A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
007. Аъроф (тўсиқ) сураси
PDF Босма E-mail

800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4

Маккада тушган, 206 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Алиф, лам, мим, сод.

2. (Эй Муҳаммад), бу сизга туширилган Китобдир, у билан кофирларни огоҳлантиринг ва мўминларга эслатинг. Ундан дилингизда танглик бўлмасин.

3. (Эй инсонлар), Парвардигорингиздан туширилган нарсага эргашинглар, Ундан бошқа «дўстлар»га эргашманглар. Насиҳатни кам оласизлар.

4. Қанчалаб шаҳар-қишлоқларни ҳалок қилдик, уларга азобимиз тун уйқусида ёки туш уйқусида келди.

5. Уларга азобимиз келганида: «Ҳақиқатда бизлар золимлардан эдик», дейишдан нарига ўтишмади.

6. Биз пайғамбар юборилганлардан ҳам, пайғамбарлардан ҳам, албатта, сўраймиз.

7. Кейин уларга воқеани, албатта, баён қиламиз, Биз ғойиб эмас эдик.

8. Тўғри тортиш ўша куни бўлади: кимларнинг тортилган амаллари оғир келса, ўшаларгина нажот топишади.

9. Ва кимнинг тортилган амаллари енгил келса, ана шулар оятларимизни инкор қилганлари туфайли ўзига зиён етказганлардир.

10. (Эй инсонлар), сизларга ер юзида имконият бериб, турмуш сабабларини яратдик, аммо сизлар кам шукр қиласизлар.

11. Биз сизларни яратдик, сўнгра қиёфа бердик, кейин фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», дедик. Улар сажда қилишди, фақат Иблисгина сажда қилмади.

12. (Аллоҳ): «Сенга саждани буюрганимда сажда қилишингдан нима тўсди?» деди. У: «Ундан яхшироқман, мени ўтдан яратдинг, уни тупроқдан яратгансан», деди.

13. (Аллоҳ): «У ҳолда осмондан туш, унда кибру ҳаво қилиб юришинг тўғри эмас, йўқол, албатта, хор бўлувчилардансан!» деди.

Баъзи тафсирларда оятдаги «осмон»дан мурод, жаннатдир, дейилади. Осмон ёки жаннат итоаткор бандалар жойидир, унда мушрик ва итоатсиз кимсаларга ўрин бўлмайди.

14. У: «Улар қайта тириладиган кунгача муҳлат бер», деди.

15. (Аллоҳ): «Сенга, албатта, муҳлат берилади», деди.

16. У: «Мени бадном қилганинг учун энди уларни тўғри йўлингдан тўсиб ўтираман;

17. кейин уларнинг олдиларию орқаларидан, ўнг ва чап тарафларидан келаман ва кўпларини шукр қилган ҳолларида топмайсан», деди.

18. Шунда Аллоҳ: «Ундан хор ва ҳайдалган ҳолингда чиқиб кет! Инсонлардан ким сенга эргашса, ҳаммаларингиз билан дўзахни тўлдираман», деди.

19. Ва: «Эй Одам, жуфтинг билан жаннатда яшаб, хоҳлаган жойда таомланаверинглар, фақат мана бу дарахтга яқинлашманглар, унда ўзларингизга зулм қиласизлар», дедик.

«Тафсири Жалолайн» муаллифлари бу дарахтга «буғдой» деб ном беришган.

20. Сўнг шайтон ўзларидан беркитилган авратларини бир-бирларига очиш учун икковини васваса қилди ва: «Парвардигорингиз фаришта бўлиб қолмасликларинг ёки абадий яшамасликларинг учунгина бу дарахтдан қайтарган», деди.

21. Ва уларга: «Мен ҳақиқий маслаҳатгўйингизман», деб қасам ичди.

22. Шундай алдов билан уларни мойил қилди. Икковлари дарахтдан татиб кўришган эди, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва жаннат япроқларини улаб, шу билан ўзларини тўсмоқчи бўлишди. Шунда Парвардигорлари уларга нидо қилиб айтди: «Сизларни бу дарахтдан қайтармаганмидим ва шайтон сизларга душман демаганмидим?!»

Мавлоно Абдулқодир Деҳлавий айтганларки, саййидимиз Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг жаннатда бўшаниш ва шаҳват каби ҳожатлари бўлмаган. Улар тақиқланган дарахтдан ейишганидан сўнг уларга жазо берилди, яъни авратлари бир-бирларига кўриниб қолди, гўё яшириш лозим бўлган жойларидаги пардалар шу дарахт меваси туфайли очилиб фош бўлди.

23. Икковлари: «Парвардигоримиз, ўзимизга зулм қилдик, агар кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўлиб қоламиз», дейишди.

Ҳазрати Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво шайтоннинг ичган қасамига алданиб: «Шу дарахтдан есак, Аллоҳнинг шафқат-марҳаматига эришиб, фаришталар каби бўламиз ва жаннатда абадий қолиб кетамиз», деб бу ишга журъат қилишди. Охири бор ҳақиқатни тушуниб, дарров надомат чекишди, зулмларига иқрор бўлиб, истиғфор айтишди.

24. Аллоҳ: «Бир-бирларингизга душман ҳолингизда тушинглар, маълум муддатгача фойдаланиш учун ер юзи сизларга қароргоҳдир», деди.

Бу хитоблар ҳазрати Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳавво ҳамда Иблис алайҳиллаъна – барчаларига умумийдир.

25. У: «Унда ҳаёт кечирасизлар, унда ўласизлар ва ундан чиқариласизлар», деди.

26. Эй Одам болалари, авратларингизни яширадиган либос ва зийнатларни туширдик. Тақво либоси ҳаммасидан яхшидир. Бу нарсалар эсда тутишларингиз учун Аллоҳнинг ҳужжатларидир.

Яъни  душман сизларни жаннат либосидан маҳрум қилди. Энди сизларга дунёда қандай либосда бўлишингизни ўргатяпмиз. Қандай либос кийманглар, ҳамиша тақвода бўлинглар, Аллоҳдан қўрқинглар. Эркакларингиз ипак либослар кийишмасин, тилла тақишмасин, этакларини узун қилишмасин. Аёлларингиз ўта юпқа либослар кийиб, баданларини кўрсатиб юришмасин, яшириш шарт бўлган жойларини номаҳрамларга очишмасин.

27. Эй Одам болалари, ота-оналарингизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, шайтон сизларни ҳам йўлдан оздирмасин. Чунки у ва унинг малайлари ўзингиз сезмаган томондан сизни кўриб туришади. Шайтонларни ҳақиқатан иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз.

Дунёда ўзи кўзга кўринмай ҳужум қиладиган душман ғанимларнинг энг хатарлиси ва ёвузи ҳисобланади. Шайтонлар ҳам ана шундай найрангги кўп, фитнаси катта маккор душманлардир. Фақат бандаларига ниҳоятда меҳрибон ва ҳамма нарсага қодир Зот – Аллоҳ таолонинг паноҳига қочилсагина, шайтонларнинг макр ва васвасаларидан омонда бўлинади.

28. Улар ёмон ишлар қилишса: «Ота-боболаримизнинг шундай қилганини кўрганмиз, Аллоҳ бизларга шуни буюрган», дейишади. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ ёмон ишларга буюрмайди, Аллоҳ ҳақида билмайдиган нарсаларингизни айтаверасизларми?» денг.

29. «Парвардигорим адолатга буюрган, ҳар бир ибодат пайтида Унга юзланинглар ва Унга холис дуо-илтижо қилинглар, сизларни олдин қандай яратган бўлса, шундай қайтасизлар», денг.

Ибодатларингизда Аллоҳ таолога юзланиб, тўғри туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларига қарши бўлманглар, чунки ибодатларнинг Аллоҳ ҳузурида мақбул бўлиши ояти каримада зикр этилган икки нарсага: унинг набий ва расуллар кўрсатган шариатга биноан бўлишига ҳамда холис Аллоҳ таолога бўлишига боғлиқдир.

30. У бир гуруҳни ҳидоят қилди, бошқасини йўлдан оздирди. Чунки улар Аллоҳ қолиб, шайтоннни дўст қилишган ва тўғри йўлдамиз, деб ўйлашади.

31. Эй Одам болалари, ибодат чоғида яхши либосда бўлинглар. Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки У исрофгарларни яхши кўрмайди.

32. (Эй Муҳаммад): «Аллоҳ бандаларига чиқарган либосларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди», денг. «Булар дунё ҳаётида мўминларгадир, қиёмат куни эса фақат уларгадир», денг. Биладиганлар учун оятларимизни шундай батафсил баён қиламиз.

Жоҳилият замонида (Ислом келмасидан олдин) арабларда ёмон одатлар бор эди: масалан, улар муаззам Каъбани онадан туғилган ҳолатдагидай яланғоч тавоф қилишар ва буни улуғ ибодат санашар, ҳаж кунлари кўп ва ёғли таомларни тарк қилишар, баъзи бирлари эса эчки ва бошқа ҳайвонларнинг сутини ичишмас эди. Бу ояти карима ана шуларни рад этиб келган.

33. «Парвардигорим фақат ошкораю яширин бузуқ ишларни, ҳар бир гуноҳни, ноҳақ зулмни, ҳеч қандай ҳужжат тушмаган нарсаларни Аллоҳга шерик қилишингизни, Аллоҳ ҳақида билмаган нарсаларингизни гапиришингизни ҳаром қилган», денг.

34. Ҳар бир умматнинг ажали бор, ажаллари келган вақтда уни бирор соат кейинга ҳам, олдинга ҳам сура олишмайди.

35. Эй Одам болалари, ўзларингдан пайғамбарлар келиб оятларимни тушунтирганида ким тақво қилиб, ўзини ўнгласа, хавфда ҳам, ғамда ҳам қолмайди.

36. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ҳамда уларга кибр қилганлар дўзахийлардир ва унда абадий қолишади.

Имом Ибн Жарир Абулюср Суламийдан нақл қилинишича, ушбу хитоб Одам аллайҳиссаломнинг барча авлодларига қаратилган бўлган. Баъзи олимларнинг айтишларича эса, ҳар бир хитоб ўша замондан яшаган халқларга бўлади, бу эса ўша хитобдан бир нақлдир.

37. Аллоҳга бўҳтон қилган ва оятларини ёлғонга чиқаргандан ҳам золимроқ борми? Ана шуларга Китобдаги насибалари етганида жонларини олиш учун элчиларимиз келиб: «Аллоҳ ўрнига ибодат қилаётган нарсаларингиз қаерга кетди?» деб сўрашади. Улар: «Бизларни ташлаб кетишди», дейишади ва кофирликларига ўзлари гувоҳлик беришади.

Кофир ва мушрикларнинг Аллоҳга шерик ва фарзанд нисбат беришлари ёлғон ва Унга нисбатан бўҳтондир. Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да ёзилган насибалари, яъни ризқ ва умрларини кўриб бўлгач, жон олишга келган ўлим фаришталари саволга тутишганида, кофир ва мушриклар жавоб беришга ожиз қолиб, гуноҳларига ўзлари гувоҳлик беришади.

38. (Аллоҳ): «Сизлардан олдинги инсонлар ва жинлар уммати билан дўзахга киринглар», дейди. Қайси бир уммат кирса, шеригини лаънатлайди. Ҳаммалари бирга топишгач кейингилар олдингилар ҳақида: «Эй Парвардигоримиз, анавилар бизларни адаштиришган, уларга дўзах азобини икки ҳисса қилиб бер», дейишади. У: «Ҳаммага икки ҳиссадан бўлади, лекин билмайсизлар», дейди.

Олдин ўтганларга икки ҳисса азоб шунинг учун бериладики, уларнинг ўзлари йўлдан озишган ва кейин келганларга ҳам бунга йўл очиб кетишган. Кейинги умматга эса йўлдан озишгани ва олдингилар аҳволидан ибрат олишмагани учун икки ҳисса азоб берилади.

39. Олдингилар кейингиларга: «Сизларнинг биздан афзаллигингиз йўқ, қилмишларингиз азобини тортаверинглар», дейишади.

40. Оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва уларга кибрда бўлганларга осмон эшиклари очилмайди ва туя игна тешигидан ўтмагунича жаннатга киришмайди, гуноҳкорларни шундай жазолаймиз.

Яъни  тириклик чоғларида уларнинг амаллари самовий қабулга мушарраф бўлмайди, ўлганларидан кейин ҳам руҳларига осмонга кўтарилишга ижозат бўлмайди. Ишонарли ҳадисда келишича, кофирнинг руҳи осмон тарафдан ер тарафга суриб туширилади, мўминнинг руҳига эса еттинчи осмоннинг фалакига чиқишга рухсат берилади.

41. Дўзах уларнинг тўшаги ва чойшаби бўлади, золимларни шундай жазолаймиз.

42. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилганлар – Биз ҳеч кимга тоқатидан ортиқ юк қўймаймиз – ана шулар жаннтийлардир ва у ерда абадий қолишади.

43. Улар дилидан гина-ғашликларни тортиб оламиз, остларидан анҳорлар оқиб туради ва улар: «Бизларни бу ерга етказган Аллоҳга мақтовлар бўлсин, Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ўзимиз ҳаргиз йўл топа олмасдик, Парвардигоримизнинг пайғамбарлари ҳақиқатни олиб келишган», дейишади. Уларга: «Амалларингиз учун сизлар мерос қилиб олган жаннат мана шу!» дейилади.

Қиёмат бўлганида жаннатга киришдан олдин жаннатийларнинг дилларидан бир-бирларига бўлган гина-кудуратлар ва ғиллу ғашликлар олиб ташланади. Ҳазрати Али (Аллоҳ юзларини ёруғ қилсин): «Умид қиламанки, мен, Усмон, Талҳа, Зубайр (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) шу жамоадан бўламиз», деганлар.

44. Ва жаннатийлар дўзахийларга: «Парвардигоримизнинг бизга берган ваъдаси рост эканини кўрдик, сизлар ҳам Парвардигорингиз ваъдаси рост эканини кўрдингизми?» деб нидо қилишади. Улар: «Ҳа», дейишади. Шунда улар орасидаги бир жарчи жар солади: «Золимларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!

45. Улар Аллоҳ йўлидан тўсадиганлар, бундан қийиқ ахтарадиганлар ва охиратга ишонмайдиганлардир».

46. Ўрталарида тўсиқ, деворлар устида эса ҳаммани сиймосидан таниб оладиган кишилар бўлади. Истаклари бўлса ҳам, жаннатга кирмай турган жаннатийларга: «Сизларга салом бўлсин!» деб нидо қилинади.

Жаннат ва дўзах ўртасида бир тўсиқ-девор бўладики, жаннат лаззатлари дўзахга, дўзах кулфатлари жаннатга етказилмай тўсиб турилади. Ўша девор тепасидаги жой «аъроф» дейилади. Кимлар аъроф эгалари бўлади? Бу ҳақда бир қанча ишончли далиллар бор, буларнинг энг ҳужжатлиси Ҳузайфа, Абдуллоҳ ибн Масъуд каби улуғ саҳобийлар, улардан кейинги уламоларнинг сўзларидир. Уларнинг айтишларича, амаллар Мезонда тортилганидан кейин амали кўплар жаннатий бўлишади, яхшилиги ва ёмонлиги баравар бўлганлар аъроф эгаларидир, улар ҳам охири жаннатга киришади.

47. Уларнинг нигоҳлари дўзахийлар тарафга тушиб қолса: «Парвардигоро, бизларни золимларга қўшиб қўйма!» дейишади.

48. Аърофдагилар сиймосидан танийдиган одамларига бундай нидо қилишади: «Тўплаган нарсаларингиз ва кибру ҳавоингиз сизларга асқотмабди-ку!

49. Сизлар: «Ҳаргиз уларга Аллоҳ раҳматини етказмайди», деб қасам ичганларингиз анавилар эмасмиди, уларга: жаннатга киринглар, сизларга хавф ҳам, ғам ҳам йўқ, дейилди-ку!»

50. Дўзахийлар жаннатийларга: «Бизларга ҳам сувдан ё Аллоҳ баҳраманд қилган неъматлардан тўкинглар», деб нидо қилишади. Жаннатийлар айтишади: «Аллоҳ буларни кофирларга ҳаром қилган;

51. чунки улар динларини эрмак-мазах қилишган ва дунё ҳаётига алданишган . Бугунги учрашувни унутганлари ва оятларимизни инкор қилганлари учун энди Биз ҳам бугун уларни «унутамиз».

52. Ҳақиқатан, Биз уларга илм билан баён қилинган бир Китоб бердикки, у мўминлар учун ҳидоят ва раҳматдир.

Қуръони Каримда инсонлар учун зарур бўлган барча нарсалар илм-ҳикмат билан батафсил баён қилинган ва ҳар бир масала комил огоҳлик билан очиб берилган. У иймон келтирган бандалар учун қиёматгача ҳидоят йўлини кўрсатувчи дастур ва раҳматдир.

53. Улар эса Китобнинг оқибатини кутишяптими? Унинг оқибати келадиган кунда уни унутганлар: «Парвардигоримизнинг пайғамбарлари тўғри хабар олиб келишган экан, энди бизларни қўллайдиганлар бўлсайди ёки орқага қайтарилсаг-у, қилган амалларимиздан бошқача амал қилсак», дейишади. Улар, ҳақиқатан, ўзларига зиён қилишди ва қилган даъволари чиппакка чиқди.

Инкор қилувчилар Қуръони Каримдаги Аллоҳ ва Унинг Расули ваъда қилган қиёмат хавф-азобларининг оқибатини, яъни тезроқ рўёбга чиқишини талаб қилиб кутишяптими? Бу оқибат вужудга келган куни эса улар буни унутиб қўйишганига иқрор бўлиб: «Пайғамбаримиз бу ҳақда бизларга хабар етказган эди, гаплари рост чиқди, энди бизга бир қўлловчи бўлса ё иккинчи марта дунёга қайтарилсак-да яхши-яхши амалларни қилиб келсак!» деб орзу қилишади. Аммо энди кеч: уларнинг орзу ва даъволари чиппакка чиқди, ўзлари ҳалокатга юз тутишди.

54. Ҳақиқатан, Парвардигорингиз Аллоҳ осмонлару Ерни олти кунда яратган, сўнгра Аршда ўрнашган. У бир-бирини бетиним қувадиган кундузни кеча билан ўрайди, Қуёш, Ой ва юлдузларни амрига бўйсунувчи қилиб яратди. Огоҳ бўлингларки, яратиш ва ҳукмронлик қилиш Унгагина хосдир. Оламлар Парвардигори мутлоқ буюкдир.

Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда васфи келган Арш ва Курсининг ҳақлигига ишониш Аҳли сунна вал жамоа ақийдасининг қисмларидандир. Ақийда китобларида келтирилишича, Арш оёқли бир тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туришади. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, уни Ўзи билган ҳикмат учун яратган. Курси эса Аршдан бошқа нарса бўлиб, айрим уламолар ундан мурод Аллоҳнинг салтанати, илмидир, дейишган. Арш ва Курсига ишонамиз, аммо уларнинг ҳажми, кайфияти, сифатини фақат Аллоҳ таолонинг ўзи билади.

Аллоҳ таолонинг амр-буйруқлари икки хил бўлади: таквин буйруғи ва ташриъ буйруғи. Таквин буйруғи деганда, мавжудот бор бўлиши ва ривожланишида бўйсунадиган илмий, бир-бирига уйғун ва барқарор қонунлар мажмуи назарда тутилади. Ташриъ буйруғи эса бандалар уни қабул қилиб олиб, эргашиб-бўйсунишлари учун Аллоҳ таоло томонидан пайғамбарларига юборилган ваҳий-аҳкомлардир.

55. (Эй мўминлар), Парвардигорингизга ёлбориб махфий дуо қилинглар, албатта, у ҳаддан ошувчиларни яхши кўрмайди.

56. Ва ўнглаб қўйилганидан кейин ҳам ер юзида фасод ишларни қилманглар, Унга қўрқув ва умид билан ёлборинглар. Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга ҳақиқатан яқиндир.

Аллоҳ таолога дуо-илтижони махфий суратда, оҳиста қилиш мақсадга мувофиқдир. Салафларимиз шундай қилишган ва шунга чақиришган. Баъзи пайтларда ва айрим ўринларда маълум сабаблар билан овоз чиқариб дуо қилса бўлади. «Ҳаддан ошувчилар» урф-одатда ёки шариатда қийин нарсаларни талаб қилувчи одобсизлардир. «Ер юзининг ўнглаб қўйилгани»дан мурод, Аллоҳ таоло ер юзини дақиқ қонун ва низомлари асосида тартибга солган, унда халифаси қилиб инсонларни вужудга келтирган ва улар ҳаётини изга солиш учун пайғамбарлари орқали Ўз динини жорий қилган.

57. У раҳматидан олдин елларни хабарчи қилиб юборадиган Зотдир. Улар оғир булутларни кўтариб келишганида Биз уни ўлик юртга ҳайдаб, уни суғорамиз ва тушган сув билан турли мевалар ундирамиз. Ибрат олишларингиз учун ўликларни ҳам шундай тирилтирамиз.

58. Покиза ерларнинг экини Парвардигор изни билан унади, нопокиники эса фақат қийинчилик билан чиқади. Шукр қилувчиларга далилларимизни шундай баён қиламиз.

Ушбу оятдаги мисол панд-насиҳатни қабул қилиб, унга амал қилувчи мўмин билан насиҳатни олмайдиган, гап кор қилмайдиган диёнатсиз кимса ҳақидаги ибратли мисолдир. Бандаларига ўта меҳрибон Аллоҳ таоло камоли шафқати ва марҳаматидан инсонлар ҳаёти учун Қуёш, Ой, юлдузларни пайдо қилиб қўйган, экин битмай ўлик ҳолда ётган ерларни обод қилиш, ундаги инсон ва ҳайвонларга ҳаёт кечириш сабабини яратиш учун Ўз раҳмати билан осмондан қор-ёмғир ёғдирган. Худди шу каби карам ва меҳрибонлик билан одамларни жаҳолат зулмидан озод қилиш, дилларини илм нури билан ёритиш учун ҳар замон эҳтиёжига кўра пайғамбарлар юборади. Токи  уларга эргашганлар баҳра олиб ҳаётларини изга солишсин, бундан марҳумларнинг масъулиятлари эса зиммаларида қолсин. Қуйидаги ояти карималарда ана шу пайғамбарлардан Нуҳ алайҳиссалом ва Ҳуд алайҳиссалом билан уларнинг мушрик қавмлари ўртасида бўлиб ўтган мунозаралар ҳақида сўз боради.

59. Ҳақиқатан Биз Нуҳни қавмига юбордик. Шунда у: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар, сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Сизлар учун буюк кун азобидан хавфдаман», деди.

60. Қавмининг обрўли кишилари: «Аниқ адашувда эканингни кўряпмиз», дейишди.

61. Нуҳ айтди: «Эй қавмим, мен адашаётганим йўқ, аксинча мен оламлар Парвардигоридан элчиман;

62. сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказаман, насиҳат қиламан ва сизлар билмаган нарсаларни Аллоҳ менга билдирган;

63. тақводор бўлсангизлар, раҳматга эришсангизлар, деб огоҳлантириш учун Парвардигорингиздан эслатма ўзларингиздан бир киши орқали келганига ажабланяпсизларми?»

64. Шунда уни «ёлғончи» дейишди. Кейин Биз уни ва у билан кемада бўлганларни қутқардик, оятларимизни ёлғонга чиқарганларни ғарқ қилдик, чунки улар бир гумроҳ қавм эди.

Ҳазрати Одам алайҳиссаломдан кейин ўн асргача унинг барча авлодлари холис тавҳидда (яккахудоликда) ўтишди. Кейин улар орасидаги Вуд, Сувоъ, Яғус, Яъвуқ, Насро исмли баъзи солиҳ кишилар вафот этишди. Одамлар ота-боболаримизни эслаб юрайлик, деган хаёлда олдин уларнинг тасвирларини (суратларини) кўчириб қўйишди, бирмунча вақтдан кейин булар камлик қилганидай ана шу тасвирлар асосида уларнинг ҳайкалларини ясашди ва бора-бора ҳайкалларга чўқиниш бошланиб кетди. Ширк вабоси дунёни эгаллаганида Аллоҳ таоло одамларни яна тавҳидга чақириш учун Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Ҳазрати Нуҳ тўққиз юз эллик йил мушрик қавмини тавҳидга чорлади. Қавм қайсарлик билан инкор қилаверганидан кейин тўфон балоси келиб, ҳаммасини ғарқ қилиб юборди.

65. Од қавмига биродарлари Ҳудни юбордик. У: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан ўзга илоҳингиз йўқ, қўрқмайсизларми?» деди.

66. Қавмнинг кофир сардорлари: «Сенинг нодон эканингни кўриб турибмиз, сени, албатта ёлғончи, деб ўйлаймиз», дейишди.

67. У айтди: «Эй қавмим, менда нодонлик йўқ, аксинча, мен оламлар Парвардигоридан элчиман;

68. сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказаман ва насиҳат қиламан;

69. сизларни огоҳлантириш учун Парвардигорингиздан эслатма ўзларингдан бир киши орқали келганига ажабланяпсизларми? Сизларни Нуҳ қавмидан кейин ўринбосар қилганини ва куч-қувватингизни зиёда қилиб яратганини эсланглар. Нажот топай десанглар, Аллоҳ неъматларини ёдда тутинглар».

Яъни Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмидан кейин сизларнинг ҳукмронлигингизни ўрнатди ва сизларни жисмонан ҳам, куч-қувватда ҳам беками-кўст қилди. Сизлар олдин ўтган қавмлардан ибрат олишингиз лозим эди.

70. Улар: «Ота-бобларимиз сиғинган нарсаларни ташлаб ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ибодат қилишимиз учун келганмисан? Агар ростгўй бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни келтир-чи?!» дейишди.

71. Ҳуд айтди: «Парвардигорингиз тарафидан азоб ва ғазаб тушиши аниқ. Аллоҳ ҳеч бир далил келтирмаган, ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлар хусусида мен билан тортишяпсизларми? Энди кутаверинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман».

72. Шунда унга ва у билан бўлганларга раҳматимиз ила нажот бердик ва оятимизни ёлғонга чиқарганларнинг тухумини қуритдик, улар иймонли эмасдилар.

Аллоҳ таолонинг ҳужжат-далилларига, пайғамбари сўзларига ишонмаган Ҳуд алайҳиссалом қавми устига узоқ қурғоқчиликдан сўнг етти кечаю саккиз кундуз қаттиқ бўрон балоси келди. Бўрон барча кофирларни битта ҳам қолдирмай ҳалок қилди.

73. Ва Самуд қавмига биродарлари Солиҳни юбордик. У бундай деди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан бошқа илоҳингиз йўқ. Парвардигорингиздан келган исбот – Аллоҳнинг бу туяси сизларга бир далилдир. Уни ўз ҳолига қўйинглар. Унга ёмонлик қилманглар, яна аламли азоб тутиб қолмасин».

Пайғамбар Ҳуд алайҳиссалом қавми «биринчи Од» дейилади, Солиҳ алайҳиссалом қавми эса «иккинчи Од» деб ном олган, қавмнинг асл номи Самуд эди. Ўзларига пайғамбар қилиб юборилган Солиҳ алайҳиссаломга қавми: «Агар рост гапираётган бўлсанг, манави харсанг тошдан бир туя чиқариб берсанг, кейин сенга ишонайлик», деди. Аллоҳ таоло Солиҳ алайҳиссалом дуо-илтижоларини ижобат қилиб, тошдан туя чиқариб берди, шунинг учун у «Аллоҳнинг туяси» дейиляпти. Сўнгра Солиҳ алайҳиссалом туяга тегмаслик, унга зарар етказмаслик, акс ҳолда Аллоҳнинг қаттиқ азобига учраши ҳақида қавмини огоҳлантирди.

74. «Ва У сизларни Од қавмидан кейин ўринбосар қилганини, сизларга ер юзи водийларида қасрлар қуришингиз, тоғларда уй тарошлаб олишингиз учун имкон берганини эсланглар. Аллоҳ неъматларини ёдга олинглар ва Ер юзида бузғунчилик қилиб юрманглар».

75. Қавмнинг мутакаббир сардорлари иймон келтирган бечораларга: «Солиҳни Парвардигори пайғамбар қилиб юборган деб ўйлаяпсизларми?» дейишди. Улар: «У орқали юборилган нарсага, албатта, иймон келтирамиз», дейишди.

76. Мутакаббирлар: «Сизлар иймон келтирган нарсани инкор қиламиз», дейишди.

77. Ва Парвардигорлари амридан бош тортиб, туяни сўйиб юборишди ҳамда: «Эй Солиҳ, агар пайғамбарлардан бўлсанг, ваъда қилган азобингни кўрсат-чи!» дейишди.

78. Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкиб ҳалок бўлишди.

Айтишларича, ўша туянинг жуссаси ниҳоятда катта бўлган, қайси ўтлоққа ўтлагани борса, бошқа ҳайвонлар ундан қочган, сув ичгани қудуққа бориб, бир симиришда қудуқ сувини тугатган. Охири ундан Самуд қавмининг тоқати тоқ бўлиб, ўлдиришга қарор қилди. Ичларидан Қудар деган бир бадбахт бу муқаддас туяни ўлдирди ва охири ҳаммалари Аллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига дучор бўлишди. Устларидан кучли овоз, остларидан зилзила келиб, кўплари тиз чўккан ҳолларида ҳалок бўлишди.

79. Кейин Солиҳ улардан юз ўгириб: «Эй қавмим, сизларга Парвардигоримнинг ҳукмини етказдим ва насиҳат қилдим, лекин сизлар насиҳатчиларни севмас экансизлар», деди.

80. Ва Лутни юбордик, (эй Муҳаммад), унинг ўз қавмига: «Сизлардан олдин олам аҳлидан бирор киши қилмаган ишни қиласизларми?

81. яъни, хотинлар қолиб, эркакларга шаҳват билан яқинлашяпсизларми? Йўқ, сизлар ҳаддидан ошган қавмсизлар!» деганини эсланг.

82. Аммо қавм: "Уларни шаҳрингиздан ҳайдаб чиқаринглар, булар поклик истаган одамлар экан", дейишдан нарига ўтмади.

Пайғамбар Лут алайҳиссалом Иброҳим алайҳиссалом акаларининг ўғли бўлган. У отаси вафот этгач, Иброҳим алайҳиссалом билан Ироқдан Канъон (Шом)га сафар қилади. Аллоҳ таолонинг амри билан ҳозирги Ўлик денгиз ўрнидаги Садум шаҳри ва атрофларидаги ҳудудга пайғамбар этиб тайинланади. Шаҳар халқи бесоқолбозлик иллатига гирифтор бўлгани учун унга садумликларни бу йўлдан қайтариш вазифаси юкланган эди.

83. Шунда уни ва эргашувчиларини қутқардик, фақат хотини қолганлар билан ҳалок бўлди.

84. Улар устига тош "ёмғири" ёғдирдик, гуноҳкорларнинг қисмати қандай бўлганини кўринг.

Шаҳватига қул бўлган исёнкор қавм поклик истагани учун Лут алайҳиссалом ва унинг тарафдорларини шаҳардан қувишга қарор қилганидан кейин Аллоҳнинг ғазабига учради. Пайғамбар ва унга эргашган солиҳ кишилар шаҳардан чиқиб кетиб омон қолишди, қолганлар, шу жумладан уларга қўшилган Лутнинг хотини тош ёмғири остида ҳалок бўлди. Мамлакат тамоман вайрон бўлди, ҳозирда унинг ўрнида Ўлик денгиз пайдо бўлган, дейишади.

85. Ва Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У айтди: "Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингларки, Ундан ўзга илоҳингиз йўқ. Сизга Парвардигорингиздан далил келди, энди ўлчов ва тарозини тўлиқ қилинглар, одамлар нарсасидан уриб қолманглар ва ўнглаб қўйилган ер юзида бузғунчилик қилманглар. Агар мўмин бўлсангизлар, шуниси ўзларингизга яхшироқдир;

Шуайб алайҳиссалом пайғамбар этиб юборилган Мадян Иброҳим алайҳиссалом ўғилларидан бирининг номига қўйилган юрт, кейинчалик бу ерларда тарқаган қавм ҳам шу ном билан атала бошлаган. Мадянликлар аслида араблар, уларнинг юрти Ақаба қўлтиғидан Сино тоғигача чўзилган. Баъзи манбаларда Шуайб алайҳиссалом Айка соҳибларига пайғамбар бўлганлар, дейилган, ҳар икки жамоа ҳам аслида бир қавм вакиллари бўлишган. Шуайб алайҳиссалом қавмларига жуда меҳрибон бўлганларидан уларни тинмай тавҳидга ва яхшиликка чорлар эдилар.

86. йўлларда ўтириб олиб, Аллоҳга иймон келтирганларни чалғитиш учун йўлларини тўсиб қўрқитманглар. Озчилик пайтингизда сизларни кўпайтириб қўйганини эсланглар ва бузғунчиларнинг қисмати нима бўлганини кўринглар;

87. Агар бир тоифангиз мен билан юборилган нарсага иймон келтирса, бошқаси иймон келтирмаса, Аллоҳ ўртамизда ҳукм чиқаргунича сабр қилинглар, У энг яхши ҳукм қилувчидир!".

ТЎҚҚИЗИНЧИ ЖУЗ

88. Қавмининг мутакаббир сардорлари: "Эй Шуайб, ё сени ва сен билан иймон келтирганларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки динимизга қайтасизлар", дейишди. Шуайб айтди: "Динингизни ёмон кўрсак ҳам-а?;

89. Аллоҳ халос қилганидан кейин ҳам динингизга қайтсак, Аллоҳга ёлғон тўқиган бўламиз. Аллоҳ хоҳламаса, унга қайтишимиз сира мумкин эмас. Парвардигоримиз ҳамма нарсани илми билан қамраб олган. Аллоҳга таваккал қилдик. Парвардигоро, қавм билан орамизни Ўзинг ажрим қил, Сен энг яхши ажрим қилувчисан".

90. Қавмининг кофир сардорлари: "Агар Шуайбга эргашсанглар, албатта зиёнга учрайсизлар", дейишди.

91. Шунда уларни зилзила ушлади ва уйларида тиз чўкиб ҳалок бўлишди.

92. Шуайбни ёлғончига чиқарганлар у ерда яшамагандай бўлишди, Шуайбни ёлғончига чиқарганларгина зиёнга учрашди.

Бу воқеалар хусусидаги бир неча оятлар жамланганида шу нарса аён бўладики, бу қавмга уч хил азоб юборилган: 1) бир катта булут келиб, соя солганида қурғоқчилик азобини кўриб ёмғир кутаётган қавм устига шуъла ва учқун ёғилади, бу "муҳалла" дейилади; 2) осмондан ниҳоятда даҳшатли овоз келади, бу "сайҳа" дейилади; 3) ерда қаттиқ зилзила пайдо бўлади, бу "ражфа" деб аталади (Ибн Касир). Аллоҳ таоло кофир қавмлар устига ана шундай оғир азоб ва жазоларини юборади.

93. Кейин Шуайб улардан юз ўгирди ва: "Эй қавмим, сизларга Парвардигорим ҳукмларини етказдим ва насиҳат қилдим. Энди кофир қавмга нечун қайғурай?!" деди.

94. Қайси шаҳарга пайғамбар юборсак, аҳлининг тавба қилиши учун муҳтожлик ва мусибатга учратганмиз.

95. Кейин кулфатларини роҳатга алмаштирдик, улар кўпайишиб: "Ота-боболаримиз ҳам кулфат ва роҳатга учрашган эди", дейишганида эса сездирмай тўсатдан ушладик.

Инсонларга бир янги пайғамбар юборилгудай бўлса, пайғамбарларнинг замондошлари уларга ишонишмаган, бўйсунишмаган ва ихтилофга боришган. Аллоҳ таоло итоатсизликни ташлаб, эс-ҳушларини йиғиб олишлари, Ўзининг амр-фармонларига бўйсунишлари учун турли кулфат ва фалокатларни (масалан, қаҳатчилик, касаллик ёки қаттиқ шамол каби) юбориб уларни огоҳлантирган. Агар бу танбеҳлар ҳам кор қилмаса, Аллоҳ таоло энди бошқача усул билан имтиҳонга солади: улар зиммасидаги машаққат юклари олинади, неъматларга ғарқ қилинади, хурсандчилик ва фароғат эшиклари очиб қўйиладики, бандалар берилган бу яхшилик ва инъомлардан уялиб, Аллоҳнинг даргоҳига бош уришсин, Унга итоат қилишсин, гуноҳларига мағфират сўрашсин. Ёки бойлик ва фароғат шаробига маст бўлиб, кўрган мусибат-кулфатларини шундоқ унутишадики, "Бу ишлар Аллоҳнинг танбеҳ-огоҳлантириши эмас, балки замона ҳодисаси, бу нарса ота-боболаримизда ҳам бўлиб ўтган" деб туришганида ногаҳон Илоҳий азоб уларни ҳалок қилади.

96. Агар шаҳарлар аҳли иймонга келиб тақво қилишганида эди, Биз уларга осмону Ернинг баракаларини очиб қўяр эдик. Лекин улар ёлғонга чиқаришди ва уларнинг қилмишлари учун жазоладик.

97. Шаҳарлар аҳли азобимиз тунда уйқуда ётганларида келишидан хотиржаммилар?

98. Ёки шаҳарлар аҳли азобимиз туш пайти ўйин билан бандликларида келишидан хотиржамммилар?

99. Наҳотки улар Аллоҳнинг "макри"дан хотиржам бўлишса? Аллоҳнинг "макри"дан зиён кўрувчилардан бошқа ҳеч ким хотиржам бўлолмайди.

100. Агар хоҳласак, олдинги эгаларидан кейин Ерга меросхўр бўлганларнинг гуноҳлари туфайли азоб беришимиз, дилларини ҳеч нарсани эшитмайдиган қилиб муҳрлаб қўйишимиз маълум эмасми?

101. (Эй Муҳаммад), сизга ана шу шаҳарлар воқеасини баён қиляпмиз. Уларга очиқ далиллар билан пайғамбарлар келишди, аммо улар олдин ёлғонга чиқаришгани учун иймонга келтиришмади. Аллоҳ уларнинг дилларини шундай муҳрлаган.

102. Уларнинг кўпларида аҳдга вафо топмадик, кўплари эса ҳақиқатан итоатсиз эдилар.

103. Сўнгра улардан кейин Мусони оятларимиз билан Фиръавн ва аъёнларига юбордик. Шунда улар оятларга куфр келтиришди. Энди бузғунчилар оқибати қандай бўлишини кўринг!

Миср ҳукмдори Фиръавн ниҳоятда бузғунчи, расво кимса эди. У кибри ва дунёга мастлиги боис Аллоҳ таолонинг пайғамбари Мусо алайҳиссаломни ёлғончига чиқарди, у келтирган оятларга ишонмади, ўзини "Худо" санаб, халқини ўзига қуллик қилишга чақирди.

104. Мусо айтди: "Эй Фиръавн, мен оламлар Парвардигоридан элчиман;

105. Аллоҳ ҳақида фақат ҳақиқатни айтиш – бурчим. Мен сизларга Парвардигорингиздан очиқ ҳужжат келтирдим. Бани Исроилни мен билан бирга қўйиб юбор!"

Яъни, Бани Исроил (Исроил авлодлари) пайғамбар Яъқуб алайҳиссалом авлодлари бўлиб, Мисрда ўрнашиб қолишган эди. Давлат тепасига Фиръавн келганидан кейин улар қибтийлар (мисрликлар) қўлида асирликда қул қилиб ишлатилган. Мусо алайҳиссалом уларни Фиръавн зулмидан қутқариб, Муқаддас замин (Шом)га олиб кетмоқчи бўлади.

106. Фиръавн: "Агар чиндан ҳам мўъжиза олиб келган бўлсанг, уни кўрсат!", деди.

107. Ҳассасини ташлаган эди, ростакам илонга айланди.

Мусо алайҳиссалом ҳассасини ерга ташлаганида у Аллоҳнинг иродаси билан улкан илонга айланади ва оғзини катта очиб, Фиръавнга ҳамла қилади. Бундан ўтакаси ёрилган Фиръавн Мусога: "Уни ушла!" деб ёлборади. Мусо алайҳиссалом илонни қўлга олишлари билан у яна ҳассага айланади.

108. Ва қўлини чиқарган эди, ростакам оппоқ бўлиб кўринди.

109. Фиръавн қавми сардорлари: "Бу одам сеҳргарнинг ўзгинаси!", дейишди.

110. Фиръавн: "У сизларни ерларингиздан чиқаришни истайди, нима дейсизлар?" деди.

111. Улар айтишди: "Уни ва акасини бироз холи қўй-да, шаҳарларга одамларни юбор;

112. улар ўткир сеҳргарларнинг барини йиғиб келишсин!"

113. Сеҳргарлар Фиръавнга келиб: "Агар биз ғолиб чиқсак, мукофот берилса керак?" дейишди.

114. У: "Албатта, сизлар энг яқинларимдан бўласизлар", деди.

115. Сеҳргарлар: "Эй Мусо, ё сен ташла, ё биз ташлаймиз", дейишди.

116. Мусо: "Сизлар ташланглар", деди. Улар ташлашди, одамларнинг кўзини афсунлаб қўрқитишди ва зўр сеҳр кўрсатишди.

117. Биз Мусога ваҳий орқали: "Ҳассангни ташла", дедик. Ҳасса афсунланган нарсаларини юта бошлади.

118. Ҳақиқат қарор топди ва уларнинг ҳаракатлари чиппакка чиқди.

119. Улар ўша жойда енгилиб, обрўсизланиб қайтишди.

120. Ва сеҳргарлар саждага йиқилишди;

121. "Иймон келтирдик оламлар Парвардигорига;

122. Мусо ва Ҳоруннинг Парвардигорига", дейишди.

Уламолар ёзишларича, Ҳазрати Мусо ва Ҳорун (алайҳимуссалом) ҳақнинг ботил устидан ғолиб чиққанини кўриб, Аллоҳ даргоҳида шукр саждаси қилишди. Бу ҳолни кўриб турган сеҳргарлар ҳам ўша заҳоти саждага йиқилишди. Илоҳий раҳматни кўрингки, бир лаҳзагина олдин Аллоҳнинг ҳақ пайғамбари билан тортишиб-жанжаллашиб турган гуруҳ иккинчи лаҳзада илоҳий ҳақиқатга таслим бўлиб, иймон билан шарафланиб туришибди.

123. Фиръавн: "Мен рухсат бермай туриб унга иймон келтирдингларми? Бу аҳолини ҳайдаб чиқариш учун шаҳарда қилган ҳийла-тадбирингиз бўлса керак. Яқинда кўрасизлар;

124. оёқ-қўлларингизни қарама-қаршисига кесаман ва кейин ҳаммангизни осаман", деди.

125. Улар айтишди: "Албатта Парвардигоримизга қайтамиз;

126. Парвардигоримиз оятлари келганида уларга иймон келтирганимиз учунгина ўч оляпсан. Эй Парвардигоримиз, устимиздан сабр ёғдир, мусулмон ҳолимизда жонимизни ол!".

Сеҳргарлар тавҳид (яккахудолик) ва суюкли Парвардигор жамолига етишиш орзусида сархушу сармаст бўлишди. Шунинг учун Фиръавннинг "Чап қўлингиз билан ўнг оёғингизни ё аксинча қилиб кесаман, барчаларингизни осиб ўлдираман" деган қўрқитувлари уларга асло кор қилмади. Улар: "Нима қилсанг, қилавер, бизлар ҳарҳолда Парвардигоримиз ҳузурига қайтамиз, Унинг ҳузурида шарманда бўлгандан бу дунёнинг ҳар қандай азоби осонроқ-ку!", дейишди.

127. Фиръавн қавмининг сардорлари: "Сени ва маъбудларингни тарк этишса ҳам, Мусо ва унинг қавмининг ер юзида бузғунчилик қилишларига йўл қўясанми?", дейишди. Фиръавн: "Эркакларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирамиз ва уларга ҳукмронлик қиламиз", деди.

128. Мусо қавмига: "Аллоҳдан мадад сўранглар ва сабр қилинглар. Ер Аллоҳникидир, уни бандаларидан хоҳлаганига қолдиради ва тақводорларнинг оқибати яхшидир", деди.

129. Қавм: "Сен келмасингдан олдин ҳам, келганингдан кейин ҳам азият тортдик", деди. Мусо: "Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, нима қилишингизни кўриш учун сизларни ер юзида ўринбосар қилажак!", деди.

130. Насиҳат олишса, деб Фиръавн аҳлини қаҳатчилик ва мева танқислигига гирифтор этдик.

131. Уларга яхшилик бўлса: "Бунга муносибмиз", дейишади. Агар бирор ёмонлик кўришса: "Бу Мусо ва шерикларининг шумлигидан", дейишади. Огоҳ бўлишсинки, ўзларининг шумликлари Аллоҳга аёндир, аммо кўплари билишмайди.

132. Улар Мусога: "Ҳар қанча мўъжиза кўрсатиб, бизларни сеҳрламоқчи бўлсанг ҳам сенга ҳаргиз ишонмаймиз", дейишди.

133. Шунда очиқ далил сифатида улар устига тўфон, чигиртка, ҳашарот, бақа, қон балоларини юбордик. Лекин улар мутакаббирлик қилиб, гуноҳкорликларича қолишди.

134. Уларга азоб келганида: "Эй Мусо, Парвардигорингнинг сенга ваъдаси ҳурматидан Унга дуо қил, агар устимиздан азобни кўтарсанг, сенга иймон келтирамиз ва Бани Исроилни сен билан жўнатамиз", дейишди.

135. Етарли бўлган маълум муддатгача азобимизни кўтарганимизда улар бирдан ваъдаларини бузишди.

136. Шунда улардан ўч олдик: оятларимизни ёлғонга чиқаришгани, уларга бепарволик қилишгани учун денгизга ғарқ қилдик.

Юқорида баён қилинган бало-азоблар фиръавнийларга бирма-бир келар эди. Олдин Ҳазрати Мусо улар олдига бориб: "Эртага сизларга фалон бало келади", деганларида ўша бало келарди. Шунда фиръавнийлар унга дуо қилишни сўраб ёлбориб қолишарди. У зот дуо қилгач, бало даф бўларди. Охирги марта уларга вабо (ўлат) келади, ярим тунда ҳар хонадондан биттада ўғил вафот қилаверади. Фиръавнийлар ўзлари билан овора бўлиб ётишганида Мусо алайҳиссалом қавмини шаҳардан олиб чиқиб кетади. Бир неча кундан кейин Фиръавн бундан хабар топиб, изидан қувади. Баҳри Қулзум (Қизил денгиз) яқинида уларга етиб олади, аммо Аллоҳнинг мадади билан Бани Исроил денгиздан эсон-омон ўтиб олади, фиръавнийлар эса денгизда ғарқ бўлиб, ҳалокатга учрайди.

137. Ва ўзларини нотавон санаган қавмни эса Ўзимиз баракали қилган ернинг шарқию ғарбига меросхўр қилдик. Сабрлари туфайли Парвардигорингизнинг Бани Исроилга чиройли ваъдаси амалга ошди. Фиръавн ҳамда унинг қавми қурган ва тиклаган нарсаларини вайрон қилдик.

138. Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказиб қўйдик. Шунда улар бутларига чўқиниб турган бир қавм олдига келишди. Бани Исроил: "Эй Мусо, бизларга ҳам уларнинг илоҳлари каби бир санам ясаб бер", дейишди. Мусо айтди: "Жоҳил қавм экансизлар;

Баъзиларнинг айтишларича, у Лаҳм қабиласи бўлган экан, бошқа олимлар эса Амолиқа Канъоний қавми эди, дейишади.

139. булар шуғулланаётган нарса ҳалокатга маҳкум ва қилаётган ишлари бефойдадир;

140. Наҳотки Аллоҳ ўрнига сизларга бошқа илоҳ ахтарсам, ҳолбуки У сизларни бутун оламдан афзал қилиб қўйган-ку!".

141. Сизларга ёмон азоб берган, эркакларингизни ўлдириб, аёлларингизни тирик қолдирган фиръавнийлардан Биз қутқарганимизни эсланглар. Бунда Парвардигорингизнинг улуғ имтиҳони бор эди.

142. Ва Биз Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашдик. Кейин эса буни ўни билан тўлдирдик. Шунда Парвардигорингиз белгилаган вақт тўла қирқ кеча бўлди. Мусо акаси Ҳорунга: "Қавмимдаги ўрнимни ол, яхши ишлар қил, бузғунчилар йўлидан юрма!", деди.

Тафсир китобларида ёзилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга Тур тоғида ўттиз кун мобайнида узлатга чекиниш, рўзадор бўлишни буюрди ва унинг қавмига Китоб (Таврот) тушириши хабарини берди. Ҳазрати Мусо шу муҳлат ичида рўзадор бўлди, кейин мисвок билан покланиб, учрашувга ҳозирлик кўрди. Кейин яна ўн кун рўза тутишга амр бўлди, Ҳазрати Мусо жами қирқ кун тугал рўзадор бўлди. Шу аснода у зот ўз ўрнига акаси Ҳорунни ўринбосар этиб тайинлаб, унга қавмни тузатиш, бузғунчиликлардан ҳимоя қилиб туришни таъкидлади.

143. Ваъдалашган муҳлатимиз келиб, Парвардигори Мусо билан сўзлашганида, у: "Парвардигорим, менга кўрин, Сени бир кўрай!", деди. Аллоҳ: "Мени асло кўролмайсан, лекин тоққа қара, агар у жойидан жилмаса, Мени кўра оласан", деди. Парвардигор тоққа тажалли қилганида уни ер билан битта қилди ва Мусо беҳуш йиқилди. Ҳушига келиб: "Сен буюксан, тавба қилдим, мен олдинги мўминларданман", деди.

144. Аллоҳ: "Эй Мусо, пайғамбарлик бериш ва сўзлашишим билан сени одамлар ичидан танлаб олдим, берганларимни ол-да, шукр қилувчилардан бўл!", деди.

145. Ва унга ҳамма нарса тушунтирилган насиҳатларни тахтачаларга ёздик ҳамда: "Буларга қаттиқ амал қил, яхшиларини бажаришни қавмингга буюр, яқинда итоатсизлар маконини кўрсатаман", дедик.

Муфассирлар ёзишича, итоатсизлар макони дунёда расволик ва ҳалокат бўлиб, охиратда дўзахдир. Баъзи олимлар бундан мурод, Миср ё Шомдир, дейишган.

146. Ер юзида ноҳақ такаббурлик қиладиганларни далилларимдан тўсиб қўяман. Улар қандай далилни кўришса ҳам ишонишмайди, тўғри йўлни билишса ҳам унга юришмайди. Хато йўлни билишса ҳам унга юришади. Зеро, улар далилларимизни ёлғонга чиқаришган ва уларга эътибор қилишмайди.

147. Оятларимизни ва охиратдаги учрашувни ёлғонга чиқарганларнинг амаллари бефойдадир. Уларга қилмишлари учун жазодан бошқаси берилмайди.

148. Мусо қавми у йўқлигида безакларидан овозли бир бузоқ шаклини ясаб олди. Унинг гапирмаслигини, уларни ҳидоятга бошлай олмаслигини билишмадимикин?! Уни маъбуд қилиб олишди ва золимлардан бўлишди.

Мусо алайҳиссалом қавмини қолдириб кетганида улар асли қибтийларники бўлган ва Бани Исроил қўлига тушиб қолган тилла тақинчоқ ва безаклардан "мў"лаб овоз чиқарадиган бузоқ шаклидаги бут ясаб олиб, унга сиғина бошлашди.

149. Адашганларини тушуниб пушаймон бўлишганида: "Агар Парвардигоримиз раҳм қилмаса ва гуноҳларимизни кечмаса, албатта зиёнкорлардан бўлиб қоламиз", дейишди.

150. Мусо қавмига ғазабланган ва афсусланган ҳолда қайтиб: "Мендан кейин нақадар ёмон ўринбосар бўлдинглар, Парвардигорингиз буйруғини кутолмадингларми?" деди ва тахтачаларни ташлаб, акаси сочидан торта бошлади. Акаси: "Эй онамнинг ўғли, бу қавм мени ожиз санаб, ўлдиришига сал қолди. Энди сен ҳам душманларга кулги қилма ва мени золим қавмдан ҳисоблама!", деди.

151. Мусо: "Эй Парвардигорим, мени ва акамни кечир, раҳматингдан дариғ тутма, чунки Сен раҳмлиларнинг ҳам раҳмлисисан!", деди.

152. Ҳақиқатан бузоққа чўқинганларга Парвардигорлари ғазаби ва дунёда хорлик бўлади. Бўҳтон қилувчиларни шундай жазолаймиз.

Бузоққа чўқинганларга бериладиган Аллоҳнинг ғазаби ва жазоси ҳақида Бақара сурасининг 54-оятида зикр этилган.

153. Гуноҳ ишларни қилганлар орқасидан тавба қилиб иймон келтиришса, Парвардигорингиз албатта тавбадан сўнг кечирувчи ва меҳрибондир.

154. Мусонинг ғазаби босилгач тахтачаларни олди. Унда ёзилган нарсаларда Парвардигорларидан қўрқадиганларга ҳидоят ва раҳмат бор эди.

155. Ва белгилаган муддатимизга олиб келиш учун Мусо қавмидан етмиш кишини танлаб олди. Улар даҳшатли зилзилага учрашганида Мусо айтди: "Эй Парвардигорим, агар хоҳлаганингда буларни ҳам, мени ҳам олдинроқ ҳалок қилган бўлардинг. Орамиздаги беақлларнинг қилмишлари учун бизларни ҳалок қилмоқчимисан? Бу Сенинг синовингдир, у билан хоҳлаганингни адаштирасан, хоҳлаганингни ҳидоят қиласан. Сен Хожамизсан, бизларни кечир ва раҳм қил. Ўзинг энг яхши кечирувчисан!;

Мазкур оятдаги белгиланган вақт Тавротни тушириш учун керак бўлган вақтдан бошқасидир. Ушбу воқеа хулосаси Бақара сурасида келган.

156. ва бизларга дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ёзиб қўй, Ўзингга тавба қилдик". Аллоҳ айтди: "Хоҳлаган бандамни азобимга соламан, раҳматим эса ҳамма нарсани қамраган. Уни тақво қилганларга, закот берганларга ва оятларимизга иймон келтирганларга ёзаман";

Шоҳ Абдулқодир Соҳиб (Аллоҳ раҳмат қилсин) айтадиларки, Мусо алайҳиссалом ўз умматларининг дунёда ҳам, охиратда ҳам барча умматлардан афзал бўлишини истардилар. Бунга жавобан Аллоҳ таоло марҳамат қиляптики, Менинг азобим ва раҳматим биргина фирқага тегишли эмас, азобимни хоҳлаган бандамга бераман, раҳматим эса ҳаммага баробардир. Лекин сиз сўраётган хос раҳматим Аллоҳдан қўрқадиганлар, молларининг закотини берадиганлар, оятларимизга иймон келтириб, ўзларини тузатувчиларга аталгандир. Аллоҳнинг бундай раҳмати барча самовий китобларга иймони келтирувчи охирги умматга насиб қилади. Мусо алайҳиссалом умматидан ким Қуръони каримга иймон келтирса, у ҳам Аллоҳ раҳматидан насибадор бўлади. Мусо алайҳиссаломнинг бу дуолари кўп нарсаларни қамраб олган шомил дуодир.

157. булар қўлларидаги Таврот ва Инжилда ёзилган, уларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтарувчи, покиза нарсаларни ҳалол қилиб, нопокларини ҳаром қилувчи, зиммаларидаги машаққатлардан халос этувчи уммий Пайғамбарга эргашишади. Унга иймон келтирганлар, қўллаб ёрдам берганлар ва унга туширилган Нурга эргашганлар нажот топувчилардир".

Оятдаги "уммий" сўзининг луғатда "онаси туққан ҳолатидай", "устоз қўлида ўқимаган, савод чиқармаган" каби маънолари бор. Баъзи олимлар "Уммул Қуро" (шаҳарлар онаси), яъни Маккаи мукаррамадан чиққан Пайғамбар маъносини англатади, дейишади. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг саводлари бўлмаган, Маккада таваллуд топганлар, шунинг учун Қуръонда шу сифат билан зикр этилганлар. Коинот сарварининг (алайҳиссалом) сифатлари барча самовий китобларда келган. Бу зот яҳудийларни ўзлари жорий қилиб олган турли тақиқ ва мажбуриятлардан халос қилувчи, чўчқа, судхўрлик каби нопок нарсалардан қайтарувчидирлар. Пайғамбаримизга эргашган, у кишининг кўрсатмаларини бажарган, туширилган Нур (Қуръони карим)ни дастур қилиб олган гуруҳ ва қавмларгина дунёда ҳам, охиратда ҳам мақсадга эришишади.

158. (Эй Муҳаммад): " Эй одамлар, мен ҳақиқатан ҳаммаларингизга Аллоҳнинг элчисиман. Осмонлару Ер Уникидир, Ундан ўзга илоҳ йўқ, Угина тирилтиради ва ўлдиради. Бас, Аллоҳга ҳамда Унинг уммий набийига иймон келтиринглар, чунки у Аллоҳга ва унинг калималарига иймон келтирган Пайғамбардир", денг.

159. Мусо қавмининг бир гуруҳи борки, ҳақ йўлга далолат қилиб, ҳақ ила ҳукм қилишади.

160. Уларни алоҳида ўн икки уруғга бўлдик ва қавми сув сўраганида Мусога: "Ҳассангни тошга ур!" деб ваҳий юбордик. Шунда ундан ўн икки чашма отилиб чиқди ва барча одамлар сувхоналарини билиб олишди. Ва уларга булутни соябон қилдик, манна ва салвони туширдик ҳамда: "Ризқ қилиб берганларимизнинг покизасини енглар", дедик. Улар Бизга зулм қилишмади, лекин ўзларига зулм қилишяпти.

"Манна ва салво" ҳақида Бақара сурасининг 57-ояти шарҳида батафсил сўз келган.

161. Уларга: "Мана шу шаҳарда яшанглар, хоҳлаган жойларингда енглар ва шаҳар дарвозасидан "бизларни кечир!" деб сажда қилган ҳолда кирсанглар, гуноҳларингизни мағфират қиламиз ва яхшиларингизга мукофотни кўпайтириб берамиз", деганимизни эсланг.

Айрим олимлар бу шаҳарни Ариҳо, баъзилари эса Байтул-Мақдис, яъни Қуддуси шариф, дейишган.

162. Шунда уларнинг золимлари айтилган сўзни бошқасига алмаштиришди ва қилган зулмлари учун устларига осмондан азоб юбордик.

Бани Исроилга: "Шаҳар дарвозасидан "ҳиттатун" (бизни кечир) деб, сажда қилган ҳолда киринглар", дейилса, шаккок қавм бу сўзни бутунлай бузиб, "жунтатун" дея ўзгартирди ва шаҳарга кети билан судралиб кирди. Ўзига шундай зулм қилгани учун қавм Аллоҳ таолонинг азобига учради.

163. Улардан денгиз бўйидаги шаҳар ҳақида, шанбада ҳаддан ошганлари, балиқлар шанба куни келиб, бошқа кунлари келмагани ҳақида сўранг. Уларнинг итоатсизликлари туфайли шундай имтиҳон қиламиз.

Довуд алайҳиссалом замонларида денгиз соҳилидаги бир шаҳарда яшайдиган яҳудий жамоасини Аллоҳ таоло синаш учун ҳар шанбани байрам белгилаб, уларга шу куни ишлаш ва тирикчиликка ҳаракатни ҳаром қилган. Имтиҳон учун шанба куни қирғоққа балиқларни кўп келтириб, бошқа кунлари кўздан йўқотиб қўйди. Итоатсиз қавм ҳаддидан ошиб, шанба куни ҳақидаги Аллоҳ тақиқларини бузди ва денгиз четидан ҳовуз кавлаб, бошқа кунлари бемалол тутиш учун шанба куни ўша ерга балиқларни қамаб ола бошлади. Улар қилмишлари учун Аллоҳнинг қаттиқ азобига учрашди. Ояти каримада Пайғамбаримизга шу воқеа эслатилмоқда.

164. Уларнинг бир гуруҳи: "Нега Аллоҳ ҳалок қиладиган ёки қаттиқ азоб берадиган қавмга насиҳат қиласизлар?" деганида, бошқалари: "Парвардигорларингиз ҳузурида бизларга узр бўлиши учун, зора улар тақво қилишса деб", дейишди.

165. Уларга тушунтирилган насиҳатни унутишганида ёмонликдан қайтараётган гуруҳларни қутқардик ва золимларини эса итоатсизликлари учун қаттиқ азобга гирифтор этдик.

166. Кейин ман этилган ишдан қайтмай ҳаддан ошганларида: "Бадбахт маймунга айланинглар!" дедик.

167. Парвардигорингиз тепаларига қиёмат кунигача қаттиқ азоб берадиганларни юбориши хабарини берганини эсланг. Парвардигорингизнинг азоби албатта шиддатли, Ўзи мағфиратли, раҳмлидир.

Яъни Аллоҳ таоло тарафидан эълон қилинган эдики, агар яҳудийлар Тавротга амал қилмай қўйишса, Ҳақ таоло қиёмат куни келгунига қадар уларнинг бошига ғам-кулфатлар солиб, ўзларини қаттиқ азобларга гирифтор қилади. Қаттиқ азоб бошқалар ҳукмронлиги остида хўрланиб ҳаёт кечиришдан иборат бўлади. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ: улар узоқ йиллар мобайнида юнон, рим, византия, форс ҳукмдорлари қўл остида мазлум бўлиб яшашди, насроний салибчилар зулмига дучор бўлишди, бир қанча вақт мажусийларга бож тўлаб туришди. Охири Аллоҳ уларга Ислом ҳукуматини ҳукмрон қилди. Ҳозирги пайтда золимларнинг ёрдами билан ҳурликка эришиб, ўзларича бир ҳукумат ташкил этишган бўлса ҳам, иншааллоҳ, ҳомийлари бўлмиш золимлар ва жоҳиллар билан бирга мағлуб бўлиб кетишади. Чунки улар ҳозирда фирқа-фирқа бўлишган, дунёга динларини сотишган, Аллоҳга турли номуносиб сўзларни нисбат беришади.

168. Ва Ер юзида уларни жамоалар қилиб бўлиб юбордик. Уларнинг солиҳлари ҳам бор, бундай бўлмаганлари ҳам бор. Шояд қайтишса деб, яхшилик ва ёмонликлар билан синадик.

169. Улардан кейин Китобга меросхўр бўлса ҳам тубан дунё матоҳларини олувчи ва: "Бизлар кечириламиз", дейдиган бир авлод келди. Агар уларга яна дунё матоҳларидан берилса, олишаверади. Ахир Китобда Аллоҳга рост сўздан бошқани нисбат бермаслик ҳақида ваъдалари олинмаганмиди?! Улар ундаги бор нарсани ўрганишган эди-ку! Охират диёри Аллоҳдан қўрқувчилар учун яхши-ку, нега тушунмайсизлар?!

170. Китобга амал қилиб, намозни адо қилувчилар ҳам борки, бундай солиҳ кишиларнинг мукофотларини асло зое қилмаймиз.

171. (Эй Муҳаммад), улар устига тоғни соябондай кўтарганимизни, устимизга тушиб кетади, деб ўйлашганида: "Берган нарсамизни маҳкам ушланглар ва ундагиларни ёдда тутинглар, балки шунда тақво қиларсизлар?!", деганимизни эсланг.

172. Парвардигорингиз Одам болалари умуртқасидан зурриёдларини чиқарганини, ўзларини ўзларига гувоҳ қилиб: "Парвардигорингиз эмасманми?" деганида: "Ҳақиқатан Парвардигоримизсан, гувоҳмиз", дейишганини эсланг. Бу қиёмат кунида "Тавҳиддан бехабар эдик", демасликлари учундир.

173. Ёки: "Ҳақиқатан олдинги ота-боболаримиз ширк келтиришган, биз уларнинг авлодларимиз, жоҳилларнинг қилмишлари деб бизларни ҳалок этасанми?" демасликларингиз учундир.

174. Улар қайтишармикин, деб оятларимизни шундай очиқ баён қиламиз.

Уламолар айтишганки, Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом умуртқа суякларидан у кишининг авлодларини, улардан эса яна янги авлодларни чиқариб, ҳаммаларидан Ўзининг Парвардигорлигига иқрорларини олган ва кейин ҳаммаларини ўз жойларига қайтарган эди. Бундан мурод шу эдики, Аллоҳ таолони ягона Ҳокими мутлоқ билишда ҳар ким ўзи қарорга келсин, ота-боболарига тақлид этмасин. Агар ота-онаси мушрик бўлса ҳам, фарзанди зарурий иймонга келсин, Аллоҳни танисин!

175. (Эй Муҳаммад), оятларимизни берганимизда улардан четлангач шайтон эргаштириб кетиб адашган кимсанинг хабарини уларга ўқиб беринг!

176. Агар хоҳлаганимизда эди, оятлар билан уни кўтарган бўлардик, лекин ўзи пастлади ва ҳавойи нафсига эргашди. Унинг ҳоли итга ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини чиқараверади, тинч қўйсанг ҳам тилини чиқараверади. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир, тафаккур қилишлари учун уни сўзлаб беринг.

Балъам ибн Бауро исмли бир олим ва сўфий бор эди. У хотинларнинг иғвоси ва мол-дунёсининг исёни туфайли Аллоҳ юборган оятлардан юз ўгирди ва Мусо алайҳиссаломга қарши чиқиб, оқибати абадий динидан айрилди. Унинг мисоли орқали бир бор ҳақни қабул қилганидан кейин ҳавойи нафсига ва дунёнинг васвасаларига учиб, илоҳий ҳукмларни ташлаган ва шайтонга эргашиб кетган кимсалар ҳамда ёмон олимлар қаттиқ огоҳлантириляпти.

177. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларнинг мисоли нақадар ёмон бўлди, улар ўзларига зулм қилишди.

178. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, йўлини топади, кимни адаштирса, ўшалар зиён кўрувчилардир.

179. Аниқки, жин ва инсонларнинг кўпини дўзах учун яратганмиз: уларнинг диллари бору очишмайди, кўзлари бору кўришмайди, қулоқлари бору эшитишмайди. Улар ҳайвон кабидирлар, ҳатто улардан ҳам баттарроқдирлар, ўшаларгина ғафлатдадир.

180. Аллоҳнинг гўзал исмлари бор, Уни ўша исмлар билан ёд этинглар. Исмини эгрига бурадиганлардан четда бўлинглар, яқинда улар қилмишлари жазосини олишади.

Юқорида ғафлатда юрганларнинг аянчли оқибати баён қилинганидан кейин мусулмонларга танбеҳ бериляптики, сизлар ҳам ғафлатда қолманглар, бунинг учун Аллоҳни кўпроқ зикр қилинглар. Унинг гўзал исмлари билан эсланглар. Аллоҳнинг номини эгрига бурадиганлардан узоқроқ юринглар, яқинда улар қилмишлари жазосини тортишади. Аллоҳга шариатда кўрсатилмаган исм ва сифатларни нисбат бериш, Унинг зоти ва сифати ҳақида баҳслашиш, Унинг номи билан сеҳр ва жоду қилиш кабилар Унинг исмини эгрига буриш ҳисобланади.

181. Ва Биз яратганлар ичида ҳақ йўлга бошлайдиган ва одиллик билан ҳукм юритадиган бир жамоат бор.

Бу жамоат Муҳаммад алайҳиссалом умматлари бўлиб, улар ҳаётларини Аллоҳ ҳукмлари асосига қуришади ва бошқа халқларни ҳақ йўлга чорлашади.

182. Оятларимизни ёлғонга чиқарганларни эса ўзлари сезмаган ҳолда аста ҳалок қиламиз.

183. Уларга муҳлат бериб қўяман, тадбирим ҳақиқатан пухтадир.

184. Улар рафиқларида жиннилик йўқлигини ўйлаб кўришмайдими? У аниқ огоҳлантирувчи, холос.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом мушрикларни Исломга чорлаганларида улар Коинот фахрини жиннига чиқармоқчи бўлишган эди.

185. Осмонлару Ердаги салтанатни, Аллоҳ яратган нарсаларни ва эҳтимол ажаллари яқинлашиб қолганини кўришмайдими? Бундан кейин яна қайси гапга ишонишади?

186. Аллоҳ кимни йўлдан оздирган бўлса, унга бир раҳнамо йўқ, уларни саркашлик билан адашиб юришларига қўйиб қўяди.

187. (Эй Муҳаммад), қиёмат қачон бўлишини сўрашади. Сиз: "Бунинг илми Парвардигорим ҳузуридадир, уни ўз вақтида Ўзи ошкор қилади, осмонлару Ерга жуда оғир бўлади, сизларга тўсатдан келади", денг. Буни худди сиз биладигандек сиздан сўрашади, "Бунинг илми Аллоҳ ҳузуридадир, лекин кўплар билишмайди", денг.

Қиёмат соатининг қачон келиши Аллоҳ таолодан ўзгага маълум эмас, ҳеч ким буни айтиб беролмайди. Лекин Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломдан ривоят қилинган ҳамда Имом Бухорий "Саҳиҳ"и ва бошқа ҳадис китобларида келган ҳадисларда қиёматнинг айрим аломатлари зикр этилган. Уларнинг ҳаммаси содир бўлгач қиёмат тўсатдан келади.

188. "Ўзим учун фойдага ҳам, зарарга ҳам қодир эмасман, фақат Аллоҳ хоҳлагани бўлади. Агар ғайбни билганимда, яхшиликларни кўпайтирган бўлар, ҳеч бир кулфатга учрамас эдим. Фақат мўмин қавмларга огоҳлантирувчи ва башорат берувчиман", денг.

Инсондан ташқаридаги (ғойиб) ҳодисалар, у сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари ила идрок қила олмайдиган, ҳикмати ёлғиз Аллоҳгагина аён бўлган ҳодиса ва ҳолатлар «ғайб» дейилади. Мўмин-мусулмонларнинг ғайбга иймон келтиришлари шарт. Бу ояти каримадан маълум бўладики, ҳар қандай буюк бўлмасин, ҳеч бир инсонда мустақил ихтиёр ва чекланмаган илм бўлмайди. Саййиди олам Пайғамбаримизга кўпгина илмлар ато қилинган, Ер хазиналарининг сири билдирилган эди. Шундоқ зотга ҳам: "Мен бошқалар тугул ўзимга на фойда, на зарар етказа оламан, менда Аллоҳ билдирганидан ортиқ илм йўқ, ҳамма нарсанинг маълумоти Аллоҳнинг ҳузурида, сизларни огоҳлантириш ва хушхабарларни етказишгагина масъулман", деб одамларга етказиш буюрилмоқда.

189. У сизларни бир жондан яратган, таскин топиши учун ўша жондан жуфтини вужудга келтиргандир. Жуфтига яқинлик қилганида енгил юкли бўлди ва уни кўтариб юрди. Юки оғирлашганида эса иккови Парвардигорларига: "Агар бизга яхши фарзанд берсанг, албатта шукр қилувчилардан бўламиз", деб дуо қилишди.

190. Уларга фарзанд берилганида эса бу нарсада Унга шерик қилишди, Аллоҳ уларнинг ширкидан олийдир.

Аллоҳ таоло инсонларни Одам алайҳиссаломдан пайдо қилган, Ҳазрати Одам таскин-ором топиб, улфат бўлиб юриши учун унинг вужудидан Момо Ҳаввони яратган. Кейин ҳар икковларидан инсон насли тарқаган. Бошда Аллоҳга шукрда бўлиш ваъдасини берган инсонлар кейинчалик Унга ширк келтира бошлашди. Насл тарқалиши Одам алайҳиссаломдан бошланган бўлса-да, ширк келтириш ҳодисаси у зотнинг кейинги авлодларидан баъзиларида содир бўлган. Аллоҳ ана шундай инсонларнинг ширкидан пок, юксакдадир.

191. Ҳеч нарса яратолмайдиган ва ўзлари яратилган нарсаларни Унга шерик қилишадими?

192. Бутлар ҳеч кимга ёрдам беришга қодир эмас ва ўзларига ҳам ёрдам беришолмайди.

193. (Эй мушриклар), уларни ҳидоятга чорласангиз, эргашишмайди. Уларни даъват қиласизми ё жим турасизми, барибир.

194. Аллоҳни қўйиб, сиғинаётганларинг ўзингизга ўхшаш бандадир. Агар ростгўй бўлсанглар, уларни чақиринглар, сизга жавоб беришсин-чи!

195. Бутларнинг оёқлари бормидики, юрса; ё қўллари бормидики, ушласа; ёки кўзлари бормидики, кўрса; ё қулоқлари бормидики, эшитса?! (Эй Муҳаммад), айтинг: "Шерикларингизни чақиринглар-да, кейин муҳлат ҳам бермай менга қарши найрангларингни кўрсатаверинглар!;

196. менинг эгам Китоб туширган Аллоҳдир, У яхшиларнинг дўстидир;

197. Уни қўйиб сиғинаётганларингиз сизларга ёрдамга қодир ҳам эмас, ўзларига ҳам ёрдам беришолмайди.

198. агар уларни ҳидоятга чақирсангиз, эшитишмайди, сизга қарагандек кўринишса-да, кўришмайди", денг.

199. (Эй Муҳаммад), кечиримли бўлинг, яхшиликка буюринг ва жоҳиллардан юз ўгиринг!

200. Агар шайтон васваса қиладиган бўлса, Аллоҳдан паноҳ тиланг, У албатта эшитувчи ва яхши билувчидир.

201. Шайтондан бирон васваса келганида тақводорлар Аллоҳни эслашади ва яна кўзлари очилади.

202. Ва шайтонларнинг дўстлари уларни йўлдан оздиришда ёрдам бериб чарчашмайди.

203. Агар уларга далил келтирмасангиз, "ўзинг тўқиб қўя қолмайсанми?" дейишади. "Фақат Парвардигоримдан менга юборилган Китобга эргашаман, у мўмин қавмлар учун ҳидоят ва раҳматдир!", денг.

204. (Эй мўминлар), Қуръон тиловат қилинганида жим туриб тингланглар, шояд раҳм қилинсангизлар!

Ушбу ояти каримадан уламолар Қуръони карим тиловат қилинганида сукут сақлаб тинглаш вожиблигини айтишган. Ҳанафий олимлар бундай хулоса чиқаришган: намоз вақтида имом қироат қилганида унга эргашувчилар (иқтидо қилувчилар) жим туриб эшитишлари лозим. Абу Мусо Ашъарий ва Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисларда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Имом қироат қилганида сизлар жим туринглар", деганлар.

205. Дилдан ёлбориш ва қўрқув билан, овозни кўтармай эртаю кеч Парвардигорингизни ёд қилинглар, яна ғафлатда қолманглар!

206. Парвардигорингиз ҳузуридаги фаришталар Унга қулликда кибрга боришмайди, Уни улуғлашади ва Унга сажда қилишади.

Қуръони каримнинг бир неча сураларида сажда оятлари бўлиб, мазкур суранинг охирги ояти ҳам сажда оятларидандир. Бундай оятлар ўқилганида уни ўқувчининг ҳам, тингловчининг ҳам Аллоҳга бир марта сажда қилиши вожибдир.