A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
003. Оли Имрон (имрон хонадони) сураси
PDF Босма E-mail

800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4

Мадинада тушган, 200 оятдан иборат, 20 рукуъдир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Алиф, лам, мим.

Ҳижо, кесик ҳарфлар ҳақида Бақара сураси бошида батафсил тўхталиб ўтилган.

2. Аллоҳдир, Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У тирик ва қайюмдир.

Аллоҳ таолонинг «қайюм» сифати Унинг ҳар бир нарса устидан ҳукмрон эканини ва ҳар бир нарса Унинг сабабидангина мавжуд туришини англатади.

Ушбу сура бошланишидан тақрибан саксон-тўқсон оят Нажрон насронийлари воқеаси хусусидадир. Нажрондан олтмиш насронийдан иборат ғаразли жамоа Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб, Ислом ва насронийлик ўртасидаги низоли масалалар хусусида сўзлашишади. Улардан Абдулмасиҳ шу жамоатнинг амири, Айҳамус-Саййид маслаҳатчи ва Абу Ҳориса барчаларининг пешвоси эди. Ушбу воқеанинг тафсилотлари тарих ва сийрат имоми Муҳаммад ибн Исҳоқ китобида келтирилган. Насронийлар Исо алайҳиссаломни Худонинг ўзи ёки Унинг ўғли ёхуд уч худонинг бири, деб эътиқод қилишарди. Суранинг илк оятларида тавҳид, яъни Аллоҳнинг ягоналиги, Унинг абадий тирик ва барча нарса устида қайюм тургани ва ҳамма нарса Унинг измида экани исботланади. Исо алайҳиссалом эса бу сифатлардан холидирлар. Сура давомида насронийларнинг ақийдаси бузуқ, нотўғри экани баён этилади.

3. (Эй Муҳаммад,)  У сизга ўзидан олдингиларини тасдиқловчи Китобни ҳақ билан туширди. Таврот ва Инжилни ҳам туширдики;

4. олдинги одамларга ҳидоят қилиб. Ва Фурқонни ҳам туширди. Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларга қаттиқ азоблар бор. Аллоҳ ғолибдир, интиқом олувчидир.

«Фурқон» ҳақ билан ботилни ажратувчи, яъни Қуръони Каримдир.

5. На ердаги, на осмондаги бирор нарса Аллоҳга асло яширин эмасдир.

6. У бачадондагиларни хоҳлаган суратига солувчидир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир, У қудратли ва ҳикматлидир.

7. У сизга Китоб туширгандир, унда Китобнинг ўзаги саналган муҳкам оятлар ҳам бор, муташобиҳ оятлар ҳам бор. Дилларида оғиш бўлганлар фитна қилиш ва ўзларича маъно бериш учун муташобиҳларига эргашишади. Ҳолбуки, уларнинг маъносини Аллоҳдан ўзгаси билмайди. Илмида собитлар: «Унга ишонганмиз, ҳаммаси Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейишади. Оқилларгина насиҳат олишади.

Қуръони Карим оятлари ҳам иккига – «муҳкам», яъни очиқ-равшан, Аллоҳнинг ҳукми аниқ кўриниб турган, маъносини бошқа томонга буриб бўлмайдиган оятларга ҳамда «муташобиҳ», яъни бир неча маънони англатадиган, ўхшашлиги учун бир-биридан ажратишда шубҳа-гумон туғиладиган оятларга бўлинади. Бу борада мақбул йўл шуки, иккинчи қисм оятларни биринчи қисмдагиларга мувофиқ қилиб кўриш лозим. Агар унга маъно ва мақсадда тўғри келса, қабул қилинади, тўғри келмаса, рад этилади. Инсон ақли-фаҳми билан уларга маъно бермай, ҳақиқатни Аллоҳ таолога ҳавола қилади, оят зоҳирига иймон келтириб, «Ҳаммаси Парвардигоримизнинг оятларидир» деб эътиқод этади. Чунончи, дин илмида комил ва собит мусулмонлар шундай қилишган. Дилларида ғарази ва бузуқлиги бўлган кимсалар эса бошқаларни йўлдан оздириш, улар орасига фитна солиш учун муташобиҳ оятлардан фойдаланишади, уларга ўз истакларига кўра, ўз билганларича маъно беришади.

8. «Эй Парвардигор! Ҳидоят қилганингдан кейин яна дилларимизни буриб қўйма ва бизларга раҳматингни ато эт! Сен, албатта, кўп неъматларни ато қилувчисан».

9. «Эй Парвардигор! Сен ҳеч шубҳасиз келадидиган Кунда одамларни тўплайсан». Аллоҳ, албатта, ваъдасини бузмайди.

10. Кофирларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳ азобидан асло қутқара олмайди, ана шулар дўзах ёнилғисидир.

11. Фиръавн авлоди ва улардан олдингиларга ўхшаб улар ҳам оятларимизни ёлғонга чиқаришди. Гуноҳлари туфайли Аллоҳ уларни жазолади, ахир Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.

12. (Эй Муҳаммад,)  кофирларга: «Мағлуб бўласизлар ва жаҳаннамда тўпланасизлар, у ниҳоятда ёмон жойдир», денг.

13. (Эй яҳудийлар,)  тўқнашган икки гуруҳда сизларга ибрат бор: бири Аллоҳ йўлида жанг қилади, бошқаси куфр келтиради. Ва улар душман икки баробар кўплигини кўзлари билан кўриб туришар эди. Аллоҳ хоҳлаганини мадади билан қувватлантиради. Бунда оқилларга, албатта, ибрат бор.

Ушбу воқеа Бадр жангида содир бўлган: мусулмонлар мушрикларнинг ўзларидан икки-уч баробар кўплигини кўзлари билан кўриб туришар эди. Шунга қарамай, улар Аллоҳнинг нусрати билан ғолиб чиқишди. Уруш тугаб, Мадинага қайтиб боришгач, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) яҳудийларни тўплаб: «Эй яҳудийлар, ҳақ Пайғамбар эканимни билдингиз, Аллоҳ таоло Қурайш бошига солган кулфатлар сизларга ҳам келмай туриб Исломга киринглар», дедилар. Аммо улар: «Урушмаган бир неча қурайшликни енганинг билан мағрурланма, бизнинг кучимизни урушганда биласан», дейишди. Шунда юқоридаги ояти карима тушган.

14. Аёллар, болалар, олтин ва кумуш хазиналари, чопқир отлар, чорва ва экинларга муҳаббат одамларга чиройли кўрсатиб қўйилди. Булар дунё ҳаётининг ўткинчи фойдаларидир, Аллоҳ ҳузурида эса гўзал қайтиш жойи бор.

Хотинлар ҳақидаги ҳадислардан бирида: «Ма таракту баъда фитнатан азарра ала рижали минан-нисаи», яъни «Мендан кейин эрларга ҳеч бир фитна аёлларникидан устун бўлолмайди», дейилган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Ад-дунйа матаъун ва хойру матаъиҳ ал-миръатус-солиҳати», яъни «Дунёнинг ўзи бир фойда бўлса, солиҳа хотин унинг энг яхшисидир», дейилган. Бундан маълум бўладики, диндор, хушахлоқ ва вафодор аёл дунёнинг энг улуғ неъматларидандир. Аммо хотин ёмон хулқли, динга бепарво, бевафо бўлса, эрлар учун ундан ёмонроқ фитна ва мусибат топилмай қолади. Қинтор-қинтор (мўл-кўл) олтин-кумуш хазиналари, шириндан-шакар фарзандлар ҳам, пешонаси ёки оёқларида нишони бўлган чопағон отлар ҳам, чорва ҳайвонлари сурувию экин-тикинлар ҳам дунё ҳаётида одамларга чиройли кўрсатиб қўйилган, бу неъматларни истамайдиган одам топилмайди. Аммо буларнинг ҳаммаси вақтинчалик, ўткинчи нарсалардир. Аллоҳ таоло ҳузурида эса абадий роҳат-фароғат маскани бўлган жаннатлар бор, улар Аллоҳдан қўрқадиган иймонли кишиларга аталган.

15. (Эй Муҳаммад,)  «Сизларга булардан ҳам яхшироғини айтайми? Тақводорларга Парвардигорлари ҳузурида остидан анҳорлар оқиб турувчи, унда абадий яшаладиган жаннатлар, покиза жуфтлар ва Аллоҳ ризоси бор, Аллоҳ, албатта, бандаларини кўриб турувчидир», денг.

16. Улар: «Парвардигоримиз, бизлар иймон келтирдик, гуноҳларимизни кечир ва дўзах азобидан асра!» дейдиганлардир.

17. Улар сабрлилар, ростгўйлар, қаноатлилар, эҳсон қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир.

18. Аллоҳ, шунингдек, фаришталар ва илм эгалари ҳам адолатли ҳукм юритувчидан ўзга илоҳ йўқлигига, қудратли ва ҳикматли Зотдан ўзга илоҳ йўқлигига гувоҳлик беришди.

19. Аллоҳ наздидаги мақбул дин Исломдир. Китобийлар билиб туришса ҳам, ўзаро ҳасад туфайли тортишувга боришди. Ким Аллоҳнинг оятларига куфр келтирса, Аллоҳ, албатта, тез ҳисобга тортувчидир.

Аллоҳ, шунингдек, Унинг фаришталари ва тамоми илм аҳллари Аллоҳдан ўзга ибодат қилинувчи илоҳ йўқлигига, замину коинотда фақат Унинг ҳукм юритувчи эканига гувоҳлик беришади. Ширк бутунлай ботил, зарарли ақийдадир. Барча замонлардаги олим ва мутафаккирлар ягона Илоҳга сиғинишга, тавҳидга (яккахудоликка) даъват қилиб ўтишган. Ҳозирги замонда тавҳид шунчалар очиқ-ойдин ҳақиқатга айландики, унинг зиддига бирор сўз айтиш нодонлик, гумроҳлик ва эсипастлик бўлиб қолди. Ҳатто мушриклар ҳам Ҳақ дин келтирган хабарларга қойил қолишдан, уларни тан олишдан ўзга чора топа олмай қолишди. Тавҳид ақийдасини олиб келган Ислом Аллоҳ томонидан барча замон ва маконлар учун муносиб кўрилган ҳақ диндир. Бу ҳақиқатни тан олмай ва ҳақ динни қабул қилмай ўзларини китобий санаб юрувчилар аслида аҳли китоблар эмас, балки итоатсиз ва қайсар жамоалардир.

20. Агар сиз билан тортишишса: «Мен ҳам, менга эргашганлар ҳам тамоман Аллоҳга бўйсундик», денг. Ва китобийлар ҳамда жоҳиллардан: «Сизлар ҳам бўйсундингизми?» деб сўранг. Улар агар Исломни қабул қилишса, албатта, ҳақ йўлни топган бўлишади, юз ўгиришса, у ҳолда вазифангиз фақат етказишдир. Аллоҳ бандаларини кўриб турувчидир.

21. Аллоҳнинг оятларини инкор қиладиган, пайғамбарларини ноҳақ қатл этадиган, инсофга чақирадиганларни ўлдирадиганларга оғир азоб хабарини беринг.

22. Ана шулар дунё ва охиратда амаллари беҳуда кетадиган ва бирор мададкори бўлмайдиганлардир.

23. Китобдан насибадор бўлганлар ўз ораларида ҳукм юритишлари учун Аллоҳнинг Китобига чақирилишса, бир гуруҳнинг юз ўгириб ортига қайтишини кўрмайсизми?

24. Уларнинг: «Саноқли кунлардан ташқари бизларга ҳеч қачон дўзах ўти тегмайди», деганлари бунга сабабдир. Тўқиган ёлғонлари уларни динларидан адаштирди.

25. Шубҳасиз келадиган Кунда уларни тўплаганимизда, ҳар бир жон зулм кўрмай қилмишига яраша жазосини тўла олганида уларнинг ҳоли нима бўларкин?

Яҳудийларнинг олдин ўтган катталари: «Бизлардан ҳар ким қанча гуноҳ қилса ҳам, дўзахда бир неча кундан ортиқ қолмайди», деб айтиб кетишган экан. Ана шу тўқилган ёлғон бу қавмни динидан адаштирди, улар бу даъвога маҳлиё бўлиб кўнгилларига келган номаъқулчиликларни қилишаверди ва гуноҳкорлардан бўлишди. Энди келишига асло шак-шубҳа бўлмайдиган Қиёмат кунида уларнинг ҳоли нима бўлишини ўзингиз билиб олаверинг.

26. Айтинг: «Эй барча оламларнинг подшоҳи Аллоҳим! Хоҳлаганингга салтанат берасан ва хоҳлаганингдан салтанатни тортиб оласан, истаганингни азиз қиласан, истаганингни хор қиласан. Барча яхшиликлар Сендадир ва Сен, албатта, ҳамма нарсага қодирсан;

27. кечани кундузга киритасан ва кундузни кечага киритасан, ўликдан тирикни чиқарасан ва тирикдан ўликни чиқарасан ҳамда хоҳлаганингга туганмас ризқ берасан».

28. Мўминлар мўминларни қўйиб, кофирларни ошно тутишмасин. Ким шундоқ қилса, унинг Аллоҳ билан алоқаси бўлмас. Эҳтиёткорлик учун қилинса, мумкин. Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қилади ва қайтиш Аллоҳгадир!

29. (Эй Муҳаммад): «Дилларингиздаги нарсани яширсангиз ҳам, ошкор қилсангиз ҳам, Аллоҳ билади, чунки У осмонлару Ердаги нарсаларни билади, Аллоҳ ҳамма нарсага қодирдир», денг.

30. Ҳар бир жонга қилган яхши амали ҳам, ёмон амали ҳам кўрсатиб қўйиладиган Кунда у гуноҳларидан узоқда бўлишни хоҳлаб қолади. Аллоҳ сизларни Ўзидан огоҳ қилади, Аллоҳ бандаларига, албатта, меҳрибондир.

31. (Эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсанглар, менга эргашинглар, Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни кечиради. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир», денг.

Қуръони Карим Аллоҳни севишини даъво қилувчи ҳар бир банданинг даъвоси рост ёки ёлғонлигини билиш учун Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом суннатларига эргашишни буюради. Яъни  кимнинг Коинот Фахрига муҳаббати кучли бўлса, унинг Аллоҳга муҳаббати ҳам шунчалик зиёда экани маълум бўлади, кимнинг у Зотга севгиси кам бўлса, у шу қадар ёлғончидир.

32. «Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига итоатда бўлинглар», денг, агар юз ўгиришса, Аллоҳ кофирларни асло яхши кўрмайди.

33. Аллоҳ, албатта, Одамни ва Нуҳни, Иброҳим ва Имрон авлодини ҳам оламларга пайғамбарликка танлаб олди.

34. Баъзилари баъзиларига зурриётдир. Аллоҳ, албатта, эшитувчи ва билувчидир.

35. Имроннинг хотини: «Эй Парвардигорим, қорнимдаги нарсани халос этиб, Ўзингга назр қилдим, мендан қабул эт, Сен ахир эшитувчи, билувчисан», деганини эсланг.

Тарихда Имрон исмли икки зот ўтишган: бири Мусо алайҳиссаломнинг оталари, иккинчиси эса Марямнинг оталаридир. Муфассирлар аксариятининг сўзига қараганда, бу ўринда зикр этилаётган Имрон Марямнинг оталаридир. Чунки тубандаги оятда воқеаси келтирилаётган хотин, яъни Марямнинг онаси шу Имроннинг рафиқасидир. Унинг авлодлари бўлмиш Марям ва Исо алайҳиссалом воқеалари келгуси оятларда батафсил баён этилади.

36. Уни туққанида: «Эй Парвардигорим, буни қиз туғдим-ку , деди. – Ҳолбуки, нима туққанини Аллоҳ яхши билади ва у ўғил бу қиздай бўлмас. – Уни Марям деб атадим ва уни ҳамда зурриётларини қувғин қилинган шайтон васвасасидан паноҳингга топшираман».

37. Парвардигори уни яхши қабул қилди, чиройли улғайтирди ва Закариё қарамоғига топширди. Закариё ҳар гал у турган меҳробга кирганида олдида емак кўрарди. У: «Эй Марям, булар қаердан?» деди. «Бу Аллоҳ ҳузуридан, Аллоҳ хоҳлаганига беҳисоб ризқ беради», деди.

Имроннинг хотини Марям қиз туққач, уни дунёвий ишлардан ва никоҳ алоқасидан халос этиб, Аллоҳнинг ибодатига машғул бўлиши учун назр қилди. Аллоҳ унинг дуоларини ижобат қилди, назрини қабул этди. Қиз бўлса ҳам Марям бинти Имрон ибодатхона (каниса) хизматига олинди. Марямнинг тарбиясига холаларининг эри ҳазрати Закариё мутасадди қилинди. Ҳазрати Марям кундузи каниса ёнидаги бир ҳужрада турар, кечқурун холаси ёнига қайтар эди. Ҳужрасида қиш кунлари ёз мевалари, ёз кунларида эса қиш мевалари пайдо бўлар эди. Булар Аллоҳ таоло тарафидан бир мўъжиза эди.

38. Шунда Закариё Парвардигорига дуо қилиб: «Эй Парвардигорим, менга ҳузурингдан покиза зурриёт бер, Сен, албатта, дуони эшитувчисан», деди.

39. У масжидда намоз ўқиётганида фаришталар: «Аллоҳ сенга Аллоҳ Сўзини тасдиқловчи, раҳбар, шаҳвати тийилган ва солиҳ пайғамбарлардан бўлган Яҳёнинг хабарини бермоқда», дейишди.

40. У: «Эй Парвардигор, ўзим қари бўлсам, хотиним туғмас бўлса, қандай ўғил кўрай?» деди. У зот: «Шундай, Аллоҳ хоҳлаганини бажаради», деди.

41. У: «Парвардигорим, менга аломатини билдир», деди. У зот: «Аломати шуки, уч кун одамларга фақат ишора билан гапирасан, Парвардигорингни кўп эсла ва эртаю кеч зикрини қил», деди.

42. Фаришталарнинг: «Эй Марям, Аллоҳ, ҳақиқатан, сени танлади, поклади ва оламларнинг аёлларидан афзал қилди;

43. Эй Марям, Парвардигорингга итоат эт, рукуъ қилувчилар билан рукуъ қил», деганларини эсланг.

44. (Эй Муҳаммад,)  бу Биз сизга билдираётган ғайб хабарларидандир. Марямга вакил бўлиш учун қалам ташлашаётганларида улар олдида эмасдингиз, тортишаётганларида ҳам улар олдида эмасдингиз.

Ҳазрати Марям балоғатга етиб улғайганларидан кейин Аллоҳ таоло фаришталар орқали у кишига ато қилинган даража ва мартабаларни билдириб, шу мақомга муносиб бандалик қилишга чақирди. Бошлиқларининг назр қилинган қизи Марямни ўз тарбиясига олиш учун ибодатхона ходимлари талашиб-тортишиб кетишди. Охири қалам билан қуръа ташлашга қарор қилишди. Таврот ёзадиган қаламларини ариққа ташлашган эди, ҳаммалариники оқиб кетди, фақат Закариёнинг қалами юқорига қараб оқди. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) маълум бўлмаган ғайб (яширин) ишлардан эди, Аллоҳ таоло ваҳий воситасида буларни у Зотга маълум қилмоқда.

45. Фаришталарнинг: «Эй Марям, ҳақиқатан, Аллоҳ сенга Ўзидан бир калима хабарини берурки, унинг исми Масиҳ Исо ибни Марямдир, дунё ва охиратда мартабали ҳамда яқин бандаларидандир;

Оятдаги «калима»дан мурод Исо алайҳиссаломдир. Ҳазрати Исонинг бир номлари «Калиматуллоҳ» эди, чунки у кишининг дунёга келишига Аллоҳ таолонинг биргина «Бўл!» деган калимаси сабаб бўлган.

46. у бешикдалигида ҳам, улғайганида ҳам гапиради ва солиҳлардан бўлади», деганларини эсланг.

Исо алайҳиссалом башарият болалари каби ота-онадан туғилмай, танҳо оналаридан туғилди. Бу нарса инсонларга ғайритабиий туюлса ҳам, Аллоҳ таолонинг ҳукми билан бўлган воқеа эди. Шу боис ҳазрати Исо улуғ мартаба соҳиби бўлган ва ҳар қандай инсоний номуносибликлардан пок эди. Бу киши туғилган пайтда атрофдагилар волидаларига туҳмат қилиб, уни нопокликда айблашади. Ҳазрати Марям ҳақиқатни айтишни гўдакка ҳавола қилганларида у она қучоғида туриб қатъий гувоҳлик беради. Ёши улғайганида ҳам одамларга панд-насиҳатлар билан хитоб қилар эди.

47. Марям: «Эй Парврдигорим, менга инсон қўли тегмаган бўлса, қандай қилиб фарзандли бўлай?» деганида У: «Аллоҳ шу тариқа хоҳлаганини яратади, бирор ишни истаса, «Бўл!» дейиши кифоя, амалга ошаверади», деди.

48. Ва унга ёзиш, илм-ҳикмат, Таврот ва Инжилни ўргатади.

49. Ва Бани Исроилга пайғамбар қилади. У айтади: «Сизларга, ҳақиқатан, Парвардигорингиздан далил олиб келдим. Сизларга лойдан қуш суратидаги нарса ясаб унга пуфласам, у Аллоҳнинг изни билан учар қуш бўлади ва кўр, песларни тузатаман, Аллоҳнинг изни билан ўликни тирилтираман, еяётган ва уйингизда сақлаётган нарсаларингизнинг хабарини бераман. Агар мўмин бўлсангизлар, буларда, албатта, сизларга далил бордир;

50. мендан олдин келган Тавротни тасдиқловчи, сизларга ҳаром қилинганларнинг бир қисмини ҳалол қилувчи бўлиб келдим ва сизларга Парвардигорингиздан далиллар келтирдим. Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоатда бўлинглар;

Аллоҳ таоло Бани Исроилнинг гуноҳлари учун ёғ, туя гўшти, балиқ каби нарсаларни ҳаром қилган эди, Исо алайҳиссалом ўша ҳаром қилинган нарсаларнинг айримларини ҳалол қилиб келганлар.

51. Аллоҳ, албатта, менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиздир. Унга қуллик қилинглар: тўғри йўл шудир!».

52. Исо улардаги куфрни сезганида: «Ким Аллоҳ йўлида менга ёрдамчи бўлади?» деди. Ҳаворийлар: «Биз Аллоҳ дини ёрдамчиларимиз, Аллоҳга иймон келтирдик ва мусулмонлигимизга гувоҳ бўл»;

Ҳаворийлар икки нафар кир ювувчи киши эди. Кир ювиш билан шуғулланишгани учун, баъзи муфассирларга кўра, қалби тоза, ахлоқан пок бўлишган ва шундай ном олишган эди. Исо алайҳиссалом уларнинг бошлиқлари олдига бориб: «Сизлар нима учун кийим ювиб юрибсизлар, келинглар, дил тозалаш ҳунарини ўргатай», деганида улар дарҳол у кишига қўшилишди. Шундан кейин Исо алайҳиссаломга эргашган барча кишилар «ҳаворий» деб аталадиган бўлди.

53. эй Парвардигоримиз, Сен туширган нарсага иймон келтирдик, пайғамбарга эргашдик. Энди бизни гувоҳлар қаторига ёз!»  дейишди.

54. Кофирлар макр қилишди ва Аллоҳ макр қилди, Аллоҳнинг макри зўрроқдир!

Араб тилидаги «макр» сўзи «махфий суратда нозик бир тадбирни кўриш» маъносини англатиб, ҳам салбий, ҳам ижобий ўринларда ишлатилади. Исо алайҳиссалом замонида яҳудийларнинг улуғларидан Матосир деган подшоҳ у кишини тутиб, ҳибсга олиш ва дорга осишга буйруқ берди. Унинг бу ишига жавобан Аллоҳ таоло ҳазрати Исони шу қадар муҳофазасига олдики, подшоҳ унинг бир дона мўйига ҳам зарар етказа олмади. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни осмонга кўтариб, фаришталарга қўшиб қўйди, у киши инсон эди, фаришта ҳам бўлди, ерли эди, самовий ҳам бўлди. Бутун Ислом уммати Исо алайҳиссалом тирик, самода, бир куни Аллоҳ таоло изни билан ерга тушади, деб эътиқод қилади.

55. Аллоҳ айтди: «Эй Исо, Мен сени олувчиман ва Ўз ҳузуримга кўтарувчиман, сени кофирлардан покловчиман ва сенга эргашганларни қиёматгача кофирлардан устун қилувчиман. Кейин ҳаммаларингиз ҳузуримга қайтасизлар ва ўзаро тортишган нарсаларингиз хусусида Ўзим ҳукм чиқараман;

56. кофирларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азоб билан жазолайман, уларга мададкор бўлмайди».

57. Аллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилганларнинг мукофотини тўлиқ беради, У золимларни севмайди.

58. (Эй Муҳаммад,)  Биз сизга тиловат қилаётган нарса оятларимиз ва ҳикматли насиҳатлардир.

59. Исонинг Аллоҳ ҳузуридаги мисоли худди Одамники кабидир: уни тупроқдан яратиб, сўнгра: «Бўл!» деди ва у бўлди.

60. Бу ҳақиқат Парвардигорингиздандир, шак қилувчилардан бўлманг.

61. Сизга ҳужжат келганидан кейин ҳам сиз билан тортишадиганларга: «Келинглар, биз ўғилларимизни ва сизлар ҳам ўғилларингизни, хотинларимизни ва сизлар ҳам хотинларингизни, биз ўзимизни, сизлар ўзларингизни йиғайлик-да, «Ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деб илтижо қилайлик», денг.

Улар Исо алайҳиссалом ҳақида: «Агар Худонинг ўғли бўлмаса, унда кимнинг ўғли?» деб сўрашди. Уларнинг бу эътирозли саволларига жавобан юқоридаги ояти карима тушди. Яъни  бир фарзанднинг вужудга келиши учун ҳамиша ҳам ота ва онанинг иштироки лозим эмас, Аллоҳ таоло хоҳласа, Исо Масиҳ каби болани отасиз ҳам пайдо қила олади. Бу худди Унинг Одам алайҳиссаломни ота-онасиз вужудга келтиргани кабидир. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизга буюряптики, қанча тушунтирсангиз ҳам, Нажрон насронийлари, барибир, тушунишмайди. Шунинг учун улар билан баҳс қилганда: «Келинглар, сизлар ҳам, бизлар ҳам фарзандларимизни ва аҳли-аёлларимизни баробар йиғиб, «Ким Исо алайҳиссалом ҳақида ёлғон гапирган бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!» деб Аллоҳга илтижо қилайлик», денг. Насронийлар бу гапни эшитгач, ўзаро маслаҳатлашиб олиш учун бир кунга ижозат олишди. Шунда ораларидаги улуғлардан бири сўз олиб: «Эй насронийлар, яхши биласизки, Муҳаммад (алайҳиссалом) ҳақ Пайғамбардир, қайси бир қавм ҳақ Пайғамбар билан тортишса, ҳалок бўлмай қолмайди. Биз бу Зот билан баҳслашаверсак, ер юзида бирорта насроний қолмайди. Шунинг учун вақт борида жонимизни олиб қочайлик. Аллоҳ Исмоил алайҳиссалом авлодларидан бир Пайғамбар юбормоқчи эди, балки ўша Пайғамбар шу Зотдирлар», деди. Улар бу маслаҳатга кўниб, баҳсни тўхтатишди. Лекин жаноби Фахри коинот ҳазрати Фотима, ҳазрати Али ва икки имомни ҳамроҳ қилиб, улар олдига чиқиб турардилар. Кейинчалик улар сулҳга келишиб, Ислом давлатига жизя (солиқ) тўлашга рози бўлишди ва ватанларига қайтишди.

62. Албатта, бу рост қиссадир ва Аллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқ, албатта, Аллоҳнинг Ўзи қудратли ва ҳикматлидир.

63. Шунда ҳам юз ўгиришса, Аллоҳ бузғунчиларни билувчидир.

64. (Эй Муҳаммад): «Эй китобийлар, бизга ҳам, сизга ҳам баробар бир сўзга келинг – Аллоҳдан ўзгасига ибодат этмайлик, Унга ҳеч кимни шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб, баъзимиз баъзимизни Парвардигор қилиб олмайлик», деб айтинг. (Эй мўминлар), шунда ҳам юз ўгиришса: «Гувоҳ бўлингларки, бизлар, албатта, мусулмонлармиз», денглар.

65. Эй китобийлар, Иброҳим хусусида нега жанжаллашасизлар? Ҳолбуки, Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан кейин тушган-ку! Ақл ишлатмайсизларми?

66. Биладиган нарсаларингиз ҳақида-ку тортишган эдингизлар, энди билмаган нарсаларингиз ҳақида нега тортишасизлар? Аллоҳ биладиганини, албатта, сизлар билмайсизлар!

67. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳаниф мусулмон эди ва у мушрик ҳам бўлмаган.

68. Унга эргашганлар, ушбу Пайғамбар ҳамда мўминлар Иброҳимнинг дўстларидир, Аллоҳ эса мўминларнинг дўстидир.

Яҳудийлар Иброҳим алайҳиссаломни «яҳудий» дейишар, насронийлар эса насронийлардан ҳисоблашар эди. Ҳолбуки, ҳар икки жамоанинг иддаолари ёлғондир. Ҳазрати Иброҳим қандай қилиб яҳудий ёки насроний бўлсин, ахир Таврот ҳам, Инжил ҳам ундан бир неча аср кейин тушган эди-ку! Мусо ва Исо алайҳиссаломлар ҳазрати Иброҳимдан анча кейин ўтишганини ҳамма билади-ку! Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг ҳақ йўлидан чиқмаган, ҳамиша Унга итоатда бўлганлардан (ҳанифлардан) эди. Иброҳим алайҳиссаломга энг яқин  бўлганлар унинг ўша даврдаги умматлари, сўнгра Муҳаммад алайҳиссалом ва бу ,отнинг умматларидир.

69. Китобийлардан бир тоифалари сизларни адаштиришни исташади. Улар ўзларини адаштираётганларини билишмайди.

Яҳудийлар Исломга қарши ҳар хил чора-тадбирлар излашар эди. Бу тадбирлардан биттаси шу эдики, улардан бир нечаси эрталаб ўзини мусулмон деб эълон қилар, кун бўйи мусулмонлар билан бирга намоз ўқирди. Шом вақтида Исломдан чиқиб, халққа бундай дейишар эди: «Самовий китобларда башорат берилган Пайғамбар бу киши эмас экан. Биз илм орқали бунинг ҳақиқатини топдик ва ўзимиз ҳам кўрдикки, охирзамон Пайғамбарининг нишоналари бу кишида йўқ экан». Уларнинг бу сўзларини эшитган баъзи содда ва лақма мусулмонлар иймонлари заифлигидан ташвишга тушишар ва: «Агар Ислом ҳақ бўлганида булар ундан чиқишармиди?» дейишар эди. Яҳудийларнинг бу шайтоний ишлари ўзлари каби адашганларга ҳам таъсир қиларди. Аллоҳ ҳидоят қилган банда эса бу каби иғволар билан йўлидан озмайди, ҳақ йўлдан чекинмайди.

70. Эй китобийлар, ўзингиз гувоҳ бўлатуриб нега Аллоҳнинг оятларига ишонмайсизлар?

71. Эй китобийлар, билиб туриб нега ростни ёлғонга аралаштирасизлар ва ҳақиқатни яширасизлар?

72. Китобийлардан бир тоифаси: «Мўминларга туширилган нарсага эрталаб иймон келтиринглар, кечқурун инкор қилинглар, шояд, улар ҳам қайтишса;

73. ва динингиздагидан бошқага ишонманглар, токи бирортага сизларга берилганига ўхшаш нарса берилмасин ёки Парвардигорингиз ҳузурида сизлар билан ҳужжат талашмасин», дейишди. (Эй Муҳаммад): «Асл ҳидоят Аллоҳнинг ҳидоятидир, ҳақиқатан, фазлу карам Аллоҳнинг ҳузурида, уни хоҳлаганига беради. Аллоҳ кенг қамровли ва билувчидир;

74. раҳматини истаган кишисига хослаб беради, Аллоҳ буюк фазл эгасидир», денг.

75. Китобийлар орасида қинторни омонатга қўйсангиз – қайтарадиганлари, бир динорни омонат топширсангиз, устида туриб олмагунингизча бермайдиганлари ҳам бор. Бу уларнинг: «Нодон- ларнинг моли бизларга ҳалол», дейишгани туфайлидир. Улар билиб туриб ҳам Аллоҳ ҳақида ёлғон сўзлашади.

Китобийларнинг баъзилари: «Исломга кирган саводсиз, нодон арабларнинг ҳақларини есак бўлаверади», дейишади. Улар нафақат араблар, яҳудий бўлмаган бошқа барча миллатларга ҳам шундай муносабатда бўлишади. Аммо улар ичида шундай омонатдорлари ҳам борки, қинтор (минг динорли) хазинани топшириб қўйсангиз ҳам, бир тийинига хиёнат қилишмайди. Ана шу гуруҳлар ҳақни таниган, Аллоҳ таолодан қўрққан ва ўз китобларига амал қилганларидир. Саҳобийлардан Абдуллоҳ ибн Салом каби зотлар шу тоифадан эдилар.

76. Йўқ! Аҳдига вафо қилувчигина Аллоҳдан қўрқади, Аллоҳ, албатта, тақводорларни яхши кўради.

77. Аллоҳ билан аҳдларини бузадиган ва қасамларини арзонга сотадиганларга охиратда асло насиба йўқ. Қиёмат куни Аллоҳ уларга бир сўз демайди ва назар солмайди, уларни покламайди ҳам. Уларга оғир азоблар бордир.

78. Уларнинг бир гуруҳи борки, Китобдан бўлмаган нарсани ундан деб ўйлашларингиз учун Китобни тилларини буриб ўқишади. Ҳолбуки, бу Китобдан эмас. Улар: «Бу Аллоҳдан», дейишади, ваҳоланки, Аллоҳ ҳузуридан эмас. Улар билиб туриб Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқишади.

79. Аллоҳ Китоб, ҳукм юритиш ва пайғамбарлик ато қилган кишининг одамларга: «Аллоҳга эмас, менга қуллик қилинглар», дейиши тўғри бўлмайди, балки одамларга: «Китобни ўргатиб ва ўзингиз ўрганиб, Аллоҳга раббонийлардан бўлинглар», десин.

Ушбу ояти карима баъзи насронийларнинг «Исо алайҳиссалом бизларни ўзига сажда қилишга буюрган», деган ботил даъволарига раддия тарзида тушган.

80. У сизларни фаришталар ва пайғамбарларни Парвардигор қилиб олишга буюрмайди. Мўмин бўлганларингиздан кейин У сизларни куфрга буюрармиди?

81. Аллоҳ пайғамбарлардан: «Сизларга Китоб ва ҳукмлар берганимдан кейин ўзингиздаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганида, албатта, унга иймон келтирасиз ва ёрдамлашасиз», деб аҳд-паймон олатуриб: «Иқрор бўлдингларми ва шу шарт билан сизларга юклаганимни қабул қилдингларми?» деганини эсланг. Улар: «Иқрор бўлдик», дейишди. У: «Мана, гувоҳ бўлдинглар, Мен ҳам сизлар билан бирга гувоҳман», деди.

82. Ким бундан кейин ҳам юз ўгирса, ўша фосиқлардандир.

Аллоҳ таоло барча пайғамбарлардан, уларнинг ҳаммаси эса ўз умматларидан Саййиди олам Пайғамбаримиз Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) иймон келтиришлари ва бу Зотга ёрдам беришлари ҳақида аҳд-паймон олган. Шунинг учун Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом умматларига ўзларидан аввалги барча пайғамбарларга иймон келтиришни буюрганлар.

83. Аллоҳнинг динидан бошқасини ахтаришадими? Ҳолбуки, осмонларда ва Ерда нимаики бўлса, хоҳлайдими-хоҳламайдими, Унга бўйсуниб турибди ва ҳаммалари Ўзига қайтишади-ку!

84. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳга ва ўзимизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодларига туширилган нарсага ҳамда Мусо ва Исога, барча пайғамбарларга Парвардигорлари томонидан берилган нарсага иймон келтирдик ва Унгагина итоаткормиз», денг.

85. Ким Исломдан бошқа динни хоҳласа, унинг дини ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиёнкорлардан бўлади.

86. Иймон келтирганидан, Пайғамбарининг ҳақлигига гувоҳлик берганидан ва ўзларига очиқ далиллар келганидан кейин ҳам куфрга борган қавмни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ золим қавмни ҳидоятга йўлламайди.

87. Уларнинг жазоси Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати ёғилишидир.

88. Бунда абадий қолишади, азоблари енгиллатилмайди ҳам, муҳлат берилмайди ҳам.

89. Шундан кейин тавба қилиб, ўзларини ўнглаганлар мустасно, Аллоҳ, албатта, кечирувчи, раҳмлидир.

90. Иймон келтирганларидан кейин куфрга бориб, кофирликда қолиб кетганларнинг тавбалари асло қабул қилинмайди, улар адашганлардир.

91. Куфр келтириб, кофирлигича ўлиб кетганлардан бирортаси ҳатто ер юзи тўла олтин бериб ўзини қутқармоқчи бўлса ҳам, қабул қилинмайди. Уларга оғир азоб бор ва мададкор ҳам бўлмайди.

ТЎРТИНЧИ ЖУЗ

92. (Эй мўминлар,)  ўзингиз суйган нарсалардан эҳсон қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка етолмайсизлар. Нимани эҳсон қилганингизни Аллоҳ яхши билувчидир.

93. Таврот туширилишидан олдин Бани Исроил ўзига ҳаром қилиб олганидан бошқа барча таомлар ҳалол эди. (Эй Муҳаммад): «Агар ростгўй бўлсангизлар, Тавротни келтириб ўқинглар», денг.

94. Шундан кейин ҳам ким Аллоҳ ҳақида ёлғон тўқиса, ўшалар золимлардир.

95. «Аллоҳ рост айтади, Иброҳимнинг ҳаниф динига эргашинглар, у мушриклардан эмасди», денг.

Яҳудийлар Пайғамбаримизга ва мусулмонларга: «Сизлар Иброҳим алайҳиссалом динига кирганмиз, дейсизлар, унда нега туя гўштини еб, сутини ичасизлар, ахир бу икки нарса Иброҳим хонадонига ҳаром қилинган эди-ку!» дейишади. Уларнинг бу эътирозига Аллоҳ таоло юқоридаги ояти билан жавоб берадики, ҳозир тановул қилиниб турган таомларнинг ҳаммаси аввал Бани Исроилга ҳалол эди. Фақат Яъқуб алайҳиссалом уни емасликка қасам ичганди. У кишига тақлид қилиб, авлодлари ҳам емай қўйишди. Бундай қасам Исломда дуруст эмас, ким шундай қасам ичса, каффорат (товон) бериши лозим.

96. Ҳақиқатан, Маккадаги биринчи Уй одамларга баракот ва бутун жаҳон аҳлига ҳидоят уйидир.

97. Унда аниқ далил – Иброҳим мақоми бор. Ким унга кирса, омонда бўлади. Аллоҳ ҳаж йўлига қодир кишиларни Уйини ҳаж қилишга буюрган. Ким буни инкор қилса, Аллоҳ, албатта, олам аҳлидан беҳожатдир.

98. «Эй китобийлар, нега Аллоҳ оятларини инкор қиласизлар, Аллоҳ қилмишларингизга гувоҳ-ку?!;

99. эй китобийлар, нима учун мўминларни Аллоҳ йўлидан тўсасизлар, ўзингиз гувоҳ бўлатуриб, ундан қийиқ ахтарасизлар. Аллоҳ кирдикорларингдан бехабар эмас-ку», денг.

100. Эй мўминлар, агар китобийлардан бирор тоифасига итоат қилсанглар, иймонингиздан кейин яна куфрга қайтаришади.

101. Сизларга Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинаётгани, орангизда Унинг Пайғамбари тургани ҳолда нега куфрга борасизлар? Ким Аллоҳга маҳкам боғланса, у, албатта, тўғри йўлга йўлланган бўлади.

102. Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақиқий тақво билан қўрқинглар ва фақат мусулмон ҳолингизда дунёдан ўтинглар.

103. Барчаларингиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам ушланглар, айрилманглар. Ўзаро душман бўлганингизда Аллоҳ дилларингизни улфат қилганини, Унинг фазли туфайли биродарлашганингизни эсланглар. Олов жари ёқасида турганингизда сизларни ундан қутқарди. Ҳидоят топишингиз учун Аллоҳ оятларини шу тарзда баён этади.

«Аллоҳнинг арқони»дан мурод, Қуръони Каримдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Мадинага ҳижрат қилган вақтларида Мадинада ҳам, бутун Арабистонда ҳам ўзаро жангу жадаллар авжида эди. Фахри коинотнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳидоят ва иршодлари баракотидан аввалги фитна-урушлар тамоман барҳам топиб, мусулмонлар шундай иттифоқ ва ижтиҳодда бўлишдики, бу бутун дунё аҳлини ҳайратга солди. Ҳозирги асрда эса сон жиҳатидан бошқа миллатлардан устун бўлган мусулмонлар бошига келаётган бало-фалокатлар уларнинг Қуръон ва Суннат таълимотларидан чекинганлари, салафлар йўлини тарк қилганлари ва душманларнинг иғво-фитналарига алданаётганлари туфайлидир.

104. Сизлардан яхшиликка чақирадиган, амри маъруф ва наҳйи мункар қиладиган бир уммат бўлсинки, ана ўшалар нажот топувчилардир.

Мусулмонлар орасидан илм ва тадбир соҳиблари чиқиб, улар бутун халқни амри маъруф (яхши ишларга чақириш) ва наҳйи мункар (ёмон ишлардан қайтариш) билан машғул бўлишса, сўзда ва амалда баробар йўл тутишса, шундагина Қуръон ва ҳадисга амал қилиш жорий бўлади, Ислом биродарлиги тикланади, Ислом уммати сарват ва улуғ саодатга эришади. Ана шу йўлдагилар нажот топувчи бахтли инсонлардир. Ҳадиси шарифда келганки, жоҳил одамлар ношаръий ишларга берилиб кетишса, уларни бу йўлдан қайтарувчи бир киши бўлмаса, илоҳий азоб уларнинг ҳаммасига баробар келади.

105. Аниқ ҳукмлар келганидан кейин бўлиниб кетиб, ихтилофга борганларга ўхшаманглар, уларга оғир азоб бордир.

106. Баъзи юзлар оқ ва баъзиси қора бўладиган Кунда юзи қораларга: «Иймонга келгандан кейин ҳам куфрга борганмидинглар, энди кофирлигингиз азобини тотинглар», дейилади.

107. Юзи оқлар эса Аллоҳнинг жаннатидадирлар ва унда абадий қолишади.

108. (Эй Муҳаммад,)  булар Аллоҳ оятларидир, уларни сизга ҳаққи-рост тиловат қиляпмиз. Аллоҳ оламларга асло зулм истамайди.

109. Осмонлару Ердаги ҳамма нарса Аллоҳникидир ва ишлар Аллоҳга қайтарилади.

110. (Эй мусулмонлар,)  одамларга рўбарў қилинган энг яхши умматсизлар: яхшиликка буюрасизлар, ёмонликдан қайтарасизлар ва Аллоҳга иймон келтирасизлар. Агар китобийлар ҳам иймон келтиришганида эди, ўзларига яхшироқ бўларди. Улардан иймонлилари ҳам бор, аммо кўплари итоатсизлардир.

Бу ояти карима гувоҳлик берадики, бутун дунё аҳлини ҳидоят ва иршодга бошлаш учун юборилган жамоаларнинг энг яхшиси Ислом умматидир. Чунки мўмин-мусулмонларда амри маъруф (яхшиликка чақириш) ва наҳйи мункар (ёмонликдан қайтариш) сифатлари мавжуд, уларнинг Аллоҳга бўлган иймонлари кучли. Улар бу сифатлари билан бошқа жамоалардан тамоман фарқланишади. Лекин, афуски, бу муборак сифатлар ҳозирги аср мусулмонларининг жуда оз жамоаларида қолди. Қолган мусулмонлар бунинг аксини қилишяпти. Шунинг учун улар ҳар бир яхшиликдан маҳрум бўлиб, ҳаётларидан осойишталик, фароғат, барака йўқоляпти. Чунончи, китобийлар ҳам ана шу сифатлардан маҳрум бўлишгани учун дунё ҳаётида турли бало-мусибатларга мубтало бўлишмоқда, охиратда эса уларни қаттиқ азоб-уқубатлар кутиб турибди.

111. Улар сизларга озордан бошқа ҳеч қандай зарар бера олишмайди ва агар сизлар билан урушишса, ортларига қочишади, кейин уларга ёрдам ҳам йўқ.

112. Агар Аллоҳдан ҳамда мусулмонлардан паноҳ сўрашмаса, улар қаерда бўлишса ҳам, хорликка дуч келишади. Улар Аллоҳнинг ғазабига учрашган, бечораликка мубтало бўлишган. Бу уларнинг Аллоҳ оятларига куфр келтиришгани, пайғамбарларини ноҳақ ўлдиришгани сабабидандир. Бу уларнинг исёнлари ва ҳаддан ошганлари сабаблидир.

113. Улар баробар эмас: китобийларнинг бир тоифаси тўғри йўлдадир, кечалари сажда этган ҳолларида Аллоҳ оятларини тиловат қилишади.

114. Улар Аллоҳга, Қиёмат кунига иймон келтиришади, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришади, яхшиликда бир-бирларидан ўзишади. Ана шулар солиҳлардандир.

115. Қандай яхши иш қилишса, асло унутилмайди, Аллоҳ тақводорларни яхши билади.

Юқорида баён қилинган сифатлар китобийларнинг аксариятида учратилмаса-да, аммо улар орасида ҳам баъзилари ҳақни танишади, инсоф қилишади. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг фазли билан улар Ислом дини билан шарафланишади. Улар кечалари намозларида Қуръони Каримни тиловат қилишар, Аллоҳ таолога иймон келтиришар, одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришар эди. Солиҳ амаллар қилишда бошқалардан ортда қолмаслик учун мусобақалашишар эди.

116. Кофирларнинг моллари ҳам, болалари ҳам Аллоҳнинг азобидан асло қутқара олмайди. Ана шулар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.

117. Уларнинг дунёда қилган эҳсонлари мисоли худди ўзига зулм қилган қавмнинг экинини урган изғиринга ўхшайди. Аллоҳ, ҳақиқатан, уларга зулм қилмади, улар ўзларига зулм қилишди.

Иймондан маҳрум жамоаларнинг моллари ҳам, бола-чақалари ҳам азобдан қутқара олмайди, уларнинг дунё ҳаётида қилган эҳсон-садақалари ҳам куфрлари сабабидан ҳисобга ўтмайди. Экинни совуқ уриб кетганида ҳеч қандай ҳосилдан умид қилиб бўлмагани каби куфрда туриб қилинган энг яхши ишлар ҳам самарасиз, натижасиздир.

118. Эй мўминлар, ўзингиздан бўлмаганларни дўст тутманглар, улар сизга зарар етказиш пайидан бўлишади, машаққатда қолишингизни исташади. Тилларидан душманликлари маълум бўлса-да, дилларидаги пинҳона адоватлари янада каттароқ. Агар оқил бўлсангизлар, сизларга оятларимизни очиқ баён қилдик.

Мусулмонлар ўз миллат ва мазҳабларида бўлмаган ғайридинлардан сирларини яширишлари, уларга ҳеч нарсани сўзламасликлари керак. Чунки улар душмандирлар, мусулмонлар дўстлашишни исташса-да, аммо улар Ислом миллатидагиларни ёмон кўришади.

119. Ҳой сизлар, уларни яхши кўрасизлар-у, улар сизни севишмайди. Сизлар барча китобларга иймон келтирасизлар-у, улар сизларни учратишганида: «Иймон келтирдик» дейишади, холи қолишганида эса сизларга қаттиқ аламларидан бармоқларини тишлашади. (Эй Муҳаммад): «Аламларингдан ўлиб кетинглар, Аллоҳ, албатта, дилларингиздагини билиб туради», денг.

120. Сизларга яхшилик келса, бу уларни хафа қилади, кулфат етса, севинишади. Агар сабр ва тақво қилсанглар, уларнинг найрангларидан сизларга ҳеч бир зарар етмайди. Аллоҳ, албатта, уларнинг қилмишларини иҳоталаб туради.

121. (Эй Муҳаммад,)  эрталаб хонадонингиздан чиқиб, мўминларни уруш жойига сафлаганингизни эсланг. Аллоҳ эшитувчи, билувчидир.

122. Шунда сизлардан икки гуруҳ умидсизликка туша бошлаганини эсланг. Аллоҳ уларнинг мададкоридир, мўминлар фақат Аллоҳга суянишсин.

Мана шу оятдан бошлаб Ислом тарихидаги ғазотлар ҳақида сўз боради. Юқоридаги оятдаги воқеа Уҳуд жангида содир бўлган эди. Аллоҳ таоло марҳамат этяптики, эй Муҳаммад (алайҳиссалом), тонг пайтида уйингиздан чиқиб, уруш қилиш учун йўлга чиққанингизни, жангчиларни олишув майдонидаги ўзларига муносиб жойларга тайин қилганингизни эсланг. Шу пайтда Бани Салама ва Бани Хориса қавмлари душман кўплигини, мусулмонлар эса озчилигини кўриб, дилларига қўрқув тушди ва жанг майдонини ташлаб кетишни ўйлай бошлашди. Аллоҳ таоло ўша дамда уларни қўллаб-қувватлади ва кучли душман устидан ғолиб қилди. Улар дарҳол ўзларига келиб, дилларидаги васавасадан халос бўлишди.

123. Ҳақиқатан, Бадрда ночор бўлсанглар ҳам, Аллоҳ сизларни ғолиб қилди-ку! Аллоҳдан қўрқинглар, шояд шукр қилсангизлар.

Тарихдаги илк ғазот – Бадр жангида кучлар, ҳақиқатан, тенг эмас эди: маккалик мушрикларнинг яхши қуролланган, отлиқ ва чиниққан мингга яқин аскарига мусулмонларнинг уч юз ўн уч кишилик, асосан, пиёда ва қуроллари шунга яраша бўлган қўшини қарши чиққан эди. Бунинг устига уларни ҳамма томондан душман ўраб турган эди. Буларга қарамай, Аллоҳ уларнинг ихлослари, иймон ва садоқатлари туфайли кўпсонли мушриклар устидан ғолиб қилди.

124. Мўминларга: «Парвардигорингизнинг туширилган уч минг фаришта билан берган ёрдами сизларга кифоя эмасми?» деганингизни эсланг.

125. Ҳа, агар сабр ва тақво қилсанглар, улар бехос устингизга келса ҳам, Парвардигорингиз беш минг белгили фаришта билан ёрдам беради.

Ўша фаришталарнинг белгиси бундай эди: отларининг ёли ва думи оқ, ўзларининг саллалари сариқ рангда бўлган.

126. Аллоҳ буни фақат хурсанд бўлишингиз ва кўнглингиз таскин топиши учун қилди. Аслида ғалаба фақат қудратли ва ҳикматли Аллоҳ ҳузуридандир.

127. Кофирларнинг баъзиларини ҳалок қилиши ёки хорлаши уларнинг ортларига ноумид қайтишлари учундир.

128. Уларнинг тавбасини қабул қилиш ёки азоблаш сизнинг ишингиз эмас, улар, ҳақиқатан, золимлардир.

Бу ояти каримада Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи васаллам) огоҳлантирадики, бандада ҳеч бир ихтиёр йўқ, унинг илми ҳам яширин эмас. Аллоҳ таоло нимани хоҳласа, шуни қилади. Агар кофир сизга душманлик қилса ҳам, зулм кўрсатса ҳам, Аллоҳ таоло хоҳласагина, унга азоб беради. Сиз уларни дуоибад қилманг, балки бу хусусда Аллоҳ таолога ҳавола қилинг ва У Зотнинг нима қилишини кўринг. Пайғамбар алайҳиссалом бу оятга амал қилиб, таҳликали дамларда ҳам сабр қилдилар. Дарҳақиқат, кейинчалик ўша золим ва маккор душманларнинг кўплари Аллоҳнинг ҳидояти ила Ислом учун жон фидо қилувчи ва Фахри Коинотни жондан севувчи мусулмонлардан бўлишди.

129. Осмонлару Ердаги нарсаларнинг бари Аллоҳникидир. Хоҳлаганини мағфират қилади, хоҳлаганини азоблайди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.

130. Эй мўминлар, рибони бир неча баробар қилиб еманглар, Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.

Бу ўринда пулнинг фойдасини ейишдан (рибохўрликдан) қайтарилишининг ҳикмати нимада? Уламолар фикрича, пул фойдаси муомаласига берилган кимсалар ниҳоятда молпараст, бир тийин учун жонини ҳам беришга тайёр бахил кимсалар бўлишади, уларда ҳамдардлик, инсоний раҳм-шафқат бўлмайди. Бундайлар Аллоҳ йўлида жонини ҳам, молини ҳам тиколмайди. Аллоҳ таоло учун ибодатларнинг энг улуғи бўлган жиҳод чоғида ҳиммат ва сахийликларига халал етмаслиги, вужудлари рибохўрлик каби разил бир иллатдан пок туриши учун Аллоҳ таоло мусулмонларни пул фойдасини ейишдан қайтаради.

131. Кофирларга тайёрлаб қўйилган ўтдан сақланинглар.

132. Аллоҳга ҳамда Унинг Расулига итоат этинглар, шоядки, сизларга раҳм қилинса!

133. Парвардигорингиз мағфиратига, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмонлару Ерча бўлган жаннатга шошилингларки;

134. улар шодликда ҳам, кулфатда ҳам эҳсон қилувчи, ғазабларини ютувчи ва одамларни кечирувчилардир. Аллоҳ, албатта, яхшилик қилувчиларни севади.

Хурсандчилигида ҳам, хафалигида ҳам Аллоҳ йўлида эҳсон-садақа қиладиган, ғазаби келганида ичига ютадиган, бошқаларнинг зулм ва тажовузлари учун қасос олишга қодир бўлатуриб кечириб юборадиган ва жазога лойиқ кишиларга, аксинча, яхшилик қиладиганлар тақводорлардир. Улар ана шу яхши амаллари эвазига Аллоҳ таоло мағфиратига сазовор бўлишади, иншааллоҳ.

135. Улар бирор фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилишса, Аллоҳни ёдга олиб гуноҳларини кечиришини сўрайдиган, гуноҳларини Аллоҳдан ўзга кечирувчи бўлмаслигини билиб, уларни давом эттирмайдиганлардир.

136. Ана шуларнинг мукофоти Парвардигорлари мағфирати ва остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатдирки, улар унда абадий қолишади. Бундайларнинг мукофоти қанчалар яхши!

Кишидан бошқага бирор зарар етса, бу очиқ-ойдин гуноҳ саналади, бордию у ўзигагина зарар берадиган иш қилса, ўзига зулм қилган бўлади. Ҳар икки ҳолатда ҳам гуноҳкор киши шу заҳоти Аллоҳ таолонинг азаматини, Унинг савоб ва азобини, ваъдаси ва ғазабини эсга олиб, дили ва тили билан тавба қилишга шошилса, қилмишларига пушаймонлик билан уни иккинчи марта қайтармасликка аҳд-паймон қилса, бу банданинг мағфирати Аллоҳга ҳавола бўлади ва унинг мукофоти жаннатдир.

137. (Эй мўминлар,) сизлардан олдин ибратлар ўтган. Ер юзида кезиб, ёлғончиларнинг оқибати қандай бўлганини кўринглар.

138. Бу одамларга тушунтириш, тақводорларга ҳидоят ва насиҳатдир.

139. Бўшашманглар ва ғамга ботманглар, иймонда бўлсанглар, устунсизлар.

140. Агар сизларга бир заҳмат етган бўлса, у қавмга ҳам шундай заҳмат етган. Аллоҳ мўминларни билиши ва ораларингдан шаҳидларни ажратиб олиши учун бундай кунларни Биз одамлар орасида алмаштириб турамиз ва Аллоҳ золимларни ёмон кўради.

141. Бу Аллоҳ мўминларни поклаши ҳамда кофирларни ҳалок қилиши учундир.

142. Ёки Аллоҳ сизлардан жиҳод қилганларни аниқламай, сабр қилувчиларни билмай туриб жаннатга киришни ўйлаяпсизларми?

Уҳуд жангида мусулмонлар катта мусибат ва талафотларга учрашди. Исломнинг буюк-буюк баҳодирлари ҳалок бўлишди, мушриклар баъзиларини қийнаб, аъзоларини қиймалаб хўрлашди. Ҳатто Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак тишлари синиб, юзлари жароҳатланди. Бу ҳолатни кўрган мусулмонлар таҳликага тушиб, умидлари сўна бошлади. Худди шу пайтда Аллоҳ таоло ҳузуридан хабар келди: «Эй мусулмонлар, сизлар ҳаргиз бўшашманглар ва ғамга ботманглар, агар эътиқодда маҳкам турсангиз, иймонингизни сусайтирмасангиз, албатта, душман устидан ғолиб келасизлар». Буни эшитиб руҳланган мажруҳ ва ғамга ботган мужоҳидлар душманга ҳамлаларини кучайтириб юборишди. Уларнинг ҳужумига дош беролмаган мушриклар жанг майдонини ташлаб қочишди. Парвардигор ушбу жангда тушкунликка тушган саҳобаларга тасалли бериб айтяптики: «Нега ранжияпсизлар, бугун сизларга заҳмат ва мусибат етган бўлса, аввалги Бадр жангида уларга ҳам худди шундай кулфатлар етган эди-ку, улар ботил динлари учун азият чекишган эди, сизлар Ҳақ учун бироз ранж кўриб, хафа бўляпсизларми? Ҳолбуки, бу жангда бир қанчаларингиз шаҳидлик мақомига эришдингиз, холис мусулмонлар билан мунофиқлар иккига ажралишди, жаннат эгалари маълум бўлди.

143. Ўлим келмасидан олдин уни орзу қилардингиз, мана, кўриб турибсизлар.

144. Муҳаммад Пайғамбар, холос, унгача ҳам пайғамбарлар ўтишган. Агар у ўлса ёки ўлдирилса, ортингизга қайтасизми? Ким ортига қайтса ҳам, ҳаргиз Аллоҳга зарар етказа олмайди ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлайди.

145. Ҳеч бир жон Аллоҳ изнисиз, белгилаган муҳлатисиз ўлмайди. Ким дунё савобини хоҳласа, унга истаганини берамиз, ким охират савобини хоҳласа, унга ҳам истаганини охиратда топширамиз ва шукр қилувчиларни тақдирлаймиз.

146. Бир қанча пайғамбарлар билан бирга жанг қилган кўплаб художўйлар Аллоҳ йўлида етган кулфатлардан на бўшашиб-сустлашишган ва на таслим бўлишган. Аллоҳ сабрлиларни севади.

147. Улар фақат: «Парвардигоро, гуноҳларимизни ва ишларимизда ҳаддан ошишларимизни кечир, собитқадам эт ва кофир қавмлар устидан ғолиб қил!», деган гапнигина айтишарди.

148. Кейин Аллоҳ уларга дунё савобини ва охиратнинг гўзал мукофотини берди. Аллоҳ яхши амал қилувчиларни севади.

Уҳуд жангида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари жанг режасини туздилар. Қўшинни жангга сафлаганларидан сўнг тоғ тарафидаги очиқ жойдан душман келмаслиги учун у ерга эллик нафар камончи аскарни жойладилар. Уларнинг бошлиқлари Абдуллоҳ ибн Жубайр эди. Пайғамбаримиз уларга ўша жойда қаттиқ туриб ҳимоя қилишса, мусулмонлар, албатта, ғолиб бўлишларини таъкидладилар. Кейин уруш бошланиб кетди, мужоҳидлар душман устига шердай ташланиб, жон-жаҳдилари билан жанг қилишди. Бу ҳолни кўрган мушриклар жанг майдонини ташлаб қочишни ўйлай бошлади. Улар кета бошлаши билан мусулмонлар биз ғалаба қилдик, деган хотиржамлик билан ўлжаларни тақсимлай бошлашди. Тоғ йўлига қўйилган найзабозлар ҳам ўлжадан қуруқ қолмаслик учун бошлиқларининг қайтаришига қарамай турган жойларини тарк этишди. Бошлиқлари оз одам билан қолганида душман худди шу тарафдан бостириб келди. Бундан мусулмонлар кўп талафот кўришди. Қанчалаб аскар ҳалок бўлди, Расули акрамнинг ўзлари ярадор бўлиб, беҳуш йиқилдилар. Қайсидир шайтон малайи «Муҳаммад ўлди» деган иғвони тарқатиб юборди. Саҳобалар бу ёлғондан саросимага тушишди, турли ёмон хаёлларга боришди. Шундай таҳликали вазиятда Расулуллоҳнинг ўзлари «Инни ибадуллоҳи, ана Расул» деб хитоб қилдилар. Бу муборак овозни эшитган қарийб ўттиз саҳобий етиб келди ва мудофаани кучайтириб юборди. Охири мусулмонлар душманни енгишга муваффақ бўлишди. Аллоҳ таоло юқоридаги оятларда мусулмонларга тамкинли бўлишни таълим бериб айтяптики, аввалги пайғамбарлар ҳам шундай воқеаларга дуч келишган, улар баробар собитқадам туришган. Сизлар улардан ҳам зиёда собитқадамлик кўрсатишингиз зарур.

149. Эй мўминлар, агар кофирларга итоат қилсангизлар, ортингизга қайтаришади, кейин зиёнга йўлиқасизлар.

150. Ҳа, Аллоҳ мададкорингиздир ва У ёрдам берувчиларнинг яхшисидир.

151. Энди ҳужжатсиз нарсани Аллоҳга шерик қилишгани учун кофирлар дилига қўрқув соламиз. Уларнинг жойи дўзахдир ва у золимлар учун ёмон жойдир.

Уҳуд жангида мушриклар дилига Аллоҳ қўрқув солганидан кейин улар мусулмонлардан қўрқиб қоча бошлашди. Мусулмонлар ярадор ва ҳолдан тойган бўлишса ҳам, уларни Ҳамроул-асад деган жойгача қувиб боришди. Қочиб кетаётган мушрикларнинг саркардаси Абу Суфён аскарларига: «Бизлар шунча одам ва қурол-аслаҳага эга бўлатуриб чарчаган ва шикаст топган озчиликни тор-мор қилмай келавердик, юринглар, қайтиб бориб уларни батамом қириб ташлайлик», деганида унинг бу сўзларини қабул қилувчи бирор киши топилмади. Чунки улар мушрик эди, Аллоҳ таолога осий эди, ширклари, исёнлари сабабидан дилларига Ислом ҳайбати, иймони ўрнашмаган эди. Шу боис мусулмонлардан устун бўлишса ҳам, жангда енгилишди.

152. Аллоҳ сизларга берган ваъдасининг устидан чиқди: то сустлашиб, буйруқ ҳақида тортишмагунингизча ва сизлар суйган нарса кўрсатиб қўйилгач, итоатсизлик қилмагунингизча Унинг изни билан кофирларни қира бошладинглар. Орангизда дунёни хоҳлайдиганлар ҳам, охиратни хоҳлайдиганлар ҳам бор. Кейин сизларни имтиҳон қилиш учун улардан қайтарди ва албатта, кечирди. Аллоҳ мўминларга марҳаматлидир.

153. Пайғамбар ортингиздан чақириб турса ҳам, ҳеч нарсага қарамай кетиб қолганингизни эсланглар. Кейин қўлдан кетганига ва мусибат етганига қайғу чекмаслигингиз учун сизларга ғам ортидан ғам берди. Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир.

Расули акрам жанг бошида айтдиларки, агар сабр ва тадбир билан иш кўрсангизлар, Аллоҳ таоло бизларни кофир қавм устидан, албатта, ғолиб қилади. Уҳуд жанги майдонида мусулмонлар бошда Аллоҳ элчисининг сўзларига қатъий амал қилиб, ниҳоятда сабот билан туришди. Душманнинг бир қанча аскарини ер тишлатиб, ғалаба нашидасини суришди. Аммо кейин ўрталарида ихтилоф чиқиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг амр-фармонларидан чекинишди. Оқибатда зафар қўлдан кетиб, анчагина талафот кўришди. Охири яна Сарвари оламнинг ҳукмларига бўйсуниб, итоатда бўлишган эди, Аллоҳ таоло уларнинг қўлларини баланд қилди. Бу воқеа кейинги умматларга сабоқ ўлароқ ибрат бўлиб қолди: агар ўшанда баъзилари ўлжани қўлга киритишга интилишмаганида бу қадар мағлубиятга учрашмаган бўлур эди. Бундан хулоса шуки, ҳатто мукаррам саҳобалар ҳам имтиҳонга учрашди. Улардан бир неча киши ўзларича иш кўриб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари ҳақида тортишишди ва бунинг касри ҳаммага баравар тегди. Бир қанча саҳобий урушда яраланди ва ҳалок бўлди, бир нечалари эса тушкунликка тушиб қоча бошлашганида Расулуллоҳ уларни чақириб олдилар.

154. Сўнгра Аллоҳ бир гуруҳингизга ғам кетидан ўраб олувчи ором уйқусини туширди. Бошқа гуруҳингиз эса жон талвасасига тушишди, Аллоҳ ҳақида жоҳилона ноҳақ гумон қилиб: «Қўлимиздан нима ҳам келарди?» дейишди. «Ҳамма иш Аллоҳ изнидадир», денг. Улар дилларидаги нарсани сиздан яширишади: «Агар бизда ихтиёр бўлганида бу ерда ҳалок қилинмас эдик», дейишади. «Агар уйларингизда бўлсангиз ҳам, ўлдирилиш ёзиб қўйилганлар ҳалокат жойига чиққан бўлишарди. Буни Аллоҳ кўнглингиздаги нарсани имтиҳон қилиш ва дилларингиздагини поклаш учун қилди», денг. Аллоҳ дилларингиздагиларни билувчидир.

155. Ҳақиқатан, икки гуруҳ тўқнашган кунда сизлардан қочганларни шайтон баъзи гуноҳлари сабабидан йўлдан оздирди. Аллоҳ уларни кечирди, Аллоҳ, албатта, кечирувчи, раҳмлидир.

156. Эй мўминлар, куфрга борган ва бошқа ерларга сафарга чиққан ёки жиҳодга борган биродарлари ҳақида: «Агар олдимизда бўлишганида ўлишмас ҳам, ўлдирилишмас ҳам эди», дейдиганларга ўхшаманглар. Аллоҳ буни улар дилида ҳасратга айлантириб қўяди. Аллоҳгина ўлдиради ва тирилтиради, Аллоҳ барча ишларингизни кўриб туради.

Бир инсоннинг сафарда ўлиши ёки жангда ҳалок қилиниши ёзилган бўлса, у ўша ҳолатда ўлим топади. Уйидан чиқмаслик ёки ўз қавмидан ажрамаслик унинг бу ҳалокатдан омон қолишига сабаб бўлолмайди. Бу Ислом ақийдасидир. Лекин мунофиқлар: «Агар сафарга чиқмай ё ғазотга бормай биз билан қолишганида ўлишмас ҳам эди, қатл қилинишмас ҳам эди», деб инсонларнинг дилларига ҳасрат ва ташвиш солишди. Бу эса ботил ва бузуқ ақийдадир. Тирик қолдириш ва ўлдириш Аллоҳ таолонинг изнидадир. Ўлимнинг қай ҳолатда келиши ҳам Унинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Инсон, барибир, ўлмай қолмайди. Аммо Аллоҳ йўлида, дин хизматида ва душманга қарши жангда жон фидо қилиш энг мақбул ўлимдир.

157. Агар Аллоҳ йўлида ўлдирилсангиз ёки ўлсангиз, Аллоҳнинг мағфирати ва раҳмати улар ғамлаган нарсалардан яхшидир.

Аллоҳ йўлида шаҳид бўлиш ҳамда бунинг эвазига Унинг раҳмат-мағфиратига мушарраф бўлиш, жаннат билан мукофотланиш кофир ва мушриклар тўплаган беҳисоб бойлик ва бошқа дунё матоҳларидан минг карра аълодир.

158. Агар ўлсанглар ёки ўлдирилсанглар, албатта, Аллоҳ ҳузурида тўпланасизлар.

159. (Эй Муҳаммад,) Аллоҳ марҳамати туфайли уларга мулойим бўлдингиз, агар қўпол ва дили қаттиқ бўлганингизда улар атрофингиздан тарқаб кетишарди. Энди уларни афв этинг, уларга мағфират сўранг ва ишларингизда улар билан маслаҳатлашинг. Бирор ишга киришсангиз, Аллоҳга таваккал қилинг, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севади.

Аллоҳ таолонинг марҳамати ва лутфи туфайли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳар қачонгидай Уҳуд жангида ҳам саҳобаларига ниҳоятда яхши муомалада, юмшоқсўз бўлдилар, хатоларини кечирдилар, шикаста дилларини шод қилдилар. У зот, шунингдек, баъзи ишларида улар билан маслаҳатлашдилар. Бирор тарафга раъйилари қарор топса, Аллоҳга таваккал қилиб (суяниб), сўнг уни амалга оширишга киришдилар.

160. Агар Аллоҳ ёрдам қилса, ҳеч ким сизларни енголмайди, агар ташлаб қўйса, Ундан бошқа ким ҳам ёрдам бера оларди? Мўминлар Аллоҳгагина таваккал қилишсин.

161. Пайғамбарга хиёнат қилиш жоиз эмас, ким хиёнат қилса, Қиёмат куни ўша билан келади. Кейин ҳар кимнинг қилмишига яраша тўлиқ жазо берилади, ҳеч кимга зулм қилинмайди.

Баъзи ривоятларда келишича, Бадр жангида ўлжа олинган моллардан бир қисми йўқолиб қолади. Саҳобалардан айримлари: «Расули акрам ўз эҳтиёжлари учун сақлаб қўйган бўлсалар керак», деган гумонга боришади. Шу воқеа асносида юқоридаги ояти карима нозил бўлди: яъни  Аллоҳ таоло бир инсонга пайғамбарлик мартабасини ато қилган бўлса, унинг шаънига бундай ёмон гумонда бўлиш асло мумкин эмас, чунки Пайғамбар ҳаргиз бундай тақиқланган нарса билан шуғулланмайди. Пайғамбарларнинг қадрлари шунчалик баландки, ҳатто улар ҳақида ноўрин гумонларга боришга ўрин йўқдир.

162. Аллоҳ розилигини истаган киши Аллоҳ ғазабига учраган ва борар жойи дўзах бўлган кимсага ўхшармиди? Бу нақадар ёмон оқибат!

163. Уларнинг Аллоҳ ҳузуридаги даражалари турличадир. Аллоҳ уларнинг нима қилаётганларини кўриб туради.

164. Аллоҳ мўминларга, гарчи улар олдинлари очиқ залолатда бўлишса ҳам, ўзларидан Пайғамбар юбориб, инъом кўрсатди. У Аллоҳ оятларини тиловат қилиб беради, уларни поклайди, Китоб ва ҳикматни ўргатади.

165. (Эй мўминлар,)  сизларга мусибат етганида – ҳолбуки, ўзларингиз ҳам икки баравар қилиб мусибат етказган эдингизлар – «Бу қаёқдан келди?» дейсизларми? (Эй Муҳаммад): «Бу ўзларингиздан», денг. Аллоҳ, албатта, ҳамма нарсага қодирдир.

Уҳуд жангидаги воқеа устида саҳобаи киромлар таассуф чекишганида Парвардигор марҳамат қилиб айтдики, эй мусулмонлар, бу мусибат нима учун бошимизга келди, деб таажжубга тушманглар, сизларга душмандан бир ҳисса зарар етган бўлса, сизлардан уларга икки баробар зарар етказгансизлар: Уҳудда сизлардан етмиш нафар аскар шаҳидлик топган бўлса, Бадрда улардан шунча киши ўлдирилиб, яна шунчаси асир олинди. Ўша асирларни ўлдириш ҳам ихтиёрингизда эди. Уҳудда озчилик бўлишингизга қарамай, душманнинг йигирма жангчисини ер тишлатдингиз. Бу жангда бир фурсат мағлубият бўлди, кейин яна зафар ва фатҳ насиб этди. Бадрда душманга шу қадар катта талафот етказган эдингизки, инсоф билан қараганда кулфатларингиздан шикоят қилишга ҳаққингиз йўқ. Ҳақиқатан, бу мусибатга ўзларингиз сабабчидирсизлар, чунки итоатсизлик кўрсатдингизлар, Расул акрамнинг, бошқа тажрибали кишиларнинг сўзларига кирмай, ўз ихтиёрларингиз билан Мадинадан ташқарига чиқиб урушишни истадингизлар. Кейин камончилар гуруҳи ўзларининг ниҳоятда муҳим ўринларини душманга бўшатиб қўйишди. Ўтган йили Бадрда сизларга асир тушган асирларни ё ўлдиринглар, ё фидя (товон пули) олиб қўйиб юборингларки, кейинги йили сизлардан ҳам етмиш киши шаҳидлик мақомига эришади, дейилган эди. Сизлар шу шартни қабул қилиб, асирларни фидя эвазига озод қилдингизлар. Энди ўша шарт ушбу жангда вужудга келди. Бу урушда кўп нарсалар ойдинлашди: содиқ мўмин ва мунофиқлар бир-биридан ажралди, бир қанча пок бандаларга шаҳодат даражаси насиб бўлди.

166. Икки гуруҳ тўқнашган кунда сизларга етган мусибат Аллоҳнинг изни билан У мўминларни аниқлаши;

167. ҳамда мунофиқларни билиши учун келди. Уларга: «Келинглар, Аллоҳ йўлда урушинглар ёки ақалли ҳимояланинглар» дейилганида: «Жанг бўлишини билганимизда сизларга қўшилардик», дейишди. Улар ўша куни иймондан кўра куфрга яқинроқ эдилар. Дилларида йўқ нарса тилларига чиққан эди. Аллоҳ улар яширган нарсани яхши билади.

168. Ўзлари қолганлари етмай биродарлари ҳақида: «Агар бизга итоат қилишганида ўлмай қолишарди», дейишди. (Эй Муҳаммад): «Гапларинг рост бўлса, ўзларингдан ўлимни қайтаринглар-чи», денг.

169. Аллоҳ йўлида ҳалок бўлганларни ўлик, деб ҳисобламанглар, улар тирикдир, Парвардигорлари ҳузурида ризқланишмоқда.

170. Улар Аллоҳ фазли билан берган неъматларидан хурсанд ҳолда ортларидан ҳали ўзларига келиб қўшилмаганларга на хавф борлиги, на ғамгин бўлмасликлари хушхабарини беришмоқда.

171. Улар Аллоҳ фазли ва карамининг ҳамда Аллоҳ мўминларнинг мукофотини зое қилмаслигининг хушхабарини беришмоқда.

172. Заҳмат етганидан кейин ҳам Аллоҳ ва Унинг Расулига бўйсунган ва Аллоҳдан қўрққанларга улуғ мукофотлар бордир.

173. Уларга: «Мана, одамлар сизларга қарши куч тўплашяпти, улардан қўрқинглар!» дейилганида иймонлари кучайиб: «Бизларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У қандайин яхши вакилдир», дейишди.

174. Шунда улар Аллоҳнинг фазли ва карами билан кулфат етмасдан қайтишди ва Аллоҳ ризосини топишди. Аллоҳнинг фазли улуғдир!

175. Албатта, шайтонгина ўз дўстларини шундай қўрқитмоқчи бўлади, агар мўмин бўлсангизлар, улардан эмас, фақат Мендан қўрқинглар!

Уҳуд жанги якунланиб, гуруҳлар тарқалаётганида маккалик мушриклар етакчиси Абу Суфён келаси йили Бадрда яна жанг қиламиз, деб эълон қилди. Пайғамбар алайҳиссалом унинг бу даъватини қабул қилдилар. Урушиш пайти келганида ҳамма саҳобаларга жанг қилишга чиқиш буйруғини бердилар. «Агар ҳеч ким кўнмаса, Аллоҳ Расулининг якка ўзи бўлса ҳам  чиқади», дедилар. Абу Суфён қўшинларини бошлаб Маккадан Бадр томон йўлга чиқди. Аммо бироз юргач, қалбида хавф-қўрқинч пайдо бўлди. Кейин қаҳатчиликни баҳона қилиб ортига қайтиб кетди. Лекин айбни мусулмонларга тўнкаш учун баҳона излашга тушди. Шунинг учун Мадинага кетаётган бир одамни ёллаб, ёлғон билан қўрқитиш учун мусулмонлар орасига юбормоқчи бўлди. Ўша одам: «Маккаликлар жуда катта қўшин билан келишяпти, уларга қарши мусулмонларнинг бормаганлари яхши», деган ваҳима тарқатди. Аллоҳ таоло мусулмонлар дилига қатъият солди, улар: «Кофирлар қанча кўп бўлса ҳам, бизларга Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У қандайин яхши вакилдир», дейишди. Сўнг ҳаммалари ваъдага мувофиқ Бадр майдонига равона бўлишди. Ўша пайтда Бадрда катта бозор бўлар эди, уч кун туриб душманни кутишди, унинг қўрққани маълум бўлгач, тижорат қилиб, катта фойдалар билан қайтишди. Бу жангни «Кичик Бадр» ҳам дейишади. Мана шу сафарда Расули акрам билан бирга бориб-қайтган саҳобалар ҳақида юқоридаги ояти карималар тушган.

176. Куфрга интилаётганлар сизни хафа қилмасин, улар Аллоҳга асло зарар етказа олишмайди. Аллоҳ уларга охиратда насиба бўлишини хоҳламайди, уларга қаттиқ азоб бордир.

177. Ҳақиқатан, иймонни куфрга алишганлар Аллоҳга бирор зарар етказа олишмайди, уларга қийноқли азоб бордир.

178. Кофирлар уларга муҳлат берганимизни ҳаргиз яхшилик деб ҳисоблашмасин, Биз гуноҳларини кўпайтиришлари учун уларга муҳлат берганмиз. Уларга хорловчи азоб бордир.

179. Аллоҳ мўминларнинг покидан нопокини ажратмай туриб сизларни ҳозирги ҳолатингизда қолдирмоқчи эмас. Аллоҳ сизларни ғайбдан хабардор ҳам қилмоқчи эмас. Лекин Аллоҳ пайғамбарларидан хоҳлаганини танлаб олади. Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтиринглар, агар иймон келтирсангизлар ва тақводор бўлсанглар, сизларга улкан савоблар бордир.

180. Аллоҳ фазли билан берганларига бахиллик қиладиганлар буни яхшилик деб ўйлашмасин. Йўқ, бу уларга ёмондир. Бахиллик қилган нарсалари қиёмат куни бўйинларига ўралади. Осмонлару Ер ягона Аллоҳга мерос бўлиб қолади ва Аллоҳ қилмишларингиздан хабардордир.

Кофирларнинг дунё ҳаётида фаровон ва тўкин турмуш кечиришлари ва вақтинча азобдан қутулиб туришлари уларнинг яхшиликларига далил бўлмагани каби мўминларнинг бу дунёда айрим мусибатларга дучор бўлишлари, ташқаридан қараганда кўпинча камситилган ва мағлуб ҳолдаликлари уларнинг Аллоҳ таоло томонидан инкор этилганига далил бўла олмайди. Асл мақсад шуки, Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларни ҳозирги қийин ва мубҳам ҳолатда қолдирмоқчи эмас. Чунки тинчлик-осойишталик ва ором-фароғат ҳолатида содиқ банда билан мунофиқни аниқлаш қийин. Нозик-нозик воқеалар билан уларни бир-бирларидан жудо қилади, чунончи кофирлар билан яккама-якка урушишга изн беради. Ўша ҳолатда ҳақиқий мўминлар Расули акрам атрофларида парвона бўлиб, ширин жонларини қурбон қилишдан қочмайдилар. Мунофиқлар эса жонларини асраш пайига тушиб, турли баҳоналарни рўкач қилишади ва хиёнатларини билдириб қўйишади. Улар жонлари у ёқда турсин, ҳатто молларини Аллоҳ йўлида сарфлашга бахиллик қилишади. Ўша ҳақ йўлда бермаган моллари қиёматда бўйинларига азоб занжири бўлиб ўралишини билишса эди.

181. «Аллоҳ камбағал, бизлар эса боймиз», деганларнинг сўзини Аллоҳ эшитди. Уларнинг айтганларини ва пайғамбарларни ноҳақ ўлдирганларини ёзиб қўямиз ва: «Дўзах азобини тотиб кўринглар», деймиз.

Яҳудийларнинг ҳақ йўлда эҳсон қилишда бахиллик кўрсатиб гуноҳга ботганлари у ёқда турсин, улар беҳаёлик ва қаттиқ одобсизлик ҳам қилишди. Аллоҳ таолонинг «Манзаллази юкрузуллоҳу қорзан ҳасана» ояти каримаси тушганида уялмай-нетмай: «Модомики Аллоҳ бизлардан қарз сўрабди, демак, Аллоҳ бизларга муҳтож, бизлар эса бой эканмиз-да», дейишгача боришди. Ҳолбуки, Парвардигор камоли шафқат-марҳаматидан бандасининг эҳсони учун мукофот ва савоб бериш мақсадида Ўз йўлида сарфланган маблағни «қарз» деб номламоқда.

182. Бу қўлларингиз билан қилганларингиз туфайлидир, Аллоҳ асло бандаларига эулм қилувчи эмас.

183. (Эй Муҳаммад,)  «Олов ейдиган қурбонлик билан олдимизга келмагунича бирор пайғамбарга иймон келтирмаслигимизга Аллоҳ буюрган» дейдиганларга: «Мендан аввал ҳам сизларга бир қанча пайғамбарлар шундай далиллар ва айтган нарсаларингиз билан келишган, агар ростгўй бўлсангизлар, уларни нега ўлдирдинглар?» денг.

184. Агар улар сизни ёлғончи дейишса, сиздан аввал ҳам очиқ далиллар, саҳифалар ва равшан Китоблар билан келган пайғамбарларни ҳам ёлғончи қилишган эди.

Айрим пайғамбарларга шундай мўъжиза ато қилинган эдики, улар бирор нарсани Аллоҳ йўлида назр (қурбонлик) қилишса, осмондан ўт тушиб, уни еб кетар эди. Яҳудийлар ўз фаҳмларича, бундай мўъжизалар барча пайғамбарларга хос деган даъвода Саййиди олам Пайғамбаримиздан ҳам шуни талаб этишди ва кейин шуни баҳона қилиб у Зотга ишонишмади, ёлғончига чиқаришди. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига тасалли бериб айтяптики, эй ҳабибим, булар сизни ёлғончи дейишса, асло парво қилманг, улар сиздан аввал ўтган пайғамбарларга ҳам шундай муомала қилишган. Ҳолбуки, улар ҳам далиллар, мўъжизалар, саҳифа ва равшан китоблар олиб келишган эди. Буларни мағрур қилган нарса дунё ҳаётига ортиқча муҳаббат қўйганларидир. Ақлли инсон алданиш воситаси бўлган дунё ҳаётига бунчалик кўнгил қўймайди, аксинча, дўзахдан қутулиш, жаннатга кириш учун ҳаракат қилади. Бу жамоа эса бундай нарсалардан тамоман ғафлатдадир.

185. Ҳар бир жон ўлимга маҳкумдир. Қиёмат куни мукофотларингизни тўлиқ оласизлар. Дўзахдан четлатилиб, жаннатга киритилганлар муродига етибди ва бу дунё ҳаёти алданиш воситасидан бошқаси эмас.

186. (Эй мўминлар,)  молларингиз ва жонларингиз имтиҳон қилинади, сизлардан олдин китоб берилганлар ва мушриклардан кўп дилозорликларга учрайсизлар. Агар сабр ва тақво қилсангизлар, бу ишларнинг энг мақбулидир.

Ушбу хитоб Асри саодатдаги мўмин-мусулмонларга қаратилган бўлса-да, аслида у барча замонларга бирдай тааллуқлидир. Парвардигор марҳамат қиляптики, эй мўминлар, келажакда молларингиз ва жонларингизга талафотлар етказиб, сизларни турли имтиҳонларга соламиз, бошқа қурбонлар беришга ҳам тўғри келади. Жангу жадалларда ўлдирилиш, жароҳат олиб ярадор бўлиш, асир тушиш, ҳаётда бемор бўлиш, мол-дунёйингиздан ажраш, қариндош ва яқинларингиздан жудо бўлиш каби воқеаларга ҳам дуч келасизлар. Китобийлардан ва мушриклардан ниҳоятда дилозор сўзларни эшитиб, хўрликлар кўришга тўғри келади. Мусулмонларнинг ҳар қандай машаққатга тайёр туришлари керак бўлади. Мана шундай ҳолларда сабр қилган ва Аллоҳдан қўрққанлар буюк ҳиммат кўрсатишган бўлади ва бу ишларнинг энг мақбулидир.

187. Аллоҳ китобийлардан: «Буни одамларга тушунтирасизлар ва яширмайсизлар», деб ваъдаларини олганини эсланг. Лекин улар буни ортларига отиб, арзонга сотиб юборишди. Эвазига олганлари бунча ҳам ёмон-а!

Китобийларнинг уламоларидан Тавротдаги мавжуд ҳукмлар ва башоратларни одамларга очиқ тушунтириш, ҳеч бир зарурий нарсани беркитмаслик тўғрисида аҳд-паймон олинган эди. Лекин бу жамоа олимлари аҳдларини бузишди, дунёнинг арзимас матоҳларига алданиб, зарур ҳукмларни элдан яширишди. Тавротдаги сўз ва маъноларни аралаштириб, ўзгартириб, бузиб ташлашди. Хусусан, араблардан Пайғамбар чиқиши ҳақиқатини изҳор этиш ўрнига яшириб, бутунлай бошқа маънога алмаштиришди. Бу жамоа мол-дунёгагина бахил бўлиб қолмай, илмга ҳам бахиллик қилди.

188. (Эй Муҳаммад,)  қилмишларига севиниш, қилмаганлари билан мақтанишни яхши кўрадиганлар жазодан қутулиб қолишади, деб ўйламанг. Уларга қаттиқ азоблар бор.

189. Осмонлару Ердаги ҳукмронлик Аллоҳга тегишли ва Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

190. Албатта, осмонлару Ернинг яратилишида ва кеча-кундузнинг алмашинувида ақллилар учун далиллар бор.

Ҳар бир ақлли инсон Коинот ва заминга боқиб, уларнинг ҳар бир унсурида, ҳар бир заррасида Аллоҳ таолонинг буюк яратувчилик санъатига далил-ишораларни кўради. Катталиги Ердан бир неча баробар катта сайёра ва юлдузларнинг самода муаллақ ҳолда хатосиз юриши, кеча билан кундузнинг қатъий низом асосида алмашиниб туриши, инсоният, ҳайвонот ва наботот жисмидаги ақл бовар қилмас мўъжизалар, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг қудрати ва ҳикматига далилдир. Бу улкан оламларнинг ҳукмронлиги, уларнинг мураккаб ва тартибли низоми Аллоҳ таолонинг илоҳий қудрати ила бехато бошқарилади. Ҳеч бир махлуқ буни ўзгартириш ёки Аллоҳ таолонинг ҳукмига қарши боришга қодир эмас. Хоҳ инсон, хоҳ ҳайвон, хоҳ жин ёки фаришта каби бирор махлуқ бу илоҳий фармонга қарши чиқа олганида эди, бу оламлар низоми аллақачон барҳам топиб, дунё ағдар-тўнтар бўлиб кетар эди.

191. Улар турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида Аллоҳни эслашади, осмонлару Ернинг яратилиши ҳақида фикр юритиб айтишади: «Парвардигоримиз, буларни беҳуда яратмагансан, Сен поксан, бизларни дўзах азобидан асра;

192. Парвардигоримиз, кимни дўзахга киритсанг, уни хор қилган бўласан ва бундай золимларга мададкор ҳам бўлмайди;

193. Парвардигоримиз, бир жарчининг: «Парвардигорингизга иймон келтиринглар», деганини эшитдик ва иймон келтирдик. Парвардигоримиз, гуноҳларимизни кечир, хатоларимизни ўчир ва яхшилар билан бирга ўлдир!

194. Парвардигоримиз, пайғамбарларинг орқали ваъда қилганларингни ато эт, қиёмат куни шарманда қилиб қўйма, ҳақиқатан Сен ваъдангга хилоф қилмайсан!».

195. Парвардигорлари уларнинг дуоларини қабул қилиб айтди: «Хоҳ эркак, хоҳ хотин – бирортангизнинг амалингизни зое қилмайман. Бирингиз бошқангиздансиз. Ҳижрат қилганлар, диёридан ҳайдалганлар, Менинг йўлимда азият чекканлар, жанг қилганлар ва ҳалок бўлганларнинг гуноҳларини ўчираман ҳамда уларни остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритаман. Бу Аллоҳнинг мукофотидир ва мукофотларнинг энг гўзали Аллоҳ ҳузуридадир».

Исломнинг илк даврларида мусулмонлар Аллоҳнинг динини ёйишда кўп қийинчилик, азоб-кулфатларга дуч келишди. Мушриклар таъқибидан безиб туғилган жойларини, мол-мулкларини, яқинларини ташлаб ҳижрат қилишди (кўчишди), баъзиларини душман ўз ватанларидан ҳайдаб чиқарди, кўплари дин душманларига қарши ғазотларда ҳалок бўлишди. Аллоҳ йўлида азоб-азият чеккан, урушган ва шаҳид бўлганларга Аллоҳнинг охират дунёсидаги гўзал мукофоти – остидан анҳорлар оқиб турувчи жаннатлари тайёрлаб қўйилгани башорати берилмоқда.

196. (Эй Муҳаммад,) кофирларнинг юрт кезишлари сизни алдаб қўймасин.

197. Бу озгина алдовдир, кейин уларнинг жойи дўзах бўлади, у жуда ёмон жойдир.

198. Лекин Парвардигорларидан қўрқувчиларга остидан анҳорлар оқиб турадиган ва унда абадий қолинадиган жаннатлар бўлади. Бу Аллоҳ тарафидан меҳмондорчиликдир. Аллоҳ ҳузуридагилар яхшиларнинг энг афзалидир.

Кофирларнинг юртма-юрт кезиб сайру томоша ва тижорат қилишлари, турли йўллар билан тўплаган пулларини роҳат-фароғат ва фаровонликда яшашга сарфлашлари мўмин-мусулмонларни алдаб қўймасин. Улар кофирларнинг ташқаридан беташвиш ва тўкин кўринган турмушларига ҳавас қилишмасин. Буларнинг номигина роҳат холос, оқибати жуда ёмон. Бу фаровон ҳаётдан кейин уларнинг бошига келадиган азоб-уқубатлар ҳеч қандай таърифга сиғмайди. Масалан, бир одамга маълум муддат ичида ҳар ҳафта палов ва қовурма едириб, кейин дорга осилса, ё умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинса, у одамни роҳатда яшаган ва бахтиёр инсон деб бўладими? Асло! Кофирлар ҳам фоний дунёда тўрт кун айш суришса ҳам, охиратда эришганлари абадий азоб-қийноқ бўлади. Улар бу дунёда қилган зулмлари, ширклари ва итоатсизликлари туфайли охират дунёсида ана шундай жазога лойиқ бўлишади. Мўминлар эса дунёда ранж-алам кўришса ҳам, иймонлари ва солиҳ амаллари баракотидан қиёмат куни жаннат меҳмонхонасида, Парвардигорлари ҳузурида меҳмон бўлишади ва унда дунё меҳнат-машаққатларини тамоман унутиб, абадий роҳат-фароғат, тинчлик ва осойишталикда ҳаёт кечиришади.

199. Албатта, китобийлар орасида Аллоҳга, сизга туширилган нарсага ҳам, ўзларига туширилганига ҳам иймон келтирадиганлари, Аллоҳга бўйсуниб итоат қилувчилари, Аллоҳнинг оятларини арзонга сотмайдиганлари бор. Уларнинг мукофотлари Парвардигорлари ҳузуридадир, Аллоҳ, ҳақиқатан, тез ҳисоб қилувчидир.

200. Эй мўминлар, сабр қилинглар, сабрда устун бўлинглар ва доимо курашга шай бўлиб туринглар. Аллоҳдан қўрқинглар, шундагина нажот топасизлар.

Бу сура охирида Аллоҳ таоло суранинг бутун мағзи ва ғоясини ифода этувчи, мусулмонларга ниҳоятда зарур ва фойдали насиҳатни келтиряпти: агар мусулмонлар дунё ва охират ишларида дуолари ҳамда мақсадлари ижобат бўлишини исташса, ҳар қандай машаққат-кулфатларга дуч келишса ҳам, Аллоҳнинг тоатида қатъий туриб давом этишсин, гуноҳлардан сақланишсин, душман қаршисида мардона туришсин, Исломни қаттиқ муҳофаза қилишсин, хусусан, душман кириб келиши хавфи бўлган жойларда таналарини темир девор каби қалқон қилиб туришсин. Аллоҳ таоло мўминларни кулфат-мусибатларда сабр қилишга чақиради ва бунинг эвазига берадиган савоб-мукофотлардан умидлантиради. Зеро, мусулмонлик сабр орқалидир.

Ҳадисда келишича, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам хавфга тушиб қолсалар, мазкур сура охиридаги ўн оятни осмонга қараб ўқир эдилар. Пайғамбаримиз суннатларига мувофиқ, у Зотнинг умматлари ҳам шундай ҳолатларда шу ўн оятни ўқишлари катта савобдир.