A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
012. Юсуф сураси
PDF Босма E-mail

800x600 Normal 0 false false false RU X-NONE X-NONE MicrosoftInternetExplorer4

Маккада тушган, 111 оятдан иборат

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

1. Алиф, лам, ро. Булар равшан Китоб оятларидир.

2. Тушунишинглар учун арабча Қуръонни туширдик.

Ўқиш-ёзишни билмайдиган умматга саводи йўқ Пайғамбари орқали Юсуф алайҳиссалом қиссасининг араб тилида туширилишидан мурод, Қуръони Карим ва унинг қиссалари қиёматгача бутун инсониятга дастуриламал ва ибратланиш манбаи эканини англатишдир. Илоҳий китобларнинг улуғи бўлмиш Қуръони Карим тилларнинг улуғи араб тилида пайғамбарларнинг улуғи Муҳаммад алайҳиссаломга шаҳарларнинг улуғи Маккаи мукаррамада ойларнинг улуғи Рамазонда туша бошлаган эди. Шунинг учун Қуръони Карим барча самовий китобларнинг энг мўътабаридир (Ибн Касир). Юсуф алайҳиссалом қиссалари Қуръонда ғоят гўзал, беназир суратда баён этилган. Юсуф сурасида Қуръони Каримдаги энг чиройли қиссалардан бири зикр қилинибгина қолмай, унинг замирида бир қанча илмлар ва ибратлар дарвозаси очиб берилган: масалан, Аллоҳ таолонинг тақдиридан ҳеч нарса тўса олмайди; агар Аллоҳ таоло бир бандага фазлу карамини ато этгудай бўлса, бутун дунё одамлари тўпланиб ҳам бундан уни маҳрум эта олишмайди; сабр ва қаноат дунё ва охиратдаги саодат калитидир; ҳасад ва адоват дунё ҳаётининг энг ёмон хатоси ва расволигидир; гўзал ахлоқ ва тўғрилик инсонни ҳатто душманлар қўлида ҳам азизу мукаррам қилади; инсон ақли бир ноёб гавҳардирки, унинг ёрдамида турли мушкуллик ва ташвишларни енгиб, ҳаётини изга солса бўлади ва ҳоказо. Ушбу сура орқали Аллоҳ таоло суюмли Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом умматини ҳаётларида учрайдиган воқеа-ҳодисаларга ақл назари билан қараш, машаққатларни енгишда Юсуф алайҳиссалом бошига тушган кўргиликлардан ибратланишга чақирган ва Коинот Фахрига илоҳий тасалли-таскин берган. Чунки бу пайтда Пайғамбар алайҳиссалом ҳам энг яқин кишилари Ҳазрати Хадича ва Абу Толибдан айрилган, мушриклар у Зотга озор ва душманликларини ҳаддан ортиқ кучайтириб юборган эди.

3. (Эй Муҳаммад), Биз ушбу Қуръонни тушириш орқали сизлар бунгача бехабар бўлган қиссаларнинг энг гўзалини баён қиламиз.

4. Бир куни Юсуф отасига: «Отажон, мен ўн битта юлдуз, қуёш ва ойни кўрдим, уларнинг менга сажда қилишаётганини кўрдим», деди.

5. Отаси айтди: «Эй ўғилчам, тушингни акаларингга айтма, яна улар сенга бирор шумлик бошлашмасин, чунки шайтон инсонга аниқ душмандир».

6. «Парвардигоринг сени шу тариқа танлайди, тушлар таъбирини ўргатади ҳамда сенга ва Яъқуб наслига боболаринг Иброҳим ва Исҳоққа бергани каби неъматларини тўлиқ беради. Парвардигоринг ҳақиқатан билувчи ва ҳикматлидир».

Ҳазрати Яъқуб алайҳиссаломга ўғиллари Юсуф алайҳиссалом кўрган тушидан олдин ҳам шу нарса яхши маълум эдики, Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг лутфи-инояти билан келажакда боболари Иброҳим ва Исҳоқ алайҳимуссаломлар каби пайғамбар бўлиши мумкин эди. Шунинг учун отанинг бу ўғилга муҳаббатлари бўлакча эди. Ана шу муҳаббат туфайли акалари шайтон васвасасига учиб, бирор шумликни бошлаб юришмасин ва укаларига зиён етказишмасин, деган ниятда Яъқуб алайҳиссалом Ҳазрати Юсуфга кўрган тушини айтмасликни тайинладилар. Чунки Аллоҳ билдирган туш таъбирига кўра, ўн бир юлдуз шунча нафар ака-укалар, қуёш ва ой эса уларнинг ота-оналарини англатар, бир куни келиб, ҳаммалари Юсуф алайҳиссаломга берилган азимат олдида бош эгишар эди.

7. Сўровчиларга Юсуф ва акалари қиссасида, албатта, ибрат бордир.

Мана ўн беш асрдирки, инсонлар Қуръони Каримнинг бу қиссасидан ўзларига ибрат, хулоса, насиҳат олиб келишяпти, ўзларини қизиқтирган жуда кўп саволларга жавоб топишяпти. Бунинг учун Юсуф алайҳиссалом қиссаларини эътибор ва тафаккур билан ўқиб-ўрганиш лозим.

8. Шунда Юсуфнинг акалари айтишди: «Биз кўпчилик бўлсак-да, Юсуф ва укаси отамизга биздан кўра суюмли, отамиз аниқ адашяпти».

9. «Отамиз бизга яна эътибор бериши учун Юсуфни ўлдиринглар ёки узоқроққа ташлаб келинглар, кейин яхшилардан бўласизлар».

10. Шунда бири: «Агар ундан қутулмоқчи бўлсанглар, уни ўлдирманглар, балки бирор йўловчи олиб кетиши учун қудуқ тубига ташланглар», деди.

11. Улар айтишди: «Отажон, Юсуфни нега бизга ишонмайсиз, ҳолбуки унга хайрихоҳмиз-ку!»

12. «Эртага бизга қўшиб беринг, яйраб ўйнаб келсин, уни қўриқлаб юрамиз».

13. Ота: «Уни олиб кетсанглар, ғамга ботаман, қаровсиз қолдирганингизда бўри еб кетишидан қўрқаман», деди.

14. Улар: «Биз кўпчилик бўлатуриб уни бўри еб кетадиган бўлса, ожизлардан эканмиз-да!» дейишди.

15. Уни олиб кетиб қудуқ тубига ташлашга қарор қилишганида, Биз: «Уларнинг бу қилмишлари ҳақида, албатта, сўзлаб берасан, унда сени танишмайди ҳам»,  деб ваҳий юбордик.

16. Кечқурун оталари олдига йиғлаб келишди.

17. «Отажон, Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб, қувлашиб кетганимизда уни бўри еб кетибди. Балки, ишонмассиз, лекин биз рост айтяпмиз», дейишди.

Укаларига нисбатан ҳасад ва адоват ўтида қовурилаётган акалар охири оталари хавотирланган ёмон ишга ўтишди. Олдинига уни ўлдирмоқчи бўлишди. Шунда улардан кимдир: «Яхшиси, уни уйдан узоқроққа олиб кетиб, бирор қудуққа ташлайлик, деб маслаҳат бериб қолди. Оталари рўйхушлик бермаса ҳам, ялиниш ва ваъдалар билан Юсуфни олиб кетишди. Бир чуқур қудуққа ташлаб, унинг кўйлагига ёлғондакам қон суртишди-да, оталари олдига «Укамизни бўри еб кетди», деб йиғлаб келишди.

18. Улар Юсуфнинг кўйлагига ёлғондан қон суртиб келишди. Яъқуб: «Йўқ, нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатибди. Энди чиройли сабрдир. Айтганларингизда ёрдам берадиган ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидир!» деди.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломга бўлажак воқеалар моҳиятини англатганидан у киши суюмли ўғилларидан ажраганларига изтироб ҳам чекмадилар, уни ахтариш чораларини ҳам кўрмадилар, шумлик қилган ўғилларни айблаб, жазоламадилар ҳам. Фақат чиройли сабр қилиш билан кифояландилар. «Сизлар келтирган хабарда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина менга ёрдам беради», деб таскин топдилар. Бошга оғир бир мусибат тушганида ана шундай чиройли сабр қилиш мусулмонларга Яъқуб алайҳиссаломдан суннат бўлиб қолган.

19. Карвон ўтиб қолди, одамларини сувга юборишди. У челагини қудуққа тушираркан: «Суюнчи беринглар, бола бор экан!» деди. Уни сотишни ўйлаб, яшириб қўйишди. Лекин Аллоҳ уларнинг қилмишларини билувчидир!

Мадян томондан келаётган бир карвон ҳазрати Юсуф ташланган қудуқ ёнидан ўтиб қолди ва дам олишга тўхтади. Сув келтиргани бир одамни юборишди. У челагини қудуққа ташларкан, унинг тубида бир болани кўриб қолди ва: «Қудуқда бола бор экан!» деб қичқириб юборди. Сўнг уни челакда кўтариб олди. Карвондаги савдогарлар ўзаро маслаҳатлашиб, Юсуфни Мисрга элтиб қул сифатида сотишга қарор қилишади.

20. Ундан тезроқ қутулиш учун арзимас бир неча тангага сотишди.

21. Уни сотиб олган мисрлик (хожа) хотинига: «Унга яхши эътибор бер, эҳтимол, фойдаси тегиб қолар ё ўғил қилиб олармиз», деди. Тушларнинг таъбирини билдириш учун Биз шу тариқа Юсуфни жойлаштирдик. Аллоҳнинг иродаси ҳамиша устундир, аммо кўп одамлар билишмайди.

Савдогарлар Юсуф алайҳиссаломни Миср подшоҳи Райён ибн Валид саройи хазинабони (азизи) Қитфирга сотишади. У қараса, бола сотиладиган қулга ўхшамайди, тоза ва аслзода оила фарзандига ўхшайди. Шунда у хотинига: «Бу болага яхшироқ қара, бирор фойдаси тегиб қолар ёки ўзимиз ўғил қилиб олармиз», деб тайинлайди.

22. Вояга етганида Биз унга ҳикмат ва билим бердик. Биз яхшилик қилувчиларни шундай мукофотлаймиз.

Аллоҳ таоло бўлажак пайғамбари Юсуф алайҳиссаломга кўп неъматларини ато этган эди: унинг ҳусни таърифга сиғмас, бир кўрган киши кўз узолмай қоларди. Ҳатто кейинчалик қанча-қанча шоир ва адиблар унинг ҳуснини мадҳ этиб асарлар ёзишди, «ҳусни Юсуф» деган таърифлар пайдо бўлди. Бундан ташқари, Парвардигор унга дунё ишларида ҳакамлик қилиш иқтидори ва чуқур билим берди. Бундай комил йигитни ўз хонадонида кўрган азизнинг хотини Зулайҳо ошиқу беқарор бўлди, нима қилиб бўлса ҳам йигитни домига илинтиришга ва у билан яқинлик қилишга уринди. Ўзини тузаб, эшикларни беркитиб, тўшакка таклиф этди.

23. Уйдаги аёл уни йўлдан урмоқчи бўлди. У эшикни беркитиб: «Ёнимга кел!» деди. Юсуф: «Аллоҳ сақласин, ахир у менга жой берган хўжайиним-ку, золимлар нажот топишмайди», деди.

24. Аёл унга мойил эди, агар Парвардигори далилини кўрмаганида у ҳам мойил бўларди. Ундан ёмонлик ва фаҳшни шундай қайтардик, чунки у ҳақиқатан холис бандаларимиздандир.

Аёл уни хоҳлаб турибди, балоғатга етиб навқирон йигит ёшида бўлган ҳар қандай инсон бундай ҳолатда ўзини тутолмай қолиши мумкин эди. Аммо Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ҳужжат-далилларини билганлари учун дарров Аллоҳдан паноҳ сўради, жой ва таом бериб, фарзанди каби тарбиялаб турган хонадон эгасига хиёнат қилмаслигини, зино ва хиёнат қилувчи золимлар асло нажот топмаслигини айтди. Нафси аёлни шу кўйга солдики, у мақсадига етиш учун ҳазрати Юсуфни қува бошлади. Юсуф эшикка қараб қочганида аёл аламидан унинг кўйлагининг орқа томонидан шартта йиртиб олди. Шу аснода иккалови эшик олдида аёлнинг эри, сарой азизига (хазинабонига) дуч келишди.

25. Иккови эшикка югурди, аёл унинг кўйлаги орқасини йиртиб олди. Эшик олдида эрига дуч келишди. Хотин: «Аёлингга ёмонлик хоҳлаганнинг жазоси зиндонга ташлаш ё қаттиқ қийноқ бўлиши керак», деди.

26. Юсуф: «Унинг ўзи мени хоҳлади», деди. Шунда хонадондагилардан бири айтди: «Агар кўйлагининг олдидан йиртилган бўлса, бека тўғри гапирган, Юсуф алдаган бўлади»;

27. «агар кўйлак орқасидан йиртилган бўлса, унда бека алдаган, Юсуф рост гапирган бўлади».

28. Эр кўйлакнинг орқасидан йиртилганини кўриб айтди: «Бу, албатта, сиз, хотинларнинг макрингиздир, макрларингиз ҳақиқатан улкандир»;

29. «Эй Юсуф, буни эсдан чиқар, сен эса айбингга кечирим сўра, чунки гуноҳкорлардан бўлдинг».

Яъни  Юсуф алайҳиссалом Зулайҳонинг бузуқ ниятидан қайтарганидан кейин ҳам у Юсуф висолига етишишдан воз кечмади. Аёл ҳазрати Юсуфга туҳмат қилишга ўтди, зино қилмоқчи бўлди, дея эридан уни жазолашни сўради. Юсуф алайҳиссалом ўзини оқлаб, «Аёлнинг ўзи менга ёпишди, аранг қочиб қутулдим», деди. Шунда хонадондагилар яхши ажрим топишди, ҳазрати Юсуф кўйлагининг қайси томонидан йиртилганига қараб айбдорни аниқлашни таклиф этишди. Сир фош бўлгач, Миср азизи Юсуфдан бу нохуш ҳодисани унутишни сўради, хотинига эса қаттиқ танбеҳ берди.

30. Шаҳардаги аёллар: «Азизнинг хотини хизматкорини ром қилмоқчи бўлибди, уни қаттиқ севиб қолганмиш, аёлнинг аниқ адашаётганини кўряпмиз», дейишди.

Миср аслзодаларининг хотинлари «Хазинабоннинг хотини Зулайҳо уйидаги хизматкор йигитни йўлдан урмоқчи бўлган эмиш, чунки уни қаттиқ севиб қолибди, бу шундай мартабали амалдорнинг хотинига муносиб иш эмас», деган иғво гапларни тарқатиб юборишди. Бу гаплардан уларнинг мақсади ҳусни таърифга сиғмаган чиройли йигитни ўзлари ҳам кўриб, завқланиш эди.

31. Аёл уларнинг иғволарини эшитгач, чақиртириб меҳмондорчилик уюштирди ва ҳар бирининг қўлига пичоқ берди. Сўнгра «Олдимизга чиқ!» деди. Улар Юсуфни кўриб, ҳайратда қолишди ва қўлларини кесиб олишди. «Субҳаналлоҳ, бу одам эмас, мукаррам фариштанинг ўзи-ку!» дейишди.

Зулайҳо бу иғво-маломатларга чидай олмай, аёлларни хонадонига чорлаб, зиёфат ташкил этди. Таом ва меваларни кесиш учун меҳмонларнинг қўлига биттадан пичоқ ҳам бериб қўйди ва ҳазрати Юсуфни аёллар олдига чорлади. Йигит кириб келганида унинг ҳусни-жамолини кўрган аёллар ҳушларини батамом йўқотишди, мева ўрнига қўлларини кеса бошлашди. Бу воқеадан сўнг Юсуф алайҳиссаломнинг айбсиз, покдомон экани исботланди. У кишининг шарму ҳаёси шунчалик кучли эдики, аёллар тарафга ҳатто қиё боқмади. Буни кўрган аслзода аёллар: «Бу инсон боласи эмас, фариштанинг ўзи экан», дея хитоб қилишди.

32. Аёл: «Менга маломатлар у туфайли бўлганди. Мен уни ром қилмоқчи бўлдим, у эса кўнмади. Агар буйруғимни бажармаса, зиндонга ташланади ва хўрланганлардан бўлади», деди.

Зулайҳо аёлларнинг Юсуфни кўрганда не аҳволга тушишганига гувоҳ бўлди ва уларни ўзига ҳамдард санади ҳамда йигитга эшиттириб: «Агар бу йигит айтганимга кўнмаса, зиндонга ташлатаман, у ерда умрида эшитмаган хўрлик-азобларни кўради», деб дўқ урди. Шундан кейин зиёфатда ўтирган аёллар Юсуфнинг кўнглини Зулайҳога мойил қилиш учун унга насиҳат қилишга ўтишди.

33. Юсуф: «Эй Парвардигорим, мени мажбурлаётганларидан зиндон афзалдир, агар улар макрини даф этмасанг, уларга мойиллик кўрсатиб нодонлардан бўлиб қоламан», деди.

34. Парвардигори унинг дуосини ижобат қилди ва улар макрини даф қилди. У, албатта, эшитувчи ва билувчидир.

Қийин аҳволга тушиб қолган Юсуф алайҳиссалом аёлларнинг макр-иғволаридан қутқаришни сўраб, Аллоҳ таолога қаттиқ илтижолар қилди. «Уларнинг сўзига кириб, гуноҳга қўл уриш ва нодон кимсалар қаторида бўлишдан кўра менга зиндонда тутқун бўлиш яхшироқдир», деди. Шунда Парвардигор  ҳазрати Юсуфнинг дуоларини ижобат қилиб, аёллар макридан қутқарди. Аммо дуосида зиндонни тилга олгани учун бир муддат қамалишига тўғри келди. Зулайҳонинг эри  Миср азизи шу йўл билан йигитни Зулайҳо фитнасидан узоқлаштирмоқчи бўлди.

35. Кейин улар Юсуфнинг айбсиз экани белгиларини кўргач, бир муддат зиндонбанд қилишларига тўғри келди.

36. У билан икки йигит ҳам қамалди. Бири: «Тушимда шароб тайёрлаётганимни кўрдим», деди. Иккинчиси: «Бошимда нон кўтариб келаётган ва уни қушлар чўқиётган эмиш», деди. «Бизга тушимиз таъбирини айт, сени яхши инсонлардан санаяпмиз», дейишди.

Юсуф алайҳиссалом билан зиндонга ташланган икки йигитнинг бири подшоҳнинг соқийи (шароб қуйиб берувчиси), иккинчиси эса новвойи эди. Ҳар иккови ҳукмдорга заҳар берганликда шубҳаланиб қамалганди. Улар ёнларидаги ҳазрати Юсуфни солиҳ одам сифатида таниб, кўрган тушларини айтиб беришди. Юсуф алайҳиссалом уларга туши таъбирини айтиш воситасида йигитларни ота-боболарининг эътиқодига, ҳар қандай куфр ва ширкдан холи бўлган тавҳидга (яккахудоликка) даъват қила бошлади.

37. Юсуф айтди: «Сизларга ҳар кунги овқатингизни келтиришгунича тушингиз таъбирини айтиб бераман. Бу Парвардигорим ўргатган нарсалардандир. Зеро, Аллоҳга иймон келтирмайдиган, охиратга ишонмайдиган кишилар динини тарк этганман».

38. «Ва боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқублар динига эргашганман. Аллоҳга бирор нарсани шерик қилишимиз мумкин эмас. Бу эса Аллоҳнинг фазлидандир, аммо кўплар шукр қилишмайди»;

Юсуф алайҳиссалом бу сўзлар орқали зиндондаги икки қўшнисини ширк ва куфр аралашган эътиқодларидан воз кечиб, ягона Аллоҳга сиғинишга, боболарининг ҳақ динига (тавҳидга), ҳидоят ва иймон йўлига тарғиб қилди.

39. «Эй ҳамзиндонларим, ҳар хил маъбудлар яхшими ёки ягона ва қудратли Аллоҳми?»

40. «Уни қўйиб, ўзингиз ва ота-боболарингиз ўйлаб топган номларгагина сиғиняпсизлар. Аллоҳ эса уларга ҳеч қандай ҳужжат туширмаган. Ҳақиқатан, ҳукм Аллоҳнинг Ўзига тегишлидир. У Ўзигагина сиғинишга буюрган. Мана шу тўғри йўлдир, лекин кўпчилик буни билмайди».

Бутун оламларни яратиб, уларни якка Ўзи бошқариб-тартибга солиб турган буюк ва қудратли Аллоҳ таоло қолиб, инсонларнинг ўзлари ва уларнинг аждодлари ўйлаб топган ва ҳар хил номлар қўйиб олган, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган турли-туман қўлда ясалган бут-санамларга ишониш ва сиғиниш инсондек шарафли ва мукаррам зотга муносибмикин?

41. «Эй ҳамзиндонларим, бирингиз ҳукмдорига шароб қўйиб беради, бошқангиз эса дорга осилади, қушлар унинг бошини чўқийди. Сизлар сўраган иш ҳал бўлган».

42. Ва у қутулиши гумон қилинганига: «Подшоҳга мен ҳақимда эслат!» деди. Аммо шайтон унга буни унуттирди ва Юсуф яна бир неча йил зиндонда қолди.

Ҳазрати Юсуф зиндонда бирга ётган икки йигитга туши таъбирини айтиб берди ва таъбир тўғри чиқди: уч кундан кейин улар зиндондан чиқди, бири осилди, иккинчиси ўз вазифасида қолди. Юсуф алайҳиссалом омон қоладиганига: «Подшоҳга зиндонда бир бегуноҳ мусофир ётганини эслатиб қўй», дея тайинлади. Аммо шайтон бу омонат сўзни етказишни унуттирди ва у зот зиндонда яна бир неча йил қолиб кетди.

43. Подшоҳ: «Тушимда етти семиз сигирни еттита ориғи еяётганини, еттита ҳўл ва шунча қуриган бошоқни кўрдим. Эй аъёнлар, агар таъбир қила олсанглар, буни тушунтириб беринглар!» деди.

44. Улар: «Булар чалкаш тушлар, таъбирини билмаймиз», дейишди.

45. Икковлондан омон қолгани анчадан кейин эслаб: «Подшоҳ тушининг таъбирини билиб келаман, мени юборинглар!» деди.

46. У: «Эй Юсуф, эй ростгўй одам, етти семиз сигирни еттита ориғи ейиши ҳамда еттитадан ҳўл ва қуруқ бошоқ нимани англатишини айт, буни одамлар билмоқчи, уларга етказай», деди.

Миср подшоҳи бир туш кўрди, ғалати туш бўлганидан ҳеч ким таъбирини топа олмади. Шунда зиндонда бирга ётган соқий тўсатдан Юсуф алайҳиссаломни ва унинг тушларни таъбир қилишини эслаб қолди ва унинг олдига бориб, подшоҳ тушининг таъбирини сўради. Ҳазрати Юсуф айтган таъбир ва бунинг тадбири учун кўрсатган таклифлари у кишининг зиндондан қутулишига сабаб бўлди.

47. Юсуф айтди: «Пайдар-пай етти йил экин экинглар, йиққанингиздан озгинасини ейишга олиб, қолганини бошоғида сақланглар»;

48. «кейин етти йил қурғоқчилик келиб, бироз асраб қўйганингиздан бошқасини битиради»;

49. «шундан кейинги йили одамлар офатдан қутулиб, тўкинчилик бошланади».

Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг билдирганига биноан подшоҳнинг тушини бундай таъбир қилган эди: «Етти семиз сигир фаровонлик ва тўкинчилик билан ўтадиган етти йилни англатади, етти ориқ сигирнинг уларни ейиши эса  шундан кейин етти йил қурғоқчилик ва очарчилик бўлишини билдиради. Шунинг учун йиғиб-териб олинган ғалла ҳосилининг озроқ қисмини ейиш учун қолдиринглар-да, қолганини танг аҳволга тушилганида ишлатиш учун омборларда бошоғи билан сақлаб қўйинглар». Бундан у кишининг мақсади, Миср халқининг қурғоқчилик йилларида қийин аҳволга тушмаслиги учун етти йиллик ғалла ҳосилини ўн тўрт йилга етказиш чораларини кўриш эди. Тарихчиларнинг яқинда кашф этишларича, Юсуф алайҳиссалом бунинг тадбири учун ўзлари бош бўлиб Мисрда тошдан бир неча улкан ғалла омборлари қурдирган эканлар. Уларда ғалла қолдиқлари ҳозиргача ҳам яхши сақланиб қолган. Аммо бу иншоотларнинг нимага хизмат қилганига тадқиқотчиларнинг ақллари етмай, қадимий удумга кўра Миср ҳукмдорларини дафн этишда улар ёнига бир сиқимдан ғалла ташлаб қўйиш урф бўлган, деган нотўғри хулосага боришган. Юсуф алайҳиссаломнинг тушни тўғри башорат қилгани ва кўрган тадбирлари натижасида Миср халқи қирилиб кетишдан омон қолди. Кейинги йили Аллоҳ таоло мўл-кўл ёмғир ёғдириб, тўкинчилик бошланди, мевалар кўп ҳосил бериб, шарбатлар олинди.

50. Подшоҳ: «Уни бу ерга келтиринглар!» деди. Юсуф олдига чопар келганида: «Хожангга бориб, қўлларини кесиб олган аёллар ҳоли нима бўлганини сўра, Парвардигорим ҳақиқатан улар макрини яхши билади», деди.

Подшоҳда олдин ҳам Юсуф алайҳиссаломга бироз ихлос пайдо бўлган эди, чопар келтирган таъбирларни эшитиб, унга муҳаббати янада ортди. «Маҳбусни тезда ҳузуримга келтиринглар», деб буюрди. Аммо Юсуф алайҳиссалом келишга шошмади, балки ўзининг зиндонбанд қилинишига сабаб бўлган аёлларга нима бўлгани билан қизиқди, чопарга «Подшоҳдан сўра-чи, қўлларини кесган аёллар аҳволи нима бўлган экан?» деди.

51. Подшоҳ аёллардан: «Уни ёқтириб қолганингизда нима бўлган эди?» деб сўради. Улар: «Аллоҳ асрасин, биз унинг гуноҳини билмадик», дейишди. Азизнинг хотини: «Энди ҳақиқат очилди, уни мен ром қилмоқчи эдим, у ҳақиқатан ростгўйлардандир», деди.

Чопар хабаридан сўнг подшоҳ аёлларни топтириб келиб, йигитни ром қилмоқчи бўлганларидаги тафсилотлар ҳақида сўради. Улар бир овоздан: «У гуноҳкор эмас эди», дейишди. Шунда Азизнинг хотини Зулайҳо: «Энди ҳақиқат очилди, уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим, лекин уни Аллоҳ асради, у хиёнатчи эмас, покиза, ростгўй инсон экан», деб гувоҳлик берди.

52. «Бу азиз йўғида унга хиёнат қилмаганимни, Аллоҳ эса хоинлар макрига йўл бермаслигини англаш учун эди».

Ҳазрати Юсуф айтдики: «Мен бу тадбирни бекорга ўйламадим, то менга жой ва таом берган, фарзанди каби парвариш қилган Азиз менинг айбсизлигимни, унинг йўқлигида хотинига кўз олайтирмаганимни, аксинча, унинг хотини Зулайҳо нафсига қул бўлиб, эрига хиёнат қилишга чоғланганини билиб олсин».

ЎН УЧИНЧИ ЖУЗ

53. «Ўзимни оқламайман, Парвардигор раҳм қилмаса, нафс, албатта, ёмонликка ундайди. Парвардигорим ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир».

Ибн Касир ва бошқа кўпгина муфассирлар сўнгги икки оятни азизнинг хотини Зулайҳога нисбат беришади. Яъни  Зулайҳо айтяптики: «Мен Юсуфни алдаб, уни йўлдан оздирмоқчи бўлиб, Азизга хиёнат қилдим, лекин барча ҳаракатларим чиппакка чиқди, у поклигича қолди. Агар бундан ортиқ хиёнат қилганимда, албатта, сирим фош бўлар эди, чунки Аллоҳ хиёнаткорларнинг макрига йўл бермайди. Мен ўзимни оқлаб ўтирмайман, барча гуноҳларимга иқрор бўлдим, мен ҳам барча инсонлар каби нафсимни тия олмай қолдим. Юсуф каби Аллоҳнинг раҳмати ва меҳрибонлиги туфайли паноҳ топувчиларгина покликларича қолишади». Бир қанча муфассирлар эса бу икки оятда Юсуф алайҳиссалом сўзлари баён этилгандир, дейишган.

54. Подшоҳ: «Уни олиб келинглар, уни хос кишиларимдан қиламан», деди. У билан сўзлашгач эса: «Энди ҳақиқатан ҳурматимизни ва ишончимизни қозондинг», деди.

55. Юсуф: «Мени мамлакат хазиналарига бошлиқ қил, мен бу ишни яхши биламан», деди.

Подшоҳ Юсуф алайҳиссаломга ҳурмат ва ишонч кўрсатиб, ўзига яқин олганидан кейин ҳазрати Юсуф мамлакат хазиналари ва молия ишларига раҳбарликни ўзига сўради. Мақсади, шу йўл билан мамлакатнинг қурғоқчилик келтирган зарарлардан омон олиб чиқиш ва халққа қаҳатчилик замонида кўпроқ фойда етказиш эди. Бундан кўриниб турибдики, пайғамбарлар ақлий камолот ва салоҳиятда оддий кишилардан анча устун бўлишади.

56. Биз Юсуфга мамлакатнинг хоҳлаган ерида ўрнашиши учун шундай имкон бердик. Биз хоҳлаганимизга раҳматимизни берамиз ва яхши ишлар қилувчиларни мукофотсиз қолдирмаймиз.

Аллоҳнинг фазли билан подшоҳ Юсуф алайҳиссаломга бутун мамлакатни бошқаришни топшириб қўйди, Азиз вафот этганидан сўнг уни Азиз этиб тайинлади. Миср халқи етти йил давом этган қаҳатчиликни ҳазрати Юсуфнинг кўрган тадбирлари ва ҳаракатлари туфайли қийинчиликсиз ўтказди. Азизнинг хотини мусулмон бўлгач, Юсуф алайҳиссалом унга уйланди.

57. Лекин иймон келтирган ва тақволиларнинг охиратдаги мукофоти яхшироқдир.

58. Юсуфнинг оға-инилари келганларида унинг ҳузурига киришди, Юсуф уларни таниди, аммо уни танишмади.

Юсуф алайҳиссалом Миср юртида юксак мартаба ва шарафларга эришиб, унинг ҳукмдори бўлиб турган бир пайтда унинг ака-укалари юртлари Канъондаги етти йиллик қаҳатчиликдан ниҳоятда қийналиб қолганларидан егулик ахтариб, Мисрга келишди. Уларни Юсуфнинг олдига олиб киришди.

59. Уларга керакли нарсаларни берганидан кейин: «Ота бир укангизни ҳам бошлаб келинглар, кўряпсизлар, кўп ўлчаб беряпман ва мен энг яхши мезбонман», деди.

Юсуф алайҳиссалом акаларига бир туядан ғалла бериб, уларни кузатаётганида: «Бу сафар ота бир укаларинг Биняминни ҳам олиб келинглар, кўряпсизлар, сизларга қанча ғаллани бериб юборяпман, агар уни олиб келмасанглар, бошқа ғалла берилмайди, ҳатто овора бўлиб олдимга кириб ҳам ўтирманглар», деб шарт қўйди.

60. «Агар уни олиб келмасанглар, меникида ўлчаш ҳам йўқ, менга яқинлашманглар ҳам».

61. Шунда улар: «Отасидан сўраб олиб келишга ҳаракат қиламиз», дейишди.

62. Юсуф хизматкорларига: «Оилаларига қайтгандан кейин эслаб, яна қайтиб келишлари учун уларнинг сармояларини юклари ичига жойланглар», деди.

Юсуф алайҳиссалом акаларига ғаллани юклаб бергач, улар берган пул ва молларини ҳам юк ичига қўшдириб юборди, токи буни кўргач, эсларига тушиб яна Мисрга ғалла учун қайтиб келишсин. Яна шу мақсадда укалари Биняминга аталган ғаллани акаларига бердирмади.

63. Улар оталари ҳузурига қайтгач: «Отажон, яна ғалла олишимиз учун укамизни қўшиб жўнатмасангиз, ғалла берилмайдиган бўлди, уни ҳимоя қиламиз», дейишди.

64. Яъқуб: «Худди акасини ишонганимдек уни ҳам сизларга ишониб топширайми? Майли, Аллоҳ энг яхши асрагувчи, У меҳрибонларнинг меҳрибонидир!» деди.

65. Улар юкларини очиб, сармоялари ўзларига қайтарилганини билгач: «Нима қилайлик, мана, сармоямизни қайтаришибди, укамизни ҳимоя қилган ҳолда яна борсак, оиламизга бир туядан зиёд ғалла келтирардик, бу унча қийин эмас», дейишди.

66. Яъқуб: «Қайтариб келиш учун Аллоҳ номига қасам ичмагунларингча, уни сизлар билан юбормайман, сизга боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно», деди. Улар қасам ичишгач: «Аллоҳ сўзларимизга гувоҳдир!» деди.

67. У яна: «Ўғилларим, бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқасидан киринглар, Аллоҳнинг бирор нарсасини ўзгартира олмайман, ҳукм ёлғиз Аллоҳдандир! Унгагина таваккал қиламан, таваккал қилувчилар Унгагина суянишсин!» деди.

Яъқуб алайҳиссалом ёмон назарлардан ўғиллари ҳимоясини ўйлаб: «Ҳаммаларингиз шаҳарга бир дарвозадан эмас, бошқа-бошқа дарвозалардан кириб боринглар, чунки Аллоҳ ҳукм қилган бирор нарсани ўзгартиришга қодир эмасман», деди. Бу гаплар билан Аллоҳ таоло иродасига зид сўзлаб қўймаслик учун ортидан: «Аллоҳ таоло мутлоқ ҳукмдордир, нима бўлса, Унинг Ўзига суянаман, таваккал қилувчилар ҳам ёлғиз Унга суянишсин», деб қўшиб қўйди.

68. Оталари буюрган томондан киришди, аммо Аллоҳ ҳукмидан қайтара олмади, бу Яъқуб истагининг амалга ошгани эди, холос. Зотан, у Биз ўргатган билимдан хабардор эди, лекин кўпчилик гумроҳдир.

Ўғиллар ота буюрганидай турли дарвозалардан кирган бўлсалар-да, бу уларни Аллоҳ тақдир қилиб, белгилаб қўйган қийин ҳолатларга тушишдан қутқариб қолмади. Чунки инсон ҳатто пайғамбар бўлса ҳам ва кўп нарсаларни билса ҳам, Аллоҳ таоло ирода қилган хатар ва қийинчиликлардан асраб қололмайди. Фақат бу ҳолатда Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Яъқуб алайҳиссаломнинг ўксик қалбига тасалли бериш учун унинг истакларини рўёбга чиқариб қўйганди. Чунки пайғамбар яхшиларга ҳам, ёмонларга ҳам бирдай панду насиҳат ва даъват қилаверади. Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг қалби укаларига бўлган ҳасад, кин, ёвузлик, ёмонлик каби иллатлардан тозаланган эмас эди. Юсуф алайҳиссалом эса бунга яхшилик ва олийжаноблик билан жавоб берди, чунки у Аллоҳ белгилаган нарсанинг амалга ошувида бир восита эди.

69. Юсуф олдига киришганида у укасини тўхтатиб: «Мен акангман, буларнинг қилмишига хафа бўлма!» деди.

Ака-укалар Юсуф алайҳиссалом ҳузурига киришганида у зот укаларини бир четга тортиб, «Мен ҳақиқатан сенинг акангман, булар етказган озорларга ўкинма, яқинда ҳаммаси яхши бўлади», деб тасалли берди. Чунки олдинги сафар Юсуф алайҳиссалом укаси Биняминни кўп суриштириб, уни алоҳида таклиф қилгани акаларнинг рашк ва ҳасадини янада кучайтириб юборган ва Мисрга келгунча унга таъна-маломатлар қилиб, хўрлаб, озор беришган эди.

70. Уларга керакли нарсани бергач, идишни укаси юки ичига яширди. Шунда бир жарчи: «Эй карвондагилар, ўғри экансизлар!» деб тўхтатди.

Юсуф алайҳиссалом акаларига сўраган ғаллаларини бергач, бир идишни (тафсирларда подшоҳ сув ичадиган ёки ғалла ўлчайдиган олтин ё кумушдан ишланган қимматбаҳо чўмич, дейилган) укаси Биняминнинг юклари ичига қўшдириб юборди. Бундан мақсад ёлғончи ва тошбағир акаларнинг таъзирини бериб қўйиш ва Биняминни ушлаб қолиб, шу баҳонада кекса отани Мисрга олдириб келиш эди. Йўлга чиқишаётганида подшоҳнинг бир хизматчиси келиб, акаларга: «Ҳой карвондагилар, сизлар ўғри экансизлар-ку!» деб қолди.

71. Акалар: «Нима йўқотдинглар?» деб сўрашди.

72. «Подшоҳнинг идиши йўқолди, ким топса, бир туя ғалла олади, бунга кафилмиз», дейишди.

73. Акалар: «Аллоҳга қасам, бу ерга бузғунчилик қилгани келмаганимизни ва ўғри ҳам эмаслигимизни биласизлар-ку?!» дейишди.

74. Улар: «Бордию ёлғон айтаётган бўлсанглар, жазоси нима бўлсин?!» дейишди.

Яъни,  ўғирланган нарса сизлардан чиқиб қолса, нима жазо қўлланишини биласизларми, у ҳолда нима қиласизлар?

75. Акалар: «Агар у кимнинг юкидан чиқса, ўшанинг ўзи жазоланади, биз ўғриларни шундай жазолаймиз», дейишди.

Яъни бизнинг қонунларимизда йўқолган нарса кимнинг юки ичидан чиқса, ўша одамнинг ўзи жазоланади, дейишяпти. Чунки Яъқуб алайҳиссалом шариатида ким ўғирлик устида қўлга тушса, молини ўғирлатган одамнинг қўлида бир йил қул сифатида ишлаб бериши керак эди. Демак, маълум бўляптики, Мисрда жиноят қилган киши ўз юрти қонунлари бўйича жазоланишига керак экан. Ўзларидан хотиржам бўлган акалар ўғрига исталган жазо берилишига рози бўлишди.

76. Шунда олдин уларнинг юкларини текширди, кейин укасининг юки ичидан уни «топиб» чиқарди. Юсуфга бу тадбирни Биз ўргатдик. Аллоҳнинг хоҳиши бўлмаганида подшоҳ қонуни бўйича укасини олиб қололмасди. Биз хоҳлаганимизни улуғлаб қўямиз, зеро ҳар бир илм эгасидан Билимлироқ бор.

Ана шунда Юсуф алайҳиссалом акаларида шубҳа туғдирмаслик учун Аллоҳ таоло ўргатган тадбирларни ишга солди. Унинг ходимлари олдин акаларнинг хуржунларини текшириб чиқишди, энг охири Бинямин юки тафтиш қилинди. «Тафсири Жалолайн»да келишича, ўша пайтдаги Миср қонунларига кўра, ўғриларга фақат молиявий жазо қўлланилган, яъни ўғри ўғирлаган молини эгасига икки баравар қилиб қайтаришга мажбурланган, аммо уни қул қилиб ишлатиш кўзда тутилмаган. Аллоҳ таолонинг иродаси билан Юсуф алайҳиссалом акаларига «ўғри»ни Яъқуб алайҳиссалом шариатига кўра жазолаш зарурлигини уқтириб, уларни бунга кўндирди ва Биняминни олиб қолишга йўл очилди. Аллоҳ таоло ана шу тарзда хоҳлаган бандаси даражасини улуғлаб, мушкулотларига тадбир бериб қўяди, чунки Унинг билими барча махлуқлариникидан устундир.

77. Улар: «Агар шу ўғирлаган бўлса, олдинроқ акаси ҳам ўғирлик қилганди», дейишди. Юсуф буни дилига тугиб қўйди, аммо уларга билдирмади ва: «Аҳволларинг баттар бўлди, нима деяётганингизни Аллоҳ яхши билади», деб ўйлади.

Ёвузлик ва ёлғон қонига сингиб кетган акалар ҳаддан ошиб, Юсуф алайҳиссаломга ҳам туҳмат қилишга ўтишди. Биняминнинг «қўлга тушганини» кўргач, «бунинг ўғирлик қилганига ажабланманг, бу нарса ака-укалар табиатида бор нарса, чунки акаси Юсуф ҳам олдин ўғирлик қилганди», деб очиқ-ойдин ёлғон гувоҳлик беришди. Аммо Юсуф алайҳиссалом шунда ҳам ўзини танитмади, барчасини Аллоҳга ҳавола қилди, «Бу қилмишларинг билан гуноҳларингни кўпайтирдинглар, Аллоҳ нима деганингизни-ю, нималар қилаётганингизнинг ҳаммасини кўриб-билиб турибди», деб ўйлади. Бундан маълум бўляптики, банда ҳар қандай ҳолатда ҳам фақат Аллоҳга юкунсин, бошига тушган бало-фалокатлар қаршисида довдирамай, Парвардигорнинг синовларига чидаб, сабр қилсин, ишлар ечимини фақат Аллоҳнинг Ўзига ҳавола этсин.

78. Улар: «Эй ҳукмдор, яхши одам эканингизни кўриб турибмиз, бунинг жуда қари отаси бор, ўрнига бирортамизни олиб қолинг», дейишди.

79. У: «Молимиз топилган кишидан бошқани ушлаб қолишдан Аллоҳ сақласин! У ҳолда золимлардан бўламиз», деди.

80. Барча умидлари узилгач, маслаҳатга четланишди. Уларнинг каттаси: «Олдин Юсуфга нисбатан ваъдангизни бажармаганингиз учун отамизнинг Аллоҳ номи билан қасам ичиргани эсингиздан чиқдими? Отамизнинг рухсати бўлмагунича ёки Аллоҳ менга ҳукм қилмагунича мамлакатдан чиқиб кетмайман, У энг яхши ҳукм қилувчидир!» деди.

Укалари Биняминни ўзлари билан олиб кетишга ҳукмдорни кўндира олмагач, умидсизланган аҳволда бир четга ўтиб маслаҳатлашишди. Акаларнинг энг каттаси ёшда ҳам, ақл-фаросатда ҳам бошқаларидан устун эди. Олдин Ҳазрати Юсуфни ўлдирмоқчи бўлишганида ҳам у бундан қайтарган эди. У ҳозир ҳам укаларига насиҳат қилиб: «Отамизга олдин берган ваъдамизни бажара олмай, Юсуфнинг ҳалокатига сабаб бўлгандик, Аллоҳ номига қасам ичиб, катта ваъдалар бериб бошлаб келган укамизни Мисрга ташлаб кетамизми, йўқ, отамиздан бунга ижозат олмагунча ё Аллоҳ бирор йўл кўрсатмагунча, бу шаҳардан ҳеч қаёққа кетмайман, Аллоҳ энг яхши йўл кўрсатувчидир», деб уларни ниятларидан қайтарди.

81. Отангиз олдига қайтиб айтинг: «Эй ота, ўғлингиз ўғирлик қилди, билганимизгагина гувоҳлик берамиз, ғайбий нарсаларни билмаймиз»;

82. «биз бўлган шаҳар ва карвонимиздагилардан сўранг, рост айтяпмиз».

83. Яъқуб: «Йўқ, ҳавойи нафсингиз қилмишингизни маъқул кўрсатган. Энди чиройли сабр қиламан, Умид Аллоҳнинг икковини қайтаришидан, У билувчи ва ҳикматлидир», деди.

84. Улардан юз ўгириб: «Воҳ, Юсуфим!» деди. Кўзлари оқариб кўрмай қолди, дардини ичга ютди.

Аллоҳ таоло Яъқуб алайҳиссаломни оғир синовидан ўтказди. Олдин у кишига Юсуф алайҳиссаломни қаттиқ севдириб қўйди, кейин эса ниҳоятда аламли бир тарзда суюмли ўғилдан жудо қилди. Фарзанд фироқида йигирма йилча (баъзи тафсирларда саксон йил) куйиб, айрилиқ дардини чекди. Йиғлайвериб, охири кўзларига оқ тушиб, кўрмай ҳам қолди. Бу бесабрлик йиғиси эмасди, балки Аллоҳ таоло инсонлар табиатида туғма яратиб қўйган оталик меҳрининг бир кўриниши эди. Ишонарли ҳадисда келишича, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам норасида ўғиллари Иброҳим вафот этганида қаттиқ қайғуриб, кўз ёши тўкканлар. Аммо Яъқуб алайҳиссалом айрилиқ ва мусибатларни мардона қарши олди, бирор марта тилидан шикоят, норозилик сўзи чиқмади, барига чиройли сабр қилди. Кенжа ўғли Бинямин Мисрда гўё ўғрилик билан ушланиб қолганини эшитгач, бир дарди ўн бўлди, беихтиёр ичидан «Воҳ, Юсуфим!» деган нола отилиб чиқди. Буни кўрган ўғиллар отанинг оғир ҳолатини тушунмай, унга таъна-маломатлар қилишди.

85. Шунда улар: «Аллоҳ ҳаққи, ҳолдан тойгунча ё ўлиб кетгунча Юсуфни эслайверасизми?» дейишди.

86. Яъқуб айтди: «Дарду ҳасратларимни Аллоҳгагина айтаман, сизлар билолмаган нарсани Аллоҳдан билиб оламан».

Яъқуб алайҳиссалом ўғилларининг таъна-маломатларига жавобан айтяптики: «Эй нодонлар, сизлар менга қандай сабр қилишни ўргатяпсизларми? Бесабр одам Парвардигори берган мусибат-балолардан бандаларга шикоят қилади, мен эса дард берувчининг Ўзига дардимни айтяпман. Аллоҳнинг Ўзидан сизлар билмайдиган нарсаларни билиб оламан. Сезишимча, Юсуф, албатта, тирик, укаси ҳам топилади, Юсуфнинг бир вақтлар кўрган туши ҳақиқатга айланади, буларнинг ҳаммаси менга Парвардигорнинг бир имтиҳонидир».

87. «Эй ўғилларим, бориб Юсуф ва укасини изланг ҳамда Аллоҳ раҳматидан ноумид бўлманг, Аллоҳ раҳматидан, ҳақиқатан, кофир кимсалар ноумид бўлади».

88. Унинг олдига кириб: «Эй ҳукмдор, бизга ва оиламизга очлик балоси келди, аммо сармоямиз озроқ, шунга эҳсон сифатида ҳам ғаллани кўпайтириб бер, Аллоҳ эҳсон қилувчиларни, албатта, мукофотлайди», дейишди.

89. Шунда у: «Нодонлик пайтингизда Юсуф ва укасига нима қилганингизни эслайсизми?» деб сўради.

90. Улар: «Наҳот, Юсуф бўлсанг?» дейишди. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса укам. Аллоҳ бизга марҳамат қилди, ким тақволи ва сабрли бўлса, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни мукофотсиз қолдирмайди», деди.

Фарзандлар оталарининг топшириғи билан яна Мисрга жўнашди ва Юсуф алайҳиссалом саройига кириб: «Юртимизда очарчилик, биз ҳам, бола-чақаларимиз ҳам ҳаммамиз қийналиб кетдик. Аммо келтирган сармоямиз озроқ, шунга эҳсон тарзида бизга кўпроқ ғалла берсангиз, ахир Аллоҳ таоло эҳсон қилувчиларни асло мукофотсиз қолдирмайди», деб илтимос қилишди. Буни эшитиб ҳазрати Юсуф ўзларини тутолмай, кўзларидан ёш оқди. Шунда у кишига ўзини танитишга Аллоҳдан ижозат бўлди. Юсуф алайҳиссалом: «Юсуфга, унинг укасига қилган ёмонликларингиз эсингиздами? Лекин у пайтларда жоҳил, нодон эдингиз, шу туфайли ана шу гуноҳларга йўл қўйгансиз», деди. Акалари бирдан таниб қолишди ва: «Ие, наҳот, Юсуф бўлсанг?» деб сўрашди. У: «Ҳа, Юсуфман, мана бу эса укам Бинямин, Аллоҳ таолонинг раҳмати билан ҳақ қарор топди, ким сабр қилса ва Аллоҳдан қўрқса, Унинг мукофотидан бенасиб қолмайди», деди.

91. Улар: «Аллоҳга қасам, ҳақиқатан, Аллоҳ сени биздан устун қилибди ва гуноҳкорлардан эканмиз», дейишди.

92. У бундай деди: «Бугун сизларни айблаб бўлмайди, Аллоҳнинг Ўзи кечирсин, чунки У меҳрибонларнинг энг раҳмлисидир!»;

93. «мана бу кўйлагимни олинг-да, отамиз юзига ёпинг, шунда кўзлари очилади. Кейин бутун оилангизни бошлаб олдимга келинглар».

Ҳазрати Юсуф акалари билан танишиб, ўртада ҳол-аҳвол сўрашлар, узр-маъзурлар бўлди. Хайрлашув пайти келганида ҳазрати Юсуф: «Мен бу ҳолатда юртимизга кетолмайман, сизлар бориб бутун оиламиз ва яқинларимизни бошлаб келинглар, манави кўйлагимни олиб бориб, отамизнинг юзларига ёпсангиз, кўзлари очилади», деганидан кейин акалар йўлга тушишди.

94. Карвон йўлга чиққанида оталари: «Ақлдан озди деманглар-у мен Юсуфнинг ҳидини сезяпман», деди.

95. Улар: «Аллоҳга қасам, яна эски адашувдасиз!» дейишди.

Карвон Мисрдан кўйлакни олиб жўнаган замон оталари димоғига Юсуф алайҳиссалом ҳидлари етиб борди. Шунда Яъқуб алайҳиссалом ўғиллари ва хонадондагиларга: «Агар кексаликка йўймасанглар ё жиннига чиқармасанглар, бир гап айтай, мен ўғлим Юсуфнинг ҳидини ҳис қиляпман», деди. Оиладагилар бу гапни эшитиб: «Яна эски гапларни айтяпсиз, яна адашяпсиз» дейишди.

96. Хушхабарчи келиб, кўйлакни унинг юзига ёпганди, кўзлари очилди. У айтди: «Айтмабмидим, сизлар билмаганни Аллоҳ менга билдиради, деб».

97. Улар: «Отажон, гуноҳларимизни кечиришини сўраб беринг, ҳақиқатан гуноҳ қилдик», дейишди.

98. У: «Парвардигоримдан гуноҳингизни кечиришини сўрайман, У ҳақиқатан кечирувчи ва меҳрибондир», деди.

Яъқуб алайҳиссалом жумага ўтар кечаси ёки тунги ибодатларида дуо қилишига ишора этяпти.

99. Улар Юсуфнинг олдига боришганида у ота-онасини бағрига босиб: «Иншааллоҳ, Мисрга хотиржам киринглар», деди.

100. У ота-онасини ўз тахтига чиқарди. Ҳаммалари унга таъзим қилиб, тиз чўкишди. Шунда у айтди: «Отажон, мана шу олдин кўрган тушим таъбиридир, Парвардигорим уни рўёбга чиқарди. У менга марҳамат қилиб, қамоқдан қутқарди, шайтон акаларим билан орамизни бузиб, иғво қилганидан сўнг, мана, сизларни чўл-саҳролардан келтирди. Парвардигорим хоҳлаган ишини, албатта, амалга оширувчидир, У ҳақиқатан билимли ва ҳикматлидир».

Ўша пайтда Юсуф алайҳиссаломнинг ота-она ва акалари қатори яқинларидан етмиш-саксон чоғли киши ҳам Мисрга келганди. Муфассирлар ҳазрати Юсуфнинг оналари ҳақида турли фикр айтишган. Аммо кўпчилигининг фикрига кўра, онаси Роҳила анча олдин вафот этган, Яъқуб алайҳиссалом кейин Роҳиланинг синглиси Олияга уйланган эди. Юсуф алайҳиссалом кейинги она ва хола бўлмиш Олияни ҳам ўз онасидай ҳурматлаб кутиб олди. Ҳамма тўплангач, ҳазрати Юсуф ота-она иззатини жойига қўйиб, ўз тахтига ўтқазиб қўйди. Келган ҳамма яқинлар тиз чўкиб, Юсуфга таъзим қилишди (Оятдаги «сажда қилишди» иборасини «таъзим қилишди» деб ўгирдик. Сабаби, Одам алайҳиссалом замонидан Исо алайҳиссалом давригача бундай сажда мумкин эди, лекин Муҳаммад алайҳиссалом шариати инсонга сажда қилишни ман этган.-Муҳаррир). Сўнг Юсуф алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг ўзига ато этган марҳамати ва эҳсонларини изҳор этиб, Унинг тақдирида белгиланган нарса, албатта, амалга ошиши, дунёдаги ҳамма иш Аллоҳнинг иродаси билангина содир бўлишини зикр қилди. Аммо акаларининг қилган душманликлари ҳақида лом-мим демади, балки бу ишлар шайтон васвасаси эканини айтиб, уларни хижолатликдан қутқарди. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам ҳазрати Юсуф каби Макка фатҳ қилинганидан кейин ўзларига кўп озор-азиятлар етказган маккаликларнинг айбларини кечириб, улуғ марҳамат ва шафқат билан муносабатда бўлдилар.

101. «Парвардигоро, менга подшоҳлик ато этдинг, тушлар таъбирини ўргатдинг. Эй осмонлару Ерни яратган Зот, дунёю охиратда менинг Хожамдирсан, мусулмон ҳолимда жонимни ол ва яхши бандаларингдан қил!»

Яъни  ўлим соатлари келганида мени мусулмон ҳолатида вафот эттир, сўнг яхши, солиҳ бандаларингга бориб қўшилай. Уламолар айтишларича, ҳазрати Юсуф оталари ҳаётлигида мамлакатни бошқариш ишлари билан машғул бўлган, Яъқуб алайҳиссалом вафотидан кейин ўз ихтиёри билан буни тарк этди. Оталари «вафот этсам, юртимга олиб бориб дафн этинглар», дея васият қилган эди, шунга кўра у кишини Шомга элтиб дафн қилишди.

102. (Эй Муҳаммад), бу Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Улар ҳийла билан тадбир қилишаётганида йўқ эдингиз.

103. Сиз хоҳласангиз ҳам, кўп одамлар ишонишмайди.

Эй Муҳаммад (алайҳиссалом), одамлар сизнинг охирги ҳақ Пайғамбар эканингизни билиб турса-да, кўпчилиги бунга ишонмайди. Ваҳоланки, бунга далил-ҳужжатлар тўлиб ётибди, аммо гумроҳлар турли баҳона-сабабларни рўкач қилиб, Ҳақни танишдан қочиб юрибди.

104. Бунинг учун улардан ҳақ ҳам сўрамайсиз. Қуръон оламлар учун бир эслатма, холос.

105. Улар осмонлару Ердаги қанчалаб далиллардан юз ўгириб ўтишади.

106. Кўплари эса мушрик бўлгани учун Аллоҳга ишонмайди.

Аллоҳ таолога турли бут-санамларни, сохта «илоҳ»ларни шерик қилувчи мушриклар эл кўзидагина иймон келтирган эса-да, аслида ширклари устунлик қилиб, Аллоҳни танимайди, Унинг амр-фармонларидан бехабар юраверади.

107. Улар Аллоҳнинг азоби қамсаб олишини ёки сезмай туришганида қиёмат соатининг тўсатдан келишини билишмасмикин?!

Куфр келтирганлар нега бунчалик хотиржам ва бепарво юришибди. Ё улар Аллоҳ таолонинг қаттиқ азоби тўсатдан келиб, бутунлай қамсаб олишини ўйлашмаяптими? Ёки қиёматнинг қўрқинчли соатлари бирданига келиб қолишини билишмаяптими?!

108. «Бу менинг йўлимдир, мен ва издошларим очиқ далил билан Аллоҳга чақирамиз. Аллоҳ покдир ва мен мушриклардан эмасман», денг.

109. Биз сиздан илгари ҳам фақат шаҳарлик эркакларни ваҳий билан пайғамбар қилиб юборганмиз. Ер юзини кезиб, олдингиларнинг оқибати қандай бўлганини кўришмайдими? Тақволилар учун охират уйи яхшироқдир, нега тушунишни хоҳлашмайди?

Бу ояти каримадан маълум бўляптики, Аллоҳ таоло иродаси билан пайғамбарлик фақат эрларга берилади, аёллардан ҳазрати Марямга фақат сиддиқалик мартабаси берилган эди. Шунингдек, саҳрода яшовчи бадавийлардан ҳам пайғамбар чиқмаган.

110. Пайғамбарлар қавмлари иймонга келишидан бутунлай умидини узиб турганида уларга Бизнинг ёрдамимиз келди ва хоҳлаганларимизни шундай қутқарамиз. Лекин гуноҳкор қавмларга жазойимиз муқаррардир!

Эй инсонлар, Илоҳий азоб кечиктирилиб, маълум муҳлат берилгани сизларни хотиржам қилиб қўймасин. Олдинги умматларга ҳам катта муҳлатлар берилган эди, улар бундан бепарволикка тушиб, куфр келтириб юришаверди. Пайғамбарлари эса уларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, кейин иймон келтирмаганини кўргач, ниҳоятда умидсизликка тушишди. Мана шундай ҳолатда бирдан қаттиқ азобимизни юборамиз, кимни хоҳласак, омон қолдирамиз, қолганларни ҳалок қиламиз. Улар қанчалик дод-фарёд қилишмасин, нималарни баҳона қилишмасин, азобимиз ҳаргиз қайтарилмайди.

«Тафсири Жалолайн»да оятдаги «кузибу» сўзининг икки хил маъноси келтирилган: биринчисида, куфр келтирганларнинг инкори шу даражада қатъий эдики, уларнинг иймонга келиши ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас эди, иккинчисида, одамлар пайғамбарлар ваъда қилган Аллоҳ таоло ёрдамининг келишига ишонмай, уларни ёлғончига чиқаришган эди.

111. Тушунганларга бу қиссаларда, албатта, ибрат бордир. Булар тўқилган эмас, балки олдингиларнинг тасдиғи, ҳамма нарсанинг баёни, иймон келтирган қавмлар учун ҳидоят ва раҳматдир!