A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон тартили - Кириш
PDF Босма E-mail

Қуръон тартили


 

 

بِسۡمِ اللَّهِ الرَّحۡمَٰنِ الرَّحِيمِ.

الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي أَنْزَلَ عَلَى عَبْدِهِ الْكِتَابَ وَلَمْ يَجْعَلْ لَهُ عِوَجًا، وَالصَّلَاةُ وَالسَّلَامُ عَلَى سَيِّدِنَا مُحَمَّدٍ المصطفى وعلى آلِهِ وَأَصْحَابِهِ ومن والاه.

Бандасига китоб нозил этган ва унда ҳеч бир эгрилик айламаган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Саййидимиз Муҳаммад Мустафога ва у Зотнинг олу асҳобларига, у Зотни дўст тутганларга салоту саломлар бўлсин!

 

Ассалому алайкум, азиз Қуръон мухлислари!

Аввало Қуръон ўқишни ўрганишдек улуғ ва муборак амалга бел боғлаганингиз билан сизни муборакбод этишга ижозат бергайсиз.

Ҳар бир мусулмон инсон, Қуръонни муқаддас китобим деб билган ҳар бир шахс бу илоҳий каломни ўқиш, гўзал тарзда тиловат қилиш орзусида ва мана шу мақсадда бўлиши табиий ҳол. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг каломини ўқиш, уни ўрганиш инсон зоти учун шараф ва нурдир. Қуръон ўқиш Аллоҳ билан роз айтишиш,  У Зотнинг хитобини тинглаш демакдир. Қуръон ўқиш руҳга озуқа бўлади, қалбни мусаффо қилади, тафаккурни чархлайди ва бошқа фазилатлар бахш этади. Ушбу ҳақиқатни яхши англаган буюк аждодларимиз барча илмлардан олдин Қуръон ўқишни ўрганганлар, уни ёд олганлар. Кўплари Қуръонни тўла ҳифз этиб, кейин бошқа илмларни ўрганишга киришганлар. Имом Бухорий, имом Термизий, Абу Али  ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Ҳазрат Мир Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа алломаларимизнинг қайси бирини олманг, барча илмлардан олдин Қуръон ўқишни ўрганишган ва уни ёд олишган. Ушбу маънавий асос уларнинг илм-фан чўққиларини забт этишларида, барча ютуқларида асосий маънавий омил бўлиб хизмат қилган.

Бугун ҳам азиз халқимизнинг Қуръонга бўлган муҳаббати, иштиёқи жуда ҳам баланд. Улар Қуръон ўқишни ўрганишни ва фарзандларига ўргатишни жуда-жуда истайдилар. Авлодим ортимдан тиловат қилиб, ҳаққимга дуо қиладиган бўлсайди, деб орзу қиладилар. Аллоҳга шукрки, бугун бу маънода жуда кўп имкониятлар бор. Юртимиздаги диний эркинлик соясида жуда ҳам хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Аммо қўлланмалар етишмаслиги ёки қулай эмаслиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ҳам борки, кўпчиликнинг мазкур гўзал мақсадларга эришишларида бироз қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Шу эътибордан, халқимизга ушбу жабҳада хизмат кўрсатиш, уларнинг илм олиш йўлидаги эҳтиёжларини қондиришда кўмаклашиш мақсадида ижтимоий тармоқда махсус дарслик тақдим этишга қарор қилинди.

Дарслик бошланғич Қуръон таълимида барча ўқувчилар учун энг қулай қўлланма бўлган «Муаллими Соний» китоби асосида ва кўп йиллик тажрибалар ёрдамида тайёрланган бўлиб, имкон қадар бугунги ўқувчилар учун қулай ва самарали шаклда тузилди. Унда Қуръон ҳарфлари ва нутқ товушлари билан анча батафсил таништирилади. Нутқ товушларининг махражлари ‒ ҳосил бўлиш ўринлари суратлар ёрдамида тушунтирилади. Барча баён ва машқлар муаллиф тарафидан ўқиб, изоҳлаб берилади.

Махражларнинг суратлари ва бу борадаги бошқа маълумотларни беришда замонамизнинг қироат илмидаги энг улуғ устозларидан доктор Айман Рушдий Сувайд ҳафизаҳуллоҳнинг тажвидга доир асарлари асос қилиб олинди. Шунингдек, устозлардан ўрганганларимиз, буюк қироат имомларимиз, уламоларимизнинг китоблари, хусусан, Соҳибқирон Амир Темурнинг ташаббуси билан Самарқанд ва Шаҳрисабзда халқимизга Қуръон таълим берган улуғ олим Муҳаммад ибн Жазарий раҳматуллоҳи алайҳниг тажвид китобларидан фойдаланилди.

Қўлланмада, асосан, вояга етган ва ҳали Қуръон ёзувини ўқишни ўзлаштирмаган кишилар кўзда тутилган бўлса-да, улардан бошқалар ҳам бу ердаги маълумотлардан жуда кўп истефода этишлари мумкин. Илмий тилни тушунмаган ўрганувчиларга катталар бироз изоҳлаб берсалар кифоя, машқларнинг ўзи савод чиқаришга етарли. Ҳарф таниганлар эса бу ердаги тажвид илмига доир маълумотлар билан Қуръон ўқиш борасидаги малакаларини ошириб олишлари мумкин.

Рамазон ойи яқинлашар экан, Қуръон устозлари ва қорилари бу ой учун тайёргарликни бошлайдилар. Устозлар шогирдларни хатмга тайёрлашади, Қуръондан вазифаларини кўпайтиришади. Биз ҳам яқинлашиб келаётган муборак ойни муносиб кутиб олиш учун ушбу дарсликни айни шу дамда тақдим этмоқдамиз. Дарсликнинг Қуръон ўқишга тушириш босқичини Рамазон ойи кириб келишига мосламоқчимиз. Демоқчимизки, ушбу дарслик орқали биз билан ҳамроҳ бўлсангиз, иншааллоҳ, бу йилги Рамазон ойидан бошлаб Қуръони Каримни араб алифбосида ўқиш шарафига муваффақ бўласиз.

Шуни ҳам таъкидламоқчимизки, қўлланма ҳақида, уни яна ҳам қулай ва сифатли бўлишига хизмат қиладиган ўринли фикр-мулоҳазалар бўлса, бизга маълум қилинса, Аллоҳ насиб қилса, келгуси нашрларда инобатга олинади.

Ушбу дарсликнинг бир қисми бундан бир неча йил олдин «Қуръан.уз» сайтида берилган ва кўпчиликка манзур бўлган эди. Ушанда устозимиз,  халқимизнинг улуғ мураббийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳдан тақриз, сўзбоши олган эдик. Ҳозир эсдалик ва табаррук юзасидан ўша тақдимни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Кейин дарсликни ўрганишга киришамиз. Аллоҳ Ўзи манфаатли айласин!

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

04.07.2017

 

 

ТАҚДИМ


بِسۡمِ اللَّهِ الرَّحۡمَٰنِ الرَّحِيمِ.

الحمد للّٰه رب العالمين والصلاة والسلام على خير خلقه محمد وعلى آله وأصحابه أجمعين!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Аллоҳнинг мўъжиз каломи бўлмиш Қуръони Карим мўмин­мусулмонлар ҳаётида қанчалик ўрин тутишини ҳаммамиз яхши биламиз.

Қуръон ‒ илоҳий дастур, мўмин­мусулмонларни икки дунё саодат йўлига бошловчи илоҳий маёқ, барча илмларнинг манбаси. Шунинг учун ҳам Қуръони Карим Ислом уммати ҳаётида энг муҳим ўрин тутувчи дастур ҳисобланади.

Қуръони Карим Расули Акрам алайҳиссолату васалламга нозил бўлган дақиқалардан бошлаб, ҳозирги кунгача мўмин­мусулмонлар бу азиз Китобнинг ҳар бир ҳарфини эъзозлаб, ўрганиб, ўқиб, ёдлаб, унга амал қилиб келмоқдалар.

Қуръон илоҳий калом саналиб, Рамазон ойида Лавҳул­маҳфуздан дунё осмонига нозил бўлган ва айнан Рамазон ойида Қуръоннинг дастлабки оятлари Расули Акрам Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тушган. У зот ўзларига етказилган ҳар бир оятни омонат билиб, ҳамма тарафини бекаму­кўст тарзда, мукаммал ҳолда ўз умматларига етказиб борганлар. Саҳобаи киромлар Расули Акрам алайҳиссолату васалламдан Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфини буюк эҳтимом билан қабул қилиб олиб, омонат сифатида маҳкам тутиб, ўзларидан кейинги авлод – тобеинлар авлодига етказганлар. Тобеинлар авлоди ҳам саҳобалардан ўрнак олган ҳолда, улар қилган ишни такрорлаб, ўзларидан кейинги табаъа тобеинлар авлодига Қуръони Каримни тўла­тўкис омонат билан етказганлар.

Мана шу тарзда, мана, бир минг тўрт юз йилдан ошибдики, Ислом уммати ўзининг қорилари орқали, қироат илмининг олимлари орқали бу азиз Китобнинг бирор ҳарфини, бирор нуқтасини ўзгартирмасдан, авлоддан авлодга етказиб, ёдлаб, ўрганиб ва унга амал қилиб келмоқда.

Расули Акрам алайҳиссолату васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида айтадиларки:

«خَيرۡكُمۡ مَنۡ تَعَلَّمَ الۡقُرۡءَانَ وَعَلَّمَهُ». رَوَاهُ الۡبُخَارِي.

«Энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва уни ўргатган кишидир» (Бухорий ривояти).

Демак, Қуръонни ўрганган одам ҳам, Қуръонни бошқаларга ўргатган одам ҳам энг яхши инсон ҳисобланади. Ана шу эътибордан мўмин­мусулмон банда доим Қуръонга нисбатан ё ўргатувчи, ё ўрганувчи бўлиб келган ва мана шу силсила доимо гўзал тарзда амалга ошиб келган.

Қориларимиз ўзларининг силсилаларини илмий равишда, гувоҳлар билан Расули Акрам алайҳиссолату васалламнинг ўзларигача етказганлар. Алҳамдулиллаҳ, бизнинг диёримиздаги қориларимизнинг силсилалари ҳам тикланди, аниқланди, қориларимиз кўпайди, қироатлар гўзаллашди. Рамазон ойларида ўтказилаётган хатми Қуръонлар мазкур фикримизнинг далилидир.

Ҳозирги кунга келиб, Қуръон ўрганиш ва ўргатиш услублари янада кенг қулоч ёйди, турли­туман воситалар билан бойиди. Ана шу воситалардан бири сўнгги пайтда кенг тарқалиб бораётган халқаро интернет тармоғи ҳисобланади. Компьютер орқали Қуръони Каримнинг ҳарфларини, тажвидини, қироатини ўрганиш, турли ҳофиз қориларнинг қироатини тинглаш ишлари кун сайин ривожланиб бормоқда. Ана шуларни эътиборга олган ҳолда бугунги яшаб турганимиз – буюк Рамазони шарифнинг баракотидан умидвор бўлган ҳолда бизнинг азиз кишиларимиз ҳам мана шу соҳада – интернет соҳасида Қуръон таълимини йўлга қўйиш ниятида бел боғлаб, ихлос билан, иймон­эътиқод билан, Аллоҳ таолонинг Ўзидан савоб кутган ҳолда иш бошламоқдалар. Аллоҳ таоло бу ишни баракотли, хайрли қилсин, биз ўйлагандан ҳам афзал бўлишини, Қуръонга буюк бир хизмат бўлишини насиб этган бўлсин.

Мазкур услуб билан таълим бериш учун аввалдан тайёрлаб қўйилган махсус китоб бор. Ана шу китоб эгаларининг ўзлари ‒ муҳтарам қориларимиз Қуръони Каримни сайт орқали ўрганишни истовчи толиби илмларга аста­секин таълим бериб борадилар. Иншааллоҳ, бу нарса барчамиз учун фойдали бўлади, деган умиддамиз.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошланаётган ушбу хайрли ишга барака, осонлик, равонлик тилаб қоламиз. Бу ишни ўзимиз кутгандан кўра кўп марта фойдали, хайрли бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан илтижо қилиб, дуолар ила сўраб қоламиз. Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзи бу ишни осон қилсин. Ва ахиру даъвана анил ҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн. Вассалааму алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

1431 ҳижрий йил, Рамазон ойи.

 

 

Ушбу дарсликларни Телеграмдаги QURAN.UZ каналида ҳам тинглашингиз мумкин.

@quranuz_kanali