A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
002. Бақара (сигир) сураси
PDF Босма E-mail

Мадинада тушган, 286 оятдан иборат.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Алиф, лам, мим.

Ҳуруфи муқаттаъа, яъни узуқ ҳарфлар Қуръони каримнинг 29 сураси бошланишида келган. Олтита сурада эса айнан «алиф, лам, мим» кўринишида тушган. Уламоларнинг аксарияти буларга маъно бермайди, балки «Аллоҳ таоло билувчидир», дейиш билан кифояланади. Чунки бу ҳарфлар Қуръони карим сирларидандир ва Аллоҳ таоло сир-асрорини Ўзи яхши билади.

2. Бу шундай Китобки, унда ҳеч шак-шубҳа йўқ, у Аллоҳдан қўрқувчилар учун тўғри йўлдир.

3. Улар кўрмай туриб ишонишади, намозларини адо этишади ва берганларимиздан эҳсон қилишади.

Яъни, тақводорлар жамоаси жаннат ва дўзахни, фаришталарни ва шу каби ғайбий (махфий) нарсаларни кўришмаса ҳам Аллоҳ ва Унинг Расули баён қилганига кўра ишонишади. «Намозни адо этиш» деганда унинг барча ҳақлари ва рукнларига тўкис риоя қилиб, вақтида ўқиш тушунилади.

Тоат аслида уч қисмга бўлинади: биринчиси қалб (руҳ) тоати, иккинчиси бадан тоати, учинчиси мол тоатидир. Юқоридаги оятларда шу уч қисм тоат тартиби билан баён қилинган.

4. Ва (эй Муҳаммад), улар сизга тушган ва сиздан олдин туширилган китобларга ҳамда охиратга аниқ ишонишади.

Тақводорлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга туширилган (нозил этилган) Қуръони каримга ҳам, у зотдан аввалги пайғамбарларга туширилган китоблар (Забур, Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтиришади, чунки бу илоҳий китобларнинг бари Аллоҳ таоло томонидан туширилгандир.

5. Ана шулар Парвардигорлари йўлидалар ва ана шулар нажот топувчилардир.

Иймон келтириб, солиҳ амалда бардавом бўлган зотлар дунёда ҳидоят топиб, охиратда нажотга эришишади, яъни икки дунё саодатини қўлга киритишади. Бу оятлардан маълум бўладики, иймондан ва солиҳ амаллардан маҳрум кимсаларнинг дунё ва охиратлари тамоман барбоддир.

6. Кофирларни қўрқитинг ё қўрқитманг, уларга барибир, иймонга келишмайди.

7. Аллоҳ таоло уларнинг диллари ва қулоқларига муҳр урган, кўзларини эса парда қоплаган, уларга қаттиқ азоб бордир.

Бу оятда баён этилган Абу Жаҳл ва Абу Лаҳаб каби кофир кимсалар иймондан ҳамиша маҳрум бўлишган. Бундайларга сўз ҳам таъсир қилмайди, уларнинг қалблари қорайганидан Ҳақни танимайди, қулоқлари эшитмайди, кўзлари кўрмайди. Уларга жаҳаннамда аламли азоб-қийноқлар тайёрлаб қўйилган.

8. Баъзи инсонлар борки, «Бизлар Аллоҳ таолога ва қиёмат кунига ишондик», дейишади, ҳолбуки улар ишонишмайди.

9. Улар Аллоҳни ва мўминларни алдамоқчи бўлишади, ваҳоланки, сезмаган ҳолда ўзларини алдашади.

10. Уларнинг дилларида касаллик бор, Аллоҳ уларнинг касалини янада кучайтиради ва ёлғон гапиришгани учун уларга қаттиқ азоб бордир.

Уларда Исломга, унинг Пайғамбарига ва мўминларга аввалдан ширк, ҳасад, шубҳа ва кибр касалликлари бор эди, Ислом дини ёйилиб, равнақ топганидан кейин бу хасталиклари кучайганидан-кучайди, холос.

11. Агар уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар» дейилса, «Бизларгина тузатувчилармиз» дейишади.

12. Билингки, уларгина бузғунчилик қилувчилардир, лекин буни сезишмайди.

13. Уларга: «Бошқа одамлар иймон келтиргани каби иймон келтиринглар», дейилса, «Ақлсизлар иймон келтиргани каби иймон келтирайликми?» дейишади. Билингки, уларнинг ўзларигина ақлсизлардир, буни билишмайди.

Булар мунофиқлар жамоаси эди, улар кибрлари ва калтабинликлари туфайли Исломни қабул қилишни ор билишарди. Ҳақиқатда абадий саодатни рад қилиб, фоний дунё роҳатини кўзлаш энг мудҳиш ақлсизликдир.

14. Ва улар мўминлар билан учрашиб қолишганида: «Бизлар иймон келтирдик», дейишади. Шайтонлари билан холи қолганда эса: «Бизлар сиз билан биргамиз, фақат масхара қиляпмиз», дейишади.

15. Аллоҳ уларни масхара қилади, саркашликда адашиб юришларига муҳлат беради.

16. Ана шулар тўғри йўл эвазига гумроҳликни сотиб олишди. Бу тижоратлари фойда бермайди ва ҳидоят топганлардан бўлишмайди.

Мунофиқлар иккиюзламачи кимсалар бўлиб, мусулмонлар орасида юрганда мусулмон бўлиб олишади, кофирларга қўшилишса, кофирга айланишади. Улар шу тариқа мусулмонларни эрмак қилмоқчи бўлишади, аслида Аллоҳ таоло уларнинг ўзларини эрмак қилиб қўйганидан бехабарлар. Ҳақиқий гумроҳлар, зиёнга учраганлар уларнинг ўзларидир.

17. Улар худди ёққан ўти атрофини энди ёритганида Аллоҳ нурларини ўчириб, ўзларини қоронғиликда қолдирганига ўхшаб ҳеч нарсани кўришмайди.

18. Кардирлар, соқовдирлар ва кўрдирлар, энди улар қайтишмайди.

Ёмон ишлари сабабидан Аллоҳ таоло мунофиқларнинг озгина нурини ҳам шундоқ ўчирадики, энди уларга Аллоҳнинг нури ҳаргиз насиб бўлмайди. Чунки улар ўз расволиклари, ёмон феъллари, фасод ишлари ва Аллоҳ таолога ширк келтирганлари туфайли абадий залолат зулматларида кар, соқов ва кўр кимсалар каби қолишади, улар энди бу йўлларидан асло қайтишмайди.

19. Улар осмондан ёмғир ёққанида, қоронғилик босганида, момақалдироқ ва чақмоқ бўлганида қаттиқ овоз туфайли ўлишдан қўрқиб, бармоқларини қулоқларига тиқиб олган одамга ўхшашади ва Аллоҳ кофирлар устидан ғолибдир.

20. Чақмоқ кўзларини олиб қўяй, деди. У ёруғ берса юриб олишади, қоронғи бўлса тўхтаб қолишади. Агар Аллоҳ хоҳласа, уларнинг кўз ва қулоқларини олиб қўярди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

Бу иккинчи мисолдан кўринадики, Ислом динида аввал бироз кулфат-машаққат кўрилса ҳам, ниҳояси тамоман роҳат-фароғатдир. Гўё ёмғир кабики, олдинига қоронғулик, гулдурак чақмоқ-момақалдироқлар билан келади, охири дунёни неъматга сероб қилади. Исломнинг ибтидоий ҳолатларидан қўрққан мунофиқлар гоҳ мусулмон, гоҳ кофир бўлиб, оқибатда барча саодатдан, ҳатто инсонликдан ҳам маҳрум бўлишди.

21. Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан аввал ўтганларни яратган Парвардигорингизга ибодат қилинглар, шундагина азобдан нажот топасизлар.

Аллоҳ таоло бу оятларда уч тоифанинг аҳволини баён этади. Биринчиси мўминлар, иккинчиси кофирлар, учинчиси мунофиқларки, улар мусулмон бўлиб кўринишса-да, асли дилларида динни инкор қилишади. Сўнгги оят билан Аллоҳ таоло бутун инсонларга хитоб қилиб дейди: «Эй инсонлар, бутун оламларнинг ва улардаги барча махлуқотнинг эгаси бўлган Парвардигорга ибодат қилинглар, Унга бошқани асло шерик қилманглар, чунки сизларга маълумки, Аллоҳнинг тенги ва шериги йўқдир».

22. У сизларга Ерни тўшаб, осмонни шифт қилиб берди ва осмондан сув туширди, сизларга ризқ сифатида турли меваларни пайдо қилди. Билган бўлсанглар, энди Аллоҳга ҳеч кимни шерик қилманглар.

23. Агар Биз бандамизга туширган Китоб хусусида шубҳада бўлсанглар, сизлар ҳам биргина шундай сура келтиринглар ва агар рост айтаётган бўлсанглар, Аллоҳдан ўзга гувоҳларинг бўлса, чақиринглар.

24. Агар бундай қила олмасанглар, ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёқилғиси одамлар ва тошлардан бўлган дўзахдан сақланинглар.

Қуръони каримнинг Аллоҳ таоло тарафидан туширилганига шак-шубҳа қилсангиз, унинг баробарида эмас, балки кичик бир сурасига ўхшаш нарсани келтиринглар-чи! Агар келтира олмасангизлар (келтира олмайсизлар ҳам!), аниқ билингки, бу Аллоҳнинг Китобидир. Аллоҳнинг азобидан нажот топиш учун унга шаккоклик қилманглар.

25. (Эй Муҳаммад), иймон келтирган ва яхши ишлар қилган одамларга хушхабар берингки, уларга остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлар бордир. Уларга жаннат меваларидан ризқ қилиб берилганида: «Бу меваларни аввал ҳам еган эдик-ку!» дейишади. Зеро, бир-бирига ўхшаш мевалар ва покиза хотинлар берилади ҳамда улар жаннатда абадий қолишади.

Жаннат мевалари кўринишда ҳозирги меваларга ўхшаса ҳам, ҳар қайси меванинг алоҳида мазаси бўлади. Жаннат хотинлари ҳайз ва нифос каби зоҳирий нажосатлардан, бадхулқлик ва итоатсизлик каби ботиний айблардан пок бўлишади. Жаннатда ўлим йўқ, унда ҳаёт абадийдир.

26. Аллоҳ албатта чивин ё ундан каттароқ нарсани мисол қилишдан уялмайди. Мўминлар бу мисолнинг ҳақиқатан Парвардигорлари ҳузуридан эканини билишади. Кофирлар эса: «Бу мисолдан Аллоҳнинг нима мақсади бор?» дейишади. Аллоҳ бу билан кўпларни адаштиради ва кўпларни ҳидоятга йўллайди. У бу билан итоатсизларнигина залолатга кетказади.

27. Улар Аллоҳ аҳдини маҳкам қилганидан кейин бузишади, Аллоҳ уланишга буюрган ришталарни кесишади ва ер юзида бузғунчилик қилишади, ана шулар зиёнкорлардир.

Қуръони каримнинг баъзи ўринларида пашша, ўргимчак, асалари каби майда ҳашаротлар мисол қилиб келтирилган. Бунга кофир кимсалар эътироз билдириб: «Аллоҳ нега бундай тимсолларни келтиради, агар бу Китоб Аллоҳнинг ваҳийи бўлса, бундай арзимас нарсаларни мисол келтирмас эди», дейишади. Юқоридаги икки оят билан уларнинг бу эътирозига жавоб берилган. Ҳар бир банданинг Парвардигори билан боғлаган аҳди бор, кофир ва мунофиқлар уни бузишади. Яна Аллоҳ таоло қариндошлик алоқаларини улашга буюрган, гумроҳ кимсалар хеш-ақраболарига силаи раҳм қилмай, бу ришталарни ҳам узишади.

28. (Эй кофирлар), нега Аллоҳга куфр келтирасизлар? Ҳолбуки бежон эдинглар, У жон берди. Кейин жонингизни олади, яна тирилтиради, сўнгра Унинг ҳузурига қайтариласизлар.

29. (Эй инсонлар), Аллоҳ ер юзидаги ҳамма нарсани сизлар учун яратган. Кейин осмон тарафга юзланиб, уни етти осмон қилиб ростлади. У ҳамма нарсани билувчидир.

30. Парвардигорингиз фаришталарга: «Мен ер юзида бир халифа пайдо қилмоқчиман», деганини эсланг. Шунда фаришталар: «Ерда бузғунчилик қиладиган, қон тўкадиганни халифа қиласанми, ҳолбуки бизлар Сенга ҳамду сано айтиб, Сени поклаб ёд қиламиз-ку!», дейишди. Парвардигорингиз: «Мен сизлар билмаган нарсани биламан», деди.

31. Ва Аллоҳ Одамга ҳамма нарсанинг номини ўргатди, сўнгра уни фаришталарга рўпара қилди ва: «Агар рост гапирган бўлсанглар, Менга буларнинг номини айтиб беринглар», деди.

32. Фаришталар: «Эй пок Парвардигор, бизда билдирганингдан бошқа илм йўқ. Сен албатта буюк илм ва ҳикмат эгасисан», дейишди.

33. У деди: «Эй Одам, буларга у нарсаларнинг номини айтиб бер». Одам уларга ўша нарсаларнинг номини баён қилди. (Аллоҳ таоло) айтди: «Мен сизларга осмонлару ердаги махфий нарсаларни, сизларнинг яширин ва ошкора қилганларингни биламан, демадимми?».

34. (Эй Муҳаммад), эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар!» деганимизда, саждага боришди, фақат Иблис мутакаббирлик билан бундан бош тортди ва кофирлардан бўлди.

Одам алайҳиссаломнинг пайдо бўлгани хабари фаришталарга етганида улар бу зотнинг шаклу шамойилларини кўриб: «Бу жасадда ҳис-туйғу ва ҳаракат бўлса ҳам оқибати яхши бўлмайди, балки улар манфаат йўлида бир-бирлари билан урушиб, жонларига қасд қилишади, улардан фойда йўқ», дейишди. Парвардигор уларга жавобан: «Бу вужуднинг ҳикматини Ўзим биламан», деди. Аллоҳ таоло нарсалар номини Одамга фитрий таълим берди, бундан фаришталар ожиз эди, оқибатда улар Одамга ато этилган илму фазл баракотидан унга сажда қилишди.

35. Ва Биз: «Эй Одам, сен ва хотининг жаннатда туринглар, хоҳлаган ерларингизда истаган нарсалардан енглар, фақат бу дарахтга яқин келманглар, унда золимлардан бўласизлар», дедик.

36. Кейин шайтон уларни йўлдан оздирди ва турган жойларидан чиқарди. Ва Биз: «Энди тушинглар, баъзингиз баъзингизга душмандирсиз, Ерда сизларга маълум муддат фойдаланишингиз учун жой бор», дедик.

Оятдаги «баъзингиз баъзингизга душмандирсиз» жумласида инсонларнинг бир-бирига ғанимлиги эмас, балки Одам авлодлари ва шайтон ўртасидаги душманчилик зикр этилган.

37. Кейин Одам Парвардигоридан бир неча сўзни таълим олди, сўнг У зот унинг тавбасини қабул қилди. У албатта тавбаларни қабул қилувчи, ниҳоятда меҳрибондир.

38. Биз: «Ҳаммангиз бу ердан тушинг, агар Мендан сизларга ҳидоят келганида ким ҳидоятимга эргашса, уларга хавф ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди», дедик.

Шайтон ўзи лаънатга учраганидан кейин Ҳазрати Одам ва Момо Ҳаввонинг жаннатда роҳат-фароғатда юришларига рашк ва ҳасад қилиб, бунга чидай олмаганидан тоқати тоқ бўлди. Охири қасам ичиб уларни алдади ва Аллоҳ таоло ман қилган дарахт мевасидан едирди. Шунда икковлари Аллоҳ таолонинг ғазаби билан жаннатдан чиқарилишди. Ҳазрати Одам бир қанча вақт ҳайрон ва паришон ҳолда йиғлаб юрганларидан кейин Аллоҳ таоло раҳм этиб, бир неча сўз (дуо)ларни илҳом билан маълум қилди. Одам алайҳиссалом уларни қабул қилиб олди. Ана шу калималар баракотидан у зотнинг тавбалари қабул бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло Одам ва унинг авлодларига: «Агар Менинг ҳидоятимда юрсангизлар, сизларга ҳеч қандай хавф-хатар бўлмайди, икки дунёда иззат-икром кўрасизлар», деб амр қилди. Ўргатилган дуо будир: «Роббана заламнаа анфусана ва ин лам тағфирлана ва тарҳамна лина кунна минал-хосирин».

39. Ва куфр келтирганлар ҳамда оятларимизни ёлғонга чиқарганлар дўзахийлардир, улар унда абадий қолишади.

40. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонларимни эсланглар ва Менга берган аҳдларингга вафо қилинглар. Мен ҳам сизларга берган аҳдимдаман ва Мендангина қўрқинглар.

41. Ва сизлардаги нарсани тасдиқ этувчи қилиб туширган Китобимга иймон келтиринглар ва унга биринчи куфр келтирувчи бўлманглар. Оятларимни арзонга сотманглар ва Мендангина қўрқинглар.

Аллоҳ таолонинг ғазабига учраган қавмлар дунёпараст ва моддапараст бўлишгани учун охиратдаги абадий роҳат-фароғатни дунёнинг арзимас матоҳига сотишга (алмаштиришга) тайёрдирлар.

42. Ҳақни ботилга аралаштирманглар ва Ҳақни билатуриб яширманглар.

43. Намозни адо этинглар, закотни беринглар ва рукуъ қилувчилар билан бирга рукуъ қилинглар.

Яъни, эй Исроил авлоди, сиз ҳам мусулмонлар ўқийдиган намозни ўқинг, закотни беринг ва улар каби жамоат намозларида бирга рукуъ қилинг. Исроил – пайғамбар Яъқуб алайҳиссаломнинг исмлари, «Бани Исроил» деганда шу зотнинг авлодлари назарда тутилади. Мусо алайҳиссалом ҳам шулардан, Таврот ҳам уларга туширилган. Аллоҳ таоло Тавротда улар билан: «Сизларга бир пайғамбар юборилса ва у китобларингизни тасдиқласа, сизлар унга бўйсуниб ёрдам кўрсатинглар. Агар шу амримга вафо қилсангизлар, Мен ҳам сизлардан Шом мулкини олиб қўймайман», деб аҳдлашган. Лекин улар Тавротга амал қилишмади, ниятлари бузилди, пора ола бошлашди. Аллоҳ таолонинг каломини арзон нарсага сотишди, яхши йўлни тарк этиб, гумроҳлардан бўлишди. Аллоҳ таоло уларни бу қилмишлари учун расво қилди. Энди яна уларга берган эҳсон-неъматларини эслатиб, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уларни намоз ўқиш, закот бериш ва жамоат намозига даъват қилишга буюрмоқда.

44. Одамларни яхшиликка буюриб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, Китоб тиловат қиласизлар. Нега тушунмайсизлар?

Бошқаларни яхши ишга буюриб, ўзи қилмаслик энг номуносиб феъллардандир.

45. Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар. Ва албатта намоз ўзларини ҳоксор тутувчилардан бошқаларга жуда қийин ишдир.

Сабр қилиш ва намоз ўқиш банда бошига тушадиган ҳар қандай мушкулотни осон қилади. Намоз ўзгаларга машаққат туюлса-да, Аллоҳ таолога итоатда бўлган, ҳоксор бандалар учун жуда осондир.

46. Улар албатта Парвардигорларига рўпара бўлишларини, Унга қайтишларини аниқ билишади.

47. Эй Бани Исроил, сизларга қилган эҳсонларимни ва яна сизларни бутун олам аҳлидан афзал қилганимни эсланглар.

48. Биров бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимнинг шафоати қабул қилинмайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган ва ёрдам берилмайдиган Кундан қўрқинглар.

Қиёмат куни ҳеч ким ҳеч кимнинг оғирини енгил қила олмайди ва беизн шафоат эта олмайди. Ҳеч кимдан бадал олинмайди ва ҳеч кимга ёрдам келмайди. Шунинг учун Исроил авлодининг ота-боболарига ишониб гуноҳ қилишлари дуруст эмас.

49. Ва ўғилларингизни сўйиб, аёлларингизни қолдирган ва сизларга ёмон азоб берган Фиръавн одамларидан қутқарганимизни эсланглар. Ана шу ишларда Парвардигорингиздан катта имтиҳон бор эди.

50. Ва денгизни ёриб, сизларни қутқарганимизни, кўз ўнгингизда Фиръавн одамларини ғарқ қилганимизни эсланглар.

51. Биз Мусо билан қирқ кечага ваъдалашганимизни, у кетгач золим бўлган ҳолингизда бузоқни "илоҳ" қилиб олганингизни эсланглар.

52. Кейин шояд шукр қилсанглар, деб сизларни афв этдик.

53. Ҳидоят топишингиз учун Биз Мусога Китоб ва Фурқонни берганимизни эсланглар.

«Фурқон» сўзи Ҳақ ва ботилни, яхши ва ёмонни ажратувчи, мўъжиза маъноларини англатади. Бу оятда эса Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган шариат маъносида келган.

54. Мусонинг ўз қавмига: «Эй қавмим, бузоқни илоҳ санаб жонингизга жабр қилдинглар, энди сизни яратган Зотга тавба қилинглар ва ўзларингиз ўзларингизни ўлдиринглар, шундай қилганингиз Яратувчи ҳузурида сизларга яхшироқдир», деганини эсланглар. Шунда Аллоҳ таоло тавбаларингизни қабул қилди, У албатта тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлидир.

55. «Эй Мусо, Аллоҳни аниқ кўрмагунимизча ҳаргиз сенга ишонмаймиз», деб қараб турганларингизда сизларни чақмоқ урганини эсланглар.

Бани Исроилдан етмиш оқсоқол Мусо алайҳиссалом сўзларига ишонмай турганида чақмоқ уриб ҳалок бўлган.

56. Кейин шояд шукр қилсангизлар, деб ўлганингиздан сўнг қайта тирилтирдик.

57. Ва булутни устингизга соябон қилдик, сизларга манна ва салвани туширдик: «Сизларга ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар». Бизга зулм қилишмади, ўзларига зулм қилувчи бўлишди.

Аллоҳ таоло Бани Исроилга неъматларни тўкис ато қилган. Ҳар куни субҳи содиқдан қуёш кўтарилунича осмондан ҳар бир кишига бир соъ миқдорида (икки ярим килога яқин) «манна таранжубин» деган ширинлик ёғар эди. Одамлар кун бўйи шуни тановул қилишарди. «Салва» эса бедана каби кичик парранда бўлиб, шом пайти уйлар атрофида тўпланиб қолар эди, қоронғи тушганидан кейин уларни тутиб кабоб қилиб ейишар эди. Лекин Исроил авлодлари Аллоҳ таоло берган шундай неъматлардан баҳраманд бўлиб ҳам Аллоҳга ширк келтиришди ва ўзларига зулм қилишди.

58. «Ушбу шаҳарга (Қуддусга) киринглар ва унинг хоҳлаган ерида бемалол еб-ичинглар ва дарвозадан сажда қилган ҳолларингда «мағфират қил» деб киринглар. «Биз хатоларингизни мағфират этамиз ва яхшилик қилувчиларга зиёда қиламиз», деганимизни эсланглар.

59. Золимлар айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди. Шунда итоатсизликлари сабабидан золимлар устига осмондан бало ёғдирдик.

Золим кимсалар олдинги оятдаги «ҳиттатун» (мағфират қил) сўзи ўрнига «хинзатун» (буғдой) дейишган, яъни истиғфор айтиш ўрнига масхара қилиб «буғдой» сўзини ишлатишган. Сажда қилиш ўрнига Қуддус шаҳрига думбалари билан сурилиб киришган. Шундан сўнг уларга вабо балоси келиб, туш пайтининг ўзидан етмиш минг одам ҳалок бўлган.

60. Мусо қавми учун сув сўраганида: «Ҳассангни тошга ур», деганимизни эсланглар. Шунда ўн икки чашма отилиб чиқди ва барча одам ўз сувхонасини билди. «Аллоҳ таоло берган ризқдан еб-ичинглар, аммо ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар».

Бани Исроил саҳрода узоқ қолиб, ташналикдан қийналаётган пайтда Мусо алайҳиссалом ўз қавми учун Аллоҳдан сув сўрайди. Шунда унга «Ҳассангни тош ур», дейилади. Тошдан ўн икки қавмга етарли сув берувчи ўн икки булоқ отилиб чиқади. Мусо алайҳиссалом юрсалар ҳам, турсалар ҳам ўша тошни бирга олиб юрар эдилар.

61. «Эй Мусо, бир хил таомга сабр қила олмаймиз, Парвардигорингга илтижо қил, бизларга ерда унадиган нарсалардан – сабзавот, бодринг, саримсоқ, мош, пиёзлардан чиқариб берсин» деганингизни эсланглар. Мусо: «Яхши нарсани паст нарсага алиштирасизми, бирор шаҳарга тушинг, сўраган нарсаларингизни топасиз», деди. Уларга хорлик-муҳтожлик туширилди ва Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлишди. Бу, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига куфр келтиришгани, пайғамбарларни ноҳақ ўлдиришгани учундир. Бу, итоатсизлик қилиб, ҳаддан ошишгани учундир!

62. Иймон келтирганлар, яҳудийлар, насронийлар ва собиийлардан қай бирлари Аллоҳга, Қиёмат кунига ишонса ва яхши амаллар қилса, ўшаларга Парвардигорлари ҳузурида албатта мукофот бордир, уларга на хавф ва на ғам-ғусса бўлади.

Бани Исроил: «Биз пайғамбарлар авлодимиз, Аллоҳ наздида бошқа жамоалардан афзалмиз», деб ғурурланарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ғурурига жавобан оят нозил қилиб марҳамат этадики, афзаллик бир гуруҳга хос нарса эмас, балки қайси тоифада иймон ва яхши амал бўлса, ўшаларга саодат ёр бўлади.

Собиийлар ҳар диндан оз-оздан ҳукм олган, Иброҳим алайҳиссалом динида юрамиз деб, аслида фаришталарга ибодат қилувчи бир қавмдир. Улар Забур тиловат қилишган ва Каъбага қараб намоз ўқишган.

63. Аҳд-паймонларингизни олганимизни, тепангизга Турни кўтариб: «Биз сизларга берган Китобга қаттиқ амал қилинглар ва ундаги ҳукмларни ёдда тутинглар, шундагина тақводор бўласиз», деганимизни эсланглар.

64. Кейин аҳдларингдан қайтдингиз. Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва раҳмати бўлмаганида албатта зиёнкорлардан бўлардинглар.

65. Шанба куни ҳақида тажовузга борганлар сизларга маълум, Биз уларга: «Хор ва расво маймун бўлиб қолинглар», дедик.

66. Биз буни замондошларига, ундан кейингиларга ва тақволи кишиларга ибрат қилдик.

67. Эсланг, Мусо қавмига: «Аллоҳ таоло сизларга бир сигир сўйишни буюрди», деганида улар: «Сен бизни масхара қиляпсанми?» дейишди. Мусо: «Нодонлардан бўлиб қолишдан Аллоҳ асрасин», деди.

68. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг қандайлигини билдирсин», дейишди. «У Зот: «Қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, ўртача бир сигир», деяпти, бас, буюрилганини бажаринглар», деди.

69. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, бизга унинг ранги қандайлигини баён этсин», дейишди. «У Зот кўрганларнинг кўзини қувонтирадиган тўқ сариқ рангли сигир», деяпти», деди.

70. Улар: «Парвардигорингга илтижо қил, унинг қандай бўлишини билдирсин, сигир бизга мавҳум бўлиб қолди, бизлар, Худо хоҳласа тўғри йўлни албатта топамиз», дейишди.

71. (Мусо): «У зот: ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, нуқсонсиз, ҳеч қандай доғ-дуғи йўқ бир сигир», деяпти», деди. Улар: «Энди тўғри гапирдинг», дейишди. Кейин улар уни сўйишди.

Бани Исроил қавмидан бир кишини номаълум кимса ўлдириб кетади. Унинг меросхўрлари учраганга туҳмат қила бошлашади. Мусо алайҳиссалом: «Бир сигирни сўйиб, бир бўлак гўшти билан ўликни урилса, ким ўлдирганини ўзи кўрсатиб беради, Аллоҳ таолонинг ҳукми шу», дейди. Улар шундай қилишган эди, ўлик тирилиб, ўз қотилини кўрсатиб берди.

72. Бир жонни ўлдириб қўйиб, у ҳақда жанжаллашганингизни эсланглар. Аллоҳ яширмоқчи бўлган нарсангизни ошкор қилувчидир.

73. Шунда: «Уни сигирнинг бир бўлаги билан уринглар», дедик. Аллоҳ ўликларни шундай тирилтиради. Шоядки тушунсанглар, деб қудрати белгиларини кўрсатади.

74. Шундан кейин қалбларингиз янада қаттиқлашиб, тошдан ҳам қотиб кетди. Ҳолбуки баъзи тошлардан анҳорлар оқиб чиқади, баъзиси ёрилиб, ундан сув чиқиб туради, баъзилари Аллоҳдан қўрққанидан пастга қулаб кетади. Аллоҳ амалларингиздан ғофил эмасдир.

75. (Эй мусулмонлар), уларнинг иймонга киришидан умид қиляпсизларми? Ҳолбуки улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитиб-тушунгандан кейин ҳам билатуриб ўзгартирар эди.

76. Ва мўминлар билан учрашиб қолишса: «Иймон келтирдик», дейишарди. Бир-бирлари билан холи қолишганда эса: «Улар Роббингиз ҳузурида ҳужжат талашишлари учун Аллоҳ сизларга очган нарса ҳақида уларга гапиряпсизларми, ақлни ишлатмайсизларми?» дейишар эди.

Яҳудийлардан баъзи мунофиқлар ўз Китобларида келтирилган Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тавсифларини мусулмонларга хушомад тариқасида баён қилиб беришарди. Бошқа яҳудийлар бундан хавотирга тушиб: «Китобингиздаги далил-исботларни нега мусулмонларга билдиряпсиз, улар воситасида мусулмонлар сизларни мағлуб қилишади-ку!», деб ўша мунофиқларга эътироз билдиришар эди.

77. Аллоҳ уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини сезиб туришини билишмасмикин?

78. Улар орасида саводсиз, Китобдан бехабар, фақат ёлғон орзуларга берилиб, гумон қиладиганлари бор.

79. Ўз қўллари билан китоб ёзиб, сўнг бир оз қийматини ошириш учун уни «Бу Аллоҳ ҳузуридандир» дейдиганларга ҳалокат бўлсин! Уларга ёзганлари сабабидан ҳалокат бўлсин, топган фойдалари сабабидан ҳалокат бўлсин!

80. (Яҳудийлар): «Бизни жаҳаннам ўти бир неча кунгина тегади, холос», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳдан аҳд олганмисизлар, зеро Аллоҳ аҳдини бузмайди ҳам ёки билмаган нарсаларингизни Аллоҳ номидан сўзлаяпсизларми?!» денг.

81. Йўқ! Ким гуноҳ қилган бўлса ва гуноҳи уни ўраб олган бўлса, ана ўша дўзахийдир ва унда абадий қолади.

82. Иймон келтириб, яхши амалларни қилувчилар жаннатийлардир ва унда абадий қолишади.

83. Бани Исроилдан: «Фақат Аллоҳга сиғинасизлар, ота-онага, қариндошларга, етим ва муҳтожларга яхшилик қиласизлар, одамларга яхши гапиринглар, намозни адо этинглар ва закотни беринглар», деб аҳд олган эдик. Кейин озчиликдан бошқаларингиз юз ўгириб кетдинглар.

84. Сизлардан: «Ўзаро қон тўкманглар ва бир-бирингизни ватанидан чиқарманглар» деб аҳд олган эдик. Кейин гувоҳлик бериб, иқрор ҳам бўлгандинглар.

85. Лекин кейинчалик ўз кишиларингизни ўлдиряпсиз, баъзи гуруҳларни ватанидан чиқаряпсиз, гуноҳ ва зулм билан уларнинг душманларига ёрдам беряпсиз. Агар асирлар келса, уларни товон билан қутқариб оласизлар. Ҳолбуки уларни ҳайдаш ҳаром эди. Ёки китобингизнинг баъзи жойига иймон келтириб, баъзисини инкор қиласизларми? Бундай қилганларга дунёда хорлик ва расволик, Қиёмат кунида қаттиқ азоб бўлади. Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмас!

Яъни, ўз кишиларингиз бошқалар қўлига асир тушса, ажратиб олишга тайёрсизлар, лекин уларга ўзингиз зулм қилишингизнинг сабаби нима ва бу қандай муомала бўлди? Аллоҳ таолонинг ҳукмига амал қиладиган бўлсанглар, ҳар икки ҳолатда ҳам амал қилмайсизларми?

86. Ана ўшалар дунё ҳаётини охират эвазига сотиб олувчилардир, уларнинг азоби енгиллатилмайди ва уларга ёрдам ҳам қилинмайди.

87. Ҳақиқатан Мусога Китоб бердик ва ортидан пайдар-пай пайғамбарларни юбориб турдик. Марям ўғли Исога очиқ мўъжизаларни бердик ва Муқаддас Руҳ билан қўлладик. Қачонгача бир пайғамбар сизларга ёқмайдиган бирор ҳукмни келтирса, кибр қиласизлар, бировини ёлғончига чиқариб, бошқасини ўлдирасизлар?

Муқаддас Руҳ, деганда Жаброил алайҳиссалом ёки Исми Аъзам тушунилади, Исо алайҳиссалом бунинг баракотидан ўликларни тирилтирар эдилар.

88. Улар: «Қалбларимиз ёпиқ», дейишади. Аслида Аллоҳ куфрлари сабабли уларни лаънатлаган, шунга иймонлари оз.

89. Уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагиларни тасдиқловчи китоб келганида олдин шу китобдан кофирларга қарши ёрдам кутиб юришган эди. Ўзларига таниш нарса келганида эса, уни инкор қилишди. Кофирларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

Кофирларга қарши курашда душман ғолиб келгудай бўлса, ёрдам кутган яҳудийлар: «Охирги замон пайғамбари тезроқ келсайдилар», деб дуо қилишар эди. У зот келганларида эса, ўзлари инкор қилиб, кофирлардан бўлишди.

90. Улар Аллоҳ бандаларидан хоҳлаганига фазлидан юборганига ҳасад қилиб, Аллоҳ туширган нарсага куфр келтиришдек жуда ёмон нарса эвазига жонларини сотишди. Шунда ғазаб устига ғазабга гирифтор бўлишди. Кофирларга хўрловчи азоб муқаррардир.

91. Агар уларга: «Аллоҳ туширган нарсага иймон келтиринглар», дейилса, «Биз ўзимизга туширилган нарсага иймон келтирамиз», деб ўз китобларини тасдиқлаб келган Ҳақ китобни инкор қилишади. (Эй Муҳаммад): «Агар мўмин бўлсангизлар, нега олдин Аллоҳнинг пайғамбарларини ўлдирдинглар?» денг.

92. Ва Мусо сизларга очиқ ҳужжат келтирди, сизлар эса у йўқлигида золимлардан бўлиб бузоққа сиғиндингизлар.

Бани Исроил Мусо алайҳиссалом кўрсатган ҳассанинг илонга айланиши, қўлларининг оппоқ бўлиши, денгизнинг иккига бўлиниши, Тавротнинг туширилиши каби очиқ-ойдин далил-ҳужжатларни кўриб туриб ҳам Мусо алайҳиссалом Тур тоғига Аллоҳ таоло билан роз айтишга кетганида бузоқни илоҳ санаб, унга сиғина бошлашган.

93. Сизлардан аҳд олиб, тепангизга Тур тоғини кўтариб: «Биз сизларга берган Китобни маҳкам тутинглар ва эшитинглар», деганимизни эсланглар. Улар: «Эшитдик, аммо итоат қилмаймиз», дейишди. Куфрлари сабабидан қалбларига бузоқ муҳаббатини солдик. (Эй Муҳаммад), айтинг: «Агар мўмин бўлсанглар, иймонларингиз буюрган нарса бунчалик ёмон-а!».

Яъни Бани Исроил ташида итоат қилганини айтса ҳам, қалбида буни инкор қилар эди. Шунинг учун Муҳаммад алайҳиссаломга уларнинг бу иймонлари ёмонлигини айтиш буюрилмоқда.

94. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги охират диёри бошқалар қолиб ёлғиз сизларники саналса, ростгўй бўлсангизлар, ўзингизга тезроқ ўлим тиланглар».

95. Улар қилмишлари сабабли ҳаргиз-ҳаргиз ўлимни орзу қила олишмайди. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир!

Яҳудийлар мақтаниб: «Жаннатга бизлардан бошқа ҳеч ким кирмайди ва бизга азоб ҳам йўқ», дейишар эди. Парвардигор: «Агар ростдан ҳам жаннатий бўлсанглар, нечун ўлимдан қўрқасизлар?» деб марҳамат қилмоқда.

96. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳаётга мушриклардан ҳам кўпроқ ҳирс қўйганини биласиз. Уларнинг ҳар бири минг йил умр кўришни хоҳлайди, ҳолбуки узоқ умр ҳам уларни Аллоҳ азобидан қутқаролмайди. Аллоҳ уларнинг ҳар бир кирдикорини кўриб туради.

97. Жаброилга душман бўлганларга: «Албатта у Аллоҳнинг изни билан ўзидан аввалги Китобларни тасдиқлайдиган, мўминларга ҳидоят ва хушхабар бўлган Қуръонни туширган», деб айтинг.

98. Ким Аллоҳга, Унинг фаришталарига, пайғамбарларига, Жаброилга ва Микоилга душман бўлса, Аллоҳ ҳам бундай кофирлар душманидир.

Бани Исроил: «Қуръонни Жаброил олиб тушди, агар бошқа бир фаришта олиб келганида албатта иймон келтирар эдик, чунки Жаброил душманларимизга ёрдам бериб, уларни устимиздан ғолиб қилган», дер эди. Аллоҳ таоло уларга жавобан: «Фаришта Аллоҳнинг изнисиз бирор иш қила олмайди, агар ким фаришталарга душман бўлса, Аллоҳ таоло ҳам ўшанга душмандир», дейди.

99. Ҳақиқатан Биз сизга очиқ оятларни туширдик, уларни фақат фосиқларгина инкор этишади.

100. Ҳар гал улар аҳдлашса, бошқа бир гуруҳи уни бузаверадими? Аслида уларнинг аксари иймон келтирмайди.

101. Уларга Аллоҳ ҳузуридан ўзларидагиларни тасдиқлаб пайғамбар келганида китобийларнинг бир гуруҳи Аллоҳ Китобини билмагандек ортларига отишди.

Ваъдасида турмаслик, аҳдни бузиш яҳудийларнинг эски одатларидир. Пайғамбар солллаллоҳу алйҳи ва саллам сифатларини Тавротда кўриб қолиб, уни йўқотишдан бошқа йўл топишолмади.

102. Ва улар Сулаймон подшоҳлигидаги шайтонлар ўқиган нарсага эргашиб кетишди. Сулаймон кофир бўлмади, лекин одамларга сеҳр ўргатишгани учун шайтонлар кофир бўлишди ҳамда Бобил шаҳрида Ҳорут ва Морут исмли икки фариштага тушган нарсага эргашишди. Ҳолбуки иккови: «Бизлар синовмиз, яна кофир бўлиб қолма» демай туриб ҳеч кимга сеҳр ўргатмас эди. Икковидан эр-хотин орасини бузишни ўрганишарди, ваҳоланки, улар Аллоҳ изнисиз ҳеч кимга зарар етказа олишмайди. Улар ўзларига зарарли ва бефойда нарсани ўрганишади. Ахир уни алмаштирганга охиратда насиби йўқлигини билишади-ку! Насибаларини нақадар ёмон нарсага сотиб юборишганини билишмасмикин?!

Яъни, яҳудийлар ўз динлари ва китобларини бир четга қўйиб, сеҳр ва жоду ўрганишга киришиб кетишди. Уларга сеҳр икки тарафдан маълум бўлган эди: биринчиси – ҳазрати Сулаймон подшоҳлиги замонида инсонлар ва шайтонлар аралашиб юришарди, уни ўша шайтонлардан ўрганишган. Бу тоифа сеҳрни Сулаймон алайҳиссаломга нисбат берарди. Улар: «Сулаймон алайҳиссалом шу сеҳр қувватидан инсонлар ва жинларга баробар ҳукмронлик қилади», дейишарди. Аллоҳ таоло уларнинг бу гапи беҳудалигини баён қилиб марҳамат этадики, сеҳр Сулаймоннинг иши эмас, чунки у куфрдир, Сулаймон эса кофир бўлмайди. Иккинчи томондан, Бобил аҳолиси Ҳорут ва Морут исмли икки фариштадан сеҳр ўрганган. Аммо улар сеҳр ўрганмоқчи бўлганларни «Биз Аллоҳ томонидан юборилган бир фитна-синовмиз, яна кофир бўлиб қолманглар», деб албатта огоҳлантиришар эди. Шунга рози бўлганларгагина сеҳр ўргатишар эди. Сеҳрдан охират учун ҳеч қандай фойда йўқ, аксинча унинг зарари катта. Аллоҳ таолонинг изнисиз сеҳргар ҳеч кимга зарар етказа олмайди. Сеҳр ва жоду билан шуғулланувчилар бунинг ўрнига дин ва Китобни ўрганишса, савобга эришган бўлишарди.

103. Агар улар билишса, иймон келтириб, Аллоҳдан қўрқишганида Аллоҳ ҳузуридаги савоблари яхшироқ эди.

104. Эй мўминлар, «роина» деманглар, «унзурна» денглар ва яхшилаб тингланглар, кофирлар учун оғир азоблар бордир.

Араб тилида «роина» ва «унзурна» сўзлари маъно жиҳатидан бир-бирига жуда яқин: иккови ҳам «бизларга боқ» маънисини билдиради. Лекин яҳудийлар тилида «роина» сўзининг қўпол маъноси ҳам бор, улар мазкур сўзни қўллашар экан, ёмон ниятда уни ўша маъносига ўхшатиб талаффуз қилишган. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни Пайғамбар алайҳиссалом билан суҳбатлашаётганда «роина» дейишдан қайтариб, «унзурна» дейишга буюрган.

105. Китобийларнинг кофирлари ва мушриклар Парвардигорингиздан сизларга бирор яхшилик тушишини асло исташмайди. Аллоҳ хоҳлаган бандасига раҳматини хослаб беради ва Аллоҳ буюк фазл эгасидир.

106. (Эй Муҳаммад), бирор оятни мансух қилсак ё унуттирсак, унинг ўрнига ундан яхшироғини ё унга баробарини келтирамиз. Аллоҳ ҳар нарсага қодирлигини билмадингизми?

107. Осмонлар ва ер Аллоҳнинг мулки эканини ҳамда сизларга Аллоҳдан ўзга дўст ва мададкор йўқлигини билмадингизми?

108. (Эй мўминлар), сизлар ҳам Пайғамбарингиздан илгари Мусодан савол қилинганни сўрамоқчимисизлар? Ким иймонни куфрга алишса, тўғри йўлдан озиши муқаррардир.

Яъни, эй мўминлар, яҳудийлар ўз пайғамбарларидан турли беҳуда нарсаларни сўрайверишгани каби сизлар ҳам Пайғамбарингизга номуносиб саволларни бермангларки, бежо саволлар бошингизга етиб қолмасин.

109. Китобийларнинг кўплари ҳасадлари туфайли Ҳақ аниқ билинганига қарамай иймонли бўлганингиздан кейин сизларни яна кофир қилмоқчи бўлишади. Аллоҳ ҳукмини юборгунча уларни афв этинглар ва кечиринглар. Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир.

110. Намозни адо қилинглар ва закотни беринглар. Ўзингизга нима яхшилик қилсангиз, уни Аллоҳ ҳузуридан топасизлар. Аллоҳ амалларингни албатта кўриб туради.

111. Улар: «Яҳудий ва насронийлардан бошқа ҳеч ким жаннатга кирмайди», дейишади. Бу уларнинг хом хаёлларидир. (Эй Муҳаммад): «Агар рост айтаётган бўлсанглар, ҳужжат келтиринглар», денг.

112. Шундай, ким юзини Аллоҳга буриб, яхшиликлар қилса, унинг мукофоти Парвардигори ҳузуридадир. Уларга хавф-хатар ҳам йўқ, ғамгин ҳам бўлишмайди.

113. Яҳудийлар: «Насронийлар тўғри йўлда эмаслар», дейишади. Насронийлар эса: «Яҳудийлар ҳақ йўлда эмаслар», дейишади. Ҳолбуки улар Китоб ўқишади. Шунингдек, илмсизлар ҳам уларнинг гапини қайтаришади. Қиёмат куни улар ўртасидаги тортишувни Аллоҳ ажрим қилади.

«Илмсизлар» Макка мушрикларидир, улар Иброҳим алайҳиссалом динида бўлганлари ҳолда жоҳиллик туфайли йўлдан озиб, бутларга чўқиниб кетишди.

114. Аллоҳ масжидларида Унинг номи зикр қилинишидан қайтарадиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ҳам золимроғи борми? Бундайлар фақат қўрққан ҳолларидагина масжидга киришлари керак эди. Уларга дунёда шармандалик, охиратда қаттиқ азоб бордир.

Насронийлар жангда яҳудийлар устидан ғолиб чиққанларида улардан ўч олиш учун масжидларни бузиб ташлашди. Инсонларга ўчакишиб, Аллоҳ таоло учун бино қилинган масжидларни бузиш ё одамларни масжиддаги ибодатлардан ман этиш жуда катта золимликдир.

115. Машриқ ҳам, мағриб ҳам Аллоҳникидир, демак қаёққа юзлансангиз ҳам Аллоҳни топасиз. Аллоҳ албатта кенг қамровли ва билимлидир.

116. «Аллоҳнинг фарзанди бор», дейишади. Аллоҳ бундан покдир! Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Унинг мулкидир, ҳамма Унга бўйсунувчидир.

117. Осмонлару Ерни яратгувчидир, бирор ишни қилмоқчи бўлса, фақат «бўл!» дейди, шунда бўлади.

118. Жоҳил кимсалар: «Аллоҳ биз билан сўзлашса эди, ё Ундан бир далил келса эди», дейишади. Булардан олдингилар ҳам уларникидай гап айтишган эди, диллари бир-да! Биз оятларимизни ишонувчиларга баён қилганмиз.

119. (Эй Муҳаммад), Биз сизни Ҳақ билан хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборганмиз. Дўзахийлар хусусида сиздан сўралмайди.

Оятдаги "Ҳақ"дан мурод, Қуръон, тавҳид ва Исломдир.

120. Яҳудийлар ва насронийлар динларига кирмагунингизча асло сиздан рози бўлишмайди. «Аллоҳнинг йўлигина ҳақиқийдир!», денг. Ҳужжат келганидан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига кўнсангиз, Аллоҳ дўст ҳам, мададкор ҳам бўлмайди.

121. Биз Китоб берганлар унинг ҳаққини адо этиб ўқишади, ўшалар иймон келтиришади. Ким уни инкор қилса, ана шулар зиёнкорлардир.

Аҳли китоблардан баъзилари инсофли бўлишгани учун ўз китобларини яхши фаҳмлаб-англаб ўқишар эди. Улар Ҳақни таниб, Қуръони каримга иймон келтиришганди. Улар ичида Абдуллоҳ ибн Салом каби олимлари ҳам бўлган. У киши бир неча сафдошлари билан бирга Исломга кирганлар.

122. Эй Бани Исроил, сизларга инъом қилганларимни ва сизларни оламлар узра афзал қилиб қўйганимни эсланглар.

123. Ҳеч ким бошқа бировнинг ҳожатига ярамайдиган, ҳеч кимдан бадал олинмайдиган, ҳеч кимга шафоат фойда бермайдиган, ёрдам кўрсатилмайдиган Кундан қўрқинглар.

124. Парвардигори Иброҳимни бир неча ҳукм билан синаганида, уларни бажо қилди. Шунда У: «Сени одамларга йўлбошчи қиламан», деди. «Зурриётимни-чи?» деди у. Аллоҳ: «Менинг аҳдим золимларга таааллуқли эмас!» деди.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни тўрт нарсада имтиҳон қилган. Аввало тавҳидда: Аллоҳ таолони яккаю ягона деб эътиқод қилганлари учун ўтга ташландилар. Иккинчиси, мақсадлари йўлида ватандан, яқинлари ва қариндош-уруғларидан жудо бўлиб, хорижга чиқиб кетдилар. Учинчиси, маъсум гўдаклари ва покдомон хотинларини Аллоҳ таоло паноҳига топшириб, дин тарқатишга жўнадилар. Тўртинчиси, кўзларининг нури бўлган суюкли ўғиллари Исмоилни Аллоҳ таоло ризоси учун ўз қўллари билан сўймоқчи бўлдилар. Мана шу имтиҳонларнинг барчасидан яхши ўтиб, Роббиларини хушнуд этдилар. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу зотга барча одамларга имомлик-йўлбошчилик мартабасини берди. Иброҳим алайҳиссалом йўлида бўлган зурриётларига ҳам шундай пешволик насиб қилади.

125. Байтуллоҳни инсонлар тўпланадиган ва омонлик жойи қилиб бердик: «Иброҳим мақомини намозгоҳ қилиб олинглар». Иброҳим ҳамда Исмоилга: «Уйимни тавоф қилувчилар, эътикофдагилар, рукуъ-сажда қилувчилар учун покланглар», деб буюрдик.

126. Иброҳимнинг: «Роббим, буни омонлик шаҳри қилгин ва Аллоҳга, охиратга иймон келтирган аҳлини турли мевалар билан ризқлантиргин», деганини эсланглар. Аллоҳ: «Ким куфр келтирса, уни бироз фойдалантирман-да сўнгра дўзах азобига дучор қиламан, у ниҳоятда ёмон жойдир», деди.

Аллоҳ таоло кофир кимсаларга ҳам бу дунёда ризқ ва бошқа неъматларни берса-да, аслида уларнинг борар жойи ниҳоятда ёмон дўзахдир. Аллоҳ бундайларни дўзах азобига гирифтор қиламан, деб ваъда беряпти. Дўзах азобидан нажот топиш учун «Иброҳим мақоми» (турган жойи) да намоз ўқишга ҳам буюрилган. Иброҳим алайҳиссалом бир тош тепасида туриб, Каъбани бино қилганлар. Унда у зотнинг оёқ излари ҳам бор. Бу тош ва Каъбага ўрнатилган «ҳажарул-асвад» (қора тош) жаннатдан келтирилган.

127. Иброҳим билан Исмоил Каъба деворини кўтариб: «Эй Парвардигоримиз, биздан қабул қил, Сенгина эшитувчи ва билувчисан», деганини эсланглар.

128. «Эй Парвардигоримиз, бизни Ўзингга янада бўйсунганлардан, зурриёдларимизни ҳам итоатгўйлардан қил, ибодат йўлларини кўрсат ва тавбаларимизни қабул айла! Сен тавбаларни албатта қабул қилувчи меҳрибон Зотсан!».

129. «Эй Парвардигоримиз, уларга ўзларидан бўлган, оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Ҳақиқатан қудрат ва ҳикмат Сендадир!».

Уламолар «ҳикмат»дан мурод – Пайғамбар алайҳиссалом суннатлари, дейишган. Пайғамбарнинг вазифалари умматни ширк, куфр ва ёмон хулқлардан поклашдир.

130. Ким Иброҳим миллатидан юз ўгирган бўлса, у пасткашдир. Бу дунёда Иброҳимни танлаб олганмиз, охиратда ҳам солиҳлардан бўлур.

131. Парвардигори унга: «Итоатда бўл!» деганида у: «Оламлар Роббига бўйсундим», деганини эсланглар.

132. Иброҳим буни ўғилларига ва Яъқубга васият қилиб: «Эй ўғилларим, Аллоҳ сизларга шу динни танлади, мусулмон бўлмагунингизча дунёдан ўтмайсиз», деди.

133. Яъқубга ўлим келгач ўғилларига: «Мендан кейин кимга ибодат қиласизлар?» деганида, «Сенинг Илоҳинг, оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Маъбуди бўлмиш ягона Илоҳга ибодат қиламиз ва Унгагина итоатда бўламиз», дейишганига гувоҳ эмасмидингиз?

134. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сизлардан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди.

135. Улар: «Яҳудий ё насроний бўлинглар, ҳидоят топасизлар», дейишади. (Эй Муҳаммад), «Йўқ, Иброҳимнинг ҳаниф динида бўламиз, у мушриклардан эмас эди», денг.

136. (Эй мўминлар), «Аллоҳга, бизларга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва уларнинг авлодига туширилган нарсага, Мусо ва Исога, бошқа пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсаларга иймон келтирдик. Уларнинг ҳеч бирини ажратмаймиз ва Ўзига бўйсунамиз», денглар.

137. Улар ҳам сизлар каби иймон келтиришса, тўғри йўлни тутган бўлишади, агар юз ўгиришса, демак сизларга адоватдадирлар. Сизга (эй Муҳаммад), Аллоҳнинг Ўзи кифоядир. У эшитувчи ва билувчидир.

138. "Аллоҳнинг сибғасини қабул қилдик, Аллоҳдан ҳам яхшироқ сибға берувчи борми? Унгагина ибодат қиламиз".

Ояти каримадаги «сибға» сўзининг маънолари кўп, "бўёқ, ранг, ҳақ дин, эътиқод, насронийлардаги чўқинтириш маросими" маъноларини англатади. Бу ўринда бу калима «ҳақ дин» маъносида келган. Парвардигор мусулмонларга қарата: «Сизлар Аллоҳ таоло рангини, яъни ҳақ динини қабул қилганмиз, чунки бу дин эргашувчиларни турли нопокликлардан халос қилади, бошқа рангга эҳтиёжимиз йўқ», денглар», деб буюрмоқда. Чунки насронийлар бола туғилса ё бир одам динларига кирса, энди холис насроний бўлди, деб уни сариқ рангга бўяшар эди.

139. (Эй Муҳаммад), уларга: «Биз билан Аллоҳ хусусида жанжаллашяпсизларми, ҳолбуки У бизнинг ҳам, сизнинг ҳам Парвардигорингиздир. Бизнинг амалимиз ўзимизга, сизники ҳам ўзингизга ва биз Унга ихлослимиз», денг.

140. Ёки (эй Бани Исроил), «Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлоди яҳудий ё насроний эдилар», деяпсизларми? (Эй Муҳаммад): уларга: «Сизларми яхши биладиган ёки Аллоҳми? Ўзидаги Аллоҳдан келган шаҳодатни яширган кимсадан ҳам золимроқ ким бор? Аллоҳ қилмишларингиздан ғофил эмас», денг.

Иброҳим алайҳиссалом ва у зотнинг авлодлари ҳақида яҳудий ва насронийларнинг даъволари мутлақо ёлғондир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Ма кана Иброҳима яҳудан ва насронийян», яъни Иброҳим алайҳиссалом на яҳудий, на насроний, балки ҳаниф мусулмон эдилар.

141. Улар ўтиб кетган бир умматдир. Уларнинг амаллари ўзларига, сизларнинг амалларингиз ўзларингизгадир. Сиздан уларнинг қилмишлари ҳақида сўралмайди.

Бу ояти карима такроран келди. Уламолар фикрича, биринчисида китобийларга, иккинчисида Ислом умматига қарата хитоб қилинган, ёки ҳар иккиси ҳам китобийларга таъкид учун такроран тушган.

ИККИНЧИ ЖУЗ

142. Одамларнинг эси пастлари: «Нима буларни қиблаларидан юз ўгиртирди?» дейишади. «Машриқ ва Мағриб Аллоҳники, Ўзи хоҳлаганларни тўғри йўлга бошлайди», денглар.

143. Шу тариқа сизларни бошқа одамларга гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун яхши бир уммат қилдик. (Эй Муҳаммад), сиз юзланган қиблани ким Пайғамбарга эргашишию, ким ортига ўгирилиб кетишини билиш учун қилгандик. Бу, гарчи Аллоҳ ҳидоятга бошлаганлардан бошқаларга оғир бўлса ҳам. Аллоҳ иймонларингизни зое қилувчи эмас, Аллоҳ ҳақиқатан одамларга меҳрибон ва раҳмлидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келгач, ўн етти ой Байтул-Мақдис (Қуддуси шариф)га юзланиб намоз ўқидилар. Кейин шарафли Каъба томон ўгирилишга амр бўлди. Шу хусусда яҳудийлар ва баъзи иймони суст мусулмонлар томонидан бўладиган эътирозни Аллоҳ таоло олдиндан баён қилиб жавобини берадики, Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Ўзининг мулкидир, ҳозиргача у тарафга юзланишни буюрган Аллоҳ энди бу тарафга қараб ибодат қилишни амр қилмоқда. Йўналиши ўзгарса ҳам ибодат Аллоҳ таолонинг Ўзигадир. Асли қибланинг ўзи ҳозиргисидир, бу борада баҳс-эътирозлар беҳудадир. Аввал ўқилган намозлар зое бўлмайди, бу ҳолат туфайли ҳақиқий ҳидоятдагилар маълум бўлди. Бу уммат бошқа барча умматлардан фазилатлидир, чунки пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамма набийлардан афзалдирлар.

144. Юзингизни осмонга қаратганингизни кўриб турибмиз. Энди ўзингиз рози бўлган қиблага юзлантирамиз. Юзингизни Масжидул-Ҳаром тарафга буринг! Қаерда бўлсангизлар ҳам юзларингизни у томонга буринглар! Китоб берилганлар бунинг Парвардигорларидан келган Ҳақ эканини билишади ва Аллоҳ уларнинг қилмишларидан ғофил эмасдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак юзларини ҳамиша осмон тарафга қаратиб, ҳукмга мунтазир турар эдилар ва қибланинг Каъбага бўлишини кутиб юрардилар. У зотнинг истакларига мувофиқ ҳукм келиб, шарафли Каъба то қиёматгача мусулмонларга қибла бўлиб қолди.

145. Агар Китоб берилганларга барча далилларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга юзланишмайди, сиз ҳам улар қибласини қабул қилмайсиз ва уларнинг баъзиси бошқасининг қибласини қабул қилмайди. Агар ўзингизга келган ваҳийдан кейин ҳам уларнинг хоҳишларига эргашсангиз, унда албатта золимлардан бўлиб қоласиз.

146. Биз Китоб берганлар уни худди болаларини танигандек танишади ва улардан бир гуруҳи билатуриб ҳақиқатни яширади.

147. Бу ҳақиқат Парвардигорингиздандир, асло шубҳа қилувчилардан бўлманглар.

148. Ҳар кимнинг ўз юзланадиган тарафи бор, шундай бўлгач, сизлар яхшиликларга шошилинглар! Қаерда бўлсангизлар ҳам Аллоҳ ҳаммангизни жамлайди, Аллоҳ албатта ҳар нарсага қодирдир.

149. (Эй Муҳаммад), қайси тарафдан чиқсангиз ҳам, юзингизни Масжидул Ҳаромга ўгиринг. Бу Парвардигорингиз буюргани ва Аллоҳ ишларингиздан ғофил эмасдир.

150. Қай тарафдан чиқсангиз ҳам юзингизни Масжидул Ҳаромга ўгиринг. (Эй мўминлар), қаерда бўлсангизлар ҳам юзингизни у тарафга буринглар, токи ноинсоф одамларда сизга қарши ҳужжат бўлмасин. Уларнинг золимлари ҳам борки, улардан қўрқманглар, неъматимни тўкис қилиб беришим ва тўғри йўлда бўлишинглар учун Мендангина қўрқинглар.

Яъни, яҳудийлар: «Пайғамбар ўзи бошқа динда бўлатуриб қибламизга – Қуддусга қараб ибодат қилади» ёки бутпараст араблар: «У Иброҳимнинг динидаман деб даъво қиладию аммо ўзи яҳудийлар қибласига юзланади» деб мусулмонларга қарши далил-ҳужжат топмасликлари учун қаерда бўлсангиз ҳам Масжидул Ҳаромга юзланинглар, дейилмоқда.

151. (Эй инсонлар), шунингдек сизларга ўз орангиздан оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, Китоб ва Ҳикматдан таълим берадиган, билмаганларингизни ўргатадиган бир Пайғамбар юбордик.

152. Бас, Мени ёд қилинглар ва Мен ҳам сизларни ёд қилурман, Менга шукр қилинглар ва куфр келтирманглар!

153. Эй мўминлар, сабр ва намоз орқали мадад сўранглар. Аллоҳ албатта сабр қилувчилар биландир.

Бу ўринда "сабр" деганда рўза тутиш назарда тутилган.

154. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни «ўлик» деманглар, йўқ, улар тирик, лекин сезмайсизлар.

155. Ва Биз сизларни баъзан бироз хатар ва очлик билан, молга, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад), сабрлиларга башорат берингки;

156. уларга мусибат келганида: «Бизлар албатта Аллоҳникимиз ва албатта Унга қайтамиз», дейишади.

157. Ана шуларга Парвардигорларидан мағфират ва раҳмат бор, ана шулар тўғри йўлни топганлардир.

158. Сафо ва Марва ҳақиқатан Аллоҳнинг нишонларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, иккиси орасида бориб-келиши гуноҳ эмас. Ва ким ихлос ила яхшилик қилса, Аллоҳ албатта тақдирловчи ва билувчидир.

Сафо ва Марва Маккадаги икки тоғ бўлиб, Иброҳим алайҳиссалом замонларидан бери ҳаж қилувчилар уларни ҳам тавоф қилишар эди. Сўнгра араб мушриклари бу тоғларга икки бут қўйиб, уларга сиғина бошлашди. Ислом дини билан шарафланган саҳобалар ширкдан тавба қилишгани учун Сафо ва Марва тавофидан ҳам чекинишди. Шунда нозил бўлган Аллоҳнинг ҳукмига кўра, улар орасида бориб келиш (саъй қилиш)нинг гуноҳи йўқ, балки бу ҳаж амалларидандир.

159. Биз туширган равшан оятларни ва тўғри йўлни Китобда одамларга очиқ баён қилганимиздан кейин ҳам яширадиганларни Аллоҳ лаънатлайди ва лаънатловчилар ҳам лаънатлашади.

160. Фақат тавба қилгач, ўзларини ўнглаб ҳақиқатни баён қилганларнинг тавбасини қабул қиламан ва Менгина тавбаларни қабул қилувчи, раҳмлиман.

Дунё ғаразлари учун Аллоҳ таоло туширган ҳукмларни яширувчи кимсалар юқоридаги ояти карималар далолатича, Аллоҳ таолонинг, шунингдек лаънатловчилар (инсонлар ва фаришталар) нинг лаънатига учрайди. Ўлишидан олдин тавба қилсагина ва бузган нарсаларини тузатсагина Аллоҳ таоло уларнинг тавбасини қабул қилади.

161. Куфрда бўлиб, кофирлигича ўлганлар, шубҳасиз Аллоҳнинг, шунингдек фаришталар, барча инсонларнинг лаънатига учрашади.

162. Бу абадийдир, уларнинг азоби енгиллатилмайди ҳам, уларга муҳлат берилмайди ҳам.

163. Маъбудингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, ниҳоятда раҳмли ва меҳрибондир.

164. Осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундуз алмашинувида, денгизда одамларга керакли нарсалар билан сузаётган кемаларда, Аллоҳ осмондан туширган сув билан ўлик ерни тирилтирганида ва унда турли жониворларни тарқатганида, осмон ва замин оралиғидаги ҳавонинг ўзгаришию булутлар итоатида ақлли одамлар учун ишоратлар бор.

"Ла илаҳа илла ҳува" жумласида Аллоҳ таолонинг зоти тавҳиди ва "Ар-Роҳман ул-Карим" калималарида сифати тавҳиди собит бўлган эди. Энди "Инна фи холқис-самавати…" оятида афъоли тавҳиди ҳам собит бўлди. Яъни, Аллоҳ таоло зотда ҳам, сифатда ҳам, афъолда ҳам якка ва ягонадир, "Ваҳдаҳу ла шарика лаҳу"дир.

165. Одамлар орасида Аллоҳдан ўзгаларни Унга тенг қилиб, уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар ҳам бор. Мўминларнинг эса Аллоҳга муҳаббатлари ҳаддан зиёдадир. Золимлар азобга рўпара бўлгач барча куч-қудрат Аллоҳники эканини ва Аллоҳнинг азоби қаттиқлигини билишса эди!

166. Ўшанда пешволар эргашувчиларидан тонишади ва ҳаммалари азобни кўришади, ораларидаги муносабатлар қирқилади.

167. Эргашувчилар: «Кошки қайтишнинг иложи бўлганида улар бизлардан тонганидек, биз ҳам улардан тонардик», дейишади. Аллоҳ уларнинг қилмишларини мана шундай ўзларига армонли кўрсатиб қўяди ва улар дўзахдан асло чиқа олишмайди.

168. Эй инсонлар! Ердаги ҳалол-пок нарсалардан енглар ва шайтонга эргашманглар, чунки у сизларнинг аниқ душманингиздир.

169. У сизларни фақат ёмонлик ва бузуқликка, Аллоҳ хусусида билмаган нарсаларингизни гапиришга буюради.

170. Уларга: «Аллоҳ туширган нарсаларга эргашинглар» дейилса, «Йўқ, ота-бобларимизнинг қилганларига эргашамиз», дейишади. Ота-боболари ҳеч нарсани тушунмаган ва тўғри йўлда юрмаган бўлса-чи?!

171. Кофирлар худди бақир-чақир қилаётган чўпондан бошқанинг овозини эшитмайдиган ҳайвонларга ўхшайди: улар кар, соқов ва кўрдирлар, тушунишмайди ҳам.

Саркаш кофирларни тўғри йўлга даъват қилиш худди чўпоннинг ҳайвонлар подасини чақиргани кабидир, улар овозни эшитса-да, аммо ҳеч нарсани тушунмай тураверади. Кофирлар Ҳақни эшитишдан кар, Ҳақни сўзлашдан гунг ва Ҳақни кўришдан кўрдирлар. Бу уч неъматдан маҳрум қавмдан ҳидоят умид қилиб бўлармикин?! Ўзи билмайдиган, билганларнинг сўзига эса кирмайдиган кимсаларнинг ҳоли ҳам худди шундайдир.

172. Эй мўминлар, Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангизлар, Биз сизларга берган покиза нарсалардан енглар ва шукр қилинглар.

173. У сизларга ўлаксани, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзганинг номи билан сўйилганларни ҳақиқатан ҳаром қилди. Энди ким ночор қолганида золимлик қилмай, ҳаддидан ошмай еса, гуноҳкор бўлмайди. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир.

Ночор қолинганда, масалан очликдан ўлиш хавфи бўлганида бироз миқдорда ҳаром чегарасидан ўтишга рухсат бериляпти.

Ояти каримадаги «майтата» сўзи ўзи ўлган ҳайвоннигина эмас, шариат талабларига мувофиқ сўйилмаган бошқа ҳайвонларни ҳам англатади. Жониворларни сўйиш вақтида улар ё жин, ё пайғамбар, ё пир номига аталса ёки булардан бирининг розилиги ва хурсандлиги кўзланса, агар «Бисмиллаҳ» айтиб сўйилса ҳам, бу жонивор ҳаром бўлади. Чунки жонни Жон берувчидан бошқага назр қилиб бўлмайди.

174. Аллоҳ туширган Китобдаги нарсани яширганлар ва уни арзонга сотганлар қоринларини фақат оловга тўлдиришади. Қиёмат куни Аллоҳ улар билан сўзлашмайди, уларни покламайди ва уларга аламли азоб бордир.

175. Ана шулар ҳидоят эвазига залолатни, мағфират ўрнига жазони сотиб олганлардир. Улар дўзах ўтига шунчалик бардошлими?

176. Бу шунинг учунки, Аллоҳ Китобни ҳақ билан туширган эди, Китоб ҳақида тортишганлар эса, ихтилофда чуқур кетганлардир.

177. Юзингизни машриқ ёки мағрибга буришингизгина яхшилик эмас, Аллоҳга, Қиёмат кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга иймон келтирган, ўзи яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, мусофирларга, сўровчиларга, қулларни озод қилишга берадиган, намозни адо қиладиган, закотни берадиган, аҳдлашганда вафо қиладиган, қийинчилик ва муҳтожликда, мусибат етганида сабр қиладиганлар яхшилардир. Ана шулар асл иймонлилар, ана шулар тақволилардир.

178. Эй мўминлар, ўлдирилганлар учун ҳурга ҳур, қулга қул, аёлга аёл қасоси сизларга фарз қилинди. Энди кимга биродари тарафидан бироз енгиллик берилса, товонини яхшиликча адо этсин. Бу Парвардигорингиз тарафидан енгиллик ва раҳматдир. Шундан кейин ҳам ким ҳаддидан ошса, унга аламли азоб бордир.

«Қасос» сўзи луғатда «баробарлик, тенглик» маъноларини билдиради. Ислом келмасидан олдин яҳудий ва арабларда шундай қоида ҳукм сурардики, бирор насабли, улуғ одамнинг қули ўлдирилса, ўрнига насаби пастроқ озод кишини ўлдиришар эди. Яна улуғлардан хотин киши ўлдирилса, паст табақадагилардан эр киши, улардан бир ҳур (озод) ўрнига булардан икки ҳур ўлдирилар эди. Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада бу қоидани ман этиб марҳамат қиладики, қасддан ўлдирилганлик борасида тенглик лозим, чунки ҳамма жон (инсон) баробардир. Ҳур ўрнига ҳур, қул ўрнига қул, аёл ўрнига аёл ўлдирилсин. Бу хусусда насабли-бенасабли, амир-ғариб, қул-ҳур, аёл-эр, ёш-қари, хаста-соғ, бой-камбағал – ҳамма баробардир. «Агар эр киши аёлни ёки ҳур одам қулни ўлдирса, қасос олинадими», деб сўраладиган бўлса, бу масалада мазкур ояти каримада бирор ҳукм йўқдир. Шунинг учун уламолар бунда ихтилоф қилишган. Мазҳаббошимиз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ «Иннан-нафси бин-нафси» оятидан ва «Ал-муслимуна татакаффару би-аҳлиҳим» ҳадисидан истинбод қилиб: «Агар қул қотилнинг ўз қули бўлмаса, бу икки ҳолда ҳам қасос олинади», деганлар. Ҳанафий мазҳабида зиммийни (Ислом мамлакатида маълум солиқ тўлаб яшаётган ғайримуслимни) ўлдирган мусулмондан ҳам қасос олинади. Агар ўлдирилганнинг ворислари афв этишса, қотилдан қасос олинмайди.

179. Эй оқиллар, сизларга қасосда ҳаёт борки, шояд тийилсангизлар!

180. Бировингизга ўлим келганида мол-дунё қолдираётган бўлса, ота-онасига ва қариндошларига муносиб равишда васият этиш сизларга фарз қилинди. Бу тақводорлар зиммасидаги бурчдир.

Бу васият мерос оятлари тушишидан олдин ҳукмда эди, сўнгра фарзлиги қолмади, балки истеҳбоб даражасига тушди, шунда ҳам ворисга бўлмаса. Аммо халқ билан муомаласи бор кишига муомалани соф қилиб кетиш учун васият этиш ҳар ҳолда фарздир.

181. Ким буни эшитганидан кейин ўзгартирса, гуноҳи ўзига бўлур. Аллоҳ албатта эшитувчи ва билувчидир.

Васият шариатга мувофиқ бўлса, уни ўзгартириш гуноҳ бўлади. Агар бир инсон васиятида бир томонга оғса, ёки ғалати васият қилса, ёхуд шариатга хилоф васият қилган бўлса, бу ҳолда ҳар икки томонга шаръий маслаҳат бериб, ислоҳ қилиб қўйилса, бу ўзгартиришга кирмайди, ислоҳ қилувчи гуноҳкор ҳам бўлмайди.

182. Ким васият қилувчининг оғиши ёки гуноҳ бўлишидан қўрқиб орани ислоҳ қилса, унга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир.

183. Эй мўминлар, олдин ўтганларга каби сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шунда тақводор бўлурсизлар.

184. У саноқли кунлардир, сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари саноқни тўлдирсин. Қодир бўлмаган кишилар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир. Ким ихтиёри билан яхшилик қилса, ўзига фойдадир. Агар билсангизлар, рўза тутишингиз ўзларингизга яхшидир.

«Қодир бўлмаган кишилар» дейилганда кексайиб қартайган ёки оғир беморлик туфайли ёхуд бошқа узрли сабабларга кўра рўза тутишга ярамайдиган кишилар назарда тутилган, булар ҳар бир кун учун бир мискин кишининг кунлик таоми миқдорида фидя (бадал) тўлашлари лозим.

185. Рамазон ойида инсонларга ҳидоят бўлган ҳамда ҳидоят ва фурқоннинг очиқ башорати бўлиб Қуръон туширилган. Ким бу ойга етса рўза тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бошқа кунлари сонини тўлдирсин. Аллоҳ сизларга осонликни истайди, қийинчиликни хоҳламайди. Шунинг учун саноқни бут қилинглар ва ҳидоят қилгани учун Аллоҳни улуғланглар, шунда тақводор бўлурсизлар.

Ояти каримадаги «фурқон» сўзи «ажратувчи» маъносини билдиради, яъни Қуръони карим ҳақ билан ботилни ажратувчидир.

Исломнинг илк даврида рўза янги фарз қилинганида ҳар бир мусулмон рўза тутиш ёки фидя беришда ихтиёрли эди. Кейин бу ихтиёр бекор қилинди. Фидя бир мискинга икки маҳал тўйгунича таом беришдир, агар бундан зиёда бўлса, янада яхши. Энди ҳар бир киши Рамазон ойига етиб келса, ўзи бемор ёки сафарда бўлмаса, Рамазон рўзаси унинг зиммасида фарздир. Ўзи тутади, тутолмаса мискинга фидя беради.

186. (Эй Муҳаммад), агар бандаларим Мен ҳақимда сўрашса, Мен яқинман, дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Улар ҳам Менга жавоб қилишсин, Менга иймон келтиришсин, балки шунда тўғри йўлни топишар?

187. Сизларга рўза кечаларида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларга пардадир, сизлар уларга пардасиз. Ўзларингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбаларингизни қабул этиб, афв қилди. Энди уларга яқинлашаверинглар ва Аллоҳ сизларга ёзган нарсани талаб қилаверинглар. Субҳда оқ ип қорасидан ажрата олингунича еб-ичаверинглар, сўнгра кечгача рўзаларингизни тўкис қилинглар. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманглар. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларга асло яқинлашманглар. Инсонлар тақво қилишсин, деб Аллоҳ оятларини мана шундай очиқ баён этади.

Рўза ибодати янги фарз қилинган даврда кеча аввалида еб-ичиш ва хотин билан яқинлик қилиш жоиз бўлса-да, бир ухлаб турилгач буларнинг ҳаммаси ман этилар эди. Баъзилар бу ҳукмни бузиб қўйишди ва Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб қилмишларига иқрор бўлишди ҳамда қандай тавба қилишни сўрашди. Шу воқеа устида юқоридаги оят туширилди ва кечанинг ҳаммасида еб-ичиш ва хотин билан яқинлашишга ижозат берилди. Лекин масжидларда эътикоф ўтирганда кечаю кундуз хотин билан яқинлашишга рухсат йўқ. Баъзи муфассирлар оятдаги «оқ ип»ни субҳ деб, «қора ип»ни кечқурун, деб таъвил қилишган.

188. Бир-бирларингизнинг молларингизни ножоиз еманглар. Билатуриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейиш мақсадида ҳокимларга гуноҳкорона улардан узатманглар.

«Бошқанинг молини ейиш» дейилганининг маъноси ўғирлик қилиш, омонатга хиёнат этиш, фириб-алдов билан ўзлаштириш, пора бериш ва олиш, зўрлик билан тортиб олиш, қиморда ютиб кетиш, ножоиз тижорат билан қўлга киритишдир. Юқоридаги усулларнинг ҳар бири орқали мол топиш шариатда ҳаром қилинган. Золим ҳокимларга бошқанинг молидан эҳсон қилиш, ўз молини уларга пора қилиб бериш ё улар билан бирга ҳаром ишлар қилиш ҳам тамоман ножоиздир.

189. Сиздан ҳилол ҳақида сўрашади. «Улар инсонлар учун ва ҳаж учун вақт ўлчовидир», денг. Уйларингизнинг орқа тарафидан келишингиз яхшилик эмас, яхшилик тақводорликдадир. Уйларга эшикларингиздан киринглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.

Ояти каримадаги «ҳилол» янги чиққан ой маъносида.

Ўтмишдаги араблар эҳромга кирганидан кейин яна уйларига кирмоқчи бўлишса, дарвозадан эмас, томдан тушишар ё уйининг орқа томонини тешиб ўша ердан киришар эди. Улар бу нарсани яхши амал, деб эътиқод қилишарди. Аллоҳ таоло бу ояти каримада мазкур эътиқоднинг маънисизлигини билдириб, яхшилик фақат Ўзига тақво қилиш билан бўлишини зикр этмоқда.

190. Сиз билан урушаётганларга қарши Аллоҳ йўлида жанг қилинглар, аммо тажовуз этманглар. Аллоҳ албатта тажовузкорларни севмайди.

191. Уларни кўрган жойингизда ўлдиринглар, сизларни чиқаришган жойдан уларни ҳам қувиб чиқаринглар. Фитна қотилликдан ҳам ёмондир. Ўзлари уруш бошламагунча улар билан Масжидул-Ҳаром олдида жанг қилманглар. Агар сизларга уруш очишса, уларни ҳам ўлдиринглар, кофирларнинг жазоси шудир.

192. Куфрдан қайтишса, Аллоҳ албатта мағфиратли ва раҳмлидир.

193. Фитна қолмагунича ва дин Аллоҳгагина бўлмагунича улар билан урушинглар. Агар тўхташса, золимлардан бошқасига душманлик йўқ.

Ояти каримадаги «дин» сўзи кенг маънони англатади, «дин» дейилганида иймон, амаллар, тоат-ибодат, тақво ва яхшиликлар тушунилади. «Фитна-фасод» эса диндан чиқиш ва бошқаларни ҳам чиқаришдир. Бу нарсалар Масжидул-Ҳаромда ва муҳаррам ойида уруш қилишдан ҳам ёмондир. Инсонлар ўртасида зулм йўқолиши, халқни диндан узиб, гумроҳ қилинмаслиги ва Аллоҳ таолонинг ҳукми жорий бўлиши учун жиҳод фарз қилинган.

194. Ҳаром ой ҳаром ойга муқобилдир, ҳаромларда қасос бор. Ким сизларга душманлик қилса, сизлар ҳам шунинг баробарида душманлик қилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингки Аллоҳ тақводорлар биландир.

Олтинчи ҳижрий сананинг зулқаъда ойида умрага борган Расулуллоҳни (соллаллоҳу лалайҳи ва саллам) ва саҳобаларини Масжидул-Ҳаром ҳудудида эҳром ҳолатида мушриклар тўсишди. Орадан бир йил ўтиб шу умранинг қазосига боришганида саҳобалар: «Энди урушиш тўғри келиб қолса, нима қиламиз», деб қўрқишди. Парвардигор ушбу ояти карима билан уларга жавоб берадики, улар уруш ҳаром қилинган ойлар ҳурматини поймол қилишса, сизлар ҳам улардан қасос олинглар.

195. Аллоҳ йўлида сарф қилинглар ва ўзларингизни ўз қўлларингиз билан ҳалокатга отманглар. Яхшилик қилинглар, Аллоҳ албатта яхшилик қилувчиларни севади.

Аллоҳ йўлида жиҳод учун ўз молидан сарф этмаслик ва бахиллик қилиш ўз-ўзини ҳалок қилиш билан баробардир.

196. Аллоҳ учун ҳаж ва умрани тўкис қилинглар. Агар тўсилсангиз, қодир бўлганингизча қурбонлик қилинглар. Жонлиқ жойига етиб бормагунича бошларингизни қирманглар. Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида бирон азият бўлса, у ҳолда ё рўза тутиш, ё садақа бериш, ё қурбонлик қилиш билан фидя берсин. Хотиржамлик бўлганида ким умра билан ҳажни бирга адо этолса, муяссар бўлганича ҳадясини берсин. Ким топа олмаса, ҳажда уч кун, қайтганидан кейин етти кун, тугал ўн кун рўза тутсин. Бу аҳли-оиласи Масжидул-Ҳаромда турмаганлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

Ҳаж ва умра халқ кўриши ёки ҳожи номини олиш учун эмас, Аллоҳ таоло розилиги учун қилинади. Агар бир киши ҳаж ё умра учун эҳромга кирганидан сўнг бирор душман сабабидан ё хасталаниб қолиб Маккага етолмай қолиб кетса, у ўзи қодир бўлган бир жонлиқни Масжидул-Ҳаромга бирор киши орқали юбориб, унга бу жонлиқни фалон куни Макка Ҳаромида сўйишни тайинлайди. Жониворнинг Маккага элтиб сўйилгани аниқ маълум бўлса, шундан кейин сочини олдириб, эҳромдан чиқади. Бундан аввал ҳаргиз сочини олдирмайди, бу сўйиш эҳсон сўйиши бўлади. Масалан, эҳром ҳолатида бир киши хаста бўлса, бошида оғриқ ёки яра бўлса, у зарурат юзасидан сочини олдираверади, лекин фидя (тўлов) беради. Бунинг учун ё уч кун рўза тутади ё олти мискинни тўйдиради ё қўй ёки эчки қурбонлик қилади. Бу сўйиш жанобат сўйиши дейилади. Тиланчиликдан сақланиш ҳожи учун аъло парҳездир. Ҳаж ойлари шаввол, зулқаъда ва зулҳижжанинг ўн кунидир.

197. Ҳаж маълум ойлардадир, ким уларда ҳажни қасд этса, ҳаж пайтида шаҳвоний ишлар, гуноҳ ва жанжал қилмайди. Қандай яхши амал қилсангиз ҳам Аллоҳ билади. Озуқа ғамлаб олинглар, энг яхши озуқа тақводир. Эй оқиллар, Мендан қўрқинглар!

198. Парвардигорингиздан ризқ талаб қилиш сизларга гуноҳ эмасдир. Арафотдан қайтганингизда Машъарул-Ҳаромда Аллоҳни зикр қилинглар. Илгари адашганлардан бўлсангиз-да, сизларни ҳидоятга бошлагани учун Уни зикр қилинглар.

Ҳаж кунларида ва ҳаж сафарида тижорат қилиш жоиз, асл ният ҳаж бўлганидан кейин тижорат ё киракашлик воситасида Аллоҳдан ризқ талаб этиш гуноҳ бўлмайди. Машъарул-Ҳаром Муздалифадаги бир тоғ номи. Арафотдан қайтгандан кейин ўша тоғ устида ва Маҳсар водийидан ташқари Муздалифанинг ҳамма ерида бир муддат туриш жоиздир.

199. Сўнгра одамлар тушган томондан тушинглар ва Аллоҳдан мағфират сўранглар. Аллоҳ албатта мағфират қилувчи, раҳмлидир.

200. Маросимларингизни тугатгач, аждодларингиз эслаганидек ё ундан ҳам зиёда Аллоҳни эсланглар. Баъзи одамлар борки, улар: "Эй Парвардигоримиз, бизга шу дунёлигимизни бер", дейишади. Уларга охиратда насиба йўқдир.

201. Ва шундайлар ҳам борки, улар: «Эй Парвардигоримиз, бизга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликлар бер ва дўзах азобидан асра», дейишади.

202. Ана шундайларга қилган ишларидан насиба бор ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир.

Ўтмишдаги араблар ҳаж кунларида ота-боболари фазилати ва яхшиликларини айтиб фахрланишар эди. Парвардигор мусулмонларни бу нарсадан қайтариб, аждодлардан ҳам зиёда Ўзини эслашга буюрган. Баъзилар қилган дуоларида фақат дунёвий роҳат-фароғатни сўрашган, бундайларга охиратда ҳеч қандай насиба бўлмайди. Баъзилар эса ҳам дунё, ҳам охират яхшилигини талаб этишган, уларга қиёмат куни юксак мақом ва улуғ савоблар ато қилинади.

203. Саноқли кунларда Аллоҳни эсланглар. Ким икки кун ичида бажаришга шошилса, унга гуноҳ йўқ, ким кечикса унга ҳам гуноҳ йўқ, бу тақводорлар учундир. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, албатта Унинг ҳузурида тўпланасизлар.

Саноқли кунлар зулҳижжа ойининг ўн биринчи, ўн иккинчи, ўн учинчи (яъни ташриқ) кунларидир, шу кунлари ҳожилар Мино водийида туришади. Бир мусулмон ҳаж кунлари Аллоҳдан қўрқиб шариатга хилоф ишлардан тийилса, унга Минода икки ёки уч кун туриш баравар, лекин уч кун туриши афзалдир.

204. (Эй Муҳаммад), одамлар ичида шундайлари ҳам борки, унинг дунё ҳаётидаги гаплари сизга ажиб туюлади. У Исломга ашаддий хусуматда бўлгани ҳолда дилидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ қилади.

205. У юз ўгирганидан сўнг ер юзида бузғунчилик ҳамда экин ва наслларни ҳалок қилиш мақсадида зир югуради. Аллоҳ эса бузғунчиликни ёмон кўради.

206. Унга «Аллоҳдан қўрқ!» дейилганида ҳам ғурури гуноҳга бошлайверади. Унга жаҳаннам кифоядир, у ниҳоятда ёмон жойдир.

Бу мунофиқнинг ҳолати бўлиб, у ташида хушомад билан ҳар сўзига Худони гувоҳ қилади ва: «Менинг дилимда ҳам Исломга муҳаббат бор», дейди. Лекин унинг Исломга душманлиги бошқаларникидан қаттиқроқдир, иложи бўлса, ҳамма ёқда бузғунчилик қилиб, ер юзидаги экинларнию ва инсон ҳамда ҳайвон наслларини йўқ қилиб ташласа! Бундайларга насиҳат қилинса, унинг зиддига иш тутади. Саодат асрида Ахнас исмли бир мунофиқ бор эди, унда юқоридаги сифатларнинг ҳаммаси мавжуд эди. Бу кимса Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом билан худди шундай муомала қилар эди.

207. Одамлар орасида Аллоҳ розилиги учун жонларигача тикадиганлари ҳам бор. Аллоҳ бандаларига меҳрибондир.

Бу комил мўминлар сифатидир, улар Аллоҳ розилиги йўлида, керак бўлса, жонларини ҳам қурбон қилишга тайёр туришади.

208. Эй мўминлар, Исломга тўлиғича киринглар ва шайтоннинг изидан эргашманглар, чунки у очиқ душманингиздир.

Баъзи муфассирлар (масалан, Замахшарий ва Розий) ушбу ояти карима янги мусулмон бўлган китобийларга қаратилган, дейишади. Яҳудийлардан бир гуруҳи мусулмон бўлган эди. Улар Исломда туриб ҳам Таврот ҳукмларига амал қилишарди, чунончи шанба куни ибодат қилишар, туя гўшти ва сутини ҳаром деб эътиқодда бўлишар, Таврот ҳам тиловат қилиб туришар эди. Юқоридаги ояти карима шулар хусусида туширилиб: «Исломга кирсангизлар бу дин ҳукмларига мукаммал итоат қилинглар, баъзисига амал қилиб, баъзисини тарк этманглар», деб буюрилмоқда.

209. Агар сизларга равшан ҳукмлар келганидан кейин ҳам тойиб кетсангизлар, билингларки, Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат эгасидир.

210. Наҳотки улар фақат Аллоҳнинг ҳамда фаришталарнинг булутлар соясида олдиларига келишини ва ишнинг тугашини кутишаётган бўлса?! Барча ишлар Аллоҳга қайтажакдир.

Аллоҳ таолонинг очиқ-ойдин амр-фармонларини кўра-била туриб ҳам қайсарликлари туфайли уларни бажаришдан бўйин товлайдиган кимсалар ҳам бор. Улар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиришмаган, Қуръонга ишонишмайди. Бунинг устига улар «Агар Аллоҳ ўз фаришталари билан олдимизга тушсайди, ҳар кимнинг қилмишига яраша жазо ва танбеҳини берсаю бўладиган иш бўлақолсайди», деб бетоқат бўлишади. Парвардигор марҳамат этадики, ҳамма иш Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этилади, ҳаммага муносиб муомалани Унинг Ўзи қилади, қачон қилишини ҳам ёлғиз Ўзи билади, инкор этувчилар бетоқат бўлишавермасин.

211. Бани Исроилдан уларга қанчалаб очиқ далилларни берганимизни сўранг. Ким Аллоҳ неъматлари келганидан кейин уларни ўзгартирса, Аллоҳ албатта қаттиқ жазо берувчидир.

212. Кофирларга дунё ҳаёти зийнатлаб қўйилди, улар мўминларни масхара қилишади. Ҳолбуки тақводорлар қиёмат куни улардан устундир. Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ берур.

213. Одамлар бир миллат эдилар. Кейин Аллоҳ етказувчи ва огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди, уларга одамлар орасидаги ихтилофлар ҳақида ҳукм қилиш учун ҳақ Китобни туширди. Очиқ-ойдин ҳужжат келганидан кейин ҳам Китоб берилганлар ҳадларидан ошиб, равшан оятлар ҳақида талашиб-тортишишди. Аллоҳ Ўз изни билан мўминларни тортишган нарсаларида ҳидоятга йўллади. Аллоҳ хоҳлаган бандасини тўғри йўлга бошлайди.

Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаво дунёга келишганидан кейин бир фарзанд туғилса, икковлари унга Ҳақ динни ўргатишар эди. Шу тарзда ҳамма бир динда ҳеч ихтилофга бормай яшашда давом этди. Авлодлар кўпайгач, ҳар қайсиси алоҳида мизож ва табиатда туғилди, ўрталарида келишмовчиликлар пайдо бўлди, ақида ва амалда улар бир-бирлари билан тортиша бошлашди. Кейин Аллоҳ таоло шу ихтилофларни орадан кўтариш ва тўғри йўлни кўрсатиш учун пайғамбарларни юборди. Улар издошларига Аллоҳ ҳукмларини етказишар, инкор этувчиларни азоб ва жазо билан қўрқитишар эди. Парвардигорнинг Ўзи ушбу Китоблар билан улар ўртасидаги келишмовчилик-тортишувлар хусусида ҳукм қилиши учун пайғамбарлар билан бирга самовий Китоблар ҳам туширди. Ҳақиқатда Ҳақ дин устида тортишувчилар ўша Китоб туширилган жамоа (китобийлар) эди, улар очиқ-ойдин далилларни кўра-била туриб ҳам яна ихтилофга боришди.

214. Илгари ўтганларга келган нарса сизларга келмай туриб жаннатга кирамиз, деб ўйлаяпсизларми? Уларга бало ва мусибат етиб, шундай изтиробга тушишдики, ҳатто Пайғамбар ва мўминлар: «Аллоҳнинг ёрдами қачон келаркин?» дейишди. Ҳа, Аллоҳнинг ёрдами албатта яқиндир!

Олдинги пайғамбарлар ва умматларга душман тарафидан турли кулфат ва азиятлар етганида улар сабр қилишган эди, бу уммат ҳам улардай бўлиши лозим. Меҳнат ва машаққат чекмай жаннатни орзу қилиш номуносиб ишдир.

215. (Эй Муҳаммад), сиздан нима эҳсон қилишни сўрашса, «Нима эҳсон қилсангиз ҳам ота-онага, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилинг, қандай яхшилик қилсангиз ҳам Аллоҳ уни албатта билади», денг.

216. Сизларга ёқмаса-да, жанг қилишингиз фарз этилди. Ёқтирмаган нарсангизда сизларга яхшилик бўлиши мумкин, ёқтирган нарсангизда эса сизларга ёмонлик бўлиши мумкин. Аллоҳ билганини сизлар билмайсизлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада эканларида жиҳодга ижозат берилмади, Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин фақат мусулмонларга уруш очган кофирларгагина қарши урушишга изн берилди. Кейинчалик эса барча кофирлар билан жанг қилишга ижозат берилди ва жиҳод фарз бўлди. Агар кофирлар мусулмонларга қарши ҳужум қилса, жиҳод ҳамма мусулмонларга фарзи айн бўлади, акс ҳолда фарзи кифоядир, лекин жиҳод Китобларда кўрсатилган шартларга мувофиқ бўлса, шундай. Агар бирор қавм мусулмонлар билан сулҳ ва келишув қилса, ё динларига ўтса, бу ҳолда улар билан жанг қилиш ёки уларнинг душманларига ёрдам бериш мусулмонларга ножоиздир.

217. Сиздан ҳаром ойдаги жанг ҳақида сўрашади. «Ундаги жанг улкан гуноҳдир, Аллоҳ йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул-Ҳаромдан қайтариш, аҳлини ундан қувиб чиқариш эса Аллоҳ ҳузурида бундан ҳам улканроқ гуноҳдир, фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир», денг. Улар қўлларидан келса, динингиздан қайтаргунча сиз билан урушаверишади. Сизлардан ким динидан қайтиб, кофирликда ўлса, унинг амаллари дунё ва охиратда зое кетади. Улар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусумонлардан бир гуруҳини кофирлар ҳузурига юборадилар. Улар жумодис-соний ойининг охирида турибмиз, деб ўйлаб кофирларни ўлдиришади, молларини ўлжа олишади. Кофирлар ҳисобига кўра, ўша кун ражаб ойининг аввали экан. Улар Муҳаммад (алайҳиссалом) уруш ҳаром қилинган ойда жанг қилишга, одамларни ўлдириб, молини талашга ижозат берди, деб таъна қилишди. Мусулмонлар шу воқеадан изтироб чекиб, Пайғамбаримизга савол беришганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ таоло уруш ҳаром қилинган ойларда (муҳаррам, ражаб, зулқаъда, зулҳижжа) жанг қилиш улкан гуноҳ (гуноҳи кабира) эканини эслатмоқда. Лекин одамларни Исломга киришларидан тўсиш ва ўзининг Исломга таслим бўлмаслиги, Байтуллоҳ зиёратига келган кишиларга тўсқинлик қилиш, Макка аҳлини шаҳардан ҳайдаб чиқариш, халқ ўртасида куфр тарқатиш ҳаром ойлардаги урушдан ҳам улканроқ гуноҳдир. Кофирлар мусулмонларни динларидан чиқариш учун ҳамиша ҳаракат қилишади, иложини топишса асло ҳолларига қўйишмайди. Ким динидан чиқиб муртад бўлса, унинг барча амаллари бу дунёда ҳам, охиратда ҳам беҳуда бўлади. Агар тавба қилиб, яна динига қайтса, сўнгги яхши амаллари савобига эга бўлади.

218. Ҳақиқатан иймон келтирганлар, ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида жиҳоддагилар Аллоҳ раҳматидан умидвор бўла олишади. Аллоҳ мағфиратли, раҳмлидир.

219. Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрашади. «Иккаласида улкан гуноҳ бор ва одамларга бироз манфаати ҳам бор, аммо гуноҳи манфаатидан каттадир», денг. Яна сиздан нималарни эҳсон қилиш ҳақида сўрашади. «Ортиқчасини», денг. Фикр юритишларингиз учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади.

Хамр (ароқ, шароб каби маст қилувчи ичимликлар) ва қимор ҳақида Қуръони каримда бир неча оят келган. Ҳамма оятларда бу икки иллат қораланган, фақат уларни аста-секин муолажа қилиш учун илк оятларда унинг ҳаромлиги кескин қўйилмаган. Энг охири тушган Моида сурасидаги оятда буларнинг ҳаромлиги очиқ эълон қилинган. Инсонни маст қилувчи ҳар қандай ичимлик ҳаромдир, икки тараф бўлиб ютиш ва бой бериш шарти билан ўйналадиган ҳар қандай қимор (ўйин) ҳам ҳаромдир.

Яна одамларнинг Пайғамбаримиздан «Аллоҳ йўлида молимизнинг қанчасини эҳсон қилайлик?» деб сўрашганига жавобан ояти каримада: аввал молингизни ўзингиз ва аҳлингизнинг дунёвий эҳтиёжларига ишлатинг, бундан ортганини Аллоҳ йўлида, яъни кўпчилик манфаати, дин равнақи йўлида харжланг, деб таълим берилмоқда.

220. Булар дунё ва охират ҳақида эди. (Эй Муҳаммад), сиздан етимлар ҳақида сўрашса, «Уларга яхшилик қилиш яхшидир», денг. Агар харжда шерик қилиб олсангизлар, улар биродарларингиздир. Аллоҳ бузғунчини ҳам, тузатувчини ҳам билади. Агар Аллоҳ хоҳлаганида сизларни машаққатга солган бўларди. Аллоҳ албатта қудрат ва ҳикмат соҳибидир.

Етимларнинг молларини асраб-тасарруф қилувчилар бу борада қандай йўл тутиш ҳақида сўрашганида юқоридаги ояти карима туширилган. Аллоҳ етимлар молини асраш топширилган кишиларнинг асл мақсадлари уни оқилона тасарруф қилишга, етимларнинг хайр ва манфаатлари йўлида ишлатишга йўналтирилишини буюрмоқда. Уларнинг молини ўзлариникига аралаштиришнинг зарари йўқ, фақат улар ҳақига тажовуз қилинмаса бўлди, чунки улар ҳам биродарларидир. Аллоҳ таоло бу масалаларни тузатувчини ҳам, бузувчини ҳам яхши билади. Аллоҳ бандаларига фақат осонликни истайди, машаққатни хоҳламайди.

221. Иймонга келишмагунича мушрикаларни никоҳингизга олманглар. Гарчи сизларга ғалати туюлса-да, мўмина чўри мушрикадан яхшидир. Мушриклар иймонга келишмагунича уларга никоҳлаб берманглар. Гарчи сизларга ажиб туюлса-да мўмин қул мушрикдан яхшидир. Улар дўзахга чорлашади. Аллоҳ эса изни-иродаси билан жаннат ва мағфиратга даъват қилади, балки эслатма олишар, деб одамларга оятларини баён этади.

222. Ҳайз ҳақида сўрашса, «У кўнгилсиз нарсадир», денг. Ҳайз пайтида хотинларингиздан четланинглар, то покланмагунларича уларга яқинлашманглар. Покланишса, Аллоҳ буюрган тарафдан уларга келинглар. Аллоҳ ҳақиқатан тавба қилувчиларни севади, ўзини пок тутувчиларни севади.

223. Хотинлар экинзорларингиздир, шундай экан, экинзорингизга хоҳлаганда келаверинглар ва ўзларингиз учун тайёргарлик қилинглар. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Унга албатта йўлиқасизлар. (Эй Муҳаммад), мўминларга хабар беринг.

Хотинлар билан яқинлашиш чоғида фақат нафс роҳати эмас, балки яхши, солиҳ фарзандлар ҳам ният қилиниши лозим. Бу эса мўминларга вужуд лаззатланиши чўққисига чиққанида ҳам ахлоқий ва маънавий ҳолатларни эсдан чиқармасликни эслатмоқда. Хотинлар билан хоҳлаган пайтда, фақат ижозат берилган тарафдан яқинлашиш зарурлиги уқтирилмоқда.

224. Аллоҳга ичган қасамларингизни яхшилик, тақво ва одамлар орасини ислоҳ қилишга сабаб қилманглар. Аллоҳ ҳақиқатан эшитувчи ва билувчидир.

Яъни, бирор яхши ишни қилмаслик учун Аллоҳ номидан қасам ичиш мумкин эмас. Масалан, «ота-онам билан сўзлашмайман, камбағалларга эҳсон қилмайман, уришиб қолган одамларни яраштирмайман» дейиш ярамайди. Бундай ҳолатларда Аллоҳ таолонинг номи ёмон ишлар учун нишон қилинган бўлади. Агар бирор киши шундай қасам ичиб қўйган бўлса, каффорот бериши вожиб бўлади.

225. Аллоҳ қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун ҳисобга тортмайди, лекин дилларингиз қилган қасам учун ҳисобга тортади. Аллоҳ албатта кечирувчи, меҳрибондир.

«Қасамдаги беҳуда сўзлар» шуки, инсон хоҳламаса ҳам оғзидан турли қасам сўзлари (масалан, туркий халқларда «Худо урсин», арабларда «Аллоҳга қасамки» каби) беихтиёр чиқиб кетади. Бундай қасам учун каффорот берилмайди, бу гуноҳ ҳам эмас. Аммо қасам ичишда тил ва дил баробар иттифоқ қилган бўлса, қасам бузилганида каффорот бериш зарур бўлади.

226. Хотинларига яқинлашмасликка қасам ичганларга кутиш тўрт ойдир. Агар қайтишса, Аллоҳ албатта кечирувчи, раҳмлидир.

227. Агар талоқни қасд қилишса, Аллоҳ албатта эшитувчи, билувчидир.

Ким «хотинимга яқинлашмайман» деб қасам ичсаю, тўрт ой ичида хотинига яқинлашса, ичган қасамига каффорот беради ва хотини никоҳида қолаверади. Лекин қасамдан кейин тўрт ой ўтиб кетса, бу ҳолатда хотини талоқ қилинган бўлади.

228. Ва талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатини кутишади. Агар Аллоҳга ва охират кунига ишонишса, бачадонларидаги Аллоҳ яратган нарсани яширишлари ҳалол бўлмайди. Агар эрлари ярашишни исташса, шу муддат ичида уларни қайтариб олишга ҳақлироқдирлар. Яхшиликда хотинларнинг бурчлари баробарида ҳақлари ҳам бор ва эркакларга улардан бир даража устунлик бор. Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.

229. Талоқ икки мартадир. Кейин яхшиликча ушлаб қолиш ё хурсанд қилиб қўйиб юбориш. Сизлар учун уларга берган нарсани қайтариб олиш дуруст эмас. Фақат эр-хотин Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликдан қўрқишса, мустасно. Бас, эр-хотиннинг Аллоҳ буюрганларини бажара олмасликларидан қўрқилса, хотин эваз қилиб берган нарсада икковларига гуноҳ йўқ. Булар Аллоҳ чегараларидир, уларни бузманглар ва ким Аллоҳ чегараларини бузса, ана ўша золимдир.

Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларда шундай қоида бор эди: улар ўн марта, йигирма марталаб талоқ қилиб, иддаси тугамай яна хотинларини қайтариб олишаверар эди. Шу тариқа хотинларнинг аксарияти қийналар, азият чекиб, ҳаққи топталар эди. Ана шу зарарли одатни ман этиб тушган юқоридаги ояти карима буюрадики, бир эр ўз хотинини икки марта талоқ қилса, кейин иддаси ичида яна қайтариб олса бўлади. Лекин идда муддати ўтиб кетса, аёл мустақил бўлиб қолади. Эр хотинини икки марта талоқ қилганидан кейин яна учинчи бор талоқ қилса, унда хотини бошқа бир кишига турмушга чиқиб, иддаси тугамагунича аввалги эрига ҳалол бўлмайди.

Эрлар учун хотинларига берган маҳрларини талоқ эвазига қайтариб олишлари ножоиздир. Агар икковлари ажрашмаган суратда Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига мувофиқ турмуш кечира олмасликдан қўрқишса, бу ҳолатда хотин маҳрини ёки молини бериб ўзини қутқариб олса ва эр ҳам бу молни қабул қилиб хотиннинг жавобини берса, икковларига ҳам гуноҳ бўлмайди. Бу нарса шариатда «хулуъ» дейилади.

230. Агар у яна талоқ берса, аёл бундан кейин бошқа эрга никоҳланмагунича унга ҳалол бўлмайди. У эр ҳам талоқ қилсаю, Аллоҳ чегараларида туришларига ишонишса, бир-бирларига қайтишларининг гуноҳи йўқ. Булар Аллоҳнинг билувчи қавмга билдирган чегараларидир.

Бир киши ўз хотинини бир ёки икки талоқ қилса ва идда ичида унга яқинлашмаса, кейин иддаси тугагач, учинчи талоқни берса, уларнинг эр-хотинлиги тугайди. Ушбу ояти карима баён этяптики, агар аввалги икки талоқ устига учинчиси қилинса, жами учта бўлиб, энди у аёл талоқ қилган эрга ҳалол бўлмайди, уларнинг эр-хотин бўлиб яшашлари мумкин эмас. Бордию кейинги теккан эри вафот этса ёки талоқ қилсагина, унда аёлнинг аввалги эри билан турмуш қуриши гуноҳ бўлмайди.

231. Хотинларингизни талоқ қилганингизда иддалари тугаса, уларни яхшилик билан ушлаб қолинглар ёки яхшиликча жавобини беринглар. Уларга зулм билан зарар етказиш ниятида ушлаб қолманглар. Ким шундай қилса, ўзига зулм қилган бўлади. Аллоҳнинг оятларини ҳазил санаманглар. Аллоҳнинг сизларга берган неъматини, насиҳат учун туширган Китобини ва ҳикматини ёдда тутинглар. Аллоҳдан қўрқинглар ва билингларки, Аллоҳ албатта ҳамма нарсани билувчидир!

232. Хотинларингизни талоқ қилганингизда уларнинг иддалари тугаса, шариатга мувофиқ ўзаро келишишган бўлса, эрларига қайта никоҳланишдан тўсманглар. Бу насиҳат Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганларгадир. Бу сизларга сафолироқ, покликроқдир ва Аллоҳ билганини сизлар билмассизлар!

233. Эмизишнинг тўкис бўлишини истаган оналар фарзандларини тўлиқ икки йил эмизишади. Уларни яхшилаб едириш-ичириш ота зиммасидадир. Ҳеч кимга тоқатидан ортиғи юкланмайди. Боласи туфайли она ҳам, ота ҳам зарар кўрмасин. Меросхўр ҳам шундай. Агар ўзаро келишиб ва маслаҳатлашиб сутдан ажратишни исташса, гуноҳкор бўлишмайди. Агар болангизни эмиздирмоқчи бўлсангиз, берадиганингизни яхшиликча тўласангиз, гуноҳ бўлмайди. Аллоҳдан қўрқинглар, билингларки, Аллоҳ нима қилаётганларингизни албатта кўриб турувчидир.

Боланинг онасига уни икки йил эмизиш ҳукми бор. Бу ҳукм эмизиш муддатини тўкис қилмоқчи бўлганлар учун, бундан оз муддатда ҳам сутдан чиқариш мумкин. Бу ҳукм никоҳда турган онага ҳам, талоқ қилиниб иддада ўтирган онага ҳам, иддаси чиққанга ҳам баробардир. Эмизиш чоғида ота она-боланинг нафақаси, яъни унинг таоми ва кийим-кечаги каби эҳтиёжларини қондириши шарт. Агар бирор зарурат туғилса, ота болани эмизишга бошқа аёлни ёлласа ҳам бўлади, унга бериладиган ҳақни олдиндан рози қилиб тўлаб қўйишининг гуноҳи йўқ. Агар ота ўтиб кетса, яъни вафот этса, боланинг меросхўри эмизувчи онанинг таом ва кийимини таъминлайди. Бошқа эмизувчи топилганида ҳам бола онасининг ҳаққига нуқсон етказилмайди.

234. Вафот этиб, жуфтларини қолдирганларингизнинг хотинлари тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашади. Муҳлатлари тугагач, ўзлари борасидаги яхши ишларида сизларга гуноҳ йўқдир. Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир.

Бундан илгари келган оятларда талоқ қилинган хотинга уч ҳайз муддатида интизор ўтириш (идда) ҳукм бўлган эди. Энди вафот этган кишининг қолган хотини тўрт ойу ўн кун ўзларини интизорда сақлашлари айтилмоқда. Агар бу муддат ичида хотиннинг ҳомиладор эмаслиги аниқ бўлса, бошқа киши билан никоҳлана олади, агар боласи борлиги маълум бўлса, у туғилгунича кутади.

235. У аёлларга ишора билан совчилик қилишларинг ёки буни дилингизда сақлашларингнинг гуноҳи йўқ. Аллоҳ улар ҳақида ўйлашларингни билади. Лекин улар билан яширинча ваъдалашманглар. Яхши гаплар айтсангиз, майли. Иддалари чиқмагунича никоҳ боғлашга қасд қилманглар. Англаб олингларки, Аллоҳ дилларингиздагиларни билади. Ундан эҳтиёт бўлинглар, Аллоҳ кечирувчи ва ҳалимдир.

Бу ояти каримага кўра, иддадаги хотиннинг интизор муддати тугамагунича бир киши никоҳига ололмайди, унинг очиқ ваъдасига кўз тутолмайди, никоҳсиз қўшилса гуноҳга ботади. Лекин дилида «шу хотиннинг иддаси тугаса, унга уйланаман», деб ният қилса ёки бу мақсудини аёлга ишоратлар (масалан, «мен бир хотин ахтариб юрувдим» дейиш) билан билдирса, ҳеч қиси йўқ. Бундан ортиқ сўзлашиш шариатда ман этилган. Аллоҳ таоло дилларингиздаги ҳамма нарсани билиб туради, Унинг амрларидан чекинишдан эҳтиёт бўлинглар. Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирувчи, ҳалим Зотдир.

236. Тегинмай ё бирор маҳрини аниқ қилмай туриб хотинларингизни талоқ қилишингизнинг гуноҳи йўқ. Бойларингиз қодирлигига қараб, йўқларингиз қўлидан келганича, уларни манфаатлантиринглар. Бу яхшилик қилувчилар бурчидир.

Агар никоҳ вақтида маҳр зикр қилинмай, маҳрсиз никоҳ бўлиб қолса, ҳеч қиси йўқ, маҳр кейин айтилса ҳам бўлаверади. Лекин шу ҳолатда эр хотини билан яқинлашмай туриб, талоғини берса, эрга ҳеч қандай маҳр лозим бўлмайди. Шунга қарамай, эрнинг ўз ҳолатига қараб хотинга уч сидра кийим, кўйлак, рўмол каби нарсаларни хурсандчилик билан бериши лозимдир. Хотинга қўшилмай туриб унинг жавобини бериш гуноҳ бўлмайди.

237. Агар маҳрини белгилаб қўйган ҳолда тегинмай туриб уларни талоқ қилсанглар, белгиланганининг ярмини берасизлар. Лекин аёл ва никоҳ битими қўлида бўлган киши афв қилса, бермайсизлар. Афвингиз тақвога яқиндир. Ўзаро яхшилик қилишни унутманглар, Аллоҳ нима қилаётганларингни кўриб туради.

Агар никоҳ вақтида маҳр белгиланиб, кейин эр тегинмай туриб хотинини талоқ қилса, ана шу белгиланган маҳрнинг ярмини беради. Агар хотин ё эр афв этишса, бу ҳолда уни бермаса ҳам бўлади. Хотиннинг афви шуки, ўша собит бўлган ҳақнинг ярмини ҳам олмайди. Эрнинг афви шуки, хотинига белгиланган маҳрнинг ҳаммасини беради, ёки олдин маҳрини тўла берган бўлса, ярмини қайтариб ҳам олмайди. Эрнинг афв этиши тақвога яқиндир, чунки Аллоҳ таоло никоҳ ақди (тугуни)ни унга топширган, никоҳни бузмаслик, уни асраш унинг қўлидадир.

238. Намозларни, хусусан ўрта намозни эҳтиётланглар. Аллоҳ ҳузурида хушуъ билан туринглар.

Намозларни эҳтиётлаш, деганда уларни вақтида, барча рукнларини камчиликсиз, тўкис адо этиш тушунилади. Кўпгина муфассирлар «ўрта намоз» аср намозидир, дейишган, чунки туш пайтидаги истироҳатдан сўнг уни кечиктириб юбориш хавфи кўпроқ бўлади. Мусулмонлар намоз ўқишаётганида Аллоҳ таоло ҳузурида турганларини эслаб, фақат Уни эслашлари, барча дунёвий нарсалардан батамом узилишлари, хушуъ ва хузуъ билан ибодат қилишлари лозим.

239. Агар хавфда бўлсанглар, юрган ё уловдалик ҳолингизда, хотиржам бўлганингизда эса билмаганларингизни Аллоҳ ўргатганидай Унинг зикрини қилинглар.

Уруш пайтида ёки душман хавфи туғилганида намозларни юрган ҳолда ёки уловда кетаётганда, рукуъ-саждасиз, ҳатто қиблани аниқламай ўқиса бўлади. Хавф кўтарилиб, хотиржам бўлингач, намозлар аввалда Аллоҳ таълим бергани каби барча рукнларига риоя этган ҳолда тўкис адо этилади.

240. Вафот этиб, хотинлари қолганларингиз уларга бир йилгача кетмай фойдаланадиган нарсани васият қилишсин. Агар улар чиқиб кетишса ҳам хотинлар ўзларича қилган яхши ишларда сизларга гуноҳ йўқ. Аллоҳ албатта қудратли, донодир.

Исломнинг илк даврида жамиятда юқоридаги одат ҳукмрон эди. Мерос ояти туширилиб, хотинларга ҳам мерос бериладиган бўлгач, уларнинг идда муддатлари тўрт ойу ўн кун қилинди ва бу ояти карима ҳукми мансух (бекор) бўлди.

241. Талоқ қилинган хотинларини яхшиликча манфаатлантириш тақводорлар бурчидир.

Аввалги оятларда яқинлашмай туриб талоқ қилинган ва никоҳ вақтида маҳр белгиланмаган бўлса ҳам ўша хотинга эр мулкидан рўмол, кўйлак каби нарсалар бериш лозимлиги зикр қилинган эди. Энди эса ҳар бир талоқ қилинган хотинга моддий ёрдам кўрсатиб, уларни манфаатлантириш, кўнглини кўтариш тақводор эрларнинг бурчи экани эслатилмоқда.

242. Тушунишинглар учун Аллоҳ оятларини шундай баён этади.

243. (Эй Муҳаммад), ўлимдан қўрқиб, диёрларидан қочиб чиққан минглаб одамларни кўрмадингизми? Аллоҳ уларга «Ўлинглар!» деди, сўнг уларни тирилтирди. Аллоҳ албатта одамларга фазл қилувчидир, лекин уларнинг кўпчилиги шукр қилмайди.

244. Аллоҳ йўлида жанг қилинглар ва англангларки, Аллоҳ эшитувчи ва билувчидир.

245. Аллоҳга қарзи ҳасана берувчи бўлса, Аллоҳ унга бир неча баробар қилиб қайтаради. Аллоҳгина ризқларни кам ва мўл қилади. Сизлар Унинг ҳузурига қайтасизлар.

Аввалда ўтган умматлардан бир жамоа (уларнинг адади бир неча минг эди) душмандан хавфсираб, уй асбоблари ва зарур ашёларини олган ҳолда яшаб турган диёрларини ташлаб чиқишди. Душманга қарши курашиш ўрнига жонларини қутқариб қолишни афзал кўришди. Улар Аллоҳ таолонинг тақдирига кўнишмади, Унга таваккул қилишмади, қадарга ишонишмади. Маълум бир масофа йўл юришганида Аллоҳ таолодан «Ўлинглар!» деган ҳукм келди. Ҳамма бир лаҳзада ўлди, ҳеч ким омон қолмади. Кейин пайғамбарлари дуоси туфайли Аллоҳ таоло тавба қилишлари учун яна ҳаммаларини тирилтирди. Бу воқеадан ибрат шуки, Аллоҳ таоло йўлида жанг қилиш ё мол сарфлашдан ҳеч ким ҳаргиз четланмасин. Чунки жон ҳам, мол ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг мулкидир. Истаса, ўликка жон ато қилади, хоҳласа, ғариб-мискин кишини подшоҳ этиб кўтаради. Олгиси келса, соғнинг ҳам жонини олади, подшоҳни гадога айлантиради. Ҳеч ким камбағаллашиб қоламан, дея Аллоҳ таоло йўлида қарзи ҳасана (чиройли қарз) беришдан хавфсирамасин. Ризқни камайтириб, тор қилувчи ҳам, уни кенгайтириб мўл қилувчи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

246. (Эй Муҳаммад), Мусодан кейинги Бани Исроил аъёнларини кўрмадингизми? Улар пайғамбарларига: «Бизга бир подшоҳни тайин қилиб бер, шунда Аллоҳ йўлида жанг қилайлик!» дейишди. У: «Агар сизларга уруш фарз қилинса, балки урушмассизлар?» деди. Улар: «Диёримиздан ва фарзандларимиздан жудо бўлгач, Аллоҳ йўлида урушмасмидик!» дейишди. Уларга уруш фарз бўлганида озчиликдан ташқари ҳаммалари бош тортишди. Аллоҳ золимларни билувчидир.

247. Пайғамбарлари уларга: «Мана, Аллоҳ Толутни сизларга подшоҳ этиб тайинлади», деди. Улар: «Биз ундан кўра подшоҳликка ҳақлироқ бўлсак, унинг моли ҳам кўп эмас, қандай қилиб у бизга ҳукмдор бўлсин?!» дейишди. У: «Аллоҳ уни сизларга муносиб билди, илмини ва жисмоний қувватини зиёда қилди, Аллоҳ ҳукмронликни хоҳлаганига беради, Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир», деди.

Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроил жамоалари бир оз вақт яхши юришди. Улар нияти бузилганидан сўнг устларига Жолут исмли бир кофир подшоҳ ҳукмрон бўлди. Подшоҳ уларни яшаб турган шаҳарларидан қувиб чиқарди, мол-мулкларини тортиб олди ва ўзларини қул қилиб ишлатди. Бани Исроил охири у ердан қочиб чиқиб, Байтил-Мақдисда (Қуддусда) тўпланди. Ўша замонда Юшаъ алайҳиссалом пайғамбар эди. Бани Исроил пайғамбарларига арз қилиб: «Бизга бир подшоҳни тайин қилиб беринг, Аллоҳ йўлида Жолутга қарши жанг қиламиз», дейишди. Пайғамбарлари ваъдаларида сира собит турмасликларини эслатди, лекин улар турли далил ва баҳоналарни рўкач қилиб, пайғамбарлари сўзини қабул қилишмади. Охири пайғамбар: «Аллоҳ сизларга Толутнинг подшоҳликка муносиблигини билдирди», деди. Чунки у жисмоний жиҳатдан ҳам, илмда ҳам бошқалардан устун эди. Толут подшоҳ бўлганидан кейин ҳам Бани Исроил тинчимади, энди самовий бир нишон (мўъжиза) ҳам бўлса эди, деди. Пайғамбарлари дуо қилгач, зафар ва нусрат сандиғи етиб келди.

248. Пайғамбарлари уларга: «Сизларга сандиқнинг келиши Толутнинг подшоҳлигига далилдир, унда Парвардигорингиз ҳузуридан таскин, Мусо ва Ҳорун авлодларидан қолган нарсалар бор, уни фаришталар кўтариб келишади. Агар мўмин бўлсангизлар, бу нарсада албатта бир аломат бор», деди.

Бани Исроилга қарашли бир сандиқ бўлиб, унда Мусо алайҳиссаломнинг кийим, ҳасса, кавушлари, Ҳорун алайҳиссалом ва бошқа пайғамбарлардан қолган табаррук нарсалар сақланарди. Бани Исроил урушга кирганида бу сандиқ қўшин олдида олиб юриларди ва шу сандиқ баракотидан Аллоҳ уларга фатҳ, зафар, таскин-хотиржамлик берар эди. Жолут уларга подшоҳ бўлиб келгач, бу табаррук сандиқни ўлжа қилиб олиб кетди. Бир қанча муддат уни ўзида сақлади. Лекин сандиқ Жолутга ғалаба эмас, фалокат олиб келди. Аллоҳ таоло сандиқни Бани Исроилга қайтаришни ирода қилганидан кейин Жолут уни қайси шаҳарда сақласа, ўша ерда вабо пайдо бўлаверди. Бундан қўрқиб кетган Жолут сандиқни икки ҳўкизга юклаб, қўйиб юборди. Сўнгра фаришталар сандиқ ортилган ҳўкизларни ҳайдаб, Толут дарвозасига етказиб қўйишди. Бу нарса билан Толутнинг подшоҳлигига бир ҳужжат пайдо бўлди ва Бани Исроил бунга ишонди.

249. Толут аскарлари билан чиққач: «Аллоҳ албатта сизларни бир анҳор билан имтиҳон қилади, ким ундан сув ичса, у мендан эмас, қўли билан ҳовучлаб олганлардан ташқари ким ундан тотинмаса, у мендандир», деди. Озчиликдан бошқа ҳаммалари ичишди. У ҳамда у билан иймон келтирганлар ўтиб олишганидан кейин: «Жолут ва унинг аскарлари билан жанг қилишга қудратимиз етмайди», дейишди. Аллоҳга рўпара бўлишларига ишонганлар: «Аллоҳнинг иродаси билан қанча-қанча озчилик гуруҳлар кўп сонли гуруҳларни енгишган, Аллоҳ албатта сабрлилар биландир», дейишди.

250. Жолут ва унинг аскарларига рўпара бўлишганида: «Парвардигоримиз, бизларга сабр ато эт, қадамларимизни собит қил ва кофирларга қарши зафар бер», дейишди.

Бани Исроил Жолутга қарши урушга тайёр бўлди. Лекин Толут: «Урушга борувчилар навжувон, паҳлавон йигитлар бўлишсин», деб шарт қўйди. Бу шартга ҳам саксон минг одам мувофиқ чиқиб тайёрланди. Толут уларни ҳам имтиҳон қилмоқчи бўлди. Йўл юришган эди, аввалги манзилда сув топилмади. Иккинчи манзилда бир анҳор учради. Толут: «Бир ҳовучдан ортиқ сув ичганлар мен билан бирга юрмасин», деб буюрди. Бу сўзни эшитса ҳам аскарлардан бир қанча бесабрлари сувдан қониб ичди ва охири ўлиб қолди. Фақат 313 нафар навкар бир ҳовучдан сув ичиб, Толут билан бирга кетишга мушарраф бўлди. Кўп ичганлар сабрсизликлари туфайли йўлга ярамай ҳалок бўлишди. Қолган 313 аскар Жолут қўшинларига рўпара бўлди. Улар орасида Довуд алайҳиссалом, у зотнинг оталари ва олти ака-укалари ҳам бор эди. Йўлда кетишаётганда уч дона тош ҳазрати Довудга овоз бериб, бизни ҳам олиб кетинг, биз Жолутни ҳалок қилурмиз, деди. Қўшинлар тўқнашган пайтда Жолутнинг ўзи майдонга тушиб: «Ҳаммангизни битта ўзим енга оламан», деди. Кейин Юшаъ алайҳиссалом ҳазрати Довудни топтириб, Жолутни енгишни буюрди. Довуд алайҳиссалом жанг майдонига тушиб, бояги уч тош билан Жолутни ўлдирди, аскарлари қочиб қолди. Мўминларга фатҳ ва зафар ёр бўлди. Улар озчилик бўлишса ҳам пайғамбарлари ва подшоҳлари ҳукмларига итоатда туришгани, Парвардигорларига илтижо ва дуода бўлишгани, Унинг ваъдасига иймон келтириб, мададидан умид қилишгани учун кўпсонли душманни мағлуб қилишди. Содиқ мусулмонлар учун бу қиссада етарли ибратлар бор, хусусан Бадр урушида ҳам деярли шунча мусулмон бир неча баробар кўп мушриклар устидан ғалаба қозонишган. Бу хилдаги воқеалар Аллоҳ ваъдасининг ростлиги нишоналаридир. Парвардигор бу сиёсатларини ва танбеҳларини жаҳон аҳлига гоҳида кўрсатиб турмаса, бутун олам тинчлиги ва омонлиги хатарда қоларди.

251. Аллоҳнинг изни ила уларни енгишди ва Довуд Жолутни ўлдирди. Аллоҳ Довудга салтанат ва ҳикмат берди, Ўзи хоҳлаган нарсаларни ўргатди. Агар Аллоҳ баъзилар билан баъзиларни даф қилиб турмаса, ер юзи бузғунчиликка тўларди. Лекин Аллоҳнинг фазли бутун оламлар устидадир.

252. (Эй Муҳаммад), булар Аллоҳ оятларидир, уларнинг ҳақиқатини сизга эшиттирурмиз ва сиз албатта пайғамбарлардансиз.

УЧИНЧИ ЖУЗ

253. Булар – пайғамбарлар, улардан баъзиларини баъзиларидан афзал қилдик. Улардан Аллоҳ сўзлашганлари ҳам, мартабаларини баланд кўтарганлари ҳам бор. Исо ибн Марямга очиқ мўъжизалар бердик ва уни Муқаддас руҳ билан мададлантирдик. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улардан кейингилар ўзларига равшан ҳукмлар келганидан сўнг урушишмас эди. Лекин уларда ихтилоф пайдо бўлди: кимдир иймон келтирди, кимдир куфр келтирди. Аллоҳ хоҳлаганида эди, улар урушишмасди, аммо Аллоҳ нимани хоҳласа, шуни қилади.

Пайғамбарлардан Одам ва Мусо алайҳиссаломлар билан Аллоҳ таоло сўзлашган. Набийлардан баъзилари бир қавмга, айримлари бир қишлоқ ёки шаҳар аҳлига пайғамбар этиб юборилгани ҳолда Ислом уммати пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом қиёматгача барча асрлар ва бутун инсониятга расул ўлароқ тайин этилганлар. Исо алайҳиссаломга эса ўликларни тирилтириш, кўрлар ва песларни даволаш, оғир хасталарни тузатиш, ҳамиша Жаброил алайҳиссаломдан мададланиш каби очиқ мўъжизалар ато қилинган эди.

254. Эй мўминлар, савдо-сотиқ ҳам, дўстлик ва шафоат ҳам бўлмайдиган Кун келмай туриб сизларга ризқ этиб берганимиздан эҳсон қилинглар. Кофирларгина ўзларига зулмкордирлар.

Иймон келтирган саодатли кишилар Аллоҳ ўзларига ризқ қилиб берган нарсалардан Унинг йўлида инфоқ-эҳсон қилиб, охиратда катта мукофот ва улуғ даражаларга эришишади. Чунки бу нарса фақат дунё ҳаётидагина мумкин, холос. Бу дунёда мол-мулкини Аллоҳ таоло розилиги йўлида сарфламаган бадбахт кимсаларга охиратда на савоб-мукофот, на ошна-оғайнилари ёрдами, на шафоат қилувчиларнинг қўллаши бўлади.

255. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир! У тирик ва абадий турувчидир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмайди. Самовоту Ердаги бор нарсалар Уникидир. Ҳузурида ҳеч ким Унинг изнисиз қўллай олмайди. У уларнинг олдиларидаги ва ортларидаги бор нарсани билади. Ва улар Унинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар. Унинг Курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир. Иккисини ҳимоятида сақлаб туриш Унга оғир келмайди. У энг юксак ва буюкдир!

Мўминлар Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай тангри, илоҳ йўқлигига, жамики оламлар ва махлуқотлар Унинг мулки эканига иймон келтиришган. У ҳамиша тирик ва абадийдир. Ҳеч ким бошқаларни Унинг изнисиз шафоат қилиб, қўллай олмайди. У инсонларгача бўлган ва улардан кейин бўладиган нарсаларни ҳам билади, инсонлар эса Унинг Ўзи англатганидан бошқасини била олишмайди. Унинг Курсиси-Арши барча осмонлару ва Ердан ҳам кенгдир.

«Курсий ояти» деб номланган ушбу ояти карима Қуръондаги энг буюк оятдир. Унинг фазилати ва савоби ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан бир қанча ҳадислар ривоят қилинган. Ҳадиси шарифлардан бирида: «Ким ҳар намоздан сўнг Курсий оятини ўқиса, жаннатга киришдан уни фақат ўлим тўсади», дейилган.

256. Динга мажбурлаш йўқдир. Ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди. Ким тоғутни инкор этиб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳақиқатан ниҳоятда мустаҳкам бир тутқични ушлаган бўлади. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.

«Тоғут» – «Аллоҳнинг йўлидан бошқасига ўтиш, Унинг чизиғидан чиқиш» маъноларини билдиради. Тоғутнинг каттаси шайтондир. Қуръони карим оятлари орқали Аллоҳ таолонинг тавҳиди (яккахудолиги) бутун инсониятга очиқ-ойдин баён қилинди. Энди кофирлар учун ҳеч қандай узр-баҳона қолмади. Уларни мажбурлаб динга киритишнинг ҳожати йўқ. Ким Исломни қабул қилса, узилмас ва кесилмас нажот арқонини тутган бўлади.

257. Аллоҳ мўминлар дўстидир, уларни зулматдан нурга чиқаради. Кофирларнинг улфати эса тоғутлардир, уларни нурдан зулматга чиқаради. Ана шулар дўзахийлардир, улар унда абадий қолажаклар!

258. (Эй Муҳаммад), Аллоҳ подшоҳлик бергани сабабли Иброҳим билан Парвардигори ҳақида тортишган кимсани кўрмадингизми? Иброҳим: «Менинг Парвардигорим тирилтиради ва ўлдиради» деганида у: «Мен ҳам тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Аллоҳ қуёшни албатта шарқдан чиқаради, сен уни ғарбдан чиқар-чи!» деди. Шунда кофир талмовсираб қолди. Аллоҳ золимларни ҳидоятга бошламайди.

Иброҳим алайҳиссалом замонларида подшоҳлик қилган Намруд салтанатига мағрурланиб, келганларни ўзига сажда қилдирар эди. Иброҳим алайҳиссалом келганларида сажда қилмадилар. Намруд: «Нега менга сажда қилмадинг?» деб сўраганида: «Мен Парвардигоримдан бошқага сажда қилмайман», деб жавоб бердилар. У: «Мен ҳам Парвардигорман», деди. Ҳазрати Иброҳим: «Бир томчи сувдан пайдо бўлган инсонни парвардигор санамайман, менинг Парвардигорим ўлдиради ва жон ато қилади», дедилар. Шунда Намруд зиндонда ётган икки маҳбусни олдириб келиб, ҳамманинг олдида бегуноҳини ўлдирди, гуноҳкорини озод қилиб юборгач: «Кўрдингми, мен кимни хоҳласам ўлдираман, кимни хоҳласам омон қолдираман», деди. Кейин ҳазрати Иброҳим подшоҳ агар шунчалик қудратли бўлса, унда Парвардигор шарқдан чиқараётган қуёшни ғарбдан чиқаришни буюрдилар. Кофир подшоҳ бунга қодир бўлмагани учун талмовсираб шармандаси чиқди.

259. Ёки таг-туги билан вайрон бўлган қишлоқдан ўтаётганни кўрмадингизми? У: «Аллоҳ бу харобани қандай жонлантираркин?» деди. Шунда Аллоҳ уни юз йилга ўлдирди, сўнг тирилтириб: «Қанча ётдинг?» деди. У: «Бир кун ё ундан ҳам озроқ ётдим», деди. «Йўқ, юз йил ётдинг, таом ва ичимлигингга қара, бузилмаган, энди эшагингни кўр. Бу сени одамларга ибрат қилиш учун. Суякларни қандай тиклаб, уларга гўшт қоплашимизни кўр», деди. Булар аниқ бўлгач: «Аллоҳ ҳамма нарсага қодирлигини билдим», деди.

Бу воқеа Узайр алайҳиссалом билан содир бўлган эди. Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун унинг жонини олди ва эшагини ҳам ўлдирди. Кейин юз йил ўтказиб тирилтирди. Узайр алайҳиссалом анжир ва шароби бузилмай турганини, лекин миниб келган эшаги ўлиб, чириб кетганини кўрди. Аллоҳ таоло Узайр алайҳиссалом кўз ўнгида эшагига жон ато этди, уни миниб янги тикланган шаҳарга кирди. Бу воқеани ҳамма кўриб ҳайратда қолди. Узайрнинг ўзида ҳам мушоҳада илми пайдо бўлиб, Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсага қодирлигига яна бир бор иймон келтирди.

260. Иброҳим: «Эй Парвардигорим, ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат!» деганида, У: «Ишонмадингми?» деганини эсланг. У: «Ишондим, лекин дилим хотиржам бўлиши учун», деди. Аллоҳ: «Тўртта қушни олдингга тўпла-да, уларни бўлаклаб, ҳар бўлагини турли тоғларга жойла, кейин уларни чақирсанг, тезда олдингга келишади ва билки, Аллоҳ албатта қудратли ва ҳикматлидир», деди.

Ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ҳукми билан тўрт парранда (товуқ, қарға, товус ва кабутар) олиб келгач, уларни боқиб ўзларига ўргатдилар. Паррандалар ҳам у зотни таниб қолишди, қачон чақирсалар чопиб келишарди. Кейин ҳаммасини сўйиб, бир тоғ устига қушларнинг бошини, бошқасига танасини, яна бир тоққа оёқларини ташлаб келдилар. Ўзлари ўртада туриб, паррандалардан бирини чақирдилар. Унинг боши учиб келиб, ҳавода турди, кейин тани келиб қўшилди, сўнг қаноти ва оёқлари келиб бирикди, олдиларига югуриб келди. Қушларнинг қолган учтаси ҳам шу тарзда тирилиб келишди.

261. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлайдиганларнинг мисоли биргина дондан етти бошоқ чиқиб, ҳар бирида юзтадан дон бўлгани кабидир. Аллоҳ хоҳлаганига кўпайтириб беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир.

262. Молларини Аллоҳ йўлида сарфлаб, сўнг харжлаганлари ортидан миннат ва азият етказмайдиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.

263. Яхши гап ва кечириш эса ортидан озор келадиган садақадан яхшироқ. Аллоҳ беҳожат ва ҳалимдир.

Аллоҳ йўлида сарф қилинадиган мол ё нарса риёсиз, холис берилса, оз ёки кўплигига қарамай, у Аллоҳнинг улуғ мукофотларига сабаб бўлади. Лекин эҳсон қилгач, ортидан миннатни кўпайтириб, мусулмонга озор етказиш ярамайди. Бир нарса бериб, миннат билан озор етказишдан яхши гапириш, чиройли сўз билан ғарибнинг кўнглини кўтариш савобдир. Гадонинг бадхулқлигини кечириш яхшироқдир. Миннат ва азият билан эҳсон қилувчиларга, эҳсонларига риё аралаштирганларга қиёмат куни ҳеч қандай мукофот ва савоб йўқ, аксинча риё ва миннатлари учун азобланишади.

264. Эй мўминлар, молини одамларга кўз-кўз қилиш учун сарфлайдиган, Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирмайдиганларга ўхшаб садақаларингизни миннат ва озор билан йўққа чиқарманглар. Улар худди устини тупроқ босган, аммо жала қуйиши билан яланғочланиб қолган силлиқ тошга ўхшашади. Улар топганларидан ҳеч нарсага эга бўлишмайди ва Аллоҳ кофирларни ҳидоятга йўлламайди.

265. Молларини Аллоҳ розилигини топиш ва дилларидаги ишончни мустаҳкамлаш учун сарфлайдиганлар жала ёғса, меваси икки баравар кўпаядиган адирдаги боққа ўхшашади. Агар жала бўлмаса, шивалаб ёққан ёмғир ҳам бўлаверади. Аллоҳ қилмишларингизни албатта кўриб туради.

266. Бирор киши остидан анҳорлар оқиб турувчи хурмозор ва узумзори, турли мевалар мўл-кўл боғи бўлсаю, ўзи кексайиб, нотавон зурриёдлар билан қолганида боғига олов сели ёғилиб, ёниб битишини хоҳлайдими? Тафаккур қилармикинсизлар, деб Аллоҳ оятларини шундай баён этади.

Хайр-эҳсон мевали бир боққа ўхшайди: унинг меваси қиёматда, ниҳоятда муҳтож бўлиб турилган пайтда тановул қилинади. Агар эҳсон Аллоҳ таоло розилиги учун қилинган бўлса, банда ниятига мувофиқ ундан фойдаланади. Агар халқ кўрсинга ва мақтаниш учун қилинган бўлса, у олов селида тамоман куйиб кетган боққа ўхшаб, эҳсон эгасига ҳеч қандай манфаат келтирмайди.

267. Эй мўминлар, касб билан топганингизнинг покизасидан ва сизларга ердан чиқариб берганларимиздан эҳсон қилинглар. Эҳсон учун ўзингиз ҳам жирканмай олмайдиган ёмонларини танламанглар ва билингларки, Аллоҳ албатта беҳожат ва мақтовга лойиқдир.

«Эҳсон» банданинг ҳалол йўл билан топган барча мол-мулкидан Аллоҳ йўлида, У белгилаган мақсадларда сарфлаши, камбағал-фақирларга ва муҳтожларга садақа қилиши маъноларини англатади. У, шунингдек, Аллоҳ розилигини топиш йўлида қилинган барча яхшиликлар маъносини ҳам билдиради.

268. Шайтон сизларга муҳтожлик ваъда қилади ва бузуқликка буюради. Аллоҳ сизларга Ўз мағфирати ҳамда фазлини ваъда қилади ва Аллоҳ кенг қамровли, билувчидир.

269. У хоҳлаганига ҳикмат беради, кимга ҳикмат берилган бўлса, унга кўп яхшиликлар берилганидир. Буни фақат оқилларгина қабул қилишади.

Ҳикмат, яъни динни тушунишда фаҳм-фаросат берилганлар эҳсон қилишса, фақат Аллоҳ йўлида, У буюрган мақсадларни ният қилиб молларини сарфлашади. Бу уларга кўп яхшиликлар қилинаётгани белгисидир, бундай саодатманд кишилар ўзларига қиёматда асқотадиган фойдали ишларни билиб қилишади, зарарли, шайтоний ишлардан қочишади.

270. Қилган нафақа ва садақаларингизни Аллоҳ албатта билади ва золимлар учун ҳеч қандай ёрдам йўқдир.

271. Эҳсонларингизни ошкора қилганингиз яхши, агар уни камбағалларга яширинча берсангиз ўзларингизга янада яхшидир, бу гуноҳларингизни ювади. Аллоҳ барча қилмишларингиздан хабардордир.

Агар кўнглида риё, яъни одамлар кўрсин деган ният бўлмаса, эҳсон ё садақа қилувчилар уни ошкора беришса ҳам бўлади, чунки уни кўриб бошқаларда ҳам бунга шавқ ва қизиқиш пайдо бўлиши мумкин. Лекин махфий (яширин) берилгани ҳам яхши, садақа олувчи бошқалар олдида хижолат бўлмайди. Ҳар икки ҳолатда ҳам фақир-камбағалларни билиб бериш керак. Ана шундай холис қилинган эҳсон-садақалар худди совун кирни тозалаганидек банданинг гуноҳларини кетказиб, каффорот бўлади.

272. (Эй Муҳаммад), уларнинг ҳидояти зиммангизда эмас, лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ҳидоятга йўллайди. Қилган эҳсонларингиз ўз фойдангизгадир. Фақат Аллоҳ розилигини топиш учун эҳсон қилинг, шунда яхшиликларингиз сизга зулм қилинмай тўлалигича қайтарилади.

273. Хайр-эҳсонлар ўзларини Аллоҳ йўлига батамом бағишлаб, тирикчилик қилолмайдиган камбағалларгадир. Иффатлари сабабли билмаганлар уларни бой деб ўйлашади. Уларни сиймоларидан, хиралик билан тиланмасликларидан танийсиз. Қилган яхшилик ва эҳсонларингизни Аллоҳ албатта билади.

Ҳақиқатда хайр-эҳсонлар ўзини Аллоҳ таоло йўлига (дин ёйиш, Ислом давлатини ҳимоя қилиш, одамларга илм-маърифат тарқатиш каби ишларга) тўла бағишлаган, шунинг учун ер юзида савдо, деҳқончилик ё касб-ҳунар орқали тирикчилигини ўтказишга қодир бўлмаган камбағал ва муҳтожларга берилади. Масалан, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом хизматларида «суффа аҳли» деб ном олган, илм таҳсили билан машғул бўлган ва Ислом дини ҳимояси учун тайёр кишилар бўлишган. Тушунмаган кимсалар уларни бой деб ўйлашарди, лекин ҳолатлари сиймоларидан маълум эди. Улар очликдан силлалари қуриб қолганида ҳам бировдан нарса тиланишмас, иффатлари кучли эди. Замонамизда ҳам Қуръони каримни ёд олаётган, дин илми таҳсили билан машғул, бирор касб билан шуғулланишга имкон тополмаётган муҳтож кишиларга ҳам бу ҳукм татбиқ этилиб, улар ҳолидан хабар олиб турилади, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади.

274. Молларини Аллоҳ йўлида кечаю кундуз, яширину ошкора эҳсон қиладиганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима ҳазрати Али (каррамаллоҳу важҳаҳу) ҳақларида тушган. У киши қўлларига тушган тўрт танганинг бирини кечқурун, бирини кундузи, яна бирини махфий ва бошқасини ошкора Аллоҳ йўлида эҳсон қилар эканлар.

275. Фоиз ейдиганлар гўё шайтон ўраб олиб ҳушидан кетказгандек мажнунсифат туришади. Бундай бўлишлари «тижорат ҳам фоизга ўхшаш-ку» деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Ким Парвардигори насиҳати келиши билан тўхтатса, унинг аввалги ишлари Аллоҳга ҳавола, ким яна судхўрликка қайтса, ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.

Форсчадаги «суд», арабчадаги «рибо» сўзлари тилимизда «кўпайди, зиёда бўлди, фоиз» маъноларини англатади. Масалан, бир кишига юз сўм пул ёки шу миқдордаги молни қарзга берган киши унинг беш-ўн сўм ортиғи билан қайтарилишини талаб қилса, бу фоиз олиш, яъни судхўрлик бўлади. Муфассирлар ёзишича, қарз берганда устига фоизи билан қайтаришни талаб қиладиган судхўрлар (рибохўрлар) қиёмат куни худди жин чалиб, ақлдан озган кишилар каби қабрдан туришар экан. Уларнинг бу ҳолатга тушишларига «Тижорат ҳам рибога ўхшаш фойда келтиради, шундай бўлгач, рибо ҳам ҳалол-да», дейишгани сабаб бўлган. Ваҳоланки, тижоратдаги фойдани қўлга киритиш учун савдогар анча меҳнат қилади, азият кўради, молидан ажраб қолиш ёки зарар кўриш хавфи ҳам бор. Судхўр эса ҳеч қандай куч ва маблағ сарфламай, хавфга учрамай маблағини кўпайтиради. Шунинг учун Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол, судхўрликни ҳаром қилган. Судхўрлар бошда ниҳоятда катта фойда кўраётганга ўхшаб кўринишса-да, оқибати улар учун аянчли бўлади: Аллоҳ таоло уларнинг ҳаром йўл билан топган мол-мулкини йўқ қилади, ўзлари абадий қолинадиган дўзахга тушишади. Аллоҳ таоло судхўрликнинг ниҳоятда оғир гуноҳ эканини Қуръони каримнинг бошқа бир қанча сураларида ҳам зикр этган.

276. Аллоҳ фоизнинг баракасини йўқ қилади, садақаларникини кўпайтиради ва Аллоҳ ҳеч бир кофир, гуноҳкорни яхши кўрмайди.

277. Иймон келтирган, яхши амаллар қилган, намозини адо этиб, закотни берганларнинг мукофоти Парвардигорлари ҳузуридадир. Улар қўрқув ва ғам нималигини билишмайди.

278. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва агар иймонли бўлсангизлар, фоизнинг сарқитини ҳам тарк қилинглар.

279. Мабодо бундай қилмасангизлар, Аллоҳ ва Унинг Расулидан уруш очилади. Тавба қилсангизлар, сармоянгиз қолади. Золим бўлмасангизлар, сизларга ҳам зулм қилинмайди.

280. Агар қарздорнинг қўли қисқа бўлса, бойигунича муҳлат беринглар. Билсангизлар, садақа қилишларингиз ўзларингизга яхшидир.

Бордию қарз олган одам қўли қисқалик қилиб қолиб, вақтида қарзини узолмай қолса, унинг қўлига пул-мол келгунича муҳлат бериб кутиш керак. Агар шунда ҳам узолмаса, унда қарзни унга садақа қилиб юбориш қарз берувчига яхшидир, Аллоҳ унинг молига бу дунёда барака беришидан ташқари, охиратда улкан савоб ва Аллоҳ таолонинг мукофотларига сазовор бўлади.

281. Аллоҳ ҳузурига қайтиладиган кундан қўрқинглар. Кейин ҳар бир жонга қилмишига яраша берилади ва уларга зулм қилинмайди.

282. Эй мўминлар, маълум бир муддатга ўзаро қарз муомаласи қилсангизлар, уни ёзинглар, ораларингиздан бир котиб инсоф билан ёзиб қўйсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидай ёзишдан тортинмасин ва қарз олган айтиб турсин: у Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин ва олганидан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар қарз олувчи ақли паст, нотавон ё айтиб беришга лаёқатсиз бўлса, ҳомийи тўғри ёздирсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинглар. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзларингизга маъқул бир эр, икки аёл гувоҳ бўлсин. Икковидан бири унутса, бошқаси эсига солади. Гувоҳлар чақирилганида рад этишмасин. Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, муомалани муҳлатигача ёзишдан эринманглар. Бу, Аллоҳ ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликнинг тўғрироғи ва шубҳаланмаслигингизга яқинроқдир. Агар ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизларга гуноҳ бўлмайди. Олди-сотди қилганингизда котибга ва гувоҳларга зарар етказмаслик учун орага гувоҳ қўйинглар. Агар бундай қилмасангизлар, бу албатта итоатсизлигингиздандир. Аллоҳдан қўрқинглар ва Аллоҳ сизларга билдирувчи, ҳар нарсани билувчидир.

Аввалги оятларда хайр-эҳсон қилишнинг фазилатлари, кейин эса фоиз олишнинг гуноҳлиги зикр қилинган эди. Юқоридаги ояти каримада эса қарз олиш, қарз беришнинг ҳукмлари баён этилмоқда. Бу шарафли оят Қуръони карим оятларининг энг узунидир, «оятул-мадойина» дейилади. Аллоҳ таоло у орқали мусулмонларга ўзаро бир муҳлатгача қарз муомаласини ваъда билан қилишга ижозат беради, лекин бу муҳлат ичида икки тараф ўртасида жанжал чиқмаслиги учун алоҳида мукаммал қоидани баён этади. Бунга кўра қарз олди-бердиси чоғида алоҳида бир котиб ҳар икки томон номини кўрсатиб, қарзни қайтариш муддатини кўрсатиб равшан ёзиб қўйсин, буни адолат-инсоф билан ёзсин, ёзишдан уялмасин. Иложи бўлса, қарз олувчининг ўзи ёзсин, бунга қодир бўлмаса, ҳолатнинг ҳеч нарсасини яширмай айтиб туриб ёздирсин. Қарз олувчи ёш бола, ё эси паст, ё қари-кучсиз бўлса, унинг ҳомийи, меросхўри адолат билан ёздирсин. Бунда бошқанинг ҳаққига тажовуз ё жабр қилинмасин, кам ё ошиқ қилиб ёздирилмасин.

283. Сафарда бўлсангизлар ёки котиб топа олмасангизлар, қўл тутгулик гаров бўлсин. Агар баъзингиз баъзингизга ишонса, ишонилган омонатни адо этсин ва Парвардигори Аллоҳдан қўрқсин. Гувоҳликни яширманглар, ким уни яширса, дили гуноҳкордир ва Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир.

Сафардаги қарз олди-бердисида котиб ёки гувоҳлар топилиши қийинлигидан бирор мулкни гаровга қўйиб туришга зарурат туғилади. Муқимликда ҳам гаров муомаласи қилиш ҳадис ҳукмига кўра мумкиндир.

284. Осмонлару Ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Дилларингиздаги нарсани хоҳ очинглар, хоҳ яширинглар, Аллоҳ сизларни ўша билан ҳисоб-китоб қилади: кимни хоҳласа кечиради, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

Бу ояти карима туширилганидан кейин саҳобийларнинг кўплари қаттиқ ташвишга тушишди. Ҳатто Абу Бакр Сиддиқ розийаллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар хаёлимизга келган нарса билан ҳам Аллоҳ ҳисоб-китоб қиладиган бўлса, унда ҳолимиз нима кечади?» деб арз қилдилар. Расули акрам: «Сизлар эшитдик ва итоат этдик», денглар», деб марҳамат этдилар. Уларнинг ҳаммалари жон ва дил билан бу ҳукмга итоат этишди, бу ишлари Аллоҳ таолога манзур бўлди. Сўнгра Аллоҳ таоло қуйида келадиган икки оят билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини таърифлади ва бир гуноҳ иш хаёлга келса ҳам у амалга оширилмаган тақдирда азоб берилмаслигини баён этди.

285. Пайғамбар ва мўминлар ҳам Парвардигоридан туширилганига иймон келтиришди, ҳаммалари Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтиришди: «Пайғамбарлардан бирорталарини ажратмаймиз». «Эшитдик ва итоат этдик, мағфиратингни тилаймиз ва қайтиш Сенгадир», дейишди.

286. Аллоҳ ҳеч бир жонни имконсиз нарсага буюрмайди. Эришгани ўз фойдасига, қилмишлари эса зараригадир. «Эй Парвардигор, унутган ёки гуноҳ қилган бўлсак, жазолама! Эй Парвардигор, биздан олдингиларга юкланганини бизга юклама! Эй Парвардигор, тоқатимиз етмайдиган нарсага мажбурлама! Бизларни афв эт, мағфират қил ва раҳм айла! Сен Хожамизсан, бас, бизларни кофирлар устидан ғолиб қил!».

Сўнгги икки оят ҳақида бир неча ҳадиси шариф ривоят қилинган. Бир ҳадисда айтилишича, қачон бир киши ана шу икки оятни ўқиса, Аллоҳ таоло дуосини шаксиз қабул қилади. Имом Аҳмад ривоятидаги ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом: «Бақара» сураси охиридаги икки оятни ўқи, улар менга Арш остидаги хазинадан берилган», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Ким «Бақара» сураси охиридаги икки оятни ҳар кечада ўқиса, кифоя қилади», деганлар