A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/743690ramazon_1438.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/810343muborak_kecha.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/155397ramazonda_sizni.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
107. Моъувн сураси
PDF Босма E-mail

Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан (бошлайман).
1. Динни (охиратдаги жазони) ёлғон, дейдиган кимсани (нг қандай кимса эканлигини) кўрдингизми – билдингизми? 2–3. Бас, бу етим-есирни (қўполлик билан) ҳайдаб соладиган ва (кишиларни) мискин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир. 4–5. Бас, намозларини «унутиб» қўядиган кимсалар бўлган «намозхон»ларга ҳалокат бўлгайки, (6–7) улар риёкорлик қиладиган ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган (яъни  бирон кишига фойдалари тегмайдиган) кимсалардир!

Бу сура жумҳур уламолари сўзларига қараганда, Маккада нозил бўлган. Ибн Аббос ва Қатоданинг сўзларига биноан, Мадинада нозил бўлган. Кўзлари ожиз Ҳиббатуллоҳ номли муфассир: «Бу суранинг ярми Маккада Осс ибн Воил ҳақида нозил бўлган, қолган ярми Мадинада Абдуллоҳ ибн Убай деган мунофиқ ҳақида нозил бўлган».
МОЪУВН, деб номланишига сабаб Аллоҳ таоло суранинг охирида, яъни Мадинада нозил бўлган қисмида рўзғор буюмларини кишилардан ман қиладиган, яъни бирор кишига фойдаси тегмайдиган кишини ёмонлаган. Яъни  «МОЪУВН» сўзи иштирок этгани учун шу ном билан аталган.
МОЪУВН – қўшни ён қўшнидан пиширишда ишлатиладиган қозон, туз ва сув ёки экин-тикинда ишлатиладиган болта, челак ёхуд тикишда ишлатиладиган игна, ип ва бундан бошқа фойдаланиладиган нарсаларни талаб қилишдир.
Бундан ташқари, яна бу суранинг Маккада нозил бўлган қисмида динни, яъни охиратдаги жазони ёлғонга чиқарувчиларнинг хабари келтирилгани учун «Дин сураси», деб ҳам номланади.

СУРАНИНГ ЎЗИДАН ОЛДИНГИ СУРАГА МУНОСАБАТИ

Сура ўзидан олдинги сурага уч кўринишда боғланади:
1) Аллоҳ таоло олдинги Қурайш сурасида очликдан қутқариб таомлантирган Аллоҳнинг неъматларини инкор қилувчиларни ёмонлади. Бу сурада эса мискинларни таомлантиришга ундамаган кишиларни ёмонламоқда;
2) Аллоҳ таоло олдинги сурада «Мана шу Уйнинг Парвардигорига ибодат қилсинлар», дейиш ила якка Ўзига ибодат этишга буюрди. Бу сурада эса «Намозларини унутиб қўядиган ва намоздан ман этадиган»ларни ёмонлади;
3) Аллоҳ таоло аввалги сурада Қурайшга бўлган неъматларини санади. Ўша неъматларга қарамасдан улар қайта тирилишни ва охиратдаги жазони инкор қилишди. Бу сурада эса уларни охиратда бўладиган жазони инкор қилишгани учун қўрқитиб таҳдид қилди.

СУРА ЎЗ ИЧИГА ОЛГАН НАРСАЛАР

Ушбу сура аввалида, яъни Маккада нозил бўлган қисмида кофирлар ҳақида сўз юритилади. Ниҳоясида, яъни Мадинада нозил бўлган қисмида мунофиқлар тўғрисида гапирилади.
Аввалги қисмида ҳисоб ва жазо кунини ёлғонга чиқарувчи кофирларни «Динни (охиратдаги жазони) ёлғон, дейдиган кимсани кўрдингизми?» деб зикр ила ёмонлаб, уларни икки хил сифат ила сифатлади. Биринчиси – етимларни ҳайдаб қўполлик қилиш, иккинчиси – мискинларни овқатлантиришга ундамаслиги, Роббисига чиройли тарзда ибодат қилмаслиги ва ўздидан бошқаларга яхшилик раво кўрмаслигидир.
Аммо хотимасида исломларини зоҳир қилиб куфрларини беркитадиган мунофиқларни ёмонлаб, уларни уч хил нарса ила сифатлади. Биринчиси – намоздан ғафлатда қолиш, иккинчиси – амалини одамларга кўрсатиш, учинчиси – қўшнилар орасида ўзаро фойда олинадиган рўзғор буюмларини ман қилиш. У Аллоҳ учун амал қилмайди, балки амали ва намозида риёга йўл қўяди. Бу зикр қилинган икки фирқага азоб ва ҳалокат бўлишини ваъда қилиб, уларни қоралаш ила қилган ишларидан таажжубланиб диққат-эътиборни жалб қилмоқда.

НОЗИЛ БЎЛИШ САБАБЛАРИ

1-оят: «Кўрдингми» сўзи Ибн Аббоснинг сўзларига қараганда, Осс ибн Воил ас-Саҳмий ҳақида нозил бўлган.
Суддийнинг сўзларига қараганда, Воил ибн Муғийра ҳақида нозил бўлган.
Бошқаларнинг сўзларига қараганда, Абу Жаҳл ҳақида нозил бўлган. Унинг қарамоғида бир етим бор эди. Ўша етим яланғоч ҳолда келиб, ўзининг молидан сўраганида Абу Жаҳл уни ҳайдади. Шундан кейин бу оят нозил бўлди.
Ибн Журайжнинг сўзларига қараганда, бу Абу Суфён ҳақида нозил бўлган. У ҳар ҳафта туя сўяр эди. Агар ундан етим бирор нарса талаб қилса, ҳассаси билан уриб ҳайдарди. Шунда Аллоҳ таоло ушбу сурани нозил қилган.
4-оят: «Намозхонларга ҳалокат бўлгай» ояти ҳақида Ибн Мунзир Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда ўша намозхонлар мунофиқлардир, дейилади. Агар унга ҳозир бўлишса, намозларини мўминларга кўрсатиш учунгина ҳозир бўлишади. Агар ғойиб бўлишса, намозни тарк қилишади. Ва бундан ташқари, ўша мунофиқлар рўзғорда ишлатиладиган нарсаларни бошқаларга фойдаланишдан ман этишади. Яъни ҳеч кимга фойдалари тегмайди.

ТАФСИР ВА БАЁН


«Динни ёлғон, дейдиган кимсани (қандай кимса эканлигини) кўрдингми?» Яъни  «Эй Муҳаммад, ҳисоб-китоб ёки қайта тирилиш, жазо-савобни ёлғонга тутган кимсани кўрдингизми?»
Бу ердаги мақсад улар ҳолатидан таажжубланишда муболаға этишдир.
«Бас, бу етим-есирни ҳайдаб соладиган ва мискин-бечораларга таом беришга тарғиб қилмайдиган кимсадир». Яъни етим ҳаққини беришни рад этиб, қўпол муомала қилиб, ҳаққига зулм айлаб, унга чиройли тарзда адо этмайдиган кимсадир. Араблар жоҳилиятда аёллар ва ёш болаларга мерос қолдиришмас эди. Ҳамда ўзлари, аҳллари ва бошқаларни бахил бўлишгани учун муҳтож ва мискинларга таом беришга тарғиб қилишмасди. Аллоҳ таоло Фажр сураси 17–18-оятларда «Йўқ, сизлар етимни иззат-икром қилмассизлар. Мискин-бечорага таом беришга ҳам бир-бирларингни тарғиб қилмассизлар», деб айтган. Мискин  – бирор нарсага молик бўлмаган ва кифоя қилгудек нарса топа олмаган кимсадир.
«Бас, намозларини унутиб қўядиган кимсалар бўлган намозхонларга ҳалокат бўлгайки…» яъни  намозларини аҳён-аҳёнда адо этадиган мунофиқларга хўрлик ва азоб бўлгайки, улар ўқиётган намозга аҳамият бермасдан ғафлатда қолишади. Ўқиган намозларидан савоб умид қилишмайди. Агар тарк қилишса, иқобидан қўрқишмайди. Ҳатто ғафлатда қолиб вақтини ҳам ўтказиб юборишади. Бордию ўша мунофиқлар мўминлар билан бирга бўлишса, риё қилиб намоз ўқишаверади. Улар билан бирга бўлишмаса, ўқимай ҳам қўйишаверади.
Бу оятда «намознинг ичидаги бирор амални унутса», демасдан, балки «намознинг ўзини унутса» бўлиб келган. Чунки намоз ичидаги унутиш афв қилингандир, яъни ихтиёрсиздир. Албатта, бошидаги вақтидан кечиктириш ила унутувчилар ёки аҳамият бермасдан бажарувчилар назарда тутиляпти.
Масалан, Нисо сураси 142-оятда «Албатта, мунофиқлар Аллоҳни алдамоқчи бўладилар, ҳолбуки, Аллоҳ уларни алдаб қўйгувчидир. Ва қачон намозга турсалар, дангасалик билан хўжакўрсинга турадилар», дейилади.
«Намозхонлар» калимасини намозни тарк қилувчиларга ҳам ишлатиш жоиз. Чунки улар намозга мукаллаф бўлганлар жумласига кирадилар.
«Улар риёкорлик қиладиганлар…» яъни  намозини унутадиганлар – улар намоз ўқишганида хўжакўрсинга ўқишади ёки одамларга кўрсатиш учун ва мақтаниш учун барча яхшиликларни бажаришади.
Имом Аҳмад Абдуллоҳ ибн Амрдан қилган ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бирор амалини инсонларга эшиттириш мақсадида бажарса, Аллоҳ уни ўз халқига эшиттириб, уни ҳақир санатиб пастлатиб қўяди».
«Ва рўзғор буюмларини ҳам (кишилардан) ман қиладиган кимсалардир». Яъни  рўзғорда ишлатиш учун керакли нарсаларни беришдан ва яхшилик қилишдан ман этишдир.
МОЪУВН – одамлар ўрталарида ўзаро фойдаланиладиган челак, болта, теша, қозон ва уй матолари каби уй-рўзғор буюмларидир.
Одатда, бериш ман қилинмайдиганлар сирасига сув, тузлар ҳам киради. Уни беришдан ман қилганларни пасткаш, табиати ва хулқи ёмон, деб нисбат берилади. Ўша мунофиқлар Роббиларига қиладиган ибодатни, халқига бўладиган муомалани чиройли бажаришмайди. Ҳатто олган нарсаларининг ўзини сақлашни ва уни эгасига қайтаришни ҳам ёмон суратда адо этишади. Шундай бўлгандан кейин ўша мунофиқлар закот ва шунга ўхшаш қурбат ҳосил қиладиган амалларни эса ундан ҳам ёмон суратда адо этишади. Имом Насаий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуддан қилган ривоятда у зот: «Барча яхшилик садақадир. Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида МОЪУВНни челак ва қозон каби нарсаларни фойдаланишга бериш деб ҳисоблар эдик», дедилар.

СУРАДАН ЎРГАНГАНЛАРИМИЗ

1. Охиратдаги жазо ва ҳисобни ёлғонга чиқарганнинг ёмон эканлиги. Бу ердаги лафз умумийдир. Оят нозил бўлишига сабабчи бўлган кишилар билан кифояланилмайди.
2. Охиратдаги жазони ёлғонга тутувчиларнинг сифати ва уларнинг қабиҳлиги, етимларни зажр этиб, ҳузуридан ҳайдаб, зулм ва зўравонлик қилиш ҳамда яхшилик қилишни тарк этиб, камбағал ва мискинларга таом беришга тарғиб этмайди. Чунки бахиллиги ва жазони ёлғонга тутгани учун мана шундай қилади. Бу умумий эмас, чунки ожизлиги сабаб тарк қилганлар ундай эмас. Лекин бой бўла туриб бахиллик қилиб, ўз нафсига узр айтганлар ана шу тоифа сирасига киради.
3. Уч хил ишни содир этганларга қаттиқ таҳдид ва азоб борлиги. Биринчиси – намозни унутиш, иккинчиси – риёкорлик, учинчиси – уй-рўзғор буюмларини ман этиш.
Мунофиқлар шу уч хислатни ўзларида мужассам қилишган:
1) намозни тарк қилиш;
2) риё;
3) молида бахиллик қилиш.
Намозни унутиш, деганда бошдан тарк қилиш ёки юқорида келганидек, оз аҳамият беришликдир. Аммо намознинг ичида турганда бирор амални унутиш − у ихтиёрсиз бўлган ишдир. У мукаллафлик сирасига кирмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан собит бўлишича, у зотнинг намозларида унутиш содир бўлган. Ва унутган кишилар учун саҳв саждаси қилишни шариатга киритганлар.
Шу сингари саҳобалар ҳам саҳв саждасини бажаришган.
Риёнинг асли ўзи дунёдаги нарсани ибодат билан ва юқори мартабани кишилар қалбидан топишдир. Риёнинг бир неча турлари бор: биринчиси – кишилар мақтови ва обрўни хоҳлаб ҳайъатини чиройли қилиш. Иккинчиси – калта ва жулдур кийимларни кийиш. Бу билан дунёда зоҳидлик ҳайбатини қўлга киритиш. Учинчиси – дунё аҳлига ғазабни изҳор қилувчи сўздаги риё ҳамда яхши ва тоатли ишларни ўтказиб юборганини таассуф ва ваъзланиш ила изҳор қилиш. Тўртинчиси – намоз ва садақани изҳор қилиш ёки одамлар уни кўришлари учун намозини чиройли суратда адо этиш.
Мунофиқ билан риёкорнинг ўртасидаги фарқ шуки, мунофиқ – иймонини зоҳир қилиб кофирлигини беркитади, риёкор – қалбида йўқ бўлган хушуънинг зиёдалигини, кўрган кимсалар уни диёнатли, деб ўйлашлари учун изҳор қилувчидир. Шунинг учун уламолар, агар риёдан мақсад бошқаларни эргаштириш ёки ўзидан туҳматни йироқлаштириш бўлса, унда зарари йўқдир, дейишади.
Риёдан сақланиш жуда қийин ишдир. Лекин нафсидан рози бўлганларга ва ихлосли кишиларга риёдан сақланиш осондир.
Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Риё – қоронғу кечада қора матода судралиб юрувчи қора чумолидан ҳам махфийроқдир», дедилар.
«МОЪУВН» сўзи аксар муфассирлар наздида, ўзида кўп нарсани жамловчи исм бўлиб, одатда, сўралганда ман этилмайдиган нарсадир. Кўп ҳолатларда у нарсани камбағал ҳам, бой ҳам сўрайверади. Сўровчи кишини пасткаш, деб нисбат берилмайди. Балки сўралганда ман этувчи кишини пасткаш ва бахил, дейилади. У сўраладиган нарсалар сирасига болта, қозон, челак, чақмоқтош (гугурт), элак ва тешалар киради. Бундан ташқари, сув, олов ва тузлар киради.
Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида «Уч нарса борки, уни сўраганларга ман қилмасдан бериш лозим: сув, олов ва туз».
Улар сирасига қўшни қўшнисининг тандиридан нон талаб қилса ёки қўшни қўшнининг уйига бир кун ёки ярим кун матосини қўйишни талаб қилса, монелик қилмаслик лозим. Баъзилар МОЪУВНдан мақсад моллардаги закотни ман этиш, дейишди. Бу сифатлар мунофиқларда очиқ-ойдин мужассам бўлса, ўша сифатларнинг баъзиси Исломда содиқ мусулмонларда ҳам топилади. Ана шу пайтда уларга қаттиқ танбеҳ берилади. Масалан, намозни тарк қилишса ёки ёрдам талаб қилса, уни ман этса…
Намозни унутган ва рўзғорда ишлатиладиган нарса талаб этилганида ман қилувчиларни хабар берган икки оятда шу нарсага ишора борки, албатта, намоз Аллоҳ азза ва жалла (розилиги) учун, уй-рўзғор буюмларини бериш эса халқ ва инсонлар учундир. Кимки намозни тарк қилса, Аллоҳ буйруқларини улуғлашни риоя қилмабди. Кимки рўзғорда ишлатиладиган нарсаларни фойдаланиш учун беришдан бош тортса, Аллоҳ махлуқотларига шафқат қилишни риоя этмабди. Бундан ташқари, бу бахтсизликнинг энг юқори чўққисидир. Аллоҳ бизни ундай нарсалардан сақласин.
Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло бу сурада кофир ва мунофиқларни тўрт сифат ила сифатлади: бахиллик; намозни тарк қилиш; уни риё ила адо этиш; закот ва хайрли ишларни ман этиш.