A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Тажвид илми ҳақида
Муаллиф:    17.11.2013 00:54    PDF Босма E-mail

Барчаларимизга маълумки, Ислом уммати қадимдан тажвид илмига катта аҳамият бериб келган. Салаф уламолар бу йўлда ўзларининг беминнат хизматларини кўрсатиб, кўплаб китоблар таълиф қилганлар.
Аввал таъкидлаб ўтганимиздек, Қуръони Каримнинг биз мўмин-мусулмонлар устида ҳақлари бор. Улардан бири Қуръонни тўғри, тажвид қоидаларига мос ҳолда тиловат қилишдир. Мақсад – Аллоҳнинг Каломини тадаббур этиш, унинг маъноларини тўғри фаҳмлаб етиш ва амал қилиш. Бу нарса тажвид илмини мукаммал эгаллаган устоздан таълим олиш йўли билан амалга оширилади. Ҳар ким ўз имкониятига қараб бир устоз ёрдамида тажвид илмини эгаллаши лозим.
Энди бевосита тажвид илми ҳақида тўхталиб ўтамиз. Қуръони Карим бизгача ишончли ровийлар томонида нақл қилиниб келинган ва унинг таълими мушофаҳа йўли билан амалга оширилади. Барча қорилар силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, ўз навбатида, Қуръонни Жаброил алайҳиссалом воситасида қабул қилганлар. Жаброил алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан ушбу Китобни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етказиш омонати топширилган. [1]
Қуръони Карим бизларга Оламлар Парвардигори тарафидан тажвидли ҳолда нозил қилинган бўлиб, ўз навбатида, бизлар ўша аслиятни сақлаб қолишга қўлимиздан келганича ҳаракат қилишимиз керак.
«Тажвид» сўзи луғатда «бирон нарсани яхшилаб, сифатли ва мукаммал ҳолда бажариш» маъносини англатади. Истилоҳда эса  Қуръондаги сўзларнинг ҳар бирини ўз миқдори ва сифатида талаффуз қилиш, истеъло ва истефола ҳарфларини бир-биридан фарқлаб, тафхим, тарқиқ, идғом, изҳор ҳамда шу каби қоидаларга амал қилиб ўқишни таълим берувчи илмдир.
Тажвид илмининг мақсади – ҳар бир Қуръон ўқувчи кишига тўғри ва чиройли ўқиш, ҳар хил оҳанглардан сақланишни таълим бериш ҳамда дунёю охиратда бандани Аллоҳнинг розилигига эриштириш.
Қуръони Каримни тажвид билан ўқиш Қуръон ўқувчи ҳар бир муслим ва муслима учун фарзи айн ҳисобланади. Киши хоҳ намозда, хоҳ намоздан ташқарида бўлсин, тўғри тиловат қилиши лозим.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда у Зотнинг умматларига шундай амр қилган:
«Қуръонни тартил билан тиловат қилинг!» (Муззаммил, 4).
«Тартил» сўзи бирон нарсани шошмасдан, очиқ-ойдин ва тушунарли қилиб айтиш маъносига эга. Ибн Аббос ушбу оятни «Ҳамма тушунадиган қилиб ўқинг», Заҳҳок эса «Ҳарфма-ҳарф, оятни дона-дона қилиб ўқинг», дея тафсир қилишган.
Абу Исҳоқ: «Тартил қироатда шошилмасликдир. Бу ҳар бир ҳарфни ўз махражидан чиқариб, уларни бир-бири билан аралаштириб юбормай ўқиш билан бўлади», деб айтган.
Яна бир ояти каримада Аллоҳ таоло Ўзиниг Китобини тўғри тиловат қиладиган бандаларини мақтаб шундай деган:
«Биз Китоб ато этган зотлар (орасида) уни тўғри тиловат қиладиган кишилар (ҳам бор)дирки, ана ўшалар (Қуръонга) иймон келтирурлар. Ва кимда-ким унга (яъни  Қуръонга) кофир бўлса, ўшалар зиён кўргувчилардир» (Бақара, 121).
Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг Китобини тўғри ўқимайдиган, тажвид қоидаларига амал қилмайдиган эътиборсиз кишилар танқид қилинмоқда.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Қуръонни тағанний қилмаган одам биздан эмас!» (Бухорий ривояти).
Имом Шофеий: «Ушбу ҳадиснинг маъноси қироатда овозни чиройли ва майин қилишдир», деб айтган.

Тажвид илмини ўрганиш фазилати

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Кимки Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф ўқиса, унга бир ҳасана (яхшилик, савоб) ёзилади. У савоб (Аллоҳ даргоҳида) ўн баробар зиёда қилинади. Мен «алиф, лам, мийм»ни бир ҳарф деб айтмайман, балки «алиф» бир ҳарф, «лам» бир ҳарф ва «мийм» бир ҳарфдир» (Термизий ривояти. Ҳадиснинг санади ҳасан-саҳиҳ-ғариб).
Яъни  Аллоҳ таоло Қуръон Каримни ихлос билан, тажвид қоидаларига амал қилиб тиловат қилувчи қорига ҳар бир ҳарфни ўқигани учун ўнта савоб ва яхшилик ато қилади. Бу ерда Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиш фазилатли амаллардан эканлиги айтилмоқда. Аллоҳ таоло бандаларига Ўз Китобини ўқиш орқали кўп-кўп ажр ва мукофотларга эришиш имкониятини бериб қўйган. Ўз ўрнида, бу имкониятдан ҳар биримиз унумли фойдаланишимиз керак. Бунинг учун Қуръони Каримни ўқиш қоидалари ҳисобланмиш тажвид илмидан дарс қилиш, уни пухта ўзлаштириб олиш керак. Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфини ўқиганлик учун ўнта савоб олиш учун Каломуллоҳни тажвид қоидаларига мос қилиб ўқиш талаб этилади. Тўғри, Қуръоннинг бошқа тилларга қилинган таржималарини ўқиш ҳам савобли иш, лекин ҳадисда келган ваъдалар айнан тажвид илми талабларига мувофиқ ҳолда, соф араб тилида тиловат қилган кишиларгагина тааллуқлидир.
Ҳадисларнинг яна бирида ўзаро йиғилишиб, Қуръонни тиловат қилиш ва тажвид қоидаларини ўрганиш жуда фазилатли амал экани таъкидланган. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Агар бирон қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда йиғилиб, Аллоҳнинг Китоби (Қуръон Карим)ни ўқисалар, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, албатта, уларнинг устиларига сакийна тушади, раҳмат ўраб олади ва фаришталар ҳам уларни қанотлари билан ўраб оладилар ҳамда Аллоҳ уларни Ўз даргоҳидагилар қошида зикр қилади» (Муслим, Абу Довуд ва бошқалар ривояти).
Бу ердаги «сакина»дан мурод тинчлик, хотиржамлик, саломатлик, бахт-саодат ва ибодатларнинг ҳусни қабул қилинишидир.
Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни маҳорат билан тиловат қилувчи қори улуғ фаришталар билан бир мақомдадир, тили қийналиб тиловат қилувчига икки баробар кўп ажр бўлади», деб айтганлар» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Қуръони Каримни маҳорат билан, ҳеч қийналмай ўқий олиш ўзига хос фазилат бўлса, тили ҳарфларни талаффуз қилишга қийналадиган кишиларнинг даражаси улардан юқорироқдир. Чунки қийинчилик билан бўлса-да, Раббимнинг Китобини ўқийман, унга амал қиламан, деган бандани Аллоҳ кўпроқ яхши кўради. Шунингдек, тили оятларни ўқишга унчалик келишмаётган кишининг сабр қилиб, тиловатда бардавом бўлиши − қийин иш. Шу сабаб адолатли Зот бўлган Аллоҳ таоло буни ҳам инобатга олиб, банданинг ҳаракатларини муносиб тақдирлайди. Ўз навбатида, бизлар тажвид илмини ўрганиш ёки Каломуллоҳни ўқиш давомида бирон машаққатга дуч келсак, сабр қилишимиз, Аллоҳнинг бандаларига берадиган беҳисоб ажрларини хаёлдан ўтказишимиз керак.
Яна бошқа бир ҳадисда шундай дейилади: «Сизларнинг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, сўнг уни (бошқаларга) ўргатувчиларингиздир» (Бухорий ривояти).
Бу ерда, умуман, Қуръон илмларини ўрганиш назарда тутилмоқда. Қуръон илмларига оятларнинг нозил бўлиш сабаблари (асбабун-нузул), маккий ва маданий суралар, носих ва мансух оятлар, муҳкам ва муташобиҳ оятлар, қолаверса, тажвид илми ҳам киради. Демак, ушбу илмларни ўрганиб, кейин уни бошқаларга таълим бериш банданинг Аллоҳ даргоҳидаги мартабаси ошишига сабаб бўлади.


[1]Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган: «(Эй Муҳаммад, уларга) у (Қуръон)ни Руҳул-Қудус (яъни  Жаброил) Парвардигорингиз тарафидан имон келтирган зотларни собитқадам қилиш учун, мусулмонларга Ҳидоят ва Хушхабар қилиб ҳаққи-рост нозил қилганини айтинг!» (Наҳл, 102).

Янгиланди ( 04.05.2017 15:51 )