A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Мавлавий Ҳиндистоний
PDF Босма E-mail

Мавлавий Ҳиндистоний

 

Юртимиздан етишиб чиққан таниқли олимлардан бири, халқ орасида «Домла Ҳиндистоний», «Мавлавий Ҳиндистоний» номлари билан танилган шайх Муҳаммаджон мулла Рустам ўғли милодий 1892 (ҳижрий 1310) йили Қўқон яқинидаги Чорбоғ қишлоғида туғилган. Унинг ота-онаси илм-маърифатли кишилар бўлиб, фарзандлари тарбиясига алоҳида эътибор беришади. Ўн тўрт ёшида савод чиқариб, Қуръон ҳофизи бўлган Муҳаммаджон кейинчалик Қўқон ва Бухоро мадрасаларида таълим олди. Устозларидан Қози Мирмуҳаммад домла тавсияси билан илм олишни давом эттириш учун Ҳиндистонга сафар қилди: ўлканинг Ажмир шаҳридаги «Усмония» мадрасасида яна саккиз йил ўқиб, илмини такомилига етказди.

Ҳиндистонда ўқиб юрган кезлари бир куни ҳаж сафарига кетаётган отаси билан учрашиб қолади. Улар ўн беш йилдан буён кўришишмаган эди. Ҳажни адо этишда у кишига ҳамроҳ бўлади. Тақдир экан, ота Ҳижозда вафот этади. Отадан ажраган Муҳаммаджон Ҳиндистонга қайтиб, яна бир йил ўқийди, мадрасани битиради. Сўнг ота васиятига кўра ўттиз беш ёшида Қўқонга қайтади.

Бу даврда Қўқонда қийинчилик бошланган, мустабид тузум зуғуми кучайган пайт эди. Муҳаммаджон 1929 йили икки болали бир бева аёлга уйланди. 1942 йили урушга кетгунича «руҳоний», «чет элда ўқиган» айбловлари билан тамғаланиб юрди. Жаҳон урушига чақирилиб, Белоруссияда жароҳатлангач, уни меҳнат жабҳасига юборишади. Уруш туфайли ногирон бўлиб қолган Муҳаммаджон 1946 йили яна Қўқонга қайтди.

1943 йили Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати (идораси) ташкил этилади. Муҳаммаджон 1946 йили иш сўраб, идора раиси муфтий Эшон Бобохон ҳазратларига мурожаат қилади. Муфтий ҳазрат уни Тожикистонга хизматга жўнатади. Домланинг уй-жойи бўлмагани учун шаҳардаги «Мавлоно Чархий» масжидига мутавали этиб тайинлашади. Кейин у киши «Хожа Яъқуб» масжидига имом-хатиб бўлади.

Мавлавий Ҳиндистоний 1954-1955 йиллари Тожикистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти қўлёзмалар бўлимида ишлаб, араб тилидаги кўп китобларни таржима қилди. Бу зот бутун умр бўйи Ислом дини асослари, мантиқ, адабиёт каби фанлардан сабоқ берди. Ҳатто қўшни ўлкалардан домла ҳузурига олимлар ва шоирлар келиб туришар, маърифий суҳбатлар кечар эди. Мавлавий тўқсон етти ёшга кирганида ҳам шогирдларига дарс беришдан, илм ва ижод билан шуғулланишдан тўхтамади.

Домла: «Мен бирор кишининг саволига жавоб қайтарган ёки масала айтган бўлсам, Парвардигор ҳузуридаги масъулиятни тўла ҳис этган ҳолда айтганман», деган гапни кўп такрорларди. Турли бузғунчи оқимлар фаолияти кучайган пайтда уларга қаттиқ қаршилик қилган Мавлавий ўлкада аҳли сунна вал жамоа ақийдаси, ҳанафий мазҳаби мустаҳкам бўлиши учун бор илми ва кучини сарфлади.

Россия Фанлар академияси шарқшунослик институти Санкт-Петербург филиали директори, тарих фанлари доктори Ефим Резван журналист Неонелла Ямполская билан суҳбатида Мавлавий Ҳиндистоний фаолиятига «Умрининг сўнгги йилларида Ҳиндистоний ўлкага бузғунчи оқимлар ғоялари кириб кела бошлаганидан қаттиқ ташвишга тушган эди», деб баҳо беради.

Мавлавий Ҳиндистоний бир неча муҳим асарлар муаллифидир. Булардан энг салмоқлиси олти жилдли Қуръони Карим маънолари таржимаси − «Баёнул Фурқон фи таржиматил Қуръан» китобидир. Бундан ташқари, у Замахшарийнинг «Навабиғул калим» ҳамда «Мақомати Замахшарий», Имом Барзанжийнинг «Мавлудун Набий», Усмон Ўшийнинг ҳанафий ақийдасига доир «Қасидаи Омолий», араб шоири Фараздақнинг имом Зайнул Обидинга бағишланган қасидасини ўзбек ва форс тилларига таржима қилган.

Мавлавий, шунингдек, Имом Бухорийнинг «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ», Бурҳониддин Марғинонийнинг «Ҳидоя», Имоми Аъзамнинг «Фиқҳул акбар», Жомийнинг «Шарҳи Мулло» асарларини, шунингдек, «Усули Шоший», «Нурул анвор», «Мухтасари маъоний» каби китобларни арабчадан ўзбек ва форс тилларига ўгирган.

Вафотидан сал олдин, 1989 йил охирларида аллома Мавлавий Ҳиндистоний ҳазратларининг юз ёшни қаршилаётгани муносабати билан анжуман ўтказиш ишлари бошланади. Афсус, тўйга саноқли кунлар қолганида у зот оламдан кўз юмади. Устоз аллома Мавлоно Яъқуб Чархий мозорига дафн этилади.

Иймон-эътиқодда собит, юртпарвар, миллатпарвар бу олимни Аллоҳ раҳматига олсин!

Сайфиддин Сайфуллоҳ,

 

«Ҳидоят» журналининг 2010 йил, 10-сонидан олинди.