳолатини сокин ва оромбахш, инсонлар бадани, асаблари тин оладиган, тирикчиликнинг серташвиш юмушларидан бироз хордиқ чиқарадиган соат қилиб қўйди. Бусиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Одам танаси қувват олиши учун уйқунинг аҳамияти беқиёсдир. Аммо Аллоҳ ана ўша уйқуни ором вақти қилиб қўймаганида, инсон боласи кундузи фаолият олиб боришдан тўхтаган ва бу билан унинг ҳаёти издан чиққан бўлар эди.
Бу неъматнинг қадрига етишлари учун баъзида Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати билан бандалари орасидан маълум кишиларни кечасидаги уйқудан маҳрум қилиб, уларни уйқусизлик касали билан синайди. Ёки баъзи ҳолларда кеча ухламасликка тўғри келиб, бедор бўлиб чиқиш ҳолатлари бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда киши кундузи беҳол, бемажол бўлиб, бирон ишга кириша олмай, ўзини мадорсиз ҳис қилиб юради.
Биз таржимада «ором» деб ифодалаган сўз арабий матнда «субаатаа» деб келтирилган. Мазкур сўз аслида «тўхташ, узилиш; сокинлик» маъноларини англатади. Сабаби уйқу пайтида инсоннинг бадани ҳаракатдан тўхтайди, кўриш, эшитиш, ҳид, таъм билиш, терининг иссиқ-совуқни ва кучсиз оғриқни сезиш хусусияти, деярли, йўқолади. Барча асаб ҳужайралари дам олади, уйқу ҳолатида ҳатто нафас олиш ва юрак уриши ҳам маълум даражада секинлашади. Шунингдек, фикрлаш, онг, ақл юритиш, ташқи таъсирларга жавоб қайтариш, ўзгаришларни сезиш ва улар ҳақида хулоса чиқариш каби қобилиятлар ҳам йўқолади. Мана шу нарсалар уйқунинг ором вақти эканини англатади.
Ушбу оятга Муҳаммад Саййид Тантовий «Ал-Васит» номли тафсирида: «Уйқуларингизда ором олиб, сўнг ундан уйғонишингиз худди ўлгандан сўнг қайта ҳаётга қайтарилишингизга ўхшайди», деб маъно берилган. Ҳақиқатан, уйқу на ўлим, на тирикликдир. Бу ҳақида тафаккур қилган банда Қиёматда қайта тирилиб, ҳисоб қилиншга аниқ иймон келтиради.
10-11. Биз кечани либос ва кундузини эса тирикчилик (вақти) қилдик.
Худди либос баданни ёпиб, беркитиб тургани каби тун ҳам ўз зулмати билан барча нарсани, хусусан, инсонларни кўздан беркитиб туради. Шу сабаб ҳам ояти каримада тун либосга ўшатилмоқда.
«Ва кундузини эса тирикчилик (вақти) қилдик».
Аллоҳ тунни махлуқотлар учун уйқу вақти, кунни эса тирикчилик ишларини олиб борадиган, ризқ талабида ҳаракат қиладиган, касб-кор билан шуғулланидаган пайт қилиб қўйгандир.
Кундузи ҳамма ёқни қуёш ёритиб туради. Маълумки, Қуёш нурлари барча махлуқотлар, инсону ҳайвонот олами, хусусан, ўсимликлар учун, уларнинг ҳаёти ва тирик туриши учун ўта муҳимдир. Кундузни тирикчилик вақти қилиб қўйдик, дейилганда мана шу нарса ҳам назарда тутилади.
Тун ва кун ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи очиқ аломатлардандир. Агар тун ёки кунни абадий қилиб қўйганида, яъни доимо кун ёки доимо тун қилиб қўйганида, ҳеч ким тунни кунга, кунни тунга алмаштира олмас эди. Демак, тундан сўнг кунни келтириш Аллоҳ учун осондир. Охират кунида жамики махлуқотларни қайта тирилтириб, уларни ҳисоб қилиш У Зот учун бундан ҳам осондир.
Шундан сўнг бандалар эътибори осмондаги мўъжиза ва аломатларга қаратилади:
12. Устларингизга етти мустаҳкам (осмон)ни бино қилдик.
Аллоҳ таоло одамларнинг устларида етти мустаҳкам ва баланд осмонларни бино қилди. Осмонларнинг мустаҳкамлиги шундайки, улар ўз жойига маҳкам ўрнашган бўлиб, шунча давр ва замон ўтишига қарамай, Аллоҳнинг изни бўлмагунича завол топмайди, бирон ерга силжимайди ва махлуқотларнинг устига тушиб кетмайди.
Мана шу етти мустаҳкам осмон Ер ва унда яшайдиган махлуқотлар, хусусан, инсонлар билан чамбарчас боғлиқдир. Уларнинг тадбири эса Қодир Аллоҳнинг қўлидадир.
13. Ва чарақлаб турувчи чироқни (пайдо) қилдик.
Жамики маълуқотлар манфаат олишлари учун Аллоҳ таоло зиёси ва ҳарорати ўта кучли бўлган Қуёшни яратди.
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига далолат қилувчи энг катта аломатлардан саналади. Бу ерда уни «чарақлаб турувчи чироқ» деб айтилмоқда. Ҳозирги ривожланган илм-фан бу нарсанинг сирини очди. Қуёшни замонавий телескоп орқали кўрилса, у худди ўзидан олов чиқараётган машъалага ўхшар экан.
Ана ўша чарақлаб турувчи Қуёш фақат Ер аҳли учун яратилгандир. Қуёш ҳам коинотдаги осмон жисмларидан бири саналади. Аммо Қуёш ўртача катталикдаги юлдуз бўлиб, бошқа сайёраларга қараганда Ерга анча яқин жойлаштирилгандир. Унинг Ерга нисбатан аниқ ўлчам ва ҳисобда жойлаштирилгани ва ернинг у атрофида айланишининг ўзи кишини иймонга келиши учун кифоя қилади.
Аллоҳ таоло бежизга бу ерда Қуёшни алоҳида зикр қилмаган. Сабаби Қуёш Ердаги жамики мавжудотнинг яшаши учун ўта муҳим омиллардандир. Масалан, Қуёш сўнса ёки бутунлай йўқ бўлса, шу заҳоти ерни зулмат қоплаб олади, изғирин совуқ шамол эса бошлайди. Тахминан, бир ҳафталар ичида дарё ва денгизларнинг суви музлаб, кейинчалик бутун ер юзини музликлар қоплаб олади. Бу эса махлуқотларнинг ҳалокатга учрашига сабаб бўлади. Демак, Қуёш беҳисоб неъматлар ичидаги энг катта неъматлардан бири экан. Бунинг эвазига бандалар, Макка мушрикларига ўхшаб, ўлгандан кейин қайта тирилишни инкор қилмасдан, аксинча шукр қилиб, уни яратган Зотга ҳақиқий ибодат қилишлари керак.
Ўша Қуёшнинг фойдаларидан бири денгиз ва дарёларидан сувни буғлатиб, ёмғир ҳосил қилишидир. Қуйидаги оятда шу ҳақида айтилади:
14. Биз сиқиб чиқарувчи (булут)лардан кўп миқдорда сув ёғдирдик.
Аллоҳ таоло махлуқотлар учун ёмғирли булутлардан кўп миқдорда баракали ёмғир ёғдиради. Бу ҳам ҳар бир махлуқотнинг ҳаётида катта аҳамиятга эгадир. Зеро, сувсиз ҳаёт бўлиши мумкин эмас. Сув махлуқотларнинг ризқига сабаб бўлувчи бош омилдир. Зориёт сурасида «Осмонда сизларнинг ризқингиз ва сизларга ваъда қилинган нарса бордир», дейилган.
Келаси икки оятда нима сабабдан ёмғир ёғдирилиши айтиб ўтилади.
15-16. У (ёмғир) сабабли дон ва ўсимлик ҳамда бир-бирига қўшилиб кетган боғларни чиқаришимиз учун (шундай қилдик).
Яъни  Биз Ердан одамлар ейдиган ва захира қилиб қўядиган ҳамда чорваларига едирадиган дон – буғдой, шоли, арпа, жўхориларни, ўсимлик ва гиёҳлар, турли хилдаги дарахтлардан иборат бўлган, таъми ва ҳиди, ранги ҳар хил бўлган мевалардан иборат қуюқ боғларни чиқариш учун осмондан кўп миқдорда ёмғир ёғдирамиз.
Аллоҳ таоло «ўлик» ерга жой киритиб, яъни осмондан ёмғир ёғдириб, шундай нарсаларни яратишга қодир экан, қандай қилиб ўлган нарсаларни қайта тирилтириб, уларни ҳисоб қилишга қодир бўлмасин? Ҳар бир ақлли банда буни инкор қилиши мумкин эмас.
Юқорида санаб ўтилган нарсалар – Ернинг инсон яшаши учун мослаб қўйилгани, тоғларнинг қозиқ қилиб қоқиб қўйилгани, бандаларни жуфт қилиб яратилгани, уйқуни ором, тунни либос ва кунни тирикчилик олиб борадиган вақт қилингани, одамлар устига етти мустаҳкам осмонни барпо қилингани, чарақлаб турувчи қуёшнинг яратилиш ва осмондан сув туширилиши − буларнинг ҳамма-ҳаммаси бир-бирига боғлиқ, бир тизим ва бир илоҳий қонун асосида яратилган ва ўша қонун асосида ўз вазифасини адо қилувчидир. Бу нарсаларнинг ортида Бир Яратувчи, табдир қилиб турувчи, уларни бошқариб турувчи Зот борлиги аниқ. Улар ўз-ўзидан шундай бўлиб қолмаган. Балки  ҳаммаси аниқ мақсад ва вазифа билан яратилган. Демак, шу нарсаларни яратган Зот – Аллоҳ таоло Қиёматда бандаларини ҳисоб қилишга Қодирдир.
Аллоҳ таоло мушриклар Қиёмат кунини ёлғонга чиқаришгани, бу ҳақида ихтилофга боришганини баён қилиб, Қиёматнинг содир бўлишига ақлий далиллар келтиргач, энди улар ихтилоф қилиб, у ҳақида бир-бирларига савол қилишаётган кун – Қиёмат кунида содир бўладиган баъзи ҳодисаларни келтиради.
17. Албатта, ажрим куни белгиланган вақт бўлди.
Инсонлар беҳуда яратилганлари йўқ. Уларга неъматларни берган Зот энди уларни беҳуда тарк қилиб қўймайди, кимдир иймон келтириб, яхшиликлар қилган, кимдир куфр келтириб, Ер юзида турли бузғунчиликларни содир этган, кимдир зулм қилган, яна кимдир зулм кўрган. Йўқ! Буларнинг ҳеч қайсиси изсиз кетмайди, ўлиб тупроққа айланиш билан якунланмайди, балки ҳали ҳисоб бор, мукофот ёки жазо бордир. Бу кун Қиёмат кунидир! Бу кун Охират кунидир!
Қиёмат куни яхши билан ёмон, ҳақ билан ботилнинг ўртаси  ажратиладиган, ҳисоб ва ҳукм қилиниш Куни бўлиб, унинг қачон қоим бўлиши Аллоҳнинг даргоҳида тайин қилингандир, қатъий белгилаб қўйилгандир. Бу илмни Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Қиёматнинг содир бўлиши бир кун олдинга ҳам, ортга ҳам сурилмайди. У Кунда Аллоҳ аввалгилар ва охиргиларни бир жойга тўплаб, амалларига яраша ҳисоб қилади. Бас, бандалар ушбу Кунга тайёргарлик кўрсинлар.
У кунда коинотнинг низоми бузилиб, Аллоҳнинг изни билан баъзи ҳодисалар юз беради. Жумладан,
18. У кунда сур чалиниб, сизлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб келасизлар.
«Сур» пуфлаш асбоби бўлиб, биз унинг қандай сифатга эга экани ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Бу билан машғул ҳам бўлмаймиз. Чунки бу нарса иймонимизни зиёда қилмайди. Зеро, бу ғайб илмидандир. Фақат ўша куни сур чалинишига иймон келтирамиз, холос.
Ана ўша Кунда сур чалишга тайинланган фаришта Исрофил алайҳиссалом Аллоҳ таоло амри билан сур чалгач, одамлар қабрларидан туриб гуруҳ-гуруҳ, бўлиб, турли ҳолат ва шаклда ҳисоб қилиниш учун маҳшаргоҳга келадилар.
Бу ердаги сур чалиниш иккинчисидир. Биринчи бор сур чалинганида барча жонзотлар ўлади ва кейингисида Қиёматгача бўлган жамики бандалар қабрларидан туриб – қайта тирилиб, Аллоҳнинг ҳузурига йўл оладилар. Бирон киши у ерга боришдан бош торта олмайди. Ҳамма Аллоҳнинг ҳузурида тўпланади.
19. Осмон очилади ва эшикларга айланади.
Ўша Кунда мустаҳкам осмоннинг кучли тизгини очилади, улкан борлиқнинг низоми бузилиб, осмон бўлакларга бўлинади ва худди очиқ эшикларга ўхшаб қолади.
Баъзилар: «Осмон ёрилиб, турли йўлларга бўлинади ва ундан фаришталар тушиб келадилар», дейишган. Уларнинг далили қуйидаги оятдир: «(Эй Муҳаммад,) осмон булутлар билан ёрилиб, (барча) фаришталар тушириладиган (Қиёмат) Кунини (эсланг) (Фурқон, 25).
Айтилишча, осмонда ҳар бир банда учун икки эшик бўлади: ризқ эшиги ва амаллар қабул қилинадиган эшик. Қиёмат қоим бўлганида ўша эшикларнинг барчаси очилади.
Эътибор беринг, юқорида осмонга «мустаҳкам» сифати берилган эди. Бу ерда эса ўша мустаҳкам осмон очилиши ва худди очиқ турган эшикларга айланиши айтилмоқда. Бундан Қиёматнинг содир бўлиши, у куннинг даҳшати ва қўрқинчи жуда қаттиқ экани келиб чиқади.
20. Тоғлар учирилиб, саробга айланиб қолади.
«Сароб» аслида чўлдаги чанқаб турган одамнинг кўзига сув бўлиб кўринган, ёнига яқинлашганда ҳеч нарса бўлиб чиққан нарсадир. Ушбу оятда айтилишича, Қиёмат кунида ўзининг улканлиги ва пирвиқорлиги билан одамларни ҳайратга солиб келадиган, дунёда Ерни силкиниб кетишидан сақлаб турадиган катта тоғлар ҳам саробга, майда жисмларга, кичик зарраларга айланиб қолар экан. У тоғлар шундай майда зарраларга бўлиниб кетганидан узоқдан қараса, бир нарсага ўхшаб кўринса ҳам, яқинлашганда ҳеч нарсадек бўлиб қолади. Мана шу нарса тоғларнинг саробга айланишидир.
Тоғларнинг бундай аҳволга тушиши бошқа оятларда шундай ифодаланган: «Тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланиб қолади» (Воқеа, 5-6).
Энди Қиёмат кунида кофир ва мушрикларнинг ҳоли не кечиши айтилади:
21. Албатта, жаҳаннам кўз тикиб турувчидир[3].
«Жаҳаннам» Охират куни кофир ва осий бандалар азобланадиган жойнинг номидир.
Ўша Қиёмат кунида жаҳаннам қаттиқ қиздирилиб, ёмон амаллари билан ўзига тушувчиларни кўз тикиб, илҳақлик билан, худди сергак пойлоқчи каби кутиб туради. Жаҳаннамдаги азоб берувчи фаришталар  ҳам у ерга тушадиган осий бандаларни азоблашга шайланиб турадилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Жаҳаннам кўприги устида етти тўсиқ бўлиб, уларнинг биринчисида банда шаҳодат калимасидан сўралади. Агар тўлиқ жавоб берса, иккичисига ўтказилади. У ерда намоз ҳақида сўралади. Агар тўлиқ жавоб ерса, учинчисига ўтказилади. У ерда закотдан сўралади. Бунга ҳам мукаммал жавоб берса, тўртинчи тўсиққа ўтишга рухсат берилади. Унда банда рўзадан сўралади. Агар тўлиқ жавоб берса, бешинчисига ўтказилади. Унда ҳаждан сўралади. Бу ерда ҳам тўлиқ жавоб берса олтинчи тўсиққа ўтишга изн берилади ва у ерда банда умра ҳақида сўроқ қилинади. Бунга ҳам тўлиқ жавоб берса, еттинчисига рухсат этилади ва у ерда банда зулм ҳақида сўралади. Агар зулм қилган бўлса, ўша ҳақида сўралади, акс ҳолда, «унинг амалларига қаранглар, агар нафллари бўлса, ўша билан амалларини тўлдиринглар», дейилади. Ундан фориғ бўлгач, у банда жаннатга олиб кетилади (Ҳусайн Ибн Масъуд ал-Бағавий, «Маолимут танзил»).
Хўш, ўзига тушувчиларни азоблашга тайёр бўлиб шайланиб турган жаҳанамга кимлар тушади.

22. (У жаҳаннам) туғёнга тушувчилар учун макондир.

Ҳа, Аллоҳнинг амрини четлаб ўтиб, туғёнга кетган, ўз ҳавойи нафси билан овора бўлиб, ўз ҳолича, хоҳлаганича ҳаёт кечириб ўтган, Раббиларига куфр ёки ширк келтирган, пайғамбарларини ёлғончига чиқарган, мункар ишларни содир этган исёнкор бандалар учун ана ўша кўз тикиб турган жаҳаннам макон бўлади.
Ҳасан Басрий ва Қатодалар: «Ҳар бир банда жаҳаннамдан ўтмагунича жаннатга кирмайди. Агар унга рухсат берилса, нажот топади. Акс ҳолда жаҳаннамда ушлаб қолинади», дейишган («Тайсиру ибн  Касир»).
23. Улар у ерда узоқ замонлар[1] қоладилар.
Туғёнга кетганлар жаҳаннамга тушишгач, у ердан чиқиб кетишмайди, балки узоқ замон мобайнида, яъни абадул-абад, ниҳояси ва чек-чегараси бўлмаган муддатгача шундай азоб-уқубатларни тортадилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд айтади: «Агар аҳли жаҳаннамлар дўзахда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида эди, хурсанд бўлар эдилар. Агар аҳли жаннатлар жаннатда дунёда турганчалик муддат туришларини билганларида эди, маҳзун бўлар эдилар»(Ҳусайн Ибн Масъуд ал-Бағавий, «Маолимут танзил»). Яъни  аҳли жаҳаннамлар жаҳаннамда оз муддат, дунёда яшаб ўтганларича миқдорда азобланишларини билганларида, азобимиз тезда ўтиб кетар экан, деб севинган бўлар эдилар. Агар жаннатийлар ҳам дунёда яшаб ўтганчалик туришларини билганларида эди, жаннатда бўлишимиз давомий эмас экан-да?! – деб хафа бўлар эдилар. Бу ерда кофирлар жаҳаннамга тушишгач, у ерда абадий қолишлари таъкидланмоқда.
24. Улар у ерда бирон салқинликни ҳам, бирон ичимликни ҳам тотмайдилар.
Исёнкор бандалар жаҳанамга абадий қоладиган бўлиб киришгач, у ерда турли-туман қийноқларга дучор бўладилар. Ана ўша азоблардан бири мана шу оятда айтилмоқда. Қаттиқ иссиқ бўлиб турган жойда одам салқин ичимлик ичишни хоҳлаб туради. Аммо уларга салқин берадиган ва чанқоқларини босадиган бирон ичимлик берилмайди. Балки
25. Фақат қайноқ сув ва йирингнигина (тотадилар).
Осийлар жаҳаннамда бирон салқинликни ҳам, чанқоқларини босувчи бирон ичимликни ҳам тотмайдилар, балки азоблари янада зиёда бўлиши учун қайноқлиги ўта юқори даражада бўлган, ичилганда томоқ ва қоринни куйдириб юборувчи сув ва аҳли жаҳаннамларнинг баданларидан куйиш натижасида оқиб тушадиган тер, қон ва йиринглардан иборат манфур бир суюқликни ичадилар. Бу нақадар ёмон ҳолат!
Ўша қайноқ сувнинг ҳарорати шу қадар кучли эканки, ривоятларда келишича, ундан ичаман деган кишининг юз териси шилиниб тушар экан. (Бу маънода Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилган. Ҳадиснинг санадини Ибн Мурдавайҳ чиқарган).
Хўш, улар нима сабабдан шундоқ азобларга гирифтор бўлмоқдалар. Бу уларга қилинаётган зулмми ёки ноҳақликми? Йўқ, балки...
26. (Бу уларнинг қилмишларига яраша) муносиб жазодир!
Аллоҳ уларга зулм қилиб, жаҳаннамга ташлагани йўқ, балки улар фақат дунёда содир этган қабиҳ қилмишларига яраша жазо олмоқдалар. Бежизга ёки сабабсиз азобланаётганлари йўқ. Бу қийноқлар уларга қилинган зулм ҳам, ситам ҳам эмас, балки муносиб жазодир. Зеро, куфр ва ширкдан катта гуноҳ йўқ, жаҳаннамдан улуғ азоб ҳам йўқдир!
Одам боласи туғилиши билан олдиндан жаннатий ёки жаҳаннамий деб белгилаб қўйилмайди. Балки унинг дунёда қилган ишларига қараб ҳисоб қилинади. Қуйидаги оятларда ўша исёнкор ва туғёнга кетган бандаларни қандай амаллари ва эътиқодлари жаҳаннамга азобига олиб боргани баён қилинади.
27. Улар ҳисоб-китобни умид қилмас эдилар[2].
Ўша исёнкор бандалар мункар ишларни содир этдилар, куфр келтирдилар, турли гуноҳ ва маъсият ишларни қилдилар. Сабаби улар Қиёмат кунига, Аллоҳнинг даргоҳига қайтишларига ва ҳисоб-китобга ишонмас, уни ёлғон дер, у Кунда ҳисоб қилинишда қўрқмас, оқибатлари аянчли хотима топишидан хотиржам эдилар.
Демак, ҳар бир мункар ва ҳаром иш банданинг Қиёмат кунига, у кунда ҳисоб бўлишига ишонмаслигидан, иймони йўқ эканидан келиб чиқар экан. Уларнинг ҳисоб Кунига ишонмасликлари натижасида нима келиб чиққани қуйидаги оятда айтилади:
28. Ва Бизнинг оятларимизни қаттиқ ёлғонга чиқарар эдилар.
Улар, шунингдек, Аллоҳнинг борлигига, Яккалигига, пайғамбарларнинг ҳақ эканига ва Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг даргоҳидан нозил қилинганига далолат қилувчи кўпдан-кўп ҳужжат ва далилларни қаттиқ инкор қилишар, куфрда оёқ тираб туриб олишар эди.
Аллоҳ таолонинг оятларини ёлғон дейишнинг ўзи бандани жаҳаннам ўтига олиб борувчи нарсадир. Энди у бутун умр ёлғонга чиқариб, ҳаётини ҳам шу бузуқ ақида асосида ўтказган бўлса-чи?! Бундай банда абадул-абад азобланишга муносибдир. Шу сабаб ҳам юқоридаги оятда улар кўраётган бу азоблар «муносиб жазодир» деб айтилмоқда.
29. Ваҳоланки, Биз ҳар бир нарсани ҳисоб қилиб ёзиб қўйганмиз.
Аллоҳ таоло илми шомил ва барча нарсадан кенгдир. У Зот бандаларнинг барча амалларини ҳисобга олиб қўйган, фаришталар уларнинг номаи аъмолларига дунёда айтган ҳар бир сўзларию қилган ишларини битиб, муҳрлаб қўйгандирлар. Шу сабаб улар дунёда содир этган гуноҳ ва жиноятларини «Биз қилмаганмиз», деб инкор қилишга қодир эмасдирлар.
Туғёнкор кофирлар жаҳаннамда ўз ёғларига ўзлари қовурилиб, минг бир азоб ичида тўлғаниб турганларида, уларга қарата шундай дейилади:
30. Бас, (эй кофирлар, жаҳаннамдаги азобларни) тотиб кўринглар! Биз сизларга азобдан бошқасини ҳаргиз зиёда қилмаймиз!
Яъни  осий бандалар жаҳаннамга кириб, у ерда азоб тортаётганларида, таҳқирлаш ва азобни янада ошириш мақсадида уларга қарата: бас, шундай экан, сизлар Бизнинг оятларимизга иймон келтирмай, Ҳақ Йўлни четлаб ўтиб, шайтонга, ҳавойи нафсларингизга мутеъ бўлган экансизлар, энди бунинг эвазига жаҳаннамдаги турли хил аламли, қаттиқ оғриқ берувчи азобларни, куфрингиз, фисқу фужур ишларингиз ва исёнингизнинг аччиқ оқибатини татиб кўринглар. Сизларга шу хилдаги азобдан бошқа нарса зиёда қилинмайди! – деб хитоб қилинади.
Азобда қийналиб турганларга бундан ортиқ аламли сўз айтилмаса керак. Бу азоблардан чиқиш ва халос бўлиши йўлини излаб турганларга, яна у ерда абадий қолишлари ва уларга азоб кўпайтирилиши ҳақида хабар қилиниши ва уларга хитоб қилиниб: «Бас, азобни тотиб кўринглар!» деб айтилиши кофирларнинг кўраётган машаққатларини минг баробар оширади. Бу эса уларга қўлланиладиган азобнинг бошқа кўринишидир. Аллоҳ таоло барчаларимизни бундоқ аянчли аҳволга тушишдан асрасин!
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: «Жаҳаннам аҳли ҳақида ушбу оятдан ҳам шиддатлироқ бирон оят нозил қилинмаган. Улар учун абадул-абад фақат Аллоҳнинг азоби зиёда қилинади», деган (Абд ибн Ҳумайд, Ибн Жарир ва Ибн Мунзир ривояти).
Ҳасан ибн Дийнор айтади: «Мен Абу Барза ал-Асламийдан Аллоҳнинг Китобида аҳли жаҳанамлар ҳақида айтилган энг шиддатли оят ҳақида сўраганимда, у «Бас, (эй кофирлар, жаҳаннамдаги азобларни) тотиб кўринглар! Биз сизларга азобдан бошқасини ҳаргиз зиёда қилмаймиз!» оятини тиловат қилди» (Имом Табароний, Ибн Мурдавайҳ, Ибн Мунзир, Абд ибн Ҳумайд ривояти).
Қуръони Каримнинг услубига кўра, Аллоҳ таоло кофир ва мушрик бандалар йўлиқадиган азоб-уқубатлар ҳақида хабар қилгач, энди бандалар орасидаги саодатманд кишилар – тақводор мўминлар кўрадиган мукофот ва неъматлар зикр қилинади.
31. Албатта, ютуқ тақводорларникидир.
Бу ердаги «ютуқ»дан мурод «жаннат» ва «Аллоҳнинг розилиги»дир. Яъни,  албатта, ютуқ − нажот ва жаҳаннам азобидан озод бўлиш ва жаннатга кириш Аллоҳ таолога ҳақиқий иймон келтирган, ўзини У Зот рози бўлмайдиган ҳаром ишлардан сақлаб юрадиган тақводор бандаларгагина хосдир. Фақат мана шундай бандаларгина Охиратда ютуққа, нажотга эришадилар. Зеро, чиройли оқибат тақво эгалариникидир!
Тақво ўзида бир неча сифатларни жамлайди. Аввало, Аллоҳ таолонинг борлигига, У Зотнинг Яккалигига иймон келтириш, куфр, ширк ва нифоқдан узоқ юриш, Аллоҳ буюрган амалларни ихлос билан бажариб, қайтарган нарсалардан ҳеч бир шубҳасиз тийилишдир. Тақвонинг умумий таърифи − шу. Аммо тақво юқорида саналган нарсалар ичига кирувчи кўплаб эътиқод, амал ва одобларни ўз ичига олади. Тақво ҳақиқий мўминнинг сифатидир. Банда Охиратда нажот топаман, деса, албатта, тақво билан сифатланиши лозимдир. Қиёмат куни нажот топиш фақат тафводорларга хос экани бошқа оятларда  шундай баён қилинган: «Сизлардан ҳар бирингиз унга (яъни жаҳаннамга) тушгувчидирсиз. (Бу) Раббингизга (яъни  У Зотнинг амрига биноан) вожиб бўлган ҳукмдир. Сўнг Биз тақводор бўлган зотларни (ундан) қутқарурмиз ва золим кимсаларни тиз чўккан ҳолларида (жаҳаннамда) қолдирурмиз» (Марям, 68-72).
Суранинг давомида нажот топадиган тақводор бандалар жаннатга кўрадиган неъматлар ҳақида айтилади.
32-33. (Улар учун жаннатда) боғлар ва узумлар ҳамда ёши тенг бўлган кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир.
Тақводор бандалар жаннатда турли ноз-неъматлардан баҳраманд бўладилар. Жумладан, улар учун тотли суви ва мевали дарахтлари бўлган гўзал боғлар, хурмо ва узумлар ва яна турли мевалар берувчи ажойиб дарахтлар бордир. Қайси мевадан ейишни хоҳласа, ҳеч қийналмай ундан узиб тановул қилаверади. Жаннат мевалари ўзига хос таъмга эгадир. Кўринишидан дунёдаги меваларга ўхшаса-да, лекин мазаси ва ҳузур бахш этиши мутлақо ўзгача. Жаннат мевалари мукаммалдир. Уларда ғўрлик, нуқсон, кўнгид айнитиш ва бошқа камчиликлар бўлмайди. Барчаси жаннатийларга хослаб тайёрлаб қўйилгандир.
Бу ерда боғнинг зикр қилинганидан сўнг мевалар ичдан узумнинг хосланишига сабаб у меваларнинг энг тотлиси, энг ширини ва бандалар учун энг севимлисидир.
«Ҳамда ёши тенг бўлган кўкраги бўлиқ (гўзал ҳур)лар бордир».
Ва жаннатийлар учун ҳусни-жамолда бир хил бўлган гўзал юзли, ўта чиройли, дуркун, тенг ёшдаги ҳурлар, соҳибжамол аёллар бордир. Улар кўзларини тиювчидирлар. Бошқаларнинг уларга нигоҳлари тушмайди. Жаннатийларни чодирларда кутиб ўтирадилар. Жаннат ҳурларига уларга эга бўлувчи тақводорлардан олдин бирон инсон ёки жин тегмаган бўлади. Улар шу даражада чиройлики, худди беркитилган дурга, ёқут ҳамда маржонга ўхшаб кетадилар.
Ҳа, дунёдалик чоғида Роббига тақво қилган, ўзини фаҳш ва ёмон амаллардан сақлаб юрган тақводор мўминлар учун Аллоҳ таоло жаннатда гўзал жуфтларни яратиб қўйгандир. Дунё аёлларида учрайдиган кўнгилга тегувчи бирон ёқимсиз ҳолат жаннат ҳурларида учрамайди.Улар ўта пок ва ҳуснда тенгсиздирлар.
34. (Шунингдек, улар учун) тўла қадаҳлар бордир.
Жаннатийлар учун ақлни кетказмайдиган, маст-аласт ҳолга келтирмайдиган, ўзига хос сифатга эга бўлган тотли шароблар тўла қадаҳлар ёш ғуломлар томонидан айлантирилади. Улар хоҳлаганча ундан ичиб, ҳузурланадилар. Бу ичимликнинг охири  дунё  хамрлари каби мастлик ва уруш-жанжал эмас, балки роҳат ва лаззатдир.
Аллоҳ таоло жаннатийлар ҳақида шундай дейди: «Улар у жойда (шундай шароб) косаларини талашиб – қўлма-қўл қилиб ичадиларки, у (шароб)да (яъни  уни ичганлари сабабли) на беҳуда-сергаплик ва на гуноҳ бўлади» (Тур, 23).
Демак, жаннатдаги шаробнинг сифати ҳам дунёникидан бутунлай фарқ қилар ва ундан келиб чиқадиган натижалар ҳам ижобий бўлар экан.
35. Улар у ерда лағв ва ёлғон (сўзлар)ни эшитмайдилар.
Жаннат ҳаётидаги суҳбатлар дунёникидан тубдан фарқ қилади. Жумладан, у ерда бекорчи, беҳуда ва ботил сўз ва гаплар, уруш-жанжалга сабаб бўладиган ёлғончилик ва ғийбатлар бўлмайди. Сабаби жаннат саломатлик жойи ва айб-камчиликдан холи макондир. Хусусан, тақводор бандалар жаннатда шароб ичаётганларида уларнинг тилларида, дунёда хамр ичувчилар орасида бўладиган лағв, ботил, беҳуда, фаҳш сўзлар ва ёлғон ишлатилмайди. Улар бир-бирларига ёлғон қўлламайдилар. Балки улар яхши сўзлар ва бир-бирларига саломнигина эшитадилар.
Ботил сўз ва ёлғоннинг бўлмаслиги жаннатийларга ўзгача роҳат ва завқ бахш этади. Бундан фойдасиз сўз ва ёлғон киши тинчлигини бузадиган нарса экани келиб чиқади.
36-37. (Бу) Роббингизнинг – осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Раббиси бўлмиш Раҳмоннинг мукофоти ва етарли яхшиликдир. Унинг (изни)сиз гапиришга қодир эмаслар.
Ушбу оятларда жаннатийларга ушбу неъмат ва яхшиликларни ким тайёрлагаб қўйгани, бу нарсалар кимнинг мукофоти ва фазли-карами экани айтилмоқда.
«(Бу) Раббингизнинг... мукофоти ва етарли яхшиликдир»[3].
Аллоҳ уларга берган неъматлар мўмин ва тақводорларнинг дунёда қилган солиҳ амаллари эвазига берилгандир. Аллоҳ таоло Ўз фазли билан уни янада зиёда қилади. Зеро, бу яхшилик ва неъматлар кифоя қилувчи, кўпаювчи ва давомийдир.
Юқоридаги оятда кофирларга қарата: «Бу сизлар қилган ишларингизга муносиб жазодир!» деб хитоб қилиниши айтилган бўлса, бу ерда мўминлар кўрадиган мукофотлар етарли ва кифоя қилувчи яхшиликлар экани таъкиланмоқда. Бу эса ўз навбатида улар кўраётган роҳатни янада зиёда қилади.
«Осмонлар ва Ернинг ҳамда улар орасидаги нарсаларнинг Роббиси бўлмиш Раҳмоннинг...»
Бу юқоридаги оятда келган «Роббингиз...» сўзининг сифати бўлиб келмоқда. Яъни  мана шу неъматлар Сизнинг Роббингиз – осмонлар ва Ернинг ҳамда улар ўртасидаги барча нарсаларнинг Роббиси, уларни яратувчиси, Эгаси ва тадбир қилиб турувчиси, раҳмати барча нарсадан устун бўлган Зот – Аллоҳ таолонинг мукофоти ва етарли яхшилигидир.
«Унинг (изни)сиз гапиришга қодир эмаслар».
Осмонлар ва Ернинг аҳли Аллоҳ таолонинг рухсатисиз, У Зот изн бермагунича бирон сўз сўзлашга ва Ундан бирон нарса сўрашга, Унинг изнисиз бирон нарса  қилишга эга бўлолмайдилар, балки Унинг ҳузурида сукут сақлаб турадилар. Бунга ушбу оят далилдир: «У Кун келганида, бирон жон гапирмас, фақат (Аллоҳнинг) изни билангина гапиради» (Ҳуд, 105).
Қиёмат қоим бўлганида барча махлуқотлар Аллоҳ таолонинг измида, У Зотнинг ҳукми остида бўладилар, У Зотнинг изнисиз бирон махлуқот бирон иш қилишга, шафоат этишга ёки гапиришга қодир бўлмайдилар. Бу ҳақида қуйидаги оятларда айтилади.
38. Ўша куни Руҳ[4](Жаброил) ва фаришталар саф бўлиб турадилар. Раҳмон изн берганлар ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар.
Ўша Қиёмат кунида фаришталар ва уларнинг энг улуғи Жаброил Аллоҳ таолонинг даргоҳида У Зотга бўйин эккан, ўзларини ҳокисор тутган ҳолларида саф тортиб турадилар.
Муқотил ибн Ҳайён: «Руҳ фаришталарнинг энг ҳурматлиси, Роббига энг яқини ва ваҳий олиб тушувчидир», деган (Ибн Мунзир ва Ибн Ҳиббон ривояти).
Бу ерда  Жаброил алайҳиссалом  назарда тутилмоқда.
Ибн Масъуд айтади: «Руҳ тўртинчи осмондадир. У осмонлар ва тоғлардан каттадир. Фаришталардан баъзилари ҳар куни ўн икки минг марта тасбеҳ айтадилар. Аллоҳ ҳар бир тасбеҳдан бир фариштани яратади ва Қиёмат кунида улар саф-саф бўлиб келадилар» (Ибн Жарир ривояти. Лекин Ибн Касир ушбу ривоятнинг санадини «жуда ғариб» деган).
«Раҳмон изн берганлар ва тўғри сўзлаганлардан бошқалар гапира олмайдилар».
Аллоҳнинг буюклигидан, У Зотнинг муборак ҳузурида турганларидан Жаброил ва бошқа фаришталар гапиришга қодир бўлмайдилар. Фақат У Зот изн берганларгина гапирадиган ва гапирганда ҳам рост гапни, Аллоҳни рози қиладиган сўзни сўзлайдилар.
Саҳиҳ ривоятларнинг бирида: «Ўша куни фақат пайғамбарларгина гапира оладилар», дейилган (Тайсиру ибн Касир).
Воҳидий: «Мўминлар ва фаришталар ичидан фақат Аллоҳ изн берганларгина ўша Кунда гапирадилар», деган.
Ибн Аббос, Абу Солиҳ ва Икрималар бу ердаги «тўғри сўз»ни (арабий матнда «соваабаа» тарзида келган) тавҳид калимаси, яъни «лаа илааҳи иллаллооҳ»дир деб тафсир қилишган (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва Байҳақий «Ал-асмау вас сифат»да ривоят қилган).
Бундан келиб чиқадики, Қиёмат кунида Аллоҳ изн берган ва дунёда «Лаа илаҳа илаллоҳ» калимасини айтиб, ўша калима асосида ҳаёт кечирган бандаларгина гапиришга рухсат этилар эканлар.
Қиёмат кунида содир бўлувчи воқеалар, кофир кимсалар оладиган жазо ва тақводорлар кўрадиган мукофотлар ҳақида айтилгач, энди ғафлат уйқусида ётган ва мудраб юрган бандаларни сергак торттириш ва уларни Охират азобидан огоҳлантириш учун шундай дейилади:
39. Бу Ҳақ Кундир. Бас, ким хоҳласа, Роббига қайтиш йўлини тутади.
Мана шу Қиёмат куни ҳақдир, унинг содир бўлишига, ўша кунда ҳисоб бўлишига ҳеч қандай шубҳа ва гумон йўқдир. Бу кун ҳақида ўзаро тортишиб, бир-бирига савол қилиш ва ихтилофга тушиш жоиз эмас, фақат у кунга ҳозирлик кўриш керак, холос. Қиёматдан, ўша кунда ҳисоб қилинишдан қочиб қутулиб бўлмайди. Бу кунда сирлар ошкор бўлади, қалблар яшириб юрган нарсалар очилади, бандалар амалларига яраша ҳисоб қилинадилар. Бас, шундай экан, кимки хоҳласа, вақт борида, фурсат қўлдан кетмай туриб, ошна-оғайничилик, бойлик ва фарзандлар манфаат бермайдиган, ҳар ким ўзи ҳақида ўйлаб қоладиган Кун келмасидан туриб, жаҳаннам унинг учун макон бўлмасидан олдин солиҳ амаллар қилиб Роббига яқинлашсин, иймон ва тоат билан Аллоҳга қайтсин, У Зотнинг савоби ва мукофотига эришишга шошилсин, азоби ва жазосидан ўзини сақлаб қолсин! Зеро, солиҳ амаллар бандани Аллоҳга яқинлаштиради, гуноҳ амаллар Ундан узоқлаштиради.
Ушбу сура Аллоҳ таолонинг бандаларни таъсирли суратда огоҳлантириши билан якунланади:
40. Биз сизларни яқин(да содир бўладиган) азобдан огоҳлантирдик. Ўша Куни ҳар бир киши ўзи қилган нарсага назар солади ва кофир кимса: «Эҳ, қани энди, тупроққа айланиб кетсам!!!» деб (орзу қилиб) қолади.
Яъни  Биз сизларни, эй кофирлар, яқинда содир бўлувчи, келиши аниқ бўлган Қиёмат кунидаги азобдан огоҳлантирдик.
«Яқин азобдан» деб айтилишига сабаб дунё ҳаёти кўз очиб юмгунча, жуда тезлик билан ўтиб кетишига далолат қилади. Бу ҳақида бошқа оятларда шундай дейилган: «Улар у (Кун)ни узоқ деб биладилар. Биз эса унинг яқинлигини биламиз!» (Маориж, 6-7). Ҳаёт худди ярим кундек ўтиб кетганини Аллоҳ таоло шундай тасвирлайди: «Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни  бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қоладилар!» (Нозиот, 46).
Демак, Қиёмат кунининг келиши яқин, ҳаёти дунё тез ўтиб кетади. У кунга муносиб тайёргарлик кўриш керак!
«Ўша Куни (ҳар бир) киши ўзи қилган нарсага назар солади».
Мана шу кунда ҳар бир инсон дунёда қилиб ўтган яхши ва ёмон амалларига қараб қолади. Яхши амаллари кўп бўлса, бундан хурсанд бўлиб, жаннат ҳақида, ўзининг чиройли оқибати ҳақида башоратланади. Агар ёмон амаллари кўп бўлса, ҳасрат-надоматга тушиб, қаттиқ пушаймон чека бошлайди.
Ҳасан Басрий айтади: «Бу ердаги «киши»дан мурод мўмин кишидир. У ўзи учун яхши амални кўради. Кофир эса ўзи учун тайёрлаган ҳеч нарсани кўрмайди ва шу сабаб тупроққа айланиб қолишни орзу қилади».
«Ва кофир кимса: «Эҳ, қани энди, тупроққа айланиб кетсам!!!» деб (орзу қилиб) қолади».
Илоҳий амр ва қайтариқлар билан вазифаланмаган ҳайвонлар орасида ажрим қилинганидан сўнг Аллоҳ таоло уларга: «Тупроққа айлан!» деб нидо қилади. Шунда кофир банда аламли, оғриқли азобга йўлиқмаслик учун худди ҳайвонлар каби тупроққа айланиб қолишни орзу қилиб қолади.
Абдуллоҳ ибн Амр айтади: «Қиёмат қоим бўлса Ер чўзилади ва барча ҳайвонлар, ҳашоратлар бир жойда тўпланилиб, улар орасида қасос олиб бериш бошланади. Ҳатто шохли чўчқордан шохсиз қўчқорнинг қасоси олиб берилади. Шу иш адо этилиб бўлингач, уларга: «Тупроққа айланинглар!» дейилади. Шунда кофир: «Эҳ, кошки эди, тупроққа айланиб қолсам!!!» деб қолади[5].
Набаъ сурасидан олинадиган хулоса ва фойдалар:
1. Қурайш қабиласига мансуб бўлган мушриклар Қиёмат кунини инкор қилганликлари.
2. Улар Қиёмат куни ҳақида бир-бирларига инкор ва истеҳзо маъносида савол берганликлари.
3. Қиёмат содир бўлишига шубҳа қилиш ёки у кунни масхаралаш кофир ва мушрикларнинг сифати экани.
4. Вақт ўтгач, иймон ва иқрорнинг фойдаси йўқ экани, банда ҳаётлигида Аллоҳ таолога, барча иймон келтириш лозим бўлган нарсаларга, хусусан, Қиёмат кунининг содир бўлишига шубҳасиз ишониши ва у Кунга тайёргарлик кўриши лозим экани.
5. Ерда, осмонда ва теварак атрофимиздаги ҳар бир нарсада Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далолат қилувчи белгилар жуда кўп экани.
6. Қиёмат куни қачон содир бўлиши тайин қилиб қўйилгани.
7. Ўша кунда борлиқнинг низоми бузилиши.
8. Кофир ва мушрик бандалар Қиёмат кунида сўнгсиз азоб-уқубатларга йўлиқишлари.
9. Ҳар бир банданинг – мўминнинг ҳам, кофирнинг ҳам − ҳар бир қиладиган амали фаришталар томонидан аниқлик билан ёзиб борилиши.
10. Тақво сифати бандани жаҳаннам азобидан қутулиб, жаннатга киришига сабаб бўлиши.
11. Қиёмат қоим бўлишига шубҳа йўқ экани.
12. Кимки оқибати хайрли ва Охиратда ҳурмат-эҳтиромга сазовор бўлишни хоҳласа, иймон ва тақво билан Аллоҳ таолога қайтиши ва У Зот йўлида ҳаёт кечириши лозим экани.
13. Қиёмат кунида ҳар бир инсон дунёдалик чоғида қилган амалига қараб ҳисоб қилиниши, ўз-ўзидан бирон зулм ёки мукофот берилмаслиги, балки барчаси бандалар қилган амалларга қараб баҳоланиши.

 


[1]أَحْقَابًا сўзи حُقْبٌ нинг кўплик шакли бўлиб, уламолар унга бир неча изоҳ беришган. Аслида ушбу сўз «замон, давр» маъносини англатади. Суддий: «Ҳуқб етмиш йилдир», Башир ибн Каъб: «Уч юз йил», Ибн Умар: «Қирқ йил», деган. Айтилишича, у ўттиз минг йилга тенг даврдир. Ҳасан Басрий айтади: «Аҳқоб нима эканини сизлардан ҳеч ким билмайди, аммо зикр қилишларича, у юз ҳуқбдан иборат бўлиб, ҳар бир ҳуқб етмиш минг йилга тенгдир. Унинг бир куни минг йилга тенг келади». Хулоса шуки, «аҳқоб» сўзи абадул-абад бўладиган азобни англатади.
[2] «Умид қилмасдилар» жумласи «ҳисоб-китоб қилинишдан қўрқмас эдилар, унга беэътибор бўлдилар ва унга иймон келтирмас эдилар» каби маъноларни англатади. Саид ибн Жубайр ушбу оятни: «Улар савобдан умид қилмас ва жазодан қўрқмас эдилар», деб тафсир қилган (Ибн Мунзир ривояти).
[3] Биз таржимада «етарли яхшиликдир» деб ифодалаган бирикма арабий матнда عَطَاءً حِسَابًا тарзида келтирилган. Мазкур бирикма «берилганда кишини рози қиладиган етарли ва кўп миқдордаги тортиқ, туҳфа; инъом қилинаётган киши: «Бўлди, етади», дегунича бериладиган тортиқ» маъносини англатади. Баъзилар ушбу сўзни «бандалар дунёдаик чоғларида қилган солиҳ амаллар эвазига Аллоҳ таолонинг уларга берадиган мукофотидир» деб изоҳлашган.
[4] Уламолар бу ердаги «Руҳ»дан мурод нима экани борасида ихтилоф қилишган. Ибн Аббос: «У Одам болаларининг руҳларидир», деган. Шаъбий, Заҳҳок, Саид ибн Мансурлар: «У Жаброил алайҳиссалом», яна баъзилар эса: «У улуғ фариштадир», дейишган. Лекин «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссалом экани ҳақидаги ривоят энг тўғриси саналади. Чунки Қуръони Каримнинг бир неча оятларида Жаброил алайҳиссаломнинг номи «Руҳ» тарзида келтирилган.
[5] Бу ҳақида бошқача фикрлар ҳам бор. Жумладан, кофир одам ўзи учун тайёрлаб қўйилган азоб-уқубатларни кўргач, «Эҳ, кошки, дунёдалик чоғимда тупроқ қилиб яратилганимда, бандалик вазифаси билан вазифаланмаганимда, бундай азобу қийноқлар бўлмасмиди?!» деб қолади. Имом Насафий« Мадорикут танзил ва ҳақоқит таъвил» номли тафсирида келтиришича, бу ердаги «кофир»дан мурод «иблис»дир. У мўминларга бериладиган мукофот ва яхшиликларни кўриб: «Эҳ, кошки, мен ҳам инсон боласи каби тупроқдан яратилганимда, мана шундай неъматларга эришар эдим?!» деб қолади.

[1] «Улар у ҳақида ихтилофдадирлар» оятидан келиб чиқиб баъзилар, жумладан Мужоҳид ва аксар уламолар «улуғ хабар»ни «Қуръони карим» деб тафсир қилишган. Зеро, мушриклар Қуръон ҳақида турли фикрларни билдиришган. Баъзилар «сеҳр», баъзилар «шеър», баъзилари «коҳинлик» ва яна баъзилари« аввалгиларнинг афсоналари», деган эдилар. Аммо улар қайта тирилишни бир овоздан инкор қилишган (Аш-Шавконий, «Фатҳул қодийр»). Сод сурасининг 67-оятида: Айтинг: «Ўша (мен сизларга етказаётган сўзлар) улуғ бир Хабардир», дейилган. Қатода ва Ибн Зайд эса «улуғ хабар» ўлгандан кейин қайта тирилишдир, деб айтишган.
[2]سُبَاتًا сўзи «тўхташ, бас қилиш; дам олиш, роҳат чиқариш» каби маъноларни англатади. Яҳудийлар шанба куни дам олганлари учун ҳам мазкур кун يَوْمُ السَّبْتِ дейилади.
[3]مِرْصَادًا сўзи исми макон ва исми фоил бўлиб, «пойлаб, кузатиб туриладиган жой” ва «пойлаб турувчи, кўз тикиб турувчи” маъноларини ифодалайди. Бу исм муболаға сийғасида ясалган бўлиб, жаҳаннам ва ундаги азоб фаришталари туғёнга кетган кофирларни жуда интизорлик билан, илҳақ бўлиб, келса азоблайман, деб кутиб туришига далолат қилади.