A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Қуръон тартили - Муқаддима
PDF Босма E-mail

 

 

بِسۡمِ اللَّهِ الرَّحۡمَٰنِ الرَّحِيمِ.

МУҚАДДИМА

Инсониятни Ўзининг каломи ‒ Қуръони Карим билан улуғлаган ва унинг тиловатини ибодат қилиб қўйган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин!

Бу Каломни инсонларга Аллоҳ нозил қилганидек ўргатган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга доимо Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин!

Ушбу омонатнинг бутун ер юзига тарқалишида молу жонларини аямаган у зоти бобаракотнинг аҳлу оилалари ва саҳобаларига Парвардигорнинг ризоси ва раҳмати етсин!

Халқимиз Ислом дини билан мушарраф бўлибдики, ўзининг диний бурчи ўлароқ, Қуръони Каримни ўрганишга, унга амал қилишга бор куч-қувватлари билан ҳаракат қилиб келган. Улар бу борада бошқа мусулмонларга асрлар оша намуна бўлгудек хизматлар қилганлар. Масжид-мадрасаларда, устозлар ҳузурида барча илмлардан олдин Қуръони Каримни тўғри ўқишни ўзлаштирганлар. Кўплари Қуръонни тўла ёд олганлар. Лоақал уни қараб ўқиб мустақил хатм қила оладиган даражада саводли бўлганлар. Улар бу йўлда молу пул сарфлаганлар, мусофир бўлганлар, иссиқ-совуқ кўрганлар, озор-азият чекканлар.

Она заминимиз ўз тарихида не-не мудҳиш даврларни кўрмади. Мўғуллар босқини, тахту тож, молу дунё учун бўлган курашлар, ички ва ташқи душманларнинг хуружлари... Лекин, нима бўлса ҳам, юртимизда ўша саодатли даврлардан бери Қуръон таълими бирор кун ҳам тўхтамади. Аждодларимиз хатто, истибдод ҳукм суриб турган динсиз тузум даврида ҳам ўзларининг Муқаддас Китобларини қўлдан бермадилар. Тоғу тошларга қочиб чиқиб ёки уй бурчагида ертўла ковлаб бўлса ҳам, фарзандларига Қуръон ўқитдилар, таълим бердилар. Қандоқ бўлмасин, бу Омонатни ўзларидан кейинги авлодларга бекаму-кўст етказшга муваффақ бўлдилар.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугунга келиб имкониятлар кенгайди, илм олишнинг бир неча усуллари юзага келди. Жумладан, Қуръон ўқишни интернет тармоғи орқали, компютор жиҳози ва лаппаклар (дискетлар) ёрдамида ўрганиш имконияти ҳам пайдо бўлди. Бу борада кўп жойларда талайгина ишлар ҳам амалга оширилди ва оширилмаоқда. Аммо бизда бу маънода ҳозирча қадимдан ўқитиб келинган «Муаллими соний» қўлланмасининг Жаҳонгир Неъматуллаев томонидан овозли нусхаси тақдим этилди, холос. Айни пайтда эса Қуръон ўқишни ўргатадиган замонавий қўлланмаларга эҳтиёж жуда ҳам катта. Шу эътибордан, қўлингиздаги ушбу қўлланмани тайёрлашга азму қарор қилинди. Аллоҳ таоло Ўзи ёрдамчимиз бўлсин!

Қуръони Карим ер юзига нозил қилинган соатдан бошлаб, инсоният уни бемисл қунт билан ўрганишга киришди. Уни илк бор қабул қилиб олган инсон ‒ Муҳаммад Мустафо соллоллоҳу алайҳи васаллам оят-сураларни ваҳий орқали ўзлаштириб бордилар ва бу у зотнинг ўзига хос имтиёз бўлиб, бошқалар Қуръонни у зотдан ўргандилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръоннинг илк оятларини қабул қилган кундан бошлаб уни инсониятга етказишга киришдилар, саҳобаларга ёздириб, ёдлатиб бордилар. У зотнинг вафотлари билан Қуръон ҳам тамомига етди. Энди Қуръон таълими масъулияти саҳобаи киромлар зиммасига тушди. Улар бу вазифани қоилмақом қилиб адо этдилар. Аввалда мусулмонларнинг кўпчилиги араб бўлганлари боис, Қуръон ўрганиш уларга анча осон муяссар бўлар эди. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, мусулмонларнинг кўпчилигини араб бўлмаган халқлар ташкил қилиб қолди. Ана шунда Қуръон таълими бўйича изланишлар янги босқичга кўтарилиб, турли услублар, қўшимча воситаларни қўллаш йўлга қўйилди. Бу борада энг кенг тарқалган, қадимий ва айни вақтда энг узоқ давр сурган услуб – бу ҳежжалаб ўқитиш усули бўлган. Унга кўра, ўқувчи алифбони танигач, бирдан Қуръонга тушиб, ҳарф ва ҳаракатларни номлаб айтиш билан савод чиқаради. Яқин-яқинларгача ҳам бу услуб бизда Қуръон таълимида кенг қўлланар эди.

Ўтган асрнинг бошларида таълим соҳасида олиб борилган ислоҳотлар асносида савод чиқаришга қаратилган янги қўлланмалар пайдо бўлди. Уларнинг ичида бизда энг кенг тарқалган китоб машҳур татар олими Аҳмад Ҳодий Мақсудий раҳматуллоҳи алайҳнинг қаламига мансуб «Муаллими соний», яъни «Иккинчи муаллим» қўлланмасидир. Ҳақиқатан ҳам бу ихчамгина китобча Қуръон ўқишни ниҳоятда осон ва равон йўл билан ўргатади. Муаллиф унда Қуръон ўқишни аввал қўлланилмаган янгича услубда ўргатишни йўлга қўйган, ҳежжаламасдан савод чиқаришга мўлжаллаган. Шу боис, китобча Қуръон таълимида катта бир бурилиш ясаган, десак муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам бўлса керак, у бугунги кунда ҳам ўз қийматини йўқотгани йўқ. Бу қўлланма нафақат бизнинг диёрларда, балки Кавказ, Оврупа ва бошқа ўлкаларда ҳам мусумлонлар учун Қуръон ўрганишда энг қулай қўлланмалардан бири бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Ҳар қандай китоб ўз даврининг шарт-шароитларидан келиб чиқиб ёзилганидек, «Муаллими соний» ҳам ўша даврдаги мавжуд ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда тузилган. Шунга кўра, унда бир қанча ўқиш қоидалари келтирилмаган, яъни уларни ўргатиш муаллимлар зиммасига юклатилган. Шу билан бирга, бу китоб ўша вақтдаги асосий мусҳаф тури ‒ ғарбий усулда ёзилган мусҳафларни ўқишни ўргатган. Аммо бугунги кунда бундай мусҳафлар кам учрайди.

Ушбу ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олиб, Қуръон ўқишни ўрганувчилар учун ҳозирда мавжуд бўлган таълим услубларидан кенг фойдаланган ҳолда ушбу қўлланма тайёрланди. Унда қуйидагилар амалга оширилди:

‒ Кўпчиликка таниш ва қулайлиги эътиборидан, шу билан бирга, барака умидида, қўлланмани тузишда «Муаллими соний» китоби асос қилиб олинди. Шунга кўра, аввал ҳарфлар устида бирма-бир машғулот олиб бориб, кейин бошқа қоидаларни ўзлаштиришга ўтилади;

‒ Қўлланма бугунги кунда кенг тарқалган мусҳаф тури ‒ шарқий хат услубида, аниқроғи, «Мадина мусҳафи»[1] услубида битилган мусҳафларни ўқишни ўрганиш учун мўлжалланди. Зеро, ҳозирда бу услубда чоп этилган мусҳафлар ҳар томонлама мукаммал, равон хат билан битилган бўлиб, имтиёзли равишда қўшимча белгилар ёрдамида ўқувчига Қуръон ўқишни янада осонлаштирилган суратда нашр этилмоқда. Буни Қуръон илмидан хабардор кишилар яхши биладилар. Сиз ҳам ўрганиш давомида бунинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.

Шунингдек, мазкур мусҳафни ўрганган киши бошқа турдаги мусҳафларни ҳам ўқий олиш қобилиятини касб этса, ажаб эмас. Ҳозирги кунда аксар мусулмон диёрларида асосан мана шу турдаги мусҳафлардан фойдаланилмоқда;

‒ Қуръон таълимидаги анъанавий истилоҳларни замонавий тилшунослик атамалари ва қарашлари билан бойитган ҳолда берилди. Юртимиздаги билим юртларида таълим олган кишиларнинг кўникма ва тушунчалари инобатга олинди;

‒ Маълумотлар дарсликларга бўлинди. Ҳар бир дарсда иккита-учта ҳарф ёки бир-иккита ўқиш қоидаси билан таништирилди;

‒ Алифбо ҳарфлари билан бир қатор таништирилгач, унли ва ундош ҳарфлар ҳақида бирма-бир тўхталиб, уларнинг талаффуз усули – фонетикаси ўргатилди;

‒ Нутқ аъзоларини суратлар асосида таништирилгандан сўнг, ҳар бир нутқ товушининг талаффуз ҳолати сурат ёрдамида кўрсатилди. Бунда биз тажвид китобларида берилган маълумотларга таянган ҳолда ва замонамизнинг қироат илмлари бўйича энг кўзга кўринган олимларидан бири, Қуръон таълими борасида кўплаб хайрли ишларни амалга оширгани билан донг таратган олим, доктор Айман Рушдий Сувайд жанобларининг Қуръон ўқишни ўргатувчи қўлланмаси учун тайёрлаган расмлари асос қилиб олинди;

‒ Ҳар бир ҳарф ҳақида гап кетганда унинг талаффузида кўп учрайдиган айрим хатолар ҳам эсга олинди. Керакли маълумотлар бериб ўтилгач, ҳарф устида машғулот қилиш учун алоҳида машқ тақдим қилинди;

‒ Дарсдан ўзлаштирилган маълумотларни бир қатор синовдан ўтказиб, мустаҳкамлаш мақсадида дарс охирида ўтилган мавзуга доир саволлар берилди;

‒ Ўрни келганда тажвид илмига хос бўлган айрим маълумотларни тақдим этилди, бошланғич таълим доирасидан келиб чиқиб, тафсилотларга киришлмади.

‒ Қўлланма мустақил ўқувчилар учун ҳам мўлжаллагани боис машқларни кўпроқ берилди ва айрим батафсил маълумотлар ҳам тақдим қилиб борилди.

‒ Қўлланманинг иккинчи қисми ҳам бор бўлиб, тажвид илмига бағишланади. У ҳақда ўз ўрнида тўхталамиз.

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги китобини араб тилида нозил қилар экан, уни ушбу тил соҳиблари гаплашиб юрган оддий лаҳжада эмас, балки муайян сифатда, яъни ҳеч бир эгриликсиз, айбу-нуқсонсиз, фасиҳ ва равшан бўлган араб тилида, махлуқларнинг каломларидан имтиёзли равишда нозил қилгандир. Бу сифатни Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг ўзида «тартил» деб номлаган ва бандаларини ҳам худди шундай ўқишга буюрган:

«Ва биз уни тартил билан нозил қилдик». (Фурқон сураси, 32-оят)

«Қуръонни тартил билан ўқи». (Муззаммил сураси, 4-оят)

Ушбу амри илоҳий барча мўмин-мусулмонларга тегишли бўлиб, унга амал қилиш ҳар бир муслиму муслима учун фарзи айндир.

Қўлингиздаги китоб ана шу хайрли мақсадга қаратилгани учун, кишиларнинг мазкур фармони илоҳийни амалга оширишлари йўлида хизмат қилсин, деган ниятда уни «Қуръон тартили» яъни, «Қуръонни тартил қилиш» деб номладик.

Мақсадимиз салафи солиҳларимизнинг Қуръони Карим учун қилган хизматларини давом эттиришга камтарона ҳисса қўшиш, бошқа илмлар қатори Қуръон илмида ҳам пешқадам бўлган аждодларимизнинг бугунги авлоди ‒ диёримиз мусулмонларининг Каломуллоҳга бўлган чанқоғини бир оз бўлса-да, қондириш, Қуръонни тўғри ўқий олиш шарафига муваффақ бўлишларида кўмаклашишдир.

Муҳтарам ўқувчилар! Ожизоналик билан тузилган ушбу қўлланмамизда бирор камчиликка йўл қўйилган бўлса, бунинг учун Сиз азизлардан узр сўраймиз ва фикр-мулоҳазаларингизни дариғ тутмагайсиз, деб умид қиламиз.

Аллоҳ таолодан ушбу камтарона амални холис Ўзининг ризоси йўлида ва мусулмонлар учун манфаатли этишини сўраб қоламиз. Барчамизга Ҳақ таолонинг ёрдами ва раҳмати бўлсин. Омин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



[1] «Мадина мусҳафи» – Мадинаи Мунавварада Саудия подшоҳи Фаҳднинг матбааси чоп этилган мусҳаф номи. Ушбу услубда битилган мусҳафлар хозирги кунда бутун Ислом оламида энг кўп тарқалган бўлиши билан бирга кўпчилик томонидан мамнуният билан қабул қилингандир.

 

 

Ушбу дарсликларни Телеграмдаги QURAN.UZ каналида ҳам тинглашингиз мумкин.

@quranuz_kanali