A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
110. Наср сураси
PDF Босма E-mail

Суранинг аввалида «ан-Наср» сўзи иштирок этгани учун Наср, яъни  ғалаба деб номланган. Наср улкан ғалаба, Маккаи мукаррама фатҳидир. Бундан ташқари, суранинг «Тавдийъ» — видолашув деган номи ҳам бор.

Сура ўз ичига олган нарсалар

Мадинада нозил бўлган бу сурада Макканинг фатҳ этилиши, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мушриклар устидан ғалаба қозонишлари, Араб ярим оролида Ислом динимизнинг ёйилиши, ширк ва санамларнинг йўқ бўлиши баён этилган.
Шунингдек,  бу сурада Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) вафотлари яқинлашгани  ҳақида хабар ва Аллоҳ таолога тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюриш ҳам бор.

Суранинг фазилатлари

Термизий Анас ибн Моликдан келтирилган ривоятларда «Наср ва Залзала суралари Қуръоннинг тўртдан бирига тенгдир», дейилган.
Имом Насаий Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утбадан келтиради: «Ибн Аббос менга: Қуръондаги охирги нозил бўлган сурани биласанми?» деганларида, мен: «Ҳа, биламан, у «Иза жаа анасруллоҳи» сурасидир», дедим, у зот: «Тўғри айтдинг», дедилар».

Нозил бўлиш сабаблари


Имом Бухорий ва бошқалар Ибн Аббосдан ривоят қилишади: «Ибн Аббос айтдилар: «Умар ибн Хаттоб мени Бадрда иштирок этган катта ёшли кишилар билан бирга (ҳузурларига) киритар эдилар. Бундан уларнинг баъзилари таажжубланишар эди.  Кунларнинг бирида уларни ҳузурларига чақиртириб, мени ҳам улар билан бирга киритдилар. Буни фақат (кичик бўлсам ҳам) қандай эканлигимни кўрсатиш учун қилганлар, деб ўйладим.  У куни Умар ибн Хаттоб: «Иза жаа анасруллоҳи валфатҳу» сураси ҳақида нима дейсизлар, деб улардан сўрадилар. Улардан баъзилари: «Агар ғалаба қозониб, бизга зафар берилса, Аллоҳга ҳамд ва истиғфор айтишимизни буюрган», дейишди.  Баъзилари ҳеч нарса дейишмади. Умар ибн Хаттоб мендан сўради: «Эй Ибн Аббос, сен ҳам шундай дейсанми?» Мен: «Йўқ», дедим.  У зот: «Унда нима дейсан?» дедилар. Мен: «У Расулуллоҳнинг ажалларидир. Аллоҳ таоло у зотга билдирган, дедим. Яъни «Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса, мана шу ажалингиз аломатидир. Парвардигоргизга ҳамд айтинг ва Ундан мағфират сўранг. Зеро, У тавбаларни қабул қилгучи Зотдир». Ҳазрати Умар:«Мен ҳам сен айтган нарсанигина биламан холос, дедилар».

Тафсир ва баён

«Қачон Аллоҳнинг ёрдами ва ғалаба келса, яъни  эй Муҳаммад (алайҳиссалом) қачон Аллоҳнинг ёрдами, нусрати ва қўллаб-қувватлаши душманингиз бўлмиш Қурайшнинг зарарига содир бўлиб, Макка фатҳ этилса ҳамда ғалаба ҳақиқатга айланиб, амрингиз рўёбга чиқса, Аллоҳ азза ва ҳамду жаллани улуғлаш, Унга ибодатни зиёда қилиш учун яна сано айтишни кўпайтиринг».
Оятдаги «насруллоҳ»дан мурод шуки, албатта, нусрат Аллоҳ томонидан содир бўлади. Ундан бошқа бирор кишига муносиб эмас. Фақат Унинг ҳикмати билан амалга ошади. Шунинг учун бу нусрат улуғланмоқда. Яъни  у ҳақиқатда воқе  бўлувчидир.
Имом Аҳмад, Байҳақий ва Насаийлар Ибн Аббосдан қилишган ривоятда келтирилишича, «Иза жаа насруллоҳи» нозил бўлганида, Расулуллоҳ:«Менинг жоним (тез кунларда) вафот этиши ҳақида хабар берилмоқда.  Мана шу йил жоним узилади», дедилар».
Ибн Можадан бошқа барча муҳаддислар Ибн Аббосдан қилинган ривоятда: «Фатҳдан кейин ҳижрат йўқдир. Лекин жиҳод ва ният боқий қолур» дейилган.
Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ» китобларида Ибн Аббосдан қилишган ривоятда, Расулуллоҳ (алайҳиссалом) фатҳ куни: «(Макка) фатҳ этилганидан кейин ҳижрат йўқ. Лекин жиҳод ва ният бор. Агар урушга сафарбар этилсангиз, унда иштирок этинглар», деб айтганлар.
«Ва одамлар тўп-тўп бўлишиб, Аллоҳнинг дини (Ислом)га кираётганларини кўрсангиз». Яъни  араб ва бошқаларни сизга юборилган динга жамоат-жамоат бўлиб киришаётганининг шоҳиди бўлсангиз, дейилмоқда. Чунки бошланишида битта-битта ёки иккита-иккита бўлиб динга киришар эди. Бора-бора қабилалар ёппасига Исломни қабул қиладиган бўлди.
«Дарҳол Парвардигоригизга ҳамд айтиш билан (У зотни ҳар қандай шериклардан) покланг ва У Зотдан мағфират сўранг! Зеро, У тавбаларни қабул қилгувчи бўлган Зотдир». Яъни агар Макка фатҳ этилиб, Ислом кенг қулоч ёйса, Аллоҳнинг сизга берган неъматлари учун намоз ўқинг ва Уни барча нолойиқ нарсалардан поклаш орқали шукр қилинг.
Бу ерда ҳамд ва тасбеҳ айтишнинг ораси бирлаштирилмоқда, чунки нусрат ва фатҳ Аллоҳга ҳамд айтишни тақозо этади, бу нарса Аллоҳнинг улуғ фазли ва марҳаматидир.
Ва яна Аллоҳга тавозуъ қилган ҳолда, амалларинигизнинг қусурли эканини ҳис қилиб ва умматингизга таълим бўлиши учун Ундан мағфират талаб қилинг. Нусрат кечикиб кетгани учун ўзингизга эргашган мўминлардан қўрқув, безовталикни даф этиш учун ҳам мағфират сўранг. Чунки Аллоҳ таоло бандаларнинг тавба ва мағфиратларини қабул айлаб, раҳм қилиши ўзининг марҳаматидир. Аллоҳ таоло бандалари ноумид бўлмаслиги ва яна хатога қайтмасликлари учун тавбаларни қабул қилгувчи Зотдир.
Имом Бухорий Оиша онамиздан қилган ривоятда келтиришича, «Иза жаа насруллоҳи вал фатҳу» сураси нозил қилингандан кейин Расулуллоҳ бирор намоз ўқийдиган бўлсалар, албатта, унда «Субҳонака роббана ва биҳамдика Аллоҳуммағфирлий» деб айтардилар.
Яна ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ рукулари ва саждаларида «Субҳанакаллоҳу роббина ва биҳамдика, Аллоҳуммамағфирлий» деб айтардилар», дейди.
Яна ҳазрати Оиша: «Расулуллоҳ рукулари ва саждаларида «Субҳанакаллоҳу роббана ва биҳамдика, Аллоҳуммағфирлий» деб кўп айтардилар ва бу айтганларини Қуръондан таъвил қилардилар. Яъни Қуръонда келгани учун худди ўзидек бажарардилар», деб айтганлар.

Сурадан ўрганганлариимиз

Сура қуйидаги нарсаларга далолат қилади:
1. Аллоҳ томонидан бўлган  ҳар бир неъматга Унга мос шукр, ҳамд ва ва сано айтиш шарт бўлади. Аллоҳнинг Набийи (алайҳиссалом) ва у Зотнинг умматларига энг катта неъматларларидан бири — душманлари устидан нусрат ва ғалаба берилгани ҳамда мусулмонлар қибласи, ёки Каъба ёки Байтулҳаром, араб ва Ислом пойтахти бўлмиш Макканинг  фатҳ этилишидир.
Аллоҳ таоло бу улуғ неъмат — Макка фатҳига бошқа катта бир неъматни ҳам қўшиб насиб этдики, у ҳам бўлса араб ва бошқаларнинг Ислом динига  жамоат ва тўп-тўп бўлиб киришларидир.  Бу нарса Макка фатҳ этилганида содир бўлди.
Араблар: «Агар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Ҳарам аҳли устидан ғалаба қозонсалар, бирор куч ёрдам бера олмайди. Аллоҳ Ҳарам аҳлини фил соҳиблари (Абраҳа қўшинлари)дан омонда қилган эди», деб айтишар эди.
Бас, улар тўп-тўп, бир уммат бўлган ҳолда Исломни қабул қилишар эди.
2. Шунинг учун Аллоҳ таоло бу сурага ўзи учун кўп намоз ўқиб, тасбеҳ айтиб, барча лойиқ ва жоиз бўлмайдиган нарсалардан поклаш, зафар ва фатҳлар бўлганида Аллоҳга ҳамд айтиш, зикрда бардавом  бўлиб мағфират сўрашни буюриш ила хотима ясамоқда. Чунки Аллоҳ таоло тасбеҳ  ва истиғфор айтувчи бандаларнинг тавбаларини қабул этувчи ва раҳмли Зотдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) маъсум (гуноҳлардан йироқ) бўлишларига қарамай, истиғфор айтишга буюрилмоқда. Умматларига бу нарса қай даражада зарур эканига энди ҳам гумонда  бўласизми?
Имом Муслим Оиша онамиздан қилган ривоятида,  Расулуллоҳ (алайҳиссалом): «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи  астағфируллоҳа ва атубу илайҳи», деб кўп айтардилар. Шунда мен: «Эй Аллоҳнинг Расули! Сиз «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи», деб кўп айтаётганингизни кўрмоқдаман», десам, у Зот: «Роббим менга тез кунда умматимда  аломат кўришимнинг хабарини берди. Агар ўша аломатни кўрсам, «Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи астағфируллоҳа ва атубу илайҳи», деб айтишни кўпайтирдим. Ҳақиқатда мен уни Наср сурасида кўрдим. У Макканинг фатҳ этилиши ва одамларнинг тўп-тўп бўлиб Аллоҳнинг динига киришларидир», дедилар.
3. Аллоҳ ҳузуридги дин Исломдир. Бу ҳақда  Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 19-оятида: «Албатта, Аллоҳ наздидаги (мақбул бўладиган) дин Ислом динидир» ва яна шу суранинг 85-оятида: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг дини Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир», деб марҳамат қилган.
4. Фуқаҳолар жумҳури ва аксар калом аҳллари: «Албатта, тақлидчининг иймони саҳиҳдир. Чунки Аллоҳ таоло ўша тўп-тўп бўлиб кирувчиларнинг иймонлари саҳиҳ эканига ҳукм қилиб, Муҳаммадга (алайҳиссалом) бу воқеани энг катта неъматлардан бири қилди. Агар ўша тўп-тўп кишиларнинг  иймони саҳиҳ бўлмаганида, бу ўринда уни зикр қилмас эди» дейишган.
5. Аллоҳ таоло аввал тасбеҳ, кейин ҳамд,  сўнгра истиғфор айтишга буюрди. Чунки нафсга машғул бўлиб, истиғфор айтишдан олдин Холиққа лозим бўладиган тасбеҳ ва ҳамд айтишга машғул бўлишини, муқаддам қилди.  Ва яна тасбеҳ −  айб-нуқсонлардан поклашни ҳамма нарсадан олдинга қўймоқда, чунки зеҳнга Аллоҳ ғалабани бир неча йилга кечиктирармикан, деган фикр келмаслиги учун. Албатта, Аллоҳ ҳақни кечиктиришидан муқаддас – покдир.
(Охирида) истиғфор айтмоқликни зикр этмоқдаки, ҳатто Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хаёлларига озор берган кишилардан ўч олиш туйғуси келиб қолмаслиги учун.
6. Оят тасбеҳ ва ҳамд айтишни фазилатли эканига далолат қилади. Ва мана шу нарсаларни ғалааб ва фатҳ неъматига шукр қилувчи Пайғамбар  ҳамда умматларига ўз бурчларини адо этишда кифоя қилувчи нарса қилиб ҳам қўйди.
7. Саҳобалар, бу сура Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўлимлари хабарини берувчи эканига иттифоқ қилишди. Ривоят қилинишигча, бу сура нозил бўлганида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) хутба айтиб: «Албатта, бандага Аллоҳ дунё билан охиратга йўлиқиш орасида ихтиёр берди. Банда Аллоҳга йўлиқишни ихтиёр қилди», дедилар.
Ҳақиқатда у шундай эканини билишди. Чунки тасбеҳ, ҳамд ва истиғфор айтишга буюрилгани даъват таблиғига бўлган буйруқ мукаммал бўлганига далилдир. Мукаммаллик эса ўз ўзидан ўлимни шарт қилиб қўяди. Агар бундан кейин ҳам тирик қолсалар, рисолат тушишидан четланиб қолардилар. Бу нарса эса жоиз эмас. Бундан ташқари, истиғфор — гуноҳлар кечирилишини сўраш ҳам ажал яқинлашиб қолганидан огоҳ этишдир.