A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Қуръон ўқиш илми». Ўнинчи дарс
PDF Босма E-mail

ЎНИНЧИ ДАРС

Режа:

1. Қōф, кāф ва ҳā ҳарфлари

2. Қōф ундоши

3. Кāф ундоши

4. Ҳā ундоши

Таянч сўзлар ва атамалар

Чуқур тил орқа

Юмшоқ танглай

Товуш пайчалари

Яқин тил орқа

Қаттиқ танглай

Ҳамс

Қōф, кāф ва ҳā ҳарфлари

Қōф ҳарфи шаклан фā ҳарфига ўхшаб кетади. Фақат ундан нуқтасининг жуфтлиги билан ҳамда ёлғиз ва сўз охирида келганида паст қисмининг чуқурроқлиги билан фарқланади.

Кāф ҳарфи ёлғиз ва сўз охирида келганида лāм ҳарфига ўхшаб кетади. Бироқ унинг ўртасига кāфнинг сўз бошидаги шаклининг кичрайтирилган сурати қўйилади. Бошқа ўринларда кāф ҳарфи устидаги ётиқ чизиқ билан ажралиб туради.

Ҳā ҳарфининг хусусияти шундаки, унинг тўрт шакли бўлиб, сўздаги ўрнига кўра уларнинг бири билан ифодаланади.

Бу дарсда ҳам биз ўтган дарсдаги каби ўзбек тилида ўхшашлари бор ундошлар билан танишамиз. Улар икки орқа тил ундоши ق ва ك ҳамда ҳалқум ундоши ه товушларидир.

Биз шу жойгача бирма-бир ўрганиб чиққан нутқ товушларининг барчаси истифола товушлари эди. Ушбу дарсда биз илк бор истеъло ундошларидан бири – ق ундошининг талаффузини ўрганамиз.

Истеъло ундошларида тилнинг орқаси танглай томон кўтарилиб, нутқ аъзоларининг нисбатан таранглашиши ва бунинг натижасида товушнинг йўғонлик касб этиши бизларга маълум. Истеъло ундошларидаги мазкур ҳолатни ўз талаффузингизда тўғри акс эттиришингиз учун уларнинг биринчисида, яъни ушбу дарсда уни тўла ўзлаштиришга ҳаракат қилишингиз керак.

ق Ундоши

13. ق ундоши чуқур тил орқани юмшоқ (чуқур) танглайга қаттиқ уриш билан ҳосил қилинади.

Мулоҳаза: Яъни у тил ва танглайнинг энг орқасидан, ичкарисидан айтилади. Бунда ҳаво оқими махражни ёриб ўтади, натижада товуш портлаб чиқади. ق ўзбек тилидаги «қ» товушидан кўра ичкарироқдан ҳамда йўғонроқ, кучлироқ ва жаранглироқ талаффуз қилинади. Уни ўз махражидан кўра олдироқдан ёки сирғалтириб, бўш айтиш ярамайди. Бу товушни талаффуз қилишда ва истеълосини адо этишда тилнинг ҳолатини ҳис этишга алоҳида аҳамият беринг.

15-машқ.

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/15-mashq{/soundcloud}

 

ك Ундоши

14. ك ундоши яқин тил орқани қаттиқ танглайнинг юмшоқ танглайга туташган жойига уриш билан талаффуз этилади.

Мулоҳаза: Бунда тил урилганда махражда ҳаво ҳам, овоз ҳам тўсилади, сўнг тил танглайдан ажралаётганида димланган ҳаво қўйиб юборилади. Сокин кāфда ҳавони қўйиб юборишга бироз урғу берилади. Ундаги бу сифат «ҳамс» дейилади. Сокин кāфни талаффуз қилишда ҳавони бутунлай тўсиб қўйиш хато бўлади. Кāф ўзбек тилидаги «к» товушидан кўра туброқдан, қаттиқроқ айтилади. Уни тилнинг ўртасидан ҳамда ўзбек оғзаки тилидаги «к» каби бўш талаффуз қилишдан сақланиш лозим. Унинг талаффузи рус тилидаги «к» товушининг талаффузига яқин.

16-машқ.

 

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/16-mashq{/soundcloud}

هـ Ундоши

15. هـ ҳалқумнинг боши, яъни товуш пайчаларидан чиқади.

Мулоҳаза: Ҳā ундоши товуш пайчаларининг торайиши натижасида ҳосил бўлган тирқишдан ҳавонинг қисилиб, сирғалиб ўтиши билан пайдо бўлади. Бу товуш ҳамзанинг махраждошидир. Уни ҳалқумнинг ўртаси ёки юқорисидан, танглай, тил ёки лабнинг иштирокида айтишдан эҳтиёт бўлиш керак. Уни ح товуши каби, яъни ҳалқум ўртасидан айтиш хатодир. Бу ҳолат юқори товушлар олдида кўпроқ учрайди. Ўзбек тилидаги «ҳ» ундоши ҳам бўғизнинг торайиши билан ҳосил бўлса-да, у мазкур пайчаларда пайдо бўлмай, тил ва танглайга сирғалганида тўлиқ ҳосил бўлади.

17-машқ.

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/17-mashq{/soundcloud}

 

Қўшимча маълумотлар:

· Ҳамза ва ҳāнинг талаффузида товуш пайчаларининг юқоридан кўриниши:

· Ундошлар ҳаракатланганда, яъни кетидан унли келганида нутқ аъзоларининг бир-биридан ажралиши, қочиши билан талаффуз этилади. Сокин бўлганда эса нутқ аъзоларининг ўзаро тўқнашуви, жипслашуви натижасида ҳосил бўлади. Шу боис айрим ундошларнинг сокин ҳолати учун алоҳида қоидалар мавжуд. Мисол учун, қофдаги қалқала, кафдаги ҳамснинг ижроси каби.

· Қалқала товушлари, жумладан, қофни сокин бўлганида агар қалқала қилинмаса, ундош тўлиқ ҳосил бўлмайди, натижада эшитилмай қолади.

· «Ҳамс» деб нутқ товушининг талаффузида ҳаво оқимининг бўғилмай, бардавом бўлишига айтилади. Бу сифат каф ундошида доимо мавжуд. Бироқ у сокин бўлганида, ҳаракат билан келгандагидан фарқли ўлароқ, ҳаво оқими нутқ аъзоларининг тўқнашуви натижасида махражда димланиб қолади. Агар уни чиқариб юборилмаса, ҳамс ижро бўлмай қолади ва натижада товуш тўлиқ ҳосил бўлмайди.

· Ҳā ундошини айнан ўз махражидан чиқаётганини ҳис қила билиш муҳим. Бунинг учун уни ҳамза билан бирин-кетин айтиб, машғулот қилиш мақсадга мувофиқдир.

18-топшириқ:

ق товушининг махраж ва талаффузини айтиб беринг.

ق ундош товуши билан ك ундош товушининг махражлари орасидаги фарқни сўзлаб беринг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

ق ундош товуши қандай хусусиятларга эга?

– Бу товушнинг ўзбек тилимиздаги «қ» товушидан қандай фарқлари бор?

ق ундош товушининг истеъло ва қалқала сифатларини, ك товушига хос бўлган ҳамс сифатини яхши ўзлаштирдингизми?

ك товушининг ўзбек тилидаги «к» ундошидан қандай фарқи бор?

ك ундош товуши қандай хусусиятга эга?

هـ ундош товуши қайси нутқ аъзосидан ва қандай ҳосил қилинади?

هـ ундош товушининг талаффузида қандай хатолар кўпроқ кузатилади?

هـ товушининг ўзбек тилидаги «ҳ» ундош товушидан қандай фарқи бор?