A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра)
PDF Босма E-mail

Саййид Маҳмуд Тарозий (Олтинхон тўра)

Олтинхон тўранинг номи Шарқдаги мусулмонлар орасида машҳур. Зеро, у киши Мовароуннаҳрда ривож топган Ислом дини илмий анъаналарини изчиллик билан хорижда давом эттирган улуғ инсон ҳисобланади. Ватандош олимларимиз ҳақида биз тўплаган маълумотлардан мукаммалроғи ушбу зот тўғрисидадир.

Саййид Маҳмудхон Саййид Назирхон ўғли Тарозий 1895 йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ қадимий Тароз (ҳозирги Жамбул) шаҳрида таваллуд топган. Тароз ушбу минтақада қадимдан ривожланган машҳур шаҳарлардан ҳисобланиб, халқаро савдода ҳам ўз ўрнига эга бўлган. Шунингдек, Мовароуннаҳрдаги машҳур диний марказлардан бири саналган. Кейинчалик шаҳарнинг номи ўзгариб, «Авлиё ота» деб аталган.

Саййид Маҳмудхоннинг насаби Ўзганда ўтган Иликхонларга бориб тақалади. Бобурнинг ёзишича, «Фарғона вилоятида бу табақа (яъни Иликхонлар) муқтадо ва шайхулислом ҳамда қози бўлиб келишган». Отаси Саййид Назирхон тўра қатағон йилларидан олдинроқ ҳибсга олиниб, бедарак кетган.

Саййид Маҳмудхон ёшлигиданоқ ноёб истеъдод ва ўткир қобилиятга эга бўлган. Ҳофиз ва Саъдий асарларидан кўп нарсаларни ёд олган, шунингдек, Қуръон тиловатига ҳам моҳир бўлган.

У киши Тошкентдаги Кўкалдош, кейинчалик Бухоро мадрасаларида ўқиди, араб ва форс тилларини пухта эгаллади.

 

Саййид Маҳмудхоннинг Маккадаги шогирдларидан Муҳаммад Қосим Аминнинг гувоҳлик беришича, у киши 1917 йили юз берган сиёсий бесаранжомликлардан кейинги йилларда она шаҳри Авлиё отада мактабдорлик қилган. Сўнгра шаҳардаги мадрасада мударрислик вазифасига тайинланган. Олим сифатида шуҳрат топиб, номи атрофдаги Туркистон, Чимкент, Сайрам, Марки томонларда ҳам машҳур бўлиб кетган.

 

Сўнгра юртда бошланган сиёсий парокандалик туфайли кўп уламолар қатори Саййид Маҳмудхон Тарозий ҳам таъқиб остига олинади. Бир муддат Фарғона водийси шаҳарларида яшириниб юради, бошпана излаб, Андижонга ҳам келади. Ўша йиллардаги ёшгина мулла йигит Абдулаҳад Азизов (шоир Анисий) у кишини кўрган ва суҳбатини олган. Унинг айтишича, 20-йиллари Саййид Маҳмуд Тарозий кундузлари қабристонда яшириниб ётар, тунда эса дўстларининг уйига келиб, суҳбат қурар эди.

Ниҳоят, Фарғона водийсида ҳам сиёсат танглашиб, Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади.

Бу – 1930 йилларнинг бошланиши эди. Саййид Маҳмудхон Афғонистондан муборак ҳаж сафарига бориб, ҳаж амалларини бажаргач, Ҳиндистонга келади ва Бомбайнинг мусулмонлар маҳалласида муқим туриб қолади. У шаҳардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланади. Шу тарзда Бомбайда ўн йил истиқомат қилиб, етук тасаввуфшунос олим ва муҳаддис сифатида танилади, катта обрў қозонади. Ушбу йиллар шеърий машқлар ҳам қила бошлайди.

Саййид Маҳмуд Тарозий Бомбайда Қуръони Каримни туркийнинг «ўзбекча лаҳжаси»га ағдарган биринчи таржимондир. Карочи, Лоҳур, Лакнав, Мултон каби мусулмонлар яшайдиган шаҳарларда «Тўра соҳиб», кейинчалик «Олтинхон тўра» тахаллуси билан машҳур бўлиб кетади.

Ўша йиллардан бошлаб араб ва ўзбек тилларида ғазаллар, кўпроқ мусаддаслар ёзади. Карочидаги «Таржимони афкор» уюшмасининг раҳбари Аъзам Ҳошимий ҳаракати билан унинг мусаддаслари ва шеърлар тўплами 1953 йили биринчи марта «Мусаддасоти Маҳмудия» номи билан нашр этилади. Ушбу тўпламнинг сўзбошисида айтилишича, «Саййид Маҳмуд Тарозий ҳазратлари учун таърифга ҳожат йўқдур. Илму одоб соҳасидаги мақомлари барчага аёндур».

Ҳиндистонда бошланган ва Покистон давлатининг ташкил топиши билан тугалланган ҳарбий-сиёсий нотинчликлар муҳожирлар, жумладан, Саййид Маҳмудхон Тарозий – Олтинхон тўранинг ҳам оромини бузади, ниҳоят, у Саудия Арабистонига келиб ўрнашади.

Олтинхон тўранинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ҳамда адабий-маърифий фаолияти муқаддас шаҳарлар — Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада кечди. Асосий асарлари шу ерда яратилди ва улар туфайли катта обрў-эътибор қозонди.

Дастлаб Маккада хусусий мактаб очиб, ватандошларимизнинг болаларига, шунингдек, маҳаллийларга ҳам дарс бера бошлайди. Ўшанда унинг кенг қамровли олим экани Арабистонда ҳам маълум бўлиб, ҳукумат томонидан Ҳарами шарифда дарс беришга таклиф қилинади. У кишининг олимлик истеъдоди, мумтоз араб тилини чуқур билиши, нотиқлиги ҳақидаги хабар Саудия Арабистони подшоҳигача етиб боради. Подшоҳ у зотнинг олимлик фаолиятини эътиборга олиб, Ҳарамга мударрисликка тайинлайди ва бир неча йил мана шу мартабали лавозимда хизмат қилади.

Саййид Маҳмудхон Тарозий, юртдошларимизнинг эътироф қилишларича, муҳожирларнинг ҳақиқий маънавий суянчиғи эди. Ҳамюртларининг мусофир юртда бирон ҳаётий муаммоси бўлса, у киши подшоҳ ёки шаҳар амири қабулигача бемалол кириб, арз ва илтимос қила оладиган даражада обрў қозонган эди.

Домла Тарозий арабчани билмайдиган туркийзабон халқларни Исломга оид илмий ва одоб-ахлоққа доир манбалар билан ошно қилиш, охир-оқибат бундай асарлар уларнинг севимли китоби бўлиб қолиши ҳақида кўпроқ ўйларди. Шу мақсадда мусулмон оламида машҳур бўлган ва тарбиявий аҳамиятга молик баъзи асарларни ўзбек тилига таржима қилади, уларни Ватанга юбориш йўлларини қидиради. Айрим асарлари Ўзбекистонгача етиб келади. Бунинг натижасида олим биздаги даҳрийлик тузуми оқибатида халқларимиз ҳаётида пайдо бўлган маънавий бўшлиқни бироз бўлса-да, тўлғазишга ҳисса қўшади.

У киши китобларни арабчадан таржима қилар экан, уларни муҳим изоҳлар ва зарур шарҳлар билан тўлдиради. Алишер Навоий Абдураҳмон Жомийнинг 40 ҳадис ҳақидаги форсча рисоласини изоҳ ва шарҳлар билан рубоий шаклида ўзбекчага таржима қилиб, натижада «Арбаъин» номли мустақил асар яратгани каби Олтинхон тўра ҳам тарбияга доир айрим арабий асарларни ўзбек тилига ўгириб ва муфассал шарҳлар билан нашр эттириб, алоҳида асарлар ёзиб қўйди.

Чунончи, «Риёзус-солиҳин» китоби гарчи шарҳлар билан қилинган таржима бўлса ҳам, Олтинхон тўранинг муҳим асари ҳисобланади. У кишининг Қуръони Каримни изоҳлар билан қилган таржимаси эса ўзбек тилига қилинган биринчи таржимадир. Тўра Соҳиб Ҳиндистонда эканидаёқ бу машаққатли ишни бошлаб, ўн йил меҳнат қилган. Ушбу таржима аввал Ҳиндистонда, сўнгра Покистонда, 1980 йили Саудия Арабистонида учинчи марта нашр қилинди. Олимнинг «Нур ул-басар» (Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида) асари ҳам муҳим тадқиқот бўлиб, 1964 йили Карочида, 1982 йили Мадинаи мунавварада чоп этилди ва ўша йиллариёқ хуфёна бўлса-да, Ўрта Осиё республикаларида ҳам тарқалди. Булардан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари, баъзи исломий қоидалар ҳақидаги асарлари ҳам мавжуд.

Ҳаммаси бўлиб, ҳозирда олимнинг 20 га яқин асари аниқланган. Улардан «Девони қасоиди Маҳмудия» асарида илм ва одоб, она Ватан ҳақидаги қасида ҳамда назмлар жамланган. Карочида босилган «Мусаддасоти Маҳмудия» китобчасида Ватан ва унинг озодлиги тўғрисида ёзилган жозибали мусаддаслари тўпланган. Улардан айрим парчалар келтирамиз:

«Замзамаи озодий» мусаддасидан:

... Қани хорижга чиққан раҳнамолар, марду майдонлар?

Мужоҳидлар, мудаббирзода туркистонлик ўғлонлар?

На бўлди ул Ватан йўлида берган аҳду паймонлар?

Жўнар соатда кўздин оқизилган бебаҳо қонлар?

Қолур токай асири фирқаи илҳод Туркистон,

Илоҳи, қил карам, лутфингдин ўлсин шод Туркистон.

«Шамоили Муҳаммадия» асарининг таржимасига бағишланган мухаммас-қасидадан:

Муҳожирлар, ўқинглар, бир китоби мухтасардир бу,

Набий авсофидин сизларга тўпланган гуҳардир бу,

Асалдан ҳам асалдир бу, шакардин ҳам шакардир бу,

Ўқилсин, ҳар даму кулфат учун даф асардир бу,

Мукаммал нахшан ул ҳазрати хайр ул-башардир бу.

«Риёзус-солиҳин»га бағишланган қасидадан:

Ассалом, эй аҳли миллат, марҳабо, эй аҳли дин,

Уммати маҳбуби Аҳмад, раҳмати рўйи замин,

Пайрави Қуръон ва Суннат хайрул мурсалин,

Сизлара бўлсин муборак муждаи жон офарин,

Меҳрибон бўлди муҳожирларга Роббил оламин,

Лутфидин бўлди мутаржим бу «Риёзус-солиҳин».

Олмонияда чиққан «Миллий Туркистон», Мисрда чиққан арабча «Савт ат-Туркистон» ва туркча «Озод Туркистон», шунингдек, Покистонда чиққан «Таржимони афкор», Истамбулда чиққан «Туркистон» журналларида Олтинхон тўранинг Ватан мадҳига бағишланган мақолалари ҳамда ғазаллари муттасил босилиб турган. Уларда муаллиф Ватан озодлиги, истиқлоли учун барча ватандошларини бирдамликка чақиради, она юрт ишқида куйиб-ёнади, унинг гўзалликларини куйлайди. Домла Тарозий бир мақоласида шундай деб ёзади: «...Русия ила Чин ўртасида мустақил Туркистон давлати шартдир... Иншааллоҳ, бир кун келажак, Туркистонимиз миллий мустақиллигини олажак». Бу гаплар 1975 йили ёзилган. Бизнинг кунларда унинг ушбу гаплари худди башоратга ўхшайди. Вақти келиб, устознинг барча мақолаларини тўплаб, мустабид тузумдан озод бўлган халқимизга ҳадя этадиган кунлар насиб қилади, деган умиддамиз.

Ватандошларнинг эътироф этишларича, Олтинхон тўра Саудия Арабистонида яшовчи туркистонликларнинг маънавий раҳбари эди. Бу ёруғ кунларга етиб келгунча Олтинхон тўрага ўхшаш не-не мунаввар ватандошларимиз, юртдан ташқарида бўлса ҳам, Ватан озодлиги йўлида заҳмат чекдилар, она юрт фироқида куйиб-ёндилар.

Олтинхон тўра бир гуруҳ ҳаммаслаклари билан биргаликда Туркистондаги оғир меҳнат шароити, пахта яккаҳокимлиги туфайли унга сепилган заҳарли моддалардан турли касалликлар тарқалаётгани ҳақида, умуман юртимизнинг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётгани тўғрисида Саудия Арабистони ва бошқа чет эл матбуотида, турли радио тўлқинларда чиқишлар қилиб турган.

«Улуғ Октябр инқилоби» деб аталган 1917 йилдаги давлат тўнтаришининг 40 йиллиги муносабати билан 1956 йилдан СССРда бошланган кенг тарғибот-ташвиқот ишларига жавобан бу найрангларни фош қилувчи чиқишларга Олтинхон тўра бошчилик қилган. «Таржимони афкор» журналининг муҳаррири Аъзам Ҳошимий: «Бу зот муҳожирларимиз таржимонлиги соҳасида ўз вазифасини бажарган бир миллатпарвар ва ватанпарвардир», деб ёзган эди.

Мана бу воқеа ҳам ғоятда эътиборлидир: маълумки, 1953 йили март ойида Сталин вафот қилди. Шу муносабат билан одамларнинг «Отамиз ўлди», деб кўз ёшлари тўкиб юрган чоғларида Олтинхон тўра ташвиқоти билан Саудия Арабистонидаги ватандошлар хурсандчилик митинги уюштиришган. Ўшанда Тўра Соҳиб Сталин ҳақида танқидий мусаддас ёзган ва тўпланганларга ўқиб берган.

Саййид Маҳмуд Тарозий – Олтинхон тўра ўзидан анчагина илмий ва адабий мерос қолдирди. Бироқ илмий меросининг адади ҳамон тўла аниқланмаган. Ҳозирча биз аниқлаган айрим асарларининг номларини келтирамиз. Олимнинг илмий ва таржима ишларининг номлари арабча бўлса ҳам, барчаси ўзбек тилида ёзилган. Бизга ҳозирча унинг қуйидаги асарлари маълум:

1. Қуръони Каримнинг таржимаси ва тафсири (Покистон, Ҳиндистон ҳамда Саудия Арабистонида нашр қилинган);

2. «Нур ул-басар фи сийрати хайр ул-башар» (Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳаёт йўллари). 1964 йили Покистонда ва 1982 йили Саудия Арабистонида чоп этилган;

З. Имом Абу Закариё ан-Нававийнинг «Риёзус-солиҳин» («Солиҳ кишилар бўстони») номли тўрт жилдли асарининг шарҳлари, луғати ва таржимаси. 1964 йили Покистонда ва 1982 йили Саудия Арабистонида нашр қилинган;

4. «Фазойи ул-вуруд ва ало саййид ул-вужуд» (Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг намоз ўқишлари ҳақида);

5. «Ақоид ул-Ислом» («Ислом дини ақидалари»). Муаллифнинг вафоти арафасида босмадан чиққан (1991);

6. «Ҳизб ул-аъзам» («Улуғ ва мўътабар қоида ҳамда низомлар»). Ўгитлар тўплами;

7. Абу Ҳанифа ан-Нўъмон ибн Собитнинг «Ал-Фиқҳ ал-Акбар» («Шариат қоидалари тўплами») асарининг шарҳли таржимаси;

8. Имом ат-Таҳовийнинг «Ақидаи Таҳовий» («Таҳовий ақидалари») асарига манзума ва шарҳ. Бу асар Покистон, Ҳиндистон ва Саудия Арабистонида нашр қилиниб, кенг тарқатилган;

9. «Девони қасоиди Маҳмудия» (илм ва одоб ҳақида ўзлари ёзган қасида ҳамда назмлар тўплами). Турли шаҳарларда қилинган ваъзлар ва айрим сафар таассуротлари ҳам ушбу тўпламга киритилган;

10. Абу Исо ат-Термизийнинг «Шамоили Муҳаммадия» асарининг шарҳланган таржимаси. Таржимон сўзбошида ёзишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом сифатлари ҳақида ривоят қилган саҳобаларнинг номлари аниқланган. Бундан ташқари, ушбу асар қиммати тўғрисида махсус мусаддас ҳам ёзган (муаллифнинг ушбу асари 1991 йили Тошкентда ҳам нашр қилинган);

11. «Китоб ал-ҳаж» — муборак ҳаж сафари қоидалари ҳақида. Асар 1993 йили Тошкентда ҳам чоп этилган;

12. Ёсин сурасининг таржимаси ва шарҳи (қўлёзма);

13. Амма сураси таржимаси, Карочи, 1951 й.;

14. «Мусаддасоти Маҳмудия», Карочи, 1953 й.;

15. Саудия Арабистони ва бошқа мамлакатлар матбуотида турли йилларда босилган мақолалар ҳамда шеърлар. Шунингдек, араб тилида ёзилган кўплаб мақолалари ва шеърлари ҳам борки, уларни излаб топиш анча мушкулдир.

Биз уюштирган суҳбатларда айтишларича, матбуотдаги чиқишларида Олтинхон тўра Туркистоннинг озодлиги ва истиқлоли учун барча ватандошларини бирдамликка чақиради, Ватан, она-юрт ишқида куйиб-ёнади ҳамда унинг гўзалликларини мадҳ этади.

У кишидан бир қанча фарзандлар қолди. Биринчи рўзғоридан Саидахон исмли қизи ва ўғли Муҳаммаджон ҳожи Янгийўлда истиқомат қиладилар. Отадан бир ярим яшар қолган бу қизи 1991 йили ҳаж сафарига бориб, отаси билан кўришади-ю, аммо гаплашишга муяссар бўлолмади: ота узоқ бетобликдан беҳуш ётган эди. Қизи ҳаж амалларини бажариб юрган кунлари Олтинхон тўра қазо қилди. (Эшитишимизча, Саидахон ҳам 1999 йили Янгийўлда вафот этган.)

Олтинхон тўранинг кейинги рўзғоридан Абдулқодирхон, Мунаввар қори, Усмонхон каби ўғиллари ҳозирда Саудия Арабистонида истиқомат қиладилар. Улар гарчи ота юртини кўрмаган бўлсалар ҳам, Туркистонни доимо ёдда сақлаб яшамоқдалар. Ўғли Мунаввар қори билан Маккада биз кўп суҳбатлашдик.

Олтинхон тўра Ватан мустақиллиги эълон қилинишидан атиги икки ой илгари — 1991 йил 26 июнь куни вафот қилди. 1995 йил ноябрь ойида туғилган юрти Жамбул шаҳрида у зотнинг 100 йиллик юбилейига бағишланган тантаналар ўтказилди.

«Бухорийлар қиссаси» китобидан,

Сайфиддин ЖАЛИЛОВ