A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
009. Тавба сураси
PDF Босма E-mail

Мадинада тушган, 129 оятдан иборат

Пайғамбаримизга буюрилмагани учун бу муборак сура бошланишида "Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм" келмаган. "Кашшоф" тафсирида ёзилишича, Аллоҳнинг исми Салом (тинчлик ва омонлик)дир, бу сурада уруш ва иймонсизликни улоқтириб ташлаш ҳақида сўз боргани учун "Бисмиллаҳ" ёзилмаган. Имом Бухорий айтишларича, мазкур сура энг охирида туширилган. Тавба сурасининг "Бароат", "Азоб сураси", "Мубосира" каби бир неча номлари бор.

1. (Эй мўминлар), бу мушрикларнинг сизлар билан аҳдлашганларига Аллоҳдан ва Пайғамбаридан ора очиқлиги эълонидир.

2. (Эй мушриклар), энди ер юзида тўрт ой сайр қилаверинглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар ва Аллоҳ албатта кофирларни хор қилувчидир.

3. Бу Аллоҳ ва Пайғамбаридан одамларга "ҳажжул акбар" кунидаги билдирувдир. Аллоҳ ва Пайғамбарининг мушриклар билан оралари очиқдир. Энди тавба қилсанглар, ўзларингизга яхшироқдир, агар юз ўгирсанглар, билингларки, Аллоҳни ожиз қолдиролмайсизлар. (Эй Муҳаммад), кофирларга қаттиқ азоб ваъдасини бераверинг.

Бу суранинг илк оятлари бир неча араб қабилалари ҳақида тушган. Юқоридаги оятларда баён қилинишича, мусулмонлар мушриклар билан аҳднома тузишган, аммо унинг муддати белгиланмаган эди. Уларга эълон қилиняптики, сизлар билан энди янги аҳдлашув бўлмайди, уруш ҳаром қилинган тўрт ой сизларга муҳлат қилиб берилади, шу муддат ичида мусулмон бўлишингиз керак, акс ҳолда юртдан чиқиб кетинглар ёки жангга тайёргарлик кўринглар. Шуни яхши англаб олингларки, Аллоҳни асло ожиз қолдира олмайсизлар, У кофирларнинг дунё ва охиратини хароб қилади. Бундан ташқари аҳднома қилинмаган бошқа қабилаларга ҳам бунга тўрт ой муҳлат берилди. Бу ва қуйида келадиган бир неча оятларни Ҳазрати Али (Аллоҳ юзларини карамли қилсин) ҳижрий тўққизинчи йил ҳаж мавсумида (милодий 631 йил февралида) барча қабилаларга ўқиб эшиттирганлар.

4. (Эй мўминлар), сизлар билан аҳдлашганларидан кейин аҳдларини бузмаганлари ва сизларга қарши ҳеч кимга ёрдам бермаганлари бундан мустасно, шулар билан аҳдномани муддати тугагунча давом эттираверинглар. Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради.

Бу ояти карима мусулмонлар билан аҳдлашганида унга қаттиқ вафо қилган, аҳдноманинг бирор жойини бузмаган ва Ислом душманларига ёрдам кўрсатмаган қабилалар ҳақидадир. Мусулмонлар ҳам уларга берган аҳдларига риоя қилишади, эҳтиром кўрсатишади, муддати тугагач, улар билан ҳам бошқалар каби муомала қилинади.

5. Ҳаром ойлар тугаса, мушрикларни кўрган ерингизда ўлдиринглар, асир олинглар, қамал қилинглар ва ҳамма жойда таъқиб этинглар. Агар тавба қилишса, намоз ўқишса ва закотни беришса, тинч қўйинглар. Аллоҳ албатта кечирувчи ва раҳмлидир.

Мўминларга буюриляптики, мусулмонликнинг очиқ аломати шаҳодат калимасини айтгандан кейин намоз ўқиш ва закотни беришдир. Уруш ҳаром қилинган тўрт ой тугаши билан мушрикларга барча жабҳаларда қарши туринглар, ҳамма жойда таъқиб этинглар. Агар тавба қилиб, намоз ва закотни адо этишса, уларни ўз ҳолларига тинч қўйинглар.

6. (Эй Муҳаммад), агар мушриклардан бирортаси сиздан омонлик сўраса, унга омонлик беринг, у Аллоҳ Каломини эшитсин. Сўнгра уни тинч жойига етказинг. Бу билмайдиган қавмларга тааллуқлидир.

Бир инсон Ислом эътиқодидан бехабар бўлсаю, ҳақни ахтариб ва ширкдан қутилишни ўйлаб мусулмонлар олдига келса, уни ҳимояга олиш, Қуръони каримни эшиттириш ва Ислом даъвати билан таништириш керак бўлади. Агар буни қабул қилмаса, келган жойига етказиб қўйилади.

7. Қандай қилиб мушрикларда Аллоҳ наздидаги ва Пайғамбари наздидаги аҳднома бўлсин?! Аммо сиз билан Масжидул-Ҳаром олдида аҳдлашганлар тўғри туришса, сиз ҳам уларга тўғри бўлинг, Аллоҳ албатта тақводорларни яхши кўради.

8. Қандай аҳднома бўлсинки, агар сизлардан устун келиб қолишса, на аҳдга, на бурчга қарашади?! Тилларида сизларни рози қилишадию диллари кўнмайди, аксарияти итоатсизлардир.

9. Улар Аллоҳ оятларини арзон баҳолаб, кўпларни Унинг йўлидан тўсишди, уларнинг бу ишлари ниҳоятда ёмон бўлди!

10. Улар мўминлар хусусида на аҳдга, на бурчга риоя қилишади, ана шулар ҳаддан ошганлардир.

11. Агар улар тавба қилишса, намоз ўқиб, закотни беришса, дин қардошларингиз бўлишади. Билувчи қавмларга оятларимизни батафсил баён қиламиз.

12. Агар аҳдларидан кейин уни бузишса, динингизга маломат қилишса, куфр сардорлари билан жанг қилинглар. Шояд ёлғон аҳдларидан қайтишса!

"Куфр сардорлари" Қурайш қабиласи кофирлари эди, уларни кўриб бошқа қабилалар ҳам куфрга эргашишарди. Улар на қасамларига, на берган аҳдларига риоя қилишарди. Уларга қарши урушингларки, шунда шояд эс-ҳушларини йиғиб, гуноҳларидан қайтишса!

13. Аҳдларини бузган, Пайғамбарни ватанидан ҳайдашга қасд қилган ва душманликни биринчи бошлаган қавм билан урушмайсизларми, улардан қўрқасизларми?! Агар мўмин бўлсанглар, қўрқишга лойиқ Аллоҳдан қўрқинглар!

Қурайш қабиласи кофирлари берган аҳдларини бузганларидан кейин севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломни она шаҳарлари Маккаи мукаррамадан ҳайдаб чиқаришга кўп уринишди. Охири Сарвари олам ҳижратга жўнадилар ва шу тариқа мушриклар аҳдномани биринчи бўлиб бузишди. Бу оятда Аллоҳ таоло саҳобаларга аҳдга вафосиз мушриклар билан жанг қилишни буюряпти, улардан асло қўрқмасликни, ҳар бир мушкулни осон қилувчи, дунё ва охират саодатига эриштирувчи Аллоҳдангина қўрқишни таъкидлаяпти.

14. Улар билан жанг қилинглар! Сизларнинг қўлингиз билан Аллоҳ уларни жазолайди, хор қилади, уларга қарши сизларга ёрдам беради ва мўмин қавмнинг дилларига малҳам солади;

15. ва дилларидаги ғуссани кетказади. Аллоҳ хоҳлаганининг тавбасини қабул қилади, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.

16. (Эй мўминлар), жиҳод қилганларингни, Аллоҳдан ва Пайғамбаридан бошқани дўст тутмаганларингни билмайдигандек Аллоҳ ўз ҳолингизга ташлаб қўйишини ўйладингларми, Аллоҳ барча ишларингдан хабардордир.

Жиҳоднинг шаръий бўлиши ҳикматларидан бири шуки, у туфайли ҳақиқий мўмин билан тилидагина иймон келтирганлар бир-биридан ажралиб қолади. Аллоҳнинг мусулмонларга жиҳодни буюришдан иродаси Ўзининг йўлида моли ва жонини нисор қилувчи, Аллоҳ ва Унинг Расулидан бошқаларни ўзларига йўлбошчи қилмайдиган мусулмонларни аниқлаб олиш эди. Агар жиҳод бўлмаса, тилидагина мусулмон бўлганлар аён бўлмасди, шунинг учун Аллоҳ ҳамиша мусулмонлар иймонини синовдан ўтказиб туради.

17. Ўзларининг кофирликларига гувоҳлик бературиб мушрикларга Аллоҳ масжидларини обод қилиш ярамайди. Уларнинг амаллари беҳуда ва дўзахда абадий қолишади.

18. Аллоҳнинг масжидларини аслида Аллоҳга, қиёмат кунига иймон келтирганлар, намозларини адо этадиган, закотларини берадиганлар ва Аллоҳдангина қўрқадиганлар обод қилишади. Ана шундайларгина ҳидоят топишлари мумкин.

19. Ҳожиларга сув улашиш ва Масжидул-Ҳаромни обод қилишни Аллоҳга, қиёмат кунига иймон келтирган ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилганлар хизматига тенг қиляпсизларми? Булар Аллоҳ ҳузурида тенг эмаслар, Аллоҳ золим қавмни ҳидоят қилмайди.

20. Иймон келтириб ҳижрат қилганлар ва Аллоҳ йўлида молларию жонлари билан жиҳод қилганлар Аллоҳ ҳузурида улуғ даражададирлар, ўшаларгина ютуққа эришишади.

Бир неча саҳобалар Масжиди Набийда (Мадинадаги Пайғамбаримиз масжидларида) ўлтириб, Исломдан кейинги қайси амалнинг афзаллиги ва даражаси улуғлиги ҳақида баҳслашиб туришганида Умар ибн Хаттоб уларни тўхтатдилар. Жума намозидан сўнг Пайғамбаримиздан бу ҳақда сўрашганида бир неча ояти карималар туширилди.

21. Парвардигорлари уларга Ўз раҳмати, розилигини ва доимий неъматларга тўла жаннатини ваъда қиляпти;

22. улар унда абадий қолишади. Албатта буюк мукофотлар Аллоҳ ҳузуридадир.

20-оятда уч нарса: иймон, жиҳод, ҳижрат зикр қилинган эди. Бу уч нарсага уч нарса: Аллоҳ раҳмати, розилиги ва жаннатда абадий қолиш башорати бериляпти.

23. Эй мўминлар, агар иймондан куфрни устун кўришса, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни дўст тутманглар! Сизлардан ким уларни дўст тутса, золимлардан бўлади.

Юқоридаги оятларда жиҳод билан ҳижратнинг фазилатлари баён қилиб ўтилди. Лекин кўпинча инсонларга бу фазилатлардан кўра ота-она, яқинлар ва қариндошларнинг муҳаббати устунроқ кўринади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мусулмонларни бу нарса монеъ бўлиб қолмасин, дея огоҳлантиряпти.

24. (Эй Муҳаммад): "Агар ота-оналарингиз, болаларингиз, ака-укаларингиз, хотинларингиз, қариндошларингиз, топган молингиз, касод бўлишидан қўрққан тижоратингиз, ёқтирган уйларингиз Аллоҳдан, Пайғамбаридан ва Унинг йўлидаги жиҳоддан севимлироқ бўлса, унда Аллоҳнинг амрини кутаверинглар, Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоятга бошламайди", денг.

25. (Эй мўминлар), ҳақиқатда Аллоҳ кўп жойларда сизларни ғолиб қилди, Ҳунайн куни ҳам. Ўшанда кўпчилик эканингиз сизларни ғурурга кетказган, аммо бу фойда бермаган эди. Шундоқ кенг дунё сизларга торлик қилиб қолди, ортга қарамай қочдинглар.

26. Кейин Пайғамбарига ва мўминларга таскинни ҳамда сизларга кўринмайдиган лашкарларини туширди ва кофирларни азоблади, ана шу кофирларнинг жазосидир.

Ҳунайн Маккаи мукаррама ва Тоиф шаҳарлари ўртасидаги бир водий бўлиб, бу ерда ҳижрий 8 (милодий 629) йилнинг шаввол ойида Ҳавозин ва Сақиф қабилалари билан мусулмонлар ўртасида жанг бўлган. Унда душман қўшинлари сони тўрт минг, мусулмонларники эса ўн икки минг эди. Аскарларининг кўплигидан бироз ғурурланган мусулмонлар бошда қўллари баланд келиб турса ҳам, пировардида мағлуб бўла бошлашди. Шунда Аллоҳнинг Ўзи яна карам қилиб, уларга мадад берди.

27. Шундан кейин Аллоҳ хоҳлаганларининг тавбасини қабул қилди. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир.

28. Эй мўминлар, мушриклар ҳақиқатан нажасдирлар, бу йилдан кейин Масжидул-Ҳаромга яқинлашишмасин. Агар муҳтожликдан қўрқсанглар, Аллоҳ истаса, фазли билан сизларни бой қилиб қўяди. Аллоҳ ҳақиқатан билувчи ва ҳикматлидир.

"Бу йил" ҳижрий 9 (милодий 630) йилдир. Мазкур жумланинг икки хил маъноси бор: 1) шу йили Макка фатҳи бўлиб, шаҳарни ва Байтуллоҳни ширк нажаслари ва нопокликларидан тозалаш масъулияти мусулмонлар зиммасига тушди; 2) эй мўминлар, кўриб турибсизларки, мушрикларнинг ҳукмронлик ва зўравонлик йиллари тугади, энди ҳамма нарса сизларнинг қўлингизга ўтди, дейилмоқчи.

29. Аллоҳга, қиёмат кунига иймон келтирмайдиган, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳаром қилган нарсаларни ҳаром санамайдиган, ҳақ динга юрмайдиган китобийлар то бўйсуниб, ўз қўллари билан жизя тўлашмагунича уларга қарши жанг қилинглар.

"Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ҳаром қилган нарсалар" хамр (маст қилувчи ичимликлар), қимор кабилардир. "Жизя" – мусулмонлар қўл остида яшаган китобийларнинг уларга итоат сифатида тўлайдиган махсус солиғи номи.

30. Яҳудийлар: "Узайр Аллоҳнинг ўғли", насронийлар эса: "Масиҳ Аллоҳнинг ўғли", дейишади. Бу уларнинг оғзаки гаплари, худди аввал ўтган кофирларнинг гапига ўхшайди. Уларни Аллоҳ жазоласин, қаёққа ҳам қочишарди?!

"Узайр алайҳиссалом Аллоҳнинг ўғли" деган сафсата Саодат асрида яшаган баъзи яҳудийларнинг ақидаси бўлса ҳам яҳудийларнинг кўпида бундай ақида бўлмаган. Кейинги асрларда баъзи мўътабар мусулмон манбаларига кўра, Фаластин атрофида яшайдиган баъзи яҳудийлар бор эканки, ушбу ақидада бўлишгани учун уларни "азизлар" деган ном билан аташар экан. Насронийларда эса ҳозиргача Исо Масиҳни Аллоҳнинг фарзанди, деган нотўғри гапга ишониб юрувчилар кўпчиликни ташкил этади.

31. Улар Аллоҳни қўйиб, руҳонийлари ва роҳибларини ҳамда Марям ўғли Масиҳни илоҳ қилиб олишди. Ҳолбуки, ягона Илоҳга ибодат қилишга буюрилган эдилар. Ундан ўзга илоҳ йўқ, У шерик қилаётганларидан олийдир.

Китобийларнинг диний олимлари ва таркидунё қилган роҳиблари ўзларича бирор масала хусусида ҳукм чиқариб, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалолга айлантиришганида, яҳудий ва насронийлар буни ўзларига ҳужжат қилиб олишар ва: "Энди Худо бизларни сўроққа тутмайди", деб хотиржам бўлишар эди. Бу билан уларни ягона Илоҳга тенглаштирмоқчи бўлишар, самовий китоблардаги ҳукмларга парво қилишмас эди.

32. Улар Аллоҳ нурини оғиз билан ўчирмоқчи бўлишади, Аллоҳ эса, кофирлар ёқтиришмаса-да, нурини комил қилмай қўймайди.

"Оғиз билан ўчириш"нинг икки хил маъноси бор: 1) қадимда мойчироқлар пуфлаб ўчирилгани каби кофирлар ҳам ўзларига ҳалақит бераётган Аллоҳ нури (дини)ни ўчирмоқчи бўлишади; 2) сохта олим ва роҳиблар Аллоҳдан келган Ҳақиқатни яшириб, одамларни куфр зулматида тутиб туришга қанчалик уринишмасин, Аллоҳ Ўз нурини (яъни динини) мукаммал қилиб, инсонларни иймон саодати сари йўллайверади.

33. Мушриклар ёқтиришмаса-да, У ўз Пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан, уни барча динлардан ғолиб қилиш учун юборган.

34. Эй мўминлар, китобийлар руҳонийлари ва роҳибларининг кўплари одамлар молини ноҳақ ейишади ва Аллоҳ йўлидан тўсишади. Олтин-кумушларни босиб олиб, Аллоҳ йўлида сарфламайдиганларга аламли азоблар хабарини беринглар.

35. Босиб қўйганлари ўша куни дўзах ўтида қиздирилиб, пешона, ёнбош ва орқаларига босилади ва: "Булар ўзингиз учун йиққанларингиз эди, энди тўплаганларингиз "маза"сини бир тотиб кўринглар-чи!", дейилади.

36. Аллоҳ наздида ойлар сони, Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратгандаги Китобига кўра ўн иккитадир. Булардан тўрттасида уруш ҳаром, бу ҳақ ҳукмдир. Бу ойларда ўзларингизга зулм қилманглар, мушриклар сизларга уруш очишсагина, сизлар ҳам уларга қарши жанг қилинглар. Билингларки, Аллоҳ тақводорлар биландир!

Аллоҳ таоло осмонлару Ерни яратган кунда Китобига битиб қўйганига кўра, йилдаги ойлар сони ўн иккита қилиб белгиланган. Булардан тўрттаси: зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам, ражаб ойлари "ҳаром" ойлар, яъни ўша ойда уруш қилиш, қон тўкиш ҳаром қилинган ойлар эди. Шунинг учун мусулмонлар "бу ойларда жанг қилиб, ўзларингизга зулм қилманглар", деб огоҳлантириляпти. Бордию мушриклар уруш очгудай бўлишса, сизлар ҳам уларга қарши уруш қилинглар.

37. "Насийу" куфрнинг энг кучлисидир, у билан кофирлар йўлдан адаштирилади. Улар Аллоҳ ҳаром қилган ойлар сонини ўзларига мослаш учун бир йил ҳалол санашса, иккинчи йили ҳаром қилиб олишади. Уларга бу хунук ишлари чиройли кўрсатилди, чунки Аллоҳ кофирларни ҳидоят қилмайди.

"Насийу" луғатда ортга суриш, кечиктириш маъноларини билдиради. Исломдан олдин ҳам ҳаром ойларда жанг қилиш тақиқланганига қарамай, мушрикларда жаҳолат ва итоатсизлик авжига чиқиб, "насийу" қоидасини ўйлаб топишди. Улардан бир зўр қабила муҳаррам ойида уруш қилишни хоҳлаб қолса, сардорлари ўртага чиқиб: "Биз бу йил муҳаррам ойини ҳаром ойлар ҳисобидан чиқариб, ўрнига сафар ойини ҳаром ой деб эълон қилдик", дерди. Иккинчи йили эса "Бу йил муҳаррам ҳам, сафар ҳам ўз жойида қолди, энди олдинги қоидага амал қиламиз", деб эълон қилар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу ҳийлаларини куфрнинг энг кучлиси, деб баён қиляпти.

38. Эй мўминлар, сизларга нима бўлдики, "Аллоҳ йўлига чиқинглар" дейилса, ерга қапишиб оласизлар? Ёки охиратдан кечиб, дунё ҳаётига рози бўлдингларми? Аммо охират олдида дунё матоҳлари жуда арзимас-ку!

Бу оятда мусулмонлар қаттиқ талаб билан Аллоҳ йўлида жанг қилишга буюрилмоқда. Яна улар огоҳлантириляптики, дунёнинг айш-лаззатларига берилиб, жиҳод каби улуғ бир ишдан маҳрум бўлиб қолиш мўмин-мусулмонлар мартабасига бутунлай номуносиб ишдир. Сизлар ажралишни истамаётган дунё лаззатлари охират мукофотлари олдида сариқ чақага ҳам арзимасдир.

39. Агар чиқмасанглар, Аллоҳ сизларни аламли азоб билан жазолаб, ўрнингизга бошқа қавмни келтиради. Ўзига зарар етказа олмайсизлар, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир.

40. Агар Пайғамбарга ёрдам бермасанглар, кофирлар икки кишининг бири сифатида ҳайдаб чиқаргандагидай Аллоҳ ёрдам беради. Икковлон ғорда туришганида у шеригига: "Хафа бўлма, Аллоҳ биз билан!" деган. Шунда Аллоҳ уларга хотиржамлик туширди ва сизларга кўринмаган лашкарлари билан мадад берди, кофирларнинг сўзини чиппакка чиқарди. Аллоҳнинг сўзигина ҳамиша олий, Аллоҳ қудратли ва ҳикматлидир.

Бу воқеа Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом энг яқин сафдошлари Абу Бакр Сиддиқ (Аллоҳ рози бўлсин) билан маккалик мушриклар таъқибидан қочиб, Ясрибга кетишаётганда содир бўлган. Икковлари Маккадан чиқиб, уч кун тоғдаги ғорда яшириниб туришган. Кофирлар улар изидан таъқиб қилиб борган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло инояти билан кўролмай қайтиб кетишган.

41. (Эй мўминлар), енгил ва оғир туюлса ҳам жангга чиқинглар, молларингиз ва жонларингиз билан Аллоҳ йўлида жиҳод қилинглар! Агар билсанглар, мана шу сизларга яхшидир.

Яъни умумий сафарбарлик чоғида пиёда ё уловдами, фақир ё бойми, ёш ё қарими, қатъи назар, ҳамма душманга қарши урушга чиқиши керак. Ҳеч қандай сабаб-баҳонани рўкач қилмай барча мусулмонлар моллари ва жонларини Аллоҳ йўлидаги урушга сафарбар қилишлари лозим. Бу нарса дунё ва охиратда уларга яхшироқдир.

42. (Эй Муҳаммад), агар осон ўлжа ва яқин сафар бўлганида улар сизга эргашишарди. Лекин масофа узоқ кўринди, ўзларини ҳалок қилиб: "Агар қодир бўлганимизда сиз билан чиқардик", деб Аллоҳ номи билан қасам ичишди. Ҳолбуки, Аллоҳ уларнинг ёлғончилигини билади.

Яъни мунофиқлар жиҳодга чорланса, агар яқин ерга сафар қилинса ва ўлжалар осонгина қўлга кирадиган бўлса, мусулмонларга қўшилиб, жангга боришарди. Бордию сафар Шом каби узоқ ўлкаларга ё машаққатли иссиқ пайтларга тўғри келиб қолса, жиҳоддан қочишар эди. Улар ўзларини ҳалок қилиб беҳуда қасам ичишяпти, Аллоҳ уларнинг ғирт ёлғончилигини яхши билади.

43. Аллоҳ сизни кечирсин, ким ростгўй, ким ёлғончилигини аниқламай туриб, нега уларга ижозат бердингиз?

Мадина мунофиқларидан бир гуруҳи Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига келиб, турли сабаб-баҳоналарни рўкач қилган ҳолда жиҳоддан қолишга ижозат сўрашганида, Сарвари коинот уларга қолишга рухсат бердилар. Шунда Аллоҳ таоло: уларнинг қай бири рост гапиряпти, қайсиниси ёлғон тўқияпти, буни аниқламай туриб ижозат бермасангиз бўларди, деди.

44. Аллоҳга ва қиёмат кунига иймон келтирганлар молларию жонлари билан жиҳод қилишдан қолишга ижозат сўрашмайди, Аллоҳ тақводорларни билади.

45. Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонмайдиганлар ҳамда дилларига шубҳа тушиб, иккиланаверадиганларгина сиздан ижозат сўрашади.

46. Агар чиқишни исташганида унга тайёргарлик кўрган бўлишарди. Лекин Аллоҳ уларнинг чиқишларини истамай, боришдан тўсди ва: "Ўтирганлар билан қолаверинглар!", деди.

Мунофиқларда иймон бўлмагани учун ёлғон узрлар баҳонасида жиҳоддан қолишади, агар чиқишни хоҳлашганида унга ҳозирлик кўришарди. Шунинг учун Аллоҳ таоло уларнинг мунофиқлигини билгани учун йўлларини тўсиб: "Сизлар уйда қолган кексалар, аёллар ва болалар билан қолаверинглар", деган.

47. Агар чиқишганида ҳам бузғунчиликдан бошқасини қилишмас, ораларингизга фитна солишга уринишар эди. Ичларингизда уларга қулоқ соладиганлар ҳам бор, Аллоҳ золимларни билади.

Яъни, мунофиқлар сиз билан бирга жангга боришганида ҳам номардликлари билан мусулмонларга катта зарар етказган бўлишар эди. Чунки улар тинч юрмай, мусулмонлар орасида бузғунчилик қилиш, ёлғон хабарлар тарқатиш, дилларига қўрқув ва шубҳа солиш билан шуғулланишни ёқтиришади. Ичларингизда уларга маълумот етказиб турадиган ва гапларига қулоқ соладиган содда инсонлар ҳам бор, аммо уларнинг зарари тегмайди, чунки Аллоҳ ким золимлигини яхши билади.

48. Олдин ҳам, улар ёқтиришмаса-да ҳақ қарор топиб, Аллоҳнинг амри ғолиб бўлгунича фитна қўзғашар, ишларингизни остин-устун қилишар эди.

Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага кўчганларида яҳудийлар ва мунофиқлар у зотга қарши турли фитна ва душманликлар қилиб кўришди. Улар орасида айниқса қавмининг раҳбарларидан Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул ва Жадд ибн Қайс каби мунофиқлар ҳаддан ошишди. Бадр жангида куфр ва ширк устунлари йиқилиб, Аллоҳнинг ҳақ дини қарор топгач, улар норозилик ва душманликларини ичга яшириб, имконият топилиши билан мусулмонлар орасида фитна қўзғаш, зарар етказиш пайидан бўлишарди.

49. Уларнинг: "Менга ижозат беринг, фитнага солманг", дейдиганлари ҳам бор. Огоҳ бўлсинларки, улар фитнага тушишган, жаҳаннам кофирларни албатта ўраб олувчидир.

Табук ғазотига йўлга чиқилаётганида мунофиқлардан Жадд ибн Қайс Пайғамбар алайҳиссаломга: "Жиҳоддан қолишимга рухсат беринг, чунки мен чиройли аёлларга ўчроқман, Румнинг сарғиш аёлларини кўриб, ўзимни тутолмай фитнага тушиб қолишим мумкин", деб баҳона қилган. Баъзи уламолар бу оят фақат Жаддга эмас, балки бутун мусулмонларга қаратилган, дейишади.

50. (Эй Муҳаммад), агар сизга бир яхшилик бўлса, улар ғамгин бўлишади, агар бирор мусибат етса: "Олдиндан бунинг тадорикини кўргандик", деб хурсанд кетишади.

51. "Бизларга Аллоҳ ёзганидан бошқаси келмайди, У хожамиздир, мўминлар Аллоҳгагина суянишсин", денг.

52. "Бизларга бўладиган икки яхшиликдан бирини кутяпсизлар, бизлар эса Аллоҳнинг Ўз ҳузуридан ёки бизнинг қўлимиз билан сизларга бир жазо юборишини кутяпмиз. Кутаверинглар, биз ҳам сизлар билан кутаверамиз", денг.

Жангга чиққан мусулмонларга икки яхшиликдан бири албатта бўлади: улар ё Аллоҳ йўлида жиҳод қилиб шаҳид бўлишади ва олий мукофот – жаннатга эришишади ёки жангда ғолиб чиқиб, зафар ва ўлжаларни қўлга киритишади. Жангдан қочган мунофиқларни эса, Аллоҳнинг Ўзи самовий азоб билан ҳалок қилади ёки мусулмонлар қўли билан ўлдиртиради.

53. "Ихтиёрий ёки мажбуран эҳсон қилсангизлар ҳам сизлардан қабул қилинмайди, чунки сизлар ҳақиқий фосиқ қавмларсиз", денг.

54. Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришгани, намозга хушламай келишгани, ноиложликдан хайр-садақа қилишгани уларнинг эҳсонлари қабул қилинишини тўсган нарсалардир.

Айрим мунофиқлар Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, ўзим жиҳодга чиқа олмайман, лекин молиявий жиҳатдан сизларга ёрдам бераман", дейишганида юқоридаги оят тушган. Яъни, иймон ва эътиқоди бўлмаган кимсаларнинг эҳсон-ёрдамлари ҳар қандай ҳолатда ҳам қабул этилмайди, чунки уларнинг кофирликлари очиқ-ойдин кўриниб турибди.

55. Уларнинг мол-дунёси ва болалари кўплиги сизни ажаблантирмасин, зеро, Аллоҳ уларни дунё ҳаётида азоблашни ва кофирликда жон беришларини хоҳлайди, холос.

Яъни, Аллоҳ таоло динсиз-кофирларга дунё ҳаётида кўпгина мол-дунё ва фарзандларни, обрў ва шон-шуҳратни бериб қўйганига ажабланиб юрманглар. Аллоҳ уларни шу дунёдаёқ жазолаш учун шундай тадбир қилган: улар бойликлари ва фарзандлари ғамида ўралашиб, доимо уларни ўйлаб ҳаётларини бой беришади, на тавба қилишади, на бир солиҳ амал. Охири кофир ҳолларида жон таслим қилишади.

56. Улар: "Сизларданмиз", деб Аллоҳ номига қасам ичишади, лекин сизлардан эмаслар, қўрқоқ бир қавмдирлар.

57. Улар ғорми, бош суқар жойми, бирор бошпана топишганида ўша томонга чопишарди.

58. Уларнинг садақа тақсимотида сизни айблайдиганлари ҳам бор, улар ўзларига садақа тегса хурсанд бўлишади, берилмаса, ғазабланишади.

59. Агар Аллоҳнинг ва Пайғамбарининг берганларига рози бўлишганида ва: "Аллоҳ бизларга кифоя, Аллоҳ Ўз фазлидан беради, Унинг Пайғамбари ҳам. Бизлар албатта Аллоҳ розилигини истаймиз", дейишганида яхши бўларди.

60. Садақалар фақат фақирларга, мискинларга, садақа йиғувчиларга, диллари улфат қилинадиганларга, тутқунларни озод қилишга, қарздорларга, Аллоҳ йўлига ва мусофирларгадир. Аллоҳ шуни буюрган, Аллоҳ билувчи ва ҳикматлидир.

"Садақа" деганда "закот" назарда тутилган. Ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммаддан (алайҳиссалом) ривоят қилинишича, Аллоҳ садақа-закотлар тақсимотини у зотга ёки бошқаларга топширмай, Ўзи бунга қуйидаги ҳақдорларни тайин этган: 1) фақирлар, яъни еб-ичгулиги бўлса-да, ўзи закот беришга қодир бўлмаганлар; 2) мискинлар, яъни ҳеч нарсаси бўлмаган ғирт қашшоқлар; 3) садақа йиғувчилар, яъни закот-садақаларни одамлардан йиғиб, расмийлаштириб, бошқаларга тарқатишда хизмат қиладиганлар; 4) диллари улфат қилинадиганлар, яъни Исломга янги кирган ёки киришидан умид қилиниб турилганлар. Бу Ислом динини қувватлантириш учун эди, аксари уламолар Пайғамбаримиз вафотларидан кейин бунга ҳожат қолмаган, деб ҳисоблашади; 5) тутқунлар, яъни қуллар ва асирларни озод қилишга тўлаш учун; 6) қарздорларнинг қарзларини узишга; 7) Аллоҳ йўлига, Унинг йўлида жиҳод қилаётганларга, ҳажга кетаётганларга ёки Аллоҳ динини ёйишда ҳаракат этаётганларга; 8) мусофирларга, яъни ватанларида бой бўлишса ҳам сафарда муҳтож бўлиб қолганларга. Ҳанафий мазҳаби уламолари юқоридаги саккиз тоифани садақа олишга тамоман ҳақли ҳисоблашади.

61. Улар орасида Пайғамбарга озор берадиган ва: "У қулоқ" дейдиганлари ҳам бор. "У сизларга яхши бўлишига қулоқдир, у Аллоҳга ишонади, мўминларга ишонади ва иймон келтирганларингизга раҳматдир!" денг. Аллоҳ Пайғамбарига озор берувчиларга аламли азоб бор.

Пайғамбаримиз олий хулқ эгаси бўлганлари учун ҳар бир кишининг гапини эътибор билан тинглаб, ҳамма билан хуш муомалада бўлардилар. Ҳасадгўй мунофиқлар у зотнинг бу фазилатларини ҳам ёмонга чиқариб, фитна қилишди, "у эшитган нарсасига ишонаверадиган, ҳаммага қулоқ солаверадиган қулоқдир", деб масхара қилишди. Ваҳоланки, Пайғамбар алайҳиссалом умматга яхшилик бўлиши учун раҳмат ўлароқ юборилган элчидирлар.

62. (Эй мўминлар), улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳ номига қасам ичишади. Агар иймонли бўлишганида, Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини рози қилишлари яхшироқ эди.

63. Ким Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари чизиғидан чиқса, унга албатта абадий қолинадиган жаҳаннам ўти бўлишини билмасмикин?! Улкан шармандалик ана шудир!

64. Мунофиқлар дилларидаги нарсани билдирадиган сура тушишидан қўрқишади. "Калака қилаверинглар, қўрқаётган нарсангизни Аллоҳ рўёбга чиқаради", денглар.

65. Улардан сўрасанглар: "Бизлар баҳслашиб-ҳазиллашаётгандик, холос", дейишади. "Аллоҳни ва Унинг Пайғамбарини калака қилмоқчимидингизлар?!" денглар.

66. (Эй мунофиқлар), узр сўраманглар, иймонингиздан кейин яна куфр келтирдинглар. Бир тоифангизни авф этсак-да, бошқа бир тоифани гуноҳлари сабабидан жазолаймиз.

Яъни, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини калака қилганлардан ким қилмишига пушаймон бўлиб, астойдил тавба қилса кечирилади, тавба қилмаганлар эса гуноҳлари учун қаттиқ азобга гирифтор бўлишади.

67. Мунофиқ эрлар ва мунофиқ аёллар бир хил: ҳаммалари ёмонликка буюришади, яхшиликдан қайтаришади ва бахиллик қилишади. Улар Аллоҳни унутишди, энди Аллоҳ ҳам уларни унутади, шубҳа йўқки, мунофиқлар фосиқдирлар.

Мунофиқларнинг бахиллиги шундаки, Аллоҳ таоло уларга беҳисоб мол-дунёни бериб қўйса ҳам Аллоҳ розилиги йўлида, яхши ишларга сарф қилишмайди. Улар Аллоҳга илтифот кўрсатмай, раҳматини унутишгани каби Аллоҳ ҳам уларни раҳматидан бебаҳра қолдириб, ўз ҳолларига ташлаб қўяди.

68. Аллоҳ мунофиқ эрларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга абадий қолинадиган жаҳаннам оташини ваъда қилган. Бу уларга муносиб жазодир! Аллоҳ уларни лаънатлади, уларга доимий азоб бордир.

69. (Эй мунофиқлар), худди олдингиларга ўхшайсизлар. Улар сизлардан кўра қувватлироқ, мол-дунё ва фарзандлари кўпроқ эди. Улар насибаларидан лаззатланишди, сизлар ҳам олдин ўтганлар каби насибангиздан лаззатландинглар, улар шўнғиган нарсага шўнғидинглар. Уларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетди ва уларгина зиён кўрувчилардир.

Яъни, олдин ўтган қавмлар дунё лаззатларига ғарқ бўлиб, охиратни буткул унутган, бу дунёдан оладиганларини тамоман олиб бўлишган эди. Эй мунофиқлар, сизлар ҳам барча кирдикорларингиз билан уларга ўхшадингиз, улар каби дунёга маст бўлдингиз, аммо шуни билингки, уларга Аллоҳ тарафидан қандай жазо келган бўлса, сизлар ҳам шундай азобга гирифтор бўласизлар.

70. Ўзларидан олдин ўтганлар, Нуҳ, Од, Самуд қавмлари, Иброҳим қавми, Мадян аҳолиси ҳамда яксон қилинган шаҳарлар хабари келмаганмиди?! Уларга пайғамбарлари очиқ-ойдин далиллар билан келишганди. Аллоҳ ўшанда зулм қилмади, улар ўзларига зулм қилишди.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссалом қавмини тўфон балоси билан, Од алайҳиссалом қавмини қайноқ шамол билан, Самуд қавмини қаттиқ қичқириқ билан ҳалок қилган, Иброҳим алайҳиссаломни омон қолдириб, қавмларини ғам-ташвиш ва шармандалик билан жазолаган, Мадян аҳолиси (Шуайб қавми) ни кучли овоз ва зилзила ёрдамида буткул йўқ қилиб юборган, Лут алайҳиссалом қавми яшаган Садум ва Ғоморра шаҳарларини ер билан битта қилиб яксон этган эди. Чунки улар пайғамбарлари келтирган очиқ-равшан далилларни кўриб-билиб ҳам Аллоҳга осийлик қилишган эди.

71. Мўминлар ва мўминалар бир-бирларига ҳамкордирлар: яхшиликка буюришади, ёмонликдан қайтаришади, намозларини адо этишади, закотни беришади ҳамда Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига итоат қилишади. Аллоҳ уларга раҳм қилади, Аллоҳ ҳақиқатан қудратли ва ҳикматлидир.

72. Аллоҳ мўминлар ва мўминаларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи, абадий яшаладиган жаннат боғларидаги оромбахш масканларни ваъда қилган. Аллоҳ розилиги ҳаммасидан олийдир, ана шу улкан мукофотдир!

Юқорида мунофиқ эрлар ва мунофиқ хотинларнинг сифатлари зикр қилинган эди. Энди бу ўринда мўмин эрлар ва мўмина хотинларга хос васфлар баён қилинмоқда. Айтиляптики, улар кишиларни яхшиликка чорлашади, ёмон ишлардан қайтаришади, намозларини барча арконларига риоя этиб тўкис адо этишади, закотларини беришади. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари амр-фармонларининг ҳар бирига сўзсиз бўйсунишади, бу ишларда бир-бирларига ёрдам беришади. Шунинг учун улар илоҳий раҳматга мушарраф бўлишади. Аллоҳ таоло уларга мангу яшаладиган, остларидан анҳорлар оқиб турувчи жаннат боғларини, улардаги доимий ором-фароғат масканларини ваъда қилган. Жаннатда улар Аллоҳнинг меҳмони сифатида барча неъматлардан баҳраманд бўлишади. Уларга жаннат неъматларидан ҳам улуғ мукофот – Аллоҳ таолонинг розилиги ва хушнудлиги насиб этади.

73. Эй Пайғамбар, кофирлар ва мунофиқларга қарши жиҳод қилинг ва уларга қаттиқққўл бўлинг. Уларнинг жойи жаҳаннамдир, бу қандайин ёмон қисматдир!

74. Улар гапирмадик, деб Аллоҳ номи ила қасам ичишади. Ҳолбуки куфр сўзини айтишган, Исломдан кейин яна куфрга қайтишган ва эришолмайдиган нарсаларига қасд қилишган. Улар фазлидан бой қилиб қўйгани учунгина Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини ёмон кўришади. Агар тавба қилишса ўзларига яхши бўлади. Бордию бош тортишса, Аллоҳ уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли жазо беради, Ер юзида уларга бирор дўст ё мададкор бўлмайди.

Ушбу воқеа Пайғамбар алайҳиссалом Табук ғазотидан қайтиб келаётганларида содир бўлган. Фахри коинот одамларга тоғ йўлидан юражакларини маълум қилганларида, юзини яширган бир гуруҳ отлиқ мунофиқлар у зотга суиқасд қилишни режалайдилар. Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини паноҳида асрагани учун душман режаси йўққа чиқади. Аллоҳ таоло мунофиқларнинг илгари ҳам куфрона сўзларни айтиб кейин бундан тонишганини, Ўзининг фазли билан бой-бадавлат қилиб қўйганига қарамай, улар ҳамиша Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига душманлик қилишларини эслатмоқда. Парвардигории олам уларни огоҳлантиряптики, агар тавба қилиб, Аллоҳга, Унинг Пайғамбарига итоатда бўлишса, ўзларига фойда, аммо аксинча йўл тутишса, икки дунёда ҳам Аллоҳнинг қаттиқ жазсига гирифтор бўлишадики, бунда уларга ҳеч ким ёрдам бера олмайди.

75. Улар орасида: "Агар У фазли билан бой қилса, садақалар бериб, яхши инсонлардан бўламиз", дея Аллоҳга ваъда берувчилар бор.

76. Аллоҳ фазлидан берганида эса бахиллик қилиб, бош тортиб кетишди.

77. Шунда Аллоҳга берган ваъдаларини бузишгани ва ёлғон гапиришгани учун Ўзига рўбарў келинадиган кунгача улар дилида мунофиқлик бўлишини қисмат қилиб қўйди.

Ояти карима Саълаба ибн Хотиб Ансорий билан боғлиқ воқеа муносабати билан тушган. У Пайғамбар алайҳиссаломга: "Дуо қилинг, Аллоҳ менга кўп мол-давлат берсин", деб мурожаат қилади. Фахри коинот шукри қилинган оз молнинг серташвиш кўп молдан афзал эканини айтиб, уни бундан қайтармоқчи бўладилар. Аммо Саълаба қайта-қайта сўрайвергач, уни дуо қилдилар. У ниҳоятда бойиб кетди, мол-дунёга ҳирс қўйиб, берган ваъдаларини унутди, ҳатто закот беришдан бош тортди. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом уни дуоибад қилдилар. Қўрқиб кетган Саълаба закотини олиб келди, лекин жаноб Пайғамбаримиз уни олмадилар. У зотдан кейин ҳар бир халифага закотини келтирди, улар ҳам олишмади. Саълаба Ҳазрати Усмон даврларида вафот этди.

78. Аллоҳ уларнинг сирларию яширинча гапларини ҳам, барча ғайбий нарсаларни ҳам билувчи эканини англашмасмикин?

79. Мўминлардан ихтиёрий садақа қилувчиларни ва зўрға топган-тутганидан берувчиларни айблаб масхаралайдиганларни Аллоҳ масхаралаб қўяди ва уларга аламли азоблар бор.

Табук ғазоти олдидан Пайғамбар алайҳиссалом саҳобаларни Аллоҳ йўлида эҳсон қилишга чақирганларида Абдураҳмон ибн Авф тўрт минг тилла танга, Абу Ақийм исмли фақир бир саҳоба эса бир соъ (2,5 килога яқин) хурмо келтириб беради. Мунофиқлар Абдураҳмон ибн Авфни "одамлар кўрсинга садақа қилган", Абу Ақиймни эса "Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари манавининг бир соъ хурмосига зорми" қабилида масхара қилишади. Уларга жавоб тариқасида ушбу ояти карима тушган.

80. (Эй Муҳаммад), улар учун кечирим сўрасангиз ҳам, сўрамасангиз ҳам барибир, ҳатто етмиш марта кечирим сўрасангиз ҳам Аллоҳ уларни асло мағфират қилмайди. Бу уларнинг Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига куфр келтирганлари учундир. Аллоҳ итоатсиз қавмни ҳидоят қилмайди.

Яъни, сиз мунофиқларни кечиришни сўраб қанчалар дуо қилманг, кофирликлари учун Аллоҳ таоло уларни асло кечирмайди, тўғри йўлга бошламайди.

81. Жиҳоддан қолганлар Аллоҳ Пайғамбарига итоатсизлик билан бормай қолишганига хурсанд бўлишди, Аллоҳ йўлида моллари ва жонлари билан жиҳод қилишни ёқтиришмади ва: "Иссиқда нима бор?" дейишди. "Жаҳаннам оташи бундан-да иссиқ!", денг. Буни англашса эди!

82. Бироз кулиб туришсин, ҳали қилмишлари учун кўп йиғлашади.

83. Аллоҳ улардан бир тоифасига сизни рўпара қилганида урушга чиқишга сиздан ижозат сўрашса: "Мен билан асло чиқмайсизлар ва мен билан бирга ҳеч қачон душманга қарши жанг ҳам қилмайсизлар, олдинги сафар чиқмасликка рози эдинглар, энди ҳам қолаверинглар", денг.

Пайғамбар алайҳиссалом мунофиқларни урушга чақирганларида улар биринчи сафар қийинчилик ва иссиқдан қочиб, бемор, кекса ва заиф кишилар қатори уйларида қолишди. Аллоҳ Ўз Пайғамбарига Табукдан қайтилгач, келаси урушга чиқишга изн сўрашса, юқоридагидай жавоб қайтаришни таълим беряпти.

84. Ва улардан ўлганларнинг бирортасига ҳам жаноза ўқиманг ва қабри тепасида турманг. Чунки улар Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига куфр келтиришди ҳамда фосиқларча ўлишди.

Мазкур ояти карима Абдуллоҳ ибн Ватий воқеасидан сўнг тушган, чунки Пайғамбар алайҳиссалом унинг жанозасини ўқиётган эдилар. Бу оят тушгач, ҳеч бир мунофиққа жаноза намози ўқишга ижозат қолмади. Жанозасини ўқиш, қабри тепасида туриш марҳумни ҳурматлаш ва эъзозлаш, мунофиқлар эса бунга муносиб эмас.

85. Уларнинг мол-дунёлари ва фарзандлари кўплиги сизни таажжубга солмасин. Аслида Аллоҳ шу сабабли уларни дунёда азоблашни ва кофир ҳолларида жонлари чиқишини истайди.

86. "Аллоҳга иймон келтиринглар ва Унинг Пайғамбари билан жиҳод қилинглар" деган хабар туширилганида уларнинг бадавлатлари: "Бизларни қўяверинг, қолувчилар билан бирга бўлайлик", деб сиздан ижозат сўрашади.

87. Улар хотин-халаж билан қолишга ҳам рози бўлишди, шунда дилларига муҳр урилдики, буни англашмайди.

Қуръони каримнинг қай бир сурасида "тўла иймон келтиринглар ва чин ихлосли бўлинглар", дейилган бўлса, бунинг улуғ кўриниши Саййиди олам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга жиҳодга чиқишда намоён бўлади. Лекин бой-бадавлат ва барча имкониятларга эга мунофиқлар шундай буюк мақомга эришиш ўрнига ёлғон узрларни пеш қилишди, номардлик қилиб, уйдаги хотин-халаж ва ожизлар билан қолишга ҳам рози бўлишди. Ёлғонлари ва итоатсизликлари касофатидан диллари шунчалик қаттиқ муҳрландики, катта-катта айблари кўзларига кўринмай қолди, жиҳоднинг фазилатини англашмади, уйда қолишдан уялиш ўрнига жонларини ва молларини асраб қолишганига ҳатто хурсанд ҳам бўлишди.

88. Лекин Пайғамбар ва у билан иймон келтирганлар моллари ва жонлари ила жиҳод қилишди. Барча яхшиликлар уларгадир, ўшаларгина нажот топишади.

89. Аллоҳ уларга остларидан анҳорлар оқиб турувчи ва абадий қолинадиган жаннатларни тайёрлаб қўйган, ана шу энг улуғ саодатдир!

90. Саҳройиларнинг узр туфайли изн сўровчилари келишди, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ёлғон гапирганлари эса уйда қолишди. Уларнинг кофирларига аламли азоб етади.

91. Аллоҳга ва Пайғамбарига содиқ бўлишса, нотавонларга, беморларга ва харжлайдиган нарсаси йўқларга гуноҳ бўлмайди, яхшилик қилувчилар айбланмайди. Аллоҳ кечирувчи ва меҳрибондир!

92. Сиздан улов сўраб келишганида: "Сизларни миндирадиган ҳеч нарсам йўқ-ку!" деганингизда ғамгин бўлиб, кўзидан ёш оқизиб кетганларга ҳам таъна қилинмайди.

93. Бадавлат бўлатуриб, сиздан ижозат сўрайдиганларни таъна қилиш керак. Улар хотин-халаж билан қолишга рози бўлишди. Аллоҳ улар дилига муҳр урди, ҳеч нарсани билишмайди.