A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/412015Banner_5.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/687323Banner_3.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/988715Banner_7.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/948903Banner_6.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
«Қуръон ўқиш илми». Йигирма иккинчи дарс
PDF Босма E-mail

ЙИГИРМА ИККИНЧИ ДАРС

Режа:

1. Ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарфлар.

2. Сўз бошида келиб, васлда ўқилмай, ибтидода ўқиладиган ҳарфлар.

3. Айирувчи ва боғловчи ҳамза.

4. Сўз охирида келиб, васлда ўқилмай, вақфда ўқиладиган ҳарфлар

5. Ҳеч қачон ўқилмайдиган ҳарфлар.

6. Аниқлик лами.

Таянч сўзлар ва атамалар

Вақф

Ибтидо

Васл

Айирувчи ҳамза

Қатъийя

Мад ҳарфлари

Боғловчи ҳамза

Васлийя

Аниқлик лāми

Ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарфлар

Кўпчилик тилларнинг имлосида бўлгани каби араб имлосида ҳам маълум мақсадларда ёзилиб, аммо нутқда ўқилмайдиган ҳарфлар мавжуд. Бундай ҳарфларни биз уч турга бўлишимиз мумкин:

I. Сўз бошида келиб, васлда ўқилмай, ибтидода ўқиладиган ҳарф.

II. Сўз охирида келиб, васлда ўқилмай, вақф қилинганда ўқиладиган ҳарфлар.

III. Умуман ўқилмайдиган ҳарфлар.

Ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарфларнинг айримларигина Қуръонга – Мусҳаф расмига хос бўлиб, аксари араб имлосининг хусусиятларидан ҳисобланади. Аслида бу ҳарфларнинг ёзувда маълум вазифалари мавжуд. Аммо биз фақат уларнинг ўқилишини ўрганаётганимиз учун бу ҳақда тўхталмаймиз.

I. Сўз бошида келиб, васлда ўқилмай, ибтидода ўқиладиган ҳарф. Бу – боғловчи ҳамзанинг алифидир.

Айирувчи ва боғловчи ҳамза

Ўтган дарсда биз ҳамзанинг ёзувдаги қўлланиш ҳолатларини ўргандик. Энди эса унинг нутқдаги хусусияти ҳақида сўз юритамиз.

Ҳамза ундоши бошқа ундош товушлар қатори сўзнинг бошида ҳам, ўртасида ҳам, охирида ҳам келиши мумкин. Бунда у қолган барча ундошлар каби қўлланилади. Фақат сўзнинг бошида келган ҳамза бошқаларидан фарқли равишда, икки хил бўлади:

1. Доимо ўқиладиган ҳамза. Ҳамзанинг бу тури «айирувчи (қатъийя) ҳамза» деб юритилади ва ёзувда доимо ҳамза ҳарфи билан ифодаланади:

أَ كْبَرُ إِنَّ أُجُورٌ

2. Сўзларнинг бирикиши жараёнида тушиб қолиб, ибтидода, яъни фақат ўша ҳамза етаклаб келган сўздан бошлаб ўқилганида айтиладиган ҳамза. Бундай ҳамза «боғловчи (васлийя) ҳамза» деб аталади ва у ёзувда ифодаланмайди. Чунки агар унинг учун имлода ҳамза қўйилгудек бўлса, бу нарса сўзлар бирикишида боғловчи ҳамзани тушириб ўқишга тўсқинлик қилади. Шу боис, бундай ўринда ҳамза белгиси қўйилмай, унинг ўрнига, таянчи бўлган алиф устига «васл аломати» деб аталувчи махсус белги юклатилади. Бу белги ҳеч қандай товуш англатмайди, шу ерда боғловчи ҳамза борлигини билиради, холос. Боғловчи ҳамза бириктирган сўзлар худди бир сўз каби қўшиб ўқилади. Мисол учун:

 

Демак, боғловчи ҳамза турган сўздан бошлаб ўқилганда ҳамза талаффуз этилади. Аммо у олдинги сўзга қўшиб ўқилса, ҳамза тушиб қолади. Бинобарин, бу ўринда ёзувдаги ҳамзанинг таянчи бўлмиш алифга ўқилмайдиган ҳарф сифатида қаралади ва у васлда ўқилмай, ибтидода ўқиладиган ҳарф ҳисобланади.

Боғловчи ҳамза қачон қайси ҳаракат билан ўқилишини ўрни келганда ўрганамиз.

II. Сўз охирида келиб, васлда ўқилмай, вақф қилинганда ўқиладиган ҳарфлар.

Бу турдаги ҳарфлар уч қисмга бўлинади:

1. Сўз охиридаги мад ҳарфлари. Улар биринчи ўқиладиган ҳарфи сукунли ёки шаддали бўлган сўзга васл қилинганидагина ўқилмайди, нутқда сўздаги чўзиқ унли ўрнига унинг қисқа шакли айтилади. Аммо агар уларда вақф қилинса ёки улар ҳаракатли ҳарф билан бошланган сўзга васл қилинса, мад ҳарфлари ўқилади, чўзиқ унлилар ўз ҳолича айтилади.

 

 

2. Сўз охиридаги махсус белгили алиф ҳарфи. Бунда алиф чўзиқ ā унлисини ифодалаб келади ва бошқа мад ҳарфлари каби вақфда ўқилиб, васлда тушиб қолади. Бундай алифнинг хусусияти шундаки, у маълум сўзларга алоҳида мақсадларда орттирилган бўлиб, махсус белги билан кўрсатилади:

3. Маълум ундош товушлар. Бундай ундошлар фақат сўз охиридагина учрайди ва улар одатда сукун ҳамда ҳаракатлардан ҳоли бўлади. Бундай ундошлар вақфда сукун билан ўқилади. Улар асосан қуйидаги ҳарфлардир: ت , د, ذ, ث, ل, ب, ن, م.

Шунингдек, сўзнинг охирида келган ҳар қандай ундош ҳарф кейинги сўзнинг биринчи ҳарфи билан бир хил бўлса, олдинги сўздагиси вақфда ўқилиб, васлда ўқилмайди. Шу боис у сукун ва ҳаракатсиз ёзилади, кейинги ҳарфга эса шадда белгиси орттирилади.

 

III. Умуман ўқилмайдиган ҳарфлар.

Ҳеч қачон, яъни вақфда ҳам, ибтидода ҳам, васлда ҳам ўқилмайдиган ҳарфлар ҳам бўлиб, улар икки қисмга бўлинади:

1. Улар маълум мақсадларда ёзилган алиф, вāв ва йā ҳарфлари бўлиб, улар Қуръони Каримда махсус белги билан кўрсатилади:

 

Демак, бошқача қилиб айтганда, ушбу доира белги орттирилган ҳарф ҳеч қачон ўқилмайди.

2. Маълум сўзларда, аниқроғи, исм туркумидаги кўпчилик сўзларда аниқликни кўрсатиш учун қўлланиладиган «алиф‑лāм» артикли («ال») таркибидаги «ل» ҳарфи. Бу лāм ўн тўртта ундош товушга йўлиққанда ўзидан кейинги ундош товуш талаффузига мослашиши (ассимиляция) натижасида ўша товушга айланиб кетади. Бинобарин, бунда лāм ҳарфи ўқилмай, кейинги ҳарф иккилантириб ўқилади. Шу боис, ل ҳарфи бу ўринда ҳеч қандай белгисиз ёзилади ва ундан кейинги ҳарфга шадда аломати орттирилади.

Аниқлик лāми ўзи сокин бўлиб, доимо боғловчи ҳамза билан қўлланилади ва унинг ҳамзаси ибтидода фатҳа билан ўқилади. Лāмнинг ўқилмай қолишига сабаб бўлувчи мазкур ўн тўрт ҳарфни ҳозирча мисоллардан аниқлаб оласиз.

Хулоса:

Ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарфлар ҳақида қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:

Ø Васла белгиси қўйилган алиф васлда ўқилмай, ибтидода ҳаракатли ҳамза билан ўқилади.

Ø Чўзиқ доира шаклидаги белгили алиф васлда ўқилмай, вақфда ўқилади.

Ø Доира шаклидаги аломат орттирилган алиф, вāв ва йā ҳарфлари ҳеч қачон ўқилмайди.

Ø Булардан ташқари, сукун ва ҳаракатлардан ҳоли бўлган ҳолда сукунли ёки шаддали ҳарфларга йўлиққан ҳарфлар васлда ўқилмайди.

I. Боғловчи ҳамза

 

Вақфда ўқилиб, васлда ўқилмайдиган ҳарфлар

 


II. Умуман ўқилмайдиган ҳарфлар

 

Умумий машқ

 

Қўшимча маълумотлар

· Ҳамзанинг боғловчи ёки айирувчи бўлиши сўз бошида келадиган ҳамзагагина хосдир.

· Боғловчи ҳамза ўзи тушиб қолиб, сўзларнинг бир-бирига боғланиб, бир сўз каби ўқилишини таъминлаганлиги учун «боғловчи» деб номланган. Бинобарин, унинг акси бўлган ҳамза «айирувчи» деб аталган.

· Боғловчи ҳамзанинг аломати сифатида қабул қилинган сōд ҳарфи шаклидаги белги боғловчи сўзини англатувчи «وَصْلٌ» сўзидаги сōд ҳарфидан олинган бўлиб, ушбу сўз мазмунига далолат қилади.

· Бир ўринда бир нечта ўқилмайдиган ҳарфлар келиши ҳам мумкинлигини мисоллардан англагандирсиз.

· Юқорида ўрганилган ўқилмайдиган ҳарфларга орттирилган махсус белгилар Мусҳафи шарифга хос бўлиб, бошқа манбаларда учрамайди.

· Ундош ҳарфга сукун ёки ҳаракатнинг қўйилиши унинг доимо аниқ ўқилишининг аломати ҳисобланади.

· Ўқилмайдиган ундош ҳарфлар ҳақида махсус қоидалар бўлиб, бизларга Қуръонни тўғри ўқишимиз учун ҳозирча юқоридаги маълумотлар кифоя қилади.

· Аллоҳ насиб қилса, аниқлик лāми ҳақида ҳам кейинги дарсларда батафсил сўз юритилади.

32-топшириқ.

– Ёзилса‑да, ўқилмайдиган ҳарфлар ҳақида хулосангизни айтиб беринг.

Қуйидаги саволларга жавоб беринг:

– Ёзилса-да, ўқилмайдиган ҳарф деганда нимани тушундингиз?

– Араб ёзувида қайси ҳарфлар ўқилмаслиги мумкин?

– Сўз бошидаги ҳамза неча хил бўлади ва улар нима деб номланади?

– Сўз бошидаги ҳамзаларнинг қай бири ёзувда қандай ифодаланади?

– Мад ҳарфлари қачон ўқилмайди?

– Махсус чўзиқ доира шаклидаги белги орттирилган алифга эга бўлган сўз Қуръони Каримда нечта ва уларнинг қай бири кўп учрайди?

– Ҳарфнинг ҳеч қачон ўқилмаслигига дололат қилувчи доира шаклидаги белги қайси ҳарфларда учрайди?

– Аниқлик лами деганда нимани тушундингиз?

– Аниқлик лами нечта ҳарфдан олдин келганда ўқилмай кетади?

– Ўқилмайдиган ундош ҳарфни қандай танисиз?

– Агар бирорта сўз ўзидан олдинги сўзнинг охирги ундош ҳарфи билан бошланса, қачон қайси бири ўқилмайди?