A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
006. Анъом (чорвалар) сураси
PDF Босма E-mail

800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4

Маккада тушган ва 165 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Мақтовлар осмонлару Ерни яратган, зулматлару нурни таратган Аллоҳгадир. Кофирлар эса Парвардигорларига бошқаларни тенглаштирадилар.

Мажусийлар наздида Тангри иккита: савоб-яхшиликлар худоси Яздон, ёмонлик-гуноҳлар худоси Аҳраман, ҳар иккисининг лақаби Нур ва Зулмат эмиш. Ҳиндистон мушриклари эса ўттиз уч маъбудга сиғинишади, уларнинг бир фирқаси модда билан руҳни Худо каби ғайримахлуқ санашади. Насронийлар учта «Худо»га эътиқод қилишади, яҳудийлар эса бир ожиз махлуқни Худо билан баробар эмас, балки Ундан ортиқ бўла олади, деб ҳисоблашади. Араб мушриклари тош, ўт, сув, қуёш, ой, юлдуз, дарахт, ҳайвонларга сиғинишади. Дунёда ҳайвонларга, табиатда рўй берадиган турли ҳодисаларга, ҳатто жонсиз нарсаларга эътиқод қиладиганлар бор. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло буларнинг ҳаммасидан устун, барча нуқсон-камчиликлардан пок бўлган, зоти ва сифатларида ўхшаши йўқ ягона Илоҳдир. У осмонлару Ерни, улар орасидаги ҳамма махлуқларни, нур ва зулматларни яратган танҳо Холиқдир. Унга ҳеч ким яратиш ва бошқаришда шерик бўла олмайди. Шунинг учун барча ҳамду санолар ёлғиз Аллоҳ таологадир.

2. У сизларни лойдан яратди, кейин ажални белгилади. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал бор. Шундан кейин ҳам шубҳа қиласизларми?

3. У осмонлару Ердаги ягона Аллоҳдир. У яширганингизни ҳам, ошкор қилганингизни ҳам билади, нима қилаётганингизни ҳам билади.

4. Парвардигорларидан қандай далил-ишора келмасин, мушриклар бундан юз ўгиришади.

5. Уларга Ҳақ китоб келганида ҳам ёлғонга чиқаришди. Яқинда улар масхара қилган нарсанинг хабари келади.

6. Улардан олдин қанча авлодларни ҳалок қилганимизни кўришмайдими? Уларга ер юзида сизларга бермаган имкониятни бердик, устларига осмондан барака ёмғири ёғдирдик, остларидан анҳорлар оқизиб қўйдик. Кейин гуноҳлари сабабли уларни ҳалок қилиб, ўрниларига бошқа авлодларни пайдо қилдик.

Кофир ва мушриклар Аллоҳ таолонинг Од, Самуд, Лут қавмларини гуноҳлари сабабидан ҳалок қилгани тарихини яхши эслаб-билишар, ҳатто улар ҳалокатидан қолган асоратларни ўз кўзлари билан кўриб туришар эди. Аммо шунда ҳам улар ибрат олмай, ҳақиқатдан юз ўгиришди ва улар қисматига шерик бўлишди.

7. (Эй Муҳаммад), сизга қоғоздаги битикни туширганимизда қўллари билан тутиб туриб ҳам куфр келтирганлар: «Бу аниқ жодунинг ўзгинаси», дейишди.

8. Улар: «Унга фаришта туширилганида эди», дейишди. Агар фаришта туширсак, ишлар тугайди, уларга муҳлат ҳам берилмайди.

Яъни «Тушган фаришта рўпарамизда Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларига гувоҳлик берсин», дейишмоқчи. Фариштани асл қиёфасида кўриш – инсонлар учун ўта қийин иш, бу Аллоҳнинг ғайб сирларидандир. Агар уларнинг талабига кўра, фаришта юборилганида ҳам улар куфрларида қолишаверса, унда муҳлат ҳам берилмай барчалари ҳалок қилинишади.

9. Агар уни фаришта қилганимизда ҳам эркак суратида туширган ва уларнинг шубҳасини янада мушкуллаштирган бўлур эдик.

10. (Эй Муҳаммад), сиздан олдинги пайғамбарлар ҳам масхара қилинишган, сўнгра масхара қилувчиларни кулгилари ўз домига тортган.

11. «Ер юзини айланиб, ёлғончи қилувчиларнинг оқибати нима билан тугаганини кўринглар», денг.

12. «Осмонлару Ердаги ҳамма нарса кимники?» деб сўранг ва: «Аллоҳникидир!» денг. У раҳматни зиммасига олган, сизларни шак қилинмайдиган қиёмат кунида тўплайди. Иймон келтирмаганларгина ўзларига зиён қилишади.

13. Кечада ё кундузда таскин топувчилар Уникидир. У эшитувчи ва билувчидир.

14. «Осмонлару Ернинг яратувчиси, емайдиган, аммо едирадиган Аллоҳдан бошқани дўст тутайми?» денг. «Аллоҳга бўйсунувчиларнинг биринчиси бўлишга буюрилдим», денг. Асло мушриклардан бўлманг!

15. «Агар Парвардигоримга итоатсизлик қилсам, улуғ куннинг азобидан қўрқаман», денг.

Фано ва бақо дунёсида ҳар бир махлуқ Аллоҳ таолога муҳтождир, аммо Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсада, ҳеч бир ҳолатда  ҳеч бир кимсага муҳтож бўлмайди. Модомики  аҳвол шундай бўлса, шундай қудратли ва меҳрибон Зот ўрнига ожиз бир кимса ё нарсани мададкор тутиш ҳар қандай соғлом ақлга тўғри келмайдиган ишдир. Қодиру Мутлақ ибодатига жамики коинот ва барча махлуқот вазифалантирилган, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом эса бутун дунёга тоат-ибодатда намуна қилиб юборилганлар. Муҳаммаддай (соллаллоҳу алайҳи васаллам) гуноҳлардан холи ва пок банда ҳам ўзларидан бир хато содир бўлса, қиёматдаги азобдан қўрққанларида, бошқа инсонларнинг ҳар кун, ҳар соатда гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг азобидан қўрқмай юришлари таажжублидир.

16. Ким ўша куни кечирилса, унга Аллоҳ раҳм қилибди ва у нажот топибди.

17. (Эй инсон), Аллоҳ сенга бирор кулфат етказса, Ўзидан бошқа уни аритувчи йўқ, агар бирор яхшилик юборса, У ҳар нарсага қодирдир.

18. У бандалари устидан ҳокимдир, ҳикматли ва хабардордир.

19. (Эй Муҳаммад), «Гувоҳликларнинг энг улуғи қайси?» денг. «Мен билан сизларнинг ўртамизда Аллоҳ гувоҳдир, сизларни ва ушбу Қуръон етиб борганларни огоҳлантиришим учун у менга ваҳий қилинди. Ҳақиқатан, Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар борлигига гувоҳлик бера оласизларми?» денг. «Мен гувоҳлик бермайман», денг. «Аллоҳ ягонадир, сизлар келтираётган ширкка дахлдор эмасман», денг.

Аллоҳ таоло Саййиди оламга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бундай дейишни буюрмоқда: «Қодиру Зулжалолнинг тенги ҳам, ўхшаши ҳам йўқ, ҳар қандай фойда ҳам, зарар ҳам фақат Ундан келади, У барча бандаларнинг ягона яратувчиси ва қудратли Парвардигоридир, У менга инсонларни ва жинларни, мағрибу машриқ аҳлини огоҳлантириш учун Қуръонни ваҳий қилди, Унинг гувоҳлигидан ортиқ гувоҳлик бўлармиди? Мен ҳам ўз пайғамбарлигим ва элчилигимга Уни гувоҳ қиламан, энди мен билан сизларнинг ўртамиздаги барча воқеаларга ёлғиз Унинг ўзи гувоҳдир ва ўртамизда шунга мувофиқ ҳукм юритади».

20. Биз Китоб берганлар уни ўз ўғилларини танигандек танишади. Иймон келтирмаганлар ўзларигагина зиён қилишади.

Хоҳ яҳудий бўлсин, хоҳ насроний – барча китобийлар ўзларига туширилган китобларда аниқ-равшан васф қилинганига биноан, охирги замон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни ўз фарзандларини таниган каби яхши танишади. Лекин ҳасад, кибр, ота-боболарига тақлид, мол-дунё ва мансаб муҳаббати уларнинг Исломга киришларига тўсқинлик қилиб туради.

21. Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ё оятларини ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ борми? Золимлар асло нажот топишмайди.

22. Ўша кунда барчаларини тўплаб, мушриклардан: «Сизлар даъво қилган худоларингиз қани?» деб сўраймиз.

23. Шунда уларнинг: «Бизлар мушрик эмасдик», дейишдан бошқа алдовлари қолмайди.

24. (Эй Муҳаммад), улар ўзларини қандай алдашганини, тўқиб олган нарсалари қандай йўқолганини кўринг.

25. Уларнинг сизга гўё қулоқ соладиганлари ҳам бор. Лекин буни англамасликлари учун дилларига парда тўсдик, қулоқларини кар қилдик. Улар далилларни кўриб туриб ҳам иймон келтиришмайди. Ҳатто сиз билан тортишгани келганларида, кофирлари: «Бу олдингиларнинг афсоналари», дейишади.

Уларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга қулоқ солишлари Қуръони Каримдан ва Расули акрам сўзларидан бирор айб-хато топиш учун, холос.

26. Улар бундан бошқаларни қайтариб, ўзлари ҳам қочишади. Улар сезмаган ҳолда ўзларинигина ҳалок қилишади.

27. (Эй Муҳаммад), дўзах устида тўхтатилганида уларнинг: «Кошкийди, ортга қайтарилсак, Парвардигоримиз оятларини ёлғон демаган ва мўминлардан бўлар эдик», дейишларини кўрсангиз эди.

28. Йўқ, уларнинг олдин яшириб юрганларигина ошкор бўлди: улар дунёга қайтарилишса ҳам, ман қилинган ишларни қилишаверади ва улар, албатта, ёлғончилардир.

Қиёмат куни бутун олам аҳли маҳшаргоҳда тўпланади. Шу куни Ислом динини, уни келтирган Муҳаммад алайҳиссаломни ва Қуръони Каримни инкор қилиб, ёлғонга чиқарганларнинг ҳаммаси дўзах устида тўхтатилади. Улар ўша пайтда бор ҳақиқатни, ёлғон деган нарсалари рўпараларида очиқ намоён бўлганини ўз кўзлари билан кўришади. Шунда ниҳоятда хижолат ва пушаймон бўлиб: «Кошкийди, ўзимиз яшаган дунёга қайтиб борсак, кейин Парвардигоримиз оятларига иймон келтириб, мўминлардан бўлсак эди», дейишади. Парвардигор айтадики: «Уларнинг яширган нарсалари батамом очилиб, фош бўлди, энди уларни дунёга қайтарсак ҳам, аввалги гуноҳларини қилаверишади, чунки булар ёлғончилардир».

29. Улар: «Дунё ҳаётидан бошқа ҳаёт йўқ, бизлар қайта тирилмаймиз», дейишади.

30. Парвардигорлари ҳузурида турғизиб қўйиб, У: «Бу ҳақ эмасми?» деганида, улар: «Парвардигорга қасамки, ҳақдир» дейишганини, Унинг: «Энди кофирлигингиз азобини тортинглар», деганини кўрсангиз эди.

31. Аллоҳга йўлиқишни ёлғон деганлар қиёмат тўсатдан келиб, устларига гуноҳларини ортмоқлаган ҳолда: «Минг афсус, бунга бепарво бўлибмиз», дейишгунгача, албатта, зиёнга учрашади. Уларнинг ортмоқлагани қанчалар ёмон!

32. Дунё ҳаёти фақат ўйин-дилхушлик, холос. Тақводорлар учун охират диёри яхшироқлигини тушунмайсизларми?

33. (Эй Муҳаммад), уларнинг гаплари сизни хафа қилишини биламиз. Улар сизни ёлғончи дейишмаяпти, аслида, золимлар Аллоҳ оятларини инкор қилишяпти.

Аллоҳ таоло барча инсонлардан кўра Расули акрам дилларига раҳм-шафқат ва ҳамдардликни кўпроқ солган. Шунинг учун у Зот кофирларнинг қилмишларига афсусланиб, хафа бўлар эдилар. Бу оятларда Фахри коинотга тасалли бериляпти.

34. Сиздан олдин ҳам кўпгина пайғамбарлар ёлғончига чиқарилган. Улар ёрдамимиз келгунича ёлғончи дейилгани ва азият берилганига сабр қилишган. Аллоҳнинг сўзларини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Пайғамбарлар қиссаси сизга етиб келган.

35. Агар уларнинг юз ўгириши оғир ботаётган бўлса, мўъжиза-далил келтириш учун ер остига йўл очиб киринг, осмонга нарвон қўйиб чиқиб кетинг. Жоҳиллардан бўлманг, Аллоҳ хоҳлаганида ҳаммаларини ҳидоятга йўллаган бўлар эди.

36. Ҳақиқатни эшитадиганларгина қабул қилишади, ўликларни эса Аллоҳ тирилтиради ва кейин ҳаммалари Ўзига қайтишади.

37. Улар: «Нега Парвардигордан унга мўъжиза туширилмади?» дейишади. «Аллоҳ мўъжиза туширишга қодирдир», денг. Лекин кўплари буни билишмайди.

38. Ерда ўрмалаган жонивор, осмонда қанот қоқувчи қуш борки, улар сизлар каби жамоалардир. Китобга ҳеч нарсани қолдирмай ёзганмиз. Кейин улар Парвардигорлари даргоҳида тўпланишади.

Аллоҳ таоло дунёда фақат одамларнигина эмас, балки ерда юрувчи, осмонда учувчи, сувда сузувчи беҳисоб турдаги жониворларни ҳам яратган. Уларнинг тури ва хили шунчалик кўп ва ранг-барангки, ҳатто ҳозиргача аниқланмаган ҳайвон ва қушлар топиляпти. Ана шундай махлуқот оламини яратиб, уларнинг ҳар бирида беҳисоб мўъжизаларни кўрсатиб қўйган Аллоҳ таолодан Пайғамбарни тасдиқлаш учун мўъжиза туширишни сўраш шаккокликдан бошқа нарса эмас. Шундай бўлгач, бир пайғамбар ҳамма пайғамбарларнинг ишини қилиши шарт эмас.

39. Оятларимизни ёлғон деювчилар кар, соқов ва кўрдирлар. Аллоҳ хоҳлаганинии адаштиради, хоҳлаганини тўғри йўлда қилади.

40. (Эй Муҳаммад), «Агар ростгўй бўлсанглар, айтинглар-чи, Аллоҳнинг азоби келса ё қиёмат бўлса, Аллоҳдан ўзгага ёлборасизларми?»  денг.

41. Йўқ, фақат Унгагина ёлборасизлар, шунда У хоҳласа, сўраган нарсангизни аритади ва шерик қилган нарсангизни унуттиради.

42. Сиздан олдинги умматларга ҳам пайғамбар юборганмиз, кейин ёлборишлари учун машаққат ва зиёнларга гирифтор қилганмиз.

43. Азобимиз келганида ёлборишса бўларди, лекин диллари қотиб, қилмишларини шайтон уларга яхши кўрсатди.

44. Эслатмаларимизни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсаларга қувониб туришганида уларни тўсатдан ушладик ва шунда ҳасратда қолишди.

Аллоҳ таоло тарафидан бир енгил танбеҳ-огоҳлантириш келса, банда бепарволик қилмасин, балки ҳушёр бўлиб, тезда тавба-тазарру билан Парвардигорига кўп ёлборсин. Агар банда шундай қилмаса, танбеҳ-насиҳатдан фойдаланмаса, у ҳолда Аллоҳ синов учун унга барча неъматларнинг берк дарвозаларини очиб қўяди, яъни соғлик, осойишталик, мол-дунё, бола-чақа, мансаб-обрў каби неъматларни тўкис бериб қўяди. Бандалар ана шу неъматларга маҳлиё бўлиб, мағрур ҳолда, исён-гуноҳга ботганича туришганида тўсатдан Аллоҳнинг балоси келиб, ҳамма неъмат ва роҳатдан маҳрум қилади, улар ҳеч бир илож тополмай, ҳасрат-надоматда қолишади.

45. Кейин золимларнинг тухуми қирилди, оламлар Парвардигори Аллоҳга мақтовлар бўлсин!

46. (Эй Муҳаммад), уларга: «Айтинглар-чи, агар Аллоҳ қулоқ ва кўзларингизни олиб, дилларингизни муҳрлаб қўйса, Аллоҳдан бошқа қайси илоҳ уларни қайтариб беради?» денг. Биз қандай далиллар келтирганимизни ва уларнинг қандай юз ўгириб кетишларини кўринг.

Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига марҳамат қиляптики, кофирларнинг юз ўгириб кетишлари сизга малол келмасин ва улар сўраган ҳар бир мўъжизанинг содир бўлиши учун дуо қилиб ҳам юрманг. Ҳар бир нарсанинг яралишида Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига бўйсунинг. Қодири Зулжалол бутун олам аҳлининг иймонга мажбур қилинишини истамайди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида пайғамбарлар ҳам юбормай барча инсониятни ҳидоят қилишга қодир эди. Инсоннинг кўз, қулоқ, дил каби аъзолари мукаммал ишлашининг ўзи мўъжиза эмасми, агар улардан бирортаси ишламай қолса, бутун дунё аҳли бирлашиб ҳам уни тиклай олмайди-ку! Аллоҳдан бошқа бирор илоҳ-маъбуднинг бундай мўъжизага асло қудрати етмайди-ку!

47. «Айтинглар-чи, агар сизларга Аллоҳнинг азоби бирданига ва очиқчасига келса, золим қавмдан бошқаси ҳалок қилинадими?» денг.

48. Биз пайғамбарларни фақат хушхабар берувчи ва қўрқитувчи қилиб юборганмиз. Ким иймон келтириб, яхши амаллар қилса, хавфсирамасин, ғам ҳам чекмасин.

49. Оятларимизни инкор қилганлар итоатсизликлари учун азобга учрашади.

Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифалари итоатдагиларга Аллоҳ таолонинг ризоси ва жаннатидан хушхабар бериш, осий-итоатсизларни эса Аллоҳ таолонинг ғазаби ва дўзахи билан қўрқитишдир. Саодатманд инсонлар буларга иймон келтиришади ва Пайғамбар алайҳиссалом кўрсатмалари билан ўзларини тузатишади. Пайғамбарлар ва улар келтирган башоратларга ишонмаганлар итоатсиз-осий саналишади, улар, албатта, илоҳий азобга гирифтор бўлишади.

50. (Эй Муҳаммад), «Сизларга ҳузуримда Аллоҳнинг хазиналари бор, «ғайбни биламан», демайман ва сизларга «фариштаман» ҳам демайман, ўзимга юборилган ваҳийгагина эргашаман», денг. «Кўр билан соғ тенг бўлармиди, фикрламайсизларми?» денг.

Пайғамбар билан оддий кишиларнинг фарқлари кўзи кўр билан соғ кишиники кабидир. Аллоҳ таолонинг пайғамбарларга ризолиги ва тажаллийи бошқа инсонларга насиб бўлмайди.

51. Парвардигорлари ҳузурида тўпланишдан қўрқадиганларни Қуръон билан қўрқитинг. Тақводор бўлишса, уларга Ундан бошқа ҳимоячи ҳам, шафоатчи ҳам йўқ.

Қиёмат куни барча инсонлар Парвардигорлари ҳузурида тўпланишганида ёнида бир ҳимоячи, шафоат қилувчи бўлмай қолишидан қўрққан ва шунга мувофиқ ҳаёт кечирмоқчи бўлганлар Қуръони Каримдаги амр-фармонларни сўзсиз бажариб, ундан ибрат олишлари лозим.

52. Эртаю кеч Парвардигорларига ибодат қилувчи ва Унинг ризосини истовчиларни ҳайдаманг. Сиз улар учун ҳисоб бермайсиз, улар сиз учун ҳисоб беришмайди. Уларни ҳайдасангиз, золимлардан бўлиб қоласиз.

Саодат асрида, яъни Пайғамбаримиз ҳаётликларида кофирларнинг улуғларидан баъзилари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: «Дилларимиз насиҳатларингизни эшитишга мойил, лекин ҳузурингизда баъзи ночор одамлар ўтиришади, биз улар билан бирга бўлолмаймиз», дейишади. Уларнинг бу сўзига жавобан ушбу ояти карима тушиб таълим беряптики, Парвардигорга итоатда турганлар гарчи ғариб ва муҳтож бўлишса ҳам, Аллоҳ ҳузурида улар хотири азизроқдир, бой ва мартабали кимсаларни хурсанд қилиш учун уларни ҳайдамаслик керак.

53. «Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар анавиларми?» дейишлари учун баъзиларни баъзилари орқали синадик. Шукр қилувчиларни Аллоҳ яхшироқ билувчи эмасми?

54. Агар оятларимизга ишонганлар ҳузурингизга келишса: «Сизларга салом бўлсин, Парвардигорингиз раҳмат-меҳрибонликни зиммасига олган, ким нодонлик туфайли ёмонликка йўл қўйиб, ортидан тавба қилиб тузалса, У, албатта, кечирувчи, меҳрибондир», денг.

55. Гуноҳкорларнинг йўли ошкор бўлиши учун оятларимизни шундай баён қилурмиз.

56. «Аллоҳни қўйиб, сизлар сиғинаётган нарсага ибодат қилишдан қайтарилганман», денг. «Сизларнинг истакларингизга эргашмайман, чунки у ҳолда йўлдан адашиб, ҳидоят топганлардан бўлмай қоламан», денг.

57. «Менда Парвардигоримдан келган аниқ ҳужжат бор, сизлар эса уни ёлғон дейсизлар, сизлар тезлаштираётган нарса ихтиёримда эмас, ҳукм қилиш Аллоҳгагина хосдир, У Ҳақни кўрсатади, ажрим қилувчиларнинг энг яхшисидир», денг.

Ояти каримадаги «аниқ ҳужжат» Қуръони Карим, яъни Фурқон (Ҳақ билан ботилни ажратувчи), «шошилтираётган нарса» эса Аллоҳнинг илоҳий азобидир.

58. «Сизлар тезлаштираётган нарса ихтиёримда бўлганида эди, сизлар билан ўртамиздаги иш битган бўларди ва Аллоҳ золимларни яхши билувчидир», денг.

Яъни  Пайғамбар алайҳиссаломга шундай дейиш буюриляптики: «Кимга қачон ва қандай азоб беради, азобнинг қайси хилини раво кўради, азоб берадими ё тавбага муваффақ қиладими – буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг ихтиёридадир, бошқа кимсанинг қўлида эмас. Аллоҳ таоло бандаларига Ҳақни (амр-фармонларини) баён қилиб қўйган, Ўзи ҳаммадан кўра яхши ҳукм юритади. Агар ўртангизда ҳукм юритиш ихтиёримда бўлганида эди, орамиздаги жанжал-тортишувлар аллақачон барҳам топган бўлур эди».

59. Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадир, уларни Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. У қуруқликдаги ва сувдаги ҳамма нарсаларни билади, бирон барг тушганини ҳам билади. Ер бағридаги битта дон ҳам, ҳўлу қуруқ ҳам Очиқ Китобда бордир.

Баъзи уламолар оятдаги «мафотиҳ» (очқичлар) сўзини фатҳа билан «муфтаҳ» (яъни  жамики хазиналар) деб, «ҳўлу қуруқ»ни эса «тирик ва ўлик» деб таржима қилишган. «Очиқ Китоб»дан мурод Лавҳул Маҳфуздир.

60. У сизларни кечалари «вафот эттиради» ва кундузлари қилиб турган ишларингизни билади. Кейин муайян муддатнинг тугал бўлиши учун қайта «тирилтиради». Сўнгра ҳузурига қайтишингиз бор. Ўшанда нима қилганингизнинг хабарини беради.

Аллоҳ таоло бошқа кўпгина махлуқотлар каби инсонларни ҳам кечалари «вафот эттиради», яъни уйқуга кетказади. Олимлар уйқуни бежизга кичик ўлимга тенглашмаган. Одамлар уйқудан сўнг қайтадан «тирилиб» жонланишади, энди уларнинг кундуздаги бутун фаолиятлари Аллоҳ таолонинг қамровидадир. Инсон ҳаёти муайян муддат, яъни белгиланган ажал келгунича шундай давом этади, ажалидан сўнг эса энди қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида тўпланади, ҳисоб-китобдан сўнг унинг мангу ҳаёти бошланади.

61. У бандалари устидан ғолибдир ва сизларга муҳофаза қилувчиларни юборади. Бирортангизга ўлим келса, фаришталаримиз камчиликка йўл қўймай жонини олишади.

62. Сўнгра ҳақиқий Хожалари Аллоҳ ҳузурига қайтарилади. Огоҳ бўлингларки, ҳукм Унгагина хосдир ва У энг тез ҳисоб-китоб қилувчидир.

63. (Эй Муҳаммад), Унга чин дилдан ёлбориб: «Агар шу балолардан қутқарса, албатта, шукр қилувчилардан бўлардик», дейишганида, «Сизларни қуруқлигу денгиз балоларидан ким қутқаради?» денг.

64. «Сизларни бу ва бошқа ғам-ташвишлардан Аллоҳ қутқаради, сизлар эса яна ширк келтирасизлар», денг.

65. «Угина устингиздан ва остингиздан азоб юборишга, сизларни турли гуруҳларга бўлиб юборишга ва баъзиларингиздан баъзиларингизга азоб етказишга қодирдир» денг. Улар англаб етишсин деб, оятларимизни қандай баён қилганимизни кўринг.

Банда Аллоҳ таолонинг лутфи ва афвига мағрур бўлиб, ҳаддидан ошмаслиги керак. Чунки У Зот бандага турли мусибатлар орқали жазо беришга қодир. Бу ўринда уч хил азоб зикр қилинмоқда: 1) бандаларнинг устидан келадиган азоб-мусибатлар: осмондан тош, кучли жала ёғиши, бўрон ва тўфонлар; 2) оёқ остидан келадиган азоблар: зилзила, сел кабилар. Бу иккиси ташқи азоб-балолар бўлиб, ўтган умматларга юборилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом дуолари билан Ислом уммати бу ташқи азоблардан ҳимояланган. Лекин учинчиси, яъни ўзаро қон тўкишлар, фуқаролик урушлари, бир-бирлари билан жангу жадал қилишлар бу умматга ҳам тегишлидир. Қуръони Каримда Ислом уммати ҳақида «азоби алим» ва «азоби муҳийн», дейилса, шу учинчиси назарда тутилган.

66. Қавмингиз уни ёлғон деди, ҳолбуки, у Ҳақдир. «Мен сизларга вакил эмасман», денг.

Яъни  қавмингиз (уларнинг мушрик ва мунофиқлари) Қуръони Каримни ёлғонга чиқарса ҳам, унинг Ҳақ таоло ҳузуридан тушган Ҳақ калом экани кундай равшан. Кофир ва мушрикларнинг унинг ёлғонга чиқаришга уринишлари беҳуда ишдир.

67. «Ҳар бир хабарнинг тайин вақти бор, яқинда билиб оласизлар», денг.

68. Оятларимиз ҳақида беҳуда тортишаётганларни кўрсангиз, то бошқа мавзуга ўтмагунларича, улардан юз ўгиринг. Агар шайтон эсингиздан чиқарган бўлса, эслаганингиз заҳоти золимлар билан ўтирманг.

69. Тақводорлар зиммасида мушриклар борасида ҳеч нарса йўқ, лекин улар ҳам тақводор бўлишлари учун насиҳат қилиш бор.

70. (Эй Муҳаммад), динларини ўйин-кулгига айлантирган, дунё ҳаётига алданиб қолганларни тарк этинг. Ҳеч бир жон қилмиши туфайли ҳалокатга учрамаслиги, Аллоҳдан ўзга бирон дўст ё қўлловчи бўлмаган, бирон нарсасини фидо қилса ҳам, ундан қабул қилинмайдиган ҳолга тушмаслиги учун уларга Қуръон билан насиҳат қилинг. Ана шундайлар қилмишлари учун ҳалокатга учраганлардир. Куфрлари учун уларга қайноқ сувдан ичимлик ва аламли азоблар бордир.

71. «Аллоҳ ўрнига ҳеч қандай фойда-зарар беролмайдиган нарсага ибодат қилайликми, худди дўстлари «бизларга қўшил» деб ҳидоятга чорлаб туришса ҳам, шайтон адаштириб, ер юзида ҳайрон қолганга ўхшаб Аллоҳ тўғри йўлга йўллаганидан кейин яна ортимизга қайтайликми?» денг. «Ҳақиқатда энг тўғри йўл Аллоҳнинг йўлидир, оламлар Парвардигорига итоатга буюрилганмиз», денг.

72. Намоз ўқинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар, чунки барчаларингиз Унинг ҳузурида тўпланасизлар.

Муфассирлар бир бор Исломда бўлиб, сўнгра яна ундан чиққан мусулмонни бундай йўловчига ўхшатишади: унинг сафардошлари йўлни яхши билишади, лекин уни саҳройи бир жин йўлдан оздириб, йўлдошларидан алоҳида ажратиб қўйибди. Бечора адашган йўловчи тўрт тарафига зир югуради, сафардошларининг раҳми келганидан уни тўғри йўлга чақиришади, аммо ҳушини йўқотган ва жиннига ўхшаб қолган бояги йўловчи на сўзга тушунади, на ҳамроҳлари ёнига кела олади, парвонадек ўзини ҳар томонга уриб йўл қидираверади. Охират мусофирининг ҳоли ҳам шундайдир: унга тўғри йўл Ислом ва тавҳиддир, бу йўлнинг йўлбошчиси Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дирлар, сафардошлар эса у Зотга эргашувчи мусулмон умматидир. Булар йўлдан озган ва шайтонга таслим бўлган биродарларини ҳамиша тўғри йўлга чақиришади.

73. У осмонлару Ерни ҳикмат билан яратган, У «бўл!» деган куни бўлади. Унинг сўзи Ҳақдир. Сур чалинадиган кунда бутун салтанат Уники бўлади. У махфийни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир, У ҳаким ва хабардордир.

74. (Эй Муҳаммад), Иброҳимнинг отаси Озарга: «Бутларни илоҳ қилиб оласанми? Сени ва қавмингни очиқ адашувда кўряпман», деганини эсланг.

Баъзи олимлар Иброҳим алайҳиссалом оталарининг исми аслида Тоғиҳ бўлган, дейишади. Балки исми Тоғиҳ, лақаби эса Озардир. Аллома Ибн Касир Имом Мужоҳиддан нақл қилиб айтадики, Озар бир бутнинг номи, Тоғиҳ ҳам бут ясаб, бунга хизмат қилиб юргани учун шу лақабни олган. Аллоҳ билувчидир.

75. Иброҳимнинг аниқ ишонувчилардан бўлиши учун унга шу йўсинда осмонлару Ернинг ажойиботларини кўрсатамиз.

76. Тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Менинг Парвардигорим – шу», деди. У ботиб кетгач эса: «Ботувчиларни ёқтирмайман», деди.

77. Чиқаётган Ойни кўриб: «Парвардигорим мана шу», деди. У ҳам ботиб кетганидан кейин: «Агар Парвардигорим мени ҳидоятга бошламаса, албатта, адашганлардан бўлиб қоламан», деди.

78. Кўтарилаётган қуёшни кўриб: «Мана шу Парвардигорим, бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, сизлар Худога шерик қилаётган нарсаларингиздан воз кечдим», деди.

79. «Ҳақиқатда тўғри йўлга мойил ҳолда юзимни осмонлару Ерни яратган Зотга қаратдим, мен мушриклардан эмасман», деди.

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга бутлар ва ой, юлдуз, қуёшга сиғиниб юрган мушрик қавмдан ажрашни, улар сиғинаётган барча нарсаларнинг мутлоқ яратувчиси ва хожаси бўлмиш Ўзига юзланишни буюрмоқда. У кишининг бу юзланишлари, яъни йўллари, у зотга эргашган миллат «ҳанифлик » деб номланади.

80. Шунда қавми у билан тортишди. У айтди: «Сизлар Аллоҳ хусусида мен билан тортишяпсизларми? Ҳолбуки, У мени ҳидоятга бошлаган. Сизлар Унга шерик қилаётган нарсангиздан қўрқмайман, Парвардигорим хоҳлаган нарсагина бўлади. Парвардигорим ҳамма нарсани илми билан ўраб олган, бундан ибрат олмайсизларми? 

81. сизларга ҳужжат туширмагани ҳолда Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмайсизлар-у, шерик қилган нарсаларингиздан мен нега қўрқай? Агар билсангизлар, қай биримиз қўрқмасликка ҳақлироқмиз?»

Иброҳим алайҳиссаломнинг қавми: «Эй Иброҳим, илоҳларимизни кўп беҳурмат қиляпсиз, улар сизни жинни қилиб қўйишидан ё бирор балога гирифтор этишидан қўрқмайсизми?» деганида, у киши юқоридаги жавобни берганлар.

82. Иймон келтирганлар ва иймонларига зулм аралаштирмаганларга омонлик бор ва улар ҳидоят топишган.

Саҳиҳ ҳадисларда нақл қилинишича, оятдаги «зулм»дан мурод ширкдир.

83. Мана шу Иброҳимга қавмига қарши берган ҳужжатимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Парвардигорингиз ҳақиқатан ҳикматли, билувчидир.

84. Ва унга Исҳоқни ва Яъқубни бердик, ҳаммаларини тўғри йўлда қилдик. Бундан олдин Нуҳни ҳамда унинг авлодидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо, Ҳорунни ҳам тўғри йўлда қилган эдик. Яхши амал қилувчиларни шундай тақдирлаймиз.

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарларидан Ҳазрати Довуд ва Ҳазрати Сулаймонни подшоҳлик ва мол-мулк билан, Айюб алайҳиссаломни мусибат ва балоларга сабр ва матонат кўрсатишда, Юсуф алайҳиссаломни қийинчилик ва туҳматлар билан имтиҳон қилган. Улар бу имтиҳонлардан шараф билан ўтишган.

85. Ва Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни ҳам, барчалари солиҳлардандир.

86. Ва Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни бутун олам аҳлидан афзал қилдик.

87. Ва уларнинг оталаридан, зурриётидан ва ака-укаларидан айримларини ҳам тўғри йўлда қилдик. Уларни маъқул топдик ва тўғри йўлга йўлладик.

88. Мана шу Аллоҳнинг ҳидоятидир, бандаларидан кимни хоҳласа, ҳидоятга йўллаб қўяди. Агар улар ширк келтиришганида, албатта, барча амаллари беҳуда кетарди.

89. Булар Биз Китоб, ҳокимлик ва пайғамбарлик берганлардир. Манавилар бунга куфр келтиришса-да, уларни куфр келтирмайдиган қавмга топширганмиз.

Юқорида зикри келган пайғамбарлардан Довуд алайҳиссаломга Забур, Ҳазрати Мусога Таврот, Ҳазрати Исога Инжил, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръон, Довуд, Сулаймон, Юсуфга ҳокимлик-подшоҳлик, ҳаммаларига эса пайғамбарлик берилган эди. «Манавилар», яъни Макка мушриклари ва кофирлар бу нарсаларга куфр келтиришса, муҳожирлар ва ансорлар, уларнинг издошлари бу нарсаларни қабул қилиб, уларга итоат қилишади. Ана шулар Аллоҳ таолонинг розилигини топишади.

90. Ана шуларни Аллоҳ ҳидоятда қилган, сиз ҳам (эй Муҳаммад), улар йўлида юринг. «Мен бунга ҳақ сўрамайман, бу олам аҳли учун бир ҳужжатдир», денг.

Ҳидоятга бошлаш тижорат ё олди-сотди эмас, бу – илоҳий амрдир, бутун олам аҳли учун кўрсатма-ҳужжатдир, бунга ҳақ олинмайди.

Усул илми олимлари ушбу ояти каримадан бундай умумий хулоса чиқаришган: агар Пайғамбаримиз бирор муносабат билан ўтган шариатларни зикр этганларида агар уларни, умуман, ё бир қисмини инкор этмаган бўлсалар, бу умматга ҳам тегишли бўлади.

91. Улар «Аллоҳ башариятга ҳеч нарса туширмаган» дейишганида Аллоҳнинг қудратини тўғри англашмади. (Эй Муҳаммад): «Мусо нур ва одамларга ҳидоят қилиб олиб келган, сизлар варақларга туширгач, баъзисини кўрсатиб, кўпини яширадиган, сизлар ҳам, ота-бобларингиз ҳам билмаган нарсаларни ўргатган Китобни ким туширган эди?» денг. «Аллоҳ», денг. Кейин уларни бўҳтонларига қўйиб беринг.

92. Биз туширган муборак бир Китобдир, ўзидан олдингиларни тасдиқловчидир, Уммул Қуро ва атрофидагиларни огоҳлантиришингиз учундир. Охиратга ишонганлар унга иймон келтиришади ва намозларини вақтида адо этишади.

«Уммул Қуро» (шаҳарлар онаси) деганда Маккаи мукаррама назарда тутилади. Чунки бу табаррук шаҳар араблар орасида Исломдан олдин ҳам шу ном билан машҳур бўлган. Маккаи мукаррама дунёнинг жуғрофий марказидир, барча шаҳарларнинг аслидир, унда Аллоҳга ибодат учун қурилган башарнинг биринчи Уйи Байтуллоҳ бор, намозларимизда унга юзланамиз. Охиратдан умиди бор инсонлар Аллоҳнинг муқаддас каломи Қуръони Каримга ҳидоят ва нажот манбаи сифатида иймон келтиришади, намозларини ўз вақтида ўқишга ҳаракат қилишади.

93. Аллоҳга ёлғон туҳмат қилувчи, ваҳий келмаса-да, «менга ваҳий келди» деювчи ва «Аллоҳ туширган нарсани мен ҳам тушира оламан», деювчилардан ҳам золимроқ ким бор? Золимларнинг ўлим талвасасини, фаришталарнинг уларга қўл чўзиб: «Жонларингни беринглар, Аллоҳга ноҳақ сўзлаганингиз, Унинг оятларига кибр қилганингиз учун бугун хорлик азоби билан жазоланасизлар!» дейишганидаги ҳолларини бир кўрсангиз эди.

94. Сизларни бошда яратганимиздек ҳузуримизга якка-якка келдинглар, берган нарсаларимизни ортда қолдирдинглар, ўзларингизча шерик гумон қилган ҳомийларингизни ҳам кўрмаяпмиз. Алоқаларингиз узилди, ишонганларингиз йўқ бўлди.

95. Аллоҳ, ҳақиқатан, донни ва данакни ёрувчидир, ўликдан тирикни, тирикдан ўликни чиқарувчидир. Аллоҳ ана шундайдир! Сизлар нега юз ўгиряпсизлар?!

Ушбу ояти карима ўлгандан кейин қайта тирилиш – Охират борлигига бир далилдир. Уламолар жонсиз нутфа (эрлик уруғи) ёки тухумдан жонли инсон ёки паррандани чиқарган, ерга тушган қуруқ дон ёки данакдан турли мева ва ғаллани ўстириб қўйган Аллоҳ таоло қиёмат куни ўликларни қайтадан тирилтиришга ҳам қодирдир, дейишган. Шундай бўлгач, мушриклар нега Аллоҳ қолиб, бошқа томонга юз буриб кетишяпти?

96. У тонг оттирувчидир, У тунни ором-фароғат, қуёш ва ойни ҳисоб учун белгилаб қўйди. Бу қудратли ва билувчи Зот ўлчовларидир.

97. У қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни яратиб қўйган. Билувчи қавмлар учун далилларни шундай батафсил баён қилдик.

98. У сизларни бир жондан яратган. Сизларга бир жой омонат ва бир жой доимийдир. Фаҳмлайдиган қавмлар учун далилларни шундай батафсил баён қилдик.

Аллоҳ таоло инсониятни бир жон, яъни Одам алайҳиссаломдан пайдо қилган. Баъзи муфассирларнинг келтиришича, инсон оҳиста-оҳиста дунё ҳаётига мослашиши учун аввал одамдан олиниб, она қорнига жойланади. Кейин дунёга келиб омонат яшайди. Сўнгра у оҳиста-оҳиста охират ҳаётига кўникиши учун қабрга қўйилади. Кейин охиратга келиб омонат туради. Икки ўрин омонат жойидир. Сўнгра ундан ё жаннатда доимий суратда қолади ёки дўзахга тушади.

99. У осмондан сув туширгандир. Унинг билан турли набототни ундирдик. Ундан яшил гиёҳларни чиқардик. Ундан бошоқли донларни, хурмо новдаларидан шиғил ғужумларни, яна узум боғларини, бир-бирига ўхшаган-ўхшамаган зайтун ва анорларни пайдо қиламиз. Ҳар бирининг мева туккан пайтдаги ҳосилига ва пишишига боқинглар. Албатта, буларда иймонлиларга далиллар бор.

100. Улар жинларни Аллоҳга шерик қилишади, ҳолбуки, уларни ҳам У яратган. Жоҳиллик туфайли Унга ўғил-қиз «ўйлаб топишади». У булардан пок ва Олийдир.

Бу ўринда «жинлар»дан мурод шайтонлардир. Пайғамбар Иброҳим алайҳиссалом: «Шайтонга ибодат қилманглар», деганлар. Яна жоҳилият даврида арабларнинг етакчилари жинлардан ёрдам сўрашар, уларга сиғинишар эди.

101. У осмонлару Ерни пайдо қилган. Унинг жуфти йўғ-у, қандай боласи бўлади? Ҳамма нарсани Ўзи яратган ва У ҳамма нарсани яхши билувчидир.

102. Мана шу Аллоҳ Парвардигорингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ҳамма нарсанинг яратувчисидир. Унгагина бандалик қилинглар, У ҳамма нарсанинг ҳомийидир.

103. Кўзлар Уни қамраб ололмайди, У кўзларни қамраб олади. У ниҳоятда меҳрибон ва огоҳдир.

Аллоҳни кўришга кўзларнинг тоқати етмайди. Лекин Аллоҳ таоло лутфи-карами билан Ўзини кўрсатмоқчи бўлса, у ҳолда ожиз бандаларининг кўзлари кўра оладиган тоқатни ҳам пайдо қилади. Чунончи, қиёматда жаннатий мўминлар даражаларига муносиб равишда Саййиди оламга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Меърож кечасида дийдор насиб бўлганидай Аллоҳнинг дийдорига етишадилар.

104. Ҳақиқатан, Парвардигорингиздан далиллар келди. Кимнинг кўзи очилса, фойдаси ўзига, ким кўрлигича қолса, зарари ўзига. Мен устиларингизда қўриқчи эмасман.

105. (Эй Муҳаммад,)  «Ўрганиб олгансан», дейишлари учун ва билувчи қавмга маълум қилиш учун оятларимизни шундай баён қиламиз.

106. Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Парвардигорингиздан келган ваҳийга эргашинг ва мушриклардан юз ўгиринг.

107. Агар Аллоҳ хоҳлаганида улар мушрик бўлишмасди. Сизни уларга пойлоқчи қилмадик ва уларга вакил ҳам эмассиз.

108. (Эй мўминлар,)  Аллоҳдан ўзгага ибодат қилаётган нарсаларини сўкманглар, кейин (улар) ҳаддан ошиб билмасдан Аллоҳни сўкиб юришмасин. Ҳар бир умматга амалини шундай чиройли кўрсатиб қўйдик. Сўнгра Парвардигорлари ҳузурига қайтишганида қилмишлари хабарини беради.

Мусулмонлар эътиқодда адашиб юрганларни кўрганда уларга чиройли хулқ билан яхши насиҳатлар қилишсин, уларнинг хато йўлда эканларини сабр билан тушунтиришсин. Душманларига қўпол муомалада бўлиб, уларнинг «илоҳ»ларини ва пешволарини сўкишмасин. Агар шундай қилишса, улар жоҳилликлари туфайли мусулмонларнинг эътиқод қўйган нарсаларини сўкиб қўйишлари мумкин.

109. Агар уларга бирор оят-далил келса, унга, албатта, ишонишларига Аллоҳ номи билан қаттиқ қасам ичишади. (Эй Муҳаммад): «Оятлар фақат Аллоҳнинг ҳузурида», денг. Қаердан биласиз, балки, оят келса ҳам, улар иймон келтиришмас?!

110. Бошда иймон келтиришмаганидек, уларнинг диллари ва кўзларини буриб қўямиз ва адашиб сарсон бўлишларига қўйиб берамиз.

Аллоҳ таоло хабар беряптики, агар кофирлар ўнгланмай куфр ва саркашликларида давом этишаверса, Мен ҳам уларнинг диллари ва кўзларини муҳрлаб қўяман, оқибатда Ҳақни кўриш ва англаб етиш имконидан маҳрум бўлишади. Кейин умр бўйи сарсон-саргардонликда қолиб кетишади.

САККИЗИНЧИ ЖУЗ

111. Агар уларга фаришталарни туширсак ҳам, ўликлар уларга гапирса ҳам, улар олдига ҳамма нарсани тўплаб қўйсак ҳам, Аллоҳ хоҳламаса, иймон келтиришмайди. Лекин кўплари буни билишмайди.

112. Ҳар бир пайғамбарга инсонлар ва жинларнинг шайтонларини шундай душман қилиб қўйдик. Уларни  алдаш учун бир-бирларини бўяма сўзлар билан васваса қилишади. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида бундай қилишмасди. Уларни ёлғонларига қўйиб беринг.

113. Охиратга ишонмайдиганларнинг диллари бу сўзларга мойил бўлаверсин, истаганларича гуноҳ ишларини қилишаверсин.

114. «Аллоҳдан бошқани ҳакам қилиб олайми, ҳолбуки, У сизларга Китобни муфассал баён билан туширган-ку?» денг. Биз Китоб берганлар уни ҳақиқатан Парвардигорингиз туширганини яхши билишади. Демак, унга шубҳа қилувчилардан бўлманг.

115. Парвардигорингизнинг сўзлари тамоман рост ва адолатлидир, Унинг сўзларини ҳеч ким ўзгартиролмайди, У эшитувчи ва билувчидир.

Айрим нодон ва иймонсиз кимсалар инсон ва жинларнинг шайтонлари васваса қилган жимжимадор ёлғонларни тасдиқлаб, уларга амал қилишади, уларни ҳукм деб ўйлашади. Пайғамбар ва унга эргашувчилар эса Аллоҳ таолонинг ҳукмларига бўйсунишади, Унинг Ҳақ китоби Қуръони Каримга амал қилишади. Чунки Қуръони Карим ростликда ва адолатда барча китоблардан мукаммалдир ва унинг сўзларини ўзгартирувчи бирор кимса йўқдир.

116. (Эй Муҳаммад,)  агар Ер юзидагиларнинг кўпчилигига итоат қиладиган бўлсангиз, улар сизни Аллоҳ йўлидан адаштиришади. Улар гумонларига суянишади ва алдашади, холос.

117. Ҳақиқатан, ким Унинг йўлидан чиқишини ва ким тўғри йўлда бўлишини Парвардигорингиз яхши билади.

118. (Эй мўминлар), Унинг оятларига иймонларингиз бўлса, Аллоҳ номи айтилган нарсалардан еяверинглар.

119. Аллоҳ номи айтилган нарсалардан нега емас экансизлар, ахир, У сизларга ҳаром қилган нарсаларини батафсил айтиб қўйган-ку! Агар танг қолсангизлар, майли! Ҳақиқатан, кўплар билмасдан ҳою-ҳаваслари билан адаштиришади. Парвардигорингиз ҳаддидан ошганларни яхши билади.

120. Ошкора ҳам, яширин ҳам гуноҳ қилманглар. Гуноҳкорлар қилмишлари жазосини, албатта, олишади.

121. Аллоҳ номи айтилмаган нарсаларни еманглар, бу фосиқликдир. Шайтонлар ўз дўстларига сизлар билан тортишишни васваса қилишади. Агар уларга итоат қилсангизлар, албатта, мушриклардан бўласизлар.

Мавлоно Шоҳ Абдулқодир Соҳиб (Аллоҳ раҳмат қилсин) Қуръон тафсирида бундай деганлар: «Юқоридаги ояти карималар тушишига сабаб бўлган воқеалар шуки, Саодат асрида кофирлар «Мусулмонлар ўзлари ўлдирган жониворни ейишади, Худо ўлдирган жониворни ейишмайди», деб таъна қилишар эди. Аллоҳ таоло таълим бериб айтяптики, инсонларга бундай бўяма сўзларни шайтонлар ўргатади, мақсадлари мусулмонларни шубҳага солишдир. Шуни яхши билингларки, бир нарсани ҳалол ёки ҳаром қилиш Аллоҳ таолонинг ҳукми билан бўлади, бу борада ақлий ва хаёлга келган сўзларнинг эътибори йўқ. Ҳақиқатан, ҳар икки ҳолатда ҳам ўлдирувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Лекин Унинг номида шундай баракот борки, ким ҳайвонни Унинг номи билан сўйса, сўйиши ҳалол, ҳаром эмасдир. Кофирларнинг иғвоси туфайли дилда шак-шубҳанинг пайдо бўлиши яширин гуноҳ, уларнинг иғволарига учиб, бўйсуниш ошкора гуноҳ саналади.

122. Ахир бошда ўлик одамни тирилтириб, одамлар орасида юриши учун нур бериб қўйган бўлсак, зулмат ичидан чиқолмай юрган унга ўхшармиди?! Кофирларга қилмишлари мана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди.

Бу ояти каримада кофирлар ўликка ўхшатилган. Аллоҳ таоло айтяптики, бошда кофир бўлган кишиларни Ҳақ йўлга чорлаб, уларга Қуръони Каримни йўлчи юлдуз, нур қилиб бериб қўйган бўлсак, кофирлигича зулматда қолиб кетган ва бундан чиқолмаётган кимса Ҳақ йўлдаги мўмин билан ўхшаш, тенг бўлармиди?! Кофирларнинг қилаётган ишлари ўзларига чиройли кўрсатиб қўйилган, улар бундан кеча олишмайди.

123. Худди шунга ўхшаш алдашлари учун ҳар бир юртда жиноятчи сардорларни пайдо қилиб қўйдик. Улар билмаган ҳолда ўзларини алдашади.

Кофирларнинг сардорлари халқ пайғамбарларга эргашиб кетмаслиги учун ҳамиша турли фасод-найранглар қилишарди. Масалан, Фиръавн ҳам шундай йўл тутган. Лекин алал-оқибат уларнинг фитна-ҳийлалари доимо ўз бошларига бало бўлган.

124. Уларга далил келганида: «Аллоҳнинг пайғамбарларига берилганига ўхшаш нарса бизларга ҳам берилмагунича ҳаргиз иймон келтирмаймиз», дейишади. Аллоҳ пайғамбарликни қаерга қўйишини Ўзи яхши билади. Гуноҳкорларга қилмишлари учун Аллоҳ ҳузурида яқинда, албатта, хорлик ва қаттиқ азоб бордир.

Мушриклар қачон пайғамбарларнинг (алайҳимуссалом) элчиликларига далолат қилувчи бирор оят-далилни кўришса: «Бизларга ҳам пайғамбарларга туширилган фаришталар тушмагунича, улар пайғамбарларга келтирган ваҳийларни бизга ҳам келтиришмаса ёки Аллоҳнинг Ўзи рўбарў бўлмаса, бу далилларга дарров ишониб кетавермаймиз», дейишар эди. Лекин Аллоҳ таоло қаерга қачон пайғамбар юборишини, бандаларидан ким бу элчиликка муносиб эканини, ҳар қандай одамдан ҳам пайғамбар чиқавермаслигини Ўзи яхши билади. Шундай бўлгач, мутакаббирларча Аллоҳнинг далилларини инкор қилаётган кимсалар қилмишлари ва куфрлари учун яқинда Аллоҳ ҳузурида хорлик ва қаттиқ азоб-жазоларга гирифтор бўлишади.

125. Аллоҳ кимни ҳидоят қилишни истаса, унинг кўксини Исломга кенг очиб қўяди, кимни залолатга кетказишни хоҳласа, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандагидек танг-тор қилиб қўяди. Шунингдек, Аллоҳ иймонсизларни азобга дучор қилади.

126. Мана шу Парвардигорингизнинг тўғри йўлидир. Ибрат олувчиларга оятларимизни батафсил баён қилдик.

127. Уларга Парвардигорлари ҳузурида «омонлик уйи» бор, У яхши амал қилувчиларнинг дўстидир.

Оятдаги «дорус-салом», яъни тинчлик, омонлик уйи, деган сўз жаннатни англатади. Аллоҳ Ўзига иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтган зотларнинг меҳрибон дўсти бўлгани учун жаннати билан мукофотлайди.

128. (Эй Муҳаммад), уларнинг барини тўплайдиган кунда У: «Эй жинлар жамоаси, инсонлардан кўпини адаштириб юбордингиз», дейди. Уларнинг инсонлардан бўлган дўстлари: «Эй Парвардигоримиз, баъзиларимиз баъзиларимиздан нафландик, бизга тайин қилган муддатга етиб келдик», дейишади. У: «Қайтар жойларингиз дўзахдир, унда абадий қоласизлар, фақат Аллоҳ хоҳласагина, нажот бор», дейди. Парвардигорингиз, албатта, ҳикматли ва билувчидир.

129. Кирдикорлари сабабли золимларни бир-бирига шундай яқин қилиб қўямиз.

130. «Эй жин ва инсон жамоалари, сизларга ўзингиздан чиққан пайғамбарлар келиб оятларимизни ўқишмаганмиди, бугунги кунга дучор бўлишингиздан қўрқитишмаганмиди?!»дейилади. Улар: «Ўзимизга қарши гувоҳлик бердик», дейишади. Уларга дунё ҳаёти фириб берди ва кофирликларини айтиб ўз зиёнларига гувоҳлик беришди.

Бу хитоблар қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан бўлади. Пайғамбарлар фақат инсонлардангина бўлишади, жинлардан инсонларга ҳам, уларнинг ўз жамоаларига ҳам пайғамбар келмаган. Жинларнинг ҳам, инсонларнинг ҳам кофирлари қиёмат куни фақат ўз зарарларига гувоҳлик беришади.

131. Бунга сабаб, Парвардигорингиз шаҳар-қишлоқлар аҳолисини зулмларидан огоҳлантирмай туриб ҳалок қилмаслигидир.

Аллоҳ таоло бирор кимсага дунё ва охиратда зулм қилмайди, куфри ва исёни учун огоҳлантирмай туриб уни ҳалок қилмайди. Шунинг учун У инсониятга вақти-вақти билан пайғамбарлар юбориб, уларни динга даъват қилади, яхши ва ёмон ишлардан хабардор этади. Диний даъват етганидан кейин ҳам осийлик ва куфрга борганларни эса ҳалок қилади.

132. Ҳар кимга қилганига яраша даража бор ва Парвардигорингиз уларнинг амалларидан бехабар эмас.

133. Ва Парвардигорингиз беҳожат ва меҳрибондир. Агар хоҳласа, сизларни бошқа халқларга ворис қилганидек, сизларни ҳам кетказиб ўрнингизга истаган бошқасини келтиради.

134. Сизларга ваъда қилаётгани, албатта, келади ва сизлар Ундан қочиб қутула олмайсизлар.

Аллоҳ таоло беҳожат ва айни пайтда ўта меҳрибон Зотдир. У агар бирор қавмни ғазаби билан ҳалок қилса, раҳмати билан ўрнига бошқа бир қавмни ўринбосар сифатида келтириб, йўқ бўлган қавмнинг ерларини обод қилдиради. Ҳозир дунёда яшаб турган қавм ва халқлар аввал йўқ бўлиб кетган халқлардан қолган ёдгордирлар. Аллоҳ таолонинг ваъдаси ҳақ, У ваъдасига вафо қилади, Унинг азобидан ҳеч ким қочиб қутула олмайди ё ҳеч ким Уни бу ишда ожиз қолдира олмайди.

135. (Эй Муҳаммад): «Эй қавмим, жойингизда билганингизни қилаверинглар, мен ҳам амалимни қиламан. Яқинда охират дунёси кимнинг фойдасига бўлишини биласизлар, золимлар ҳеч қачон нажот топишмайди», денг.

136. Улар Аллоҳ яратган экин ва чорвалардан Унга насиба ажратиб, ўзларича: «Бу Аллоҳга, буниси маъбудларимизга», дейишди. Маъбудларининг нарсаси Аллоҳникига қўшилмайди, Аллоҳники бўлган нарсалар маъбудлариникига қўшилади. Қанчалар ёмон ҳукм чиқаришди-я!

137. Ана шу маъбудлари мушрикларни ҳалок этиш ва динларидан чалғитиб юбориш учун кўпларига болаларини ўлдиришни яхши кўрсатиб қўйди. Агар Аллоҳ хоҳлаганида бундай қилишмасди. Уларни туҳмат-бўҳтонлари билан бирга ўз ҳолларига қўйинг.

Кофирларда бир одат бор эди: улар Аллоҳнинг Ўзи яратиб қўйган экин ва чорвалардан Аллоҳнинг номига ҳам, бут-маъбудлари номига ҳам назр чиқаришар эди. Кейин Аллоҳга аталган жонворлардан қайси бири кўзларига яхши кўринса, уни бутлари номига ўтказишарди. Маъбудларига аталган нарсага асло тегишмас, улардан қўрқишар эди. Мабодо бутларининг улуши Аллоҳга аталган нарсаларга қўшилиб қолса, уни алоҳида қилиб экишар эди, бордию Аллоҳга аталгани бутларникига қўшилиб қолса, тегишмасди. Аллоҳ бой ва беҳожат бўлгани учун Унинг ҳиссаси камроқ бўлса, зарари йўқ, деб баҳона қилишарди. Уларнинг диллари маразга тўлгани яна шундан маълум бўладики, ўз қизларининг бировга хотин бўлиши хавфидан ё боқолмай қолишдан қўрқиб ўлдириб юборишар, баъзан уларни бутлар номига назр қилиб сўйишар эди. Шайтон уларга мана шу расволикларни ибодат қилиб кўрсатар эди.

138. Улар ўзларича: «Бу чорва ҳайвонлари ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаганлар ейди, мана бу ҳайвонларни миниш ҳаром қилинган», дейишади, уларни сўйишда Аллоҳ номини айтишмайди, бу Унга туҳматдир. Туҳматлари сабабли яқинда уларга Ўзи жазо беради.

139. Улар: «Мана шу жониворларнинг қорнидаги нарса эркакларимизга ҳалол, хотинларимизга ҳаромдир», дейишади. Агар у ўлик бўлса, ҳаммаларигадир. Бундай дейишгани учун яқинда Ўзи жазо беради, У, ҳақиқатан, ҳикматли ва яхши билувчидир.

140. Эсипастлик ва жоҳилликлари туфайли фарзандларини ўлдирганлар ва Аллоҳга туҳмат билан Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларни ҳаромга чиқарганлар зиёнга учрашди. Улар, ҳақиқатан, адашишди ва тўғри йўлда бўлишмади.

141. У ёввойи ва хонаки боғларни, хурмозорлар ва ҳосили хилма-хил экинларни, бири бирига ўхшаган-ўхшамаган зайтун ва анорларни пайдо қилган. Ҳосили пишганида улардан енглар ва йиғим-терим кунида ҳаққини беринглар ва исроф қилманглар. У исрофгарларни асло яхши кўрмайди.

Яъни  Аллоҳ сизларга йўқ ердан пайдо қилиб берган ғалла ва меваларнинг ҳамма хилини уялмай еяверинглар, лекин икки нарсани эсдан чиқарманглар: биринчиси, ўрим-йиғим пайтида Аллоҳ мискин-бечораларга беришни буюрган закотини адо қилинглар, иккинчиси, беҳуда исроф қилманглар. Исломнинг илк даврида далалар ва боғлар ҳосилидан фуқаро ва мискинларга бироз ажратиш вожиб (мажбурий) бўлган эди. Мадинаи мунавварага борилганидан кейин, иккинчи ҳижрий йили дала ва боғларнинг закоти аниқ бўлди: ёмғир суви билан суғориладиган ердан олинган ҳосилнинг ўндан бир қисми (ушр) ва қўлда суғориладиган ерлар ҳосилининг йигирмадан бир ҳиссасини закот қилиб бериш вожиб бўлди.

142. У ҳайвонлардан юк ташувчиларини ва сўйиладиганларини берди. Аллоҳ ризқ қилиб берган нарсаларни енглар ва шайтонга эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир.

143. Саккиз жуфтни: қўйдан иккита ва эчкидан иккитани яратди. (Эй Муҳаммад): «Икки эркакни ҳаром қилдими ё иккала урғочиними ёки иккала урғочининг бачадонидаги боласиними? Агар ростгўй бўлсангизлар, шуни ҳужжат билан айтиб беринглар-чи!» денг.

144. Ва туядан иккита, қорамолдан иккитани яратди. «Иккала эркагини ҳаром қилдими ё иккала урғочиними ёки иккала урғочининг бачадонидаги боласиними? Ёхуд Аллоҳ сизларни шунга буюрганига гувоҳмидингизлар?!» денг. Илмсиз бўлса-да, одамларни адаштириш учун Аллоҳ шаънига ёлғон тўқигандан ҳам золимроғи борми? Аллоҳ, албатта, золимларни тўғри йўлга бошламайди.

145. «Менга ваҳий қилинган нарсада истеъмол учун ўлакса, тўкилган қон ё тўнғиз гўштидан бошқа ҳаром қилинган нарсани топмаяпман, булар нопок, ҳаромдир. Аллоҳдан ўзгага аталган ҳайвон ҳам. Киши танг қолганида ҳаддан ошмай бироз еса, майли. Парвардигорингиз, албатта, кечирувчи ва раҳмлидир», денг.

146. Яҳудийларга барча бир тирноқли жониворларни ҳаром қилдик, мол ва қўй ёғларини ҳаром қилдик. Орқаларидаги ва ичакларидаги чарвилари ё суякка аралашгани бундан мустасно. Бу уларнинг золимликларига жазойимиздир. Биз, албатта, рост сўзловчимиз.

Оятдаги «бир тирноқли» сўзи «панжаси ажралмаган, яккатуёқли жониворлар» маъносидадир. Буларга туя, қуён, туяқуш, ўрдак каби жониворлар киради. Иброҳим алайҳиссалом замонларида улар ҳаром қилинмаган эди, яҳудийларнинг золимликлари туфайли Аллоҳ таоло жазолаш учун уларга ҳаром қилган, мусулмонларга ҳалолдир.

147. (Эй Муҳаммад): Агар сизни ёлғончига чиқаришса: «Парвардигорингиз ниҳоятда раҳмли, аммо Унинг жазосини гуноҳкор қавмдан қайтариб бўлмайди», денг.

148. Мушриклар ҳали: «Агар Аллоҳ хоҳлаганида бизлар ҳам, ота-боболаримиз ҳам ширк келтирмас ва бирор нарсани ҳаром демас эдик», дейишар?! Улардан олдингилар ҳам азобимизни тотиб кўрмагунларича шундай ёлғонлашган эди. «Бизга кўрсатадиган бирон ҳужжатингиз борми, сизлар фақат гумонга боряпсизлар, фақат ёлғонлаяпсизлар!» денг.

Мушриклар «Аллоҳдан бошқа илоҳларга сиғинишимиз ва баъзи нарсаларни ҳаромга чиқаришимиз Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан бўлган, Аллоҳнинг Ўзи бундан рози ва мамнун, агар Ўзи рози бўлмаганида бизлар ҳам, ота-боболаримиз ҳам мушрик бўлишмасди, баъзи нарсаларни ҳаром санашмасди», деб туҳмат-ёлғон сўзларни даъво қилишади. Уларнинг бу узрхонлик сўзлари қилаётган гуноҳларидан ҳам баттардир. Булардан олдин ўтган кофирлар ҳам пайғамбарларини худди шулар каби ёлғончига чиқаришган эди, охири Аллоҳ таолонинг қаттиқ азобига гирифтор бўлишди.

149. «Аллоҳнинг ҳужжати етарлидир, агар хоҳлаганида ҳаммангизни ҳидоят қилар эди», денг.

150. «Аллоҳ бу нарсаларни ҳаром қилганига шоҳидлик берадиган гувоҳларингизни келтиринглар», денг. Агар улар гувоҳлик беришса ҳам, гувоҳликларига ишонманг. Оятларимизни ёлғонга чиқарувчилар ва охиратга ишонмайдиганларнинг кирдикорларига эргашманг. Улар Парвардигорларига ширк келтиришади.

151. «Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни ўқиб эшиттирай: «Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар, ота-онага яхшилик қилинглар, қашшоқликдан қўрқиб фарзандларингизни ўлдирманглар, чунки сизларни ҳам, уларни ҳам Биз ризқлантирамиз, бузуқликларнинг ошкорига ҳам, махфийига ҳам яқинлашманглар, Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бирор жонни ноҳақ ўлдирманглар». Шояд, ақл ишлатсанглар, деб шуларни сизларга буюрган», денг.

152. Вояга етмагунларича етимлар молига тегманглар, уни кўпайтиришга бўлса, майли. Ўлчов ва тарозини инсоф билан тўлдириб беринглар. Бирор кимсага тоқатидан ортиқ нарса юкламаймиз. Сўзлаганда қариндошингиз зиддига бўлса ҳам, инсофдан чиқманглар. Аллоҳга берган ваъдангизга вафо қилинглар. Булар насиҳат олишингиз учун буюрилган.

153. Бу Менинг тўғри йўлимдир, энди шунда юринглар. Бошқа йўлларга кирманглар, чунки улар Аллоҳнинг йўлидан адаштиради. Бундан сақланишларингиз учун шунга буюряпти.

154. Яна яхшилик қилганларга неъматимизни тўкис бериш, ҳамма нарсани тушунтириш, раҳнамолик ва меҳрибонлик бўлиши учун Мусога Китобни бердик. Шояд, улар Парвардигорлари мулоқотига иймон келтиришса!

155. Туширган бу Китобимиз раҳматдир, энди сизларга раҳм қилиниши учун унга эргашинглар ва қўрқинглар.

Яъни  инсониятга туширилган охирги Китоб (Қуръони Карим) дунё ва охиратнинг барча баракоти ва раҳматини ўз ичига олган. Энди сизлар Қуръони Кримга амал қилиб ва Аллоҳдан қўрқиб, икки дунё саодатига мушарраф бўлинглар. Бу Китобга қарши чиқишдан қўрқинглар, шундагина илоҳий раҳматга сазовор бўласизлар.

156. «Бизлардан олдинги икки тоифага китоб туширилган ва уларнинг нима ўрганганидан бехабармиз», деманглар.

157. Ёки: «Агар бизларга ҳам китоб туширилганида улардан тўғрироқ йўлда бўлардик», деманглар. Энди Парвардигорингиздан ҳужжат, ҳидоят ва раҳмат келди. Аллоҳ оятларини ёлғонга чиқарган ва улардан юз ўгиргандан ҳам золимроғи борми? Оятимиздан юз ўгирганларни яқинда ёмон азоб билан жазолаймиз.

Яъни араблар ва сурёнийлар: «Бизларга самовий китоб ва шариат туширилмаган, балки биздан олдин ўтган яҳудийлар ва насронийларга туширилган, иброний тилини ҳам, сурёний тилини ҳам билмаганимиз учун у китобларни ўқиб, фойдалана олмаймиз, шундай экан, нега бизни маломат қилинади», деб иддао қилишади. Уларга жавобан хабар бериляптики, Аллоҳ таоло Ўзининг муқаддас каломи Қуръони Каримни инсонларга аниқ ҳужжат, ҳидоят йўлини кўрсатувчи маёқ ва бандаларнинг ҳар бир хонадонига илоҳий раҳмат ўлароқ туширди. Уни аввал ўзларинг ўқиб-ўрганиб, амал қилинглар, сўнгра бу илоҳий омонатни авайлаб асраб, Мағрибу Машриққа етказинглар.

158. Улар фаришталар келишини ё Парвардигорингиз келишини ёки Парвардигорингизнинг баъзи далиллари келишини кутишяптими? Парвардигорингизнинг баъзи далиллари келган кунда олдин иймон келтирмаган ёки иймонида яхшилик қилмаган бўлса, ҳеч кимга иймонидан фойда йўқ. «Кутаверинглар, биз ҳам кутувчилармиз», денг.

159. (Эй Муҳаммад), динларида бўлинишга йўл қўйиб, фирқабозлик қилувчилар билан ҳеч бир алоқангиз йўқ. Албатта, уларнинг иши Аллоҳга ҳавола, ўшанда қилмишларини маълум қилади.

Эътиқодий ишларда тафриқага (бўлинишга) бориш ман этилган. Турли фирқа ва гуруҳларга ажраб кетиш, тарафкашлик қилиш Ислом бирлиги ва биродарлигига путур етказади. Бу оятда Пайғамбар алайҳиссаломнинг бундай тарафкашлар билан ҳеч қандай алоқалари бўлмаслиги,   бундайларни нима қилишни Аллоҳ таолонинг ўзи билиши (ҳозир нима қилишса-қилишаверсин), бир куни келиб Аллоҳ ҳузурида ҳисоб-китоб борлиги баён этилмоқда.

160. Ким яхшилик қилса, унга бунинг ўн баробари, ким ёмонлик қилса, унга фақат қилмишига яраша жазо берилади ва уларга зулм қилинмайди.

161. «Парвардигорим мени тўғри йўлга, ҳақ динга, Иброҳимнинг ҳаниф миллатига йўллаган, у мушриклардан бўлмаган эди», денг.

162. «Намозим, ибодатларим, ҳаёт-мамотим оламлар Парвардигори Аллоҳ учундир», денг.

163. «Унинг шериги йўқ, мен шунга буюрилганман ва мен мусулмонларнинг аввалгисиман», денг.

Имом Термизийнинг «Жомиъ»ида келишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Одам алайҳиссаломнинг жонлари жасадларига кирмай туриб менга пайғамбарлик мартабаси ҳосил бўлган эди», деганлар. Шунга кўра, саййиди олам Пайғамбаримиз энг аввалги мусулмон бўлибгина қолмай, пайғамбарларнинг аввали ҳамдирлар.

164. «Аллоҳдан ўзгасини Парвардигорим дейми? Ахир, У ҳамма нарсанинг Парвардигори-ку!  Ҳар бир жоннинг гуноҳи ўзига, ҳеч ким ўзганинг юкини кўтармайди. Кейин Парвардигорингизга қайтишингиз бор. Шунда У тортишган нарсаларингиз хабарини беради».

165. «У сизларни ер юзида халифа қилган ва берган нарсасида синаш учун баъзиларнинг даражасини баъзилариникидан устун қилган. Парвардигорингиз, албатта, тезда азоб берувчи ва кечирувчи, раҳмлидир», денг.

Яъни  Аллоҳ таоло хоҳлаганларича ундан фойдаланишсин, эгалик қилишсин, деб инсонларни ер юзида Ўзига халифа-ўринбосар қилган. Инсонлар кўринишда, рангда, ахлоқда, қадди-қоматда, ақл-заковатда, иззат-мартабада турлича қилиб яратилишган. Бу Аллоҳ таолонинг яратувчилик ҳикматидан бир кўриниш, инсонларни имтиҳон қилиш учундир.