A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
011. Ҳуд сураси
PDF Босма E-mail

800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4

Маккада тушган, 123 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Алиф, лам, ро. Бу ҳикматли ва хабардор Зот ўзгармас оятларини муфассал баён қилган ва тушунтирган Китобдир.

Яъни  оятлари қиёматгача асло ўзгармайдиган Қуръони Карим инсониятни яккаю-ягона Аллоҳ таолонинг ибодатига чақириш учун юборилган. Аллоҳ таоло Китобида Ўзининг амр-фармонлари, қайтариқларини очиқ-равшан ва муфассал баён этиб қўйган. Буларни бандаларига етказиш учун пайғамбарларини ер юзига йўллаган.

2. (Эй Муҳаммад), айтинг: «У Аллоҳдан бошқасига сиғинмасликни ўргатади. Ҳақиқатан мен Унинг огоҳлантирувчиси ва суюнтирувчисиман.

3. Парвардигорингиздан мағфират тиланглар, маълум муддатгача сизларни яхшиликлардан фойдалантириши, ҳар бир муносибига Ўзининг фазлидан бериши учун Унга илтижо қилинглар, агар бундан юз ўгирсангиз, улуғ Кундаги азобланишингиздан қўрқаман.

4. Аллоҳга қайтасизлар, У эса ҳамма нарсага қодирдир».

5. Мана, Ундан беркитиш учун дилларидагини яширишади. Лекин билишмайдики, кийимларига ўраниб олишса ҳам, У нимани яшираётганларини ҳам, дилларидаги пинҳон сирларини ҳам билади.

Имом Бухорийнинг Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, ушбу ояти карима карамли саҳобалардан бўлган ҳаёли зотлар ҳақида туширилган.

ЎН ИККИНЧИ ЖУЗ

6. Ер юзида Аллоҳ ризқ бермаган бирор ўрмаловчи жонзот йўқдир. У қароргоҳларини ҳам, оромгоҳларини ҳам билади. Ҳаммаси очиқ-ойдин Китобдадир.

Яъни Ер юзида қимирлаган бирор махлуқ йўқки, ризққа (еб-ичишга, маскан ва кийимга, тўғри йўлга йўлланишга) муҳтож бўлмасин. Барча жонзотга кундалик ризқини етказиб туришни Аллоҳ таоло фазли-карами билан зиммасига олган. Кимга қанча ва қачон ризқ ато этишни Унинг Ўзи билади. Бандаларнинг тирикчилик ғамида елиб-югуришлари ана шу илоҳий ризқнинг дарвозасидир, холос. Уламолар ояти каримадаги «қароргоҳ»ни банданинг бу дунёдаги турар жойи ёки ота-онасининг пушти камари деб, «оромгоҳ»ини эса  қабри ёки онасининг бачадони, деб изоҳлашган. «Очиқ-ойдин Китоб»дан мурод, Лавҳул Маҳфуздир (Юнус сураси 61-оят  изоҳига қаранг).

7. У қайсинингизнинг амали яхшилигини синаш учун осмонлару ва Ерни олти кунда яратди, Арши сув устидадир. (Эй Муҳаммад), агар «Ўлгандан кейин, албатта, қайта тириласизлар», десангиз, кофирлар: «Бу сеҳрдан бошқа нарса эмас!» дейишади.

Сув ҳамма нарсага ҳаёт манбаи бўлиб хизмат қилиши учун осмонлар ва Ердан олдин сув яратилган: «Важаална минал маи куллий шайъин». Ўша пайтда Аллоҳнинг Арши сув устида бўлган, ҳозир осмонлар устидадир. Аллоҳ таолонинг бутун оламларни яратишдан, бу қадар ажойиб ва ўзгармас низом асосида бошқаришдан муроди  инсонларнинг Ер юзини обод қилиш йўлида, Аллоҳнинг буюк мўъжизалари ва яратиш ҳикмати ҳақида тафаккур билан Унинг розилигини топиш учун қандай яхши ишлар қилишларини имтиҳон қилиш эди. Модомики дунё ҳаёти бир синов экан, имтиҳондан яхши ўтганлару ўта олмаганларни ҳисоб-китоб қиладиган жой ҳам бўлиши аниқ. Бу жой Аллоҳ таоло яратганидан кейин вафот этиб, яна қайта тирилувчи барча инсонларнинг тўпланадиган ери бўлмиш охират майдонидир. Макка мушриклари Қуръони Каримдан ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тилларидан Қиёмат воқеаларини эшитганларида доимо таажжубга тушиб, «Бу гаплар сеҳр-жодудан бошқа нарса эмас», дейишган.

Ақида китобларида келтирилишича, Арш оёқли бир тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб туришади. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ, уни Ўзи билган ҳикмат учун яратган. Аршга ишонамиз, аммо унинг ҳажми, ҳолати, сифатини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади.

8. Агар уларга азобни маълум муддатга кечиктирсак, балки «уни нима тўхтатиб турибди?» дейишар?! Огоҳ бўлишсинки, азоб келадиган кунда ҳеч нарса ундан тўсолмайди ва улар ўзлари масхара қилган нарсалар билан чирмаб олинади.

9. Ҳақиқатан, Биз инсонга бирор неъматни бериб, сўнг ундан тортиб олсак, у, албатта, ноумид ва ношукр бўлади.

10. Агар унга кулфат етганидан кейин неъматларимиздан тоттириб қўйсак: «Энди кулфатларим ариди», дейди ва хурсанд бўлиб керилади.

11. Сабр кўрсатиб, яхшиликлар қилувчилар бундан мустасно. Ана шуларга мағфират ва катта мукофотлар бор.

Кофир ва мушрикларга, Аллоҳ таолога итоатсизлик қилувчиларга Унинг қаттиқ азоби келиши муқаррардир. Азобни қачон юбориш эса Ўзининг ихтиёридадир. Шўрлик гуноҳкорлар Парвардигор берган муҳлатдан фойдаланиб қолиш ўрнига беҳуда эътирозлар ва масхара қилишлар билан баттар гуноҳларини кўпайтиришади. Улар билишмайдики, агар Аллоҳ таолонинг азоби келиб қолса, уларнинг жонларини бир лаҳзада олиб қўяди. Инсонларда яна шундай кайфият ҳам бор: Аллоҳ таоло ато этиб қўйган неъматлар ва яхшиликларнинг қадрига етишмайди-да, бир кун келиб бу неъматларни тортиб олса, бундан ҳушёр тортиш ва ўзини ўнглаш, тавба қилиб, Парвардигорга ёлбориш ўрнига дарров маъюс тортиб, тушкунликка тушишади. Агар Аллоҳ таоло уларга нажот бериб, кулфат ва машаққатларини аритиб қўйса, тезда бу марҳаматни унутиб, яна беҳуда ғурур ва нодонликларига боришади. Лекин сабрли, солиҳ амаллар қилувчи бандалар бундай эмаслар, уларга Аллоҳ таолонинг мағфирати ва катта мукофотлари насиб бўлади.

12. (Эй Муҳаммад), балки уларнинг: «Унга нега хазина туширилмаган ё нега бир фаришта келмаган?» дейишгани учун ўзингизга ваҳий қилинган нарсаларнинг баъзисидан кечиб, юрагингиз сиқилаётгандир?! Сиз огоҳлантирувчисиз холос, ҳамма нарса Аллоҳнинг зиммасидадир!

Яъни  ваҳийнинг баъзи ўринларини қабул қилиб, баъзиларини тарк этиш Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) эътиқодларига зид нарсадир, у Зот асло бундай қилмайдилар ҳам. Ушбу ояти карима у кишига ва Расулуллоҳ орқали бутун инсонларга тасалли, панд-насиҳат бўлиб келяпти. Мушрик ва кофирларнинг сиз ўқиб эшиттираётган оятларга аҳамият бермасликлари, уларнинг: «Агар Муҳаммад чин Пайғамбар бўлганида Аллоҳ унга катта бойлик-хазиналарни бериб қўйган ёки унга бирор фариштани юборган бўларди!» деган иддаолари сизни оятларимизни тўла етказишдан иккилантирмасин, сиз бундай таъналарга парво қилмай, зиммангиздаги вазифани адо этаверинг, сизнинг бурчингиз гуноҳкорларни ёмон оқибатдан огоҳлантириш, холос, қолган барча ишларга Аллоҳ таолонинг Ўзи мутасаддидир.

13. Ёки: «Буларни ўзи тўқиган», дейишяптими? Унда: «Агар ростгўй бўлсангиз, Аллоҳдан бошқа кимни бўлса ҳам чорлаб, шунга ўхшаш ўнта сурани тўқинглар-чи!» денг.

Яъни  эй мушриклар, агар Қуръони Карим мен тўқиган нарса бўлса, у ҳолда сиз Аллоҳ таолога шерик қилаётган бутларингизнинг барини тўплаб, шунга ўхшаш ўнтагина сурани тўқиб кўринглар-чи! Аслида буни арабларнинг энг кучли сўз усталари ҳам асло уддалай олишмайди. Шундай бўлгач, бунинг илоҳий Китоб эканига нега ишонмайсизлар, ундаги амр-фармонларни бажаришга нега итоатсизлик қиласизлар?

14. Агар улар жавоб бера олишмаса, билингки, Қуръон Аллоҳнинг илми билан туширилган. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқдир! Энди мусулмон бўларсизлар?!

Бут-санамларингиз бу таклифга жавоб бера олмайди, улар бирор сурага ўхшаш нарсани келтира олмайди ҳам. Чунки Қуръони Карим Аллоҳ таоло ҳузуридан, Унинг илми билан туширилган. Унда ўзга бирор илоҳ йўқдир! Шу далиллардан кейин энди Исломга кирарсизлар?!

15. Ким дунё ҳаёти ва унинг зийнатларини истаса, қилмишларига ярашасини берамиз, бунда зиён кўришмайди.

16. Уларга охиратда оловдан бошқа насиба йўқ ва бу дунёдаги ишлари фойдасиз, қилган барча амаллари беҳудадир.

17. Парвардигоридан аниқ ҳужжатга эга бўлган, кетидан Унинг гувоҳи келиб хабар берган, бунгача Мусонинг китоби дастур ва раҳмат бўлиб турган кишилар улар билан тенг бўлармиди? Ана шундайларгина Қуръонга ишонишади. Қавмлардан ким уни инкор қилса, борар жойи дўзахдир. (Эй Муҳаммад), бу ҳақда шубҳага борманг, чунки унинг Парвардигорингиздан келгани ҳақдир, лекин кўплар ишонишмайди.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг охирги Китобидир, Китобдаги амр-фармонлар қиёматгача инсонларга дастуриламалдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва у Зотнинг умматлари бунга иймон келтиришган. Қуръони Каримнинг илоҳий дастур эканига Парвардигорнинг биринчи гувоҳи Жаброил алайҳиссалом бўлсалар, иккинчи гувоҳ Мусо алайҳиссаломга туширилган Тавротдир. Ким Қуръонга ишонса, икки дунё саодатига эришади, ким уни инкор этса, бундайларнинг борар жойи абадий азоб макони дўзахдир.

18. Аллоҳга туҳмат қилувчидан ҳам золимроқ ким бор? Бундайлар Парвардигорга рўбарў бўлишганида, гувоҳлар: «Туҳматчилар мана шулардир!» дейишади. Огоҳ бўлинглар, Аллоҳнинг лаънати золимларгадир.

Ояти каримадаги «гувоҳлар» Аллоҳ таолонинг фаришталаридир. Улар пайғамбарларнинг инсонларни ҳақ йўлга чақиришгани, кофирларнинг эса буни инкор этишганига гувоҳлик беришади ҳамда уларнинг «Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи ёзган», деб Аллоҳ шаънига туҳмат қилиб, Унинг Пайғамбарини ёлғончига чиқаришганини исбот этишади.

19. Бундайлар Аллоҳнинг йўлидан қайтармоқчи ва чалғитмоқчи бўлишади ва охиратга ишонишмайди.

20. Улар ер юзида қочиб қутулишолмайди, Аллоҳдан бошқа ҳимоячи ҳам бўлмайди. На эшитишга қодир бўлмаганлари, на кўрмаганлари учун азоб кўпайтириб берилади.

Юқоридаги икки ояти каримада тавсифланганлар золим мушриклардир. Улар ўзларининг гуноҳлари етмай, бошқа кишиларни ҳам Аллоҳ таолонинг ҳақ йўлидан тўсмоқчи ёки чалғитмоқчи бўлишади. Ўзлари охиратга ишонишмагани у ёқда қолиб, ўзгаларни ҳам бунга ишонмасликка мажбурлашади. «Охират, жаннат ва дўзах ҳақидаги гаплар бари афсона, бу дунёда айшингни суриб қол, қиёмат руҳонийларнинг ўйлаб топган гапи» қабилидаги ёлғон-туҳматлар қилишгача боришади. Энди ўзлари ҳақни инкор қилишгани ва бошқаларни ҳам бундан тўсишгани учун уларга азоб икки баравар кўпайтириб берилади. Ҳақиқатни англашга адоватлари шу даражада қаттиқ эдики, уни на эшита олишди, на кўра олишди.

21. Улар ўзларига зиён қилишди, уларнинг ишонганлари ташлаб қочди.

22. Шубҳасиз, улар охиратда ҳам энг зиёнкорлардир.

23. Иймон келтирган, яхши ишларни қилган ва Парвардигорларига итоатда бўлганлар жаннатийлардир ва унда мангу қолишади.

24. Икки гуруҳнинг мисоли кар ва кўр одам билан эшитувчи ва кўрувчи кабидир. Уларни тенглаб бўлармиди?! Нега ўйлаб кўрмайсизлар?!

Икки гуруҳ, яъни мусулмонлар ва кофирларни бир-бирига асло тенглаб-ўхшатиб бўлмайди. Кофирлар худди кўр ва кар кимсалар каби ҳақиқатни эшитишни ҳам, кўришни ҳам исташмайди. Мўминлар эса  эшитишади ҳам, кўришади ҳам.

25. Биз, ҳақиқатан, Нуҳни қавмига юбордик ва у деди: «Мен сизларни огоҳлантирувчиман.

26. «Аллоҳдан бошқага сиғинманглар, чунки қўрқинчли кунда азобга гирифтор бўлишларингдан қўрқаман».

Қавмига пайғамбар қилиб ююорилган Нуҳ алайҳиссалом уларни Вад, Сувоъ, Яғус, Наср деб номлаб олишган бутларига сиғинмасликка, ягона Аллоҳга қуллик қилишга чақирди. Аммо қавми Нуҳ алайҳиссалом қўрқинчли кундан (қиёмат ёки тўфон балоси) огоҳлантирганига қарамай, итоатсизлик қилиб, ҳалокатга учради.

27. Шунда қавмнинг кофир оқсоқоллари: «Сенинг ҳам бизга ўхшаган инсонлигингни кўряпмиз, сенга орамиздаги зоти пастларгина, шунда ҳам тушунмаганликларидан эргашаётганини кўряпмиз, аммо бизлардан устунликларингни кўрмаяпмиз, аксинча, ёлғончилардан ҳисоблаяпмиз», дейишди.

Яъни  сен ҳам (эй Нуҳ,)  бизга ўхшаган бир инсон экансан-ку, сенга эргашаётганлар эса қавмининг бизга ўхшаган аслзода оқсоқоллари эмас, балки зоти паст, майда ҳунармандлардир. Улар ҳам мулоҳаза қилиб ўтирмай, бир-бирларига тақлид қилиб сенга қўшилиб кетишган. Сизлар иймонга келганингиз билан бизлардан ҳеч қандай афзалликларинг йўқ, аксинча, ёлғончисизлар.

28. У айтди: «Эй қавмим, айтинг-чи, агар Парвардигоримдан аниқ далилим бўлса, У раҳматидан менга ато этса, аммо булар сизларга аён бўлмаса, ёқтирмаган нарсаларингга мажбурлармидик?!»

Нуҳ алайҳиссаломга Аллоҳ таоло ҳузуридан берилган раҳмат пайғамбарлик рутбасидир, аммо Аллоҳ тавҳидига ишонмаган гумроҳлар Унинг пайғамбарини ҳам танишни истамайди. Пайғамбарларнинг вазифаси инсонларни Аллоҳни танишга чақиришдир, улардан баҳра олганлар ҳақ йўлга киришади, баҳра олмаганларни эса бунга мажбурланмайди.

29. «Эй қавмим, даъватим учун сизлардан мол-дунё сўрамайман, мукофотим ёлғиз Аллоҳ зиммасидадир. Лекин менга ишонганларни ҳайдолмайман, улар, албатта, Парвардигорларига рўпара бўлишади. Лекин сизларнинг жоҳил эканларингни кўряпман».

30. «Эй қавмим, агар уларни ҳайдасам, Аллоҳ азобидан мени ким қутқаради? Нега ўйламайсизлар?!»

31. «Ва сизларга Аллоҳнинг хазиналарига эгаман ҳам, ғайбни биламан ҳам деяётганим йўқ, фаришталардан ҳам эмасман, назарга илмаётганларингизга Аллоҳ яхшилик юбормайди, деб айтолмайман ҳам. Уларнинг дилидагиларни Аллоҳ яхшироқ билади, яна золимлардан бўлиб қолмай!».

Барча замонларда пайғамбарларга (уларга Аллоҳнинг саломи бўлсин) ҳаммадан олдин, ҳаммадан кўпроқ ғариб ва фақир кишилар иймон келтиришган эди. Аслзода ва бадавлат кишилар, қавм оқсоқоллари шуларга ўхшаб ўзимиз каби бир инсонга эргашайликми, деган хаёлда ор ва кибрга боришган, пайғамбарлардан уларни ҳайдаб юборишни талаб этишган эди. Лекин пайғамбарлик ахлоқи ва шафқати ҳаргиз бу шартни қабул қилишга йўл қўймас эди.

32. Улар: «Эй Нуҳ, биз билан баҳслашишни жуда кўпайтириб юбординг, агар ростгўй бўлсанг, ваъда қилган азобингни кўрсат-чи!» дейишди.

33. Нуҳ айтди: «Аллоҳ хоҳласа, албатта, келтиради, ундан қоча олмайсизлар!»

34. «Агар Аллоҳ сизларни адаштиришни хоҳлаган бўлса, сизларга насиҳат қилишни истаганим билан фойдаси бўлмайди. У Парвардигорингиздир ва Унинг ҳузурига қайтариласизлар!»

35. (Эй Муҳаммад), ёки улар: «Қуръонни ўзи тўқиб олган», дейишяптими? «Агар уни тўқиган бўлсам, гуноҳи ўзимгадир, сизларнинг гуноҳларингизга дахлим йўқ», денг.

36. Ва Нуҳга айтилди: «Қавмингнинг олдин иймон келтирганларидан ташқари бошқа ҳеч ким иймонга келмайди, уларнинг қилмишларига қайғурма!»

37. «Бизнинг кузатувимизда ва амримиз билан бир кема яса ва золимлар ҳақида Менга сўз очма, улар, албатта, ғарқ қилинадилар».

Нуҳ алайҳиссалом қавми у зотга итоатсизлик қилавергач, Аллоҳ таоло ваҳий орқали маълум қиляптики, энди ҳар қанча тиришсанг ҳам, бу осий қавм сенга эргашмайди, олдин иймонга келган кишиларгина бундан мустасно. Энди иймонсизлар билан тортишиб ўтирма, уларнинг гуноҳини кечиришни сўраб, Менга сўз қилиб юрма! Бизнинг назоратимизда ва Биз айтгандай қилиб бир кема яса, ўзинг ва иймон келтирганларни қутқариб, қолган барча золимларни сувга ғарқ қиламиз.

38. У кема ясаётганида қавмининг оқсоқоллари унинг олдидан ўтаётиб устидан кулишарди. Шунда у айтди: «Ҳозир бизни масхара қилаётган бўлсанглар, биз ҳам ҳали сизлар каби масхара қиламиз».

39. «Кимга шармандали жазо келиши ва ҳамишалик азоб тушишини яқинда билиб оласизлар».

Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг амри билан ўзига эргашганларни ва барча жонзотлардан бир жуфтдан жойлаш учун бир йил мобайнида улкан бир кема ясади. Қавмнинг мутакаббир оқсоқоллари ҳар гал у киши олдидан қилаётган ишларини масхара қилиб, устларидан кулиб ўтишар эди. Шунда Аллоҳ таоло пайғамбарига буюрдики, уларни бу дунёда шармандаю шармисор қиладиган, охиратда эса абадий қийноққа соладиган жазолар кутиб тургани ҳақида огоҳлантиринг.

40. Амримиз келиб, таннур жунбушга келганида: «Ҳар нарсанинг жуфтидан, аҳли-аёлингни, олдин ҳукм қилинганлардан ташқари иймон келтирганларни кемага чиқар!» дедик. Аммо иймон келтирганлар озчилик эди.

Ояти каримадаги «таннур» сўзини муфассирлар турлича тафсир қилишган: Абдуллоҳ ибн Аббос (Аллоҳ ундан рози бўлсин) қилган тафсирда «Таннур»дан мурод, бутун ер юзи назарда тутилган, дейилади. Яъни  ер юзидаги барча сув манбалари қайнаб-тошиб кетди, маъноси бор. Ибн Касир: «Бу олдинги ва кейинги барча уламолар сўзидир», дейди.

Аллоҳ таолонинг амри билан тўфон бошлангач, Нуҳ алайҳиссаломга насли давом этиши учун ҳар бир жонзотдан бир урғочи ва бир эркагини, ўзининг аҳли-аёлини ва пайғамбарга ишониб, иймонга келганларни кемага чиқариш буюрилди. Кемадаги одамлар сони ҳақида ҳам турлича фикр айтилган: кўплар улар сони саксонта, ярми эркак, ярми аёл эди, дейди. Имом Табарий фикрича, муайян бир сон тайин этилмагани яхши. Лекин ғарқ этилганлар ичида Нуҳ алайҳиссаломнинг Воила исмли хотини ва ундан Ём исмли (лақаби Канъон) ўғли бўлган.

41. Нуҳ: «Кемага чиқинглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми биландир. Парвардигорим, албатта, меҳрибон ва раҳмлидир», деди.

Ушбу ояти шарифадан маълум бўляптики, барча ишлар қатори кема, улов кабиларга миниш чоғида «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» дейиш керак экан.

42. Кема тоғдай тўлқинлар узра сузиб кетаётганида Нуҳ кемадан қолган ўғлига: «Ўғлим, биз билан юр, кофирлар билан қолма!» деди.

Нуҳ алайҳиссалом ўғли Канъоннинг баъзи мунофиқона муомалаларидан уни мусулмон гумон қилиб ёки кофир бўлса ҳам, тўфон ҳодисасини кўриб, балки, иймонга келар, деган умидда уни кемага чақирди.

43. У: «Тоққа чиқиб оламан, у мени сувдан қутқаради, деди. Нуҳ: «Бугун, Аллоҳ раҳм қилганлардан ташқари, Унинг азобидан ҳеч ким қутула олмайди», деди. Шу заҳоти тўлқин уларни айирди ва ўғли ғарқ бўлди.

Аллоҳ таоло жазо сифатида бир бало-кулфатни юборганида Унинг азобидан на тоғлару, на дарахтлар, на қутқарув гуруҳлари – ҳеч нарса асраб қололмайди. Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғли ҳам кофирлиги сабабли отасидан жудо бўлиб, сув остида қолди.

44. «Эй Ер, сувингни ютгил, эй осмон, ўзингни тутгил!» деган амр бўлди. Сув камая-камая қуриди ва кема Жудий тоғида ўрнашди ҳамда «Золимлар ҳалок бўлсин!» дейилди.

Яъни  Ер юзидаги ҳамма сув илоҳий буйруқдан кейин батамом қуриди, булутлардан ёғаётган ёмғир ҳам тўхтади. Кема Жудий тоғига бориб ўрнашди. Ушбу тўфон бутун дунёда бўлганми ё у айрим мамлакатгагина хосмиди, деган ихтилофлар ҳам бор. Бутун Ер юзида тўфон бўлган деювчилар ҳозир дунёдаги барча инсонлар Нуҳ алайҳиссаломнинг уч ўғли Сом, Ҳом, Ёфасдан тарқаган, дейишади. Жудий тоғини ҳам Шомда, Туркияда, Арманистонда деб тахмин қилувчилар бор.

45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб: «Эй Парвардигорим, ўғлим ҳақиқатан аҳлимдандир, ваъданг ҳақдир, Сен ҳукм қилувчиларнинг энг доносисан!» деди.

46. У: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Унинг қилмишлари яхши эмас! Билмаган нарсангни Мендан сўрама! Жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди.

Яъни  у оилангдан бўлсаям, нажот топувчилардан эмасдир, унинг қилган ишлари нақадар ёмонлигини Ўзим биламан, сен эса билмаган нарсаларингга суяниб, уни қутқаришни Мендан сўрама, жоҳиллардан бўлиб қолмаслигинг учун сенга бу насиҳатлар қилиняпти.

47. Нуҳ: «Парвардигоро, билмаган нарсамни сўрашдан Сендан паноҳ тилайман, агар мени кечирмасанг ва раҳм қилмасанг, албатта, золимлардан бўлиб қоламан», деди.

48. Шунда буюрилди: «Эй Нуҳ, Биз сенга ва ҳамроҳларингга берган тинчлик-баракотларимиз билан кемадан тушинглар! Шундай умматлар ҳам бўладики, уларни бироз нафлантирамиз-да, сўнгра уларга Биздан қаттиқ азоблар етади».

Яъни  энди сизларга келган тўфон балосидан сўнг Аллоҳ таоло ҳузуридан тинчлик замони ва баракотлар юборилди, кемадан тушиб бемалол яшайверинглар. Аммо сизлардан кейин баъзи қавмларга ҳам гуноҳлари сабабидан турли бало-офатлар юборилади ва улар гуноҳда бардавом бўлганлари, тавба қилмаганлари боис ҳалок бўлишади.

49. (Эй Муҳаммад), булар сизга етказилган ғайбий хабарлардир, буларни олдин сиз ҳам, умматингиз ҳам билмас эдинглар. Сабр қилинг, тақводорларнинг оқибати яхшидир.

Мана, Нуҳ алайҳиссалом ва ҳамроҳларининг оқибати нажот ва ғалаба билан якун топди. Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), шундай оқибат сизга ва умматларингизга ҳам бўлади. Бунинг учун сизлар ҳам Нуҳ алайҳиссалом ва ҳамроҳлари сабр қилганидай сабрли бўлинглар.

50. Биз Од қавмига биродарлари Ҳудни пайғамбар қилиб юбордик. У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга сиғининглар, сизнинг Ундан ўзга илоҳингиз йўқ, сизлар фақат тўқиб чиқаргансизлар, холос!»;

51. «Эй қавмим, даъватим учун сизлардан ҳақ сўрамайман, мукофотим мени яратган Зот зиммасидадир, нега тушунмайсизлар?!»

Ушбу суранинг 29-оятида Нуҳ алайҳиссалом каби Ҳуд алайҳиссалом ҳам қилган даъватлари эвазига қавмидан ҳақ ҳам, мол-дунё ё мукофот ҳам сўрамаётганини таъкидламоқда. Токи  одамлар уларнинг меҳнатини дунёвий тамаъга йўймаслиги, даъват ва панд-насиҳатлар холис, беғараз, таъсирчан бўлиши учун пайғамбарлар ҳақ талаб этишмаган, ишларининг мукофотини Аллоҳ таолодан умид қилишган.

52. «Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар! Шунда У осмондан ёмғирлар ёғдиради, қувватингизга қувват қўшади. Гуноҳкор бўлиб, юз ўгирманглар!».

Од қавми Аллоҳ таолонинг берган неъматларига ношукрлик қилгани, куч-қувватига мағрур бўлиб, кибр ва исёнга боргани ҳамда пайғамбар Ҳуд алайҳиссаломга итоатсизлик этгани учун Парвардигор уларга бало юборади. Уч йилгача ёғиндан маҳрум бўлишади, қурғоқчилик ва қаҳатчилик бошланади. Шунда Ҳуд алайҳиссалом: «Агар иймонга келсанглар, Аллоҳ таоло осмондан ёмғирлар ёғдириб, баракотини беради ва қаҳатчиликдан қутқаради, яна олдингидай бақувват бўласизлар, фақат гуноҳга ботиб, ҳақ йўлдан юз ўгириб кетманглар», деб огоҳлантирди.

53. Улар айтишди: «Эй Ҳуд, бизга очиқ далил келтирмадинг, сенинг сўзларинг билан маъбудларимиздан кечмаймиз, сенга асло ишонмаймиз ҳам».

54. «Маъбудларимиздан баъзилари сенга ёмонлик қилибди», деймиз, холос». Шунда Ҳуд деди: «Аллоҳни гувоҳ қиламан, сизлар ҳам гувоҳ бўлинглар, шерик қилаётганларингизга дахлим йўқ!»

55. «Ўзигагина суянаман. Менга фитна қилсанглар ҳам, муҳлат бермасанглар ҳам, майли!»

Яъни ўзларинг ва Аллоҳ таолога шерик қилган сохта маъбудларинг бирлашиб, мени йўқотиш йўлида нима фитна бўлса, қилаверинглар. Қутулиб кетишим учун муҳлат ҳам бериб ўтирманглар, мен Парвардигоримнинг Ўзигагина суянаман!

56. «Парвардигорим ва сизларнинг ҳам Парвардигорингиз Аллоҳгагина таваккал қиламан. Бирор жонзот йўқки, У пешонасидан тутмаган бўлсин. Парвардигорим йўли тўғридир!»

Ояти каримадаги «жонзотнинг пешонасидан тутиш» ибораси Аллоҳ таоло яратган барча жонзотлар – инсон, жин ва фаришта, ҳайвонот ва қурт-қумурсқа – барининг инон-ихтиёрига ёлғиз Ўзи эгадир, Унинг бу борадаги адли ва карамига зид келувчи бирор ҳукм бўлимайди, маъносидадир.

57. «Агар бундан юз ўгирсанглар, менга юклатилган нарсани сизларга етказдим, энди Парвардигорим сизлардан бошқа қавмни келтиради, Унга халал беролмайсизлар! Парвардигорим, ҳақиқатан, ҳамма нарсани асровчидир».

Яъни  эй саркаш қавм, сизларнинг яхши панд-насиҳатдан юз ўгирганингиздан на менга, на Парвардигоримга заррача нуқсон етмайди, аксинча, бундан ўзларингга катта зарар келади. Аллоҳ таоло золим қавмларни ҳалок қилиб, бошқа бир қавмни дунёга келтиради ва яшаш жойларингиз, мол-мулкларингизни уларга мерос қилиб беради. Гумроҳларнинг итоатсизлигидан дунёдаги илоҳий низомда заррача тартибсизлик бўлмайди, чунки бунинг асровчиси Парвардигордир!

58. Амримиз келганида Ҳудни ва унга ишонганларни раҳматимиз билан асраб қолдик ва оғир азоблардан қутқардик.

Аллоҳ таоло огоҳлантириб ваъда қилган амр етиб келди: Од қавм етти кун ва саккиз кеча эсган қайноқ шамол бўронидан батамом ҳалок бўлиб, ер юзидан беному нишон кетди. Ҳуд алайҳиссалом ўзига эргашган тўрт минг нафар уммати билан Аллоҳ таоло паноҳида омон қолди.

59. Ана шу Од қавми Парвардигорларининг оятларини инкор этиб, Унинг пайғамбарларига итоатсизлик қилди ва ҳар хил қайсар золимлар буйруғига эргашиб кетди.

60. Лаънат уларни бу дунёда ҳам, қиёмат куни ҳам қувиб юради. Огоҳ бўлинглар, Од Парвардигорини инкор қилган эди, огоҳ бўлинглар, Ҳуднинг қавми Од ҳалок бўлсин!

61. Самуд қавмига биродарлари Солиҳни юбордик. У: «Эй қавмим, фақат Аллоҳга сиғининглар, ундан ўзга илоҳларингиз йўқ, У сизларни ердан яратди ва уни сизларга обод қилди. Шунинг учун Ундан мағфират сўранглар, кейин Унга тавба қилинглар. Ҳақиқатан Парвардигорим яқин ва ижобат қилувчидир.

Яъни  Аллоҳ таоло олдин Одам алайҳиссаломни ердан-тупроқдан яратди. Унинг зурриёдлари Ерда яшаши, наслини давом эттириши учун кейин турли неъматлар (сув, ўсимликлар, чорва ҳайвонлари кабилар)ни пайдо қилди. Булар инсонларнинг пайдо бўлиши ва яшаши учун зарурий моддалардир.

62. Улар: «Эй Солиҳ, олдин умидимиз сендан эди. Энди ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларга сиғинишдан қайтармоқчимисан? Биз сен даъват этаётган нарсадан қаттиқ шубҳадамиз», дейишди.

63. Шунда у деди: «Қавмим, айтинг-чи, менда Парвардигоримнинг аниқ ҳужжати туриб, Унинг раҳмати берилган бўлса-ю, Унга итоатсизлик қилсам, Аллоҳнинг азобидан мени ким қутқаради? Сизлар эса менга зиённи кўпайтирасизлар, холос!»;

Яъни  Аллоҳ таоло мени Ўз карами билан тўғри йўлга солиб қўйган бўлса-ю, мен Унга эмас, сизларга бўйсунсам, Унинг жазосидан бирортангиз қутқариб қололмайсизлар, аксинча, менга етказадиган зарарларинг ортади, холос.

64. «Эй қавмим, Аллоҳнинг ушбу туяси сизларга бир далил бўлсин, у Аллоҳнинг ерида ўтлаб юраверсин, унга зиён етказманглар, акс ҳолда азобга қоласизлар».

Саркаш Самуд қавми пайғамбар Солиҳ алайҳиссаломнинг даъватларига жавобан: «Аллоҳ таоло бизга мўъжиза тариқасида тошдан бир урғочи туя юборсин», деб талаб қилди. Солиҳ алайҳиссалом дуо қилиб сўраганида Аллоҳ таоло қавмни имтиҳон қилиш учун бир урғочи туяни боласи билан юборди. Фақат бир шарт билан: «Туяга тегманглар, у Аллоҳнинг ерида бемалол ўтлаб юраверсин»,  дейилди. Аммо исёнда давом этган қавм туяни сўйиб юборди ва Аллоҳга шаккоклик қилгани учун мангу жазога гирифтор бўлди.

65. Лекин улар туяни сўйишди. Шунда у: «Уйларингда уч кун яшаб туринглар, бу сизларга ҳақиқий жазо ваъдасидир», деди.

66. Амримиз келганида Солиҳни ва у билан иймонга келганларни раҳматимиз ила асраб қолдик ва ўша кун шармандачилигидан қутқардик. Парвардигорингиз ҳақиқатан қудратли ва улуғдир!

67. Золимларни эса ҳайқириқ тутди ва ҳаммалари тонгда уйларида ўлик ҳолда ётишарди.

68. Гўё бу ерда ҳеч яшамагандек. Огоҳ бўлинглар, Самуд Парвардигорига куфр келтирди, огоҳ бўлинглар, Самуд ҳалок бўлсин!

Самуд қавмининг бу итоатсизлиги асрлар оша инсонларга ибрат бўлиб келяпти. «Ҳўлу қуруқ баробар», деганларидай, бир жамиятда гуноҳ ва фисқ ишлар кўпайса, осийлар ва ёмонлар қатори бу ишлардан қайтармаган, бепарво ҳолда томошабин бўлиб турган яхши кишилар ҳам Аллоҳ таолонинг жазосидан қуруқ қолишмайди. Бир донишманддан: «Солиҳ пайғамбарнинг туясини бир-икки киши ўлдиргани ҳолда нега Аллоҳ таоло бутун қавмни ҳалок қилди?» деб сўрашганида: «Чунки бошқалар бунга рози бўлиб туришган эди…», деб жавоб берган экан.

69. Ҳақиқатан, фаришталаримиз Иброҳимга хушхабар келтиришди ва «Ассалом» дейишди. У ҳам «Ассалом» деди ва тезда қовурилган бузоқ келтирди.

70. Уларнинг таом емаётганини кўриб, у ҳайрон бўлди ва қўрқувга тушди. Улар: «Қўрқма, биз Лут қавмига юборилганмиз», дейишди.

Иброҳим алайҳиссалом олдиларига Аллоҳ таолонинг Жаброил, Микоил, Исрофил каби бир неча фаришталари одам суратида келишганди. Улар саломлашишгач, Иброҳим меҳмон қилиш мақсадида пиширилган бузоқ келтирди. Фаришталар таом ейишмагани учун Иброҳим хавотирланиб қўрқувга тушди. Шунда фаришталар: «Қўрқма, биз Лут алайҳиссалом қавмини жазолаш учун юборилганмиз», дейишди.

71. Ёнида турган хотини кулди. Шунда Биз унга Исҳоқ ҳақида, Исҳоқдан кейин Яъқуб ҳақида хушхабар бердик.

Ҳазрати Иброҳимнинг хотини Сора меҳмонларга хизмат қилар эди. У фаришталардан ўзларининг омон қолишганини эшитиб, хурсанд бўлди. Бунинг устига фаришталар эр-хотиннинг яқинда Исҳоқ исмли фарзандлари бўлишини, ҳатто унинг ўғли Яъқубни ҳам кўражаклари хушхабарини етказишганида Сора ниҳоятда таажжубга тушди. Чунки ҳазрати Сора тўқсон тўққиз ёшда, эрлари эса юздан ошиб кетган эди. Бундай кекса кишиларнинг фарзанд кўришлари ҳақиқатан ҳайратланарли эди.

72. У: «Вой шўрим, ўзим қари бўлсам, эрим чол бўлса, туғармидим?! Жуда қизиқ-ку!» деди.

73. Улар: «Аллоҳнинг амридан ажабланяпсанми? Ушбу хонадон аҳлига Аллоҳнинг раҳмати ва баракотлари бўлсин, У ҳақиқатан мақтовга сазовор, олийшарафдир!» дейишди.

74. Иброҳимнинг қўрқуви кетиб, хушхабар етгач, Биз билан Лут қавми ҳақида тортиша бошлади.

75. Иброҳим аслида ҳалим, тазаррули ва Аллоҳга юкунувчидир.

Иброҳим алайҳиссалом пайғамбарларга хос сифатлар эгаси эдилар, у киши ҳалим, юмшоқ табиатли, ҳамма ишда дарров Парвардигорларига қайтадиган киши эдилар. Лекин Лут қавмига азоб юборилганидан хабар топгач, қавмни ҳалокатдан асрашни сўраб Аллоҳ таолога ёлбора бошладилар. Шунда фаришталар илоҳий ҳукм ўқиб бўлингани, энди азоб келиши муқаррар эканини айтиб, уни тортишиб ўтиришдан қайтаришди.

76. Эй Иброҳим, бундан қайт, Парвардигорингнинг ҳукми келиб бўлган, уларга қайтарилмайдиган азоб, албатта, келади.

77. Фаришталаримиз Лут олдига келишганида, улардан ташвиш тортиб ғамга ботди ва: «Бугун оғир кундир», деди.

Лут алайҳиссалом қавми жуда оғир гуноҳга, яъни бесоқолбозлик балосига мубтало эди. Олдиларига келган фаришталарни бошда танимаган Лут алайҳиссалом бу хушсурат, чиройли, келишган йигитчаларни кўриб, қавмим яна ёмон қилиғини бошлайди, деб ўйлаб жуда қайғуга ботди, ташвишга тушди. «Бугун жуда оғир кун бўлади, шекилли», деб хавфсиради. Кейинги воқеалар унинг ташвиши бежиз бўлмаганини кўрсатди.

78. Унинг олдига қавми шошилиб етиб келди. Улар олдин ёмон ишлар қилишарди. У: «Эй қавмим, манави қизларим сизларга покизароқ, Аллоҳдан қўрқинглар, меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар! Орангизда бирор маънилироқ одам йўқми?» деди.

Пайғамбарлари олдига ёш йигитчалар келганидан хабар топган расво қавм деворлардан ошиб, дарвозаларни синдириб, уникига шошқинч кириб келишди. Шунда ҳазрати Лут уларга ўз қизларига уйланишни, меҳмонларни тинч қўйишни таклиф этди. Аммо бузуқ қавм бунга рози бўлмади ва Аллоҳ таолонинг оғир азобига учради, улар яшаётган ўлка ер билан яксон бўлди, барчалари ҳалокатга юз тутди.

79. Улар: «Бизга қизларинг керак эмаслигини биласан, нимани хоҳлаётганимиз ҳам маълум», дейишди.

80. Лут: «Кошки эди, сизларга бас келолсам, қанийди, мустаҳкамроқ таянчим бўлса эди», деди.

81. Меҳмонлар айтишди: «Эй Лут, биз Парвардигорингнинг фаришталаримиз, улар сенга ҳеч нарса қилишолмайди. Шунинг учун оилангни олиб, тунда чиқиб кет. Хотинингдан бошқа ҳеч ким ортига ўгирилмасин. У ҳам бошқаларга ўхшаб жазоланади. Уларга жазо тайин қилинган вақт тонгдир. Тонг ахир яқин эмасми?»

Келган фаришталар айтишди: «Аллоҳ таоло қавмингни ҳалок қилиш учун бизни юборган. Қўрқма, булар сенга қўл теккиза олмайди. Тунда яқинларингни олиб, шаҳардан чиқиб кет, лекин ҳеч ким ортига ўгирилиб қарамасин, уларга тушган бало-офатларни кўрмасин», дейишди. Ҳазрати Лут хотинидан бошқа барча яқинларини олиб чиқиб кетди. Осмондан золимларнинг номи ёзилган сопол тошлар тушиб барчаларини ҳалок қилди, улар яшаган ўлка таги-туги билан осмонга кўтарилиб, кейин ерга чаппа урилди.

82. Амримиз келганида Биз ўлкаларини ағдар-тўнтар қилиб ташладик ва устидан тинимсиз қаттиқ сопол тошлар ёғдирдик;

83. уларга Парвардигоринг ҳузурида белги қўйилган эди. Булар золимлардан олисда эмасдир.

Аллоҳ таоло бузуқликка муккасидан кетган Лут қавмини жазолаш учун улар яшаб турган ўлкани ер билан яксон қилиб ташлади, Лут алайҳиссаломнинг оиласи ва оз сонли издошларигина омон қолишди. Бузуқларга шерик бўлган унинг хотини ҳам ҳалок бўлди. Тарихчилар ёзишича, Лут алайҳиссалом қавм ҳозирги Ўлик денгиз ўрнида макон тутган экан. Улар яшаган Садум ва Ғоморра шаҳарлари ер остида қолиб кетган, дейишади. Аллоҳ амрларига бўйсунмай, фаҳш ишлар ва бузғунчилик қилганлар Аллоҳ таолонинг азобидан ҳаргиз қочиб қутула олишмайди, бундай жазолар золимларни узоқ куттирмайди. Масалан, кейинчалик фаҳшга ботган Помпей шаҳри ҳам батамом ҳалокатга юз тутган. Асримизда ҳам бузуқликлар уяси бўлган юртларга Аллоҳ таолонинг балолари, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли офатлар кетма-кет келаётгани бежиз эмас.

84. Кейин Мадянга биродарлари Шуайбни юбордик. У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳгагина сиғининглар, сизларнинг Ундан ўзга илоҳларингиз йўқ. Ўлчов ва тарозуни камитманглар! Сизларни тўкинликда кўриб турибман, аммо Улуғ кунда азобланишингиздан қўрқаман».

Яъни  бу турган яхши, тўкин ҳаётингиз расво феъл-атворингиз, алдамчиликларингиз касофатидан ёмонлашиб кетмасин.

85. «Эй қавмим, ўлчаб ва тортиб беришда инсофли бўлинглар, одамларнинг нарсаларидан уриб қолманглар ва ер юзида бузғунчилик қилманглар».

Ширк ва куфрга гирифторлик, одамларга зулм ва ситам қилиб, тинч турган жамиятларни пароканда қилиш энг катта бузғунчиликдир. Одамлар билан муносабатларда инсоф ва адолатдан чекиниш, уларнинг ҳақидан уриб қолиш ҳам бузғунчиликка киради.

86. Агар иймонли бўлсанглар, Аллоҳнинг қолдиргани сизларга яхшироқдир ва мен сизларга пойлоқчи эмасман.

«Аллоҳнинг қолдиргани» тижоратдан олинган ҳалол-покиза, боқий қолувчи фойдадир. Агар тижоратчи иймонини ва инсофини унутса, ўлчаб ёки тортиб беришда ўзгалар ҳақидан уриб ё ёлғон гапириб, тижоратига ҳаром аралаштирса, унинг фойдаси вақтинчалик бўлади, баракаси кўтарилади ва тижоратчига юқмайди. Шунинг учун Шуайб алайҳиссалом қавмини бундан огоҳлантиряпти, Аллоҳ таоло қилмишларингизни кўриб-билиб турибди, мен сизларга доимий пойлоқчи эмасман, деб таъкидлаяпти.

87. Улар: «Эй Шуайб, наҳотки ибодатларинг ота-боболаримиз сиғиниб келган нарсаларни ташлашга ёки молларимизни хоҳлаганимизча тасарруф этишдан қайтаришга буюраётган бўлса?! Ахир сен ҳалим ва тўғри кишисан-ку!» дейишди.

88. У айтди: «Эй қавмим, менда Парвардигоримнинг аниқ ҳужжати турганини ва У яхши ризқларни берганини кўрмаяпсизларми? Сизларга зид ўлароқ қайтарган нарсаларимни ўзим қилмоқчи эмасман. Имкон борича, сизларга яхшилик қилишдан ўзгасини истамайман. Тавфиқ фақат Аллоҳдандир, Унгагина суянаман, Унгагина қайтажакман!»

Яъни  сизларни нимадан қайтарган бўлсам, энди уни ўзим қилармидим? Аллоҳ таоло марҳамати билан ҳалол ризқ бериб турган бўлса-ю, уни нопок этишни асло истамайман. Сизларга қўлимдан келганича яхшиликни хоҳлаганимдан ушбу насиҳатларни қиляпман, лекин бунга муваффақ этиш Алоҳ таолонинг Ўзидандир, шунинг учун Аллоҳга таваккал қиламан ва Ўзига қайтажакман.

89. «Эй қавмим, ўртамидаги келишмовчиликлар Нуҳ қавмига, ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига келган балоларни сизларга ҳам келтирмасин. Лут қавми ҳам узоқлашгани йўқ!»

Яъни  ўтган умматлар пайғамбарларига қарши чиқиб, оқибатларини барбод этишди, Аллоҳ таолонинг жазосига учрашди. Сизлар ҳам улар каби менга ва қилган насиҳатларимга ўчакишиб, Аллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлманглар. Ҳазрати Нуҳ, ҳазрати Ҳуд, ҳазрати Солиҳлар қавмининг қандай жазога учрагани қиссалари сизларга яхши маълум, хусусан, Лут алайҳиссалом қавмининг замони сизлардан ҳали унча узоқлашгани ҳам йўқ.

90. «Парвардигорларингдан мағфират сўранглар, Унга тавба-тазарру қилинглар. Парвардигорим, ҳақиқатан, раҳмли ва муҳаббатлидир».

91. Улар: «Эй Шуайб, айтаётганларингнинг кўпини тушунмаяпмиз ва сени ичимиздаги заифлардан ҳисоблаймиз. Агар қариндошларинг бўлмаганида сени тошбўрон қилган бўлардик, чунки бизга азиз эмассан», дейишди.

92. Шуайб айтди: «Эй қавмим, наҳот, қариндошларим сизларга Аллоҳдан азизроқ бўлса?! Ундан юз ўгиряпсизлар, ваҳоланки, Парвардигорим қилмишларингизни қамсаб олгандир».

93. «Эй қавмим, билганларингни қилаверинглар, мен ҳам шундай қиламан. Яқинда кимга жазо келиб шарманда қилишини ҳам, ким ёлғончи эканини ҳам биласизлар. Кутинглар, мен ҳам сизлар билан кутаман».

94. Амримиз келганида Шуайбни ва у билан иймонга келганларни раҳматимиз ила асраб қолдик. Золимларни эса даҳшатли овоз ушлади ва тонгда уйларида юзтубан ётишарди;

Ушбу ояти каримада Шуайб алайҳиссалом қавмини даҳшатли бир овоз, яъни фаришталар ҳайқириғи ҳалок этгани зикр қилиняпти. Аъроф сурасида саркаш қавм зилзила туфайли, Шуаро сурасида эса «азоби явми зилла» (устларига булутлар келиб) йўқ бўлгани айтилади. Ибн Касирнинг айтишича, Мадян қавми учала жазога ҳам учраган, Аллоҳ таоло ҳар қайси сурада уларнинг гуноҳларидан бир қисмини зикр этиб, шунга яраша жазолагани хабарини берган.

95. Гўё бу ерда ҳеч яшамагандек. Самудлар ҳалок бўлганидек мадянлар ҳам ҳалок бўлсин!

96. Кейин Биз Мусони ҳужжатларимиз ва аниқ далилларимиз билан юбордик;

97. Фиръавн ва унинг аъёнларига. Улар Фиръавн амрига бўйсунишганди, Фиръавн амри эса нотўғри эди.

98. Қиёмат куни у қавмига бош бўлиб уларни дўзахга олиб тушади. Улар тушган жой нақадар ёмондир!

99. Уларни дунёда ҳам, охиратда ҳам лаънат таъқиб қилади. Берилган «ёрдам» нақадар ёмондир!

Фиръавннинг қавми ва аъёнлари бу дунёда унга эргашиб, нимани буюрса, шунга итоат қилиб юришган эди. Улар на пайғамбарлар насиҳатига қулоқ солар, на бўлаётган ишлар ҳақида фикр юритишар эди. Қиёмат куни келганида Фиръавн барчаларини етаклаб дўзахга туширди. Кофир ва мушрик ҳукмдорларга эргашган кимсаларнинг ҳоли жуда аянчли бўлди: улар дунё ва охиратда лаънатга дучор бўлишди, гумроҳликлари учун дўзах оташи билан «мукофотланишди».

100. (Эй Муҳаммад), булар Биз сизга баён қилган ўлкаларнинг қиссаларидир. Уларнинг сақланганлари ҳам, йўқолганлари ҳам бор.

Юқорида қиссалари келтирилган қавмлар пайғамбарларига итоат этишмади, уларни калака қилишди, хўрлашди, ҳатто жисман қийнашгача боришди. Оқибатда Аллоҳ таолонинг қаттиқ ва аламли азобига гирифтор бўлишди. Бундай золимлар яшаган жойларнинг баъзилари (масалан, Мисрдаги Фиръавн макони) бугунгача сақланиб қолган, баъзиларини эса Аллоҳ таоло батамом ер юзидан супириб ташлашни ирода қилган.

101. Биз уларга зулм қилмадик, лекин улар ўзларига зулм қилишди. Парвардигорингизнинг амри келганида Аллоҳни қўйиб сиғиниб юрган маъбудлари асло ёрдам бера олмади, аксинча, ҳалокатларини тезлаштирди.

Аллоҳ таоло бирор қавмни жазолашни истаса, ҳеч ким унинг азобидан қутқара олмайди. Бундай ҳолатларда улар сиғиниб юрган маъбудлари ҳам ҳеч нарса қилолмайди, ваҳоланки, адашганларнинг ҳалокатига ана шу бут-санамлар, маъбудлар сабабчи эди.

102. Парвардигорингиз мушрик қавмлар ўлкаларини ана шундай жазолайди. Унинг жазоси ҳақиқатан азобли ва қаттиқдир.

103. Албатта, бунда охират жазосидан қўрққанга ибрат бордир. Ушбу кун одамлар тўпланадиган ва ҳамма гувоҳ бўладиган Кундир!

Яъни  Ер юзида олдин ва кейин яшаб ўтган барча инсонлар қиёмат куни Ҳашр майдонига тўпланади, ҳар бир инсоннинг қилган яхши-ёмон ишлари ҳисоб-китоб қилиниб, шунга яраша илоҳий мукофот ё жазосини олади. Буни ҳамма кўриб, шахсан гувоҳ бўлиб туради.

104. Биз уни маълум муддатгача кечиктириб турамиз.

105. Ўша кун келганида Унинг изнисиз ҳеч ким гапира олмайди. Улар орасида бадбахтлари ҳам, бахтлилари ҳам бўлади.

106. Бадбахтлар дўзахда бўлишади, у ерда фақат инграб-сиқташади.

Қиёмат кунининг даҳшати ва ҳайбатидан Аллоҳ таолодан ўзга бирор кимса ҳатто гапиргани лаб қимирлата олмайди. Ўша куни Маҳшаргоҳга тўпланган халойиқ иккига бўлинади: бир томонда бадбахтлар гуруҳи, иккинчи томонда некбин, саодатманд инсонлар гуруҳи. Дунёда ширк ва куфр ботқоғига ботиб, бахтини бой берганлар, албатта, дўзахга тушади. У ерда илоҳий азобга чидай олмай гоҳ эшак каби бўкирса, гоҳ инграб-додлайди. Бу азоб-қийноқлар бир зум ҳам тўхтатилмайди, улар дўзахда абадий қолишади.

107. Парвардигорингиз хоҳишига кўра, улар осмонлару Ер тургунча ўша жойда абадий қолишади. Парвардигорингиз нимани хоҳласа, албатта, ўшани қилади.

108. Аммо бахтлилар жаннатда бўлишади, Парвардигорингиз хоҳишига кўра, улар осмонлару Ер тургунча ўша жойда абадий қолишади. Бу туганмас мукофотдир.

Аллоҳ таолонинг амр-фармонларига итоатда бўлган бахтиёр инсонларнинг мукофоти эса абадий қолинадиган жаннатдир. Жаннатдаги шодмон ва фароғатли ҳаёт асло туганмасдир, осмонлару Ер тургунча боқийдир. Лекин иймонлари саломат қолган мусулмонлар қилган гуноҳлари бадалига дўзахда Аллоҳ таоло хоҳлаганча бир муддат қолишгач, кейин ундан чиқарилиб, жаннатга киришади.

109. (Эй Муҳаммад), улар сиғинаётган нарса хусусида шубҳа қилманг, улар ота-боболари сиғинаётгани каби сиғинишяпти. Биз уларнинг насибасини тўлиғича, камитмай берамиз.

Яъни  уларнинг ота-боболарига ҳам ширк ва куфрлари учун жазо берган эдик, буларга ҳам қилмишларига яраша жазоларини асло камайтирмай берамиз, охиратга боришгач, азобларимизни кўришади.

110. Биз Мусога Китоб бердик, шунда у ҳақда ихтилоф қилинди. Агар Парвардигорингизнинг олдинги Сўзи бўлмаганида эди, ўрталарида ҳукм чиқарган бўлар эдик. Улар ҳақиқатан бунга шубҳа қилишади.

111. Парвардигорингиз ҳамманинг қилганига ярашасини тўлиғича беради, чунки У барча ишлардан хабардордир.

112. Демак, (эй Муҳаммад), буюрилганидек сиз ва сиз билан тавба қилганлар тўғри йўлда бўлинглар, ҳаддан ошманглар, чунки У нима қилаётганларингни кўриб туради.

113. Дўзах ўти ўрамаслиги учун зулм қилувчиларга суянманглар, Аллоҳдан ўзга бирон дўстингиз йўқдир, кейин ёрдам ҳам берилмайди.

114. Кундузнинг бошию охирида ва кечанинг бир қисмида намозни адо қилинглар, яхшиликлар, албатта, ёмонликларни кетказади. Булар фаросатлиларга эслатмадир.

Яъни  кундузнинг бошида бомдод ва пешин намозларини, охирида аср ва шом намозларини, кечанинг олд қисмида эса хуфтонни барча рукнларига амал қилиб адо этинглар. Чунки намоз барча гуноҳ ва фаҳш ишларга каффорат (эваз) бўлади. Ақлингизни ишлатиб, бу насиҳатлардан хулоса чиқаринглар.

115. (Эй Муҳаммад), сабрли бўлинг, Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг мукофотини бермай қўймайди.

116. Олдинги даврда ўтганлар ичида бузғунчиликлардан қайтарадиган фозил кишилар бўлганида эди! Фақат Биз қутқарган озчилик мустасно. Золимлари эса айш-ишратга берилиб, гуноҳкорлардан бўлишди.

Аллоҳ таоло олдин ўтган халқларнинг қиссаларини баён этиб Муҳаммад алайҳиссалом умматларини огоҳлантирадики, агар ўша халқларнинг фозил кишилари инсонларни яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтариб туришганида, яъни амри маъруф ва наҳйи мункарни кўпайтиришганида бу бало-офатлар бўлмас эди. Фақат Биз нажот берган озчиликкина шундай қилган, холос. Ўзига зулм қилганлар эса насиҳатларга қулоқ солмай, айш-ишратга, нафс ва шайтон йўлига кириб кетишди ҳамда гуноҳга ғарқ бўлишди. Ишончли ҳадисда айтилишича, қайси жамоанинг пешволари золимнинг қўлидан тутиб, зулмидан қайтармаса, халққа амри маъруф ва наҳйи мункар қилишдан ўзини тортса, Аллоҳ таоло тезда шундай бало-офатларни юборадики, бундан бирор киши, ҳатто ўша пешволарнинг ўзлари ҳам қочиб қутула олишмайди.

117. Аҳолиси солиҳ шаҳарларни Парвардигорингиз ҳеч қачон вайрон қилмас эди.

118. Агар Парвардигорингиз хоҳласа, инсонларни бир миллат қиларди, аммо улар келишмовчиликка боришаверади.

119. Парвардигорингиз шафқат қилганлари мустасно. Уларни шунинг учун яратган. Бу билан Парвардигорингизнинг: «Дўзахни барча жин ва одамлар билан тўлдираман», деган Сўзи амалга ошади.

120. (Эй Муҳаммад), дилингизга тасалли бериш учун пайғамбарлар қиссасини баён этаётирмиз. Уларда ҳақиқат, мўминларга насиҳат ва ибрат бордир.

121. Иймон келтирмайдиганларга айтинг: «Билганларингни қилиб туринглар, биз ҳам шундай қиламиз».

122. «Натижани кутиб туринглар, биз ҳам кутамиз».

123. Аллоҳ осмонлару Ердаги яширин нарсаларни билади. Ҳаммаси Унинг измидадир. Унгагина сиғининг ва Унгагина суянинг. Парвардигорингиз қилаётганларингиздан бехабар эмасдир.

Яъни  эй Пайғамбар, сиз кофирларнинг куфр ва ширкларидан дилингизни бузманг, хафа бўлманг, вазифангизни сидқидил бажараверинг. Уларни Аллоҳ таолога ҳавола қилингки, У осмонлару Ердаги барча яширин-ошкор нарсаларни билиб туради. Ҳамма нарса Унинг измидадир, иш-муомалалар Унинг Ўзигагина қайтади. Шундай бўлгач, фақат Аллоҳ таолога сиғининг, Унгагина суянинг, яъни таваккал қилинг.

Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳуд» сураси сочларимни оқартирди», деганлар. Аллоҳ буюрганидай бандалик қилиш юки ҳатто Аллоҳ таолонинг суюмли Пайғамбарига бунчалик оғир тушган бўлса, бошқаларнинг ҳолига Аллоҳнинг Ўзи раҳм айласин!