A-
 A 
A+
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/351248quran_01.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/346660quran_02.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/879979538183904.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/802534ssssss.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/446341Banner_1.jpg
http://quran.uz/components/com_gk2_photoslide/images/thumbm/171121Banner_8.jpg
thumbnailthumbnailthumbnail
Усмонхон Темирхон ўғли Алимов
PDF Босма E-mail

Усмонхон Темирхон ўғли Алимов

 

Усмонхон Темирхон ўғли Алимов, таниқли дин арбоби, муфтий.

1950 йил 1 январда Самарқанд вилояти Иштиҳон туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. Бошланғич таълимни ўша туманнинг 57-ўрта умумтаълим мактабида олган.

1982-83 йилларда Бухородаги «Мир Араб» мадрасасида, 1983-87 йилларда эса Тошкент Ислом институтида, 1989-90 йилларда Марокашдаги «Каравайин» университетида таҳсил олган. 1987—2000 йиллар давомида Пайариқ туманидаги «Имом Бухорий» масжидида имом-хатиб, 2000 йилдан эса Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг Самарқанддаги бош вакили вазифасида фаолият олиб борган. 2006 йил 8 август куни эса Усмонхон Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланган.

У кишининг «Муҳаддислар султони», «Имом ал-Бухорий баракоти», «Ҳазрати Имом мажмуи», «Фарзанд тарбияси» ва бошқа асарлари бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг «Тафсири Ирфон» китоби «Шарқ» нашриёт матбаа корхонасида чоп этилди. Унда Қуръони Карим оятларининг маъно таржимаси ва тафсирини замондошларимизга тушунарли, содда ва равон етказишга ҳаракат қилинган. Қисқа фурсатда мазкур китоб ҳақида турли жойлардан илиқ фикрлар ва миннатдорлик изҳорлари келди.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг муборак каломи, Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий манбаидир. Қуръони Каримни яхши билмаган, тушунмаган кишиларнинг асл ҳидоят йўлидан, ҳақ йўлдан чалғишлари, турли оқим ва ҳаракатларга алданиб қолишлари, миссионерлар ва бузғунчи оқимлар таъсирига тушишлари осон кечади. Шунинг учун халқимизни иложи борича Қуръони Карим билан яқиндан таништириш, унга бағишланган асарларни кўпроқ тарғиб қилиш ҳозирги пайтдаги муҳим вазифалардан саналади. Қуръони Карим маъноларининг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов таълиф қилган ушбу таржима ва тафсири шу йўлдаги хайрли ишлардан биридир.

Қуръони Каримнинг ўзида ва ҳадиси шарифларда Қуръони Каримга бир қанча сифатлар билан таъриф берилган.

Аллоҳ таоло айтади:

«Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва тақводорларга ҳидоятдир» (Бақара сураси, 2-оят);

«Оятларини тафаккур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз сизга нозил қилган муборак Китобдир» (Сод сураси, 29-оят).

«Тафсири Ирфон» китоби Қуръони Каримнинг кўп мурожаат қилинадиган йигирма тўққизинчи ҳамда ўттизинчи жузлари маъно таржимаси ва тафсирига бағишланган.

Мамлакатимизда Ислом динининг асосий манбаи, Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи бўлмиш Қуръони Каримга азалдан катта эътибор ва ҳурмат билан қаралган. Ҳозиргача Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги Олтинхон тўра, шайх Алоуддин Мансур, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, шайх Абдулазиз Мансур ва бошқалар амалга оширган маъно таржималари ҳамда тафсири босилиб чиққан.

Қуръони Карим Аллоҳ таолонинг ақлларни лол қолдирувчи каломи бўлгани учун уни бошқа тилга мукаммал таржима қилишнинг имкони йўқ. Юқорида тилга олинган таржималар катта маҳорат билан, тил қоидаларига амал қилган ҳолда ўгирилган, буни асло инкор қилиб бўлмайди. Аммо Қуръони Карим оятларининг фасоҳати, балоғати, латофати қайта-қайта янгидан кашф бўлаверади. Чунки Қуръони Карим инсонларни яхшилик қилишга, бошқа халқлар билан тинч-тотув яшашга, қон тўкмасликка, ҳалол ва ҳаромни ажратишга, Аллоҳдан қўрқишга, Унга итоатда бўлишга чорлов билан тўлиб-тошган.

Яна Қуръони Карим Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий ва биринчи манбаидир. Мусулмон фақиҳлар бирор нарсанинг шариатдаги ҳукмини билмоқчи бўлсалар, албатта, энг олдин Қуръонга мурожаат қиладилар. Ўзлари излаётган масала ҳақида Қуръонда бирор ҳукм бўлса, уни дарҳол қабул этадилар. Ўша нарса Қуръонда бўлмаган тақдирдагина суннат, ижмо, қиёсга юзланадилар.

Мовароуннаҳр диёримиздан етишиб чиққан муфассирлар ёзган тафсирларнинг ниҳоятда кўплиги ва улар ҳозиргача қийматини йўқотмагани фикримиз далилидир. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг «Тафсирул-кабир» номли тафсирлари бор, «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» китобларида эса мингдан ортиқ ҳадис Қуръони Карим оятларининг тафсири ҳисобланади. Самарқандлик Имом Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳлис-сунна», Имом Абу Лайс Самарқандийнинг тафсири, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Тафсирул-кашшоф», Имом Фахруддиннинг «Мафотиҳул ғайб», Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил» тафсирлари Ислом оламида машҳур. Марказий Осиёдан чиққан ёки шу ерда ўқиб, бошқа шаҳарларда истиқомат қилган уламолар томонидан яратилган бундан бошқа тафсирлар ҳам кўп. Масалан, тожик, татар, ўзбек тилларида ёзилган «Ал-Итқон», «Тафсирун Нуъмоний», «Тафсиру Мавокиб», «Тафсирут-тибён», «Тафсиру Мавлоно Яъқуби Чархий» ва бошқа  мўътабар тафсирлар мавжуд.

 

Муборак Рамазон ойи арафасида халқимизга тақдим этилган «Тафсири Ирфон» китобида оятлар маъноси замондошларимиз учун тушунарли, содда ва равон бўлишига ҳаракат қилинган. Бунда оятлар таржимасида қавс ичидаги изоҳлардан иложи борича воз кечилди. Оятларни тафсир қилишда ўтмишдаги ва ҳозирдаги улуғ муфассирлардан Абу Мансур Мотуридийнинг «Таъвилоту аҳли-сунна», Абул Фидо ибн Касирнинг «Тафсирул Қуръанил-азийм», Ибн Жарир Табарийнинг «Тафсири Табарий», Жалолиддин Суютийнинг «Ад-Дуррул мансур фи тафсирил бил-маъсур», Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут-танзил ва ҳақоиқут-таъвил», яна Жалолиддин Суютийнинг «Тафсирул-Жалолайн», доктор Ваҳба аз-Зуҳайлийнинг «Тафсири Мунир» тафсирлари ҳамда рус, татар тилларидаги тафсирлардан истифода қилиш билан бир қаторда замонавий фан-техника ютуқлари ва кашфиётлари баён этилган илмий китоблардан ҳам фойдаланилган.