A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
079. Нозиот сураси тафсири
PDF Босма E-mail
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 46.
Тартиб рақами: 79.
Сура маъноси: шиддат билан суғуриб олувчилар.
Суранинг бошқа номи: Соҳира (ер юзаси, майдон).
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. (Кофир ва фожир кимсалар руҳини баданларидан) шиддат билиб суғуриб олувчи (фаришта)лар билан қасам...
Кофирлар қалби дунё ҳаётига жуда қаттиқ боғлангани, ўлимдан кейинги ҳаётни инкор қилганлари боис уларнинг руҳи таналарига қаттиқ ёпишиб олган бўлади. Шу сабаб уларнинг жони ўлим фаришталари томонидан шиддат билан суғуриб олинади.
2. (Мўминлар руҳини) осонлик билан олувчи (фаришта)лар билан қасам...
Мўминларнинг қалби ва руҳи Аллоҳга боғлиқ бўлади. Шу сабаб ўлим чоғида уларнинг жонлари осонлик билан олинади.
3. (Осмондан Ерга) сузиб тушувчи (фаришта) билан қасам...
Аллоҳ таоло бу оятда Ўзининг амрини тезлик билан осмондан Ерга олиб тушувчи фаришталар билан қасам ичмоқда.
4. Ўзиб юрувчи (фаришта)ларга қасам...
Бу оятда мўминлар руҳини жаннатга элтишда ўзаро мусобақа қилувчи фаришталар билан қасам ичилмоқда.
5. Ишнинг тадбирини қилиб турувчи (фаришта)га қасамки...
Бу оятда Аллоҳнинг изни билан шамол, ёмғир, ризқ, жон олиш каби ишларнинг тадбир қилиб турувчи фаришталар билан қасам ичилмоқда.
Айтилишича, дунё ишларини тадбир қилиш тўртта фариштага топширилган. Булар: Жаброил, Микойил, Азроил ва Исрофил.
6. Ўша куни титровчи титрайди.
Аллоҳ таоло улуғ фаришталар билан қасам ичиб, қиёмат куни сурга биринчи бор пуфланганда Ер қаттиқ қимирлашини маълум қилмоқда. Ана ўшанда жамики тирик жонзот ўлади.
7. (Унинг кетидан) эргашувчи эргашади.
Сўнгра сурга иккинчи марта пуфланади ва Ер силкинади, тоғлар сочилиб кетади, осмон ёрилади ва бошқа ҳодисалар рўй беради. Кейин Аллоҳ бандаларини қайта тирилтиради.
8. У кунда қалблар қўрқувга тушади.
Қиёмат даҳшатларини кўрган кофирлар қалби қўрқувга тушади.
9. Кўзлари хавфга тўлади.
Уларнинг кўзларида саросима, таҳлика ва қаттиқ изтироб намоён бўлади.
10-11. Улар (дунёдалик чоғларида): «Наҳотки бизлар (ўлиб) чириган суякларга айланиб кетганимиздан сўнг ҳам қайта тирилсак?!» дер эдилар.
Кофирлар қиёмат куни ночор аҳволга тушишларига мана шу қабилдаги сўзлари ва ақидалари сабаб бўлди. Улар қайта тирилиш ва ҳисоб қилинишни инкор қилиб келардилар.
12. Улар: «У ҳолда бу (бизлар учун жуда) зиён кўриладиган қайтиш-ку!?» дедилар.
Бу сўзни улар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларини масхаралиш учун истеҳзо ва инкор маъносида айтардилар. Уларнинг бу сўзидан: «Агар сизлар айтаётгандек қиёмат бўлиб, қайта тирилсак, унда ҳолимизга вой экан-да?!» деган маъно келиб чиқади.
13. Бас, у (қайта тирилиш) биргина қичқириқ(дан иборат)дир.
Бунга жавобан Аллоҳ шундай раддия бермоқда: «Қиёматнинг бўлишига шубҳа қилманглар. Уни содир этиш Аллоҳ учун осондир. Менинг изним билан биргина қичқириқ бўлса  бас, сизлар қайта тириласизлар.
14. Қарабсизки, улар (маҳшаргоҳ) майдонида (турибди)лар!
Ҳа, қайта тирилтириш Аллоҳ учун ҳеч гап эмас. Бир қичқириқдан сўнг бандалар қабрларидан туриб, маҳшаргоҳда ҳозир бўладилар ва Аллоҳга ҳисоб берадилар.
15. (Эй Муҳаммад,) Сизга Мусонинг хабари келдими?
Яъни эй Муҳаммад, Сиз Мусо ва Фиръавн қиссасидан хабардорсиз.
16-19. Парвардигори унга муқаддас Туво водийсида нидо қилиб, «Фиръавннинг олдига боргин, чунки у туғёнга кетди. Унга: «Сенинг покланишга рағбатинг борми? Мен сени Парвардигоринг (йўли)га ҳидоят қиламан ва (шояд) сен (У Зотдан) қўрқсанг», дегин», деди.
Туво Сино тоғидаги муқаддас водийдир. Аллоҳ таоло у ерда Мусо алайҳиссалом билан воситасиз гаплашган. Ана ўша қиссанинг баъзиси ушбу оятларда зикр қилинмоқда. Демак, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Фиръавн кибр ва зулм билан туғёнга кетканида, унинг олдига бориб, ширкдан покланишга, Аллоҳнинг йўлига, У Зотдан қўрқишга чақиришни амр қилган.
20. Бас, (Мусо) унга катта бир мўъжиза кўрсатди.
Мусо алайҳиссалом Фиръавнни ҳақ динга даъват қилгач, айтган сўзларига далил бўлиши учун унга катта бир мўъжиза кўрсатди – қўлидаги ҳассани илонга айлантирди.
21. (Фиръавн ҳеч иккиланмай) уни ёлғонга чиқарди ва (Парвардигорига) осий бўлди.
Аммо  Фиръавн бу мўъжизани инкор қилди ва Аллоҳнинг амрига бўйин эгмасдан гуноҳкор бўлди.
22. Сўнг (макр-ҳийла) ҳаракатига тушиб юз ўгирди.
Сўнгра ҳақдан юз ўгириб, оқибатини ўйламаган ҳолда ўзининг ботил қуроли билан ҳаққа қарши курашиш ҳаракатига тушди.
23-24. Шундан сўнг у (ўз халқини бир жойга) йиғиб: «Мен сизларнинг улуғ парвардигорингизман!» деб нидо қилди.
Фиръавн уруш учун аскарларни, макр учун сеҳргарларни ва гувоҳ бўлишлари учун халқини бир жойга тўплаб, Миср диёрида унга бас келадиган подшоҳ йўқлигини даъво қилди ва ўзини қавмининг энг улуғ илоҳи деб эълон қилди.
25. Бас, Аллоҳ уни охират ва дунё азоби билан жазолади.
Фиръавн дунёда ҳам, охиратда нажот тополмайди. Аллоҳ таоло Фиръавнни дунёда сувга ғарқ қилганди. Охиратда эса жаҳаннам оловида қаттиқ азоблайди.
26. Албатта, бунда қўрқадиганлар учун ибрат бор.
Фиръавн қиссасида Аллоҳ учун тақво қиладиган бандаларга ибрат ва насиҳат бор. У Зотдан қўрқмайдиган кимсалар эса бундай қиссалардан таъсирланмайдилар.
27. (Эй кофирлар,) сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними? (Ваҳоланки, Аллоҳ) уни бино қилди.
Бу оятда ўлимдан кейинги қайта тирилиш ва ҳисоб қилинишни инкор қиладиган кофирларла қарата хитоб қилинмоқда. Осмон ва ундага юлдузлар, коинот ва биз билмаган яна кўп нарсаларни Аллоҳ яратиб қўйибди. Осмонга нисбатан Ер курраси жуда кичик. Ана ўша ерда яшайдиган ожиз бир банда қайта тирилишни ёлғонга чиқарадими?! Чек-чегараси бўлмаган улкан осмонни яратган Зот инсонни қайта тирилтара олмайдими?!
28. Унинг шифтини баланд кўтариб, мукаммал қилди.
Аллоҳ таоло осмон шифтини баланд кўтарди. Унда яна кўп нарсаларни жорий қилди. Буларнинг бари мукаммалдир. Осмон ерни босиб қолмайди, ҳар бир жисм ўз ўлчови бўйлаб ҳаракат қилади.
29. Ва У (Зот) тунини қоронғу қилиб, (ундан) кундузини чиқарди.
Аллоҳ таоло кун ва тунни алмашадиган қилиб қўйди. Бу ҳам улуғ неъмат ва мўъжизадир. Агар доимий тарзда кун ёки тун бўлганида нима бўлишини тасаввур қилиб кўринг.
30. Шундан сўнг Ерни ёйиқ – текис қилди.
Осмонни яратиб бўлгач, Аллоҳ махлуқотлар яшаши учун Ерни текис ва қулай қилиб қўйди.
31. Ундан сувини ва майсазорларини чиқарди.
Аллоҳ ердан кўп дарё ва денгизларни чиқариб, улар ёрдамида ўсимлик ва дарахтларни кўкартиради.
32. Ва тоғларни ўрнаштирди.
Устидаги махлуқотларни силкитиб юбормаслиги учун Аллоҳ тоғларни Ерга қозиқ қилиб қўйди.
33. Бу (неъматлар) сизлар ва чорваларингиз учун манфаат бўлсин деб (ато этилди).
Юқорида санаб ўтилган неъматларнинг барчаси инсон ва ҳайвонот олами учун яратилган. Фақат ана ўша ақлли, айни дамда ожиз инсон яратган Парвардигорини унутмаса, қиёматни ёлғонга чиқармаса бўлгани.
34. Қачонки улкан ғолиб бўлувчи келса...
«Улкан ғолиб бўлувчи» қиёматнинг номларидан биридир. Қиёмат барча нарсадан устун, ўз даҳшати билан барча нарсани қамраб олувчи ва мусибатларнинг энг йиригидир.
35. Ўша куни инсон қилган (амаллар)ини эслаб қолади.
Қиёматда банда номаи аъмолини кўрганида дунёда қилиб ўтган барча яхши ва ёмон амалларини эслайди, қилган ишлари кўз ўнгидан бир-бир ўтади. Банда ўша амалларни унутиб юборган эди, аммо Аллоҳ тарафидан тайинланган фаришталар унинг жамики амалларини саҳифага мудом муҳрлаб борганлар.
36. Ва жаҳаннам кўрадиганлар учун кўрсатилади.
Қиёмат куни жаҳаннамдан парда кўтарилиб, уни ҳамма кўради, ундаги даҳшатларга гувоҳ бўлади.
37-38. Бас, ким туғёнга кетса ва дунё ҳаётини устун қўйса...
Энди кимки куфр ва исён билан ҳаддидан ошиб, дунёни охиратдан устун қўйса, қиёмат кунига муносиб таёргарлик кўрмаса...
39. Албатта, (бундай кимса учун) жаҳаннам макон бўлади.
Бундай бандаларга фақат жаҳаннамгина макон бўлади. Улар жаннатга кириш ҳақида умуман ўйламасинлар.
40. Энди кимки Парвардигори (ҳузурида) туришдан қўрқса ва нафсини ҳаво(ланиш)дан тийса...
Энди кимки қиёматда Парвардигори ҳузурида туриб, амаллари ҳақида ҳисоб беришини билса, ўша кундан қўрқса, нафсини ҳисоб қилиб, уни турли маъсият ва шаҳватларга берилишдан сақласа...
41. (Унинг учун) албатта. жаннат макон бўлади.
Бундай банданинг борар жойи жаннатдир.
42. (Эй Муҳаммад,) Сиздан (қиёмат) соати ҳақида: У қачон содир бўлади? − деб сўрашади.
Мушриклар истеҳзо ва инкор маъносида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қиёмат қачон содир бўлишини кўп сўрар эдилар. У Зот бўлсалар, шояд, улар ҳидоятга келсалар, деб саволларига жавоб беришни хоҳлардилар. Лекин Аллоҳ таоло у Зотни бундан қайтарди ва қиёматнинг қачон бўлиши фақат Аллоҳгагина хос илм эканини маълум қилди.
43. У (қиёмат)нинг зикрини Сиз қаердан билар эдингиз?
Улар гўё Сиз биладигандек қиёмат қачон бўлиши ҳақида савол бермоқдалар. Ваҳоланки, Сиз унинг қачон содир бўлишини билмайсиз.
44. Унинг тугаши (яъни  илми) Парвардигорингизга (тегишли)дир.
Фақат Аллоҳ билади қиёматнинг қачон бўлишини. Ундан ўзга биронтаси, ҳатто муқарраб фаришта ёки пайғамбарлар ҳам бундан хабардор бўлишмалар.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қиёмат ҳақида сўрар эдилар. Қачонки «У (қиёмат)нинг зикрини Сиз қаердан билар эдингиз? Унинг тугаши (яъни  илми) Парвардигорингизга (тегишли)дир» ояти нозил бўлгандан кейин бу ҳақида бошқа сўрамадилар (Ҳоким, Ибн Жарир ва Баззор ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).
45. Сиз фақат ундан қўрқадиганларни огоҳлантирувчисиз, холос.
Эй Муҳаммад, Сиз қиёматда оғир ҳисоб қиланишдан қўрқадиган бандаларни огоҳлантирасиз, холос. Уларга қиёмат соати қачонлигини баён қилиш Сизнинг вазифангиз эмас.
Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Жаннатга ун(га кириш)дан умид қилган банда киради. Жаҳаннамдан қўрқувчи банда ундан узоқ қилинади. Аллоҳ раҳм қилган бандасига раҳм қилади» (Байҳақий ва Абу Нуаъйм ривояти. Ривоят санади заиф).
46. Улар уни кўрадиган кунда худди бир кеча ёки кундузнинг бир қисмичалик (вақт мобайнида) тургандек бўлиб қоладилар.
Қиёмат қоим бўлиб, унинг даҳшатли манзараси шоҳиди бўлган кофир ва осийлар дунёда ҳеч қанча вақт турмагандек бўлиб қоладилар. Бу муддат уларга пешиндан шомгача ёки қуёш чиққандан пешин вақтигача бўлиб туюлади. Сабаби қиёмат барча лаззатларни унуттиради. Натижада улар дунёда жуда оз фурсат яшагандек бўлиб қоладилар.