A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
082. Инфитор сураси тафсири
PDF Босма E-mail
Нозил бўлган жойи: Макка.
Оятлар сони: 19.
Тартиб рақами: 82.
Сура маъноси: ёрилиш.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
1. Қачон осмон ёрилса...
Қиёмат куни осмон ёрилиб, ундан фаришталар тушиб келади.
2. Юлдузлар сочилиб кетса...
Юлдузлар парча-парча бўлиб, тўкилиб тушади.
3. Денгизлар қўшилиб кетса...
Барча денгиз сувлари қўшилиб, улкан денгизни ҳосил қилади ва бундан олдинги сурада айтиб ўтилганидек, олов каби ловуллаб ёнади.
4. Қабрлар ағдариб қўйилса...
Ўша куни тупроқ ағдарилиб, ичидаги ўликлар тирилиб чиқиб келади.
5. (Ҳар бир) нафс қилган ва кечиктирган (амал)ларини билиб олади!
Қиёмат қоим бўлиб, банда амаллари ёзилган саҳифа очилганда, у қандай ишлар қилгани ва қай бир амалида сусткашликка йўл қўйганини билиб олади.
6. Эй инсон, Улуғ Парвардигоринг ҳақида сени нима ғурурга солди?
Ушбу оятда Парвардигори томонидан ақл, фаҳм-фаросат, қулоқ, кўз ва яна беҳисоб неъматлар билан сийланган инсонни нима Аллоҳга куфр келтиришга ундагани ҳақида савол берилиб, бандалар Улуғ Аллоҳга исён қилмасликка ва У Зотга шукр қилишга чақирилмоқда.
7. У Зот сени яратиб, сўнг тиклади ва мўътадил қилиб қўйди.
Эй банда, Аллоҳ сени йўқдан бор қилди, сени эшитадиган, кўрадиган ва ақл юритадиган қилди, сенга чиройли сурат бериб, тана аъзоларингни мукаммал қилиб яратди. Шундай Улуғ Парвардигорингга куфр келтиришга қандай журъат этдинг?!
8. У қайси суратда хоҳласа, сени (шундай тарзда) таркиб топтирди.
Эй банда, сен қайси шаклда бўлишингни ўзинг танламайсан, балки Аллоҳ қандай хоҳласа, сени ўша суратда яратади.
9. Йўқ! Балки сизлар ҳисобни ёлғонга чиқармоқдасизлар!
Сизлар Аллоҳ берган неъматлардан фойдаланиб, У Зотга шукр қилиш ўрнига қиёмат куни қайта тирилиб, ҳисоб қилинишни – яхши амаллар учун мукофот ва ёмон амаллар учун жазо олишни инкор қилмоқдасизлар!
10-11. Албатта, сизларнинг устингизда сақловчи ва ёзувчи улуғ (фаришта)лар бордир.
Аллоҳ ҳар бир бандага қилган барча амалларини ёзиб турувчи икки фариштани бириктириб қўйган. Улар Аллоҳ наздида ҳурматли ва омонатдордирлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Аллоҳ сизларни яланғоч бўлишдан қайтаради. Бас, сизларни уч ҳолатда – ҳожатхонада, жунублик ва ғусл чоғида тарк қиладиган (амалларингизни) ёзиб турувчи Аллоҳнинг улуғ фаришталаридан ҳаё қилинглар!» (Баззор ишончли ровийлардан ривоят қилган).
12. Улар сиз қилаётган амалларни билиб турадилар.
Сизлар қиёматда ҳисоб қилинишни ёлғон демоқдасизлар. Ҳолбуки, Аллоҳнинг мукаррам фаришталари амалларингизни битта қолдирмай саҳифаларига муҳрлаб борадилар ва ўша куни шунга қараб ҳисоб қилинасизлар.
13. Албатта, аброрлар жаннатдадирлар!
«Аброр» сўзи «ростгўй», «тақводор» маъноларини англатади. У «фожир»нинг тескарисидир.
Яъни  Аллоҳга итоат этган, У Зотнинг розилигини истаб, ҳаром ишлардан сақланган содиқ тақводор мўминлар қиёмат куни жаннатга кирадилар.
14. Ва, албатта, фожирлар жаҳаннамдадирлар!
Аллоҳни унутган, дунё ҳаётига муккадан кетиб, бандалалик вазифасини унута ёзган кофир ва фожирлар жаҳаннамга равона бўладилар.
15. Унга ҳисоб куни кирадилар.
Улар жаҳаннамга ҳисоб куни кирадилар. Дунёдалик чоғида айнан шу кунни ёлғонга чиқариб юрардилар. Энди қилмишларига яраша жазоланадилар.
16. Улар ундан чиқиб кета олмайдилар.
Фожирлар жаҳаннамга киришгач, энди азобдан қутула олмайдилар, тортаётган уқубат ва қийноқлари енгиллатилмайди, у ерда ўлимни ҳам, раҳм-шафқатни ҳам, роҳат-фароғатни ҳам кўрмайдилар.
17. Сен ҳисоб куни нима эканини қаердан биласан!
Банда қиёматнинг моҳиятини англаб етолмайди. Унинг қандай юз беришини ҳам билмайди. Банда фақат ибрат, насиҳат олиб, ўша кунга муносиб тайёрланиши керак, холос.
18. Яна сен ҳисоб куни нима эканини қаердан ҳам билар эдинг!
Бу ерда таъкидлаш ва қиёматнинг улуғ эканини эслатиш мақсадида савол яна бир бор такрорланмоқда.
Яъни, ўзининг даҳшати билан ёш болаларни қаритиб қўядиган қиёмат куни нима эканини билишга инсон ҳарчанд қодир бўлолмайди.
19. Ўша куни бир жон (бошқа) жонга (манфаат етказиш имконига) эга бўлмайди. Ўша кунда иш Аллоҳники бўлади.
Қиёмат куни бир киши бошқа бир одамга манфаат келтиролмайди, ёру-дўстларнинг қўллаб-қувватлашлари ва бировнинг корига яраш деган нарсалар бўлмайди бу кунда. Ҳамма ўзи билан овора ва қилган зиғирча яхши амалидан умидвор бўлади. Бу кунда ҳукм қилиш, ҳисоб қилиш фақат ва фақат Аллоҳнинг зиммасида бўлади. Ундан ўзгаси ўз ҳукмини ўтказолмайди.
Одилхон Юнусхон ўғли