A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Қуръон ўқиш илми». Ўн олтинчи дарс
PDF Босма E-mail

ЎН ОЛТИНЧИ ДАРС

Режа:

1. Зāл, зō ва зōд ҳарфлари

2. Зāл ундош

3. Зō ундоши

4. Зōд ундоши

Таянч сўзлар ва атамалар

Тилнинг уч юзаси

Олд тишлар

Тилнинг ёни

Истеъло

Итбоқ

Истифола

Зāл, зō ва зōд ҳарфлари

Бу учала ҳарф бизга маълум бўлган уч ҳарф устига нуқта орттириш билан ясалади. Дāл ҳарфи устига бир нуқта қўйилса, зāл, тō ҳарфи устига бир нуқта орттирилса, зō, сōд ҳарфи устига бир нуқта юклатилса, зōд ҳарфи ҳосил бўлади. Демак, улар ўз шаклдошларидан устиларидаги нуқта билан фарқ қилади, холос.

Ушбу дарс нутқ товушларини ўрганишга бағишланган дарсларнинг охиргиси бўлиб, унда биз тилни тишлар орасига олиб айтиладиган ундошлар, яъни ث ундошининг махраждошлари ذ ва ظ ҳамда тил ёни ундоши бўлган ض товушларини ўрганамиз.

ض ундоши араб тилидаги энг талаффузи қийин бўлган товуш саналиб, уни тўғри айтиш учун қунт билан кўпроқ машғулот қилиш керак.

Бу ундошнинг ўзига хослиги шундаки, у учта махражга эга. Яъни уни тилнинг ўнг ён қирғоғидан ҳам, чап ён қирғоғидан ҳам айтиш мумкин. Агар етарли малакага эга бўлинса, ҳар икки тарафдан тенг талаффуз этилса, янада яхши бўлади.

ض нинг яна бир хусусияти шундаки, унинг талаффузида тил ҳаво оқимининг таъсирида танглай олди томон ҳаракатланади ва олд милкка тақалади. Бу ҳолат у сокин бўлганида бироз фаоллашади. ض ундош товушидаги бу сифат «иститола» (чўзилиш) деб номланади.

Зōд сокин бўлганида ундаги овознинг бардавомлиги ва мазкур иститола жараёнининг натижасида тил махражда жуда ҳам қисқа муддатга ушланиб қолади.

ذ ТОВУШИ

29. ذ товуши тил учи ва юқори олд тишларнинг қирғоғидан чиқади.

Мулоҳаза: Бунинг учун тил учи юқори олд тишлар қирғоғига босилади ва махражда ҳаво оқими тўсилади, аммо овоз бўғилмайди. ذ товушининг ўз махраждоши сāдан фарқи ҳам шунда (яъни, сāда ҳаво ҳам бўғилмайди). Бунда тилни тишлаб, қаттиқ босиб, товушни кесиб қўймаслик керак. Шунингдек, уни тилни тиш ичкарисига қўйиб ёки тилнинг кўрсатилгандан кўп қисмини ташқарига чиқариб айтиш хато ҳисобланади. Бу товуш ингичка, нафис талаффуз этилади, аксинча, йўғон ва қўпол талаффуз этиш хато ҳисобланади. Ўзбек тилида бундай товуш учрамайди. ذ товуши инглиз тилидаги «th» бирикмаси ифодалаган «» товушини эслатади.

31-машқ.

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/31-mashq{/soundcloud}

ظ ТОВУШИ

30. ظ товуши ذ ундошининг йўғон шакли бўлиб, у билан махраждошдир.

Мулоҳаза: У ذ товушидан истеъло ва итбоқ сифатлари билан ажралиб туради. Бинобарин, ظ ҳалқум торайган, тилнинг орқаси юмшоқ танглайга, катта қисми эса юқори танглайга кўтарилган, ҳаво тил билан танглай орасида димланган ҳолда қўшимча куч билан талаффуз этилади. Бироқ унда бу сифатлар унинг бошқа сифатдошларидагига нисбатан бироз кучсизроқ ижро этилади. Бу товуш талаффузида ҳам тилни тишга ўта қаттиқ босиб, овозни бўғиб қўйиш керак эмас. Шунингдек, уни тиш орқасидан ёки ذ каби ингичка айтиш ҳам хато талаффуз ҳсобланади. Ўзбек тилида бундай товуш мавжуд эмас.

32-машқ.

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/32-mashq{/soundcloud}

 

ض ТОВУШИ

31. ض ундош товуши тилнинг ўнг ёки чап ён қирғоғини ёки ҳар иккисини бир вақтда юқори озиқ тишларга уриш билан ҳосил бўлади.

Мулоҳаза: Бунда тилнинг ўнг ёни ўнг тарафдаги юқори озиқ тишларга ёки чап ёни ўша томоннинг юқорисида жойлашган озиқ тишларга ёхуд ҳар икки ёни икки тарафдаги юқори озиқ тишларга маҳкам урилади. Уни икки томондан тенг талаффуз этишда тилнинг танглай ўртасига ёпишиб қолишидан сақланиш лозим. Унинг истеъло, итбоқ ва иститола сифатларига эга эканлигини доимо ёдда тутинг. ض товушини ظ ундош товуши каби ёки танглай олдидан айтишдан, сокин ҳолида қалқала қилишдан сақланинг.

33-машқ.

{soundcloud}https://soundcloud.com/hilolstudiyasi/33-mashq{/soundcloud}

 

Қўшимча маълумотлар:

· Зōд ундоши араб тилига хос бўлган нутқ товушларидан ҳисобланади.

· Зōд ундошининг талаффузини ўзлаштириш учун жиддий шуғулланиш лозим. Бунинг учун аввал тилни ўнг ёки чап тарафга қанчалик ҳаракатланаётганига эътибор қаратилади. Тилнинг ёни озиқ тишларнинг ички тарафига маҳкам урилиши, қадалиши керак. Бунда ҳар ким ўзига қулай томонни танлаб олиб, ўша тарафда кўпроқ машқ қилаверади. Тилнинг озиқ тишлар томон ҳаракати фаоллашгач, бу товушдаги йўғонлатиш омиллари, яъни истеъло ва итбоқ сифатларини ижро этишга ўтилади. Айни вақтда унинг иститоласига ҳам эътибор бериб борилади.

· Зōднинг талаффузида ҳар ким мазкур уч усулдан ўзи учун қулай, осон бўлганини танлаш ихтиёрига эга. Бироқ ҳар икки тарафдан айтиш бироз малака ва маҳорат талаб қилади. Бинобарин, бундай талаффуз афзалроқ, гўзалроқ саналади.

· Зōд ундошининг талаффузида тилнинг айлана қисми танглай олдига тақалади, аммо тилнинг босилиши ва товушнинг ҳосил бўлиши тил ёнида ижро топади. Тилнинг олди эса танглай олдига тегиб туради, холос.

· Иститола зōднинг ажралмас сифатларидан бўлиб, сокин ҳолатида янада аниқроқ сезилади, юзага чиқади.

· Зōд сокин бўлганида агар унинг иститоласи яхши ижро этилмаса, товушда тебраниш, қалқала рўй бериши мумкин.

· Зōднинг талаффузида бурун йўли берк бўлишини унутмаслик керак. Чунки уни димоғ аралаш, ғунна билан айтиш ҳолатлари кўп учрайди. Бундай хатодан қутулиш учун зōдни бурунни беркитган ҳолда айтиб, машғулот қилинади.

· Баъзи араб тили дарсликларида зōд танглай олдидан ҳосил бўлади, деб уқтирилади. Бундай талаффуз ҳозирги жонли араб тилида мавжуд бўлса-да, Қуръонни ўқишда бу хато ҳисобланади. Чунки Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган зōд биз ўргангандек, тилнинг ёнидан айтилади. Шу боис тил олдида айтилган зōд қироат уламоларининг наздида ҳақиқий зōд эмас, дāлнинг йўғон шакли деб саналади.

Хулоса:

Айрим сокин ундошлар талаффузига хос ҳолатлар:

ب , ج, د, ط, ق товушлари қалқала қилинади.

ت ва ك ундошларида ҳамс сифати бироз куч ҳамда урғу билан адо топади.

ش ундошида тафашший сифати янада равшан зоҳир бўлади.

ض товушида иститола сифати янада аниқроқ ижро қилинади.

25-топшириқ

ض товушининг махражи ва талаффузига хос сифатларни айтиб беринг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

– тилни олд тишлар орасига олиб айтиладиган ундош товушлар нечта?

ذ товуши қайси нутқ органида, қандай ҳосил бўлади?

ذ ундош товушининг ث ундош товушидан қандай фарқи бор?

ظ товуши қайси ундош товушга ўхшайди ва ундан қайси жиҳатлари билан фарқланади?

ض ундоши қандай хусусиятларга эга?

ض ундошининг махраждоши борми?

иститола деганда нимани тушундингиз?

сокин ض ундоши қандай талаффуз этилади?

ض ва ظ ундошларини нотўғри талаффуз этиш шаклларидан қайсиларини биласиз?